Муштарийимиз З.Агниянинг илтимосига кўра, бугун таҳририятимизга таниқли киноактриса Елена Премьерова ташриф буюрдилар. Томошабинлар уни “Камбағал қиз” фильмидаги камбағал қиз, “Биринчи гўзал” фильмида ўйнаган биринчи гўзал, “Дудочка ва кўзача” фильмида яратган Глафира Фоминична Дудочка образлари орқали яхши биладилар.
– Елена, сиз киноактрисаликка узоқ, анчайин машаққатли йўлни босиб, роппа-роса ўн етти йил деганда келганингизни яхши биламиз.
– Мен бу йиллар ҳақида афсусланмайман. Улар менга кинодаги бўлғуси фаолиятим учун кўп нарсаларни берди. Ахир, мен ўша ўн етти йил давомида туғилдим, болалар боғчасида тарбияландим, ҳатто мактабни ҳам битиришга улгурдим…
– Ҳа, кейин сизнинг кинематографияга кириб келишингиз қандай кечди?
– О, ҳаммаси бахтли тасодиф туфайли. Режиссёр Заклонов менга ўзининг янги фильмида бош ролни ўйнашни таклиф қилди. Мен болалигимда бу таниқли режиссёрнинг фильмларидан руҳланиб юрардим.
– Чамаси, бундай ёқимли таклифни қандай қабул қилганингиз ўқувчилар учун қизиқ.
– Бу мен учун мутлақо кутилмаганда содир бўлди. Режиссёр таклифини ошхонада, нонушта пайтида айтди. Айтишни унутибман, Заклонов – менинг отам.
– Жуда қизиқ янгилик. Сизнинг биринчи ролингиз санъатшунослар эътиборини тортди ва матбуотда юқори баҳоланди…
– О, булар ҳам тасодифий. Киношунослик факультети талабаси “Кино, бу – санъат” журнали таҳририятига амалиёт ўташга келганда, муҳаррир унга мен ҳақимда мақола тайёрлашни буюрди.
– Чиндан ҳам тасодиф. Буни қандай изоҳлайсиз?
– Тасодифни қандай ҳам изоҳлаб бўларди? Фақат яна битта тасодиф: муҳаррир, киношунослик фанлари номзоди Агния Петровна Заклонова – менинг онам.
– Бу ерда сизнинг омадингиз чопибди, амалиётчи талаба айнан шу муҳаррирга тўғри келибди.
– Ҳа, албатта! Бунинг устига ўша талаба менинг туғишган опам бўлиб чиқишини ким туш кўрибди, дейсиз.
– Бошдан-оёқ тасодифлар. Ҳа, сизнинг сўнгги фильмингиз Қуйи Волокушдаги фестивалда биринчи ўринни олгани ҳам тасодифми?
– Шубҳасиз. Кутилмаганда ҳакамлар ҳайъати таркибига бош бошқарма ходими Борис Сергеевич Премьеровни киритишди, унга бизнинг фильмимиз фавқулодда ёқиб қолди…
– Борис Сергеевич бу…
– Ҳа, бу менинг эрим.
– Қуйи Волокушда биринчи ўринга лойиқ топилган фильм Каннда ҳеч вақо ололмагани ҳам тасодифми?
– Албатта, тасодиф. Аммо бахтсиз тасодиф. Кейинги пайтларда Борис Сергеевич делегация таркибига қўшилмаяпти.
– Сўнгги анъанавий савол: яқин келажакда сиз яна қандай бахтли тасодифларни режалаштиргансиз?
– Бугун-эрта мен мутлақо кутилмаганда янги фильмга бош роль учун таклиф қилинаман. Бунда мени бутунлай ҳайрон қолдириб, уч ойлик қизим Алина ва мушугимиз Мурка суратга тушиши тақдимот куни маълум бўлади. Фестивалнинг бош мукофоти билан тақдирланишим ҳақидаги ахборот ҳам мен учун кутилмаган янгилик. Самарали ижодим ҳақидаги монография нашрдан чиққани ҳақидаги шов-шув бошга қордек ёғилади.
– Раҳмат, Елена, сизнинг ёрқин, бетакрор истеъдодингиз мухлислари барча кутилмаган тасодифларга эътиборли бўлишади.
– Дарвоқе, мен ҳам, ўз навбатида, сизнинг газетангизда номим чиқишидек имконни берган бахтли тасодифдан миннатдорман.
– Ҳа, буям тасодиф-да, сиз билан бизнинг дала ҳовлиларимиз ёнма-ён эканини ким ҳам билибди!
Рус тилидан Ҳабиб Сиддиқ таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2016 йил, 12-сон

