Виктория Токарева. Сиғинмагил осмон деб (ҳикоя)

Хотини баттар семириб кетишдан қўрқарди – уйда ҳеч вақт киройи нон бўлмасди. Трофимов эрталаблари нон сақланадиган ёғоч идишни очганида чумоли талаб ётган қоқ-қуруқ, моғор босган нон бўлакларига кўзи тушар ва шунда у ўз ҳаёти ҳақида ўйлаб кетарди. Ҳаёти ҳам ана шундай тотсиз, бесамар, аллақандай таҳқиромуз кечаётгандек туюларди унга.
Ошхонага кирган хотини ўзини оқлаган бўлади:
– Ўзинг олиб кела қолмадингми? Мен нон емайман, биласан.
– Сендан бошқа ҳам одам бор-ку бу уйда, – дейди Трофимов.
– Йўқ деса ҳам бўлади, – дейди хотини секингина аянч билан. – Мен борманми-йўқманми, сенга барибир-ку.
Унинг гапида жон бор эди. Трофимов бошқа аёлни севарди. Сильвана деган, Римда яшайди у. Аслини олганда, истиқболсиз, беҳуда бир туйғу эди бу. Истиқболсиз-у, лекин тарихи бор. Ва бу ҳам, индаллосига кўчилса, Трофимовнинг ёлғиз ўзига дахлдор бир кечмиш эди.
Трофимов Сильванани илк бор “Бир аёл қиссаси” деган итальян фильмида кўрган. Москвага бундан бошқа у қатнашган бирорта ҳам кино келмаган. Балки Сильвана аллақачон кино оламини тарк этиб кетгандир ёки ҳали ҳам роль-пол ўйнаётгандир-у, у фильмлар бизда сотиб олинмаётгандир. Трофимов ўша фильмни атиги бир марта кўрган. Унда ўн беш ёшларда эди, саккизинчи синфдами ўқирди. Экранда соҳибжамол ва зотдор отдек дуркун Сильвана пайдо бўлган. Унинг кўзлари катта-катта, ҳайратомуз даражада чиройли, тишлари ҳам дурдек оппоқ ва ипга тизилгандек бир текис эдики, бунақаси ҳаётда кам учрайди, негаки табиат заргар эмас, бирон-бир нуқсон билан ҳам яратиши мумкин-да. Сильвана эса табиатнинг бамисоли ҳар жиҳатдан мукаммал бир асари эди. У совуқдан совуқ, кўримсиз бир нусхани оппоқ, бўлиқ қўллари билан қучоқлаб, қаттиқ бағрига босади. Кейин бирдан умидсизликка тушиб йиғлай бошлайди, нуқрадек ялтираб оҳу кўзларидан йирик-йирик ёш томчилари тўкилади.
Ўн беш ёш – ҳайрату завқ-шавқлар палласи. Сильвана Трофимовни чин маънода ҳам, кўчма маънода ҳам ларзага солган эди. Уни ўшанда ажиб бир титроқ тутиб, жойидан қимирлаёлмай қолган.
– Ҳа, нима бўлди, мазанг қочдими? – деб сўраган синфдош ўртоғи Кирка Додолев.
Ғиппа бўғилиб, Трофимов гапиролмай қолган. Кейин ўз-ўзидан томоғи оғриган. Сильвана унинг жисмига бедаво дард, табиблар таъбири билан айтганда – вужудда хира пашшадек кезиб юрувчи тилларанг стафилококк мисол жойлашиб олган эди. Баъзан-ку бу дард унча сезилмасди. Аммо унинг борлиги аниқ эди. Гоҳо сира кутилмаганда бош кўтариб қоларди.
Мактабни тамомлагач, Трофимов университетнинг журналистика факультетига ҳужжат топширди – бир куни Италияга борарман, балки Сильванадан интервью оларман деган хаёлда. Ана шунда чинакам севги қиссаси бошланади. Ҳолбуки, бу қиссанинг илк сатрлари анча олдин – Трофимов ўн беш ёшдалигида битилган. Бевосита учрашувдан кейин эса Сильвана уни астойдил севиб қолади. Трофимов бир неча чет тилни ўрганди: итальянча, инглизча, японча – ким билади дейсиз, балки Сильвана у билан японча сўзлашмоқни ихтиёр этар.
Ҳар бир миллатнинг тили ўзига ўхшайди, бегона сўзлар жарангига қулоқ тутибоқ Трофимов баайни ўша миллатни ҳис этарди, баъзан сал-пал инглиз бўлиб қолса, гоҳ японга айланарди.
У оддий мухбир эмас, чинакам зўр журналист бўлиб етишсагина Италияга юборишлари мумкин. Трофимов ҳар жиҳатдан пухта билим эгаллади, ота-онасини ҳайратга қўйиб, эринчоқ-танбал бир боладан тиниб-тинчимас, серғайрат талабага айланди. Охир-оқибат серғайратлилик унга хос бўлиб қолди.
Учинчи курсни тугатиш арафасида йигирма ёшли Трофимов “Смена” журналининг энг яхши очерк танловида биринчи мукофотга сазовор бўлди. Расми журналнинг охирги бетдан битта олдинги саҳифасида чоп этилди. Сурат хира, сифатсиз эди. Аммо нима бўлганда ҳам бу унинг сурати, мана, бир неча минг ададда чоп этилди, шуниси муҳим эди. Қиёфаси энди гўё Трофимовнинг ўзидан ажралиб чиқиб, инсониятга дахлдор бўлиб қолган эди. Бу ҳол эса уни Сильванага яқинлаштирарди. Демак, улар энди деярли тенг мавқеда. Трофимов мукофотини “ювиш” учун гуруҳдошларини ресторанга олиб борди. Роса шовқин-сурон билан хурсандчилик қилиб хумордан чиқишди. Ҳаёт уларнинг ҳар бирига боқий умр, шон-шуҳрат, муҳаббат инъом этадигандек эди гўё. Аммо байрам нақд авжига чиққан дамда Трофимов ўзини ниҳоятда ожиз ҳис этди. Эҳтимол, жисмининг аллақайси пучмоғида мудраб ётган анови тилларанг лаънатиларга жон битгану улар томирлари бўйлаб ғалаён бошлагандир. Трофимов дафъатан бир нарсани англаб етди: “Смена” журналининг мукофоти ҳам, эски пулдаги қирқ рубль қалам ҳақи ҳам Сильванага бир чақа! Трофимовга ҳаёт бирдан рангсиз, маънисиз туюлиб кетди. Лекин сездирмасликка ҳаракат қилди – жўраларининг кайфиятини бузгиси келмади. Арзи ҳол қилган тақдирида ҳам бирортаси унга ҳамдард бўлмоғи даргумон. Ва ҳатто битта-яримтаси мушт тушириб қолиши ҳам мумкин…
Трофимов кейин иккинчи мукофот – Болгариянинг “Олтин буқа” совринини қўлга киритди. Ундан сўнг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мукофотига эга бўлди. Бора-бора Трофимов олган мукофотларини санамай қўйди. У зўр журналист бўлиб етишди – тамом-вассалом. Ҳамкасблари ҳазиллашиб уни “Олтин қалам” деб атарди. Аммо Сильвана учун булар арзимас майда-чуйдалар…
Трофимов талай йил бировга кўнгил қўёлмай, уйланолмай юрди. Чунки учраган номзодлар уммон билан қиёслаганда – бир кўлмак, ариқча, жуда бўлмаса, ирмоқдек гап эди. Сильванага бўлган муҳаббат Трофимовни бошқа аёлларнинг қўли етмас бир юксакликка – осмони фалакка олиб чиқиб қўйган эди. Бундай “мавқе” аёл кишигагина эмас, эркаклар учун ҳам фахрлидир. Трофимов Лермонтовга ўхшаган кўркам, сирли, аммо ҳаётдан кўнгли қолган одамдек таассурот қолдирарди. Аёллар том маънода ҳам, кўчма маънода ҳам унинг оёқлари остига ўзини таппа ташларди. Биттаси яхмалак майдонида нақд пойига келиб тушиб, майиб бўлишига сал қолган. Трофимов “Победа” машинасига ўхшаб 60 километр тезликда келаётган эди-да. Ҳозир унақа машина чиқмаяпти, бир вақтлар эса энг зўр автомобиль ҳисобланарди. Трофимов қизга урилиб кетиб, ўзи ҳам йиқилиб тушган. Кейин уни уйига кузатиб қўйишга мажбур бўлган. Қизнинг исми Галя экан. Бугун қайси қизни қараманг, исми Наташа бўлганидек, ўша кезлар уларнинг бари Галя бўларди. Қиз чой ичиб кетинг деб, уйига таклиф қилди. Чой устида эса ҳали тасодифан эмас, атай унинг оёғи остига йиқилганини айтса денг! Қиз бу “жавобсиз” муҳаббатдан чарчаб бўлган, энди севган одамининг қўлида, ҳатто оёқлари тагида ўлмоққа ҳам рози экан. Маълум бўлишича, Галя Трофимовни мактаб давридан, яъни саккизинчи синфдан то ўнинчи синфгача, кейин университетда – биринчи курсдан то охирги курсгача севган. Улар бир мактабда, лекин қўшни синфларда, битта олий ўқув юртида, лекин бошқа-бошқа факультетларда ўқиган экан. Трофимов уни эслай олмади, бундай қизни у ҳатто туш ҳам кўрмаган экан. Трофимов учун аёл зоти икки тоифадан – Сильвана ва Сильвана бўлмаганлардан иборат эди. Биринчи тоифага фақат Сильвана мансуб бўлиб, қолган ҳаммаси иккинчи тоифага кирарди. Модомики, Сильванага уйланиш тақдирига битмаган экан, иккинчи тоифага мансуб ҳар қандай аёлни хотин қилиб олавериши мумкин. Мана, ўзи жон-жон деб турибди, нега энди шу Галяга уйланмасин!
