Госпиталдан чиқиб, машина томон юрди. Эскигина “06 Жигули”сини саксон олтинчи йилда, шўро замонида муҳандис бўлиб ишлаб юрган кезларда, заводда навбатда туриб олганди.
Олд эшикни очиб, “такси” деб ёзилган пешлавҳани олди-да, машина томига ўрнатди.
Шифохонага жарроҳ билан кўришиш учун келганди. Ўртанча қизини операция қилиш керак. Қайси дўхтир билан гаплашмасин, оғзидан уч юз долларнинг иси келади. Ҳарбий жарроҳларнинг бири эски бир оғайнисини таништириб қўйди. “Ҳам ишининг устаси, ҳам кўзи тўқ одам” дея тавсиф ҳам берди.
Гапи чин чиқди. Юз элликка кўнди. Яна ёрдамчиларига эллик долларча харжласа — иш битди ҳисоб. Юз эллик “кўки”ни нари-бери қилиб топди. Дўхтирлар операция қилмаса бўлмаслигини айтишгач, бола-чақасининг ризқини қийиб бўлса-да, шунча пул йиғиб қўйганди. Яна элликни қаердан топса бўларкин?
Ундан-бундан қарз-қавола қиларман, деб ўйлади. “Замонасига ўт тушсин, бировга оғиз очишга ҳам бетинг чидамайди. Пули борда ҳиммат йўқ, ҳиммати борда пул”.
Метронинг “Наримонов” бекатига етган пайтда оиласидан бирров хабар олиб ўтгиси ҳам келди. Аммо, ҳар доим одам олиб кетадиган бекатда бошқа машина йўқлигини кўриб, фикридан қайтди. Етти йилдирки, бу бекат унинг ишхонасига айланган. Ўн етти йил ишлаган, ҳатто давлат мукофотларини ҳам олган завод бора-бора қуввати камайиб, ёпилиб кетди. Етти-саккиз ой у ер-бу ердан иш қидирди. Ҳаракатлари зое кетгач, бутун умидини машинага тикди. Қўшниси Исломнинг маслаҳати билан киракашлик қилишга ўтди. Ислом бир пайтлар донғи кетган маданий моллар базасида ишлаган. Топиш-тутиши яхшийди. Қўни-қўшни сўраган нарсани омбордан ўз нархига келтириб берарди. База ёпилгач, Ислом тижоратга қўл уриб кўрди, иши терс кетиб, катта зиён кўргач, қулоғигача қарзга ботди. Амаллаб қарзларидан қутулгач, нон пулини машина кетидан топа бошлаганди.
Олдинига Исломнинг таклифини қайтарди. Кейин рози бўлишдан бошқа иложи қолмади. Бошида ёмон уялди. Баъзида машинага таниш-билишлари, собиқ ҳамкасблари чиқиб қоларди. Пул олиш ноқулай. Бора-бора кўникди. Бекатдан янги “ҳамкасблар” — янги дўстлар орттирди. Улар орасида ҳукумат ходимлари, дўхтирлар, муҳандислар бор эди.
Машинанинг ойнаси чертилгач, хаёли бўлинди. Ажнабийлар экан. Бири пакана ва семиз эркак, иккинчиси ўрта бўйли озғин аёл. Қўлларида бир нечта тўла халта бор эди. “Плиз, плиз” деганча орқа эшикни очди. Хотин амаллаб шаҳар томон боришларини тушунтирди. Машина метро қаршисидан бурилиб, Москва даҳаси томон учиб кетди. Кўзгудан эркакнинг лунжлари тинимсиз силкинаётганини кўрди. “Булар овқатни яхши ейишади”, ўйлади у. Халтадан чиқараётганида кўрдики, кавшаётган хўраги пахлава экан. Аслида бу амрикон пахлавани чайнамай ютаётганди.
