Сергей Довлатов. Акам (ҳикоя)

Ҳаёт холаваччам Боряни – мен уни ака дердим – қип-қизил жиноятчига айлантирди-қўйди. Омади чопгани шу-да. Акс ҳолда, худо уриб, каттакон бир партия арбоби бўпкетармиди…
Бундай дейишга важкарсонларим етиб ортади. Лекин ҳозирча шошмай турайлик…
Холам баобрў адабий муҳаррирлардан эди. Эри Арон ҳарбий шифохонанинг бошлиғи ўлиб, саломатлик тўғрисида маърузалар ўқиб турар, бунинг устига, турли-туман маркалар йиғиш билан шуғулланарди. Хуллас, рисоладагидай оила эди.
Акамнинг дунёга келиши антиқа бўлган. Қизлик чоғида холамнинг бошига ҳам ишқ савдоси тушган. У Сергей Миронович Кировнинг муовини Алек¬сандр Угаровни севиб қолган. Ленинградлик қариялар обкомнинг таниқли бу арбобини ҳали-ҳали эслашади.
Унинг оиласи бор эди. Холамни никоҳга чап бериб тузоққа илинтирган экан-да.
Шуйтиб, холам ҳомиладор бўпқолади.
Туғиш пайти яқинлашади. Уни туғруқхонага олиб кетишади.
Онам Смольнийга боради. Минг машаққат билан Кировнинг ўринбосари ҳузурига кириб, аҳволни тушунтиради.
Угаров қовоғини солиб, кимларгадир топшириқ беради. Обком югурдаклари туғуруқхонага кетма-кет гул ва мева-чева таший бошлайди. Холамнинг уйига қарта ўйнашга мўлжаллаб ясалган нақшинкор стол элтиб қўйишади. Чамаси, синфий ёт унсурлардан мусодара қилинган чиқаров.
Холам истараси иссиқ, паҳлавонкелбат ўғил туғади. Мен ака деб ўсган Боря – шу. Онам обкомга яна боради. Лекин ичкарига киролмайди. Угаров кеккайиб кетгани учун эмас. Иўқ. У халқ душмани сифатида қамоққа олинган эди.
Уттиз саккизинчи йил эди… Холам қўлида чақалоғи билан қолади.
Яхшиям Угаров эри эмас экан. Бўлмаса, холамни сургун қилишарди. Шундоқ бўладики, арбобнинг хотини билан фарзандлари Сибирга жўнатилади. Бунисиям яхши эмас, албатта. Лекин начора…
Англашимча, холам билиб туриб шу ишни қилган. У чиройли, серғайрат ва ўзига ишонган аёл эди. Ҳеч нарсадан тап тортмасди. Фақат… партиявий танқиддан чўчирди.
Шу орада Арон пайдо бўлади. У холамни қаттиқ севиб қолиб, унга уйланади.
Арон шляпа тикадиган устахона эгасининг ўғли эди. У бошқа яҳудийларга – мижғов, нимжон, калтабин ва хаёлпараст қавмдошларига ўхшамас, баланд бўйли, бақувват ва матонатли киши эди. Собиқ инқилобчи талаба, қизил аскар, нэпчи. Кейинчалик – маъмурий идора ходими. Ва ниҳоят, кексайган чоғида – ревизионист ва диссидент…
Арон холамни еру кўкка ишонмасди. Уни дада деб чақалоқнинг тили чиқди.
Уруш бошланди. Биз Новосибирскка бориб қолдик. Боря уч ёшга тўлди. У боқчага қатнар, мен ҳали гўдак эдим.
Боря боқчадан оқ қанд опкеларди. Аста лунжидан чиқазиб ликобчага қўярди.
Мен “емайман” деб тантиқлик қилардим.
Борянинг хуноби ошарди:
– Қанд эриб кетади-ку…
Кейин уруш тугади. Очлик ҳам барҳам топди.
Акамнинг бўйи чўзилиб, Ғарбий овруполик йигитлардай чиройли ўспирин бўлиб қолди. Кўзлари кўм-кўк, сочлари жингалак. У прогрессив итальян киноларидаги ёш қаҳрамонларни эслатарди. Ҳарқалай, қариндош-уруғнинг назарида шундай эди…
У бенуқсон совет боласи эди. Пионер, аълочи, футболчи, темир-терсак йиғувчи. Кундалик тутиб, улуғ зотларнинг ҳикматли сўзларини ёзиб борарди. Ҳовлисига қайин кўчати ўтқазган эди. Драма тўгарагида унга ёш гвардиячиларнинг ролини топширишарди…
Мен ундан кичкина бўлсам-да, расво бола эдим. Ҳар доим уни менга ўрнак қилиб кўрсатишарди.
Акам ростгўй эди, сипо ва билағон эди. Ҳамма менга писанда қиларди: қара, Боря яхши ўқийди, ота-онасига ёрдам беради, спорт билан шуғулланади… Боря район олимпиадасида ғолиб бўлди… Боря ярадор қушни даволади… Боря детекторли приёмник ясади. (Улай агар, бунинг нималигини қалигача билмайман.)
Во дариғ! Уша кунлари кўз кўриб қулоқ эшитмаган бир воқеа юз берса бўладими! Бай-бай-бай-бай! Айтишга бетим чидамайди. Уят, уят…
Қўйинг-чи, акам мактаб директорининг устига сийворди-да-ей!
Бу бемаънилик дарсдан кейин содир бўлади. Акам физкультурачилар кунига бағишланган деворий газета чиқараётган экан. Атрофида – синфдошлари.
Кимдир деразага қараб:
– Исковуч келяпти! – дейди.
(Мактаб директори Чеботарёвга шундай лақаб қўйишган эди.)