Тўй Галянинг уйида ўтди. Одам кўп. Дастурхон атрофига ҳамма бирдан сиғмади, худди сершовқин оромгоҳлардаги каби навбат билан ўтиришга тўғри келди. Шунга қарамай, базм роса қизиди, меҳмонлар бақириб-чақириб обдон хурсандчилик қилишди.
Галя ҳам бахтдан, ҳам пойабзали оёғини сиқаётганидан карахт аҳволда ўтирарди. Унинг оёғи бирмунча дағал, шундан уялиб, бежиримроқ кўринсин дея у икки ўлчам кичикроқ туфли кийиб олган эди. У кезлар аёллик латофати оёқ ихчамлиги билан ҳам ўлчанарди-да. Йиллар ўтиб эса, эмин-эркин юриш учун Галя бир ўлчам каттароқ оёқ кийим сотиб оладиган, яъни ўттиз тўққизинчи эмас, қирқинчи пойабзал киядиган бўлди. Бировлар нима деб ўйласа ўйлайвермайдими! Галянинг оёғидаги туфлининг катта-кичиклиги билан кимнинг иши бор! Ҳамма гап ўзида қолган. Атрофдагиларнинг фикрини эътиборга олиш нуқтаи назаридан, ёшлик ўртаяшарликдан фарқ қилади, албатта. Умуман, эрку ихтиёр масаласида ҳам.
Тўйда ҳам бирор кимса Галянинг ўзини ўзи азоблаб қилган фидойилигини сезмади, ҳаммаси тўйгунча ичиб-еб, ўйнаб-кулди. Галя эса уриб-тиқиб оёғига биллур туфли кийиб олган шумшук қиздек ҳис этди ўзини. Охир-оқибат у туфлисини ечиб ташлаб, оёқяланг юрди. Кимдир қадаҳини қўлидан тушириб синдирган экан, Галя шиша синиғини билмай босиб, оёғини кесиб олса денг! Трофимов дарров сочиқ билан келиб унинг олдида тиз чўкди-ю, дафъатан ўзини ҳув бирдагидек ночор ҳис этди. У Сильвананинг олдида тиз чўкиб тургани йўқ-ку. Сильвана ҳозир Римда, эрининг қучоғида. У Трофимов билан эмас, бирон-бир миллионер – шарикли ручка ёки электрон соат чиқарадиган заводнинг эгаси ёки саёҳат бюросинингми, отелнингми ва яна алламбалоларнингдир хўжайини бўлмиш эри билан бирга! Трофимовнинг тўйи эса, мана, ғулғула торгина бир уйда бўляпти. Дастурхонда помидору шўрбалиқ, газаклару дирилдоқ, холос. Бу ёқда Галянинг оёғини пойабзали сиқаётир, бармоқлари қон Трофимов гўёки ўз қўли билан орзуларини бўғизлаётгандек…
Меҳмонлар қўл ушлашиб келин-куёвни даврага олганча қўшиқ куйлай бошлашди. Трофимов эса ўртада тиз чўккан кўйи хаёл оламида ёлғиз учиб юрарди.
Сўнг у маст бўлиб ҳожатхонада ухлаб қолибди. Охири эшикни бузиб киришга мажбур бўлишибди.
Тўйдан кейин ҳаёт бир маромда давом этаверди. Эллигинчи йиллар, олтмишинчи, кейин етмишинчи йиллар… бир-бирини қувиб ўтаверди. Олтмишинчи йилларда қўриқ ва бўз ерлар ўзлаштирила бошлади. Бастакорлар бунга бағишлаб куй басталаса, шоирлар шеър, журналистлар эса мақола ёзар эди. “Олис-олис йўллар, салом, қўриқ ерлар”. Етмишинчи йилларда Байкал-Амур магистрали қурилиши бошланди. Телевизорда бағбақадор қари хонанда куйларди: “БАМ, БАМ, БАМ – миллионлар сенда жам”.
Трофимов мамлакатдаги ўзгаришлар билан ҳамқадам ҳудудма-ҳудуд кезди, қўриқ ерларга ҳам борди, БАМга ҳам. Тюменда нефть кони очилганда вертолётда балиқ-палиқ дегани урчимайдиган Самотлор кўлига қараб ҳам учган эди. Трофимов вертолётдан пастга қараб, қайнаб-кўпчиб ётган сарғимтил ботқоқликни кўрган ва бу унга ернинг танасида маддалаган ярадек бўлиб туюлган эди. Олимларнинг таъкидича, табиатда ботқоқлик бўлгани маъқул, ҳатто жуда фойдали ҳам. Ботқоқликни қуритиш табиатга нисбатан зўравонлик эмиш. Бунинг учун у бир кун келиб ўч олиши мумкин. Табиат ўзига нима фойдаю нима зарар эканини бехато билади. Одам боласи эса худо эмас, бор-йўғи табиатнинг бир бўлаги, худди мана шу ботқоқлик мисоли.
Трофимов мудом замон билан ҳамнафас, баъзан у билан баҳсга киришар, баъзан эса даҳолар сингари ўзича ундан ўзиб ҳам кетар эди. Даҳо деганлари оддий одамдан шуниси билан фарқ қиладики, у замондошларидан юз ва ҳатто икки юз йиллаб илгарилаб кетиши мумкин.
Италияга бориш эса Трофимовга насиб этмади. Сильвана ҳам Москвага кела қолмади. Инглиз ва япон тилларида бошқалар билан сўзлашишга тўғри келарди. Лекин Сильванадан, тўғрироғи, унга бўлган муҳаббатдан Трофимовга баъзи бир кўникмалар мерос бўлиб қолди: тиним билмай меҳнат қилиш, аёлларга бефарқлик, яъни хотинбозликка берилмаслик, шу ишгагина берилиб, ҳаёт синовларидан қочмаслик.
Галя ўзини бахтли аёл деб ҳисоблашига асос бор эди. Асос бор-у, аммо бахтнинг ўзи йўқ эди. Трофимов жисман уники бўлса-да, руҳан унга бўйсунмади. Унинг кўнглини овлаш учун нима қилиш лозимлигини билолмай Галянинг боши қотарди. Эри ҳам бордек, ҳам йўқдек. Бу зиддиятни ичига сиғдиролмай у охир-оқибат семириб кетган ва доим парҳез сақлар, таомдан тийилиб ўзини обдон ҳолдан тойдирган, қачон қараманг оч-наҳор, хўмрайиб юрар эди. Шундай экан, бахт ҳақида гапиришга ҳожат бормикан?!
Ишга иштиёқ ва иродалиликдан ташқари, Сильвана Трофимовга бой берилган умрдан пушаймонлик ҳиссини ҳам сингдирган эди. Ичига кириб олган анови тилларанг лаънатилар ҳам гўёки Трофимов билан бирга кексайди, энди улар вужуддаги томирларда илгаригидек сурбетларча бемалол сайр қилиб юрмас, аксинча, бор-йўқлиги ҳам унча сезилмас эди. Лекин ҳамон бор, бор. Трофимов буни билар ва ўйлаб тушкунликка тушарди. Трофимов Сильвана деган дардга мубтало бўлган. У биров-ярим буни сезиб қолишидан ҳадиксирар ва дардини мағрурлик ортига яширмоқчи бўларди. Шу боис кўпчилик Трофимовни такаббурроқ деб ўйларди.
Етмишинчи йиллар ўтиб, саксонинчи йиллар келди. Итальян неореализми ўтмишга айланди. Неореализм асосчиси Чизаре Дзаваттини оламдан ўтди. Жина Лоллобрижида сураткашлик билан шуғуллана бошлади. Эски юлдузлар сўниб, ўрнида янгилари пайдо бўлди: Стефания Сандрелли, кейинроқ эса Орнелла Мути. Аммо улардан бирортаси Трофимовни Сильваначалик ҳаяжонга солмади. Эҳтимол, ўн беш ёш айни ҳайрату ҳаяжонлар даври бўлгани учундир. Қирқ беш яшар одамни эса унча-мунчаси билан ҳайратга солиб бўлмайди. Ҳаётига бирор таҳдид қилинса, дейлик, эшик очилсаю худди Италиянинг сўнгги йиллардаги сиёсий детективларидагидек, пешонасига тўппонча тиралсагина у ҳайратдан донг қотиши мумкин. Бундан бошқа таассуроту ҳаяжонларга йиллар давомида кўникиб, ўрганиб борар экан киши. Эҳтимол, сидқи садоқатнинг ўзга сабаблари ҳам бордир. Трофимов аҳдида собит одам. Барқарорлик – феъл-атворга хос, интизомнинг бир аломати. Трофимов, масалан, уй жиҳозларининг ўрнини алмаштиришни ёқтирмасди. У ўн йиллаб битта пальтони кийиб юраверарди, иш жойини ҳам ўзгартирмади. Бир мартагина уйланган, хотини – Галя, ҳаётидаги ягона муҳаббати – Сильвана ва доимий таътил вақти – июль ойи эди. Олтинчи синфдан бошлаб сирдошига айланган, ўша кезлар “Бир аёл қиссаси” фильмини бирга ўтириб томоша қилган Кирка Додолев унинг яккаю ёлғиз дўсти эди. Бошқа биров эмас, айнан шу Кирка унга таътилни бу йил июлда эмас, августда ол, июль ойида халқаро кинофестиваль бўлади ва Москвага кўпгина итальян актёрлари қатори Сильвана ҳам келармиш, деб айтди.