Яқинда тикланган паст биноларни айланиб ўтиб, аёл кўрсатган баланд, чиройли иморат ёнида машинасини тўхтатди. Аёл олдиндан тайёрлаб турган битта ўн минг манатликни узатиб, “сах олл” (соғ бўл) деди. Тушиб, эшикни очди. Эркакни жағи ҳалиям тинмасди. Халталарни қўлтиғига аранг жойлаб, эшикдан чиқди. Эр-хотин “сэнк ю” деганча янги бино тараф кетдилар. Машинани ўз уйи томонга бурди.
Чоғроққина ҳовлида яшашарди. Отаси ўша замонларда, ўғли энди уйланган кезлари мол-қўйини сотиб, шўронинг етти минг рублига олиб берганди. Ичма-ич икки хонаси, торгина ошхонаси, битта машина аранг сиғадиган майдончаси бор эди. Ҳовлининг бир кунжида ўзи кичкина бир ҳаммом, бир холижой қуриб олди. Заводда неча йил навбатда турди. Бир хонали уй берар бўлишганди, нозланди. Уч болам билан битта катакка қандай сиғаман, деди. Озроқ чидасам, уч хонали уй оламан, деб юрди. У бўлди-бу бўлди, ҳукумат ўзгариб, завод ҳам ёпилди. Энди “ўл” дейди ўзига ўзи. Ўша пайт бир хонали уйга бўлса ҳам илиниб қоларди-да, ҳарна!
Эшигига етиб, сигнал берди. Хотини дарвозани очди. Одатда пешин маҳаллар машинасини ҳовлига киритмасди. Ҳозир бир оз тамадди қилиб, бирпас мизғиб олгиси келди. Хотини дарвозани ёпди. Икки кўзини эридан узмасди.
Хотинига ҳарбий дўхтирнинг гапини айтиб берди. Сал чиройи очилди аёлнинг. Ошхонада еганини еб, орқа ётоққа ўтди. Хонанинг деразаси қўшнининг ҳовлисига очиларди. Қозон-товоқнинг тақ-туқи, сувнинг шириллаши ухлагани қўймасди. Аммо, бу гал нечукдир ҳаммаёқ жимжит. Хотини қўшниларни огоҳлантирган кўринади.
Хотини авваллари завод боғчасида тарбиячилик қиларди. Шўро даврида боғчада ҳам сиёсий китоблар бўларди. Ҳукумат ағдарилгач, кимдир Эрондан келтирган кириллча алифбодаги китоблардан тўрт-бештасини боғчага ҳадя қилганди. Завод тугаб, боғчанинг эшигига қулф тушди. Хотини боғчадаги ўша китоблардан битта-иккитасини уйга олиб келди.
Хотинининг соатлаб китоб ўқиб ўтириши унга ғалати туюларди. Аёл тез-тез Қуръондан, Муҳаммад пайғамбарнинг ҳаётидан гапириб қоларди. Унинг кофирларга бериладиган азоблар ҳақидаги афсоналари эркакнинг юрагига ваҳима соларди. Шундай пайтда хотинининг сепсандиғига тўрт буклаб яшириб қўйган фирқа паттаси ёдига тушарди. Ўн икки йил қўмфирқа аъзоси бўлди. Ҳар ой маошидан бадал тўлаб турди. Улар 20 январда Бокуга қўшин киритиб, тинч аҳолини қонга ботирган пайти фирқа паттани йиртиб отгиси келди. Яна фикридан қайтди. У айб фирқада эмас, Горбачёвда деб биларди. Шунинг учун фирқа паттасини сақлаб қўйди.
Кун келиб Елцин фирқа фаолиятнини тўхтатиш тўғрисида қарор чиқарди. Ўшандаям паттани ташламади. У ўша замонларнинг ортга қайтишига ишонарди. Шундай катта мамлакатнинг жимгина йўқолиб кетишига ишонмасди.
Авваллари хотинининг динга қизиқишини ҳам ўткинчи санарди. Лекин уйидаги диний китоблар сони орта борди. Хотини уйда ҳам бошига рўмол ўраб юришга ўтди. Қўшни хотин-халаж ҳам тез-тез унинг уйига кириб-чиқиб турарди. Кун сайин бегона аёллар ҳам уйига серқатнов бўлиб қолди.
