I
Фақат шу ерда, тўлқинлар етиб келмайдиган соҳилда Бобби ўзини бехатар сезар эди. “Бор, сув кўпаймасидан бурун чиғаноқларингни ўйнаб ол, мен шу атрофда бўламан, – дерди опаси унга, – анави пиёниста сержант Мак Кой келиб, денгизнинг чуқур жойига тортиб кетмасин яна…” Нимасини айтасиз, Бобби унинг шу қилиғини ёқтирмасди. Болаларни комига тортиб кетадиган ваҳимали денгиз Эль-Морро қалъасининг шундоққина деворлари ортида сурон солгудек шовулларди. “Денгиз, денгиз, ҳой, денгиз, қирғоғингдан тошмагин. Боббининг юрагига солмагайсан ғулғула, тўлқинларга ўзинг бош – бу томонга йўлама”. Умуман, Боббининг шўр сувни шимириб, нафаси тиқилиб сузишни ўргангиси келмайди. Йўқ, бу баҳона эмас, мутлақо! Ундан кўра қайиқда сузиб ёки уларнинг кўзидан нарироқда ёлғиз ўзи қумқўрғон қуриб, қароқчи-қароқчи ўйнаб юрганига нима етсин… Ҳа, ҳақиқий кунгурадор деворлари ва бошқа ғаройиб жиҳатлари билан кўзни яшнатувчи қўрғон: соқчилар, замбараклар учун тикланган миноралари ҳамда қалъани гир айлана ўраб олган зовурлари билан. Чиғаноқлар сероб, етади ҳаммасига. У ҳатто шохлардан осма кўприк қурди. Мўъжазгина қалъа, у, “мультик”ларда кўрганидек, бир кўзини боғлаб олган, шопмўйлов, ажалнинг қора яловини баланд кўтарган қароқчиларнинг яқинроқ келишини кутиб, жангга тайёр турибди… Қулоғига ҳатто бурғунинг даъваткор садоси ва ноғораларнинг жанговор дўпир-дўпири эшитилгандек бўлади… “Улар яқинлашиб келмоқда, ана улар”, бироқ ногаҳон Боббининг ёдига ўзи қароқчилар сардори эканлиги тушади. У қўлидаги қилични боши узра баланд тутиб: “Олға! Ўт очинг!” – дея ҳайқиради. Энг ёмони, бунга жавобан қалъа томондан “Гумб! Гумб!” деган замбарак садолари келмайди. Ўтган шанбада Бобби бирга ўйнаган матрос дўстининг мардона наъраси эшитилмайди. Шу сабаблими, ҳозир у қароқчи лашкари билан нима қилишни билмайди.
– Люси! Люси! Опажон, Сидни чақиринг!
– Кимни?.. Ҳа, анавиними! – опаси ҳазар қилгандек бурнини жийиради.
– Ўша, мен билан қароқчи-қароқчи ўйнаган бор-у, ҳабаш матрос.
– Мен уни кўрмадим. У келмаса керак.
II
Ҳадеб укасининг кўнглига қарайверишдан Люси Лавингнинг кўнгли озади. Умуман олганда ўзи нима гуноҳ қилибдики, уни ўзига дум қилиб юборишаверади – тушунмайди. Нуқул дугоналари билан айланиб келишга отланди дегунча онаси пайдо бўлади: “Люси, Бобби ҳам сен билан борсин, хўпми?” Ким билсин, балки онаси Люсини ҳалиям ёш, бола ўйнатиб юришни яхши кўради, деб ўйлар?! Ёки бегона йигитлар шилқимлик қилиб, тинчлик бермайди, деган хавотирга борар?! Кўпинча: “Қизим, қадамингда матрос ва солдатлар гандираклаб юрадиган оролга бир ўзингни юборишга қўрқаман”, – деб бекорга гапирмас.
Рост, бу ерларда, айниқса, оролнинг нариги бошида, Эль-Морро яқинида денгизчилар ачиб ётибди, улар курраи заминнинг олис минтақаларида олиб борилаётган урушга тайёрлашарди. Замин ҳам, денгиз ҳам, осмон билан ҳаво ҳам ўша “шунқорлар”га хизмат қилади. Улар ўзларига тегишли ихчам, саранжом-саришта уйларда яшайди. Бу йигитчалар учун кинотеатр, қовоқхоналар, ўйин майдонлари ҳамда бошқа турли-туман қулайликлар муҳайё эди. Энг шинам пляжлар, мусаффо сув уларнинг баҳри-дилини очишга маҳтал. Булар гўё уларнинг вақтинчалик ҳузур-ҳаловати учун яратилгандек. Уларнинг яримяланғоч бўлиб олиб, тўлқинлар ва қуёшнинг қайноқ нурлари остида кун бўйи моторли қайиқларида шитоб билан сузиб юришларини кўрсангиз эди! Нимасини айтасиз, жанг майдонида ёвқурликлари ва бардошлари сусаймаслиги учун шундай шароит яратиб беришгандир уларга. Бечоралар! Алоҳа, жанг қилгани Осиё мамлакатларидан бирига жўнаб кетишади. Битта бомба портласа, тамом, алвидо, дўстгинам! Шу важдан имкон борида кўнгилхушлик қилиб олиш – ғанимат. Унгача кўнгиллари тусаганини қилишади: ғарра-шарра еб-ичишлар, маишат… Бунинг учун яшик-яшик вискилар, бочкалаб пиво… ҳар шанба кунлари улар бирга ўйнаб-кулишлари учун нозанин қизлар ташрифи…
Люси бир қанча қизлар билан бирга юради, уларнинг муносабати фақат яқинлиги учун эмас, ўзларига яраша сирдошлиги ва ишқий саргузаштлари туфайли мустаҳкам. Улар ҳар ҳафта, албатта, оролга боришар, алламаҳалгача ўша ерда кўнгилхушлик қилиб юришар, баъзан айримларининг меъёрни унутиб қўйган пайтлари ҳам бўларди. Уларнинг коллежида машғулотлар инглиз тилида олиб борилар, ҳатто маъмурият ўша ерда хизмат қилувчи қизлардан алоҳида гуруҳлар тузган бўлиб, уларга “waхs” деб ном қўйишганди.
Ҳар бир гуруҳ иттифоқдош мамлакатларнинг номи билан аталарди – у ерда, асосан, америкалик қиз-жувонлар таҳсил олар, бироқ коллежга “меҳрибон қўшнилар” сифатида лотин америкалик оқтанли қизлар ҳам қабул қилинарди. Бошқа “ранг-тусдагилар”нинг бу ерда ўқиши умуман мумкин эмасди. Тўғрисини айтганда, шундай қилишгани маъқул – жанжал-тўпол камроқ, тинчгина, қизилтанлиларнинг эса ўз мактаби бор, хуллас, олам гулистон.