Сильвана келади. Орзу ушалади. Кўп йиллик бўлса-да, орзу барибир орзу-да.
Кирка Додолев бу хабарни телефонда айтди. У бошқа нимадир кутган эди, аммо Трофимов миқ этмади. Томоғи ғиппа бўғилиб, гапиролмай қолди, холос. У гўшакни қўйдию уйига жўнаворди. Уйда ошхонадаги жўмрак бузилган экан. Тўхтовсиз чакиллаб турган сув худди қизилиштон дарахтга тумшуқ ураётган каби одамнинг миясида акс садо берарди. Трофимов томоғини боғлаб олди-да, жўмрак созловчи устани чақирди. Томаётган сув, Сильвана ва томоқ оғриғи орасида ботиний бир боғлиқлик бордек туюларди унга. Аммо уста Виталий келиб жўмракни кўздан кечиргач, гап нимадалиги маълум бўлди: арзимасгина бир балоси ишдан чиқибди, шуни алмаштириш керак эмиш.
– Ўша зормандадан ўзингизда йўқми? – деб сўради Трофимов.
– Нега бўлмас экан, бор, албатта, – деди Виталий. У кичкина жомадончасини очиб, жимитдеккина резина ҳалқача олди.
Трофимов унга ажабланиб қаради. Уй эгаси билан водапроводчи усталар ўртасида муносабат бошқача бўлишига ўрганган эди-да. Одатда бундай ҳолларда уста мана шу савил резина ҳалқача ҳам бир йиллардан буён савдода йўқ, камёб эканини, лекин у таниш ҳамкасбларидан суриштириб топиши мумкинлигини айтади. Ўзига-ку, пул-мул шарт эмас, бироқ анови ҳожатбарор одамга нимадир қистирмаса бўлмайди. Уй эгаси ялинишга тушади, кейин ўлганининг кунидан, аслида устанинг чўнтагида турган ўша ўн бир тийинлик матоҳ учун беш рубль тўлайди.
Виталий эса буткул бошқача экан. Ё сувчи усталарнинг янги авлоди етишиб чиқдими, ё бунинг янги авлодга мутлақо алоқаси бўлмай, Виталийнинг ўзи шундай инсофли одамми, бир нарса дейиш қийин.
– Неччи ёшдасиз? – деб сўради Трофимов ундан.
– Қирқ бешдаман. Нима эди?
Трофимов яна ажабланди. Юзидаги ҳорғинликни айтмаса, Виталий ташқи кўринишдан худди касб-ҳунар билим юртининг битирувчисига ўхшарди. Генерал Грёмин ҳам Татьяна Ларина унга турмушга чиққанда қирқ беш ёшда экан, Пушкин эса уни “оқ сочли чол” деб таърифлаган. Ёки йигирманчи асрга келиб, техник тараққиёт сабаб ҳаёт шароити ўзгариб, одам эллик ёшга етганда ҳам унчалик қариб улгурмайдими, ким билсин. Ёки урушдан олдин ва уруш йиллари туғилганлар шундай тузук ўсмай, нимжонроқ бўлиб қолганми? Эҳтимол, ёш кўриниш Виталийнинг ирсиятига хосдир. Виждонли ва навқирон!
Агар ювиб-тараб, рисоладагидек кийинтирилса, Виталий чала академикка ҳам, жаҳонгашта сайёҳга ҳам ё бир йўлтўсар қароқчига ҳам ўхшаб кетаверар эди.
Эсида, Трофимов қачондир телевизорда бир кўрсатув томоша қилган эди. Кўрсатув иштирокчилари олдига каттакон бир портретни қўйиб, бу дунёга машҳур олим экани айтилган ва ташқи қиёфасига қараб унга тавсиф бериш сўралган эди. Қатнашчилар уни доно, зукко, камтар ва юксак интеллект эгаси дея сифатлаган. Шунда бошловчи бу одам олим эмас, ашаддий бир жиноятчи эканини айтган. Янада эътибор билан, синчиклаброқ қаранглар, деган. Мунозара қатнашчилари портретни энди обдон кўздан кечириб, бу нусханинг башарасида ақлий ноқислик, зеҳни пастлик ва шафқатсизлик акс этиб турганини бир овоздан таъкидлаган. Кейин эса бошловчи узр сўраб, бу ҳақиқатан ҳам каттакон физик олим, аллақандай назариянинг асосчиси эканини айтган ва тағин бир марта эътибор билан назар солишни сўраган. Энди унинг юзида яна ақл, қудрат, жиддият пайдо бўлган. Қизиғи шундаки, Трофимов ҳам суратга қандай кўз билан қараса, шундай хусусиятларни кўрган. Демак, ҳаммаси маълум ёндашувга боғлиқ экан-да.
Виталий Трофимовга ёқиб қолди. Унга ҳатто бўлажак фестиваль ва Сильванадан сўз очгиси келиб кетди. Бояги хабар уни тўлқинлантириб юборган, қувончини ким биландир баҳам кўришни хоҳларди. Галяга айтиб бўлмайди – эрнинг хотинига бегона аёл ҳақида сўзлаши ноқулай. Ўғли билан ҳам бу хусусда гаплашолмайди. Ўғли ҳозир шундай ёшдаки, унинг назарида, одамлар ўртасидаги муносабат турлича эмас, балки тайин бир хилдагина бўлиши мумкин ва у биргина ном билан аталади. Трофимов билан Сильвананинг муносабати-чи, буни нима деб атамоқ керак… Шундай экан, ўғли бу гапларни тушунмайди, аниқ. Демак, дилидагини еттиёт бегонага қўрқмай айтаверса бўлади.
– Июль ойида кинофестиваль бўлади, – деди Трофимов анчайин гап йўғида бир гапдек.
Виталий ишдан бош кўтариб деразага қаради. Қор ёғаётир. Июлгача ҳали узоқ. У яна индамай ишини давом эттираверди.
– Пресс-бар эрталабгача ишлайди… – Трофимов балки Сильвана билан бир столда ўтириш насиб этар, дея хаёл қиларди.
– Қаерда? – деб сўради дабдурустдан Виталий.
– Нима “қаерда”? – деди Трофимов тушунмай.
– Ўша пресс-бар деганлари-да, қаерда ўзи?
– “Москва” меҳмонхонасида. Нимайди?
– Ўзим, сўрадим-да, – деди Виталий.
– Сиз “Бир аёл қиссаси” деган кинони кўрганмисиз? Эллигинчи йиллари шундай фильм бўларди. Кўрган бўлишингиз керак.
– Хўш… – деди Виталий.
– Кўрганмисиз ўзи, йўқми? – деди Трофимов худди шуни билиши жуда зарурдек.
– Эсимда йўқ.
– Демак, кўрмагансиз. Йўқса, эсингиздан чиқмасди. Шу фильмда бир актриса бўларди… Ўшаям келармиш.
– Ҳозир кампир бўп қолгандир, – дея тусмоллади ўзича Виталий.
– Нега энди? – деди Трофимов саросимага тушиб.
– Фильм эллигинчи йилларда чиққан деяпсиз, ҳозир – саксонинчи йил. Ана энди ўзингиз ҳисоблаб кўринг. Эллик ёшларда у бугун, балки олтмишда ҳамдир.
Вақт аталмиш холис ҳакамни шунда Трофимов умрида гўё биринчи марта ҳис этди. Фақат Трофимовгагина эмас, Сильванага ҳам дахлдор ҳодиса эди бу. Лекин икки тоифа одам қаримайди: марҳумлару орзунгда яшаётганлар. Шундай бўлса-да, Трофимов ҳанг-манг қолиб Виталийга тикилди. У эса айни чоғда бамайлихотир ишини тугаллаб, натижасини текшириб кўрмоқда эди. Жўмрак силлиққина беркилар — анови резина қистирма келаётган сувни тўхтатиб қолар эди.
– Мана, бўлди! – деди Виталий ва асбоб-ускунасини жомадончасига жойлай бошлади.
Трофимов бирдан ҳушига келиб, ҳамёнини титкиламоққа тушди. Илгарилари бундай ишлар учун бир рубль бериларди. Аммо ҳозир бир рублнинг қиймати қолмади, унга ҳеч вақо бермайди. Трофимов уч рубль берсамми ё беш рублми, деб бош қотирарди. Беш рубль кўпроқдир-ов: ҳалол бир меҳнаткашни йўлдан оздириши мумкин, кейин у қўл ҳақи олмаса ишламайдиган бўлиб қолади, инсоний фазилатини йўқотади. “Ҳалол меҳнат” деган гаплар бугун эскирган. Ҳаммасига зиёлилар сабабчи. Улар жамиятнинг олдинги сафида бўлмоғи керак, бундай уч сўм-пуч сўм тиқиштириб ишчи синфининг онгини заҳарламаслик даркор.
Шу ўйларга борган Трофимов уч рубль чиқариб Виталийга узатди.
– Шарт эмас, – деди Виталий.
– Нега энди? – дея таажжубланди Трофимов.