Кунларнинг бирида хотини бир қизиқ гап айтди. Аёли тушида оқ саллали бир нуроний чолни кўрибди. Унга чол жимирлаб турган олтин косада нимадир ичирибди. Эрталаб туриб, у ўзида ғалати аломатларни сеза бошлабди.
Хотинидаги бу ўзгаришларни ишсизлик, пулсизлик ва камбағалликдан билди. Хотинини бир-икки яхшилаб уришиб берди. Уйга бегоналарни умуман киритмасликни айтди.
Бир кун Ислом уни бир пиёла чойга чақирди. У Машҳадга бориб келгач, ичишни ташлаган, анча босилиб қолган, калтагина соқол ҳам қўйиб, масжидга қатнай бошлаганди. Ислом ундан бор гапни эшитиб, уни тинчлантирди. Ҳар бандага бундай каромат насиб этавермайди, деди. Уйингга илинж билан келган аёлларни ноумид қайтарма, майли, хотининг уларнинг ҳожатини чиқарсин, савоб бўлади, деди. Ислом унинг ўзини ҳам йўлга солар бўлди. “Ичишни ташла, ҳажга бориб кел, фирқа паттангни йўқот, у уйда бундай ножоиз нарсаларни сақлаш ҳаром”, деди.
Бошида Исломнинг гапларига унча эътибор қилмади. Кейин хотинининг ғайриоддий хислатларига ўзи ҳам ишона бошлади. Бир куни аёл ўртанча қизининг касал бўлиши ҳақида туш кўрганини айтди. Икки ҳафтадан кейин ростдан ҳам қизини дўхтирга кўрсатар бўлди. Қизча кундан-кун озиб борар, ҳеч нарса емасди. Дўхтирлар унинг битта буйраги ишдан чиққани, шошилинч чора кўриш лозимлигини айтишди. Шундан, у хотинининг янги хислатига ишонди, ҳатто унга бир оз қўрқув билан қарай бошлади.
…Кўзини очган пайтда хотини бурчакдаги қутининг ичидан ниманидир қидирарди.
– Мошооллоҳ. Яхши ётиб турдингизми?
Соат бешга яқинлашиб борарди. Юз-қўлини ювиб, уйга қайтди. Стол устида бир стакан чой ва сариқ тусли аёллар сумкаси турарди.
– Бу нимайди, хотин?
– Қизларингиз мошиннинг ичидан топибди.
– Очиб кўрдингларми?
– Очишган экан, қўлларидан олиб қўйдим, ёпиб шу ерга опкеб қўйдим.
Сумканинг оғзини очди-да ичидагиларни бирма-бир стол устига қўя бошлади. Аёл тик турганча унинг ҳаракатларини қизиқиш билан кузатарди. Қизлари ҳам эшик олдида бўйинларини чўзганча оталари томон бўйлашиб турарди. Ўртанчи қизнинг юзига табассум югурди. Тароқ, кредит чиптаси ва… ўн етти дона бели синмаган юзталик доллар, иккита эллик мингталик, бир даста ўн минг ва мингталик манатлар.
Энг аввал кўз олдига ажнабий эркакнинг лўқиллаб турган жағлари келди.
– Боя мошинимга эр-хотин амриконлар минувди. Ўшаларники бўлса керак. Уйларини биламан.
Қизлар эшик оғзидан кетдилар. Хотини стаканни қўлига олди.
– Совиб қопти. Бошқа опкеламан, – деди.
Радиодан сўнгги хабарлар ўқиларди. Бокуга Қорабоғ арманилари келганмиш, эртага 11 сентябрь куни кетишаркан. Қорабоғ Озодлик ташкилоти вакиллари норозилик намойиши ўтказибдилар ва ҳоказо…
Чойни ичиб, сумкани олди-да, уйдан чиқди. Дарвозани очиб, машинага ўтирди. Ҳовлидан чиқаркан, хотинига дарвозани ёпишни тайинлади. Хотини дарвозанинг бир тавақасини ёпаркан, эри эшитадиган товушда “улардан ёруғлик чиқадиганга ўхшамайди”, дея пичирлади. Хотинининг муз каби совуқ сўзлари боягина ичига оқиб кирган илиқлик узра ёйилди. Ўша илиқлик нималигини энди тушунди. Ҳозиргина у бояги семиз кишининг хотини уни кўриши билан қувониб кетади, ўн еттита юзталикнинг ҳеч бўлмаса биттасини кармонидан чиқариб, суюнчи дея қўлимга тутқазади, эртагаёқ ҳарбий дўхтир билан ҳисоб-китоб қиламан, деб турганди. Хотинининг бу гапидан кейин юрагига ғашлик оралади.
