Раскин Бонд. Деолида бекатида (ҳикоя)

Коллеждалигимда ёзги таътилни Деҳрада, бувимникида ўтказишга одатланган эдим. Доимо майнинг бошларида йўлга тушиб, июлда ортимга қайтардим. Деоли Деҳрадан ўттиз чақирим нарида жойлашган кичикроқ бекат бўлиб, Ҳимолай жанубий этагида қалин чангалзорлар бошланишини белгилаб берарди.
Поезд Деолига саҳар бешларда – бекат чироқлари-ю мойли лампаларнинг хира нурларига чўмган, тонгги ғира-шира рўшноликда темирйўл бўйлаб ястанган чангалзорларни киши кўзи базўр илғаши мумкин бўлган паллада кириб борарди. Бу ер бор-йўғи битта платформа – бекат бошлиғининг идораси ва кутиш хонасидан иборат эди. Бекатта чой сотиладиган пештахта, мева растаси ва дайди итларидан бошқа тасвирлагулик ҳеч вақо йўқ эди. Боиси поезд бу ерга бир мартагина, ўрмонзорга кириб кетишдан аввал, нари борса, ўн дақиқага тўхтарди, халос.
Нега Деолида тўхтар экан, ҳайронман?! На биров поездга чиқди, на биров ундан тушди: ҳеч ўзгариш бўлгани йўқ. Ҳаттоки, бекатта бирор мардикор ҳам йўқ эди. Бироқ поезд қатъий ўн дақиқа шу манзилда тин олар, сўнгра қўнғироқ чалинар, соқчи ҳуштагини чалар ва Деоли ортда қолиб, унутилар эди.
Менга Деолида, бекат деворларидан нарида нималар борлиги қизиқ туюларди. Доим шу кичкина, кўримсиз манзилга, ҳеч ким тушмайдиган масканга ачинардим. Шунда қачондир Деолида тушиб қолиб, кун бўйи шаҳарчада санғийман, деб қарор қилдим.
Ўшанда ўн саккизга тўлгандим, бувимникига кетаётгандим, тағин поезд Деолида тўхтади. Саватча сотадиган қиз перронга келди.
Тонг салқинлиги учун елкасига рўмол ёпинганди: эгни жулдур, оёғи яланг бўлса ҳам ўзига ярашган назокат ва виқор бор эди унда.
У менинг ойнам яқинига келиб тўхтади. Диққат билан эътибор қаратаётганимни сезса-да, бошида ўзини билмаганга солди. Унинг юзи оппоқ, ёйиқ сиёҳранг сочлари ялтироқ, кўзлари эса тим қора ва серғусса эди. Сўнг ўша серғусса кўзлар менинг нигоҳим билан тўқнашди. У менинг деразам олдида озроқ вақт турди, лекин ҳеч биримиз сўз қотмадик. Бироқ у жўнаётганида қандай қилиб ўрнимни тарк этганим, вагон эшигига чиққаним, перронда йўлнинг бошқа томонига қараб кутиб қолганимни сезмай қолдим. Чой сотиладиган растага қараб юрдим. Пастроқ оловда чойдиш биқирлаб ётар, самоварчининг ўзи эса йўловчиларга чой элтиш билан банд эди. Қиз раста ортидан мени таъқиб қилди.
– Сават олишни истайсизми? – сўради у. – Жудаям пишиқ булар, энг яхши хивичдан тайёрланган…
– Йўқ, – дедим мен. – Сават олмоқчи эмасман.
Биз ўзимизга анчайин узоқ туюлган лаҳзада бир-биримизга термулиб қолдик.
– Сават керакмаслигига ишончингиз комилми?
– Хўп, унда битта берақолинг, – дедим ва бармоқларига тегингани зўрға журъат топиб унга бир рупия узатдим.
У нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган заҳоти, соқчи ҳуштаги янгради; у нимадир деди ҳам, бироқ овози қўнғироқнинг жаранглаши-ю поезд пишқиришига қоришиб эшитилмай кетди. Мен вагонимга зудлик билан қайтишим керак эди. Локомотив силтаниб-силтаниб йўлга равона бўлди.
