Турол Анорўғли. Синфком сайлови (ҳикоя)

Бокунинг жазирама ёзи ортда қолди. Кузнинг сарин нафаси билина бошлади. 1-“А” синф ўқув­чилари мактаб ҳаётининг илк икки ойини ортда қолдиришди. Бу фурсат ичида китоб-дафтар­ларини олиб, ўқиш-ёзишни ҳам анчагина ўрганиб қолишганди.
Эшик очилиб, Хадича муаллима синфга кириши билан болаларнинг ҳаммаси оёққа турди. Муаллима болалар билан саломлашгач, стол ёнида туриб гап бошлади.
– Ўтиринглар. Бугун дарс ўтмаймиз. Уйда ўт­ган дарсларимизни такрорлаб келасизлар. Бугун синфком сайлаб олишимиз керак. Бу ҳақда сиз­га илгари ҳам айтган эдим, шекилли. Болалар, била­сизки, биз демократик ўлкада яшаяпмиз. Ҳар бир кишининг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи бор. Бугун шу ерда биринчи қадамни қўясизлар. Ўтган вақт ичида бир-бирингизни таниб олдингиз. Бугун сиз ўз ишончингизни қозонган дўстингизни, дуго­нангизни синфком қилиб сайлашингиз мумкин. Анави, синфда ишлаб юрган чилангар амакига эътибор қилманглар. У ўз иши билан банд. Биз ҳам ишга киришишимиз керак. Қани, ким менга айтади: синфком ўзи нима дегани? Нима иш қилади?.. Балли, ҳамма жавоб бермоқчи. Биринчи Жамила қўл кўтарди. Қани, қизим?..
– Синфком ўқитувчининг ёрдамчиси бўлади. Унга кўмаклашади.
– Тўппа-тўғри. Кейин-чи, Лола, сен айт.
– Синфком бўр олиб келади. Синфнинг тоза­лигини назорат қилади.
– Жуда соз. Офарин. Али, сен нима дейсан?
– Синфком “стукач”лик қилади. Чақимчи ва лаганбардор…
Хадича муаллима кўзойнагини олиб, орқа партада ўтирган ўқувчига қаради.
– Нима? Бу гапларни сенга ким ўргатди?
– Отам.
Биринчи партада ўтирган қиз унга қўшимча қилди:
– Алининг отаси — “жулик”. Онам шунақа дей­ди. Унинг дўконидаги колбасаларнинг ҳаммаси эски. У ердан олинган сутни қайнатса, ачиб қо­ларкан.
– Нима қипти? Менинг отам ҳам сенинг онанг­ни “демагог” дейди.
Вазият издан чиқа бошлаган, ўқувчиларнинг суҳбати нохуш томонга йўналиб бормоқда эди. Хадича муаллима оёққа туриб, мунозарага қўшилди.
– Болалар, бу қанақаси, бунақа гапларни га­пириш уят бўлади. Али, ўғлим, менга қара… Отанг бу гапларни ҳазиллашиб айтган бўлса керак. Масалан, бугун уйга бориб, “синфком сайладик” десанг, хурсанд бўлади. Сени мақтайди. Лайло, қизим сен ҳам бояги гапларинингни онангга айтиб берсанг, жуда уялиб қолиши мумкин. Болалар, битта гапни қулоқларингга қуйиб олинглар. Ҳеч қачон уйдаги гапни кўчага чиқарманглар.
Хадича муаллим зарда билан қўлини силтаб турган қизни турғизди.
– Ҳа, Жола, сен нима дейсан?
– Тўғри айтасиз, муаллим. Менинг отам ҳам ҳар куни уйда ҳукуматни сўкади. Лекин, бизга бу гапларни кўчага чиқармаслигимизни айтади.
– Болалар, мавзудан узоқлашиб кетдик. Бугун синфком сайлаб олишимиз керак. Айтинглар, кимни сайласак бўлади?
– Алини!
– Лолани!
– Элдорни!
– Орифни!
– Матонатни!
– Ноила муаллимани!
Хадича муаллим таажжуб ила охирги таклифни илгари сурган болага қаради:
– Ўғлим, синфком сизнинг синфда ўқиёт­ган болалар орасидан сайланади. Мусиқа ўқитувчи­си­нинг бунга нима алоқаси бор?