– Бунингизни нима қиламан, ишлаганим учун ойлик беради-ку!
– Нима бало, жэкингиз унвон-пунвонга ҳаракат қиляптими? – деди Трофимов.
– Қанақа унвон? – дея елка қисди Виталий.
– Ҳалиги… энг илғор меҳнат бригадасими, деган гаплар бор-ку…
– Шахсан менинг унвон-пунвонига ишим йўқ. Ўз ишимни бажараман, вассалом.
– Сиздақалардан кўпми у ерда? – деб сўради Трофимов.
– Унисини билмадим. Менимча, ҳар бир одам ўзича ягона бўлади, бири иккинчисига ўхшамайди. Ҳаммани бир қаричда ўлчаш – бу қанақаси ахир…
Трофимов қўлидаги пулдан хижолат бўлди.
– Нима ҳам дердим, раҳмат сизга… Менга ҳам бирор хизмат бўлса, бемалол айтаверасиз, – деди.
– Шу… умримда бир марта бўлсаям пресс-бар деганларини кўрсам эди, – дея кўнглидагини айтди-қўйди Виталий ҳам.
Ташқарида қор ёғарди. Июлгача – худо пошшо. Айни чоғда эса Трофимов Виталийни хурсанд қиладиган бирор гап айтгиси келарди.
– Бўлди, гап йўқ! – дея ваъда бериб юборди у. – Бажонидил олиб бораман…
Виталий кетди. Трофимов синфлар ўртасидаги чегара тобора йўқолиб бораётгани ҳақида ўйларди. Бугун деҳқонни ишчидан, ишчини зиёлидан ажратиш қийин. Ҳамма китоб ўқийди, телевизор кўради, хоҳлагани – кийим дўконларида эркин сотилаётган жинси шимни олиб кияди. Бу ҳол яхшимикан ё ёмон? Трофимов бу саволга аниқ жавоб топа олмади ва ўйлаб кўриш керак, деб қўйди ўзича. Алоҳида ўрганишга арзийдиган муҳим мавзу экан бу.
Пресс-барда чекишга рухсат бор эди. Зал унча катта бўлмаганидан тутун паға-паға булут мисол муаллақ осилиб турарди. Елка-бўйни очиқ ясан-тусан аёллар тутун ичра гўё сузиб юрарди. Қай бири чет эллигу қайсиси ўзимизники – ажратиш қийин. Ҳаммаси чет элликка ўхшайди. Бар хизматчиларининг эса кўзи пишиб кетган, бир қарабоқ бехато фарқлайди.
Трофимов тутун ичидаги тошойнада ўз аксини кўрди. У чет элликлардан фарқ қилибгина қолмай, улардан ўтиб ҳам тушарди: эмин-эркин, башанг, ёзлик оқ костюм-шимда, кўкрак чўнтагида тўқ қизил дастрўмол, бўйнида ҳам қимматбаҳо тамаки ва атир ҳиди анқиб турган худди шу тусдаги галстук.
Сильванани у эшикдан киргани ҳамоно таниди. Деворга тақаб қўйилган столдан жой олган Сильвана ёнидагилардан бир бош баланд кўринарди. У ўттиз йил илгари қандай бўлса ҳозир ҳам шундай – дуркун ва жилвадор эди. Унинг ёнида ҳар ерга суқилиб юрадиган Бантик лақабли нусха ўтирарди. Бантик дейишлари бежиз эмас – у аёллар либоси устаси эди. Ўлгудек учар ва келишган бу одам ҳамиша ҳар жойда диққат марказида бўларди. Трофимов Сильвананинг ёнида бўлмоқни бир умр орзу қилиб ўтиши мумкин, Бантик эса шу тобда унинг биқинида ўтириб олиб бемалол каттакон қадаҳини шампанга тўлдирмоқда. Сильвананинг нариги ёнидан қайсидир чет эл савдо ширкатининг Москвада фаолият юритувчи вакили жой олган. У тилмочлик қилаётган бўлса керак. Ширкатчи йилнинг ўн икки ойидан тўққиз ойини Москвада, уч ойини самолётда – бир мамлакатдан бошқасига учиб ўтказар эди. У паст бўйли, кўркам чеҳрали, бизнинг тушунчамизга кўра, мол-мулкининг чеку чегараси йўқ бадавлат бир одам эди. Ғарбликлар ақидасича эса, анчайин бир мулкдор, холос. Лекин аёллар оламида роса машҳур. Эҳтимол, шу сабаб ширкатчи Москвада узоқроқ қолиб юргандир. Ғарбда бошқа миллат аёлларига қараганда рус аёлларига эътибор катта. Чунки улар романтикроқ, очиқкўнгил. Рус аёлини бахтли этиш қийин иш эмас.
Бантик Трофимовни кўриб, қўл тўлғаб ёнига чақирди. Демак, ишлар ҳозирча кўнгилдагидек.
Столга яқинлашгач, Трофимов бу даврада машҳур режиссёр ҳам борлигини кўрди. Унинг сиқилиброқ ўтиргани сезиларди. Чамаси, бу каби базми жамшидларга унча тоқати йўқ – қиёфаси ўлганининг кунидан чидаб ўтирган одамни эслатарди. Вокзалда поезд кутаётган йўловчининг юз ифодаси шундай бўлади.
Трофимов Сильванага қарамади. Бу фурсатни атай кейинга сурарди. Тўғрироғи, ботинолмаётган эди. Мана, энди қарамай иложи йўқ.
– Таништириб қўяй, – деди Бантик дали-ғулилик билан. – Бу итальян актрисаси…
– Биламан, – деди Трофимов унинг гапини бўлиб ва Сильванага тик боқди. Боқди-ю, вужудини олов чулғагандек бўлди.
– Бу киши эса бизнинг машҳур журналист. Ўз ишининг устаси. Бўриси деса ҳам бўлаверади. Волчара, – дея таништирди Трофимовни Бантик.
Ширкатчи унинг гапини таржима қилди. Сильвана ниманидир сўради, “волчара” деган сўзни тушунмади чоғи.
– Зўр журналист, – деди Бантик. – Гранде профессоре.
Сильвана оҳиста бош қимирлатиб, оппоқ, бўлиқ қўлини чўзди. Трофимов унга тикилиб қолди, аммо қўл узатмоққа журъати етмади.
– Ўтирсанг-чи, нега туриб қолдинг? – дея ажабланиб қаради унга Бантик.
Олти кишилик столнинг тўрт жойи банд, иккитаси бўш эди. Бантик даврасига одам танлаётган экан. Трофимов билан бир столда ўтиришнинг ўзи мартаба-да. Феллини бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда… Қолаверса, ким билан ўтириш Бантикка муҳим, обрў-эътиборга ўч одамлар асли шунақа бўлади.
Кинорежиссёр ноқулай вазиятдан чиқиш учун Сильванага шампан тўлдирилган қадаҳ тутди. Сильвана “гранде профессоре” нега унга қўл бермаганига ҳайрон эди; балки русларда шундай таомил бордир. Сильвана қадаҳни жаннатий лабларига олиб бораркан, оҳу кўзлари билан Трофимовни бошдан-оёқ кузатиб чиқди. Трофимов ловуллаб ёнаётган гулхан ўртасида тургандек ҳис қиларди ўзини.
– Ўтир энди! – деб қистай бошлади уни Бантик.
Трофимов стулни суриб ўтирмоқчи бўлаётган эди, билагига боғич тақиб олган бир одам келиб:
– Сизни сўрашяпти, – деди.
– Мени? – деди ҳайрон бўлиб Трофимов.
– Сизни, сизни, – дея эшик томон имо қилди навбатчи.
Трофимов у ёққа тикилиб, қуюқ тутундан кўзи бирор нимани илғаёлмади.
– Мен ҳозир, – деди у Сильванага қараб. – Уно моменто.
Сильвана билинар-билинмас бош қимирлатиб қўйди. У ўзини ростакам нозанинлардек тутарди. Нозанинлик – унга касб. Бу касб эгаси бўлмиш аёл атрофидагиларни гап билан ўзига қаратиб, ишонч ва ихлос уйғотиш ниятида суҳбатдошининг қўлидан ушлаб олмайди; бундай қилмоғига ҳожат ҳам йўқ. Суҳбатдошини қўлтиқлаб олиш – ўзига эътибор жалб этишнинг яна бир йўли. Қайсидир даражада тажовузкорлик деса ҳам бўлади буни. Чинакам нозанин эса бунақа усулларга муҳтож эмас, у истаса-истамаса, табиий равишда ўзи билан ўзгалар ўртасида кўринмас бир девор пайдо бўлади. Трофимов ҳам Сильвана билан икки оғиз гаплашиб-гаплашмай, ана шу деворга тўқнаш келди. Унинг қалбини аллақандай ҳис – бесаранжомликми, бефарқликми қамраб олган эди.
– Маъзур тутасиз, – дея учинчи марта такрорлади Трофимов ва навбатчининг ортидан юрди.
Эшик яқинида тамаки тутуни сийракроқ эди. Шунда бирдан Трофимов анови сувчи Виталийни кўриб қолди. Икки барваста йигит унинг йўлини тўсиб турарди. Виталий кулранг коржомада эди, бошида сунъий чармдан тикилган малларанг япасқи бир қалпоқ. Чамаси, у кечки навбатчиликда бўлган, иш йўқлигидан ёлғиз ўтиравериб зериккану ҳув ўшандаги ваъдага кўра бу ёққа қараб келаверган.
