Шер Муҳаммад Мари. Савдойи (ҳикоя)

Тунги осмон тимқора, оламнинг нурафшонлигидан ҳануз дарак йўқ, фалакни тўлдириб порлаган юлдузлар изтиробли юракнинг кўз ёшларига ўхшайди. Кхудо Бух қамоқхона тор бўлмасининг бир бурчагида ўтирибди. Ўзининг гўзал ва беғубор болалиги, ёшликдаги дўстларини эслайди. Кичикроқ, инсонни янчиб ташловчи бу бўлмада маҳбус учун қора чироқдан бошқа биронта ҳам дўст йўқ. Қора чироқнинг хира нурлари бўлма ичидаги тош деворлардан ўрмалаб липилларкан, тепага ўрлаётган тамаки тутунининг ингичка изи ғира-шира кўринади. Қора чизиқлар ҳар бир янги келган маҳбусга қамоқхонанинг ғамгин ҳамда оғир шароитидан ҳикоя қилади. Аммо Кхудо Бух буларга эътибор бермай, ёшлиги ҳақидаги ширин хаёлларга бериларди. Ўрнидан туриб, қафаснинг темир панжараларини қучоқлаганча ўйга толади. Узоқдаги булутларга термулиб, бой берилган кунларини ахтаради. Бироқ вақт ўтиши билан бу фикрлари ҳақиқий эмас, ҳавойи бўлиб чиқар, яна темир панжаралар билан даҳанаки жангга киришарди. Йигит фалокатга юз тутиб, нечук болалик кунлари бунчалар тез ўтиб кетганидан саросимада эди. Тенгқурлари ила бирга ўйнаган ўйинлари ҳавода ғойиб бўлди-қолди, энди уларнинг лаблари узра ингичка мурти сабза ура бошлаган.
Кхудо Бух ўн тўққиз ёшда эди. Узоқдаги туманлар ичидан ниманидир излар, агар орзулар маконида бўлганида эди, калаванинг учини топиб, ўтган ишларни фикр тарозисига солиб ўтирмасди. Бу борада шубҳаланмасди ҳам. Уни фақат бир нарса безовта қиларди. Олдинлари Саддо билан болаликнинг беғубор ўйинларини ўйнарди. Лекин ҳозир ўша дамлар қайтганда бу ишни қайта қилмасди.
Кхудо Бух бошқа нарсани ҳам эсларди. Саддонинг қизиқ феъл-атвори бор эди. Кхудо Бухнинг ёнидан ўтаётганида ҳамиша сийнасини рўмолининг чети билан ёпар, барибир рўмол тагидан эндигина бўртиб чиққан иккита олмадек сийнаси билиниб турарди.
Энди қиз ёлғиз сайр қилади ёки болалар билан ўйнайди ва қамоқхонага қайтади. Йигит шу онда Саддо уйига келиб, бирга ўйнайлик, деб айтгани ҳамда қизнинг таклифини рад этганини афсус билан эслади. Шу пайт йигит ўзини сирли бир куч чулғаб олаётганини ҳис этди. Кхудо Бух оёқларини маҳкам қучоқлади. Юраги ларзага тушиб, қафасдаги қушдай типирчилади.
Бир куни чўмилгани дарё бўйига борганида, Саддо ҳам сочиғини ювгани келган экан. Ўшанда қиз юриб келган сўқмоқ кўзига худди порлаб ёнаётган алангага ўхшаб кетганди. У ҳаяжондан қалтирар ва юраги тез-тез урарди. Сочига ёғ сураётганида Саддо унга: “Кийимларингизни ювиб берай”, деди илтимос оҳангида. Қизнинг овози йигитнинг бутун вужудини оташга солиб, сал бўлмаса, ўзини йўқотиб қўяёзди. Уни чақмоқ ургандай бўлди. Кхудо Бух кийимларини бериш ё бермасликни билмай қолди. Охири кийимларини кичик тош устига қўйди. Қиз бошини кўтариб, кийимларга назар солди ва қизариб кетди. “Нега кўзларига қаролмаяпман? Ахир бирга ўйнардик-ку”, деган ўй кечди кўнглидан. Кхудо Бух унга титроқ овозда: “Саддо, нега ойдин кечаларда ўйнагани уйимга келмайсан? Кундузи-чи, нега кўринмайсан? Учрашганимизда нуқул кўзларингни ерга тикяпсан. Нега?”, деди.
