Ногаҳон дарвоза тақиллаб, ота-боланинг суҳбати бўлинди. «Ким бўлдийкин?» Музаффар отасига бир нигоҳ ташлади-ю, ўрнидан сакраб туриб, дарвоза томон юрди. Йўлак қоронги бўлгани учун чироқни ёқиб, дарвозани очди ва остонада турган ун заводи омбор мудири — Хўжа Сайфиддиновни таниб қолди. Унга салом беришга оғиз жуфтлаган эди, у ўзи гапга тушиб кетди:
— Э, э… қачон келдингиз, укажон? Сизни ҳам кўрадиган кун бор экан-ку? Тан-жонингиз соғми? Ишлар?.. Эшитишимча, Душанбеда каттакон домла эмишсиз… Яхши, хўб яхши. Дўстлар қатори бизнинг ҳам бошимиз осмонга етди.
Музаффар уни уйга таклиф қилди.
— Йўқ, укажон, вақтим зиқ. Дадангизга зарур гапим бор эди. Агар уйда бўлсалар, Хўжа амаким сизни чақираяптилар, десангиз.
— Киринг, дадам уйдалар, гурунглашасизлар…
Бир зумлик иккиланишдан сўнг қишлоқ одамлари каттаоғизу бадавлатлигидан Хўжамаст деб лақаб олган Сайфиддинов:
— Ҳай, ичкарида гаплашсам қайтангга яхши, — дея Музаффарнинг ортидан ҳовлига қадам қўйди.
Насим амаки меҳмонни очиқ чеҳра билан кутиб олиб, тўрга ўтқазди. Салом-аликдан кейин пиёлада чой узатаркан сўради:
— Қайси шамол учирди, Хўжабой? Бизнинг кулбаи вайронага ҳам қадам ранжида қиларкансиз-да?
— Турмуш тақозоси, ака… Сизни бир кўриб ўтай, дедим…
Жимиб қолишди.
Музаффар ҳам сукутга чўмди.
Насим амаки мошгуруч соқолини силаб, айвон четига кўз ташлади.
Сайфиддинов чойи аллақачон совиб бўлган пиёлани уялинқираб зўр-базўр лабига элтарди.
— Гапиринг, Хўжабой, — деди ниҳоят Насим амаки сукутга барҳам бериб.
Музаффар дадасининг овозидан чўчиб тушиб, меҳмонга синчков назар ташлади.
— Гапимни эшитмоқчи бўлсангиз, ака, — деди Сайфиддинов дадилланиб, — айтаман. Гап шуки, камомад топишди. Агар ёрдам қилмасангиз, нақ капам куяди.
— Келиб-келиб, мўйсафид одамдан ёрдам сўрайсизми? Менда ортиқча пул қайдан бўлсин?!
Насим амаки истеҳзо оҳангида гапирганини Сайфиддинов ё тушунмади, ё…
— Анча-мунча одамга учрадим, ака, беришмади. Охири узоқ бош қотириб, сиздан бўлак ҳеч ким дардимга даво бўлмаслигига ақлим етди.
— Бу гапларни қўя туринг, — деди Насим амаки ва сал ўйчан ҳолда сўради. — Қанча керак ўзи?
— Икки минг… Елкамга офтоб тегиши биланоқ қайтараман.
— Икки минг дедингизми? — такрор сўради Насим амаки пешонасини силаб. — Хўп, қани дастурхонга қаранг-чи.
Музаффар қоронги боққа тикиларкан, ўша йили ҳам худди бугунгидек дилкаш эди, деган ўйга борди. Қорин тўйиб овқат емоғу ёқимли шабада эсиб турганда чалқанча ётиб мусаффо осмоннинг соҳир юлдузларини томоша қилмоқ қайда дейсиз — очарчилик!
Сайфиддиновнинг ташрифи уруш йиллари билан боғлиқ воқеаларни бир-бир ёдига туширди.