Бу ёғи кетди – акам сакраб дераза рафига чиқади. Қизлардан тескари қараб туришни сўрайди. Масофани обдон чамалаб туриб… чоптириворади-да ярамас. Директор бошдан-оёқ ҳаром бўлади.
Ана ҳангома, мана ҳангома! Бировга айтсангиз ишонмайди. Орадан бирор ой ўтгач, шу воқеага гувоҳ бўлганларнинг ўзлари ҳам, буни худди тушларида кўргандай, иккиланиб юришди. Манзара чиндан ҳам мудқиш ва аянчли эди.
Директор Чеботарёвни-ку қўяверинг, бақа бўлиб қолган экан у. Кейин бирдан гезариб-бўзариб бидирлай кетади:
– Мен сенга ўхшаганларни зонада иштончан эмаклатганман, иблис! Менинг совунимга кир ювмагансан қали!
Шу тобда Чеботарёвнинг томирларида собиқ турма ишбошисининг қони гупуради. Ким билибди дейсиз! Мудом башанг кийиниб юради: бошида новвотранг шляпа, эгнида жужунча, қўлида қаппайган портфель…
Акам бу қилғилиқни мактабни тугатишига бир қафта қолганда қилди. Нақд бўлиб тур-ган олтин медалдан мақрум бўлди. Ота-онаси унга етуклик аттестати беришга директорни зўрға кўндиришди.
Ушанда акамдан сўрадим:
– Нега бундай қилдинг?
– Мен қар бир ўқувчи пинқона орзу қиладиган ишни қилдим, – деди акам. – Исковучни кўрдиму шу зақоти бир қарорга келдим – ё қозир, ёки қеч қачон! Ҳозир айни пайти! Шу ишни қилмасам, ўзимдан ихлосим қайтади…
Уша кезлардаёқ бадхоҳлик қонимда бор эканми, тилимни тиёлмадим:
– Мактабинг пештоқига юз йилдан кейин мана шундай лавҳа ўрнатиб қўйишади: “Бу ерда Борис Довлатов ўқиган… Унинг кимлигини ўзингиз биласиз…”
Акамнинг ножўя қилмиши бир неча ой муҳокама қилинди. Кейин Борис театр санъати институтига ўқишга кирди. Санъатшунос бўлмоқчи эди. Унинг хурмача қилиғи унутила борди. Институтда яхши ўқирди-да. Комсомол ташкилотининг котиби эди. Яна – бебилиска қон берадиган донор, деворий газета муҳаррири, футболда дарвозабон…
Акам улғайиб, янаям очилиб кетди. Ростдан ҳам итальян киноактёрларига ўхшарди. Қизлар ортидан эргашиб юрарди.
Шунга қарамай, у маъсум ва уятчан йигитлигича қолган эди. Қизларнинг ноз-карашмаси унга ёқмасди. Кундалигида ёзилган манови гаплар ёдимда қолган:
“Китоб билан аёл зотидаги энг муҳим нарса – шакл эмас, мазмун…”
Ҳатто ҳозир, дунёга буткул қўл силтаб қўйганимдан кейин ҳам, бундай “ҳикмат” менга бемаъни туюлади. Мен, аввалгидай, чиройли аёлларни ёқтираман.
Бундан ташқари, бидъатга берилган одамман. Мана, масалан, семиз аёллар ёлғончидай туюлаверади менга. Айниқса – ўзи семиз-у, сийнаси бебарака аёллар…
Дарвоқе, гап мен ҳақимда эмас.
Акам институтни битирди. Имтиёзли диплом олди. Комсомолдаги ишлари ҳам таҳсинга сазовор эди.
У чўлқувар ҳамда қурилиш отрядининг командири бўлди. Милицияга кўмаклашиш дружиналарида жавлон урди. Кишилар онгидаги капитализм иллатларига қарши аёвсиз жанг қилди.
Бутун микрорайонда акамнинг нигоҳидай бокира нигоҳ ҳеч кимда йўқ эди…
Борис Ленин комсомоли номидаги театрга адабий маслаҳатчи бўлиб ишга жойлашди. Бу энди ақл бовар қилмас гап эди. Она сути оғзидан кетмаган кечаги талаба-ю, мана шундай мўътабар даргоҳ!
У вазифасига астойдил киришди. Борис прогрессив санъат тарафдори эди. Шу йўлда жонбозлик кўрсатди. Албатта, ҳаддидан ошмай, одоб-андиша би¬лан. Аста-секин Вампилов, Боршаговский, Мрожек кабиларнинг юзага чиқишига сабабчи бўлди.
Номдор-номдор совет драматурглари ундан ҳайиқишарди. Исёнкор театрпараст ёшлар эса у билан фахрланарди.
Борисни масъулиятли хизмат сафарларига жўнатишарди. У ҳатто Кремлдаги кенгаш-ларда қатнашган эди. Партияга киришни шама қилганлар ҳам бўлди. Акам иккиланарди. Узини муносибмасман деб ҳисобларди.
Кутилмаганда акажоним яна ўзини кўрсатди. Қандай сўзлаб беришни ҳам билмайман. Қисқаси, Боря ўн иккита талончиликка қўл урди.
Институтда Чапин деган ошнаси бўларди. Икковлашиб ажнабий сайёҳлар юрадиган ўн икки автобусга ҳамла қилишади. Сайёҳлар жомадонлари, радиоприёмниклари, магнитофон-лари, ёмғирпўшу шляпаларигача – жамики бор-будлари билан видолашишади. Иккала шов-воз автобусларнинг эҳтиёт ғилдиракларини қолдириб кетишни ҳам эп кўришмайди.
Эртасига уларни ҳибсга олишди. Биз карахт бўлиб қолган эдик. Холам дўсти, ёзувчи Юрий Германнинг олдига чопди. У милициядаги генерал ўртоқларига қўнғироқ қилди.