– Чунки, у даҳшат нарса. Калта юбкада ишга келади. Амаким уни кўрса ўлиб қолади. Мени мактабга олиб келган пайти Ноила муаллимани кўриб қолган экан. Мендан, бу жонон ким ўзи, деб сўраган эди.
– Жовид, ўғлим, ҳозир уйдаги гапларни кўчага чиқарманглар, деб айтдим-ку!
– Малим, бу гапни бизам уйда гаплашмадик. Амаким бу гапни менга кўчада, машинанинг ичида айтди-да!
– Бўпти, демак таклифлар берилди. Номзодлар­дан бири Али. Алининг қайси сифатлари, хислат­лари сизга маъқул? Хўш, Сомир бу таклифни сен берувдинг. Нега Алини танлаяпсан?
– Чунки, унинг иккита “телех”и бор. Ана, эшикда пойлаб турибди. Кимни десангиз, сочиб ташлашади.
– Ўғлим, бу ишнинг тансоқчиларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Сиз синфдошингизнинг инсоний фазилатлари ҳақида гапиринг.
– Малим, Фомилни сайлайлик.
– Йўқ, уни сайлаб бўлмайди. У — экстремист. Оппозиция.
Хадича муаллима дарров музокарага қўшилди.
– Биринчидан, бу нима деган гап? Биринчи синфда ўқийдиган боланинг сиёсий мақоми бўладими? Бунақа гапларни қаердан олдинглар?
– Ҳаммамиз бир хил кийимда келамиз. У бўлса, ҳар хил кийинади. Катта бўлса, вазир бўлармиш.
Хадича муаллима кулимсираб, фикрини бил­дирди.
– Вазир бўлса, нимаси ёмон? Эртага сизлар ҳаммангиз катта лавозимларда ишлайсиз. Таниқли фан ва маданият арбоблари бўлиб етишасиз. Бу­нинг учун ўқиш керак.
– Малим, Фарангизни сайлаймиз. Ўзиям, жа кетворган-да!
– Фарангизни сайламаймиз, у параллел синф­даги Метин билан юради.
– Йўқ, ҳеч ким билан юрмайман, билдингми?
Фарангиз бор овози билан йиғлашга тушди. Кейин эса ўрнидан туриб, ўзини эшикка урди. Кутилмаганда очилган эшикнинг тутқичи тансоқ­чилардан бирининг елкасига урилди. Оғриқдан унинг башараси буришиб кетди. Иккинчи тан­соқчи ичкарига бошини суқиб, Хадича муаллимага юзланди.
– Ҳаммаси жойидами?
Хадича муаллима ҳам жуда тез фурсатда юз берган бу жараён олдида шошиб қолганди.
– Ҳа, ҳа, хавотир олманг. Ҳаммаси жойида.
Тансоқчи эшикни ёпди. Хадича муаллима аса­бий ҳолатда Меҳмонга юзланди:
– Уятсиз! Синфдошингни ҳам шунақа ҳақорат қиласанми? Уялмайсанми? Қизларга осилиш ўғил болага ярашмайди.
– Малим, директоримиз унда нимага ҳар доим хотинларга осилиб юради… Холам “у суюқ, ғирт маньяк” деган эди.
Хадича муаллима қип-қизариб кетди. Мактаб директорининг хотинбозлиги ҳеч кимга сир эмас­ди. Муаллиманинг ўзи ҳам боланинг фик­рини ичида қўллаб-қувватлаб турарди. Лекин, бу қадар ошкоралик…
– Болалар, келинглар, сайловларни давом этти­рамиз. Сен Меҳмон, Фарангиздан узр сўрашинг керак. Унинг кўнглини ол. Ҳали ўтган ҳафта қилган ишингни нима деса бўлади? Ҳовлида тўп ўйнаб, деразани синдирдинг. Директор ота-онанг­ни чақиртириб юборган эди. Сен кимни бошлаб келдинг?
– Вася амакини.
– Вася амаки сенга ким бўлади?
– Вася амаки ҳар доим уйимизнинг ёнидаги пивохона олдида ўтиради. Одамлардан пул тила­нади. Кейин ўша пулга бўккунча ичади.
– Хўш, кейин нима қилдинг?
– Мактабда буфетдан овқат олиб ейишим учун берилган бир ширвонни Вася амакига бердим. Кейин уни отам ўрнига мактабга олиб келдим.