«Мана, фалакнинг гардиши яна айланиб келди, — дея дилидан ўтказди у. — Минг қўйли бойнинг иши бир қўйлига тушибди, деб бежиз айтилмаган экан. Агар ўша воқеа олдинроқ эсимга тушганда, уни дарвозага йўлатмасдим. Наҳотки, дадам унутган бўлсалар?..» Музаффар ўшанда саккиз яшар болакай эди…
Дадасининг эгнида аскарлик либоси, оёғида этик, енглари шимарилган, кифтида каттакон кетмон — дадил қадам ташларди.
Музаффар узум пишиғигача каллаи саҳардан шомга қадар Боғиболода бўларди. У дадасининг чаққон ҳаракатларини ҳавас билан кузатарди… Тўрт-беш йилдан бери қаровсиз ётган заранг ерни ағдарганида юзидаги тер томчилари қуёш тафтида худди марвариддек товланарди.
«Ҳаҳ! Ҳаҳ! Ҳа-аҳ!», дея кетмон чопаркан, дунёда дадасидан бақувватроқ одам йўқдек эди. Шунда табиатан камгап дадаси бир лаҳза бўлса-да, тин олиб, ташналигини қондирсин учун булоқдан кўзада сув ташиб турарди.
Музаффар дадасининг қандай ўт ўришини ҳануз яхши эслайди! Ўроқ бир текис садо чиқариб, нари-бери бориб келар, ҳаял ўтмай ёнида ўт уюми ҳосил бўлар эди. Музаффар ўроқнинг ялтироқ дастасидан кўз узолмасди…
Отаси уйдан йиртиқ шолча, кўрпа-тўшак ва қозон-товоқ келтириб, тепаликка қурган чайласига кўчиб кирди.
Музаффар ҳар куни уйларидан хабар олиб, қайтишда нон ёки иссиқ овқат кўтариб келарди. Баъзан дадаси сув тараганида, ягана ё хомток қилганида, чайладан чиқмай, боғни қўриқлаб ўтирарди.
Кунларнинг бирида онасини негадир ғамгин ҳолда кўрди: кўзлари қизариб шишган — узоқ йиғлаган эди чоғи.
— Ҳа, ойи? — деди Музаффар ажабланиб.
— Музаффаржон, болагинам, нуридийдам! — онаси уни қучоқлаб, юз-кўзларидан ўпди. — Даданг яхшимилар? Нима қилаяптилар?
— Хомток…
— Нега ўзлари келмадилар?
— Ишлари кўп, ойи. Сен бориб кел, дедилар… Бирон егулик оборишим керак.
— Онанг жонингга садақа, уйда ҳеч вақо йўқ-ку?
— Унда, мен кетдим.
— Борақол, ўғлим, дадангга ёрдам бер. Айтгинки, вақт топиб, бир келиб кетсинлар.
Музаффар онасининг бу ҳолатидан эзилиб, истар-истамас Боғиболога равона бўлди.
Кечқурун ота-ўғил икковлон уйга қайтишди. Оч қолганидан дам-бадам Музаффарнинг кўнгли беҳузур бўларди. Бугун туз тотигани йўқ. Кунига бир сиқим арпаю узум еб, тойчоқдек диконглаб юрарди. Ойиси нима сабабдан нон бермади? Ахир, бир йил муқаддам: «Уруш тугаб, даданг эсон-омон қайтса, ҳеч қачон оч қолмайсан», демаганмиди! Мана, дадаси сиҳат-саломат қайтиб келди, аммо нон қани?!
Кичкина Музаффар супа лабида ана шундай хаёллар оғушида хомуш ўтирарди.
Баногоҳ, ичкаридан онасининг йигиси қулоғига чалинди; овоз узоқдан келаётгандек эди.
Салдан кейин дадасининг овози эшитилди:
— Колхознинг аҳволи бизникидан аъло эмас. Сабр қилсанг, ҳаммаси ўрнига тушади…
Осмону заминни қоронғулик чулғаб олгандек эди. Дадаси Музаффарнинг қўлидан ушлаб, кўчага отилди. Унинг боши эгик, хаёли паришон эди. Оғир-оғир қадам ташларкан, гоҳо ўғлининг кичкина қўлчаларини силаб-силаб қўярди.
