Кетганни, (айниқса, ўрнидан тушган бошлиқни) ортидан ёмонлаш – азалдан келаётган дастур. Шу кунларда биз ҳам ана шу дастурга кўра, аввалги бошлиқнинг бошига ит терисини қоплаб, ёмонлаш билан бандимиз. Ҳатто қонуний бериладиган меҳнат таътилимизниям унга нимадир бериб олганимиздан кейин ёмонлаймиз-да! Аммо-лекин ишига нўноқ бўлсаям, олишга қолганда ўроқ эди. Билмадим, вазифасидан ўзи кетдими ёки “берганлар“ ағдаришдими, хуллас, яқинда у билан “қуюқ” хўшлашиб, ортидан ҳовучлаб тупроқ сочиб қолдик.
Бошқасига топилмаса-да, бошлиқнинг ўрнига одам дарров топилади. Бизда ҳам шундай бўлди. Янги бошлиқни кўрмасдан туриб мақташ ҳам эскидан қолган удум. Биз ҳам шунга амал қилиб, мақтовнинг кифтини келтириб ётибмиз.
– Ажойиб йигит дейишади!
– Пора нималигини билмайдиган, ўта ҳалол эмиш!
– Бировларга эмас, меҳнатига суянармиш!
– Таъмагирликдан, бировнинг нарсасидан ҳазар қилармиш!
– Ўзининг оғзи бормикан ишқилиб? — дедим мақтовлардан ғашим келиб.
– Оғизсиз ҳам одам бўларканми? — деди катта бухгалтеримиз Жапаш.
– Оғзи бўлса, емай бўпти! — дедим киноя билан.– Аввал келсин-чи, кейин емаганини кўрармиз.
– Сен бола, ҳали келмаган одамдан шубҳаланишингни қўй, мабодо эшитиб қолса, эсингни кирғазиб қўймасин!—деди бошбухимиз Тунғишбой оға.
– Ҳа, эҳтиёт бўлиш керак, бошлиқни ёмонлаганнинг боши балога қолади, деб бекорга айтишмаган, – деди Жапаш.
Хуллас, таърифлар тугамасидан янги бошлиқ ҳам келиб қолди. Нимасини айтасиз, ранг кўр — ҳол сўр, деганларидай ранги тузукка ўхшади. Аввалгиларга ўхшамаган, камтар, ҳаммамиз билан оддий одамдай қўл бериб, кўришди. Ундан жуда рози бўлиб, қувониб қолдик. Бошқа бўлимларни билмадигу, бошлиқ ҳисобхонага кун-кунаро кириб, чекишиб, суҳбатлашиб ўтиради. Унинг бу одатига кўникиб ҳам кетдик.
Ана шундай суҳбатларнинг бирида бошлиғимизнинг кўзи ғазначимиз Ақаннинг қўлидаги тилла ручкага тушиб:
– Қўлингиздаги ручка жуда ноёб эканми? — деди кулимсираб.
– Энди катта бир корхонанинг ғазначиси бўлгандан кейин оддий буюм ушласак бўлмас ! — деди Ақан ўзини тушунмаганликка олиб.
Ақаннинг ручкани кўзи қиймаётганидан ғаши келган бош ҳисобчимиз Тунғишбой оға қулоғигача қизариб, “эсинг жойидами?!” дегандай унга имо қилди. Энди чекинишнинг иложи қолмади, орқада бош ҳисобчи – олдинда бошлиқ, хуллас, Ақаннинг мияси ишлаб кетди У ўрнидан туриб, чап қўлини кўксига қўйганича:
– Бу ручка сиздай бошлиққа муносиб,фақат чекларга имзо чекадиган ручка, эсдалик учун олиб қўйсинлар! — деди ручкани ўнг қўллаб унга узатар экан.
– Ручкагина эмас, эгаси ҳам тилло экан! — деди Жакенг (бошлиқнинг камтарона исмлари шундай) ғазначининг мурувватидан мамнун бўлиб.
Ўшандан бери Ақаннинг ойи ўнгидан туғадиган бўлди. Мақтов сўзлар ҳам, мукофотлар ҳам унга берила бошлади.
– Йигитлар, соат неча бўлди? — деди Жакенг яна бир куни суҳбат пайтида.
– Соат ўн бешта кам бир бўпти, – деди катта ҳисобчимиз Жапаш ён чўнтагидан соатини чиқариб. Унинг бувасидан мерос қолган қўш қопқоқлик, жиягига қимматбаҳо тошлар қўйилган, тилла занжирли кумуш соати бўларди. Соатга Жакенгнинг кўзи тушиб:
– Ўҳў, манов нарса бунча ажойиб?! — деди завқланиб.
– Бувамдан эсдалик эди,–деди Жапаш бўшашиб.
– Жуда антиқа соат экан демоқчиман-да!
– Музейдагилар икки минг долларга баҳолашганда бермовдим…
– Сендан бунинг қанча туришини сўраяпмизми?! — деди Ақан кўзини қисиб.
– Соатинг икки минг доллар бўлса, Жакенгнинг кўнгиллари ўн минг доллар! – деди бош ҳисобчи Тунғишбой оға.
Жапаш қутулиш йўлини тополмай, ноилож:
–Жаке, соат ёққан бўлса, олинг, у сизники! – деб уни бошлиқнинг қўлига тутқазди.
Шу билан Жапаш ҳам бошлиқ билан қалинлашиб, корхона ҳисобидан икки бор чет элда сафарда бўлиб қайтди, ишхонадан имтиёзли кредит олиб, тоғ этагидан дала ҳовли қурди. Биз билан менсимасдан, қўл учида саломлашадиган одат чиқарди.
Раҳбарни уйга қўноққа чақириш ҳам яхши удумларимиздан бири ҳисобланади. Бу удумга ҳам ҳаммамиз бирдек амал қилиб, бошлиқни навбат билан қўноққа чақирдик. Фақат жамоамиздаги Тўбиқбой оғадан садо чиқмади.
– Тўбаке, бунингиз қалай бўлди?—дедик биз.
– Эй, чироқларим-эй, сенлар нимани биласанлар, бизнинг уйда Жакенг қизиқадиган нима бор? Янгаларинг бети қизилловгина, ўшани кўриб, “Тўбаке, манов янгамиз тузук экан!” деб қолса, унда мен нима қиламан?!– деганида ҳаммамиз қотиб кулибмиз. Эндиликда бизда “Жакенгни кўзи тушди” деган янги атама пайдо бўлган. Яхши нарсаларни у кишига кўрсатмаслик пайтида бўламиз. Лекин, қанча тиришмайлик, Алиш чет элдан олиб келган кўзойнагидан, Ўраканг чустлик қадрдони совға қилган олмос тиғли пичоқдан, Сағит отасидан қолган қадимий суяк дўмбирасидан ажралди. Бош муҳандисимиз қимматбаҳо чарм портфели билан, бош технологимиз буғу терисидан тикилган фин пўстини билан хўшлашди.
Бу йил кузда янги қундуз телпак олган эдим. Лекин Жакенгнинг кўзи тушиб қолмасин деб, қишни ранги униқиб кетган эски телпакда ўтказиб юрибман.
Қозоқчадан Меҳмон Исломқулов таржимаси