Оҳудек келишган аёл зинадан шошиб тушди, атрофида ўтлар ўсиб ётган йўлкада тўхтаб рўмолини боғлади ва ўзини жиддий қиёфага солди. Унинг беш дақиқа илгариги қувноқлигидан асар ҳам қолмаган эди.
Бино айвонида клуб мудири Вано Абакелиа кўринди ва уни чақирди:
– Фотима, бир дақиқага қарагин. Аёл худди жиноят устида қўлга тушгандек қотиб қолди. Бир муддат безовта бўлиб ҳушёр тортган оҳудек жим туриб қолди. Кейин орқасига қараб юра бошлади, лекин зинадан кўтарилмади.
Пастда туриб ҳазин овоз билан сўради:
– Нима, Вано?
– Сўраш эсимдан чиқибди, бу ҳақда эринг биладими?
– Билади.
– Нима деяпти?
– Нима дейиши керак?
– Худо ҳаққи, мени ноқулай аҳволга солиб қўйма! Унинг қанақа рашкчи, қизиққон эканлигини ўзинг яхши биласан-ку. Шалико Вацадзени ҳамма билади.
– Нима, ундан қўрқасанми?
– Гап қўрқишдамас, – деди клуб мудири овозига жиддий тус бериб. – Асоссиз шубҳаланиб, хафа бўлмасин деяпманда. Айтайлик, менинг рафиқамни концертда чиқиши, масалан, менга ёқмаслиги мумкин, ўзинг биласан, ҳар кимнинг ўз таъби бор.
– Бундан хавотир олма. Бошида у қаршилик кўрсатди. Кўзининг пахтасини чиқариб бақирди. Мен ҳам ўз сўзимда туриб олдим, кейин бироз ён босди.
– Демак, эртага саккизда. Келишганимиздек.
– Хўп.
– Болаларингни ким билан қолдирасан?
Клуб мудирининг сўзларидан эзмалик ёки гапни атайлаб чўзиш хоҳиши билиниб турарди. Бўлмаса Фотима Вацадзенинг болаларига ким қарашининг унга нима алоқаси бор.
– Қайнонам олиб қолади. Майли, бир маротаба бўлса ҳам набиралари билан ўтириб турсин. Мен тўққиз йил уйдан кўчага чиқмадим.
– Кичкина неча ёшда?
– Ҳали ёшига тўлгани йўқ.
– Буни қара-я, ҳали кичкина экан, – клуб мудири жиддий тортди.
– Соат еттида эмизиб ухлатаман. Катталари тўполон қилиб уйғотиб юборишмаса бўлди.
– Ҳали эмизасанми?
– Бўлмаса-чи, катталарини уч ёшгача ажратолмаганман. Умуман тинкамни қуритиб ташлашарди. Қайнонамнинг гапига қараганда уларнинг насли шунақа эмиш.
– Хўп, майли, эртагача. – Вано Абакелиа эшикка йўналди.
– Хайр.
– Ростини айтсам, Шаликонинг рухсат берганига ҳам унчалик ишонмаяпман.
– Нималар деяпсан! Ахир унинг рухсатисиз концертда чиқишга ботина олармидим.
Вано Абакелиа яна бирпас туриб қолди.
– Мана, сен болаларимни қайнонамда қолдираман, деяпсан, нима у концертга келишни хоҳламайдими?
– Эй Худойимей, гапингни қара. Қайнотам вафот этганига йигирма йил бўлибдики, ҳалигача мотам кийимини ечмаган. Фақат қора кийиниб юради.
– Демак, келишдик, эртагача!
Фотима Вацадзе клуб мудирининг шунчаки бекорчиликдан эзмаланиб вайсаганини тушунди. У кўчага чиқиб, текис йўлка бўйлаб мағрур, озгина ўзига бино қўйгансимон қиёфада кетиб борарди. Ўзига қадалган нигоҳларга эътибор бермас, келишган қоматини кўз-кўз қилаётгандек қадам ташларди.