Оқшом Музаффар дадасига диққат билан тикилиб, у ўзини анча олдириб қўйганини сезди. Соқоли ўсган, чеҳраси тунд, лаблари ёрилиб кетган. Пайдор, кучли қўллари офтобда куйиб, пўст ташлабди. Кафти ва тирноқлари остини яра-чақа босибди. Аскарлик кийимлари ўнгиб-эскирибди. Кўйлагининг орқаси ачимтир тердан шўра босган…
Бир пайт рўпарадан эшитилган «Ассалому алайкум!» деган овоз ота-болани ҳушига келтирди: бир неча қадам нарида ун заводининг омбор мудири Хўжамаст турарди. Юзи калишнинг ичига ўхшаш қип-қизил Хўжамаст тамаки тутунидан сарғайган тишларини кўрсатиб илжайди:
— Саломатмисиз, ака? Келганингизга уч-тўрт ой бўлибди-ю, бундоқ жамолингизни кўрсатмайсиз-а.
Хўжамаст ва Музаффарнинг дадаси қучоқ очиб кўришдилар.
— Худога шукур… Қимирлаб юрибмиз.
— Тирикчилик қалай?
— Бир нав, укажон… урушнинг касрига уч-тўрт йил оч қоладиганга ўхшаймиз.
— Агар бирон масалада танқислик сезсангиз, бемалол айтаверинг. Қўлдан келганча ёрдамлашаман.
Ҳамон Музаффарнинг ёдида — ўшанда дадаси бир лаҳза иккиланиб турди-да, сўнг:
— Бир халта буғдой топиб берсанг, кошкийди, — деди.
— Асло азият чекманг, ака. Буғдой ҳам гап бўптими? Эрталаб жиянни уйга юборинг. Ўзингиз биласиз, отлиққа ҳам топилмайди. Лекин сизга… бир иложини қилармиз.
— Илойим барака топ, укажон!
Хўжамаст пастга, улар юқорига қараб кетишди. Энди отанинг кайфияти бўлакча, жилмайиб қадам ташларди.
Ўша кеча Музаффар чайлада ухлади; дадаси азонгача қарийб бир гектар боғни суғорди.
Пешин чоғи Музаффар чой қайнатди.
Ота уйдан келтирган тугунни очди. Унда туршак ва озгина қурут бор эди. Яхши кайфият билан чой ичдилар. Кейин ота ўғлининг бошини силаб қўйиб, яна боғ ичига шўнғиб кетди.
Номозшом маҳали уйга қайтгач, дадаси қўшнининг эшагини сўраб олди.
— Хўжа амакининг ҳовлисини биласан-а, ўғлим! — сўради Музаффардан.
— Ҳа-а…
— Унда, мана бу эшакни миниб, тезда ўша ерга борасан.
Музаффар Сайфиддиновнинг ҳовлисига яқинлашгач, эшакдан тушиб дарвозага боғлади-да, қўрқа-писа ичкарига мўралади.
Ҳовли саҳнига гилам тўшалиб, устига буғдой тўкилган — уни шамоллатишарди… Музаффар бир муддат қараб турди. Бунинг кирганини ҳеч ким пайқамади. Сайфиддинов энгашган кўйи хотини билан буғдой бошоқларини ажратарди.
Музаффар яқинроқ бориб, салом берди.
Сайфиддинов чўчиб тушди, орқасига қараб, болани кўргач:
— Э, сенмисан? Қани кел, — деди-да, ўрнидан туриб сўрашди. — Қопинг қани?
Музаффар орқасига қайтиб, хуржундаги қопни олиб келдида, қўшқўллаб Сайфиддиновга узатди.
— Неча сўм келтирдинг?
— Пул олиб келмадим.
— Нега?
Сайфиддинов бир зум ўйланиб тургач, қаҳр аралаш қопни қайтариб берди:
— Бунақаси кетмайди. Бориб дадангга айт: тўрт юзу эллик сўм берса, давлат омборидан бир халта ун топиб бераман. Хўпми? Амаким шундай дедилар, дегин… Текин бера олмайман. Наҳотки, шунга ўзининг ақли етмаса.