Люси ич-ичида ўзларининг давраси энг яхшиси эканини сезарди. Тўғри-да, дугоналарининг ҳаммаси хушчақчақ, беозор қизлар. Улар ҳам шанба куни тушга яқин оролга келишарди. Соҳилда эса ўлжа пойлаган балиқчи қушлар сингари матрослар тўда-тўда бўлиб уларни кутиб олишарди. Орадан кўп ҳам ўтмасди ва уларнинг ҳар бири ўзи ёқтирган қиз билан бирга, баъзилари қўл ушлашиб, баъзилари қўлтиқлашиб, кўнгиллари тусаган ёққа тезгина равона бўлишарди. Бир хиллари томоғини ҳўллаб олиш ва рақс тушиш учун қаҳвахонага йўл олишарди. Бошқалари келишган, мушакдор баданларини кўз-кўз қилиб, трамплиндан сакраш, дельфиндек денгизда эпчил ва ўктам сузиш ёки моторли қайиқда сайр қилишни хуш кўришарди, лекин айрим тортинчоқлари салқин дарахтзор қўйнида ёлғиз қолишни ихтиёр этишарди. Эртага қонли уруш гирдобига ғарқ бўлишга маҳкумлар учун бу сокин онлардаги қайноқ оғушлар ва тотли бўсалар нақадар ҳаётбахш!
Люсининг дугоналари орасида биронта матрос билан “кукулашиб” юрмагани топилмасди. Улар ҳар қандай уят-андишани йиғиштириб қўйиб, шаънларига номуносиб равишда вақтичоғлик қилиб юришар, ёлғиз Люсигина бундан мустасно эди. Тентак қиз, бу учрашувларга мудом Боббини эргаштириб келар, оқибат унинг олдида эмин-эркин, яйраб юришдан ўзи истиҳола қилар, уяларди. Шу туфайли маъноси мавҳум ишоралар, думи хуржунда гаплар билан кифояланишига тўғри келарди. Бўлмаса, ўша тотли бўсаларга қаноат қилмай, жиловини анчайин бўш қўйиб юборган қизларни ҳам биларди.
Люси хаёлини ўғирлаган ўша сарғиш сочли, ниҳоятда келишган докторни аввалги шанба куни илк бор кўрди, кўрди-ю, ҳуши бошидан учди. Афсус! Денгизчи бўлишига қарамай у ўта камгап, вазмин йигит эди. У қалъада доим китоб кўтариб юрарди. Ҳарқалай, ўша доктор бир сафар уни қайиқда сайр қилдирди, ҳатто ойдин кечада аллақайси шоирнинг севги ҳақидаги шеърларини ўқиб берди. Бироқ бунақа пайтда доим дилингни хира қиладиган кимса топилмаса, ўрнига тушмайди. Сид тушмагур! Ер ютсин ўша ҳабашни! Тавба, буни қарангки, доктор Беннидек одам бир тасқара, қораялоқ юнга билан қалин дўст тутинса! Сид дам у ерда, дам бу ерда, кимдир чақириб қолса, тамом, ўша заҳоти тилини осилтириб етиб келади. Нимасини айтасиз, ўша кунлари – Люси Бенни Вильямс ўқиб бераётган ишқий достонларни маҳлиё бўлиб тинглаб юрган кезлар Сид эртаю кеч унинг ёнидан кетмаса денг. Қизнинг назарида, Беннининг овозида эҳтирослар мавж урарди-ю, аммо бу ўткинчи туйғуга берилиш натижаси эди. Ахир, кўнглига чинданам шундай ҳис оралаган йигит қиз ёнига ошиқиш ўрнига ҳозир ўша харсангтошда китобини ўқиб ўтирармиди?! Қизлик ғурури йигитни ахтариб боришига йўл қўймади, унинг келишини кутди. Мабодо, Сид келиб қолса, Бобби билан бирга ўйнашига рухсат берган бўларди. Бу довдир қаерда қолдийкан?
Бобби қалъага ҳужум қилишнинг турли йўлларини ўйлаб кўрар, бироқ қатъий қарорга келиш учун унга ҳимоячи ҳабашлар отряди сардори Сид етишмас эди. Шу сабабдан айни пайтда ҳужум бошлай олмасди. Бир ҳафта аввал, худди шундай шанба куни, Сид қалъанинг нариги тарафида ҳимояда туриб, Бобби бу ёқда уни ўққа тута туриб, қийқиришиб, кулгидан ёрилгудай бўлиб ўйнашган эди-я! Аммо Сид қаергадир гумдон бўлди, мана энди Бобби миноралари нураб тушаётган ночор, бунинг устига фойдасиз қалъаси олдида ёлғиз ўзи ўтирибди.
III
Айни чоғда Сид, Эль-Морродаги бараклардан бирида терлаб-пишиб, оролга ҳужум қилиш чоғида командосга керак бўлиб қоладиган милтиқлар, пулемётлар, маёқларни йилтиллатиб тозалаб ўтирарди. Қизларнинг вақтини чоғ қилиш учун уюштириладиган машқларни сержант Мак Кой ўйлаб топган. Базму жамшид авжида бўлади: ичкилик деганини тўкиб ташлашади, ўйин-кулги, рақс. Командос ўқ узиб Эль-Моррога бостириб бораётганда бу ўйинларидан завқланмаган кимса топилмаса керак. Пулемётлар отишма чоғидагидек тариллатиб отилган, жангчилар “ура”лаб қийқирган. Буни йигитларнинг ўзи қўмондондан илтимос қилишди, чунки улар энг янги, замонавий усулда ўқитилмасин, битта ўқ узмай жанг сирларини ўрганишдан безиб қолишган эди. Бунақа ўйинчоқлар жонларига тегиб кетган. Бекор юриш, фаолиятсизликдан юраклари қон бўлар, ўзларини гўё тайёргарлик кўраётгандек кўрсатишдан маъно йўқлигини жуда яхши тушунишарди. Улар ростакам патронлардан фойдаланибгина жанг руҳини ҳис қилиш мумкин, дея ўйлашарди. Сид пулемёт ўқдонларини тўлдирди. У машғулотда қатнашмаса ҳам, ҳарбий тревога эълон қилинганда қанчалар завқланишини ўйлаб орзиқарди. Ҳаво ҳаддан ташқари исиди. У терга ботди. Ҳали прожекторларни тозалаши керак, сўнгра тез ёрдам кўрсатиш бўлими жойлашган қўшни бинога бориб у ерни тозалайди. Каравотларни кўздан кечиради, доктор Уильямс учун асбоб-ускуналарни тайёрлайди, негаки, ярадорлар келиши эҳтимоли бор. Кечаси ростакам ўқлар отилади… ҳар нарса бўлиши мумкин. Прожекторлар ортиқча ташвиш бўлди-да. Нима бўлган тақдирда ҳам шунча ишни битта ўзига юклаб, шунга мажбур қилиш учига чиққан адолатсизликдан бошқа нарса эмас. Модомики, ҳабаш биродаримиз фақат картошка арчишу милтиқ тозалашга ярар экан, пешонасига ёзилгани шу экан-да! Унинг ёдига бошқа бир машҳурроқ ҳабаш шоирнинг “Мен ҳам америкаликман”, деган мисралари тушди.