– Ана ўзи! – дея қичқириб юборди Виталий эшикка яқинлашаётган Трофимовни таниб. – Гапга ишонмадинглар-а, хумпарлар, – деди кейин навбатчиларга таънаомуз оҳангда. – Ўзинг айт буларга!
Трофимов саросимада қолди. Виталий жуда бемаврид келган эди. Кал бошга темир тароқдек бўлиб. Аммо шу тобда кераксиз тароқ бўлиб турганини Виталий қаёқдан ҳам билсин! Ҳув ўшанда таклиф қилинган эди, келаверибди-да у ҳам.
– Энди бизни ўтказиб юборасизлар, йигитлар, – деди навбатчиларга Виталий ва ичкарига қараб юрди. – Бу кишини чақириб берганларингиз учун раҳмат.
Виталий Трофимовга яқинлашиб, атрофга аланглади:
– Роса чекиб ташлабсизлар-ку, а! Хўш, қаерга ўтирдик?
Қуюқ туман ичидан Бантик чиқиб келди.
– Нима, қочиб қолмоқчимисан? – деди у Трофимовга.
– Қочиб қолмоқчи эмасман! – деди Трофимов дона-дона қилиб.
– Ё пул-мулинг йўқми?
– Бор, бор.
– Унда юр. Бу ерда туриш ноқулай.
Трофимов Бантикнинг ортидан юрди, Виталий эса унга эргашди.
Келиб столдан жой олдилар. Виталий Трофимов билан кинорежиссёрнинг ўртасида ўтирарди. Даврада янги одам бўлгани ва бошқалардан яққол ажралиб тургани учун Виталийга Сильвана қизиқсиниб қаради.
– Мен бу кишининг ошнасиман, – дея ўзини ўзи таништирди Виталий ва Трофимовнинг елкасига қоқиб қўйди.
– Ҳа, шундай, – деди унинг гапини тасдиқлаб Трофимов. – Бу – биз русларнинг Ален Бомбари.
– О-о! – деди Сильвана ҳайратини яширолмай, бир зум ўзининг осмондаги нозанин эканини эсидан чиқариб. – Се импосибле!
– Ҳа, худди шундай, – деди Трофимов. – Бизнинг Ален Бомбар бу.
– Ким у ўзи? – деб сўради Виталий пичирлаб Трофимовдан.
– Ҳув мен сенга айтган итальян актрисаси мана шу-да, – деди Трофимов ҳам шивирлаб.
– Йўқ, мени кимдир биттаси деб таништиряпсан-ку, ўшани сўраяпман.
– Кейин айтаман, кейин, – деди Трофимов.
– Сизларда ҳам шунақаси бўлганмиди? – деб сўради ширкатчи ажаблангандек.
– Бўлмасам-чи! Биз ҳеч бир соҳада ортда қолмаймиз! – деди мағрур оҳангда Трофимов.
– Шунақа денг! Эшитмаган эканман-да, – дея ўзини оқлаган бўлди ширкатчи.
– Қўрққан ҳамдирсиз? – деб сўради Бантик. Чамаси, у ўзини Виталийнинг ўрнида тасаввур этиб кўрарди.
Виталий Трофимовга қаради.
– Қўрққанман деб айт, – дея маслаҳат берди Трофимов.
– Сен нима деб ўйловдинг… Қўрққандаки! – деди Виталий ролини ишонарли қилиб ижро этаркан.
– Шуниси қизиқ-да, – дея гапга аралашди кинорежиссёр. – Қўрқув йўқ жойда қаҳрамонлик ҳам бўлмайди.
Гумбур-гумбур мусиқа бошланди. Улар ўтирган стол оркестрга яқин эди. Ширкатчи Сильванани рақсга таклиф қилди. Сильвана ўрнидан турди. У оқиш-сарғимтил ипак кўйлакда эди. Трофимовнинг димоғига ясмин гулининг ўткир ҳиди урилди.
Сильвана билан ширкатчи рақс тушаётганлар тўпига қўшилди. Ширкатчи Сильвананинг тирсагидан келарди. Ғарбда бунинг аҳамияти йўқдир – бой бўлсанг, тиззасидан келсанг ҳам бўлаверади.
– Байталнинг ўзгинаси-я! – деб юборди Виталий Сильванага қараб туриб.
Бантик эса оқ-сариқдан келган нозиккина, эртакдаги “дюймовочка”га ўхшаган бир навниҳолни рақсга етаклаб чиқди.
– Буни қара, – деди завқланиб Виталий. – Қўйнингга солиб юрсанг ҳам бўлади-я!
Виталийнинг Сильвана тўғрисидаги гапидан Трофимов ранжимади. Аксинча, байталга ўхшатиб у Сильванани осмондан ерга тушириб қўйган, қўлетмас Сильвана билан оддий банда Трофимов орасидаги масофани хийла қисқартиргандек эди. Ахир, ҳамма ҳам одам-да. Бировнинг бировдан нима ортиқ жойи бор экан?
– Бундай бир кийиниб ҳам олмабсан, – деди Трофимов беозоргина қилиб.
– Э, нима фарқи бор? – деди ажабланиб Виталий. – Бизга шунисиям бўлаверади.
– Сенга балки шуниси қулайдир. Ўзингга билинмайди-да. Бошқаларнинг олдида эса ноқулай. Эгни-бошингга қарайди барибир.
– Э, қараса қарайверсин, – деди бепарво қўл силтаб Виталий. – Ҳалиги одаминг ким эди?
– Кимни айтяпсан? – деди Трофимов.
– Боя мени кимдир деб таништирдинг-ку?
– Ален Бомбар, – деди дона-дона қилиб Трофимов.
– Татарми у?
– Йўқ, француз. У пуфлама қайиқда ёлғиз ўзи океанни сузиб ўтган.
– Нега энди?
– Инсоннинг нималарга қодирлигини синаб кўриш учун-да.
– Яъни қанақасига?
– Океанда ёлғиз қолган одамнинг қўлидан нима ишлар келади — шуни билмоқчи бўлган.
– Хўш, нималар келаркан қўлидан?
– Сувга ғарқ бўлиши мумкин у. Омон қолиши ҳам мумкин. Ҳаммаси ўзига боғлиқ.
– Ҳўш, ўша французингни акулалар еб қўйса нима бўларди?
– Шундай бўлиши ҳам мумкин эди. Таваккал қилган-да.
– Нима учун? Нима кераги бор экан?
– Боя сўрадинг-ку буни, – деди Трофимов. – У кема ҳалокатига учраган одам фақат қўрқувдангина юраги ёрилиб ўлиши мумкинлигини исботламоқчи бўлган. Демак, қўрқувни енга олса, одам тирик қолади. Хомбалиқ ебми, океан сувидан ичибми.
– Нима, у кема ҳалокатига учраганми?
– Йўқ, ундай эмас.
– Бўлмаса, бу оворагарчиликнинг нима кераги бор эди?
– Ўзи учун қилмаган-да бу ишни. Бошқаларни деб қилган. У ҳар қандай мушкул вазиятдан ҳам йўлини топиб чиқиб кетиш мумкинлигини амалда исботлаб берган.
– Ҳа-а… – дея ўйланиб қолди Виталий. – Бу иши учун пулдан ҳам қоп-қоплаб олгандир?
– Унисини билмадим. Балки олгандир, балки йўқ. Гап фақат пулда эмас-ку, ахир.
– Бўлмаса, нимада экан?
– Ғояда.
– Ғоя дегани нима?
– Ие, ғоя нималигини билмайсанми ҳали?
– Билишга-ку биламан, лекин сенга ўхшаган маданий одамнинг ҳам фикрини эшитгим келяпти-да.
– Ғоя – мавҳум тушунча, орзу, умид дегандай гап, билдинг?
– Муҳаббат-чи? У ҳам кирадими ғояга?
– Бир томонлама муҳаббат бўлсагина киради, – деди Трофимов хаёлга толиб.
Икки томон муҳаббатининг меваси – фарзанд, демак, бу мавжудлик, мавҳумлик эмас. Бир томонлама муҳаббат эса қўлетмас даражада – осмонда, кўзни қамаштириб туради, холос; орзу-порзу деганлари ҳам шундай.
– Ёрилиб кетаман бу ерда, – деб қолди бир вақт режиссёр. – Менга бундай тадбирлар тўғри келмайди. Яйраб яшашни билмайман мен, фақат иш бўлса – бўлди. Ахир, яшашни билиш ҳам бир қобилият-ку.
Виталий ҳеч балога тушунмади. Трофимов эса тушунарди-ю, нима деб ҳамдардлик қилмоқни билмасди. Бировга ҳамдард бўлмоқ учун унинг ҳолатини ҳис этмоқ керак. Трофимов ҳозир Сильвананинг қармоғига балиқдек илингану ўз қалбига қулоқ тутишдан бошқасига ярамас эди.
Сильвана билан ширкатчи келиб жойига ўтирди. Гўё Виталийнинг пешонасига араб имлосида алланима деб ёзиб қўйилгану Сильвана шуни ўқишга уринаётгандек ундан кўз узмай ўтирарди.
– Нега менга мунча бақраяди бу? – деди Виталий ўзини ноқулай сезиб.
– Ўзидан сўраб кўр.
Трофимов худди сакрашдан олдин тайёрланаётган парашютчидек бор иродасини тўплаб Сильванани рақсга таклиф қилди.