Машинани метро яқинидаги бекатга қўйди. Яна учта машина турарди. Ҳайдовчилар йўловчи кутаётганда машинанинг ичи қизиб кетмасин учун эшикларни очиб, ўзлари дарахт соясида гаплашиб ўтирардилар. Акиф билан “дўхтир” уни кўришгани ҳамоно оёққа қалқдилар.
– Иккита амрикон, ким билсин, сени қидириб келишди-ёв. Визитка ҳам ташлаб кетишди. Ёнида тилмочи ҳам борийди. Ўзларининг айтишича, қизил Жигулига ўтиришган экан, хотиннинг сумкаси мошинда қоп кетибди, шопирнинг сеникидай қоп-қора мўйлови боракан. Ўша сен бўсанг керак-да? Ўв, сўмкасида бирор нарса бор эканми, ўзи?
Энди жавобга оғиз жуфтлаганида “дўхтир” тилга кирди:
– Бе, бўлмаса, шунча йўлга овора бўлиб келармиди? Улар майда-чуйда нарсаларга ўзини уринтириб ўтирмайди, ҳей! Камида мингта “кўки”дан бордир-ов? Обориб берсанг, индамай юз долларини сенга илинишади. Ҳей, акаси жонидан, битта зиёфатга тушдинг-а?
– Мингдан кўп, мошинимда турибди. Ўзи обориб бермоқчи бўп турувдим.
Акиф ташрифномани узатди.
– Манзилни биламан, – деди, лекин визиткани олди. Инглизча битикларга тиши ўтмади. Фақат “Жим” деганини ўқий олди, холос. Ёрлиқ орқасида схема чизилган, яшайдиган уйининг 11-қаватига белги қўйилганди.
– Яна ҳақ бермай қочиб қолмагин-а?
Улардан осонликча қутулиб бўлмаслигини биларди, шунинг учун:
– Хотиржам бўлларинг, юзта чўзса, ҳақ бериш мендан, – деди.
Машинани Баксовет томон ҳайдади. Мана, бояги бинога ҳам етиб келди. Темир панжарали бино эшигига яқинлашиб, визиткани кўрсатди. Қора кийинган, қотма қоровул кўз учида визиткага қараб, жойига қайтди. Ким биландир телефонда гаплашиб, “ўн биринчи қаватга чиқасан, кутишяпти сени”, деди. Машинадан сумкани олиб, лифтга кирди.
Даҳлиздаги икки эшикнинг бири қия очиқ турарди. Ичкаридан овоз келарди. Эгилиб, очиқ эшикдан мўралади. Бояги семиз эркак уни кўрган заҳоти “плиз, плиз” деганча, қучоғидаги пахмоқ кўппакни сийпалай-сийпалай даҳлизнинг орқа тарафига ўтди. Жимлик чўкди. Кўп ўтмай эркак кириб кетган хонадан бояги хотин чиқиб, унга яқинлашди. Сумкани олиб очди, ичига кўз югуртирди. Кейин кармонни очиб, долларларни санади. “Тўғри”, деди ва қўлидаги шақилдоқ пулларни силкитди:
– Бунга Жим и-ит олмоқчи, биласан? – деди чучмал талаффузда.
Кейин пулларни сумканинг ичига солиб, қўлини чўзди:
– Соғ бўл, джу-уда хурсанман.
Семиз эркак яна қучоғидаги итини ялаб-юлқаб, тиржайганича бу хонага ўтиб кетди. Йўл-йўлакай ниманидир кавшаб борарди.
