Ёзнинг охири, кечки соат беш, уфқда оппоқ булутларни кесиб ўтган чизиқ кўзга ташланади. Уч моторли «Боинг 727» реактив самолёти 28 минг фут баландликда парвоз қилмоқда. У Теннесси дарёси водийсига яқинлашмоқда. Самолёт Кеннеди номидаги Ню-Ёрк аэропортидан Янги Орлеанга йўл олган.
Радист тор эшикдан бир амаллаб ичкарига кирди, ҳаво кемаси командирига дўстона бош ирғади, пулт ёнига ўтириб, қулоғига гўшакни тақди ва турли тугмачаларни бирин-кетин босиб чиқди. Командир бир неча сония радистга тикилиб турди, унинг юзида ҳеч қандай хавотирни сезмади, сўнгра елкаси оша пастдаги манзарага кўз ташлади. Сув юзасида қуёш нурлари жилва қиларди. Командир микрофонга энгашди, йўловчилар салонига эшиттирилаётган мусиқани ўчириб, микрофон тугмасини босди.
-Хонимлар ва жаноблар, кема командири гапиряпти. Пастда, ўнг томонимизда Уоттс Бар кўли жойлашган. Чап томондаги йўловчилар тўғон ва Чикамауга кўлини кўришлари мумкин. Олдинги ўриндиқларда ўтирган кўзи ўткир йўловчиларимиз эса Смоуки тоғи манзарасидан баҳраманд бўлишлари мумкин…
У микрофонни ўчирди, яна мусиқа янгради. Шу пайт ички сўзлашув ускунасининг чироғи ўчиб-ёна бошлади. Командир тугмачани босди.
-Эшитаман?
-Командир, мен Клариссаман. Бизда нохуш ҳодиса юз берди.
-Қанақа нохуш ҳодиса?
-Бир йўловчи Милли билан бирга ҳожатхонага қамалиб олди.-Стюардессанинг овози ташвишли эди.-Бу шилқимлик эмас, командир. Бу самолётни эгаллаб олишга уриниш.-Қиз хотиржам сўзлашга ҳаракат қилар, аммо овозидаги ҳаяжон билиниб турарди.
Радист ҳайрон бўлганча командирга ўгирилди. Иккинчи учувчи ўрнидан турмоқчи бўлди, аммо лайнер командири Литтлжон унга ўтиришга ишора қилди.
-Қўриқчиларимиз қаэрда?
-Биттаси ёнимда…
-Йўловчилар билишдими?
-Улар ҳеч нарсани сезишгани йўқ. Ҳозирча.
-Жуда яхши. Билмай қўя қолишсин. Гўшакни қўриқчига бер.
Қисқа жимликдан сўнг эркак кишининг овози эшитилди:
-Салом, командир. Менимча, мана бундай бўлган: йўловчилардан бири ҳожатхона ёнидаги хонага кириб олган ва бунга ҳеч ким эътибор бермаган. Сўнгра стюардессага тўппонча ўқталиб, уни ҳожатхонага киришга мажбур қилган. Мен стюардесса билан ташқарида туриб гаплашдим. Унга ҳеч қандай зиён етмаган, аммо унинг айтишича, анави кимса тўппонча ва пичоқ билан қуролланган, қўлида эса нитроглитсеринли шиша бор экан.-Қўриқчи йўталиб қўйди.-Нима қилишимни буюрасиз?
-Ҳеч нарса,-жавоб қилди командир тез ва қатъийлик билан.-Жойингизга қайтинг. Музокарани Кларисса олиб борсин. Мен эса Янги Орлеан билан боғланаман ва керакли кўрсатмаларни оламан.
Радист Янги Орлеандаги диспетчерлик бўлими билан боғланишга киришди.
-Кларисса,-чақирди командир ички алоқа ускунаси орқали.
-Ҳа, командир?
-Ҳожатхона эшигига «ҳожатхона таъмирда» деган ёзувни илиб қўйинг. Милли тузукми?
-Ҳа, сер. Бир дақиқа… у нимадир деяпти… Командир? Унинг айтишича, босқинчи йўналишни ўзгартиришни ва Жексонвиллга учишимизни талаб қиляпти экан. Ёқилғи қуйиш учун.