“Балки аҳмоқлик қилаётгандирман, – ўйларди у. – Ахир одамлар уйида шунча чурвақаси турганда концертда чиқишга бало борми, демайдими. Ахир тўртта болани онасисан-а. Иғвогарларнинг ғийбатидан худо асрасин, ишқилиб. Кимдир Шаликонинг жиғига тегиб қўйиши мумкин. Шундоқ ҳам қизиққон одам. Ана унда кўрасан, ҳаётинг ҳаёт бўлмай қолиши мумкин”. Фотима ўзи билан ўзи бу борада кўп баҳслашиб мулоҳаза қилди. Концертда чиқиш таклифини кўп маротаба рад этмоқчи бўлди. Лекин қалбининг тубидаги санъатга бўлган муҳаббат бунга йўл қўймади. Бу санъатга хизмат қилиш ва муваффақиятга эришишнинг жозибадор истагими ёки худо берган истеъдоднинг ички ҳайқириғими ўзи ҳам билмасди. У оналик бахти билангина эмас, балки ўзининг эҳтиросли қўшиқлари билан қалб сўзларини изҳор қилишни истарди…
Фотима тўққиз йил аввал маданият-оқартув билим юртини тамомлади. Ўша йили турмушга чиқди. Унинг ҳаммага ёқадиган худо берган овози, ўз ижро услуби ва санъатда ўзига хос йўли бор эди. Билим юрти ўқитувчиларининг Фотимадан умидлари катта эди. У ўзини баъзан тушида эстрадага мос узун кийимда “Орера” гуруҳининг ижрочилари даврасида кўрарди. Мурлан Микушадзе уни гитара чалишга ўргатди ва шаҳарда тантаналарга бағишлаб ўтказиладиган кечаларда чиқишлар қила бошлади.
Фотимани ҳамма биларди. Унинг зўр истеъдоди билан биргаликда саҳнада ўзини оғир-вазмин тутишига ва беқиёс гўзаллигига ҳавас билан қарашарди. Фотиманинг тўсатдан турмушга чиқиши одамларга кутилмаган ҳодиса сифатида таъсир қилди. У ҳақда ҳар хил гап-сўзлар, ғийбатлар кўпайиб, ҳар ким бу ҳолни ўзича талқин қиларди. Кимдир уни ўғирлаб кетишган ва бир жойга қамаб қўйиб ҳеч қаёққа чиқаришмаяпти деса, бошқа биров дугонаси бир жойга алдаб обориб қиморбозларга топширган, деган совуқ миш-мишларни айтарди. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Лекин бир нарса аниқ эди. У одамларнинг меҳрини қозониб бўлган, Кутаиси ўзининг ноёб жавоҳирини йўқотишни истамасди. Охири кимдир Фотима ўзининг ихтиёри билан Окрибилик Шалико Вацадзега турмушга чиқибди, санъатни ташлабди, ўғил кўрибди, ҳозир оиласи билан овора эмиш, деган гапни топиб келди. Бу ҳақиқат эди. Фотима ўзининг ижодий йўналишининг бунчалик тез барҳам топишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Унинг қаттиққўл эри тўйдан кейин учинчи куниёқ: концертларсиз ҳам кунимиз ўтади, ҳар хил филармонияларни кўришга кўзим йўқ, уйда менга филармония хонандаси эмас, хотин керак. Бу концертларга бормаймиз, деганим эмас. Энди сенинг концертинг уй, оила, бола-чақа, гап тамом, вассалом, – деди.
Фотима ҳеч нарса қила олмади. У истеъдоди ҳавога совурилиб кетаётганига ачинар, чин дилдан қайғурарди. Лекин ичидагини ташига чиқармасди. Она бўлгандан кейин бу истаклар аста сўна бошлади. Йиллар ўтди. Деворда осиғлиқ гитарага эътибор ҳам бермай қўйди.
Тўққиз йил тўққиз кундай ўтиб кетди, Фотима Вацадзелар оиласига тўртта ўғил туғиб берди. Тўртта ҳаёт, тўртта қувонч. Шу ўтган тўққиз йил Фотиманинг ҳаётидаги энг гўзал онлар бўлди. Унинг учун бир-биридан ширин, жондан азиз фарзандлари худди кичкина фаришталардек эди. Уларнинг тили чиқаётгандаги биринчи сўзлари, биринчи атак чечаклари, онасига талпинган қўлчалари – буларнинг ҳаммаси Фотимага тақдирнинг инъоми бўлиб, болалари учун ҳамма нарсага тайёр эди.