Сид матросларнинг оппоқ кийими ҳам, ҳатто ўлим ҳам икки ирқ одамларини тенглаштиролмаслиги ва бу ҳақдаги бидъатларга чек қўёлмаслигини яхши тушунарди. Бир пайтлар университетда ўқиётганида master даражасига кўтарилолмагани ёдига тушса, талабалик йилларини қўмсаб кетади. Сид ўша даврни абадулабад йўқотганман, деб ҳисоблайди. Ўшанда у санъат, адабиёт оламида яшар, унинг учун назм денгизида жавоҳир излашдан кўра ортиқроқ бахт йўқ эди гўё. Эндиликда у Ватанни деб китоблар дунёсини тарк этди, олийжаноб, жўшқин ҳиссиётларга берилиб, малай, қарол, grum бўлишга ҳам кўнди. Бироқ, у ўзини оддий матрос эмас, бамисли адмиралдек ҳис қилади, бу дунёнинг дўкайлари орасида юргани билан, озодлик учун курашаётган улуғ мамлакатнинг чин фарзандиман, деб ўйлайди! Тақдир! Ким уни олдиндан айтиб беролади? Яхшиямки, дўсти Бенни Вильямс бор экан, бу китобсевар йигит уни ўзига ёрдамчи қилиб олишга уриняпти. Касалхонада у лоақал китоб ўқиши, тиббиётдан бирон нима ўрганиши мумкин… Иссиқни қаранг!.. Кўйлагини ечади… Қаттиқ чарчади. Прожекторларни артиб-тозалаш осон иш эмас экан. Яна бир қанчаси турибди, уларни ҳам ялтиратиб қўйиши керак. Сержант Мак Кой итдан баттар – иблис, унинг қоратанлиларни кўрарга кўзи йўқ, Сид тирноқча айб иш қилиб қўйса – тамом, кечирмайди, айниқса, ҳозир, Бенни билан дўстлашиб юргани учун уни баттар ёмон кўради. Сидни хўрлаш учун доим тирноқ остидан кир қидириб юради, доктор ёнига тушса-ку, кўкариб кетади. Мана битта мисол: шанба куни тушдан кейин у бўш эди, аксига олиб иш қайнаган, бош қашишга вақт йўқ. Бошқалар бунақа пайтда дам олади, денгизни томоша қилади. “Поёнсиз денгиз шовқин солганда, ҳаловат киради қалбимга чексиз. Қирғоқ сен учун кишан – қисматинг ҳабаш қисматидек оғирму…” Бироқ айни пайтда Сид сарғиш сочли ёш дўсти – Боббининг ёнига боролмасдан қийналяпти. Болалик инсоннинг мусаффо даври, уни ўйин-кулги, меҳр-муҳаббат, эрка қилиқлардан бошқаси қизиқтирмайди, у миллат, ирқ ажратиш нималигини билмайди. Шу сабабли бола ҳам Мак Койни ёқтирмайди, бунинг устига денгизнинг чуқур жойига итариб юборгани-чи. Ит! Итдан баттар! Боёқиш Бобби, бир ўзи дўстидан узоқда қийналадиган бўлди. “Қийнама ўзингни шунқоргинам, Сид оқтанлилардан қутулган заҳоти сени излаб топади”.
IV
– Люси! Люси! Нега Сид келмаяпти? Зерикиб кетдим. Кўриб турибсан-ку, усиз бир ўзим қароқчилик қилолмайман.
Лекин Люси болаларнинг хархашасига қулоқ соладиган анойи эмас. Шундоқ ҳам кўнгли чўкиб ўтирибди. Унинг дугоналари йигитлари билан қўл ушлашиб сайр қилиб юришибди ёки бўлмаса қайиқда сузишяпти, баъзилари чўмилишяпти. Сув кўпайган кезлари қумлоққа келган одамнинг баҳри-дили очилади, қирғоққа урилаётган баҳайбат тўлқинлар қаърига шўнғиб, сув юзига қалқиб чиққач, завқланиб қийқириш – нақадар ҳузурбахш! Эй, худойим! Бунчалик мафтункор бўлмаса денгиз! Тумшуғини тўлқинлар ўркачида ҳосил бўлган кўпикларга ботириб, юракни ларзага солганча қийқираётган балиқчи қушлар ёки тумшуғи остида тўймас мешкопи бор баднафс сақоқушлар-чи! Унга фақат денгиз типратиканлари билан сузгичлари наштардек санчилувчи япалоқ балиқлар ёқмасди, ўша игналари кирса борми, оғриғига чидаёлмайсан. Уларга рўпара бўлишдан худонинг ўзи асрасин, ўйласанг этинг жунжикиб кетади-я! Яхшиси, чайқалаётган тўлқинлар узра чалқанча ётган афзал. Бирдан тўлқин келиб сенга ўзини уриб қолсами, оғзи-бурнингга сув кириб, ўтаканг ёрилганча: “Бенни, ёрдам бер, чўкаяпман”, деб дод соласан. Меҳрибон ва ғамхўр доктор бамисли қаҳрамондек уни кўтариб, сувдан олиб чиқади. Кейин узоқ ўпади. Бенни уни қайноқ бўсаларга кўмиб ташлайди. Нима кераги бор бундай хомхаёлларнинг? Ҳеч қачон амалга ошмаганидан кейин? На қоматига чиппа ёпишган “Jansen” чўмилиш кийими, на бошидаги қирмизи дурра, на тирноқлари бўялган чиройли оёқлари ёрдам беролади унга. Ҳаммаси бефойда! Унинг ширин хаёллари орзулигича қолади. Люси укасининг кўнглига қараб, мана шу ерда зерикиб ўтиришга маҳкум. Алвидо, ушалмаган орзулар! Ўзини аллаким деб биладиган доктор Бенни Вильямс эса унга қайрилиб ҳам қарамайди.