-У қаэрга учмоқчи экан ўзи? Ёқилғимиз Кубагача учишга етади. Миллига айт, бу самолёт «747» эмас.
-Хўп, сер. У бошқа ҳеч нима демади.
-Босқинчининг исми нима экан?
-У хартфордлик Чарлз Вагнер номига чипта олган. 16-С ўриндиқда жойлашган. Мен унга таом келтириб бергандим…
-Кўриниши қанақа?
-Ҳаммадақа,-деди Кларисса.-Ёши ўттизларда, сочи ўсган…
-У кўп миқдорда спиртли ичимлик ичганмиди?
-Йўқ, фақат пиво. У маст эмаслигига ишончим комил. Мен нима қилай?
-Ҳеч нарса. Ҳожатхона эшигига ёзувни илиб қўйишни унутма. Агар бирор нарса…
-Янги Орлеандаги диспетчерлик бўлими. Улар алоқада,-радист командирнинг гапини бўлди.
-Фалокат сигнали йўлланг! Самолётда босқинчи бор,-деди командир микрофонга.
-Шартлари?
-У стюардессамиз билан ҳожатхонага қамалиб олган. Қуролланган, қўлида нитроглитсеринли шиша ҳам бўлиши мумкин.
-У қаэрга учмоқчи?
-Ҳозирча Жексонвиллга. Ёқилғи қуйиш учун.
-Алоқада қолинг,-деди диспетчер.-Мен раҳбарият билан гаплашиб кўраман.
Командир бир нуқтага тикилиб қолди. Орага жимлик чўкди. Бирпасдан сўнг қитирлаган товуш эшитилди. Энди бошқа одамнинг овози келди.
-Командир Литтлжон? Бу Янги Орлеан хавфсизлик хизмати. Йўналишни ўзгартиришга рухсат берилди, Жексонвиллга учинг.
Иккинчи учувчи шу заҳоти парвоз харитасини ўрганишга киришди. Кескин бурилиш ҳисобига лайнер бир томонга сал қийшайди. Командир бунинг сабабини йўловчиларга изоҳлашга киришди.
-Хонимлар ва жаноблар!-деди у микрофонга.-Йўловчиларимиз Теннесси дарёси водийси манзарасидан баҳраманд бўлишлари мумкин…
Самолёт жануби-шарқ томон бурилди. Хавфсизлик хизмати ходимининг овози эшитилди.
-Яхши ўйлаб топдингиз, командир. Ҳозир Жексонвилл хавфсизлик хизмати билан боғланинг. Улар хабардор бўлишлари лозим. Биз ҳам сизларни кузатиб турамиз.
-Рожер, алоқа тугади.-Литтлжон иккинчи учувчининг елкаси оша харитага қаради.
Клариссанинг овози эшитилди.
-Командир?
Литтлжон харитадан кўзини узмади.
-Ҳа?
-У пул талаб қиляпти. Пулни биз қўнадиган жойга келтиришларини талаб қиляпти. Акс ҳолда у Миллини ўлдиришини, кейин эса лайнерни портлатиб юборишини айтяпти.
-Қанча пул сўраяпти?
-Чорак,-деди Кларисса,-чорак миллион доллар.
Командирнинг юз қиёфаси ўзгармади. У микрофонни қўлига олди.
-Янги Орлеан хавфсизлик хизматими? Мени эшитяпсизми?
-Жексонвилл. Яхши эшитяпмиз.
-Босқинчи чорак миллион доллар талаб қиляпти.
-Ҳа, эшитдик. Исми?
-Коннектикут штати, Хартфорд шаҳридан Чарлз Вагнер.
-Яна нимани талаб қиляпти?
-Бир дақиқа.-Литтлжон микрофонни четга қўйди, лекин ўчирмади.-Кларисса, яна нима керак экан?
-Ҳа, сер. Кўп нарса. Афтидан, у ҳаммасини жуда яхши ўйлаган. Мен ёзиб олдим. Ҳозир ўқиб бераман.-Кутилмаганда унинг овози ўзгарди.-Кечирасиз, сер, ҳожатхона ишламаяпти. Йўқ-йўқ, иккинчи ҳожатхона ишлаяпти.-Йўловчилардан бири. Мен ёзувни илиб қўйдим, лекин айримлар унга эътибор беришмаяпти…
-Бўпти, давом эт.
