Ранко Маринкович. Тимсол (ҳикоя)

Қип-қизил юзларига бўжама тошган дароз йигит бемор ётган хонага кирар экан:
– Хайрли тонг! Қалай, енгил тортмадингизми, уста? – дея сўз қотди.
Уста тоқатсизланиб бошини силтади-да, гўё аччиқ дамлама ҳўплаб қўйган кишидек юзини буриштирди.
Уста ҳамдардлик санъатида анчайин муваффақият қозонган бесўнақай бу ношуднинг кунда берадиган аҳмоқона саволига жавобан ғижиниб:
– Тузукман, тузукман, – дея сўзланди.
– Мен устахонанинг калитини олгани келувдим, – давом этди йигит қўлидаги қалпоғини хижолатомуз ғижимлар экан.
Бир дақиқача сукут сақлаб, бемор ётган каравотни кўздан кечириб чиққандан сўнг ғўлдиради:
– Ҳалиги… ишга киришсам… дегандим…
Ниҳоят, у беморнинг юзига қаради. Бу тўрсликнинг ўзгинаси, сўлғин, хира, хасталик қовжиратиб юборган кўзларга дангалига қадалган қараш эди.
“Мунча хунук қарамаса!”
Уста ёрдамчисига ижирғаниб боқди. Йигит эса устанинг назарига дуч келиб, бошини қуйи солди-ю, яна сукут ичра каравотга тикилиб, уни аввал энидан бўйига, кейин у ёнидан-бу ёнигача кўз билан чамалай бошлади.
“Хаёлан ўлчаяпти, хомчўтлаяпти, кесиб тўғрилаяпти, тахталарни арралаб мослаяпти, мих қоқяпти…”
Уста сесканиб кетди. Адёл остидан чиқариб ётган озғин қўлларини чалмаштирди, лекин шу заҳоти қўрқинч ичида уларни бир-биридан айириб, ёстиғини тўғрилади-ю, шу ҳолича, қўлларини ёстиққа чўзганча ётиб қолди. Ҳатто шу алфозда ҳам унинг қўллари жонсиздек эди. Тобутни михлаётган, гўр қазиётган бу шафқатсиз қарашлар олдида ҳаммаси ўлим суратига айланади. Бу қараш заҳар янглиғ, ранж, бетоқатлик сочади, кутишга тоқати қолмаган, шекилли. У аллақачонлардан бери бор умидини устанинг уйига тиккан эди, энди эса сабрсизлик билан вақт-соати етишини кутяпти. Қачон? У ҳар куни калит олгани киради, калит йўлакда, эшик ёндоридаги михда илиғлиқ туради, бироқ калитни қўлга олишдан аввал худди тутундек сирғалиб ичкари киради, ялтоқланиб ҳол сўрайди:
– Қалай, енгил тортмадингизми, уста?
Уста неча марталаб ўз-ўзидан гина қилади, тубан гумонларини итқитиб юборишга, ўзини ташландиқ, кераксиз одам билиб берилган ғамгин ҳисларини қувишга уринади… У холис турмоқни, бир лаҳзага бўлса-да, “бир оёғи гўрда турган” одам қисматидан халос бўлмоқни истайди. Аммо уста бир оёғи гўрда турганини, шифтга боқиб ётган кишига дунё хунук тусда, номутаносиб улкан, енгилмас, унинг ожизлигидан иршайган кимсадек туюлишини биларди. Буни идрок этар экан, ҳеч қурса, хаёлларининг юксалишини, ҳақиқатнинг кўзларига тик қарашни истар, бир вақтлардаги кўз чамасини, макон ҳиссини қайтаришга, бармоқлари билан мармар метинлигини сезишга иштиёқманд эди. У ҳаётни соғлом кишилар кўзига очиладиган бор рангларда кўришни истарди.
Дароз эса ҳамон хона ўртасида қаққайиб турар, довдираганча қалпоғини эзғилар, гўё ниманидир кутарди. Нимани?
Калит эшик ёндорида илиғлиқ. Балки, бу йигитнинг кўнглида самимий ачиниш, ўзини ифодалаб бера олмаётган, ибтидоий, итларча содиқ ҳамдардлик бордир-у, зоҳиран қўпол, хиралиги боис гумон туғдираётгандир?
Лаънати хасталик дунёга пастдан туриб қарашга мажбур қилаётганидан ҳаммаси чувалиб кетди!
– Калит қаерда туришини биласан-ку, Лойз! – Беихтиёр кескин гапирганини сезиб, қўшиб қўйди. – Ё у ерда йўқ эканми?