Акамни судда шаҳарнинг энг олди адвокати Киселёв ҳимоя қилди.
Суд жараёнида бошқа тафсилотлар ҳам ойдинлашди. Маълум бўлишича, жабрдийдалар ривожланаётган мамлакатларнинг фуқаролари ва социалистик ташкилотларнинг аъзолари экан.
Киселёв шундан фойдаланмоқчи бўлди. Акамга шошиб савол ташлади:
Судланувчи Довлатов, айтингчи, сайёҳлар ривожланаётган мамлакатларнинг фуқаролари ва социалистик ташкилотларнинг вакиллари эканини билганмидингиз?
Афсуски, йўқ, – деди Борис. Менимча, жавоб жўяли бўлди.
Билганингизда-чи, шу ишни қилармидингиз?
Акамнинг юзи тундлашди. Адвокатнинг саволи бемаънидек туюлди унга. Пешонаси тиришди, қошлари чимирилди. “Шу ҳам савол бўлдими?!” деган ифода бор эди унда.
Киселёвга жон кирди:
– Хўп, майли, – деди у, – охирги савол. Балки, бу жанобларни жамиятнинг реакцион қатламига мансуб кишилар деб ўйлагандирсиз?
Судья унинг гапини бўлди:
– Уртоқ адвокат, судланувчини жаҳон инқилобининг жангчисига айлантириб юбор-манг!
Аммо акам адвокатнинг бояги саволига бош силкишга улгурган эди. Яъни, ҳа, шу гап кўнглимга келувди… Судья овозини кўтарди:
– Терговда мавжуд далилларга асосланиб гапириш керак! Акам уч йилга кесилди.
Боря судда ўзини мардона тутди. Бўлар-бўлмасга илжаявериб, судьянинг ғашига тегди.
Ҳукм ўқилганда акамнинг бир туки ҳам ўзгармади. Уни суд залидан соқчилар кузату-вида олиб чиқиб кетишди.
Сўнг юқори суд органларига шикоят аризаси, қандайдир югур-югурлар, қўнғироқлар… Ҳеч биридан наф бўлмади.
Акамни Тюменга жўнатишди. Қаттиқ тартибли лагерга. Хат ёзишиб турдик. Унинг барча номалари шундай сўзлар билан бошланарди: “Ҳаммаси жойида. Михдайман…”
Бора-бора ундан келадиган мактубларнинг руқи ҳам, мазмуни ҳам ўзгарди: “Бир жуфт жун пайпоқ… Инглиз тилини мустақил ўрганиш учун қўлланма… Сирма шим… Умумий дафтар… Немис тилини мустақил ўрганиш учун қўлланма… Саримсоқпиёз… Лимон… Авторучка… Француз тилини мустақил ўрганиш учун қўлланма… Ва яна – гитара чалишни мустақил ўрганиш учун қўлланма…”
Лагердан келаётган хабарлар таскинбахш эди. Катта тарбиячи Букин холамга шундай деб ёзибди:
“Борис Довлатов лагерь тартибига қатъий риоя қилади… Мақбуслар ўртасида обрўйи яхши… Меқнат топшириқларини ортиғи билан бажаради… Бадиий тўгарак ишларида фаол… “
Акам бир хатида навбатчиликка тайинланганини, кейин – бригадир бўлганини, кейин – бригадирлар кенгашининг раиси ва ниҳоят – ҳаммом мудири лавозимига лойиқ кўрилганини ёзган эди.
Бу кишини ҳайратда қолдирадиган суръат эди. Лагерда бундай мартабага эришиш жуда қийин. Шу ғайрат билан эркинликда бюрократик раҳбариятнинг ёғли, сердаромад жойларига ўрнашиб олиш ҳеч гаи эмас. Масалан, тақсимот идораларига. У ёғи – далаҳовли, чет эл сафарлари…
Акам шиддат билан тузалиш йўлидан борарди. У лагернинг машъали эди. Унга ҳам ҳасад, ҳам ҳавас қилишарди.
Бир йилдан сўнг уни “кимё”га ўтказишди. Яъни, эркинликда яшашга. Маҳаллий кимё комбинатида ишлаш шарти билан.
Уша ерда уйланди. Фидойи курсдоши Лиза кўргани борган экан. Декабристларнинг хотинига ўхшагиси келган-да. Турмуш қуриб қўяқолишибди…
Бу орада эса мен университетдан ҳайдалдим, холос. Кейин армияга чақирилдим. Соқчилар ротасига тушиб қолдим. Лагерга назоратчи этиб тайинлашди.
Фалакнинг гардишини қарангки, мен соқчи, Боря – маҳбус.
Акамни қўриқлаган иайтларим ҳам бўлди. Лекин бу ҳол узоққа чўзилмади. У кунларни эслагим ҳам, гаииргим ҳам келмайди. Гаиирсам, адабий асарга ўхшаб қолади. Худди Шолоховнинг “Дон ҳикоялари”дай.
Мен соқчи, акам маҳбус – вассалом.
Иккаламиз деярли бир вақтда қайтдик. Акам озод этилди, мен хизматдан бўшадим.
Қариндош-уруғлар “Метрополь”да дабдабали зиёфат уюштиришди. Асосан акамнинг қайтиши нишонланди. Менинг шаънимга ҳам илиқ сўзлар айтилди, албатта.
Роман тоғам эҳтиросларини қуйидагича ифода этди:
– Шундай одамлар бўладики, улар судралувчи жонзотлардан фарқ қилмайди. Маконла-ри – ботқоқлик. Лекин шундай инсонлар ҳам борки, беихтиёр тоғ бургутлари кўз олдингга келади. Улар қанотларини баралла ёзиб, осмони фалакда иарвоз қилишади. Келинглар, Боря учун – тоғ бургути учун ичамиз! Илоҳим, булутлар ортда қолаверсин! Қани, олдик!