Ҳафсаласи пир бўлиб, аёлнинг қоқсуяк қўлларни сиқиб қўйди-да, ташқари чиқди. Лифт тугмасини босди. Кўз олдига аввал хотини, кейин қизининг касалванд чеҳраси келди. Кейин дарахт соясида гурунглашиб ўтирган шопир оғайниларини ёдга олди. “Келтириб бермасам бўларкан, ўйлади ўзича, менинг машинамда қолиб кетганини ҳеч ким исботлай олмасди-ку?” Кейин хаёлига паққос урилган бу фикрдан ўзи уялиб кетди.
Эшик очилиши билан қаршисидан чиққан кичик бир лайча акиллаганча унинг оёғига ёпишди. Капалаги учди. Лайчанинг ипидан ушлаб олган ёшгина йигит истеҳзо билан “қўрқма, индамайди”, деб қўйди. Эшик оғзида янги Жип турарди. Очиқ ҳаводан бир тўйиб нафас олди-да, машинага ўтирди.
“Бу юлғичлардан бизга наф йўқ”. Анчадан бери сиёсий гурунгларга қўшилиб қолса, шўро даврини, ўрисларни мақтаб кетарди. Амриқонинг нефтимизни аёвсиз талаётгани, фақат ўз манфаатларини ўйлаётгани ҳақида тинимсиз гапирар, фикрини исботлаш учун қатор мисоллар ҳам келтирарди. Ҳозир умрида илк бор унга рўпара келган амриконларнинг бу муомаласи улар ҳақидаги тасаввурларини яна ҳам тиниқлатди. Ошналари билан дардлашиб, юрагини бўшатгиси келди. Метро яқинида, қадрдон дарахт ёнида тўхтади.
Бари суюниб қарши олди. Акиф сўради:
– Ишлар қалай, жигар? Бирор нима ундирдингми?
– Ҳа, – деди, – юзта беришди.
– О, яхшигина эрийдиган бўпсан-ку? – бу гапни “дўхтир” айтди.
– Мошинни қўйиб келсам, майлими?
– Нима, биз билан сенам отмоқчимисан, – сўради Акиф.
Машинани дарвоза оғзида қолдирди. Ичкарига киритгиси келмади. Эшикдаёқ хотини “Қалай бўлди?” дея сўради.
– Сенинг айтганинг бўлди.
Пойабзалини ечиб, ётоқхонага ўтди. Сандиқни очиб, қизининг операцияси учун йиғиб қўйган пуллар орасидан ўнта ўн мингталикни олиб, чўнтагига солди. Яна сандиқнинг оғзини яхшилаб бекитди.
Туфлисини кияётганида хотини сўради:
– Йўл бўлсин?
– Кечроқ қайтсам керак. Жўралар билан ўтиришимиз бор эди.
Хотинининг юзида норозилик аломати зуҳурланди.
Акиф эшик олида турарди. Машинасига бориб ўтирди.
– Мошинингни қўйиб кетмоқчийдинг-ку?
– Мен ичмайман, дўхтир билан оласанлар.
Ҳар доим ўтирадиган кафега келишди. Ташқаридаги столлар бўш эди. Жойлашиб, кабоб буюришди. Ўн дақиқа ўтмай, “дўхтир” ҳам келди. Воқиф аслида болалар шифокори эди. Лақаби ўшандан қолган. Тиббиёт олийгоҳини битирган. Бир-икки йил ишлагач, тушум кам, дея ўзини савдога урган, Исломга ўхшаб, зиён кўргач, шу касбни танлаганди.
Акиф эса, тарих факультетини битириб, анча вақт академияда ишлаган, ҳатто илмий иши ҳам ҳимояга тайёр эди. Шўро қулагач, “бор-э” деди-ю, машинага ўтириб, киракашликка ўтди. Беш йилдирки, тўртта ғилдиракнинг кетидан оила тебратади.
Биринчи қадаҳни унинг, оиласининг ва касал қизининг соғлиғи учун олдилар.