Кичкина Музаффар: «Хўп», дея дарвоза ёққа юрган эди, бехосдан янганинг шангиллагани қулоғига кирди:
— Бу қандай безбетлик! Чўнтагида ҳемири йўғу, уялмай-нетмай одамларнинг уйига қоп кўтариб келишади-я! Кўнгиллари буғдой нон тусаб қолибди-да…
Дадаси Музаффарни дарвоза олдида кутиб олди.
— Ҳа, ўғлим, қуруқ қайтибсан?
— Тўрт юз эллик сўм берсангиз, эртагаёқ омбордан бир халта ун топиб бераркан.
— Шундай деб айтдими-а?
— Ҳа. Ўзи ҳовли ўртасида буғдой тозалаётган экан… — Ота синиққина кулимсиради, ўғлини эшак устидан даст кўтариб олди-ю, қучоғига маҳкам босди.
Ана ўшанда Музаффарнинг дадаси урушдан қайтганидан бери илк марта овозини баралла қўйиб, ҳўнграб йиғлаган эди.
* * *
— Музаффар, ҳў, Музаффар!
Насим амакининг нидосидан Музаффар ўзига келди.
— Ичкаридан «лаббай» деган ингичка товуш эшитилди.
— Ўша тўйга аталган пулларни бу ёққа олиб чиқ.
Она тугунчани хомуш ҳолда кўтариб Насим амакига берди ва пойгакка ўтирди.
Насим амаки тугунчадаги пулларни санашга тушди.
Музаффар Сайфиддиновга разм солди. Унинг карахт юзларига қон югурган, қисиқ кўк кўзлари шўхчан ўйнар эди.
— Мана, Хўжабой — бори шу. Бир минг олти юз сўм. Жиянингизнинг никоҳ тўйига йиққан эдик, — Насим амаки пулни Сайфиддиновга узатди. — Эртага бозор, сигирни сотишга улгурсам, тағин тўрт юз сўм топиб бераман.
— Илойим, бирингиз мингга кўпайсин. Мени ҳам худо қўлласину, бел боғлаб хизматингизда бўлай.
Сайфиддинов пулни чўнтагига тиқиб, саросимада ўрнидан қўзғалди. Насим амаки калишини оёғига илиб, кузатишга шошилди.
Музаффар билан онаси қимирлашмади.
— Хайр, укажон! Хайр, янга!
Хўжамаст олдинда, Насим амаки унинг орқасидан юришди.
Дадаси қайтиб келгач, Музаффар уни саволга тутди.
— Нима, дада, эсингиздан чиқдими? Ахир, у бир вақтлар сизни ярим халта буғдойга алишмаган.
— Одамдан яхшилик қолади…
— Хўш, нега пул бердингиз? Нега оёғингни ҳовлидан уз, деб айтмадингиз? Яна сигирни ҳам сотмоқчи бўлаяпсиз…
— Ўзингни бос, болам! Биров ёмонлик қилганда ҳам яхшилик билан қайтарган маъқул. Турмуш… Сенга нима дейин? Ҳали кўп нарсани англаб етмайсан, ўғлим. Отангнинг қотилига онангни бер, дейишади. Кўп асабийлашмай чойдан узат, чанқадим.
— Йўқ, дада. Мен бундай кимсаларга яхшиликни раво кўрмайман. Ахир, у ўғри-ку! Ўғри бўлмаганда, омборидан камомад чиқармиди?
— Одамнинг юзи иссиқ, дейди лар.
— Бало юзига урсин! Жиноят қилдими — жазосини тортсин. Сиз бугун қўлласангиз, сувдан қуруқ чиқиб, эртага қинғирлигини давом эттиради. Нокас топса мансаб бедаво бўлур, илон кучга тўлса аждаҳо бўлур, деб бекор айтишмаган, ахир.
Музаффар катта ишга жазм этгандай дарвозага югурди.
— Қаёққа? — деди дадаси хавотирга тушиб.
— Хўжамастнинг уйига, дада… Пешона тери билан топган пулимиз бир лаънатининг қора юзини оқлашини истамайман! — қатъий жавоб берди ўғил.
Насим амаки дарвоза томонга қараб қўйди. Лекин… ўрнидан қўзғалиб, Музаффарни йўлдан қайтаришга мажоли қолмаган эди.
Тожик тилидан Бахтиёр Омон таржимаси
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 7-сон