– Офарин! – дея қийқиришди хеш-ақраболар. – Қойил, Боря! Тоғ бургути, йигитлар-нинг гули!
Шунда Горькийнинг “Бўрон қуши қўшиғи” эсимга келди. Тоғам овозини сал иасайти-риб қўшимча қилди:
– Энди Серёжа учун, бургутча учун ичамиз! Тўғри, у ҳали иолаион, қанотлари заифроқ. Лекин уни ҳам иоёнсиз кенгликлар кутмоқда!
– Худо асрасин! – дея ўтирган жойида бақирворди онам. Тоғам у томонга бир сигирқараш қилиб қўйди.
Холам яна аллакимларга қўнғироқ қилди. Натижада акамни “Ленфильм”га ишга олиш-ди. Ёритувчими… шунга ўхшаш бир юмушга тиркаб қўйишди.
Мен кўи нусхали газетага ишга жойлашдим. Бунинг устига, ҳикоялар ёза бошладим.
Акам хизмат ииллаиояларидан жадал кўтарила бошлади. Кўи вақт ўтмай лаборант бўлди. Кейин – дисиетчер. Кейин – катта дисиетчер. Ва ниҳоят – картина директорининг ўринбосари. Яъни, моддий ашёларга масъул шахс.
Лагерда юрганида тузалишнинг машқини роса олган экан азамат. Мана, энди ўзини тўхтатолмаётганга ўхшарди.
Бир ойдан сўнг сурати “Ҳурмат тахтаси”га илинди. Уни режиссёрлар, операторлар ва шахсан “Ленфильм” директори Звонарёв яхши кўриб қолди. Фаррошларни айтмайсизми…
Тез кунларда картина директорлигига тайинлашни ҳам ваъда қилишган эди.
“Ленфильм”нинг ўн олти нафар кекса коммунисти унга партияга кириши учун тавсия-нома ёзиб беришга тайёр турарди. Аммо акам ҳамон иккиланарди.
У “Анна Каренина”даги Левинни эслатарди. Никоҳ арафасида Левин ёшликда қилган зиноларини ўйлаб эзилган бўлса, акамни ҳам шу масала қийнарди. Хўш, олдин жиноят қилган одам коммунист бўлиши мумкинми?
Кекса коммунистлар мумкин деб ҳисоблашарди…
Менга қиёслаганда акам тамом бошқача эди. Хушчақчақ, гапга чечан, ишбилармон. Уни ўта муҳим хизмат сафарларига жўнатишарди. Порлоқ келажагига ҳеч ким шубҳа қилмасди. Қамалиб чиққанига-ку бировни ишонтириш амримаҳол эди. Узоқроқ таниш-билишлар у эмас, мени турмада ётган деб ўйлашарди.
Иттифоқо яна нимадир содир бўла бошлади. Бирдан эмас, албатта, аста-секин. Гўё ра-вон таралаётган дилрабо куйга ғийчиллаган ёқимсиз товуш аралашиб қолаётганга ўхшарди.
Акам ҳамон от устида эди. Мажлисларда нутқ сўзлар, хизмат сафарларига боришни канда қилмасди. Аммо ича бошлаган ва аёлларга айланишадиган одат чиқарган эди.
Уни бетайин давраларда учратадиган бўлиб қолишди. У кўпинча пиёнисталар, чайқовчилар, ўзини Халхин-Гол қаҳрамони деб атайдиган мубҳам фахрийлар қуршовида юрарди.
Кайфи тарқагач, яна мажлисга чопар, нутқ сўзлаб бўлиб дарҳол изига – улфатлари дав-расига қайтарди.
Акам ўзининг оёғига ўзи болта ураётганини билмасди.
У уч кунлаб уйига келмасди. Қандайдир коски аёлларникида қолиб кетарди. Бундай аёллар орасида ниҳоятда хунуклари кўп учрарди. Янглишмасам, биттасининг исми Грета эди. Томоғида буқоғи ҳам бор эди. Бир куни акамга:
– Тузукроғини топсанг ўласанми? – дедим энсам қотиб.
– Тентак! – У мени жеркиб ташлади. – Ишхонасидан спирт олиб чиқишини биласанми? Хоҳлаганича олади!
Кўриниб турибдики, акам ёшлигида қулоғига қуйиб олган гапга ҳануз амал қиларкан: “Китоб билан аёл зотидаги энг муҳим нарса – шакл эмас, мазмун…”
Кейин Борис “Нарва” ресторанида официантни дўппослаб қўйди. Акам ундан “Сули-ко”ни чалишни талаб қилган…
Тез-тез милицияга тушадиган бўлиб қолди. Ҳар гал “Ленфильм”нинг партбюроси жо-нига ора кирарди.
Биз бу саргузаштлар нима билан тугашини кутардик…
Ёзда “Даурия” фильмини суратга олувчи гуруҳ билан Читага кетди. Орқасидан шумха-бар келди: Борис давлат машинасида одам босиб кетибди. Тағин денг, совет армиясининг зобитини. Зобит ўлибди…
Бизнинг бўларимиз бўлди. Нима қилишимизни билмасдик. Читадан бир-бирига зид турли-туман хабарлар келиб турарди. Эмишки, Борис ғирт маст ҳолда рулга ўтирган. Бошқа бир хабарга кўра, зобит ҳам кайфда бўлган. Албатта, бунинг энди аҳамияти йўқ, у ўлган…
Холамга ҳеч нарсани билдирмадик. Тоғаларим тўрт юз сўм пул йиғиб беришди. Мен Читага учишим керак эди – нима гаплигини аниқлаш ва бирон бир маънили тадбир қўллаш учун. Маҳбусга ул-бул нарса киритиш, адвокат ёллаш ва ҳоказо…
– Иложи топилса, терговчининг оғзини мойлаш керак, – дерди Роман тоғам.