Сильвана ўрнидан туриб Трофимовнинг ортидан юрди. Оркестр яқинида турфа оломон чайқаларди. Майин мусиқа янграмоқда. Трофимов қўлларини секингина Сильвананинг белига олиб борди. Унинг бели худди гипслаб қўйилгандек қаттиққина эди, “Корсет шекилли”, деб ўйлади Трофимов. Сильвананинг кўкраги Трофимовга тегиб турарди, у ҳам гўё пластмассадан ясалгандек эди. Юзлари бир-бирига тегай-тегай дерди. “Мен ўйлаганчалик бўйдор ҳам эмас экан, – деди ичида Трофимов. – Бор-йўғи биру саксондир”.
Сильвананинг кўзлари остида ажиндан нишон ҳам йўқ эди. Териси худди ноғорага тортилгандек таранг.
“Ажа-аб, – дея хаёлидан ўтказди Трофимов, – умри давомида бирон марта кулмаган ёки йиғламаган эмасдир, ахир”.
Сильвана гўё нафас ҳам олмаётгандек на тафти сезиларди, на бошқаси. Трофимов гўёки елкасида бошқариб туриладиган мурвати бор каттакон бир қўғирчоқ билан рақс тушаётгандек эди.
Рақс ниҳоясига етиб, столга қайтишди.
– “Бир аёл қиссаси” фильмингизни эслайсизми? – деб сўради Трофимов.
– Унақа фильмни биринчи марта эшитишим, – деди Сильвана.
– Ие, ие… – деди Трофимов довдираброқ. – Бизда бир вақтлар қўйиларди…
Сильвананинг юзида билинар-билинмас таажжуб аломати пайдо бўлди.
– Нима деяпти? – деб сўради Виталий. Улар итальянча гаплашмоқда эди.
– “Бир аёл қиссаси” фильмини билмас эмиш.
– Балки бу бутунлай бошқа актрисадир, – деб тусмоллади Виталий ўзича.
Трофимов гангиб қолган эди. Кинодаги билан рўпарасидаги Силвана бир одам эканини у билиб турибди. Аммо орзусидаги Сильвана ўзгача эди, буниси эса гўёки ўшанинг омонат нусхаси, таъвиядек бир нарса.
– Сиз айтаётган кино уларда балки бошқача номланар, – деди ширкатчи ҳам тахмин қилиб. – Сизларда кассабопроқ бўлсин деб кўпинча бошқача номланади-ку.
– Таажжуб, – деб қўйди Трофимов ўзича.
Таажжубланарлиси – фильм қандай ном олганида эмас, Трофимовнинг орзусидаги сиймо бугун қандай қиёфага кирганию ўша бир вақтлардаги мавҳум от қай тарзда рўёбини топганида эди.
Мабодо ичидаги анови тилларанг лаънатилар тағин бош кўтариб, “Хўш, нима бўпти?” деса, Трофимов бир оз енгил тортган бўлармиди, одатий тушкунлигига чўмганча ўтираверармиди… Аммо ҳозир ичида ҳеч нима қилт этмасди. Балки энди йўқолиб битгандир? Ўттиз йил бурун бу дарди бедавога Сильвана уни мубтало қилган эди – ўттиз йилдан сўнг яна унинг ўзи бунга барҳам бергандир?
Сильвана Виталийни рақсга таклиф қилиб ўрнидан турди. Виталий эса жойидан қимирламади.
– Сени рақсга таклиф қиляпти, – деди Трофимов Сильвананинг гапини таржима қилиб.
– Мен рақс тушишни билмайман, – деди Виталий хижолат бўлгандек.
– Ҳа энди, билганингча тушаверасан-да, – деб минғирлади Трофимов.
Ўзи эса алланечук хотиржам тортди. Қармоқдаги балиққа ўхшамоқлик унинг жонига теккан эди. Бемалол, эмин-эркин ўтиришни, мусиқа тинглаб дам олишни, теваракни кузатишни истарди у; ёки умуман ҳеч кимга қарамаса, ҳеч нимага қулоқ солмаса, ўрнидан туриб бу ердан чиқиб кетса, кўнгли буюрганини қилса!
Виталий умрида биринчи ва эҳтимол охирги марта кинофестиваль пресс-барида итальян киноюлдузи билан рақс тушмоқда эди. У Сильвананинг елкасидан келарди; кўзи фақат тилла дўконидаги каби, аёлнинг кўкрагини безаб турган қимматбаҳо тақинчоқларни кўрар эди, холос.
Елкасида залворли қўллар – Виталийнинг назарида икки томонидан иккита дазмол босиб тургандек: жуда оғир ва куйдирай дерди. Аёлнинг вужудидан гўё аллақандай бир титроқ таралмоқда эди. Виталий худди ишхонаси олдидаги сиртига бош чаноғи устидан салб белгиси тортилган катта кучланишли ток будкасига кириб қолгандек ҳис қиларди ўзини. У Сильванага суяниб олган, айни чоғда эса балонинг домига тушгандек безовта эди. Бир бошга – бир ўлим, лекин Виталий ҳам ҳаётга бир марта келган-ку.
Сильвана энгашиб унинг қулоғига бир нима деди.
– Ҳеч бало эшитилмаяпти! – деди бақириб Виталий.
Аёл Виталийга лаб қимирлашиданоқ айтилган гапнинг маъносини уқиб оладиган гунг одам мисол тикилиб қаради.
Виталий аввал оркестрни, кейин қулоғини кўрсатиб, қўл силкиб қўйди. Бу ишоралар “ҳеч нарса эшитилмаяпти” деган маънони англатиши керак эди.
Тушунди шекилли, Сильвана бош ирғади ва эшикка имо қилди. Виталий ҳам тушунди: аёл у билан ташқарида, тоза ҳавода, шовқин-суронсиз бирор жойда гаплашмоқчи.
– Бўпти, – деди Виталий ва Силванани қўлтиқлаб олди.
Улар столлар оралаб, Трофимов ва ширкатчининг ёнидан ўтиб эшик томон юришди. Режиссёр кўринмасди: аллақачон уйига бориб, уйқуни уриб ётган бўлса керак. Бантик эса бошқа столга – “дюймовочка”га ўхшаган малласоч қизнинг ёнига ўтиб олибди. Сильванани Виталий билан кўргач у “Дюймовочка”сидан чалғиб, бир лаҳза уларнинг ортидан тикилиб қолди. Нимадир деб чақирмоқчи бўлди-ю, улгуролмади.
– Э, тупурдим шуларга, – деб қўйди кейин ўзича.
– Кимга? – деб сўради қизиқсиниб Дюймовочка.
– Шуларга-да, ҳаммасига. Найрангбозлар!
“Дюймовочка” бўйнини ғоз қилиб ўзича мағрурланиб қўйди. Бантик ундан бошқа ҳаммага тупуряпти. Демак, у ҳаммадан афзал, ҳаммадан устун. Аммо Бантикнинг кўнгли ғаш эди. Мана, биттаси океанни қайиқда сузиб ўтган, бошқаси “гранде профессоре”, яна бири ажнабий! Ҳаммаси бисотидаги “кузур”ини столга ташлаяпти. Бантик эса фақат пул тикиши мумкин – пули кўп. Лекин бундай пайтда пулнинг ўзи етмас экан-да.
– Э, қўй шуларни, – дея юпатарди уни “Дюймовочка”, паришонлиги сабабини билмаса-да. – Сен ҳали ёшсан, улар эса ҳаммаси қари!
Бантик бирдан жонланиб кетди. Нега шу нарсани ўйламабди – дарҳақиқат, ёшлик энг зўр “кузур” эмасми! Эртанги ҳаёт деганлари-ку бу. У ҳали биргина кун мана шундай чўзилиши мумкин-у, ўн йил эса кўз очиб-юмгунча елдек ўтиб кетишини хаёлига келтирмас эди. Ҳадемай Бантик ҳам уларнинг ёшига етади, ана шунда бошқа бир тайинроқ “кузур” топиши керак бўлади.
Сильвана “Москва” меҳмонхонасининг олд тарафидаги асосий йўлакка келди. Ўзини бундайроқ бир давлатнинг президенти каби тутаётган калондимоғ дарбон ёнидан ўтиб ичкари кирди. Виталий эса дарбоннинг сезгир ва айни чоғда лоқайд туюладиган ногоҳи қаршисида иккиланиб қолганида Сильвана ҳамроҳининг келаётган-келмаётганини аниқлаб олмоқчи бўлгандек орқасига ўгирилди. Шундан сўнггина қаёққа, нима учун бораётганини билмаса-да, дадилланиб Виталий унинг ортидан юрди.
Меҳмонхона лифти кенг-мўлгина эди, шу ернинг ўзидаёқ бошқача ҳаёт нафаси сезиларди. Виталий ўзга бир оламга тушиб қолгандек бўлди.
Сильвана жойлашган хонанинг шифти жуда баланд, нақд олти метрлар келарди. Буни бемалол икки қаватли қилиш мумкин – энг замонавий уйларнинг ҳам шифти уч метрли, демак, иккита хонадон жойлашади.
– Бала-анд, – деди Виталий қўлларини тепага чўзиб.
Сильвана шифтга қараб, ғайриоддий ҳеч нимани кўрмади. Бу сингари маҳобатларга кўзи ўрганган эди. Чамаси, уйининг ҳам шифти шундай, балки бундан ҳам баландроқдир. Рус Ален Бомбарини нима бунчалик ҳайратга солди экан – Сильвана шунисига тушунолмади.