V
Бенни Вильямс докторлигидан ташқари яна табиатни севади, шунингдек, адабиёт муҳиби, шеърият унинг жони-дили. У Шекспир асарларини яхши кўради, китобини доим ўзи билан олиб юради. Шекспирнинг беш-олтита сонетини ёддан билади ва ҳамиша такрорлагани-такрорлаган. Ўз юртида ўқиётганида у соатлаб китоб мутолаа қилар ва шеърлар ёзарди. Уруш бу ҳавас ва муҳаббатига чек қўйди. Уни кўниккан ва кўнглига мойдек ёққан муҳит, осойишта ҳаёт ва китоблар оламидан маҳрум этиш тажовуз эмасми? Уруш ҳақида фикр юритар экан, уни ғайриинсоний фожиа, деб ҳисоблар эди. Кимга керак у? Бу саволларига ҳеч ким жавоб беролмаслигига у лол қоларди. Бегуноҳ одамларнинг дарё-дарё тўкилган қони, хонавайрон бўлганларнинг машъум тақдири, олам-олам умидларнинг чиппакка чиқиши – шуми мақсад! Хайриятки, уни фронтга юборишмади, рўйхатларга олишди, жўнайдиган кунни белгилашди, лекин охир-оқибат у мана шу оролга келиб қолди. Бу гўзал диёр унга инсон боласи маҳрум этилган, тўғрироғи, бой берилган жаннат ҳақидаги ривоятларни эслатарди. У ақл бовар қилмайдиган сирларни бағрига яширган денгиз, қанотлари эркин ва осуда тебраниб парвоз қиладиган балиқчи қушлар, шакл-шамойили бир-бирига ўхшамаган балиқларни кўриб ҳайратланар, шулар туфайли кўнглида ўйчан бахтиёрлик нашидаси мавж ура бошлар, буни у кимга айтишни билмас, борган сари ошуфталикми, шайдоликми тобора кучайиб борарди. Одамзодни бир ҳамлада ютиб юборишга қодир шиддаткор ва ебтўймас акулаларгина табиатини хира қиларди. У чўмилиш кийимини кийиб бўлгач, денгизга тушишга шошилмас, балки қайиқда эшкак эшиб сайр қилиш ёки соҳилда қумда ётиб шеър ўқишни лозим топарди. Кўпик қоплаган қумда чиғаноқлар излаб оёқяланг юришни гашт деб биларди. Баъзан-баъзан нафис чиннидан ясалган ичи пуштиранг баҳайбат чиғаноқлар учраб қолганда ёш боладек суюниб кетар эди. Уни қулоғига тутиб денгиз шовуллаши ва олис уммоннинг таскинбахш оҳангларини тинглаб, табиатнинг мўъжизакор ижодига таҳсинлар ўқирди. Гоҳида эса хилват, кимсасиз ерларга бориб, дарахтлар соясида қушларнинг шўхчан чуғур-чуғурларига қулоқ солиб ўтирарди. Борлиқ сир-асрорини англаш ва гўзалликка ташналиги эвазига ажру мукофот тариқасида ато этилган бой тасаввур, теран ҳис қила билиш ва лаззатлана олиш қобилиятига итоат этган ҳолда шу оролда умрбод ёлғиз, дарвешона ҳаёт кечиришни хоҳлаб қоларди. Матрослар билан мулоқот, улар билан бирга яшаш унинг на маънавий, на руҳий эҳтиёжини қондира оларди. Пасткаш ва ўзига бино қўйган бу тоифа одамлар шамолларда соврилган хазон уюмини эслатар, улар ўта думбул ва истиқболда ўзларини кутаётган фожиалар ҳақида заррача қайғуриш тугул, бу ҳақда ўйламас ва билмас эдилар. У авжи тугалланиш арафасида қолиб кетган асарлари, тиббиёт муаммоларига бағишланган китоби – севимли машғулотлари ҳақида ичи ачишиб ўйларди. У ўзини бамисли илдизи билан суғуриб ташланган ва тақдир биёбонларида қуриёзган дарахтга ўхшатар эди. Кеча-ю кундуз ўзини истиқболда ўткир найзалар ва ажал ўтини пуркаётган тўплар кутаётган сарҳадларга юборишлари ҳақида ўйларди. Унинг учун бу оламда Шекспир билан Сиддан ўзга қадрдони йўқ эди. Айниқса, у Сидни, эҳтимол, дунёқарашларида уйғунлик борлиги учунми, астойдил яхши кўрарди. Шу сабабли ҳам уни сержант зулмидан асрашни ўзининг бурчи, деб ҳисобларди. Сиднинг билим доирасини ҳисобга олмаган тақдирда ҳам, унга топширилаётган оғир вазифалар инсон шаънини таҳқирлашдан бошқа нарса эмасди. У ҳабаш ўртоғи билан адабиёт ва санъат мавзусида суҳбатлашишни яхши кўрарди. Улар ой ёруғида сайр қилишни хуш кўришар, то инсон тақдири, борлиқ ва олам ҳақидаги декартона шубҳа-гумонларга берилмагунга қадар денгизнинг ранго-ранг товланишидан сел бўлиб юришарди.
VI
Люси шитоб билан учиб бораётган мотор товушини эшитар, шамолда сочлари тўзиб шодумон қийқирганча, денгизда сайр қилиб юрган дугоналарига ҳасад билан тикиларди. Сув тобора кўпайиб борарди. Қуёш елкаларни обдон қиздирмоқда эди. Пастлаб учаётган самолётнинг гуруллагани эшитилди. Люси ҳамон укаси билан ғамгин ўтирарди. Бенни Вильямсни унинг аҳволи заррача қизиқтирмайди. У мағрур, ҳеч нарсани кўрмаётгандек ёки билмайдигандек ўзини овсарликка солади. Аввалги шанба ҳаммаси ўзгача эди, улар қайиқда ёнма-ён ўтириб эшкак эшишар, ям-яшил денгизнинг тиниқ сувида ўйноқлаб сузаётган балиқларни томоша қилишдан чарчамас эдилар. Айни пайтда Бобби Сид билан ўйнаб ўтирарди. У ҳатто Боббини хўрозқанд билан ҳам меҳмон қилди, шекилли. Бўлмаса-чи, ҳабаш бўлса ҳам бирон нимада нафи тегмай иложи йўқ. Кейин эса, иккови қайиқнинг ортида, жарлик четида оёқларини сувга солиб ўтиришар экан, энтикишар ва бир-бирларига термилишар эди. Нақадар тотли лаҳзалар эди! Улар энди ўпиша бошлаган пайтда, кўз ёшларини оқизиб Бобби келиб қолди, афтидан, сержант Сидни яна қалъага бирор иш билан юборган бўлса керак. Галварс укаси эса ўзининг ташвишида зорланишини қўймайди: “Опажон, бир ўзим қўрқаяпман!” Люси, табиийки, Сиддан жаҳли чиқиб, унинг шаънига нолойиқ гаплар айтди, бетинг қурсин, қора таппи, деб қарғади. Беннининг аҳволини кўрсангиз эди шу тобда. Бу гаплар ноўрин, калтабинлик, деди. Қиз ҳам қизишиб, бир-иккитани қўндирди. Шу тариқа бир зумда ораларидан қора мушук ўтди. Люси укасини етаклаб, доктордан аразлаганча қумлоқ соҳилдан нари кетди… Тўғри, фильмлардагидек севишганлар ўртасида бунақа келишмовчиликлар бўлиб туради, лекин бир зумда ярашиб, икки юракнинг эҳтиросларга берилиши дилларни нақадар орзиқтиради. Бироқ Бенни тумшайиб олганча, у томонга қарашни ҳам истамайди. Ярамас қиз!
VII
Боббининг юраги сиқилади. Қуёш елкаларини қиздиради. Терисига ёпишиб қолган қум ғашига тегади. У ўрнидан туриб, ҳаммаёғини қоқади, қум доналаридан халос бўлиш учун бир-икки сакраб қўяди. Оёғи остига чиғаноқлар синиғи, майда тошлар тўкилади. Бироз енгил тортади. Сув томчиларига тўйинган муздек шамол сочларини тўзғитиб эсади, терлаган бўйни, қулоқларининг орқасига урилиши хуш ёқади. Шу чоқ моторли катернинг гуриллагани эшитилади, у денгизга, сирти оппоқ кўпикланиб қирғоқ сари бостириб келаётган тўлқинларга тикилади. Узоқда, худди Боббининг тунги столидаги жажжигина елканли кемага ўхшаган кема кўзга чалинади. Агар Люси шоширмаганида уни ўзи билан олиб келган бўларди, эсидан чиқибди. У шунақа кўп эшкакли қайиқчада сузишни жуда-жуда хоҳларди, яна Сид бошқариб юрган бўлса! Эшкакларни эшаверади, эшаверади. Нимаси у? Қайиқда бир нечта бола сузиб келмоқда эди. Ҳа, булар эртадан-кечгача қумлоқда оёқяланг юрадиган, жулдурвоқи болалар. Улар қароқчи-қароқчи ўйнагани келишяпти. Бир-бирларига имо-ишоралар қилиб соҳилга тушишди. Нега ҳаммаси тушмадийкан? Қайиқда келганлар хайрлашиб, яна эшкакларни қўлга олишди. Қайиқ ортга қайтди. Нега унақа қилишдийкан? Бобби сира тушунмади. Болалар ҳўл қумни босиб, яқинлашар экан, ёғоч қиличларини қиндан суғуришди, Бобби қумдан бино қилган қалъа билан чиғаноқлар устига ўғринча бостириб кела бошлашди. Ҳамла қилишмоқчими?.. Аттанг, Сид ёнида бўлганида эди! Бобби қўрқди, лекин шунга қарамай ўйинлари унга ёқа бошлади. Ташвиш чекадиган ери йўқ-ку. Қолаверса, ўзи ҳам уларга ўхшаган буканьер бўлса? Улар яқинроқ келганда, у ногаҳон: “Ўт оч! Ўт оч!” деб буюради-ю, қароқчилар тумтарақай бўлиб қочишади. Талафот чекишганига қарамай: “Бу довюрак бола экан! Ҳеч кимдан ёрдам кутиб ўтирмай ўзини ҳимоя қила олади. Уни капитан қилиб оламиз ўзимизга!..” – дейишади. Лекин улар Бобби ўтирган ерга қайрилиб ҳам қарамай наридан ўтиб кетишди. Эль-Моррога бўлса керак! Модомики, улар қароқчи экан, демак, Корсар қабридаги хазинани ахтаргани келишяпти. Бобби қалъадаги тепаликка ўрнатилган баҳайбат бутга қаради, ўша томонда прожектор нури порларди. Болалар деворга тирмашиб чиқа бошлашди. Ў, қанийди улар ўйинларига Боббини ҳам қўшишса! У тўлқинланади ва оёғи остидаги қумдан бино этган қалъасига тикилиб қолади. Нима кераги бор бунинг?
