– Во дариғ! Соғликда хўрлик йўқ, деб шуни айтадилар-да! Бемор бўлиб ош егандан, соғ юриб, тош йўнган, тўнка ёрганга нима етсин?! Қора сонингни қирқ ўраб, буров солиб бураса-да, “ғинг” деб нолимаган Қийқим эдинг, мана энди, чала бўғизланган туядай бўзлаб, дардингни кимга айтишни билмай, ялпайиб ётишинг шу бўлди!.. Уҳ, жоним-ей!
Қийқимнинг ёши элликнинг у ёғи, олтмишнинг бу ёғида. Бети чора товоқдай юм-юмалоқ ҳамда қип-қизил. Икки елкасига икки одам ўтирса, бемалол кўтарадиган қуввати бор. Лекин, яқинларининг айтишига қараганда, йигирма йилдан бери ерда ётган кўндаланг чўпни эгилиб олган банда эмас. Бунинг сабаби – дард. Яна унча-мунча эмас, умуман, тузалмайдиган, дори таъсир қилмайдиган сурункали дард. Албатта, даволанган, дўхтирларга қаратган, лекин фойдаси бўлмаган. Бошга тушганни кўз кўрар, деганларидай, шу алпозда ночору нотавон бўлиб ўтирганига ҳам йигирма йилдан ошибди.
Бир куни туманга пойтахтдан ўта билимдон шифокор келипти, деган хабарни эшитган Қийқимнинг ўғли машина билан бориб, уни овулга олиб келди. Пойтахтлик шифкор беморни у ёғидан-бу ёғига ағдариб, текшириб деганидай қараб чиқди-да:
– Сизни, асосан, нима безовта қилади?–деган саволидан Қий-қимнинг сўз қопи йиртилиб, дардини достон қилиб, бир бошдан санашга тушиб кетди.
– Мени, асосан, безовта қиладиган дарднинг боши санчиқ,–деди Қийқим инқиллаб.—Тонг отиб-отмасидан ана шу санчиқ энса суягимни тенг иккига ажратиб, елкамдан тўғри тешиб ўтади-да, бош миянинг чапини зириллатиб, орқа мияга ўтиб, умуртқадан пастга оқи-и-иб тушиб, белни зириллатиб, ундан кейин мой бўксамни зир-қиратиб, тос суякни дириллатиб, ошиқ-илик орқали болдирни буриштириб, кечга бориб, товоннинг ўнг томонини тириштири-и-иб, чиқиб кетади. Уҳ, вой жоним, ана, бошлади яна!
– Ёпирай?! — деди шифокор ҳайратга тушган бир ҳолатда. — Буларни қандай сезасиз?!
– Нега сезмайин?! Ўзимдан ўтганни ўзим сезмайманми?! Қўйнингдан бақа юриб ўтгандай тананг музлаб, санчиқ етган жойини симиллатиб тургандан кейин сезасан-да! Вой, жоним, ана, бошланди яна!
– Қани?! Санчиқ айнан шу тобда қаерга келди?
– У ҳозир умуртқадан ўрмалаб ўтиб, боши тос суякка яқинлашди, думи белда келяпти. Уф жоним-ей! Ана!
– Унда бу санчиқ илондай судараладиган бир нима экан-да?
– Ҳа, худди шундай! Топдинг, аланайин! Ўзинг ҳам билар экансан Дардингни дард билганга сўйла, деганларидай, одамлар сени бекорга мақташмаган экан. Уҳҳ! Ваҳ! Оҳ!
– Бундан бошқа ҳеч қаерингиз санчмайдими?
– Чироғим-ов, санчимайдими деганинг нимаси?! Бундай санаб чиқсам, ёлғиз шу танамда олтмиш икки дардим бор экан! Шундан олтмиш икки томиримга заҳар тарқалган. Ҳозир, мана шу, соппа-соғдай ўтирганимнинг ўзида, бошда санчиқ, қулоқда шанғиллаш, тилда тирсак, бўксада чипқон, елкада зардоб, белда бод, қоринда ел, буйракда тош, ўтда сув, томоқда шиш, тишда қурт бор!
– Астафирилло, шунча нарсага қандай чидаб ўтирибсиз?!—деди шифокор чинакамига чўчиб.
– Чидамаганда қўлимдан нима келарди?! Дард берган бир кун шифосиниям берар, деб чидаб ўтирибман, айланай.
– Овқатга иштаҳа қалай?