– Директорнинг ёнига-я?
– Ҳа, директор шикоят қилишни бошлади. Ке­йин Вася амаки менинг қулоғимни буради. Кейин мен унинг оёғига тепдим. Кейин у мени “сукин син” деди. Мени нимага сўкади бўлмаса?
– Ўзинг ҳам уни отанг ўрнига мактабга судраб келибсан-ку? Қани кундалигингни бир кўрай-чи?.. Ие, бу нимаси? Нега кундалигингда шунча бўш варақ ташлаб кетдинг?
– Реклама учун жой қолдирдим. Ахир, газета-журналлар, телеканаллар рекламадан пул ишлаш учун бўш жой қолдиришади-ку!
– Бу замоннинг болалари мени жинни қилиб қўйишади. Мақсаддан узоқлашмайлик. Нима деётгандик?
– Ноила хоним ҳақида гаплашаётган эдик, – де­ди Жовид қўлини кўтариб.
Хадича хонимнинг жаҳли чиқа бошлади:
– Вей бола, ҳали етти ёшдасан. Ноила хоним эса йигирма бешда. Сенга катталик қилади у.
– Менам ўзим учун сўраётганим йўқ. Амаким айтдики, мен уларни топиштириб қўйсам, велосипед олиб берармиш.
– Эртага ўша амакингни менинг олдимга чақи­риб кел.
– Малим, амаким сизни бошига урадими? Унга Ноила хоним керак. Сиз учун велосипед олиб бермайди менга.
– Бўлди, бас, етар!
Хадича муаллим ўзини тинчлантиришга урина­ётганда эшик очилиб, Фарангиз кўринди.
– Кирсам майлими? Кечирасиз, сиздан сўрамай ташқарига чиқиб кетганим учун. Ҳожатга кетувдим.
Муаллима қизга яқинлашди. Бошини силаб, мулойим товушда деди:
– Тушунаман, қизим, бор жойингга ўтир. Фа­қат, Меҳмон сенга бир нарса демоқчи эди. Қани, Меҳмон, нима демоқчисан?
Муаллиманинг ишораси билан Меҳмон оёққа турди.
– Фарангиз, сендан кечирим сўрамоқчи эдим. Лекин, сен бирдан ҳожатхонага кетиб қолдинг. Малим, ўзингиз айтувдингиз-ку, ҳожатхонага танаффусда боринглар, дарс вақти ўзингизни тутиб туринг, деб.
Болалар ҳиринглаб кула бошлашди. Фарангиз­нинг кўзлари ёшланди. Яна тезлик билан синфдан югуриб чиқди.
Хонанинг эшиги очилиб, тансоқчилар хонага бош суқишди ва атрофга кўз югуртиришди.
– Муаллима, тинчликми? Манави қиз ҳар икки дақиқада бир йиғлаб ташқарига чиқади?
Хадича муаллима энди жавоб бериш учун оғиз жуфтлаган пайтда гапга Алининг ўзи қўшилди:
– У қизнинг томи кетиброқ қолган. Сизлар ҳам ҳар замонда ичкарига суқилиб, эркин сайловларга соя соляпсиз. Синфкомликка номзодлардан бири менман.
Тансоқчилар ташқари чиқиб, эшикни ёпишди. Муаллима таажжуб ила Алига тикилди:
– Сен бунақа гапларни қаердан ўргандинг?
– Сайловлар ўтказилганда телевизорда эртадан кечгача шунақа гапларни гапиришарди.
– Ҳа… Энди тушундим. Али, сен ўтир, Меҳмон сен яна ишни чигаллаштирдинг. Синфдошинг қайтиб келса, ортиқча гап қилма. Кечирим сўра, тамом. Тушундингми? Яхши. Болалар, демак, ол­тита номзод илгари суриляпти. Али, Лола, Элдор, Ориф, Фарангиз ва Матонат. Ҳа, Жовид, нима дейсан? Вой айтдим-ку, Ноила хонимни синфком қилиб бўлмайди. Энди ҳар бирингиз қайси номзод­га овоз бериш учун аниқ бир қарорга келишингиз керак. Ҳар бир номзод ўзи ҳақда доскага чиқиб гапириб берсин. Истаган саволингиз бўлса беринг, марҳамат. Аввал қизлардан бошлаймиз. Қани, Ло­ла, чиқ доскага!