– Люси, буни қара! Денгиз қароқчилари! Улар билан ўйнагим келяпти! Юр, ўша ёққа!
Люси шу баҳонада Бенни ёнига яқин бориш ва у билан ярашиб олиш мумкинлигини сезди.
– Бўпти, Бобби! Юр тезроқ, борамиз!
У қўлини болага узатади ва улар кўҳна тошзиналардан чиқа бошлашади. Сербар поғоналар вақти-вақти билан кўтариладиган сув остида қолиб, ҳар қадамда дўнгликлар ва учи ўткир тошлар оёққа ботарди.
– Вой, оёғим, бошқа юролмайман, – деб зорланди Бобби.
Люси уни опичлаб олди, лекин боланинг оғирлигидан букчайиб қолди. У юқорига энди қанақа қилиб чиқишни билмай довдираб турарди. Гарчи аҳволи ваҳима кўтарадиган даражада бўлмаса-да, Беннининг эътиборини ўзига жалб этиш учун бундан фойдаланиб қолиш мумкин. Имкониятни қўлдан бой бергиси келмайди. У жон талвасасида чинқира бошлайди. Унинг бу ҳийласи самарасиз қолмайди: Бенни ёрдамга ошиқади, қарабсизки, ҳаммаси кинолардагидек ҳал бўлади.
Доктор Вильямс аввал болани кўтариб олади. Сўнг Люсига ёрдам бергани қўлини узатади, одатда, тийрак, қўл-оёғи чаққон қиз бирдан қилиқ чиқаради:
– Бир қадам ҳам босолмайман, – дейди у зорланиб, – оёғимни кесиб олдим. Оғрияпти жуда.
Анча уринишлардан сўнг Бенни қўлида кўтариб бўлса ҳам қизни юқорига олиб чиқади. Омади бор экан, чунки Люси енгилгина эди. У Люсини харсангга ўтқазиб қўйиб, товонларини кўздан кечириб чиқди. У ҳаддан зиёд ҳаяжонланарди, лекин, асосийси, энди ярашиб кетишади.
Қароқчилар майдончада у ёқдан-бу ёққа изғишар, ҳуштак чалишар, имо-ишоралар қилиб чинқиришар, “Қих! Қих!” деб гўё ўқ узишар ва ҳатто қўлларида кўтариб олган таёқлари гўёки қиличдек, жангга киришарди. Бобби уларга ҳавас-ла боқарди.
– Люси, уларга бориб қўшилсам майлими?
– Бор, борақол, Бобби, ўшалар билан ўйнай қол, – дейди Люси укасидан қутулиб Бенни билан ёлғиз қолганига суюнаркан (нақадар ширин лаҳзалар!).
– Улар юқорига чиқиб кетишяпти, – дея огоҳлантирди Бобби.
– Жудаям яхши. Бор, ўшалар билан чиқавер, мени тинч қўйсанг бўлгани.
Беннининг ёнига борган Люси бир нимадан норозидек тумшаяди, боя унга бир қараб қўйишни лозим топмади-ю! Интиқом туйғуси юрагини ўртамаётган бўлса ҳам у гина қилишни қўймасди. Люси яна жароҳатланган оёғини эслаб зорланди. Чўкка тушиб олган Бенни унинг оёқларини меҳрибонлик билан силади ва шу тариқа Люси интизорлик билан кутган фароғатли онлар бошланди.
VIII
Болалар ёнига яқинлашиб борган сари Боббининг юраги орқага тортарди. Улар билан жудаям ўйнагиси келарди-ю, лекин юраги дов бермасди. Нима бўлган тақдирда ҳам, мана ўзлари пайқаб қолишди. Бирпасда уни ўраб олишди. “Сен кимсан?” – “Мен капитанман”, – деб жавоб қилди заифгина овозда Бобби, унинг овозини эшитиб, улар хохолаб кулишади, лекин худди янги ўйинчоқ топиб олишгандек хурсанд ҳам бўлиб қўйишди. Текин томоша топилди уларга. Ҳаммалари унинг келганидан оғзи қулоғида. “Қойил, тўғри, сен капитансан!” – уларнинг ўйинлари янаям жонланадиган бўлди.
Люси билан Бенни бир-бирининг пинжига суқилишиб суҳбат қуришади. Четдан қараган одамга иккови ҳам бир-бирини еру кўкка ишонмаётгандек туюлади. Лабларида хоҳиш-истакнинг ҳуркаккина ифодаси парпирайди. Люсининг худди бир нимани илтижо қилиб сўрашга чоғлангандек сузилган кўзлари интизорликдан юмилиб кетади. Қумлоқда, улардан пастроқда чўмилишга келганлар офтобда тобланиб ётишгани чатоқ бўлди-да! Кўриб қолишлари мумкин. Бенни жуда уятчан, асти ботинолмайди. Бирон кўздан холироқ ерми, ғор-порми ёки тошлар орасида хилватроқ жойда бўлишгандами… Дафъатан Люсининг хаёлига Беннига балиқ овлаш учун ўзи қўйган тўрларни кўрсатиш фикри келди.
– Сенинг кондаги – сув ости қояларидаги тош шамдонларга кўзинг тушдими?
Теварак-атрофда Бенни билмайдиган хилват гўшалар қолмаган эди, бироқ у ўзини соддаликка солди.
– Қаерда дединг?
– Қоятошлар ортида…
– Ўша ёққа олиб бормайсанми мени?
– Бажонидил! Шунақа зўр жой! Кўрсанг, қотиб қоласан!
Люси тушунтирган ерга бориб, улар балиқларни томоша қилишди, шамдонларни эслатувчи тош ўнгирларни кўздан кечиришди, оёқларини сувга осилтириб ўтиришди, шу вақт ичида бўсалардан уларнинг тили калимага келмай қоларди.
IX
Бобби билан ўйнаш қароқчиларнинг жонига тегди, улардан бири Эль-Моррога ҳужум вақти етди, деб эълон қилди.