– Йўғ-э, бор, кўрдим. Фақат, олдин устани кўриб қўяй дедим, аҳволи қалай экан. Мана, Худога шукур, тангри марҳамат кўргазгани билиняпти, бугун анча енгил тортибсиз. Худо хоҳласа, Биби Марям қўлласа, анави, китобга ёзув битаётган фариштани ўзингиз ясаб тугатасиз. Сиз тузалмагунингизча унга қўл теккизмайман…
– Ҳайкалга тега кўрма, эшитдингми?
Унга нима бўляпти? Устанинг ўзи ҳам буни тушунмас эди. Юзи нега бу қадар бужмайиб кетди, қўрқинчли бўкирган бу овоз танасининг қай бир яширин еридан чиқиб келди? Вужуди ярақлаган ханжар қаршисида тургандай сесканди-ю, икки қўлини шафқат сўраган мисол чўзди. Лойз аввалига қўрқув ичра чекинди-ю, бироқ ўзига томон чўзилган заиф, нотавон қўлларни кўргач, бемор томон отилди, қўлларни жон-жаҳди билан тутди-да, ҳиқиллаганча садоқат билан ўпа кетди.
Лекин уста қўлларини тортиб олди. Унга Лойзнинг оғзидан теккан нам­лик ёқмаган, худди қўлларини кучук ялаб сўлак теккизгандек туюлган эди. Шу заҳоти қўлларини илиқ сувда, хушбўй совун билан ювгиси, топ-тоза қилиб ювгиси, хаёлларини бемазаликдан халос қилгиси, фариштанинг қабр устига сочилаётган кўзёшлари мисол тўкилган шўртак шилимшиқни тозалаб ташлагиси келди.
Бундан ўн-ўн беш йиллар муқаддам уста тошдан мана шундай фаришталарни ясар экан, уларнинг қиёфасига жингала соч митти болакай – Лойзекни андоза қилиб олар эди. Ўша пайтда бундай фаришталар урф бўлганди, давлатманд кишилар қабр устига кўзёши тўкиши ёки жуда бўлмаганда, сағана атрофидаги гулларга сув сепиши учун фаришта тимсолидаги ҳайкалчаларни буюртиришарди.
Уста эса оппоқ мармардан ўзи учун, сағанаси учун Лойзнинг бошчасидан кўчирилган митти тимсолни эмас, балки улғайган ғилмонни ясади. Ўлим тимсоли тиз букиб, очиқ китобга устанинг исмини ёзар эди… Гўё ғилмон шамол шиширган елканлар каби улкан қанотларини ёзиб кўз кўрмас юксак­ликдан устанинг қабри тепасига учиб тушяпти, қора гранитдан ясалган силлиқ тахта устига оёқ учини салгина теккизиб, қўлидаги каттакон пат билан тош китобга ҳуснихат битяпти: Альберт Князь, сангтарош уста.
Қўлларининг тиришқоқ ҳаракати, қаддининг астойдил эгилгани, бошининг чап елка устига енгилгина энгашгани, яланг оёқлари бош бармоқларининг йиғилганлиги – бари диққатнинг бир ерга тўплангани, эътиборнинг жамланганидан далолат берарди. Уста ғилмоннинг юзида тасвирламоқчи бўлган, кўз илғар-илғамас эркакча мунг ўзгалар учун ақл етмас даражада маҳдуд. Лекин Лойзнинг оғзи четидаги кескин чизиқлари бемаъни ва маккор ишшайишга айланиб, унинг қўпол башарасида қотиб қолган. Худди қўзичоқдек жингала соч Лойзекнинг сирли кулимсираши, унинг чор-атрофга мушукдек айёр кўз ташлашлари усталик билан яширилган қалбаки содиқлик билан қўшилиб, тимсолнинг юзларида нодонлик ва тантанадан иборат ғалати аралашма тарзида акс этди.
Мана у, ўша юз! Уста тушуниб бўлмайдиган бу андозага (андоза эса бу вақтда хона ўртасида ҳиқиллаб, бурни-ю, кўзини қасмоқ босган мовут қалпоқ билан артарди) қанчалик узоқ тикилса, ушбу йигит ва ўзи ясаган ғилмон ўртасидаги даҳшатли ўхшашликни шунча аниқ кўрар эди.
Лойз ғилмон қиёфасида! Ҳаммаси айнан шундан бошланди. Тўшакка михланган пайти кўнглига ўрнашган шубҳа бир неча ойлардан бери устанинг қулоғига заҳархандалик билан: “Лойз – ғилмон! Ха-ха-ха, фаришта Лойзек! Лойзек, фаришта эмас, Лойзек исмимни ўлим китобига ёзяпти. Унинг башарасини қийшайтираётган нарса аслида менинг ўлимимдан ҳузурланиш!” – деб шивирларди.