Лола чиқди. Кейин синфдошларига қараб гап бошлади.
– Менинг отим Лола. Биринчи синфда ўқийман. Ҳамма дарслардан беш оляпман. Мусиқа тинглаш, рақс тушишни ёқтираман. Мени сайласангиз, синфда тозаликни сақлашга ҳаракат қиламан.
Хадича муаллима мамнуният билан болаларга юзланди:
– Саволларингиз бўлса, марҳамат, бераверинг­лар. Қани Гулнора, тур, нима саволинг бор?
– Лола, сен қайси гулни ёқтирасан?
Лола саволга жавоб бермоқчи бўлганида синф­хона эшиги очилди. Фарангиз уялиб-қимтиниб синфга кирди. Хадича муаллима ўрнидан туриб, унга яқинлашди. Кейин қовоқ уйиб, Меҳмонга қаради. Меҳмон ҳам ўрнидан турди:
– Фарангиз, мени кечир, лекин…
Хадича муаллима шогирдининг гапини қоқ яр­мида бўлди:
– Бўлди, шу етади, Фарангиз катта қиз. Сенинг узрингни қабул қилди. Ўтир қизим жойингга. Хўш, давом этамиз. Қаерда тўхтагандик?
Шу пайт кутилмаган ҳодиса юз берди. Кўзлари ёшга тўлган Садоқат исмли қиз қичқира солиб, ташқарига отилди.
Эшик оғзида ишлаётган чилангар норозилигини билдирди:
– Болалар, жойингизда ўтирсангиз-чи! Сай­ловингизни тинчгина ўтказаверинг. Ҳар икки дақиқада эшикни очиб-ёпаверасизми? Ўзи сайлов дегани шунақа ғалва билан ўтади. “Вечни” ўртада бир ишкал чиқиб туради.
Хадича муаллима ҳам бу ҳолда шошиб қолди. Таажжуб ила болалардан сўради:
– Бунга нима бўлди? Ким хафа қилди?
Саволга Садоқатнинг партадоши Айтан жавоб берди:
– Малим, Садоқат ҳам синфком бўлмоқчийди. Лекин ҳеч ким унинг номзодини кўрсатмади.
Хонанинг эшиги очилиб, ичкарига иккита дев­дай тансоқчи кириб келди. Синфга чўккан су­кунатни бир тансоқчининг йўғон овози бўлди:
– Муаллима, ўзи бу ерда нималар бўляпти? Ҳар уч-тўрт дақиқада эшик бир очилиб, битта бола йиғлаб чиқади? Нима безовталик? Рухсат берсангиз, қаршилик бўлмаса, биз ҳам ичкарига кириб, сайловларга кузатувчи бўлиб қатнашсак?
Хадича муаллима нима қиларини билмай қол­ганди. Ҳар қалай, бу икки барзангига рад жавоби беришни ўзига эп кўрмади:
– Марҳамат, фақат жим ўтиришингизни сўрай­ман.
Икки барзанги орқадаги кичик парталарга аранг сиқилишиб ўтирдилар. Хадича муаллима назоратни яна ўз қўлига олишга тиришди:
– Хўш болалар, қаерга келгандик?
Гулнора саволини такрорлади:
– Лола, сен энг кўп қайси гулни ёқтирасан?
– Атиргулни.
Хадича муаллима столининг орқасига ўтди. Кўзойнагини тақиб, болаларга юзланди:
– Лолага бошқа саволингиз бўлмаса, иккинчи номзодга ўтамиз. Ҳа, Жайрон, нимани сўра­моқ­чисан?
– Малим, мен сизга савол бермоқчиман.
– Эшитаман.
– Нега келинлар оқ кўйлак кийишади?
– Оқ ранг покликни, иффат ва тўғриликни, эзгулик ва софдилликни, севги ва муҳаббатни билдиради, қизим.
– Малим, бўлмаса нима учун куёвлар қора ки­йим кийишади?
– Ҳмм… Ҳалиги… Болалар, мақсадга ўтамиз. Кимнинг навбати? Матонат, кел. Ана шундай. Қани, ўзинг ҳақингда гапир.
– Менинг отим Матонат. Менинг отам вазир. Уйимизда бир ит бор. Мен итимни яхши кўраман. Дарсларимни бажариб бўлиб, ўйинчоқларимни ўйнайман. Китоб ўқийман. Менга саволинглар борми?