Ҳаммалари жўр бўлиб: “Олға! Забт этишга тайёрмиз!” – дея қичқиришди ва юқорига ўрлай бошлашди.
Бобби уларга эргашди. Буни кўриб қароқчилар:
– Ортимиздан юрма! – деб қичқиришди унга.
– Сизлар билан ўйнагим келяпти…
– Афсуски, сени у ерга олиб боролмаймиз. Қайт орқангга! Қайт!
– Қайтмайман!
– Сенга айтяпмиз, қол. Агар сенга бирон нима бўлса, биз жавоб бермаймиз.
Ҳаммалари бирдан югуришга тушишди. Бобби анча орқада уларнинг изидан келаверди. Бу шумтакалар тошбут ёнида бир нафас тўхташди, холос, сўнг яна юқорига кўтарилиб кетаверишди. Бирдан Бобби уларни кўздан йўқотиб қўйди, лекин югуришдан тўхтамади. У аввалига орқада қолиб кетдим, деб ўйлади. Қандоқ қилиб бўлмасин етиб олиши керак. У буталарга, тошларга осилиб, юқорилаб бораверди. Ниҳоят, тепалик чўққиси кўринди, бироқ болалар ҳамон югуришдан тўхташмасди. Улар энди Эль-Морронинг орқа томонидаги сув ости қоятошларига сирпаниб туша бошлашди. Бу ерлардан юравериб, ўрганиб қолишгани учун қийналишмасди. Бобби ҳолдан тойди ва оёқлари ўзига бўйсунмаётганини пайқади. Бир амаллаб бута шохлари ва лианаларнинг гажагидан ушлаб илгариларди. Оёқлари тойиб, ўзини ўнглолмай йиқилади ва тупроқ ҳамда қуриган япроқ устидан анча ергача думалаб боради. Бир амаллаб ўрнидан туради, пича нафасини ростлаб ўтириб олади. Чақиртиканак кирган бармоғи ачишади. Болалар уни кўришмайди, бироқ Бобби бута шохлари оралаб уларни кузатиб туради. Қароқчи болалар қоятош устида гулхан ёқишади. Бу ирғишлашлари, бу қичқириқ ва югур-югурлари боис улар яқинда Бобби кўрган фильмдаги чинакам корсарларга ўхшашади. Улардан бири тошдан-тошга сакраб, сув остидан чиқиб турган қоятош бўйлаб бориб бир дўнгликка чиқади ва бармоқларини дурбин қилиб атрофни кўздан кечиради. Сўнг қўлини силкиб бошқаларга ҳеч ким йўқ, дегандек ишора қилади. Зум ўтмай янаям юқорига чиқиб, яна, фақат бу сафар бир жуфт бармоғини оғзига тиқиб чийиллатиб ҳуштак чалади. Болалар шодиёна қийқириқ билан жавоб қайтаришади. Шу пайт қайиқ пайдо бўлади: бояги орқаларига қайтиб кетган қароқчилар. Улар гўё хазинани қўлга тушириб, кеманинг келиши шарафига гулхан атрофида ирғишлаганча кутаётган шерикларини олиб кетмоқчи. Баҳайбат кема, турган гапки, қирғоққа яқин келолмайди, оқибат ҳар ким ўзича кемага бориш йўлини ахтаради. Кимдир тошлар узра, кимдир эса сувда сузганча бормоқчи бўлади. Ниҳоят, бирин-сирин ҳаммалари кемага чиқиб олишади ва хазина ортилган кемада ортга равона бўлишади.
Бу шоду хуррам жўнаб кетиш Боббининг ўксиган юрагини тирнайди. Пастга тушаётганида ҳам у қароқчилар ҳаётининг шодиёна суронларини узоқроқ кўриб қолиш умидида тўхтаб, кемага термилиб қолар, хаёлан ўша томонга талпинар, қаерда ва қай аҳволда турганини эсдан чиқариб қўяр эди. Аммо, афсуски, кема қирғоқдан узоқлашиб борар, капитан томоғини йиртгудек: “Тўхтанглар!” – дея бақирарди. Бунақа шовқин-суронда унинг овози эшитилади дейсизми?! Бобби йўлида давом этади. Қоқилиб-суқилиб, охири соҳилга етиб келади. Лекин бу уринишидан фойда йўқ, чунки қароқчилар аллақачон ўзлари ном қўйиб олган Эзгу Умидлар бурнидан ўтишяпти. Кўнгли ўксиган Бобби энди уларни қайтаришдан умид йўқлигини тушунади. Ўртоқлари уни кимсасиз оролда ташлаб кетишди, энди эса, у киноларда кўп кўрганидек, болаларни ўтда пишириб ейдиган қизилтанли ваҳшийлар ёки одамхўрлар пайдо бўлади. Улар болаларни тутиб келиб, қайнаб турган қозонга ташлашади ёки оловда пиширишади, ўзлари эса ваҳшийларча қийқириб, ирғишлаб гулхан теварагида рақсга тушишади. Боббининг юраги дукиллаб ура бошлайди, томоғига бир нима тиқилгандек бўлади ва бу ранжиган капитаннинг кўзларига ёш қуйилади.
Қош қораяди. Тумшуғи йирик, катта-катта қанотли ваҳший қушлар қоялар узра қағиллаб айланишарди. Боббини ваҳм босади. У қароқчи бўлишни хоҳламайди, опасининг олдига боргиси келади.
– Люси! Люси!
Унга ҳеч ким ёрдам беролмайди. Бобби юрагига қўрқув солаётган чакалакзор орасидан ўтиб, юқорига кўтарила бошлайди. Нолийди, дийдиё қилади. Оёқлари тойиб кетади, лекин бута шохидан ушлаб қолади. Йиқилади, бир амаллаб ўрнидан туради, бир-икки қадам босмай яна йиқилади, бироқ судралиб бўлса ҳам олға юради. Йиқилганда қайрилиб кетган қўли оғрийди. “Oh, my Lucy, my Lucy!” Ўткир игнали шохлар гўё уни ушлаб қолмоқчидек қўйиб юбормайди. Уларнинг чангалидан минг бир азоб билан юлқиниб чиқиб ҳам енгил тортмайди, яъни улардан қутулолмайди, қаттиқ симдек тиканлар тирнаган қонталаш билаклари оғрийди. Кўз ёшларидан юзи шишиб кетган Бобби машаққат чекиб бўлса ҳам тикка қояни ошиб ўтади. Оёғи остида бир неча тош кўчиб пастга гумбурлаб тушади. Қаёққа қарама, тўрт томондан ҳар хил даҳшатли илонлар судралиб чиқади, узун тилларини чиқариб вишиллайди. “Люси! Люси!” Қўли ачишиб оғрийди, бу ҳам етмагандек оёғига нимадир ботади. Қоронғи тушиб қолган. Ваҳимали қушлар шохдан-шохга сакраб юради. Яхшиямки, Бобби тепага чиқиб олди. Бу ердан қумлоқ кафтдек кўринади. Ўзи қурган қўрғон турганмикан? Эҳ, тўлқинларни қара. Сув ҳалиям кўтариляпти. Опаси: “… сув кўтарилгунча”, деб огоҳлантирган эди-я! Бобби бурилишгача бориб бирдан тўхтаб қолади. Олдинда – йўл чеккасида бут шуълаланиб турарди. Сиднинг: “Бу ерда аллазамонлар қароқчилардан бири дафн этилган”, – деган гапи эсига тушади. Эҳ, худойим-ей, энди Боббининг уларни кўргиси ҳам келмасди. У: “Люси! Люси!” деганча, орқа-олдига қарамай қочишга тушди.