Иўл ҳозирлигини кўра бошладим.
Бирдан, ярим тунда, телефон жиринглаб қолди. Гўшакни олдим. Сукунат қаъридан қулоғимга акамнинг овози сирғалиб кирди: – Ухлаётганмидинг?
– Боря! – деб қичқириб юбордим. – Тирикмисан?! Отмайдими ишқилиб?! Мастмидинг?
Тирикман, – деди акам. – Отмайди, отмайди… Фалокат-да… Ичмаган эдим… Нари борса тўрт йил берар. Сигаретни олдингми?
Қанақа сигарет?
– Японларники. Чита Япония билан бир томонлама савдо битими тузган. Бу ерда “Хи лайт” деган ажойиб сигарет сотади. Туғилган кунингга бир ўра-мини жўнатувдим. Олмадингми?
– Иўқ. Гап бунда эмас ҳозир…
– Нега энди? Зўр сигарет! Американинг лицензияси бўйича тайёрланган. Сўзини бўлдим:
– Турмадамисан?
– Э, йўғ-э, – деб жавоб берди акам, – нафасинг қурсин! Меҳмонхонадаман. Терговчи олдимга кептуради. Исми Лариса. Лўмбиллаган… Мана, сенга салом айтяпти…
Гўшакдан аёл кишининг овози эшитилди:
– Ту-ту-ту, жўжагинам! Яна акам гапни илиб кетди:
Овора бўлиб Читага келиб юрма. Суд Ленинградда бўлади. Ойимнинг хабари борми?
Иўқ.
Яхши бўпти…
– Боря! – деб қичқирдим яна. – Нима жўнатайлик? Аҳволинг оғирдир? Ҳарҳолда, одам ўлдиргансан! Одам ўлдиргансан!
– Бақирма мунча. Зобитлар ўлиш учун туғилади-да. Яна қайтараман – фалокат бу, тасо-диф… Ҳа, айтгандай, юборган сигаретларим қаёққа ғойиб бўлдийкан?
Ҳеч қанча вақт ўтмай Читадан ўша ҳодисанинг икки нафар иштирокчиси келди. Жумбоқ ойдинлашди. Уларнинг гапига қараганда, бундоқ бўлган.
Кимнингдир туғилган куни экан. Шуни табиат қўйнида нишонламоқчи бўлишади. Боря эса кечқурун давлат машинасида келиб, даврага қўшилади. Одатдагидай, ичкилик етмай қолади. Дўконлар берк. Меҳмонларнинг таъби тирриқ. Шунда Боря отилиб чиқади:
– Самогон топиб келаман! Ким мен билан боради?
Кайфи борлиги учун уни шаштидан қайтармоқчи бўлишади. Акам оёқ тираб туриб олади. Пировардида уч киши у билан бирга жўнайди. Машина ҳайдовчиси ҳам орқа ўриндиқда мудраб бораётган экан.
Ярим соат ўтар-ўтмас, мотоциклни уриб кетишади. Эгаси ҳушига келмай жон беради.
Ҳамма талвасага тушади. Аммо акам ҳушёр! Қароридан қайтмайди, яъни самогон излаб кетади. Ун беш минутда топиб, даврадошларини обдон сийлайди. Сал ўзига келган ҳайдовчига ҳам ичиради. У яна пинакка кетади.
Ана шундан кейингина акам милицияга қўнғироқ қилади. Изқуварлар тезда етиб кели-шади.
Мурда ва мажақланган мотоцикль дарров топилади. Тезкор ходимлар қаршисида тўрт нафар маст одам чайқалиб турарди. Уларнинг орасида энг ҳушёри акам экан.
– Ҳайдовчи ким? – деб сўрайди лейтенант Дудко.
Акам хуррак отиб ётган ҳайдовчини кўрсатади. Уни мошинага ортишади. Бошқаларни уй-уйларига элтиб қўйиб, манзилларини ёзиб олишади.
Акам уч кунгача яшириниб юради. Баданида спиртдан асар қолмагач, милицияга келиб, айбига иқрор бўлади.
Бу вақт орасида ҳайдовчи ҳам ўзига келади. Уни дастлабки тергов камерасига қамаб қўйишган экан. У кайфда одам босиб кетганига чиппа-чин ишонади.
Кутилмаганда акам кириб келиб, рулда мен ўтирган эдим, дейди.
– Нега бўлмаса Крахмальниковни кўрсатдингиз? – дейди лейтенант аччиқланиб.
– Сиз ҳайдовчи ким деб сўрадингиз, мен жавоб бердим…
– Уч кундан бери қайси гўрда юрувдингиз?
– Қўрқиб кетдим-да, хўжайин…
Акамнинг юзидаги сохта ифодани лейтенант пайқайди.
– Қўрққанмишлар-а!
Кейин тағин савол беради:
– Ушанда кайфингиз бормиди?
– Мутлақо! – дейди акам.
Аммо энди ҳеч нарсани исбот қилиб бўлмасди. Базми жамшид иштирокчилари, Боря ичмаган эди, деб бир гапда туриб олишади. Ҳайдовчи ишхонаси берган ҳайфсан билан қутулиб кетади.
Акам билиб йўл тутган эди. Энди уни кайфда рулга ўтирган киши сифатида эмас, бах-тсиз ҳодиса сабабчиси сифатида суд қилишади.
Терговчи Лариса акамга бундай деган экан:
– Сен ҳатто тўшакда ётиб ҳам терговни чалғитасан… Бир ҳафтадан кейин Борис Ленинградга келди.
Бу вақтда холам ҳаммасидан хабардор эди. Ииғлаб-сиқтаб ўтирмади. Милицияда тани-ши бор ёзувчиларга қўнғироқ қилди. Яна ўша – Юрий Герман, Меттер, Сапаров.