-Хўп, сер. Мана рўйхат. Пуллар қопга жойлаштирилган бўлиши керак. Ҳаммаси юз долларлик бўлиши шарт. Ҳар бир боғлам йигирма беш мингдан бўлиши керак. У яна самолёт Жексонвиллдаги 725-йўлакка, аэровокзалдан иложи борича узоқроққа қўнишини талаб қиляпти…
-Ҳозир, бир дақиқа,-тўхтатди уни командир. -Хавфсизлик хизмати, эшитдингизми?
-Ҳа, давом этинг.
-Гапиравер, Кларисса.
-Хўп, сер. У самолётга ҳеч ким яқинлашмаслигини сўраяпти. Йўловчиларни чиқариб юбораркан. Шундан кейин ҳожатхонадан чиқаркан. Пул солинган қоплар самолёт эшиги ёнига келтирилиши керак, аммо самолётга ҳеч ким чиқмайди. Унга яна иккита парашют ҳам керак экан.
-Иккита?
-У шундай деди. Битта спорт, битта армия парашюти.
Хавфсизлик хизмати вакилининг кимгадир гапиргани эшитилди: «Тезда текшириб кўринг, Чарлз Вагнер АҚШдаги бирорта парашют ассотсиатсиясига аъзо эмасмикин. Зудлик билан! Бўлинг!».
-Хўш, яна нима, командир?
-Кларисса?
-Шу холос. Ҳозирча. Қўнганимиздан кейин қолган кўрсатмаларни бераркан.
–Тушунарли.-Литтлжон ташқи алоқа ускунасига ўтди.-Хавфсизлик хизмати? Қўниш учун 725-йўлакни тозалатиб қўйишингизни сўрайман.
-Рожер, алоқа тугади.
-У талаб қилган пул нима бўлди?
-Пул айтилган вақтда бўлади. Парашютлар ҳам.
-Яхши,-деди командир.
Микрофон ўчирилди. Узоқда қуёш ботаётганди. Самолёт жанубий йўналишдаги ҳаво йўлагига кирди. Ниҳоят пастда Жексонвиллдаги қўниш йўлаги кўзга ташланди. Самолёт пастлай бошлади. Командир бошқарувни иккинчи учувчига берди, ўзи эса йўловчиларни тинчлантиришни ўз зиммасига олди. У ички сўзлашув карнайи тугмасини босди.
-Хонимлар ва жаноблар, лайнер командири гапиряпти. Об-ҳаво шароити туфайли биз Флорида штатининг Жексонвилл шаҳрига қўнишга мажбурмиз. Авиакомпания вакиллари аэропортда сизларга нима учун ушланиб қолганимизни тушунтиришади ва барча зарур нарсалар билан таъминлашади. Юзага келган ноқулайлик учун узр сўраймиз. Энди эса хавфсизлик тасмаларини тақиб, ўриндиқларни тик ҳолатга келтиришингизни ва чекмаслигингизни сўрайман…
***
Сўнгги йўловчи ҳам автобус нима учун аэровокзалдан бунчалик узоқда турганига ҳайрон бўлганча лайнерни тарк этди. Самолёт ёнига машина келиб тўхтаганида ёқилғи қуйиш жараёни ниҳоясига етаётганди. Машинадан икки киши тушди.
Улардан бири кичкинагина парашют ва қоп кўтариб олганди. Иккинчиси эса катта парашют билан эди. Улар зинадан кўтарилишди, қўлларидаги нарсаларни полга қўйишди, лекин самолёт ичига киришмади. Улар ранги оқариб кетган Клариссага бош ирғашди, ҳожатхона томонга бир қараб қўйишди ва пастга тушиб кетишди. Улар ФҚБ агентлари эди. Командир Литтлжон агентларнинг машинага ўтириб ортига қайтиб кетишаётганини иллюминатор орқали кузатиб турди. Сўнг микрофонни қўлига олди.
-Кларисса?
-Ҳа, сер?
-Энди қаёққа учамиз?
