“Менинг ушбу мактубимни ўқийдиган яхши ниятли, ҳамиятли одамлар, ўқиб ўқимадим деманглар, мен ўзимга муносиб дўст ахтариб юрибман. Дўст бўлгандям у менга бетидан бет, этидан эт кесиб бермаёқ қўйсин, (музлатгичдан ҳозирча эт узилмай турибди). Агар у чинакам дўст бўламан деса, қовун полизидан ҳандалак, узумзоридан бир сават узум, даромадидан шувоға, чет элдан, дам олиб қайтганида, мозор бости бериб турса бас. Мен ўшаларгаям қаноат қиладиган қозоқман.
Биринчи нўмир дўст, савдодан бўлса дердим. Яна у бозорга директор, солиқ инспекициясида инспектор бўлсаям майлига. Ҳайтовур, ёрдамга зор бўлиб борганимда, қўл чўзишга яраб турса, бас.
Нўмир иккинчи дўст, олий маълумот соҳасига алоқадор бўлса ёмон бўлмасди. Яна у тест марказида ишласа нур устига аъло нур бўлур эди. Ана шундайлар келишсин, пожалуста, дўст бўлишга тайёрман. Ундай керакли шахслар билан қадаҳ уриштириб, дўстнинг садоқати ҳақида ҳикматлар тўқишга, фалсафа сўқиб, алёр айтишга ҳамиша шайман.
Нўмир учинчи дўст, қассоблар ва заправкачилардан бўлса, бош устига. Ундайларга, умуман, йўқ демайман, меҳримни дариғ тутмайман. Улардан атиги суяксиз гўшту, солярка аралашмаган тоза бензин бўлса кифоя, бошқа нарсасига зор эмасман.
Бундан кейинги дўстларга нўмир қўймайман. Душманингни сиртида эмас, ичида бўл, деган нақлга амал қилиб, маиший хизмат идоралари-ю, шифохоналарда соғлиққа масъул ўртоқларни ҳам дўстликка номзод этишни кўнгилга тугиб қўйганман. Ҳар ҳолда, у жойларга ҳам одамнинг иши тушиб туради.
Ҳозирги замонда отгаям минмайсан, пиёда ҳам юрмайсан-машинада юрасан. Энди, шу машина деганлари бузилмасдан, синмасдан ҳеч иложи йўқ экан. Икки оёқли одам қоқилгани етмагандай, баъзан тўрт ғилдиракли бўла туриб, машинаям қоқилиб, нималаргадир урилиб, у ёғи чатоқ, бу ёғи пачоқ бўлиб турганини айтмайсизми! Техниканинг тизгинини қўлида ушлаб турган, автосервис деган жойларда кишнаб юрган дўстинг бўлса, ҳеч ортиқчалик қилмайди. Ундай қадрдонларга бағримни очиб, “Хуш келибсан!” деб қучишдан қочмайман.
Хўш, ҳамма дўстлар бир бўлиб, папка қўлтиқлаб юрсак, хўжалик ишларимизга ким балогардон бўлиб, ким квартирамизни таъмирлаб, ким сан-техникасини тўғирлайди? Шунинг учун, тоғ орасида, дарё ёқасида яшайдиган чўпон-чўлиқлардан, евроремонт қиладиган усталардан, кран-қувурларнинг тешигини ямаб-ясқайдиган сан-техниклардан яқин таниш бўлгани маъқул.
Одам – одам билан, буғдой – сомон билан, деганларидай, юқоридаги рўйхатда касби-корилари тилга олинмаган, аммо фойдаси, кўмаги тегадиган, қўлида қуввати ёки омборхонанинг калити бўлган ўртоқлар биз билан дўстлашамиз, дейишса, марҳамат. Халқимизда, юз дўлларинг бўлгунча, юз дўллардан тўёна беришга қурби етадиган юзта дўстинг бўлсин, деган нақл фойда бўлган. Шахсан менга фойдаси, сояси тушмайдиган юзта дўстдан юз сўм афзал. Савдода дўстлик бўлмагани билан дўстликда савдолашишга тўғри келади. Ҳисобда адашадиган анқовлардан эмасмиз, олтини олиб, бешни берамиз.
Хўш, фақат фойдаси тегадиган дўст ахтарадиган ўзингнинг қурбинг нимага етади, дерсизлар? Биз энди арзонга учадиган анқовлардан, ётиб ейдиган ялқовлардан ҳам эмасмиз. Сурилганимда суянч, туртилганимда таянчликка ярасангиз бас, дўст бўлишни ўрнига қўймасам номард экансан денг! Так што, менга ишонч билдириб, ияк қоққанларнинг ошиғи олчи тушишига сўз бераман. Келинглар, дўст бўлайлик!”
Муаллифдан:
Ушбу мактубни уйимизнинг почта қутисидан топиб олдим. Ундаги исмни кўрсатмасдан, гапларини ўзгартмасдан, сизга йўллаяпман.
Қозоқчадан Меҳмон Исломқулов таржимаси