Ҳатто шугина саволни бериш Кхудо Бух учун жуда қийин туюлди. Юзида реза-реза терлар пайдо бўлиб, икки томчиси ерга думалади. Йигит Саддога қараганида, унинг ҳам ҳаяжондан титраётганини пайқади. Кхудо Бухнинг саёҳатчи поезди шу нуқтага етганида, икки томчи ёш темир панжараларга томди.
– Маҳбус, соат ўн бир бўлди. Нега эшик тагида турибсиз? Боринг, ухланг! Кхудо Бух шу зайлда анча пайтгача ўзига ўзи гапириб турди. Кўзлари туманлар ортидан алланималарни излашга киришди. Кўз ўнгида ўтмиши кино тасмасидек гавдаланди. Кўринмас қанотларда саёҳат қила-қила, Саддо ва унинг онт ичган онларига етиб келди. У аниқ эслади, қишнинг изғиринли тунида, юлдузлар ва булутлар гувоҳлиги остида қиз умрбод уники бўлишини айтиб, онт ичди. Қиз қасамини бир зум ҳам унутмади. Шарм-ҳаёсиз, оқибатсиз жамиятда, кундузи қуёш нурида, совуқ қишнинг тунлари ёки сутдай тўлин ойли кечаларда ҳам сўзида собит эди. Тақдир эса Саддонинг устидан кулди. Унга сурбет бойни рўбарў қилди. Ва ниҳоят, у жуда қўрққан кун етиб келди, маҳбубаси катта бой, қишлоқ ҳокими Муҳаммад Алига унаштирилди. Қиз учун нақд беш минг рупия берди. Бироқ бой қизнинг чиройли қоматинигина сотиб олганди, холос. Қиз аллақачон юрагини, қалбини унинг севгиси оташида ёнган севгилисига топшириб бўлганди.
Кхудо Бух Муҳаммад Алининг ёнига бориб: “Сиз хўжайинимсиз, қишлоқдаги энг бадавлат одамсиз…. Мен ҳам сизга шунча хизмат қилдим, қанча тер тўкдим, аммо ҳамиша содиқ қолдим. Бизга ўз ота-онамиздексиз. Шундай экан, Саддони сотиб олманг, ўтиниб сўрайман. Биз аллақачон юракларимиз, қалбимиз, ҳаётимизни ҳам бир-биримиз билан алмашиб бўлганмиз. Жуфт юрагимизни айирмасликка, бедор қалбларимизни оёқости қилмасликка сўз беринг”, деди.
Аммо соҳиб шундай жавоб берди: “Навқирон йигит, эсингни еганмисан? Сен ночор ва камбағалсан. Саддодек қизга мос эмассан. Жайрон кўзлар, оппоқ қўллар, майин сочлар эгаси бўлмиш соҳибжамол қиз ҳашаматли ҳамда данғиллама ҳовлида яшашга муносиб. Шунингдек, унга барча хоҳиш-истакларини амалга ошира оладиган куёв керак. Менга ортиқча гапларни гапириб, бошимни қотирма.
У нозанин сендай бир камбағални бошига урадими? Унга нақд беш минг рупия тўлаганман”.
Муҳаммад Али бу сўзларни кула-кула айтди. Бу суҳбатдан кейин Кхудо Бух ўзини кимсасиз зулматга тушиб кетгандек ҳис этди, гўёки ер унинг оёқлари тагидан сирғалаётгандай туюлди. Уйига қайтиб келди ва ичкарига кириб, ўзини гиламга отди. Кекса, оғзида тишлари қолмаган онасига: “Саддоникига боринг, уни мендан тортиб олмоқчилар”, – деди кўзлари жиққа ёшга тўлиб.