Мана бир неча кундирки, уни ғалати туйғулар қамраб олган. Тинчини йўқотди. Яна саҳналарда қўшиқ айтгиси келди, олқишларни соғинди. “Агар бир умр уйда ўтирадиган бўлсам истеъдоднинг, дипломнинг менга нима кераги бор” деб ўйларди. У қаердадир Лолита Торреснинг ҳам тўртта ўғли борлигини, лекин у санъатни ташламаганлигини ўқиб қолган эди. “Нега бунчалик бахтсиз бўлмасам, бир маротаба саҳнада қўшиқ айтсам нима қилибди? Ахир мен биронта ёмон иш қилмаяпман-ку. Балки истеъдодимни тириклай ерга кўмаётгандирман. Бунга нима ҳаққим бор?”
Фотима шу масалада эри билан келишолмай қолди, лекин барибир кўндирди. Эртага қишлоқ хўжалик меҳнаткашларининг ҳосилни йиғиштириб олганларига бағишлаб катта концерт берилади. Узоқ танаффусдан сўнг халқ Фотиманинг овозини яна эшитади. Унинг хоҳишига кўра Вано Абакелиа дастурга – “Цицинатели”, “Лўли романси” ва “Аве Мариа” қўшиқларини киритди.
* * *
Концерт авжига чиққан маҳали эди. Мамаладзенинг пантомималаридан халқ жунбишга келди, қарсаклар зарбидан гўёки том қулаб тушай деди. Ҳатто бу пантомимани (бошқа қизиқчилар ижросида) кўп маротабалаб кўрган бўлишига қарамай Фотима ҳам роса кулди. У парда орқасидан аста “партер”га қаради. Шалико учинчи қаторда ўтирарди. Фотимага тишини тишига қўйиб жаҳлини зўрға босиб ўтиргандек туюлди. Кулмайди ҳам, қарсак ҳам чалмайди.
“Нима ҳам қила оламан жоним Шалико. Ахир тўққиз йилда бир маротаба инжиқлигимни кўтарсанг кўтарибсанда. Озгина чида. Мен сенга тўртта жонимиздан азиз бўлган фарзандларимизни катта қилиб бераяпман. Сен менга ҳамма нарсадан азизсан, мен бутун борлиғим билан сеникиман-ку. Нега бунча қовоғингни солиб олдинг? Хавотирланма, сени ҳеч қачон шарманда қилмайман. Тушунгин, мен санъат учун туғилганман. Худо берган итеъдодни ерга кўмиш, ахир бу катта гуноҳ-ку. Онда-сонда, йилига бир-икки маротаба шунақа концертларда чиқиб турсам бўлди. Озгина таскин топаман, жонгинам. Илтимос, қовоғингни солма. Озгина кулгин, ўтинаман”.
Эндиги навбатда Деисадзе ва Кавтарадзелар “Картул” рақсига тушадилар, ундан кейин Важа Алхазашвили “Бакури”ни ўқийди, менинг ҳам навбатим келиб қолди.
И-я гитарага нима бўлди? Фотима уни йўлакка олиб чиқиб созлай бошлади, учинчи сими панд бераётган эди. Гитаранинг сим боғланган “қулоғ”и занглаган, симни яхши ушламаётганлиги билиниб турарди. “Наҳотки энди халққа манзур бўла оладиган даражада куйлай олмасам? Йўқ, амаллайман. Ахир уларнинг “Аве Мария” ва “Лўли романси”ни биринчи эшитишлари эмас-ку. Бу ерга ҳақиқий санъатни севадиган одамлар йиғилган, ахир. Майли, қўлдан келганича уриниб кўраман, қарсак чалмасалар ҳам розиман…
Қўшиқ айтаётганимда кимдир ҳуштак чалиб юборса-чи?