– Ке? – деб сўради Сильвана.
– Ҳа шундай, ўзим, – деди Виталий хонани тутиб кетган турфа ҳиддан бўғилиб оромкурсига чўкаркан. Хона кенгу катта бўлишига қарамай, атир бўйидан ҳавоси хийла оғирлашган, нафас олиш ҳам қийин эди.
“Чивин ҳам бўғилиб ўлар бу ерда”, деб хаёлидан ўтказди Виталий ва шу хулосасида жон бор эди. Москвада авжи саратон, айни чивин кўпайган палла. Бу ўлгур ҳам ваҳшийлашиб кетган ҳозир, шаҳарниям “ишғол қилиб” улгурди. Куяни айтмайсизми, сунъий матоларни ҳам ямлаб ташлайди. Ахир, бошқа нимаям есин, табиий газлама чиқмай қўйган бўлса! Бари сунъий ё сунъийнамо. Аста-секин одамларни ҳам шунга ўргатиб боришаётир. Айтишларича, сунъий қора увилдириқ ҳам чиққанмиш, кўринишидан мутлақо фарқлаб бўлмас экан.
Шу тобда чивин билан куяга бало борми? Сильвана қўлларини Виталий томон чўзганча ўз тилида нимадир деб чулдирарди. Унинг оғзидан чиқаётган сўзлар бамисоли бир-бирига мингашиб келар, овози ҳам бильярд соққаси каби юм-юмалоқ, сип-силлиқ эди гўё. Албатта, Виталий у нима деётганини тушунмасди, аммо аёл муҳим бир нарса ҳақида гапираётгани аниқ эди. Сильвананинг мижжаларида ҳатто ёш пайдо бўлди. Эгнидаги либослари башанг, таомнинг сара-сарасини еганидан юзлари тип-тиниқ, табиий увилдириқни ҳам қошиқлаб ургани кўриниб турибди.
– Қўлингни совуқ сувга урмагансан-да, – деди Виталий. – Менинг Надькамга ўхшаб кун кўрганингда, билардинг. Сен эса… мана бунақа шифту тақинчоқлар билан…
– Ке? – деди яна Сильвана.
– Ўзим. Шунчаки. Тўқликка шўхлик дейдилар буни. Одам сал қийинчилик ҳам кўриши керак-да. Бусиз яшаб бўларканми? Расвогарчилик-ку бу. Тушундинг?
Сильвана янада тез гапира бошлади. Сўзлар унинг оғзидан гўё дув-дув тўкилар, бир-бирига урилар ва учиб кетар эди. Кўзларининг таги худди масхарабозникидек қорага бўялди. Виталийнинг унга раҳми келиб кетди.
– Йиғи-сиғини қўйсанг-чи, – деди у. – Набиралардан бордир? Ҳозир юрибсан мана бундай дунё кезиб, қариган чоғда набира керак бўлади. Умр ҳаш-паш дегунча ўтиб кетади. Ҳаёт дегани нима ўзи? Умргузаронлик-да. Хурсандчиликда вақт тез ўтади. Ҳаётинг зерикарли бўлса-чи, роса чўзилади-да. Кузяев дегани бор, бирга ишлаймиз. Кеча мен тўқсон учинчи хонадонга бориб, кир ювиш мошинасини тўғридан-тўғри сув қувурига улаб беришни келишиб келган эдим – йигирма беш рублга. Ҳар биримизга ўн икки рубль эллик тийиндан тегиши керак эди. Ишни мен гаплашиб келибман-у, Кузяев Николайни бошлаб борибди у ерга. Демак, мени четга чиқариб қўйган. Бориб турган инсофсизлик-ку бу. Лекин мен гўё парво қилмадим. Паст кетмайин дедим-да. Тушундинг-а? Сен бўлсанг…
Сильвана Виталийнинг сўзларини худди ёш қизалоқдек бир эътибор ва соддалик билан тингларди. Унингча, Виталий жуда жиддий, муҳим гапларни гапирар, нақд барча муаммоларига ечим топиб бераётгандек эди. Виталийнинг ўктам овози ва ўз тилида нималарнидир қатъият билан сўзлаши аёлга далда берарди.
Уларнинг ҳар иккаласи ўз дардидан гапирарди. Сильвананинг назарида, ҳеч ким уни мана шу одамчалик тушунмайди. Демак, юрагида борини тўкиб солиши, ҳатто ўзи тан олгиси келмайдиган сирларини ҳам унга айтиб иқрор бўлиши мумкин.
– Ёшим элликда – дерди Сильвана. – Аммо шу чоққача на ўзимга ёққан бирорта ролда ўйнадим, на ўзимга муносиб бирорта эркакни топдим. Деярли ҳеч нимага эришолмадим, йигирма йил аввал қандай бўлса – ҳозир ҳам шундай, гўё ҳаммаси олдинда. Ахир, мен элликка кирдим!..
Виталий нимадир деди. Сильванага у гўё: “Вужуд қалбдан кўра тез қарийди. Қалб қаримайди. У доим йигирма ёшда. Ҳаммамизда шундай, демак, сенда ҳам”, деётгандек туюлди.
– Барибир ҳам ўзимга ачинаман. Бир умр Муҳаббатимни изладим-у, тополмадим.
– Айб ўзингдадир-да?
– Ўзимда, ўзимда. Айбим – муросасозлигим. Бир умр учраганининг этагидан тутиб юрибман-а! Ёлғиз қолмоқдан қўрқардим-да. Ким билан бирга бўлмайин, хаёлан Уни кутардим. Икки жон овораси! Таваккал ҳам қилиш керак-да. Мана, сен ҳаётингни хавф остига қўйиб бўлса-да, мақсадингга эришибсан-ку.
– Шундаймикан-а?
– Бўлмасам-чи! Сен – ҳақиқий тирик инсонсан. Мен билганлар эса – ўзининг шаън-шавкати деб титраб-қақшайдиганлар бари. Улар фақат ташқи кўринишнинг ғамида, мудом пўрим бўлиб, ўзига оро бериб юради. Сени эса мода-подаям қизиқтирмайди, сен ҳатто тирноғингга ҳам қарамайсан. Ўзинг хоҳлагандек юраверасан, сенга биров бир нима деёлмайди, чунки туриш-турмушинг шу, табиий. Сенинг олдингда анови галстук таққан олифта бойваччалар нақадар кулгили эканини билсанг эди!
– Юрагингдан урдимми дейман?
– Гап ундамас, шунчаки бир-биримизга ўхшаш эканмиз. Мен ҳам аслида сендақаман. Аммо ёлғизман.
Сильвананинг кўзлари баттар ёшланди.
– Ие, яна нима бўлди? – деди Виталий унинг қўлига сал бармоқ теккизиб.
– Эзилиб кетдим-да. Ҳаловатим йўқ. Гўёки чинакам бир Муҳаббат умр бўйи мени кутган-у, мен унинг ёнидан ўтиб кетгандекман. Мен аслида шуҳрат қозониб, кўплаб дўстлар орттириб, ўшалар орасидан Уни топарман деган хаёлда киноларда ўйнаганман. Аммо на ҳусн, на машҳурлик бу борада чикора экан. Истеъдодлиман, буни биламан, бироқ аёл зотининг бор бахти –умр йўлини биргаликда дадил босиб ўтиш мумкин бўлган Ўша инсонни топа билишида экан. Менинг эса бахт қушим қўлимдан чиқиб кетгандек…
– Ҳамма ҳам шундай деб ўйлайди, – деди бепарволик билан Виталий.
– Лекин мен ўзим учун биттагинаман-да.
– Ҳаммаям ўзи учун битта.
– Хўш, сенингча, нима қилишим керак энди?
– Пешонангдан кўрасан-да бу ёғини.
– Пешона, пешона деб юраверса… Менга ҳозир келажак ҳаётим олдингисидан кўра равшанроқ туюляпти. Гўё ҳаммаси ҳали олдиндадек.
– Кексалик аломати бу. Ёшларга эса бари ортда қолгандек туюлади.
– Бағритош одам экансан.
– Мен ўзимга ҳам ана шундай шафқат қилмайман. Киши ҳақиқатнинг кўзига тик қарай билмоғи керак.
– Қобилиятли одам қаримайди. Истеъдод – ёшликнинг акс садоси.
– Ўзингни мана шундай алдаб-овутиб юравер. Мендан маслаҳат сўрасанг, одам ёшига ярашган ишни қилгани маъқул.
Сильвананинг қошлари чимирилди.
– Бу нима деганинг?
– Ана, дарахтга ўхша, дарёдек бўл.
– Дарахтнинг барги тўкилади-да. Дарёнг эса музлайди.
– Сен ҳам шундай бўл. Чўчима бундан. Муҳими, қадр-қиммат. Қадр-қимматсиз одамнинг аҳволи маълум. Ўзингни ўзинг хор қилма, юзингни мана бундай томошақовоққа ўхшатиб юришингни қара! Одам дегани одамдек бўлиб қариши керак-да.
Сильвана катта-катта кўзларини лўқ қилиб Виталийга тикилиб қолди. Унинг гап-сўзлари сал телбанамо эди. Аммо ана шу телбанамолик замирида одамга қандайдир таскин берадиган, ҳай, нима бўпти дегандек хотиржамликка ундайдиган нимадир бор эди. Инсон табиатнинг бир бўлаги ва унинг қонунларига бўйсуниб яшамоғи керак. Тошдан бошқа жами жону жонзот каби.