Гулнора қўлини кўтариб, савол берди:
– Сен энг кўп қайси гулни ёқтирасан?
– Мен энг кўп атиргулни ва қалампиргулни ёқ­тираман.
– Балли, қизим. Бор ўтир. Энди Фарангиз чиқ­син. Қани, болам гапир-чи?
– Мен ҳақсизлик ва ёмонликларни ёмон кўра­­­ман. Туҳматчиларни ёқтирмайман. Синфком бўлсам, ёлғончиларни, туҳматчиларни муаллимимизга ай­тиб бераман. Саволингиз борми?
– Сен энг кўп қайси гулни ёқтирасан?
– Мен энг кўп атиргулни, қалампиргулни, ке­йин картошкагулни ёқтираман.
Хадича муаллима гапга аралашди:
– Ана, болажонлар, кўрдингларми? Қизимиз режаларни аниқ айтиб берди. Энди йигитларимизга ўтамиз. Қани, кел-чи, Али. Гапир, синфком бўл­санг, нималар қиласан?
– Биринчидан, отам бутун синфга ресторанида зиёфат беради. Малим, сизам борасиз. Иккинчи­дан, синфхонамизга тўриқ палос тўшаттираман. Учинчидан, отам бутун синфга янги стуллар олиб беради. Тўртинчидан…
– Сен худди сиёсатчиларимизга ўхшаб гапир­япсан. Бу ишларнинг синфкомликка нима алоқаси бор? Отанг мактабга ёрдам бермоқчи бўлса, сен синфком бўлмасанг-да бу ишларни қилаверади.
– Йўқ, малим. Отам, сен сайланмасанг, бу иш­ларнинг нима кераги бор, деб айтди. Яна айтдики, сайлангунча ваъда беравер, асосийси сайланиш, у ёғи унча муҳим эмас.
Муаллима нима дейишни билмай, яна синфга юзланди.
– Болалар, саволингиз бўлса, марҳамат.
– Мен савол берсам бўладими? – Жовид му­ал­лимидан тасдиқ жавобини олиб, ўрнидан тур­ди. – Али, ресторанга Ноила муаллимани ҳам ча­қирасанми?
– Чақираман.
– Менинг амаким ҳам келса бўладими?
– Албатта, бўлади. Нега бўлмасин?
Жовид хурсанд бўлиб, кафтларини ишқалади. Кейин ёнидаги қизнинг қулоғига пичирлади:
– Мен Алига овоз бераман.
Кейинги саволни Гулнора берди:
– Али, сен энг кўп қайси гулни ёқтирасан?
– Ҳаммасини, ваъда бераманки, мен синфком бўлсам, синфга ҳар кун янги гуллар опкеламан.
– Жуда яхши, ўғлим. Ўтир. Қани Элдор, сен чиқ!
– Муаллима, мен синфком бўлишни истамай­ман. Овозимни Фарангизга бердим.
Орқа партада ўтирган тансоқчилардан бири кулимсираб, шериги билан кўз уриштирди:
– Ҳозирги болалар жуда абжир бўлиб кетишган. Биз бу ёшда жуда бўш-баёв бўлганмиз. Қара, бит­та гап билан қизни қўлга олди-қўйди.
Ўзини эшитмасликка олган Хадича муаллима ўқувчисининг фикрига муносабатини билдирди:
– Болалар, бу жуда ихтиёрий иш. Ўртоғингиз истамаса, уни мажбур қилолмаймиз. Энди кимнинг гали? Ҳа, Ориф, доскага чиқ. Нима дейсан?
– Менинг отим Ориф. Уйда телевизор кўришни, ҳовлида тўп тепишни яхши кўраман.
– Ўғлим, катта бўлсанг, ким бўлмоқчисан? Отангга ўхшаб, математик бўлишни, фан доктори бўлишни, академияда ишлашни истасанг керак?
– Йўқ, мен амакимга ўхшаб созанда бўламан.
– Жуда яхши, мусиқага қизиқишинг баъзиларга ўхшаб Ноила муаллимага алоқадор эмасми?
– Йўқ, пулга алоқадор.
– Тушунмадим. Пулга мусиқанинг нима дахли бор?
– Менинг отам математик. Лекин, ҳар доим амакимдан қарз олиб туради. Амаким бўлса, институтни битиргани йўқ. Ўзи гармон чалади, тўйларга боради. Кўп пул топади. Менам амакимга ўхшаган бўламан.