– Иштаҳани йўқотганимга анча бўлди. Бир товоқ этни аранг ейман. Шундаям у ҳалқумдан бир соат, қизилўнгачдан бир соатда ўтиб, ошқозонда яна палон соат ётиб қолади. Ана шундан кейин уни қўзғатиш учун эртадан қора кечгача кўк чойни кўпкаридан чўллаб қайтган ай-ғирдай хўриллатиб симираман-да, ўтираман. Кунда шу аҳвол. Касалга асал ҳам бемаза туюлади, деб жуда топиб айтилган экан.
– Бошқа аъзоларингиз қалай? Қон босими, бўғин, юрак деганларидай…
– Эҳ, болам-а! Ўзинг билиб савол бердинг, касални яширсанг иситмаси ошкор қилади, деганлар. Шунга яширмасдан айтай бўлмаса… Уҳ, ваҳ, ўҳ! Миям лўқиллайди, юрагим пўқиллайди, бошим айланади, тилим бойланади, елкам тортади, қон босимим ортади, қизилўнгачим буришади, ҳалқумим қуришади, бармоқларим дириллайди, қовоқларим пириллайди, ичакларим ғуриллайди, товушим хириллайди, кафтим қичишади, товоним ачишади, оёғим оқсайди, илигим қақшайди, тизза бостирмайди, қоринда ош турмайди… Уҳ жоним! Ана, бошланди яна!
– Уйқу қалай, уйқу?
– Уйқу ночор. Биров башарамга шапалоқ тортиб юбормагунча уйғонолмайдиган бўлганман. Шу ухлаганча нарёққа кетвормасам деб қўрқаман, чироғим! Уф жоним!
– Ички аъзоларнинг ишлаши безовта қилмайдими?
– Безовта қилмай бўладими?! Қилади. Талоқда жон, буйракда қон йўқ. Қон томирларим чўзилиб, қатқорин шишган, ўн икки бармоқли ичак кичрайган.
– Йўғ-е?!
– Ҳа, сўрагандан кейин, дардингни дард билганга сўйла, деганларидай, сенга айтиб турибман. Дард кўрмаган авлиёга сиғинмас дейдилар… Шунисигаям шукр, бундан ҳам баттар бўлиши мумкин эди, ўшандан асрасин.
Шунча кўп дардга шифокор ҳам “қизиқиб” кетди шекилли, беморга қўшимча саволларни қаторлаштириб ташлади. Ташқаридан қараганда бу ерда одам анатомиясидан бири имтиҳон олиб, бири унга жавоб бераётганга ўхшаб кетарди.
– Суяклар қалай? Илик, қовурға, умуртқа деганларидай…
– Суяклар чатоқ. Мана, бўйин умуртқа, орқа умуртқа, айниқса, бел умуртқа бир-бирларига яхши уланмаган. Ўзидан ўзи қисирлаб, ғичирлаб, гоҳи-гоҳида, умуман қимирлатмай қўяди. Кейин, ўнг томондаги тўртта, сўнгдаги бешта қовурғам бир-бирларига тегиб, ғачир-ғучир қиладиган бўлган. Афтидан, ўртадаги этни силга ўхшаган бир нима еб қўйган. Ана, ана, бошланди яна! Вой, жоним!
– Нима бошланди, санчиқми?
– Шу-да, вой жоним-а, найзадан баттар санчилади-я!
– Яна қаерларингизда камчиликларни сезасиз?
– Бутун танамда камчиликларни сезаман. Ўпка, масалан, ҳавони яхши сўрмайди, сўрган ҳавони қайтиб чиқармайди. Юрак ҳам қонни яхши ҳайдамайди. Баъзан, беш ўн дақиқа тўхтаб ҳам қолади.
Шу ерда шифкор кулиб юборди.
– Кулма, чироғим. Дардлига кулиб бўлмайди. Айтмоқчи, чап қовуғимда туз, ўнг қовуғимда қум бор.
– Оқсоқол, ўн беш-йигирма йилдан бери шифокорлик қилиб, сиздагида комплекс касални кўрмаган эдим.
– Ўзимам сездим, касалимнинг ундай-бундай хашакимас — ноёблигини! Вой жоним, нимаям дердим, шунисигаям шукр, дейман-да!
Қийқим дардининг ноёблигидан мамнун бўлганича, тўшакка ағдарилиб тушди.
–Уҳ, жоним-а!
Қозоқчадан Меҳмон Исломқулов таржимаси