-Бир дақиқа.-Узоқ жимлик чўкди. -Командир,-яна Клариссанинг овози келди.-У Маямига учишимизни сўраяпти. Энг паст тезликда ва икки минг фут баландликда учишингизни талаб қиляпти. Яна, орқадаги йўловчилар эшигини ёпмаслигимизни айтди…
Шу пайт суҳбатни эшитиб турган хавфсизлик ходимининг овози эшитилди.
-Командир, сизнинг самолётингиздан парашютда сакраш мумкинми?
-Менинг самолётимдан мумкин,-жавоб қайтарди Литтлжон.-Афтидан, у атайин айнан «727»ни танлаган. «707» ёки «747»дан сакрашнинг иложи йўқ. У ё самолётларни жуда яхши билади ёки бу ишга тайёрланиш учун самолётларни махсус ўрганиб чиққан.
-Чорак миллион доллар учун ҳар қандай одам дуч келган нарсани ўрганишга рози бўлади,-деди хавфсизлик хизмати ходими,-ҳаттоки биринчи марта парашютдан сакрашга ҳам. У бирорта ҳам парашют мактабида рўйхатдан ўтмаган экан, биз ҳаммасини текшириб чиқдик.
-Агарда унинг исми ростдан ҳам Вагнер бўлса.
-Тўғри. Эшик очиқ туриши самолётга хавф туғдирмайдими?
-Икки минг фут баландликда хавфли эмас. Нима қилайлик?
Нариги тарафда жимлик юзага келди. Сўнг бошқа одамнинг овози эшитилди.
-Командир? Ҳарбий ҳаво кучлари маёри Уиллоуби гапиряпти. Сиз қандай фикрдасиз?
-Менимча, биз сувга яқинроқ учишимиз керак,-деди Литтлжон,-у сувга сакрамайди. Сизлар эса бир нечта самолёт билан бизни бирор жойда кутиб турасизлар.
Суҳбатга жанговар тажрибаси бор иккинчи учувчи аралашди.
-Агар у беш юз фут баландликдан сакраса ҳам қоронғуда уни кўришмайди.
-Ҳеч бўлмаса уриниб кўришар.
-Келишдик,-деди маёр Уиллоуби.-Мен бутун соҳил бўйлаб ҳаво йўлагини сизлар учун очтириб қўяман. Иложи бўлса Дейтонгача сув устида бўлишга ҳаракат қилинг. Ўкей?
-Яхши.
-Командир,-Клариссанинг хавотирли овози эшитилди.-У асабийлашяпти.
-Унга ҳозир учишимизни айтиб қўй,-деди Литтлжон ва биринчи двигателни ишга туширди.
Авиалайнер бурила бошлади, двигателлар гувиллади, сўнг шовқин бир текисда авж олди. Улкан самолёт учиш-қўниш йўлагида юришни бошлади, тезлик оширилди ва енгиллик билан ҳавога кўтарилди. Шаҳар чироқлари пастда қолди. Литтлжон самолётни соҳил бўйлаб бошқарарди. Хавфсизлик хизмати ходимининг овози эшитилди.
-Анави нима қиляпти?
-Худо билади,-жавоб қайтарди Литтлжон.-У эртами-кечми барибир ҳожатхонадан чиқади ва сув устида учаётганимизни кўради. Ўшанда кўрамиз…
-Алоқада қолинг.
-Бундан ташвишланманг.
-Командир…
-Ҳа, Кларисса?
-У чиқмоқчи…
-Кларисса!-деди командир.-Микрофон сими узун, энг яқин ўриндиққача бемалол етади. Сен ўзингни ўша сим билан ўриндиққа боғлаб ол. Милли ҳам ҳожатхонадан чиқиши билан шундай қилсин. Бу тентак ўзини пастга ташлаётган пайтда очиқ эшик олдида туришингларни истамайман, тушундингми?!
-Ҳа, сер. Бир дақиқа. Ўзимни боғлаб олдим, командир.-Клариссанинг овози ўзгарди.-Командир, улар чиқишяпти…
-Милли тузукми?
-Ранги оқариб кетибди! Милли, ўтир. Маҳкам боғлаб ол. Командир, у пастга, сувга қараяпти. Самолётни соҳилга буриш кераклигини айтяпти, акс ҳолда Милли иккаламиз билан хайрлашар экансиз. Командир…
-Буринг,-буюрди хавфсизлик хизмати ходими.