Кейин Акиф ва “дўхтир”нинг соғлиги учун қадаҳ кўтардилар. Шиша охирлаб қолган эди. Ўзи ичмаса-да, қадаҳсўз айтгиси келди:
– Шу қадаҳни ўз сиҳатимиз, ўз халқимизнинг соғлиғи учун олинг. Мен ҳар доим бу амриконларнинг бизга бир чақалик нафи йўқлигини айтардим. Бугун яна бир бор амин бўлдим. Ким бўлмасин, йўқ жойдан топилиб келган бир минг етти юз долларининг юзидан кечарди-ку? Аммо улар бир червон ҳам бермади. Улар менга отасидан қарздор одамга қарагандек қаради. Ўрис бўлса берарди, немис бўлса берарди, – у бир оз пешонасини қашиб, қўшиб қўйди: – борингки, армани бўлсаям, берарди. Бу … амиркон бермади.
Дўхтир билан Акиф жойларида бир-бирига қараганча қотиб қолишди. Кейин бараварига дастурхон устидаги совиган қуйруқ ва лўлакабобларга тикилишди. У эса ҳамон гапида давом этарди:
– Ажабланманг, оғайнилар! Мен бу зиёфатни сўзимнинг ростлигига амин бўлганим учун беряпман. Насиб бўлса, боламни бир амаллаб операция қилдираман. Шу пайтга қадар ўша туллак амриконлардан ҳеч бўлмаса биттаси билан юзма-юз келишни истагандим. Мана, кўрдим. Ва ҳаммасига ишондим. Улар гулдек бир мамлакатни таг-туги билан йўқотдилар. Ичимизга нифоқ солдилар. Ишсиз, кучсиз қолдирдилар. Ҳозир ҳам бизни талаб ётишибди. Нефтимизни сув текинга олиб кетишяпти. Бизни эса одам ўрнида кўришмайди… Сарсон, битта ароқ…
Акиф нимадир демоққа чоғланганди, улгурмади:
– Ичаман, қуй, бугун тўйгунимча ичаман.
…Кафедан чиқишганда соат бирга яқинлашган эди. Акиф аввал уни, кейин дўхтирни элтиб қўйиши керак эди. Дарвозанинг олдида тўхтадилар. У йўл-йўлакай бояги мавзуда гапириб келди. Акиф зўрға уни гапидан тўхтатиб, машинадан туширди.
– Мошинингни ўзим ичкари киритиб қўяйми? – сўради Акиф дарвоза олдида турган машинага имо қилиб.
Эътироз билдирди. Чўнтакларни пайпаслаб, калитни қидирди. Тополмай, ичкари кирди. Хотини шовқиндан уйғониб, ҳовлига чиққан эди.
– М… мо-ошин-н-ни…қўяве-ер, қ-қоп к-кетав-версин ташқ-қарида-а, ў-ўлмайди-и-и!
Хотини машина ташқарида қолмасин, ўтган бор, қайтган бор, деб айтмоқчи бўлди. Кейинги пайтларда машиналарнинг олд ойнаклари, ғилдиракларини ўғирлаб кетиш ҳоллари кўпайган. Унинг ичкарига кира солиб, кийим-пийими билан ўзини ётоққа урганини кўриб, индамади.
– Хафа бўлманг, ҳали ҳаммаси яхши бўлади, – деди хотини унга юзланиб. У эса аллақачон тарашадек қотган эди.
Саҳар пайти миясида турган қаттиқ оғриқдан уйғониб кетди. Хотини унинг қаршисида тўшак устига ўтириб олганди.
– Ёмон туш кўрибман, катта-катта бинолар ёниб, култепага айланаётганмиш.
– Мошинга қараб қўйдингми?
– Жойида турибди.
– Қизинг қалай?
– Яхши. Лекин… кўнглим ниманидир сезяпти. Барака топгур, шу заҳри заққумни ичманг!
– Бўпти, энди ичмаганим бўлсин. Эртадан мачитга бораман. Тавба қилдим, – дея бошини ёстиққа буркади.
Озарбойжон тилидан Рустам Жабборов таржимаси