Сервантес. Дон Кихотнинг саргузаштлари (роман)
Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.
Сааведра Мигель де Сервантес (1547.9.10, Алькаладе-Энарес — 1616.23.4, Мадрид) — испан ёзувчиси. Иезуитларнинг Вальядолида шаҳридаги коллегиясида (1557—61), кейин Мадридда таҳсил кўрган. Папа муридлари билан бирга 1569 йилда Италияга борган. Европа флотининг Лепанто яқинида туркларга қарши олиб борган жангида (1571 йил 7 октябрь) яраланган; ватанига қайтишда (1575) денгиз қароқчилари қўлига тушиб, Жазоирда 5 йил асирликда яшаган.Сервантес 1585 йил Мадридда нашр этилган «Галатея» романи билан танилган. Шундан кейин у гарчанд 20—30 та пьеса ёзган бўлсада, бу асарлар изсиз кетган. Қалам ҳақи эвазига турмуш тебрата олмаган Сервантес 1587 йилда Севильяга кўчиб бориб, 1603 йилгача дастлаб ҳарбий, кейин оддий фуқаро сифатида хизмат қилган. Испаниянинг энг йирик портларида яшаш ва турли табақадаги кишилар билан мулоқотда бўлиш унинг сўнгги давр ижодига катта таъсир ўтказган. 1602 йил Севилья қамоқхонасида бошлаган «Дон Кихот» романи (1-қисми) нашр этилиши биланоқ (1603) Сервантес Европа миқёсида машҳур бўлиб кетади. Романнинг катта шов-шув қозонганига ҳавас ва ҳасад қилган А. Фернандес де Авельянеда тахаллусли қаламкаш 1614 йилда «Дон Кихот»нинг сохта давомини ёзиб, нашр этади. Бундан ғазабланган Сервантес 1615 йилда романнинг ҳақиқий давоми — 2-қисмини эълон қилади. Сервантес «Дон Кихот»нинг ҳар иккала қисми орасида «Панднома ҳикоялар» (1613) ва «Парнасга саёҳат» достони (1614)ни ёзган. «Персилес ва Сихизмунданинг саргузаштлари» (1617 йил нашр этилган) романи эса Сервантеснинг хасталик пайтида ёзиб тугатган сўнгги асаридир. Умрининг аксар қисми хорлик ва зорликда кечган Сервантес ўлими олдида роҳибликка ўтган.Сервантеснинг адабий меросида ҳажвий ва ишқий шеърлар, ишқий қаҳрамонлик ва ҳаётий-маиший мавзудаги драма ва комедиялар ҳамда кўплаб ҳикоялар мавжуд. Бу асарларга хос энг муҳим ҳолат ва вазиятлар, ният ва ғоялар «Дон Кихот»да ўзининг ёрқин бадиий тажассумини топган. Асардаги тақдир билан муроса қила олмайдиган, ҳар қандай адолатсизликка қарши курашга шай бўлган қаҳрамон образи ўз иддизлари билан 16-асрдаги испан «янги рицарь романлари», шунингдек, Италиядаги Уйғониш даври достонлари ва чўпонлар хақидаги кўплаб ҳикояларга бориб тақалади. Аммо Сервантес бу асарларга хос қаҳрамон образини яратиш анъаналарини давом эттиришни эмас, балки ўзи яшаган даврда кенг тарқалган «янги рицарь романлари» устидан кулишни, уларга пародия қилишни ўзига мақсад қилиб олган. Айни пайтда Сервантес воқеликка реалист ёзувчи сифатида ёндашиб, инсонпарварлик ғояларини тараннум қилган.«Дон Кихот» 19—20-асрларга келиб оламшумул шуҳрат қозонди. Худди шу даврларда асарнинг трагикомик ва умуминсоний аҳамияти илк бор кашф этилди; унда тасвирланган идеал ва реал қодисалар, сохта қаҳрамонлик билан ҳақиқий жасорат, орзу-армон билан реал воқелик ўртасидаги кескин фарқ шу асрларда кечган ижтимоий пўртаналар ва ҳаётий вазиятлардаги таназзул моҳиятини ўзида ифодалаш қудратига эга бўлди. Ушбу роман асосида жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида саҳна (опера, балет, драма), кино (кинофильм, телесериал), мусиқа (фантастик вариациялар) ва тасвирий санъат (ҳайкал ва б.) асарлари яратилган.Наим Каримов.
Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.