– Дарахтга ўхшаб барг тўкмоққа ёки дарёга ўхшаб музламоққа вақт бор ҳали, ҳозир айни куз-ку – мен нима қилишим керак, айт?
– Қишга ҳозирлик кўравер. Аста-секин.
– Сен-чи?
– Мен ҳам шундай қиламан.
Иккаласи бамисли бир сафда эди. Бу саф қаҳратон қиш айёмига яқинлаб қолган. Ундан у ёғига – худо пошшо!
Дафъатан Сильвананинг миясидаги туман тарқаб кетгандек бўлди. Мавҳумлик барҳам топди. Унинг ўрнини тансиқ бир ҳаловат эгаллади, гўё бари жой-жойига тушди. Қушдек енгил тортди. Эрталаб бу ерга нимага келдим ўзи, деган ўй унга тинчлик бермаётган эди. Шунча олис масофадан бекорга келмаган экан – мана, ҳаётида энди ҳеч қандай ўзгариш бўлмаслигини англаб турибди. Олдинда эса – қору қировли қиш! Ўйлаб қараса, ҳозирги ҳаётидан нолимаса ҳам бўларкан. Эндиликда кўнгилни бир жойга қўйиб, ўтган-кетганини хотиржамгина сарҳисоб қилиб, борига эса шукрона айтиб юравериш мумкин. Мудом қаёққадир ошиқишга ҳам ҳожат йўқ энди. Тўхтаб, бемалол теварак-атрофни кўздан кечириш имкони бор: мана – уйлар, одамлар, манабу эса – мен, ўзим…
Ванна тарафдаги сув қувурида аллақандай гувиллаш эшитилди. Виталий унда бир носозлик борлигини фаҳмлаб, дарҳол ўрнидан турди-да, ваннага кирди. Қандайдир мурватни қотириб қўйди, яна бирини бўшатди.
Сильвана орқасидан келиб уни кузатиб турарди.
– Ҳа? – деди Виталий.
– Одам сен билан бехавотир сезади ўзини. Сувда ҳам, қуруқликда ҳам, – деди Сильвана итальянчалаб.
– Пул-мулинг керак эмас, – деди Виталий. – Ҳар ҳолда меҳмонсан…
Ҳали кун ёришмаган, ғира-шира бир палла эди. Кечаги дарбон ҳали алмашмабди, бирор бурчакда мириқиб ухлаб олган кўринади – тетик-бардам боқиб турибди.
– Яхши боринг, – деди у Виталийга.
Виталий миқ этмади. Чунки у гапга жавоб қайтарадиган аҳволда эмас эди.
Кўз олдида фақат бояги аёлнинг юзи, тўғрироғи, чақалоқникидек ҳар дақиқа ўзгариб турадиган юзлари: бир қарасанг йиғлаб юборади, бир қарасанг кулади. Ўзининг Надькаси ҳам шунақа. Умуман, аёл зотининг ҳаммаси шу: итальянми, русми, миллионерми, камбағалми – фарқи йўқ. Севса ва севилса, бас, шундан бошқаси керак эмас унга. Айтадилар-ку, подшонинг кўнгли қурбақага тушибди деб. Буям шунчаки бир матал-да. Албатта, қурбақага ҳам кўнгил қўйиш мумкиндир-у, аммо бу ўткинчи ҳол. Вақти келиб, барибир қурбақа эканлиги маълум бўлади.
Итальян аёл уни бошқа одам деб ўйлади – океанни сузиб ўтган анови француз деб. Виталий ҳам, йўқ, мен у эмасман, демади. Демак, алдади. Яна алдади. Доим ёлғон гапиргани гапирган. Маврид-бемаврид. Одат бўлиб қолган. Ҳалиги француз одамларни деб шўр сув ичибди, хом балиқ ебди, акулалардан ҳам қўрқмай туну кун океанда юрибди. Виталий-чи, ишдан бўш вақтида биров учун ҳатто қўлини совуқ сувга урмайди, дунёдаги бор қувур ёрилиб, одамлар тизза бўйи сувга кечиб юрса ҳам!
Виталий хаёл билан бўлиб Яузе дарёси қирғоғига келиб қолибди. Тонгги ғира-ширада Андроньев монастири оқариб кўзга ташланар, девор этагида юк мошинасининг ғилдираги қорайиб турар эди.
Виталий ана шу резина чамбарни юмалатиб сувга туширди, сўнг ўйлаб ўтирмай унинг устига чиқиб олди-да, қўли билан эшкак эшган мисол сузиб кетди.
Уни кейин аллақаердадир сувдан тортиб олишди.
Трофимов бардан тонгга яқин чиққан эди. Тунги шаҳар бўйлаб пиёда кезаркан, оёқ товушларидан бошқа сасни эшитмасди. Не-не воқеаларга гувоҳ тарихий бинолар ёнидан ўтаётиб, шаҳрим нақадар гўзал-а, деб ўйлади у. Авваллари бунга эътибор бермас экан-да.
Умуман, шу чоққача кўп нарсага эътибор қилмай юрган экан у – худди биргина ўпка билан нафас олиб, биргина кўз билан қараб яшагандек. Энди эса гўё тўйиб-тўйиб нафас олар, бутун вужуди кўзга айланиб боқар атрофга, завқи ичига сиғмас эди.
Сильвана бардан чиқиб кетганича қайтиб келмади, сувчи ҳам аллақаёққа ғойиб бўлди. Майли, ҳечқиси йўқ. Ёш бола эмас. Адашиб қолмас. Трофимовнинг ўзига келсак, у Сильвана аталмиш дарддан бутунлай фориғ бўлди. Гўё вужуди ҳам аллақандай енгил тортгандек. Мана, энди у бемалол нафас олади, она шаҳридаги ўзгаришларни кўриб кўзи қувнайди, муҳими, бундан бу ёғига ҳаёти бошқача, мазмунли бўлади.
Инжилда “Сиғинмагил осмон деб” мазмунидаги ҳикмат бор. У “Бировнинг жонига қасд қилма”, “Бировнинг молига кўз олайтирма” сингари диний ўгитлар билан бир қаторда туради. Демак, маъбудга сиғингандек бировга сиғиниш – тирик жонга қасд этишдир. Яъни жонингни унга бахш этасан, фақат уни деб яшайсан, жисминг ўзингники-ю, қалбинг уники. Бу ўзлигингни унутиш, ўз-ўзингга хиёнат билан баробардир.
Трофимов Арбат кўчасидан кетаётир, озод-эркин Трофимов — жисми ҳам, руҳи ҳам фақат ўзига тегишли. На Сильвана, на йиллар мобайнида вужудида кезган анови тилларанг лаънатилар, на юрагини кемирувчи қониқмаслик ҳисси ва на ўзи эришолмаган бошқа ҳаётга ҳавас қийнайди уни энди. У ўзини ўша – ўн беш яшар ўсмирдек ҳис этарди. Ҳаёт ҳали олдинда, худди альпинист каби уни қайта забт этиш мумкин, ҳаммасини қайтадан бошлаш эмас, етиб келган жойидан янада юқорироққа қараб интилмоқ керак – тик ва баланд қояга, энг юксак чўққига! У ерда мағрур қад кериб, атрофга назар ташламоқ ва байроқ қадамоқ учун!
Ўтган ўттиз йил мобайнида Трофимов ўзини унчалик олдирмаган, ҳали ҳам навқирон кўринарди. Худди шу вақтгача музлатгичда сақлангану ҳозиргина ундан чиқиб келаётгандек – янгидан куч тўплаб, ҳаётга ишонч билан.
Хотини ҳам, ўғли ҳам ўз хонасида беғам-беташвиш ухлаб ётган экан. Негаки уларнинг суянган тоғи бор. Улар буни ҳатто уйқуда ҳам ҳис этади. Трофимовнинг вужудини майин бир илиқлик, қаноат ҳисси қамраб олди. Аёли ва ўғлининг борлигига, шу икки инсоннинг ҳаётига ўзи масъул эканига у ич-ичидан шукрона айтди. Мана бу унинг аёли, мана бу унинг ўғли. Трофимов шуларга керак. Демак, у ёлғиз эмас.
Одатдагидек, уйда нон йўқ экан – ўша, чумоли талаб ётган моғор босган бўлак-сўлакдан бошқа. Нимжон, худди ёзув мошинкасининг чизиқчасига ўхшаган увоққина чумолилар бўзчининг мокисидек у ёқдан-бу ёққа зир югуради. Шундай беозор кўринадиган жонзотнинг “термит” дея ваҳимали ном билан аталиши-чи, бутун бошли ёғоч уйни еб битириши мумкин экан-да шугиналар!
Хотини бўсағада сассиз, шарпадек бирдан пайдо бўлди.
– Нонга чиқиб келайми? – деб сўради Трофимов.
– Ўзим ҳам чиқиб келавераман.
– Юр, бирга чиқамиз.
– Нега энди? – ҳайрон бўлди хотини.
– Бирга-бирга-да, – деди Трофимов шу сўзнинг маъносини уқтирмоқчидек.
Хотини унга ҳув бир замонлар яхмалак майдонида оёғи остига келиб тушган қизалоқ сингари журъатсизгина тикилди. У эшик кесакисига суянган кўйи худди бир бегонадек тараддудланиб турарди.
– Кир, киравер, – деди Трофимов. – Нега туриб қолдинг…

Шоҳсанам таржимаси