– Ўғлим, пул ҳамма нарсани ҳал қилаверадими? Билим олиш керак. Агар яхши ўқимасангиз, аҳво­лингиз… мана! Мана шу одамга ўхшаб қоласиз, – дея эшик оғзида, ерда ўтирган чилангарни кўрсатди. Бутун синф шу томонга қаради. Муаллиманинг гапларидан ранжиган чилангар халтасини қўлтиқ­лаб, ташқари чиқиб кетди. Хадича муаллима уни чақириб, ортидан кечирим сўраб қолса ҳам, вазият ўзгармади. Хадича муаллима чор-ночор эски мавзуга қайтди. Вазиятдан чиқиш учун сўзни Гулнорага берди.
– Ориф, сен энг кўп қайси гулни яхши кўрасан?
– Мен энг кўп наргисни яхши кўраман.
Ҳамма болалар биринчи партада бошини эгиб ўтирган Наргисга қаради. Шу чоқ хонанинг эшиги очилиб, қиммат фаранг атрининг ҳиди синфга таралди. Мактаб директори кириб келди. Ўқувчилар, тансоқчилар ва Хадича муаллима ўрнидан туриб, у билан саломлашдилар. Алибобо муаллим синф раҳбарига яқинлашди:
– Хадича хоним, бу ерда нималар бўляпти ўзи? Синфингиздан бир қизнинг йиғлаб муаллимлар хонасига келганини, онасига телефон қилганини эшитдим. Кейин чилангар келди. Авзойи бузуқ.
– Алибобо муаллим. Бугун синфком сайлови ўтказаётувдик. Садоқат қизимизнинг номзодини ҳеч ким кўрсатмади. У кейин аразлаб кетиб қолди. Чилангарни эса мен хафа қилдим. Билмасдан, албатта. Кечирим сўрадим, аммо қулоқ солмади.
– Хадича муаллима, сизни бир дақиқага мум­кинми?
Директор ва синф раҳбари биргалашиб синфдан чиқишди. Алибобо муаллим синф эшигини ёпиб, шоша-пиша гапга тушди.
– Вей, нима қиласиз бошимизга ғалва орт­тириб? Сайлов-пайлов деган гапни қаердан чи­қардингиз? Одатдагидек, бир аълочи болани сай­ланг-қўйинг-да! Садоқатнинг онаси туман халқ таълими бўлимида ишлашини биласиз-а?
Шу чоқ синфнинг эшиги очилиб, тансоқчилар ҳам чиқиб келди:
– Биз, албатта, мактабингизнинг ишига арала­шишни истамаймиз. Лекин, Алини сайлашингизни маслаҳат берамиз. Муаллим, биласиз, Оғабола катта бир холдингнинг раҳбари. Мактабингизга ҳам фойдаси тегади.
– Мени бу ишга аралаштирманг. Мана, синф раҳбари бор. Хадича муаллима, агар менинг масла­ҳатим сизга керак бўлса, ё туман халқ таълими бўлимининг, ё мана бу холдингнинг боласини синфком қилинг.
– Алибобо муаллим, унда синфдаги вазирнинг қизини нима қилайлик? Номзодлардан бирининг отаси вазир экан.
– Билмадим, бошим қотиб қолди. Ўзингиз бир йўлини топинг. Менам синфга кириб ўтираман, қани, охири нима бўларкин? Қани, сизлар ҳам ки­ринглар. Ҳа, қизим, кел сенам. Отинг нима эди?
– Садоқат. Рухсатсиз чиқиб кетганим учун ке­чиринг.
– Ҳечқиси йўқ, қизим. Кир.
Ҳамма ичкарига кирди. Директор болаларга мурожаат қилди:
– Болалар, бу сайловларда ҳеч кимнинг кўнгли синиб қолишини истамаймиз. Шунинг учун Садо­қатнинг ҳам номзодини илгари сурамиз. Менда саволингиз борми? Нима дейсан, қизим?
– Малим, сиз қайси гулни ёқтирасиз?
– Нима? Эсинг жойидами, қизим? Ўзимнинг гулим чиқиб турибди. Менинг қайси гулни яхши кўришим билан сайловларнинг нима дахли бор? Муаллима сиз давом этинг.