Бекатта кўздан ғойиб бўлгунига қадар мен ундан кўз узмадим. У перронда ёлғиз, ҳеч қаёққа жилмай турар ва мен томонга қараб жилмаярди. То бошқарув постига етгунча унга қараб бордим, кейин эса чакалакзорлар бекатни тўсиб қўйди, бироқ ҳалиям унинг ёлғиз турганини кўра олардим. Қизнинг чеҳраси, қоп-қора, эҳтиросли кўзларининг тасвири фикримни банд этган, мен эса бундан қутулолмасдим гўё. Бироқ Деҳрада хаёлимни эгаллаган нарсалар кўплигидан бу ҳодиса хотирамдан хиралашиб, узоқлашиб кетди. Фақатгина икки ой ўтиб, мен қайтишга ҳозирланаётганимдагина ёдимга тушди.
Поезд бекатида тўхташи билан уни қидира бошладим, перронда аланглаб юрганига гувоҳ бўлгач, ўзимда кутилмаган бир титроқ сездим. Шартта ерга сакрадим-да, қизга қўл силкидим.
У мени кўрганида табассум қилди. Ҳойнаҳой, уни ҳануз ёдда тутганимдан севинди. Мен ҳам ҳамон хотирида эканимдан қувондим. Худди азалий қадрдонлар учрашгандай иккимиз ҳам ўзимизда йўқ шод эдик.
У вагонлар ёқалаб саватчаларини пуллагани кетмади, аксинча, тўғри чой сотиладиган раста томон юрди, тим қора кўзларида ногаҳоний ўт тўлган эди. Бир муддат мум тишлаб турдик, бироқ ортиқ жимликка бардошимиз етмасди.
Уни шу ердаёқ поездга ўтқазиб, ўзим билан олиб кетиш хаёлимга келди; унинг Деоли бекатида кўздан ғойиб бўлиши ҳақида ўйлашга ҳам қурбим етмасди. Қўлларидан саватчаларини олиб, ерга қўйдим. Улардан бирига қўл чўзганди ҳамки, қўлларини ушлаб олдим.
– Деҳлига боришим керак, – дедим мен. У бош ирғади:
– Мен ҳеч ёққа кетишга мажбур эмасман.
Поезд кетаётганини билдириш учун ҳуштак чалган соқчидан нафратланиб кетдим.
– Тағин қайтаман, шу ерда бўласан-а?
У яна бош ирғади, унинг бош ирғаши баробарида қўнғироқ жаранглаб, поезд олға жила бошлади. Қизнинг қўлини бўшатиб, силжиб бораётган поезд ортидан югурдим.
Бу гал уни унутмадим. У саёҳатимдан сўнг ҳам, орадан анча вақт ўтганда ҳам, хулласки, йил бўйи хаёлимни тарк этмади. Ўқув йили ниҳоялаши билан апил-тапил жомадонимни йиғдим-у, доимгидан ҳам илгарироқ Деҳрага йўл олдим. Бувим неварасининг бу ишидан боши кўкка етиши тайин эди.
Поезд Деолига келиб тўхташидан олдин мен бироз асабий ва тажанг эдим, боиси қизни кўрганимда нима дейишим ва нима қилишим устида бош қотирардим. Унинг қаршисида ношудларча ҳиссиётларим борасида бирор сўз айтмоққа, ё бирон нарса қилмоққа ботинолмай турмаслигим керак.
Поезд Деолига келиб тўхтади, мен эса атрофга олазарак бўлиб уни қарадим, бироқ ҳеч ерда қиз кўринмасди.
Эшикни очиб, ерга секингина сакрадим. Негадир шу он кўнглим жуда ғаш ва кучли эсанкираш эгаллаган мени. Нимадир қилишим кераклигини сезиб, бекат нозири ёнига югурдим. Ундан, “Сиз шу ерда саватлар сотиб юрган қизни танийсизми?” деб сўрадим.
– Йўқ, танимайман, – деди нозир, – агар қолиб кетишни истамасанг, поездга шошилганинг яхши.