-Ҳаммаси жойида,-маёр Уиллоубининг овози келди.-Сизларни кўрдик.
Литтлжон шу заҳоти самолётни бурди.
-Командир…
-Ҳа, Кларисса?
-У айтяптики…
-Мен у билан гаплашмоқчиман.
-Ҳозир. Командир, у гаплашишни истамаяпти. Окала томон учишни талаб қиляпти, кейин Нейплс шаҳрига бурилар экансиз. Мана шу тезликда ва шу баландликда учишни сўраяпти. Бир оздан кейин у самолётдан тушиб қоларкан.
Хавфсизлик хизмати ходими орага суқилди:
-Айтганини қилинг, командир. Таваккал қилиб бўлмайди. Маёрнинг самолётлари сизларни кўрди, биз эса полицияга хабар бердик, улар барча йўлларни назорат қилиб туришади.
-Флориданинг марказий қисмида кимсасиз ҳудудлар кўп, аммо ўзингиз биласиз…-буйруққа бўйсунди Литтлжон.-У ҳолда бизга ҳаво йўлаги очиб, бирорта меҳмонхонадан жой буюриб қўйинглар.
-Тушунарли.
-Командир,-деди Кларисса яна.-У сакраётган пайтда биз сизнинг хонангизга кириб турар эканмиз.
-Бўпти,-деди Литтлжон.
Ниҳоят эшик очилиб, қизлар тор кабинага кириб келишди. Миллининг юзи оқариб кетган, Кларисса унинг елкасидан тутиб турарди. Литтлжон стюардессаларга савол назари билан қаради.
-Ҳаммаси жойида,-деди Кларисса унга қараб.
Литтлжон пастга қаради. Пастда, ерда Дейд-сити кўзга ташланар, нарёқда эса жануби-ғарбий Флориданинг кимсасиз кенгликлари ястаниб ётарди. Тез орада ғарб томонда чироқлар кўзга ташланди. Радист нигоҳини кўтарди.
-Нейплсга яқинлашяпмиз,-деди у.
Ҳамма пастга қаради. Литтлжон иккинчи учувчига ўгирилди.
-Майк, эшикни ёпиб кел. Эҳтиёт бўл.
-Хўп,-деди учувчи ва стюардессалар ёнидан ўтиб салонга чиқди. У орқа эшикни ёпиб қайтиб келди.
-Ҳаммаси жойида.
-Уни кўздан йўқотдик,-маёр Уиллоубининг овози эшитилди.
-Хавотирланманг, уни топамиз,-деди хавфсизлик хизмати ходими.-Штатнинг барча полиция бўлинмалари оёққа турган. Командир, Маямига учишингиз мумкин. Хайрли тун.
-Раҳмат,-деди Литтлжон ва радиоалоқа қурилмасини ўчирди.-Хўш, бугун оғир кун бўлди. Энди дам оламиз.
***
Командир Литтлжон парвоз хариталарини четга сурди ва қоп чиқарди.
-Ҳар биримизга эллик мингдан,-деди у хотиржамлик билан.-Бир неча соатлик иш, режа ва аниқ ҳисоб-китоб учун ёмонмас. Айниқса, бу пуллардан солиқ ҳам олинмаслигини ҳисобга олсак.
-Мен кўпроқ олишим керак,-деди Милли норози оҳангда.-Беш соат, роппа-роса беш соат тор ҳожатхонада ўлик билан ўтирдим!
-Мен-чи?!-эътироз билдирди Кларисса.-Менга нима дейсан? Уни тор эшикдан мен ташлаб юбордим. Ўзимни боғлаб олган бўлсам-да, ўзимни худди унинг ортидан пастга учиб кетадигандай сездим.
-Бу бахтиқарони мен ўлдирдим,-гапга аралашди радист.
Иккинчи учувчи ҳамкасбларининг баҳсларига эътибор бермади. У ўзига тегишли пулни дипломатга бир текисда тахлаётганди.
-Чарлз Вагнер…-деди у.-Ҳожатхонада ажал кутиб турганини билмади. Қизиқ, у қаэрда ишларди экан?
Русчадан Дилшодбек Асқаров таржимаси.