Тақдирнинг аччиқ синовига қарамай, у сипо ва хотиржам эди, аммо юраги оловдек ёнарди. Ортиқ ўйлашга тоқати қолмади. Бир қарорга келгандай бўлди… Сўнг режаларини ўйлашга ҳам ҳоли етмай, ғужанак бўлиб ухлашга ҳаракат қилди. Ярим тунгача ажриққа ағанагандай беҳаловат ётди. Кейин қўққисдан уйғониб кетди. Тўппончасини олиб, кўчага отилди, лекин қаерга кетаётганини билмасди. Оёқлари уни тўғри Саддоникига олиб борди. Қизнинг ҳовлисини кесиб ўтди-да, кўз очиб-юмгунча ётоғи олдида пайдо бўлди. Саддо рўмолини бошига ўраб, ухлаб ётарди. У бир текис нафас оларди. Бироқ Кхудо Бухнинг оғир нафаси ҳамда қадам товушларини эшитиб уйқуси ўчди. Сапчиб турди-да, ўзини эшикка отди. Кхудо Бухни танигандан сўнг қўрқуви босилди. Икки беҳаловат юрак бир-бири билан учрашди. Улар бир-бирларининг оғушига отилди, бир жисм, бир жонга айланди, гўё икки вужудда битта юрак ураётгандай. Севинч ва висол суруридан ошиқларнинг кўзларидан ёмғир мисоли ёш томчиларди. Саддо йиғидан тўхташга уринди. Бироқ уддасидан чиқолмади. Аянчли синиқ овозда: “Оҳ, азизим!”, деди ва ҳўнграб йиғлаб юборди. Яна бир оғиз жуфтлаб, тутилди: “Оҳ, азизим Кхудо Бух!.. аз…” – ўзининг овозидан чўчиб кетди. Кўз ёшлари жилғадек оқа кетди. Қиз “Бу даллол одамлар чиркин анъаналарга бўйсуниб, бизга шуни раво кўрди… Азизим, улар бизни пулнинг кучи билан айиришди. Лекин ҳаётимиз, юрагимиз ва орзуларимиз уларнинг бойлигидан устун! Муҳаммад Али ҳеч қачон қалбимга пулнинг кучи билан эгалик қилолмайди”, деди.
Кхудо Бух унинг сўзларини эшитиб, орқасига қайрилди. Ҳеч нарса демасдан, қизнинг пешонасидан ўпди-да, ташқарига отилди. Уйига келиб, онаси тўқиган юпқа ёпинчиққа ўранди. Онасининг ажин босган юзига боқиб, ўтмишнинг машаққатли оғриғини кўргандай бўлди. Онаси унга: “Оҳ, ўғлим! Аблаҳ бойнинг манфур тизими юзларимни ажинга, сочларимни оққа бўяди”, деяётгандай эди.
Кхудо Бух бунга жавобан: “Худди шу жоҳил, қалбсиз одамлар Саддони йиғлашга ва мендан айиришга жазм этди”, деди. Онасининг қонсиз юзидаги ажинлари ҳамда Саддонинг кўз ёшлари учун ўч олмоққа отланди. Тўппончасини ўқлаб, Муҳаммад Алининг эшиги олдига келди. Эшикни тақиллатди, бир қанча вақт ўтиб, бой кўринди. Кхудо Бух ҳеч нима демасдан тўппончасини унинг пешонасига тиради. “Қарс” этган овоз янгради, сўнг Муҳаммад Али унсиз ерга йиқилди. Йиқилаётиб оғзидан биргина “Кх…” деган товуш чиқди, холос. Кейин у охират дунёсига равона бўлди.
У эса кулги аралаш: “Мен ўч олдим! Онамнинг ажин босган юзи ва Саддомнинг кўз-ёшлари учун ўч олдим! Камбағал болаларимизнинг йиртиқ-ямоғи учун ўч олдим!”, дея қичқирарди. Ўқ овозидан уйғонган қўшни аёллар ва болалар югуриб келишди. Қўшни қария: “Оҳ, Кхудо! Нега бундай жиноят қилдинг?”, деб сўради. “Жиноят?” – ҳайратланиб жавоб қайтарди йигит. – “Мен ҳеч қандай жиноят қилмадим. Агар жиноят қандай бўлишини билишни истасангиз, онамнинг олдига бориб, юзидаги ажинларга назар солинг. Севгилимнинг шашқатор кўз ёшларига боқинг. Аёлларнинг молдай сотилишини томоша қилинг, мулкдорларнинг қилмишларини кўринг”.