Шулар туфайли акамга тегишмади. Судгача тинч қўйишди. Фақат, шаҳардан жилмас-лик тўғрисида тилхат олишди. Бир куни уйимизга акам кириб келди.
– Сен Ленинград яқинида хизмат қилгансан-а? Шу атрофдаги лагерларни ҳам билар-сан?
– Ҳа, Обуховода бўлганман… Гореловода, Пискарёвода ҳам бўлганман.
– Хўш, сенингча, қайси бирида ётганим маъқул?
– Обуховода тартиб сал юмшоқроқ, назаримда.
– Яхшиси, бориб кўриб келамиз…
Обуховога жўнадик. Казармага кирдик. Навбатчи билан гаплашдик. Эски танишларни суриштирдик. Ҳаял ўтмай казармага сержантлар Годеридзе билан Осипенколар чопиб ки-ришди.
Қучоқлашиб кўришдик. Уларга акамни таништирдим. Лагернинг эски маъ-муриятидан кимлар қолганини сўрадим.
– Капитан Дерябин, – дейишди улар.
Капитан Дерябинни яхши биламан. Кўнгли очиқ, араққа тўймайдиган бир одам. Мен хизмат қилган кезларда у лейтенант эди.
Зонага қўнғироқ қилдик. Дерябин бир зумда етиб келди.
– О-о! – деб қийқирди у остонаданоқ. – Серёга кепқопти-ку! Қайси шамол учирди? Уз-гариб кетибсан-а, хумпар! Ёзувчи бўпкетган деб эшитдим, шу ростми? Рост бўлса, сенга ёза-диган нарса топиб қўйганман. Қулоқ сол. Шу десанг, сантехниклар бригадасини ишга опчиқувдим. Соқчи тайинлаб, ўзим ёзилгани кетсам, бир маҳбус қочмоқчи бўпти. Ростдан ҳам қочибди. Иўқ, учиб кетибди. Ҳа, ҳа, парвоз қипти. Шериклари девор ёнида ўсган қарағайнинг учини эгишибди-да, маҳбуснинг қўлтиғидан ўтказилган монтаж қайишини да-рахтнинг учига илиб, уни қўйиб юборишибди. Маҳбус қарағай қаддини ростламасдан бурун қайишни ечиб юбориши керак экан. Аммо мўлжални нотўғри олган шекилли, қор уюми ус-тига эмас, тўппа-тўғри военкоматнинг ҳов-лисига бориб тушибди. Ановини қара! Ҳа, сенбоп яна бир деталь – уни қўлга олаётганларида военкомнинг бурнини тишлавопти, хумпар!
Мен Дерябинни акам билан таништирдим.
– Лёха, – деди капитан қўлини чўзиб.
– Боб.
– Бир иш бор, – дедим Дерябинга, – ўзингдан қолар гап йўқ…
Биз казармадан кўра ўрмон четидаги ялангликни маъқул кўрдик. Годерид-зе билан Осипенкони ҳам таклиф қилдик. Портфелдан тўрт шиша “Зверобой”-ни олдик. Ағанаб ётган арча устига тизилишдик.
– Улмагунча яшайверайлик! – дейишди турмачилар стаканларни чўқиштириб. Сал ўтмай акам билан Дерябин оғиз-бурун ўпиша бошлашди. Айни пайтда Боря саволни ҳам канда қилмасди:
– Ичкари иссиқми? Блокпостларда соқчи итлар нечта? Қўриқлашнинг камера принци-пига риоя қилинадими?
– Ғам ема, – дейишди янги улфатлар.
– Яхши зона, – дели Годеридзе, – дам оласан, маишат қиласан, уйингга сал эт қўйиб ке-тасан-да…
– Дўкон ҳам узоқ эмас, – дея гапни илиб кетди Осипенко. – Оқидан дейсанми, қизилидан дейсанми, пивоми…
– Мен боримда ётиб қолинглар, йигитлар. Лёха Дерябинни ишдан бўшатишса, аҳволингизга вой… Урнимга қандайдир тўлиқсиз олий маълумотли кишилар келиб қолса, ана ўшанда эслайсизлар мени!..
Боря унинг уй телефонини ёзиб олди.
– Мен ҳам ёзволай, – деди Дерябин.
– Ҳожати йўқ, – деди акам, – бир ойдан кейин шу ерда бўламан. Электрпоездда уйга қайтаётганимизда:
– Бошланиши чакки эмас, – деб қўйди у.
Мен йиғлаворай дедим. Ё “Зверобой” таъсир қилдими…
Ҳеч қанча вақт ўтмай суд бошланди. Акамни яна ўша адвокат Киселёв ҳимоя қилди. Залда ўтирганлар унинг гапларига қарсак чалиб туришди.
Қизиғи шундаки, ҳалок бўлган зобит Коробченко эмас, менинг акам жабрланувчига айланиб қолди.
Пировардида адвокат бундай деди:
– Инсон ҳаёти кўпдан-кўп хатарли бурилишлари бўлган тоғ йўлини эслатади. Менинг ҳимоямдаги судланувчи ана шундай бурилишлардан бирининг қурбони бўлди.
Акам яна уч йилга кесилди.
Суд бўлаётган куни Читадан бандероль олдим. Унда японларнинг ўн қути “Хи лайт” сигарети бор эди.
Боряни Обуховога жўнатишди. Шароит яхши, соқчилар меҳрибон деган мазмунда хат-лар келиб турди.
Капитан Дерябин сўзининг устидан чиқадиган одам экан. Акамни нон кесувчиликка қўйибди. Турмада бу – катта мансаб.