X
Сиднинг жони чиқарди. У прожекторларни тозалаб, ялтиратиб қўйди, лазаретни тартибга солди, ўзига топширилган топшириқларни бажарди. Лекин ҳеч қаёққа кетмай ўтирибди. Деразадан Бенни билан қўлтиқлашиб олган Люси Лавингни кўрди. Қоялар ортида нималар бўлганини у тахминан фаҳмлади. Боббига бирон нима бўлмадимикан? Нега улар билан бирга эмас? Сид белига қадар яланғоч аҳволда майдончага чиқиб борди. Бола у ерда ҳам йўқ. Унга бирон нима бўлмаганмикан? Фалокат юз берган бўлмасин-да, ишқилиб! Тўлқинлар сурон солиб қирғоққа урилади. Сувга тушиб кетмагандир, қумлоқ тарафдан ғалати шовқин эшитилди. У ўша томонга қаради. “My God!” Одамлар нега шовқин солишяпти? Ҳа, матрослар-ку, қизлар ҳам бор, шекилли, машғулот ўтказгани келишган бўлса керак. Ажабо, улар бир нимани кўтариб олганга ўхшайди, важоҳатлари ҳам бошқача. Шу пайт: “Докторни чақиринглар!” деган овозлар эшитилди. Сид хавотирга тушди. Асабийлашиб олдинга чиқиб олди. Одамлар эски зинапоядан чиқиб боришарди, ҳар доимгидек маст Мак Кой уни итариб юборди:
– Бу ерда сен нима қиляпсан, қора таппи? Югур, бор, докторни тез чақириб кел! – дея ўшқирди.
Лекин Сид унга аҳамият ҳам бермади. У ёш дўстининг жасадини кўрмоқчи бўларди, холос. У лаънати сержант тепкисидан қочаман, деб оломон орасига кириб кетди. Уларга қўшилиб юқорига чиқиб олди, бу ердан ҳамма нарса очиқ-равшан кўринади. Сид енгил тортади. Хайрият, Бобби эмас экан.
Кимдир апил-тапил воқеани гапириб берарди:
– Бу матросга найзабалиқ ҳамла қилди. Тезроқ игналарни баданидан олиб ташлаш керак.
Жароҳатланган матрос инграрди: “Ё худойим, ўзинг мадад бер!” Унинг товонида ҳам санчилган балиқ игнаси осилиб турарди. Сид игна кирганда қанақа оғриқ беришини билади, бироқ, айни пайтда, бу Бобби эмас, бошқа одам эканидан қувониб ирғишлайди. У ёнига сержант келаётганини сезиб, бир сакраб ташқарига чиқиб олади ва Бенни билан Люси ўтирган тошлар ортига югуради. Илгари у Боббини кўрган-кўрмаганлиги ҳақида Люсидан сўрашга ботинолмасди, чунки қиз ўзини ёқтирмаслигини биларди. Лекин энг ёмони, айтинг-айтинг, Бенни билан ўпишаётгани устидан чиқмасин-да. Аммо…
XI
Люси Беннининг қучоғида эркаланиб, кўзларини юмиб ўтирганида шовқин-сурон кўтарганча лаънати ҳабаш тепаларида пайдо бўлди.
– Доктор, тезроқ борар экансиз, фалокат юз берди!
Бенни сапчиб ўрнидан турди-да, сочларини тузатиб, шоша-пиша лазаретга қараб югурди, йўлда кетаётганда негадир Люсининг ойдек чеҳраси, дудоқлари кўз олдига келди-ю, ҳали узр сўраб қўйиш лозимлигини ҳис қилди.
Унинг ортидан келаётган Сид Боббини эслаб, бирдан тўхтайди. Нима қилиш керак? Опасидан сўраш унинг хаёлига ҳам келмади, чунки ўзига бўлган муносабати қанақа эканини билади, айниқса, ҳозир, тепасига бостириб борганидан кейин, заҳрини кимга сочишни билмай ўтирибди.
“Бети қурсин ўша қораялоқнинг!” деб лаънатларди уни Люси. Уни шунчалик ёмон кўриб қолгандики, асти қўяверасиз. Номини эшитса, ўрнидан туриб кетади. Вой, безбет-ей! Адабини бериб қўймасами?! Ўзидан кўрсин, тавия, қўтир жомашов!
Ногаҳон укаси ёдига тушди: “Бобби қаерда қолди? Қоронғи бўлса… Қаерда у? Ҳа, қароқчилар ортидан кетганди, – деди у ўзини юпатиб. – Лекин тоғда адашиб қолган бўлса-я! – Бу хаёлидан ўзи ҳам қўрқиб кетди. – My God! Тоғда ҳаммаёқ илон-ку!”
– Бобби! Бобби!
У шоша-пиша кетаётганда дарахт ортида беркиниб турган Сид бирдан йўлини тўсиб чиқди ва меҳрибонлик билан сўради:
– Нима бўлди сенга?
Люси сапчиб тушди, қўрққанидан қичқириб юбораёзди. “Негр”, деб ўйлади. Зимзиё қоронғиликда йўлини тўсиб чиққанидан хавотирга тушди. Онасининг: “Негрлардан эҳтиёт бўл, қизларни зўрлаб, кейин тошбўрон қилишади”, деган ваҳимали гапи шу онда эсига тушса бўладими?! Бироқ Бобби илонлар маконида бўлса керак. Онасига нима дейди? “Укамни…” Йўқ, йўқ, бўлмаган гап, улар одамхўр эмас… лекин ўлдириб юборишлари мумкин-ку, ахир…
– Югур! Бобби тоққа кетган.
Сиднинг тоғ бағридан юқорилаб кетаётганини кўриб, Люси енгил тортди. Ўзи эса лазарет томон югурди.
Люси саросима ичида лазаретга етиб келди. Сочларини тузатиб, нафасини ростлаш учун тўхтади. Сиднинг қандай бўлмасин, укасини топишига ишончи комил. Қаерда бўлиши мумкин? У одамлар орасидан докторни излади. Операция қиляпти, дейишди унга. Унинг кўнгли сира жойига тушмасди. Қизларнинг маст-аласт денгизчилар билан шовқин-сурон солаётгани ҳам уни заррача қизиқтирмасди. Боббига бирон кор-ҳол бўлса, ойимга нима дейман?
Айрим денгизчилар машғулотни бошлаб юборишганди. Прожекторларни ўрнатишган, пулемётларни созлаб қўйишган. Ҳаммалари ҳужум бошлашга буйруқ кутишарди. Шу пайт сержант Мак Койнинг хириллаган овози янграйди:
– Ҳамма жой-жойига!