Бироқ бекатнинг ҳамма ерини кўздан кечирдим, темир излар оша бекат ҳовлисига кўз ташладим, бор-йўқ кўрганим манго дарахти ва чангалзор ичкарисига кирувчи тупроқ йўл бўлди. Йўл қаерга кетган? Поезд бекатдан нарига жилишни бошлади, перрон ёқалаб югуриб, вагоним эшигига сакраб олишим лозим эди. Кейин поезд тезликни юқорилатиб, ўрмон оралаб елиб бораётганида, мен ойна олдида ўйга ботиб турар эдим.
Ахир, умримда икки мартагина учратган, кимлигини ҳақида ҳеч нарса – аслидаям ҳеч нарса – билмайдиган, ўзи зўрға мен билан суҳбатлашган, бироқ илгари сира туймаган илиқлик ва бир ажиб ҳисни туйдирган қизни топиш борасида қўлимдан нимаям келарди?
Бувимнинг ҳам келганимдан айтарли кўнгли тўлмади, чунки уларникида икки ҳафтадан ортиқ ўтирмадим. Ўзимни ҳолдан тойган, ўсалдай ҳис этдим. Шу боис Деолидаги бекати нозири билан гаплашиш учун қайта йўлга отландим.
Бироқ Деолида нозир янгиланган экан. Ўтган ҳафтада собиқ нозирни бошқа манзилга ўтказишибди. Янги нозир сават сотадиган қиз ҳақида ҳеч нарса билмас экан. Мен калта бўйли, хазондай қовжираб қолган, уст-боши йоққа беланиб юрадиган чойфуруш амакини излаб топдим ва сават сотувчи қиз ҳақида бирор нарса билармикан деб сўраб кўрдим.
– Ҳа, бу ерда шунақа қиз бўларди, яхшигина эслайман, – деди у. – Лекин у ҳозир келмай қўйган.
– Нега? – қизиқдим мен. – Унга нима бўлган экан?
– Мен қаёқдан билай? – деди амаки. – У менга ҳеч ким эмасди-ку…
Тағин поездга қараб югуришим зарур эди.
Деоли кўздан узоқлашиб борар экан, бир куни шу ерда тўхтаб, шаҳарчада бир кун қолишим ва ҳаммадан суриштириб, тим қора, беқарор кўзларининг биргина боқиши билан қалбимни ўғирлаган қизни топишимни мақсад қилдим.
Сўнгги ўқув йилига қадар ўзимни шу ўй билан овутиб келдим. Яна ёзда Деҳрага йўл олдим. Эрта саҳардаёқ поезд Деолида тўхтаганида перроннинг у учидан-бу учигача қадар қизнинг шарпасини изладим. Уни топа олмаслигимга ишончим комил эди, аммо ўзим ҳам худди шуни умид қилаётгандим.
Негадир ўзимни Деолида тушиб қолиб, шу ерда бир кунимни ўтказишга кўндиролмадим. (Агар буларнинг бари бирор асар ё фильм бўлганида эди, – деб ўйлардим, – мен жумбоқнинг тагига етган ва ҳаракатларимга яраша хотимага эришган бўлардим.) Ўйлашимча, мен бундан қўрқдим. Ҳақиқатдан ҳам қиз билан боғлиқ нима содир бўлганини билишдан қўрқардим. Балки у ортиқ Деолида яшамас, эҳтимол, турмушга чиққандир ё бирор касалга йўлиққанмикан?
Сўнгги бир неча йил ичида кўп бора йўлим Деолидан ўтади ва ҳар гал ўша-ўша, сираям ўзгармаган чеҳранинг каминага жилмайиб турганини қайта учратишимга ишониб-ишонмай вагон деразасидан ташқарига қарайман. Деолида, бекат деворлари ортида нималар юз беришига қизиқаман. Бироқ зинҳор бу ерда тўхтамайман. Бу барчасини издан чиқариши мумкин. Мен умид ва орзу этишдан тўхтамасликни, деразадан туриб бўм-бўш перроннинг бошдан адоғигача назар солишни, саватчалар кўтариб олган қизни мудом кутишни афзал кўраман.
Мен энди Деолида ҳеч қачон тўхтамайман, аксинча, бу манзилни имкон қадар тезроқ ортда қолдириб кетишга уринаман.

Инглиз тилидан Шоҳрух Усмонов таржимаси

«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 9-10-сон