Бу орада акамнинг хотини қиз туғди. Бир куни менга қўнғироқ қилиб:
– Боряни кўришга рухсат беришди. Бўш бўлсанг, бирга борайлик. Чақалоқ билан қийналаман, – деб қолди.
Тўрт киши йўлга тушдик – холам, кеннойим Лиза, икки ойлик Наташа ва мен.
Августнинг диққинафас куни эди. Наташа манзилга етгунимизча йиғидан тўхтамади. Лиза ҳолдан тойди. Холамнинг бошига оғриқ кирди.
Мана, ниҳоят, учрашув бўладиган хонадамиз. Бу ерда биздан бошқа яна олти киши бор эди. Маҳбусларни шиша тўсиқ биздан ажратиб турарди.
Лиза чақалоқни йўргакдан ечди. Акамдан дарак йўқ. Соқчининг олдига бордим:
– Қани Довлатов?
– Кутинглар, – деди у тўнғиллаб.
– Навбатчига қўнғироқ қил, акамни чақирсин. Лёха Дерябинга келганимни айт.
Соқчи сал паст тушди:
– Мен Дерябинга бўйсунмайман. Менинг хўжайиним бошқа.
– Бўлақол, оғайничалиш!
Шу пайт акам келиб қолди. Эгнида лагерь коржомаси. Мошинкада олинган сочи сал ўсибди. Ранги тиниқ, тўлишган.
Холам туйнукдан олма, колбаса ва шоколад узатди. Лиза нуқул қизига гапирарди:
– Ана даданг, кўряпсанми, ана даданг… Акам негадир мендан кўз узмасди.
– Шимингнинг аҳволини қара, – деди у ниҳоят, – ранги ҳам молбўқими-ей… Бир яҳудий билан таништириб қўяйми? Зонада қулингўргилсин шимлар тикади. Ленинградда ҳам унга тенг келадигани йўқ.
– Э, қўйсанг-чи! Шу тобда менинг ташвишимни қиласанми?
– Қўрқма, – дея давом этди у, – текин. Пул бераман, шимбоп газмол оласан, яҳудий ти-киб беради. Бунақа юриш ярашмайди сенга.
– Пул бераман?! – Холамнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди. – Пул нима қилади сенда? Лагерда пул олиб юриш мумкин эмас-ку!
– Пул микробга ўхшаган нарса, – деди Борис, – ҳамма ерда бўлади. Мана, коммунизм қурсак – балки бошқача бўлар…
– Қизингга бир қараб қўйсанг-чи, – деди Лиза ялингандай.
– Кўрдим, кўрдим, ажойиб қизча.
– Овқатлари тузукми? – деб сўрадим Борисдан.
– Мазаси йўқ. Мен ошхонага бормайман. Бирортасини гастрономга жўнатамиз. Лекин тушдан кейин ҳеч нарса топиб бўлмайди. Бу Никита тушмагур қишлоқ хўжалигини барбод қилди. Бир вақтлар бутун Оврупони боққанмиз-а! Эндиги умид – хусусий сектордан…
– Секинроқ, – деб қўйди холам.
Акам хизмат муддати тугаганидан кейин қолиб ишлаётган бир йигитни ча-қириб, қулоғига бир нималар деди. У ўзини оқлай бошлади. Узуқ-юлуқ гаплари қулоғимга чалинди.
– Илтимос қилувдим-ку, – дерди акам.
– Тўғри. Ташвишланма. Ун минутда келади.
– Ун икки яримга, деганман.
– Иложи бўлмади-да.
– Мени хафа қилдиларинг.
– Боря, мени биласан-ку… Гапим – гап. Толик беш минутдан кейин шу ерда бўлади…
– Лекин ҳозир ичгимиз келяпти.
– Нима гап ўзи? – деб сўрадим акамдан.
– Бир арбобни араққа жўнатувдим, ҳалигача йўқ… Бу ер ҳарбий бўлинма эмас, каптар-хона…
– Карцерга тушасан, – деди Лиза.
– Нима, карцердагилар одаммасми?!
Чақалоқ яна йиғини бошлади. Лиза тумтайди. Акамнинг беэътиборлигидан хафа бўлган эди. Холам кетма-кет дори юта бошлади.
Учрашув вақти тугаб борарди. Маҳбуслардан бирини деярли судраб олиб кириб ке-тишди. У орқасига қайрилиб, кўргани келган хотинига бақирди:
– Надька, бировга иштонингни ечсанг – ўлдираман! Ернинг тагидан бўлса ҳам топиб, абжағингни чиқараман! Мени биласан-а?!
– Кетайлик, – дедим мен, – вақтимиз тугади. Холам юзини бурди. Лиза нуқул чақалоғини силкитарди.
– Арақ-чи? – деди акам.
– Узларинг ичаверинглар.
– Сен билан ичмоқчи эдим-да.
– Кераги йўқ, ака, ҳозир кўнгилга сиғармиди…
– Ҳа, майли… Лекин анови Толикни барибир аспаласопинга жўнатаман. Мен учун ин-сондаги энг муҳим фазилат – масъулиятни ҳис эта билиши.
Шу пайт шиша кўтариб, ҳаллослаганча Толик келиб қолди.
– Мана, бир сўму ўттиз тийин қайтими…
– Мен кўрмай қўяқолай, – деди навбатчи Боряга сирланган кружкасини тутатуриб.
Акам чапдастлик билан кружкани тўлдирди. Ҳамма бир қултумдан ичди. Маҳбуслар ҳам, кўргани келганлар ҳам, назоратчи ҳам, ҳатто навбатчи ҳам четда қолмади.
Соқоли ўсган бир маҳбус кружкани баланд кўтариб хитоб қилди:
– Буюк ватанимиз учун! Шахсан ўртоқ Сталин учун! Фашистлар Германияси устидан қозонган ғалабамиз учун! Барча тўплардан бараварига ўт очилсин – бабах!