Унинг тўшагига кириб олиб, оромини заҳарлаётган чидаб бўлмас хаёл, азобли, шафқатсиз, жирканч хаёл – иблис…
Бу хаёллар билан қийналаркан, Лойз тўккан кўзёшлардан охирги умидларни териб оларкан, уста терга пишиб кетди. Ахир Лойз йиғлади-ку! Устанинг қўли унинг ҳақиқий кўзёшлари билан ҳўлланди… Қалпоғи билан ёшларини бутун юзига суркаб юборди…
– Агар мен ўлсам, уни тугалланмаган ҳолича гўримга қўй, хўпми, Лойз?
Йигит:
– Йўқ, уста, йўқ! – дея хитоб қилди-ю, яна овози йиғидан титраб кетди.
– Китобга фақат менинг исмимни ўясан, уқдингми? – тантанавор, худди васият қилаётгандек совуқ оҳангда давом этди уста. – Исмимнинг тагига сангтарош уста деб ўйиб қўй, бошқа ҳеч қанақа ёзувнинг кераги йўқ, ҳеч қандай сана қўймайсан, англадингми?
– Исмингизни мен ёзишим керакми? О, уста!.. – Лойз юзлари оппоқ оқарганча ортга чекинди.
– Нима бўпти? Сен хафа бўлма, булар одатдаги нарсалар, – йигитнинг тортингани нашъа қилиб, тақдирига шодиёналик билан кўнган киши каби сўзлади уста. Кейин заҳарханда ғамгинлик билан қўшиб қўйди: – Одам зоти бир кун келиб ўлиши керак. Қари-қартанглар, ҳаммага халал берадиган, ҳеч кимга кераги йўқлар…
Йигит қалпоғини юзига босиб олиб, худди сурнайникидек ингичка овоз чиқариб ҳўнгиллай кетди.
Уста томирларида қон эриганини, оққанини, танасининг ҳар томонига қараб таралганини, ҳар бир катакчани тепиб ўтганини, жонланганини сезди. Сал бўлмаса, ҳушини йўқотай деди.
– Йиғлама, Лойз. Мен фақат сен бу ишни бошқалардан кўра яхшироқ уддалайсан, демоқчи эдим…
Шогирднинг ҳўнграшлари ҳамон тинмас, бу овоз энди худди гулхан алангаси мисол чолни исита бошлаган эди.
– Сен бу ишни санъаткорона, меҳр билан адо қиласан, демоқчийдим…
Лойз гўё эсидан айрилган мисол чайқалди, лекин йиқилмади, устанинг каравоти ёнига тиз букди-да, бошини адёлга тиқиб олди. Йигитнинг танаси аччиқ, бетаскин йиғидан титрар, худди каравот ёнида абадий, умрининг охиригача йиғлашга аҳд этгандек, кўзёшларини ҳеч тўхтата олмас эди.
Кўзёши худди тарновлардан жилдираган ёмғирдек тўкилар, ўтган кунлар ва тунларнинг хавотир ҳамда шубҳаларини супуринди янглиғ олиб кетарди. Болаларча софлик булоғидан тоза кўзёшлари оқиб чиқаркан, қайғули ёлғизлик саҳросига ўзининг нами билан жон бағишлар эди. Ёлғизлик аслида хасталик орқасида тугаб бораётган умрнинг аянчли қолдиғини заҳарлаётган шубҳа илонларига тўла сувсиз тақирлик каби бераҳмдир.
Уста яна ижоднинг улуғвор устунлигини ҳис қилди, гўё қўлига болға билан искана тутгандек, бешакл харсангдан қабри устига тўкилажак шаффоф, ҳурлардек соф йиғини ўя бошлагандек ишончи ортди. Шу заҳоти устанинг қўллари остида ҳиссиз тош вужудга илиқ жон югурди-ю, қайғуга ботиб, ўз яратувчисига бош эгиб, миннатдорчилик ёшларини тўка бошлади…
Альберт Князь ҳали бунчалик эътирофга сазовор бўлмаганди. У исми жисмига мос, сангтарош усталар орасида мисли оқсуяк князь эди. Баъзи ҳайкалтарошлар уни ўзларининг ҳамкасби деб билишар, бу унинг истеъдоди тан олинганига далолат, кўргазмаларда бир неча марта мармар ва гранит ҳайкалчалари ижод аҳли яратган асарлар билан тенгма-тенг намойиш қилинган, юқори баҳолар олиб, санъат билимдонларининг мақтовларига сазовор бўлган эди. Лекин болалигидан итларча садоқат билан унга занжирбанд бўлган, адашганлик, эси пастлик ниқоби остига яширинган, инсонга хос барча хусусиятларни ўзининг маккорлиги билан тўлдирган мана шу писмиқ йигитда инсон юраги уйғонганини уста ўз ижодининг гултожи деб ҳисобларди.