Хадича муаллима гапга тушди:
– Болалар, мана синфдошларингизни эшитди­ларинг. Номзодларнинг режалари билан таниш­динглар. Энди сайловни бошлаймиз. Демак, гап бундай: исм-фамилияларни ўқиймиз. Сиз ўзингизга ёққан номзод учун қўл кўтариб овоз берасиз. Кейин овозларни санаймиз. Энг кўп овоз тўплаган синфком бўлади. Қани, Латиф, чиқ. Натижаларни доскага ёз. Биринчи номзодимиз Лола. Ким Лолага овоз беради? Офарин, яхши. Иккинчи номзод Матонат. Латиф, қўлларни са­наяпсанми? Учинчиси Фарангиз. Жуда яхши. Тўртинчи Али. Кейин ким қолди? Тўғри, Элдор синфком бўлишни истамади. Демак, охиргиси Ориф экан. Энди натижаларни кўрамиз.
Хона эшиги очилди. Директорнинг котибаси кириб келди. Синфга кўз югуртириб, Алибобо муаллимни кўрди ва қичқирди:
– Алибобо Вайсалович, сизни шошилинч теле­фонга сўрашяпти.
Алибобо муаллим чиқиб кетди. Хадича муаллима директорсиз натижаларни эълон қилишни ўзига эп кўрмади. Шунинг учун гап бошлади:
– Болажонлар, сиз бугун биринчи бор демокра­тик сайловлар иштирокчиси бўлдингиз. Демокра­тия мана шу. Ҳали ҳақиқий сайловларда иштирок этишга ёшингиз етмайди. Аммо, сиз биринчи қа­дамни ташладингиз. Мустақил давлатимизнинг келажаги сизнинг қўлингизда. Шунинг учун ҳар доим демократияга содиқ қолишингизни, шу йўналишда фаолият кўрсатишингизни истайман. Сиз бизнинг умидимиз, эртанги кунимизсиз. Сиз­ни бугунги сайлов билан табриклайман. Мана, бу сайловда сизнинг катта амакиларингиз кузатувчи бўлишди. Энди сўзни уларга берсак.
Хадича муаллима тансоқчиларни доскага чиқар­ди. Тансоқчилар бир оз ўнғайсизланиб, болаларга юзланишди. Биринчи тансоқчи гап бошлади:
– Вообщем, масала равшан. Қўлийлани кўтариб овоз бердийла. Яхши бўлди. Демократия бўлди. Ҳақиқий сайлов точний машинақа бўлади. Энди биза нимаям дердик. Ҳамма нарса как надо ўт­казилди, шу!
Иккинчи кузатувчи гап бошлади:
– Ман кузатувчи сифатида айтишни истардимки, сайлов пайтида ҳеч қандай қонунбузарликларга йўл қўйилмади. Европа Иттифоқида ҳам бунақа одил сайлов бўлмаган. Битта бола “самоотвод” берди. Автоматически, сайловларга кирмади. Бу сайлов энг юқори стандартларга…
Хонанинг эшиги очилиб, тансоқчининг сўзлари қоқ ярмидан кесилди. Директор ичкарига кирди. Доскадаги натижаларга қаради. Кейин юзини Хадича муаллима ва тансоқчиларга ўгириб, деди:
– Сизлар мен билан бир дақиқа ташқарига чи­қинглар. Болалар, сиз шовқин кўтармай туринглар. Биз ҳозир келамиз.
Хадича муаллима ва тансоқчилар залга чиқар-чиқмас, директор шовқин сола кетди:
– Шу сайловларингиз бошга битган бало бўлди. Аввал туман халқ таълими бўлимидан телефон қилишди. Кейин ишга шаҳар халқ таълими бўлими аралашди. Охирида вазирликдан ҳам қўнғироқ қилишди. Ҳатто Марказий сайлов комиссияси ҳам масалага аралашиб, ишимизнинг ғайриқонуний ва хато эканини айтди. Бюллетенлар тайёр эмас. Сайловчилар рўйхатга олинмаган. Хориждан бе­тараф кузатувчилар иштирок этгани йўқ. Сай­ловнинг легитимлиги аниқмас.
Тансоқчиларнинг бири суҳбатга аралашди:
– Буларни томи кетиб қопти ўзи. Була “ухлаш­яптими”, ўзи? Худди депутат сайлашяптими дей­сан.