– Яшасин Имре Наднинг ашаддий реакцион тўдаси! – дея уни қўллаб-қувватлади бошқа бир маҳбус.
Навбатчи акамнинг елкасига аста қўлини қўйди:
– Боб, сен борақол энди.
Биз хайрлашдик. Туйнукдан акамга қўлимни узатдим. Холам ўғлига мўлтираб қаради. Лиза бирдан ўкириворган эди, чақалоқ уйғониб кетиб чириллай бошлади. Зонани тарк эт-дик…
Орадан бир йилча ўтди. Акамдан хат келиб турди. Ҳамон нон кесаркан. Дерябин пен-сияга чиққач, Боряни электр монтёрлигига ўтказишибди.
Кейин уни Ички ишлар бошқармасининг вакили сўроқлаб кебди. Лагерлар тўғрисида ҳужжатли фильм яратишга қарор қилишган экан. Совет лагерлари – дунёдаги энг инсонпар-вар лагерлар экани ҳақида. Фильм фақат хизмат доирасидагина намойиш этилармиш. Номи: “Ахлоқ тузатиш меҳнат колонияларини қўриқлаш усуллари”.
Акам узоқ-яқин лагерларни айланиб чиқибди. Унга “ГАЗ-61” мошинасини бериб қўйишибди. Зарур ускуналар билан таъминлашибди. Акамни икки соқчи – Годеридзе билан Осипенко ҳар доим қўриқлаб юраркан.
Борис уйга ҳам тез-тез келиб турарди.
Ёзга чиқиб фильм тайёр бўлади. Борис бир вақтнинг ўзида ҳам киноопера¬тор, ҳам ре-жиссёр, ҳам дикторлик вазифасини бажарибди.
Июнь ойида фильм раҳбарларга кўрсатилибди. Залда нуқул генераллар билан полков-никлар эмиш. Муқокама чоғида генерал Шурепов:
– Яхши, керакли фильм… – дебди. – Худди “Минг бир кеча”нинг ўзгинаси!
Борисни мақташибди. Сентябрга қолмай озодликка чиқаришни ҳам ваъда қилишибди.
Акамнинг табиатидаги энг асосий хислатни мана энди англаб етгандекман. У беором, бебошу беҳаловат турмушни хуш кўраркан. Боря фавқулодда вазиятлардагина эркин нафас олиши мумкин. Қамоқда мартаба орттиради, жар ёқасига келиб қолганида яшаш учун кура-шади.
Ниҳоят уни озод қилишди.
Бу ёғи такрор. Чархпалак яна ишга тушди. Холам Юрий Германга қўнғироқ қилди. Акамни ҳужжатли фильмлар студиясига оддий ишчи қилиб олишди. Икки ойдан кейин у овоз оператори бўлди. Ярим йилдан сўнг эса – таъминот бўлимининг бошлиғи.
Айни ўша кунларда мени ишдан бутунлай ҳайдашди.
Мен ҳикоя ёзар ва онамнинг нафақасига кун кўрар эдим…
Холам касалга чалиниб оламдан ўтгач, қоғозлари орасидан қўйкўз, истараси иссиқ бир кишининг сурати чиқиб қолди. Бу Кировнинг ўринбосари – Алек¬сандр Иванович Угаров эди. Акамнинг худди ўзи. Сал ёшроқ кўринади, холос.
Боря отаси кимлигини олдин ҳам биларди. Энди очиқчасига гаплашдик.
Акам ота томон қариндошларини излаб топса бўларди. Лекин хоҳламади. Гапимни чўрт кесди:
– Менга ўзинг етиб-ортасан. Бошқа одамнинг кераги йўқ. Кейин ўйланиб туриб, қўшиб қўйди:
– Қизиқ! Мен – чала русман. Сен – чала яҳудийсан. Аммо иккаламиз ҳам арақ билан пивога ўчмиз-а…
Етмиш тўққизинчи йили мен муҳожиротга кетишга аҳд қилдим. Акамни қистасам, кўнмади.
У яна ича бошлаган, ресторанда муштлашмаган куни йўқ эди. Тепасида ишдан ҳайдалиш хавфи муаллақ турарди.
Шунда бир нарсага қатъий ишонч ҳосил қилдим: эркинликда яшаш Бориснинг мижозига ёқмас экан, унга – қамоқ тузук экан.
Охирги марта ўтиндим:
– Кетайлик.
Акам маъюс жавоб қайтарди:
– Ке, қўй. Менга тўғри келмайди, – деди у. – Яҳудийлигимни исботлаш учун идорама-идора лўкиллашим керак… Бундан ортиқ таҳқир бўладими… Арағимдан қўймасин. Ичвосам бас – менга Нью-Йорк нимаю Ленинград нима! Пошшодек юравераман…
Аэропортда акам кўзёши қилди. Қарибди чоғи. Иннайкейин, кузатиб қолишдан кўра жўнаб кетиш ҳамиша енгил кечади…
Мана, тўрт йилдирки, мен Нью-Йоркда яшайман. Ленинградга мунтазам посилка жўнатиб тураман. Бир куни, кутилмаганда, у ёқдан бандероль келди.
Почтахонадаёқ очдим. Қарасам – Олимпия ўйинлари рамзи туширилган ҳаворанг кўйлак. Яна – шиша тиқинини суғурадиган қўлбола очқич.
Уйланиб қолдим – шунча йил яшаб, эсда қоладиган, мен учун табаррук нима бор ўзи? Кейин топдим: тўрт чақмоқ қанд, японларнинг “Хи лайт” сигарети, ҳаворанг кўйлак ва мана шу очқич…

(“Уруғ-аймоғим” китобидан)

Низом Комил таржимаси

Хуршид Даврон сайтидан олинди.