Одамлар йигитнинг сўзларини эшитиб, уни эсидан оғган, деб ўйлашди. Жамоат судида унинг қўлига кишан солинди. Жирғанинг аъзолари, кўр ва кар тизимнинг вакиллари айбланувчига: “Сиз Муҳаммад Алини ўлдирдингизми?”, деб сўрашди. “Ҳа, – деб айбини тан олди йигит. – Мен уни ўлдирдим, лекин бир бурда суяк учун эмас. Онамнинг ажин босган юзи ҳаққи ўч олдим! Уни Саддо учун, унинг ёруғ келажаги учун ўлдирдим! Унутилмаган хотиралар учун ўлдирдим. Ҳаммангиз учун қасос олдим!”

Судья ўзининг сўнгги қарорни эълон қилди: Кхудо Бухга ўн минг рупия қон пули, шунингдек, ўн тўрт йил қамоқ жазоси белгиланди. Бугун шомда ўн тўрт йилнинг ярим туни ўтганди, холос. Шуни ўйлаб Кхудо Бух сесканиб тушди.
Ширин ва дардли ўйлар оғушида темир панжараларга суяниб, ухлашга ҳаракат қилди. У бамисоли ярадор шерга ўхшарди. Аъзойи бадани зирқираб оғрирди. Иложсиз, дўсти – қорачироққа назар солди. Чироқ ҳам чиқаётган тутундан ўч оларди. Лекин…
Ниҳоят, соҳир тонг ташриф буюриб, хўрозлар кундузги ёғдуни шарафлаётган пайтда қамоқхона ҳаёти бошланди. Маҳбуслар чўмилиб, бўлмаларидан ибодат қилгани чиқишди. Бошқа маҳбуслар энди Кхудо Бухни ёндош бўлмадаги қўшни, деб билишарди. Бух ногоҳ суғориш ишлари бўйича акция эгаси Нур Муҳаммадни кўриб қолди. Маҳбуслар унинг олдига бориб, қайси айби учун бу ерга тушганини сўрашди. Нур Муҳаммад бўлган воқеани сўзлаб берди: “Бир куни кундузи, еримга сув очгани ариқ қазиётгандим, бирдан Кхудо Бухнинг даласидаги катта дарахтда нимадир осилиб турганига кўзим тушди. Ўша ёққа югурдим. Бориб қарасам, бир одам осилиб турибди. Тезда пичоғим билан арқонни кесиб, ўша одамни пастга туширдим. Аёл киши экан, синчиклаб қарасам, қишлоғимиздаги Саддонинг ўзи. Ўлган бўлса ҳам, лабларида ним табассум ўйнарди. Тарам-тарам сочлари майсадек майин, катта очилган кўзлари узоқдаги бир нарсага қадалган эди. Юрагига қулоқ тутдим, исмини айтиб чақирдим, қимирлатдим, йўқ, жавоб бермади. Бошидан рўмолини ечиб, танасига ёпдим. Кейин уйга йўл олдим. Саддонинг ота-онасига бор ҳақиқатни айтдим, уларнинг фарёди кўкка етди. Шундай қилиб, қизнинг ўлимида айбланиб, қамоққа олиндим”.
Бу гапларни эшитган Кхудо Бух ўрнидан ирғиб турди, айюҳаннос солиб, қамоқхона деворига ўзини урди. Темир эшикни бузиб, чиқиб кетишга интиларди. Бошқа маҳбуслар йигитни зўрға ушлаб қолишди. Йигит уларнинг чангалидан чиқишга ҳаракат қилиб: “Мени қўйиб юборинглар! Ҳаётим, умидим, ёруғ дунёдаги топганим Саддо ўлган ерга бораман! Инсонлар сотилмайдиган, уятсиз ва иймонсиз бойларнинг ҳукми ўтмайдиган юртларга бораман, қўйиб юборинглар!” – деб наъра тортарди у.
Охири қамоқхона қоровули келиб, Кхудо Бухнинг қўлларини боғлаб қўйди. Уни савдойиликда айблаб, бир нечта дори ёзиб берди. Шундай қилиб, гаранг, гунг ва кўр тизим ошиқни ақлдан оздирди.
Ўшандан буён бу ернинг одамлари Саддо онт ичиб, ўзини осган Кхудо Бух даласидаги катта дарахтни зиёрат қилишади.

Инглиз тилидан Зилола Жалолова таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 3-сон