– Борақол, Лойз, борақол, азизим. Балки тузалиб ҳам кетарман, сен бўлсанг, аза тутиб ўтирибсан… – оталарча койинди уста.
– Қандоқ қилай, уста, ўзингиз ҳамиша мени… худди мен… ҳалигинақа… Уҳ… – ич-ичидан хўрсинди Лойз. – Қийналиб кетдим, уста…
– Биляпман, Лойз, қийналиб кетдинг… Бор ташвиш сенинг елкангга тушди. Айтмоқчийдимки, устахона, ишлар…
– Э, мен буни айтганим йўқ, – хафанамо қўл силтади Лойз. – Сиз, мана сиз касал бўлиб… Оғир-да бу.
– Сен мени ўйламагин-да! Яхши нарсалар тўғрисида ўйла. Ёшсан ахир… Яхши кўрганинг борми?
Лойз қиз боладек уялиб кетиб, кўзларини яширди. У устанинг бунақа ҳазил қилишини кутмаганди, лекин итоаткорлик билан бу ҳазилга чидади.
– Ҳазил қилаётганим йўқ, – уста худди керакли ипни топгандек, хотиржам торта бошлади. – Яхши кўрганинг дилингдаги бор ташвишингни, ғамингни аритади, тегишиб чимчиласанг, биргалашиб кулишади, қарабсанки…
– Эҳ, уста, бунақа гапларни айтиш уят бўлади, – кўзларини ерга тикиб минғирлади Лойз. – Бунақа ишлар менга тўғри келмайди…
– Нега тўғри келмас экан? Авлиёмидинг сен?
– Авлиёмасман-у… Барибир…
– Кимсан бўлмаса? Жафокашмисан? Гапимга кир, Лойз, яхши кўрган қизинг бўлсин. Йўқса, йигитлар сени калака қилишади. Миянгдан қора хаёлларни чиқариб ташла, мен амаллаб қутулиб оларман, агар уддаласам…
Лойз устанинг дадиллигидан руҳланган каби кулимсиради.
– Тузалиб кетасиз, Худо қўллайди, тузалиб кетасиз, уста!
– Мана, Худо ҳам қўллаб юборади, деяпсан. Биргалашиб бир илож қилишимиз турган гап…
– Худо сиздан марҳаматини дариғ тутмайди! – Лойз гўё Худои таолони шифо йўллаш билан овора ҳолда кўриб, бу хайрли ишга куйингандек илҳомланиб хитоб қилди. – Мен тонгда ҳам, шомда ҳам ибодат қиляпман, рўза тутяпман. У шафқат кўрсатади, унинг марҳамати улуғ!
“Менинг тоқатим ҳам улуғ!” – ўйлади уста. Лойзнинг художўйлик билан айтган гаплари устага дафн маросимидаги марсияларни эслатди-ю, дили ғашланди.
– Майли, бу кунларам ўтиб кетади… – У лапашанг бу йигитнинг хўрсинишлари боис ёпирилган сирли туманни ёйиб юборгиси келиб, деди:
– Яна аввалги, иккаламиз сибизға чалаётган чўпонни ясаган пайтларимизга ўхшаган вақтлар қайтади… Эсингдами, менга андоза бўлатуриб ухлаб қолганинг… Мана шуни ўйла.