Ана даҳшат!.. Ким ҳам ботина оларди. Жуда бўлмаганда Шаликодан чўчиб ҳам чалмайди.
Важа саҳнага чиқиб бир йўталиб олди-да таъсирчан, баланд овоз билан: “Эй, Элизбар, назар сол, нималар бўлаяпти ҳозир Эгода” дейиши билан залнинг бир чеккасидан бехосдан чақалоқнинг йиғиси эшитилиб қолди. Сўз устаси жим бўлди. Чақалоқ йиғиси одамларнинг кулгисига сабаб бўлган эди.
Фотима парда орқасидан секин мўралаб қаради. Гварамадзеларнинг чақалоғи экан. Лайлонинг қайнонаси жаҳл билан лабини қимтиб, чақалоқни амаллаб тинчлантиришга ҳаракат қилар, лекин концертни ташлаб кетиш нияти йўқлиги аниқ эди.
“Қанақа одамлар булар, ахир концертга ҳам чақалоқни кўтариб келадими”, – хаёлидан ўтказди Фотима.
Кўриб қўйгин, Элизбар
Ҳамма ёқда ур,сурон.
Душманнинг босқинидан,
Вайрон бўлди ҳар томон.
Важа шеърнинг бир бандини айтиб улгурмаган эдики, чақалоқ яна биғиллашини бошлади. Сўз устаси яна жимиб қолди. Парда орқасига жаҳл билан тикилди. Унинг бошловчига қарашида: залда тартиб ўрнатиб қўйгин, бўлмаса ҳозир зални ташлаб чиқиб кетаман, ўша лўттибоз раққосларинг-у бачкана масхарабозларинг билан қолаверасан, деган мазмун бор эди.
Фотима ўзининг номини эшитиши билан танасидан чумоли ўрмалагандай бўлди. У юраги билан ҳозир нимадир рўй беришини ҳис қилди. Қараса, Обакелиа унга ялингансимон қараб турибди.
– Фотима, қутқар. Ёрдам бер!
– Саҳнага чиқайми?
– Озгина сураман. Кўряпсанми. Ҳаммасининг расвоси чиқаяпти. Сени Бабаликашвилининг спорт этюдлари чиқишидан кейин эълон қиламан.
– Майли, шундоқ бўлгани дуруст…
Фотима коридор орқали югуриб залга кирди. Лайлонинг қайнонаси қўлидан чақалоқни олиб унинг ёнига ўтирди. Рўмолини пана қилиб, чақалоққа кўкрагини берди. Ҳеч қанақа овунтиришлар кор қилмаган кичкина Гварамадзе бирпасда жим бўлиб қолди.
“Жамоат тартибини бузувчи кичкина безори” тинчиди. Концерт давом этди.
Фотима икки маротаба уни кўкрагидан ажратмоқчи бўлди, лекин чақалоқ яна биғиллай бошлади. “Наҳотки бугун бирон маротаба ҳам эмизмаган бўлса” хаёлидан ўтди Фотиманинг. Одамлар яна норози қиёфада Фотимага тикилдилар.
“Бунча шўрпешона бўлмасам…
Бабакашвили оғир полвон тошлар билан ўйин кўрсатиб бўлганида Фотимани ҳаяжон босди. “Ҳозир мени чақиришади, гитарани қаерга қўйдим”. У чақалоқни эҳтиётлик билан кўкрагидан секин ажратди. Эндигина ўрнидан туришга чоғланган эди, кучга тўлган Гварамадзеларнинг авлоди яна ҳамма ёқни бошига кўтарди.
– Фотима, қаёққа кетаяпсан, болани овут, савобли иш қил, – орқасидан кимнингдир норози чақириғи эшитилди.
Концерт охирлаб қолган эди. Залда мириқиб маънавий завқ олаётган томошабинлар орасида паришон ҳолда бир аёл ўтирарди. Фотима Гварамадзеларнинг ўжар чақалоғини кўкрагига босиб дастрўмолчаси билан кўз ёшларини артарди.
Кўз ёшлари эса қуйилиб келарди.
Ҳамидулло Исмат таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 4-сон