XII
Бобби ғира-шира қоронғилик қўйнида югуриб борар, хаёлидан ўлик қароқчи кетмасди. Шунчалик ваҳимага тушганидан пляжга олиб борадиган йўлдан адашди. “Люси! Люси!” У йиқилади, яна туради. Кўз ёшлари тумандек тўсиб, ҳеч нарсани кўрмай қолади, тусмоллаб олдинга юради, қоқилади, суқилади, лекин тўхтамасликка ҳаракат қилади. Ҳаммаёқда митти чўғлар милт-милт нур сочади. Булар кўршапалаклар экани ёдига тушар, лекин шунда ҳам хотиржам бўлмас, балки айни лаҳзаларда юрагини қамраган қўрқув ҳиссини кучайтирарди. Уларни ёмон кўради. Аллақандай қичқирган овозлар, ҳуштаклар. Ниҳоят, катта йўлга чиқиб олган пайтда, оқиш ва бошсиз баҳайбат арвоҳга рўпара бўлади. У Боббининг устига бостириб кела бошлайди. Бобби дод солганча тепалик ёнбағридан пастга қараб югуради. “Люси! Люси!”
У ўзини таъқиб этиб келаётган арвоҳнинг сўник овозини эшитади:
– Тўхта! Тўхта, деяпман, Бобби… Бобби… Бобби!
Унинг заиф бадани буталарнинг қаттиқ тиканлари ботаётганини ҳам сезмайди. У ўмбалоқ ошиб, туриб, ваҳима ичида шохлар оралаб пастликка ғизиллаб тушиб борарди. Мурданинг қадам товушлари, худди тобутдан чиқаётгандек мудҳиш ҳарсиллаши тобора яқинлашиб келарди:
– Боoб-би! Бообб-би!
Матросларнинг оқиш, дағал кўйлаги ҳамда кечаси, қоронғилик қўйнида кўринмай қоладиган ўзининг афти-ангоридан Боббининг ўтакаси ёрилганини Сид тушунди ва хавфли ҳудудга кириб кетишидан аввалроқ унга етиб олмоқчи бўлди. Сид прожектор ёқилганидан ана-мана ростакам ўқларнинг ёмғирдек ёғилишини фаҳмлади. Машғулот бошланган эди. Нима бўлишини ҳеч ким олдиндан айтиб беролмайди. Фақат бу ердан тезроқ кетиш зарур. Нима бўлган тақдирда ҳам. Жанг қилаётган буюк салтанатнинг матроси ўзини қурбон қилиши шарт. Биринчи галда болани сақлаб қолиш лозим. Сид болага етиб олиш учун янаям тез югура бошлади ва “Боооб-би! Бооооб-би!” дея дам-бадам чақира бошлади.
XIII
Люси қалъа тарафдан кўз узмайди. Сира ўзини босолмайди, асабийлашади, тинмай титрайди. Ҳабаш бола билан аллақачон келиши керак эди. Бунча қолиб кетишди? Энди нима қилди? “Ёрдам! Ёрдам беринглар!!!”
Унинг ёнига сержант Мак Кой югуриб келади.
– Ёрдам беринглар! Ёрдамга!
– Нима бўлди? – деб қичқиради сержант.
Бошқа денгизчилар хайрихоҳлик билдириб, уларни қуршаб олишди.
Люси телбаларча чинқиради:
– Негр! Югуринг! У мени зўрламоқчи бўлганди. Энди укамни тутиб, ўлдириб қўяди. Ана, тепада! У қутурган, телба!
– Ким? Сидми? – деб сўрайди сержант. – Итвачча! Ўзим ҳам шундай деб ўйлардим-а. Йигитлар, шайланинг! Эль-Моррони ўраб олиш керак! Гир айланасига! Прожекторларни кўпайтиринглар!
Матрослар мастлик шарорасида “итвачча”ни қўлга олишга кетадилар. Шу дафъа боланинг додлагани ва “Бооооб-би! Бооооб-би!” дея бўкирган наъра эшитилади.
– Тезроқ прожектор келтиринг бу ерга, тезроқ! – деб ўшқиради сержант.
Прожекторларнинг кучли нурлари буталар оралаб югуриб келаётган бола билан унинг ортидан қувиб келаётган кимсани ёритади.
– Тайёрланинг! У қуролланган бўлиши мумкин. Ўқ узса, ўт очинг!
Ҳамма ерга ётиб олганди.
XIV
Беморни операция қилган Бенни Вильямс қўлида игна билан қувноқ кайфиятда чиқиб келади, бироқ чироқлар шуъласини кўриб машғулотни бошлаб юборишибди, деган хаёлда бунинг фойдаси йўқлигини тушуниб игнани отиб юборади-да:
– Бошландими? – деб сўрайди.
Люси Лавинг жазава ичида ҳўнграб йиғлаганча унинг бўйнига осилади.
– Нима бўлди сенга, Люси?
Унинг тили калимага келмайди. Қақшаётган асаблар билан ўкраб-ўкраб тўкаётган кўз ёшлари бунга монеълик қилади. Бенни кўнгилсиз ҳодиса юз берганини фаҳмлайди. У қизнинг елкаларидан ушлаб қаттиқ силкитади, сўнг ўзига келтирмоқчи бўлиб бир-икки тарсаки уради. Люсига бу таъсир қилмайди.
– Менга қара, нима бўлди?!
Ниҳоят, у жавоб беради. Бенни нима гаплигини тушунади-да, шошиб қолади.
– Сержант! Сержант!
Худди шу пайтда чакалакзор ичидан дод солиб Бобби чиқиб келади. Унинг ортидан ҳаллослаб югурганидан афти қийшайиб кетган Сид пайдо бўлади. Сид чинданам қўрқинчли кўринарди. “У болани ўлдириб қўяди”, деб ўйлашарди денгизчилар.
Пулемётнинг тариллагани эшитилади.
Бенни жон-жаҳди билан қўл силкиб, бақирганча югуради.
– Шошманглар! Тўхтанглар!
Жимлик чўкади, ёлғиз денгизнинг шовуллаши эшитилади, холос. Тўлқинлар қирғоққа шиддат билан урилади.
Ногаҳон ўқлар ёмғирига дуч келган Сид бирдан қоқилгандек мук тушиб йиқилади. Унинг миясидан: “Болакай хавф-хатардан қутулиб қолди”, деган фикр ялт этиб ўтгандир, эҳтимол. Энди негр оқтанли болани ўлимдан сақлаб қолди, деб ҳамма уни яхши кўриб юради. Лекин нега бола ерга ётиб олди? Шумтака-ей. У муғомбир қароқчилар ўйини давом этаяпти, деб ўйлаган, шекилли. “Йўқ, Бобби, бу ердан кетиш керак, тезроқ. Ҳарбий машғулот бошланибди”. У боланинг ёнига келади. Уни кўтаради. “Бўлди энди, ўтюрак қароқчи, кўзингни оч, бўлмаса ҳамма сени чарчаб ухлаб қолибди, дейди, мен ҳам”. Сид бармоқлари – қурол ва картошка тозалайвериб, қадоқ босиб, дағаллашиб кетган шоирнинг бармоқлари орасидан илиққина, ёпишқоқ нимадир оқиб тушаётганини сезмайди. “Анови шеър эсингдами? Унда нима дейиларди? “I am American too” . Оёқлари беихтиёр чалишиб кетади. Ёш пардаси кўзларини қоплайди. Қулоғига болани сақлаб қолгани учун уни шарафлаётгандек денгиз шовқини чалинади. Унинг фаҳмига қадрдон ва садоқатли дўстининг болани қўлидан олиб, йиғламсираган кўйи:
– Бечора Бобби! У ҳалок бўлди! – дегани етиб келмайди.
Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 11-сон