Директор норози оҳангда уларнинг овозини бўлди:
– Сизнинг эса гапиришга умуман хаққингиз йўқ. Расмий кузатувчилик васиқасини олганингиз йўқ. Рўйхатдан ўтмагансиз. Кузатувчимиз, деб қулоққа лағмон осасизлар.
– Ўв, Брат, қанақа лағмон, қанақа васиқа. Бошийзга от тепганми сиззи. Гаплашасанми ўв. Чиқ буёққа…
Иккинчи тансоқчи биринчисини тинчланти­риш­га уринди:
– Алишка, не надо! Бизани ўз ишимиз бор. Ни­ма қилса қилувмийдими? Бизга нима?
– Бу нима деганинг. Оғабола Вайсаловичга ни­ма дейсан? Ўғлини қонуний йўл билан синфком қилиб сайлашди-ку. Бу қурумсоқ ишни бузяпти.
– Мен билан бунақа гаплашишга ҳаққингиз йўқ. Икковингиз ҳам мактабдан чиқиб кетинг. Йўқса, полиция чақираман.
– Ўв, нималар деяпсан? Сан манга “понт” билан гапирмагин, хўпми? Гапинг борми, чиқ, чеккада гаплашамиз. Полицияни сан эмас, ман чақираман. Ўв, Гоша, бу фармазоннинг машинасини ДАНдаги болаларга топшир, штрафнойга босишсин, кейин мияси жойига келади. Ман билан мунақа тонда гаплашмагин, а так синдираман ўв!
– Алишка, тинчлан…
Суҳбатга Хадича муаллима ҳам қўшилди:
– Бас қилинг. Болалардан ҳам баттарсиз. Шош­манглар, вазиятдан қандай чиқамиз?
Алибобо муаллимнинг боши қотиб қолганди. Бунинг боиси қўнғироқларми ёки тансоқчиларнинг сўзларими, билиб бўлмасди. Синиқ нигоҳ билан муаллимага каради.
– Билмадим. Яна уч дақиқадан кейин телефон қилишади. Ичкари кириб, болаларга бирор нима деб туринг. Чиндан ҳам Европадан кузатувчи чақирмаймиз-ку! Овоз бериш ошкора ўтди. Бюл­летен-муллетен йўқки, бирор бало қилсак. Тфу, тентакка ўхшаб, ҳамма натижаларни доскага ёзиб қўйибсиз. Нима қилишга ҳам ҳайронман. Боринг, болаларингизга бир нима деб туринг. Менам юқоридагилар билан маслаҳатлашиб кўрай.
Хадича муаллима эшикни очиб, синфга кирди. Болалар оёққа турди. Муаллима уларни ўтқизиб, жойига ўтирди ва кўзойнагини тақди. Қаршисида ўтирган болаларнинг самимий кўзлари билан тўқнашди. Юзага келган вазиятни болаларга қандай тушунтирса экан? Дунёда адолат ҳеч қа­чон устун бўлолмаслигини буларга қандай айт­син? Қонун-қоидалар китобдаги каби татбиқ этилмаслигини қай тарзда билдирсин? Бир оз ўйлаб, кейин гапга тушди:
– Болалар, айтганимдай, бугун илк демократик имтиҳон топширдинглар. Жуда зўр бўлди. Бироқ, ҳали демократик тамойилларга ўтишимизга анча фурсат бор. Сайлов ҳам осон масала эмас. Бу жуда мураккаб жараён. Сайловчиларнинг сенга ишониши, сенга овоз бериши, сени яхши кўриши етарли эмас. Буни тўғри тушунинглар. Натижа тасдиқдан ўтиши лозим. Биз сайловларни ўтказиб бўлдик. Албатта, дастлабки натижалар маълум. Аммо, расмий натижани эълон қилиш учун бир неча кун кутишимиз керак бўлади. Буни юртимиздаги юқори идоралар, халқаро ташкилотлар ҳам тан олиши керак. Қоидаси шунақа. Тушундингларми?
1-“А” синф ўқувчилари бир овоздан “йўқ” деб жавоб қайтаришди. Хадича муаллима болаларга боқиб, чуқур оҳ тортди ва “очиғи бу ишларни ме­нам тушунолмадим”, деди.
Мактаб қўнғироғи чалинди.

Озарбойжон тилидан Рустам Жабборов таржимаси