– Мен шу тўғрисида ўйлаяпман. Ўша пайтда аввалги бекам ҳаёт эдилар, жойлари жаннатда бўлгур, – аввалги бекасини эслаган заҳоти кўзларини шифтга тикди. – Уҳ, шу чўпон бирам менга ёққандики… ўтган кечаси туш кўрдим: сиз соғ-саломат, шу чўпонни ясаётганмишсиз, у эса ҳеч бўй бермасмиш, искана билан урармишсиз, у чап берармиш, ҳаммаси тушимда. Сиз чекинмас эмишсиз, у бўлса, ён бермасмиш. “Шошма, бадбахт, – деярмишсиз. – Таъвия эканингни кўрмаяпсанми, сени чиройли қилиб қўяй!”. “Қўйвор, – деб қичқирармиш чўпон. – Қийнаб юбординг мени! Менга ҳусн эмас, адолат керак. Менинг орқамдан пул ишлаб олмоқчисан! (Ҳаммасини тушимда эшитяпман.) Улушимни бер, кетаман мен!” Шу пайт қаердандир аввалги бекам келиб қолганмишлар. “Манави бадкирдорни қара-я! – деярмишлар бекам. – Шошма, Альберт, мен уни ушлаб тураман, сен яхшилаб ур!” Сиз куч билан урармишсиз, чўпон бир силтанармиш, искана бўлса, учиб бориб бекамнинг пешонасига урилиб, ярмигача кириб кетармиш… Йўқ, у ёғини айтмайман. Мазангиз қочиб қоляпти. Жуда ёмон туш, билиниб турибди, эслашга ҳам қўрқади одам…
– Ҳеч қиси йўқ, айтавер. Кейин нима бўлди?
Устанинг ҳақиқатан ҳам мазаси қочди, ранги ўчиб, адёл остидаги қўллари қалтираб кетди.
– Ишқилиб, чўпон айтармишки: “Менга ҳусннинг кераги йўқ…”
– Буни айтдинг.
– Шу… У ёғига уйғониб кетдим…
Худди сув остидан шўнғиб чиққандек, Лойз чуқур сўлиш олди.
– Алдама! Кейин ҳам туш кўргансан.
– Тўғри… Алдаётганим йўқ… – дея туриб олди йигит. – Фақат у ёғини айтиш уят-да…
– Нега энди? Бу туш-ку, сен айбдор эмассан.
– Биламан, айбим йўқ, бу – туш. Ҳушёрнинг хаёли миясида, мастники – тилида, деб бежиз айтишмаган-ку. Туш ҳам мастликка ўхшаган нарса, одам ўзини ўзи эслай олмайди. Миясига нималар келмайди… Шу пайт кейинги бекам кириб қолганмишлар, менинг хаёлимда ҳалигиндай нарсалар йўқ эди… тўғрими? Мен ҳаммаси ҳалол, Худо буюрган қонунларга, виждон амрига биноан бўлишини хоҳлаганман. Ўзингиз ҳам у пайтлар ирғай дарахтидек бақувват эдингиз. Майда тош кўзингизга тегиб жароҳат етказганини айтмаса, тамомила соғлом киши эдингиз. Ўшандан бери қанча йил ўтди? Етти йилдан ошгани йўқ. Ҳа, одам боласи шунақа яралган экан.
“Ҳа, одам боласи шундай яралган экан. Дарҳақиқат, бир сиқим чиринди, бебақо”. Устани қалтироқ тутди. У қора гранитдан ясалган ҳашаматли сағанани, унинг тепасидаги ғилмон қанотли мармар Лойзни эслади. Ғилмон қалин китобга устанинг исмини ёзарди. Лойз ёзяпти-ю, башарасида иблисона кулимсираш… Ҳа, айнан шу вақтда уста ёш, кўҳлик бева – Фридани учратган эди. Марҳума хотини Магда анчадан бери касал бўлганидан хунуклашиб, юрак хасталиги оқибатида шишиб кетганди. Одам боласи шундай яралган экан-да! Уста хотинининг рашки, жанжаллари, боз устига хас­талиги жонига текканидан баъзан унинг ўлишини хоҳлаб қолар, бу ҳақда совуқ бир хотиржамлик билан ўйларди-ю, кейин ўз хаёлларидан ўзи уялиб кетарди. Шу ўйлари боис виждони қийналар, лекин чиройли, оқ малла соч Фрида ҳақидаги хаёллар уни баттарроқ қийнарди…
Фрида марҳум эрининг қабри учун ёдгорлик буюргани келганди. Унинг эри оркестрда гобой чаладиган мусиқачи бўлиб, кутилмаганда, концерт чоғи ўлиб қолган экан. Саҳнада бирданига мазаси қочибди, олиб чиқиб кетишга ҳам улгуришмабди, томошабинларнинг олдидаёқ жон таслим қилибди. Фрида марҳум эрининг сағанаси ҳам мусиқага боғлиқ бўлишини истаб, ўзгача, таъсирли бир нима ясаб беришни сўради. Уста билан гаплашар экан, бетасалли йиғлар эди. Уста шу заҳотиёқ сибизға чалаётган чўпон ҳайкалини таклиф қилди. Ўзи ҳам бева аёлнинг қайғусидан ларзага тушган эди. Ўшанда кун илиқ, қуёшли, аёлнинг йиғиси эса олислардан келаётган, қуёш остида эриб кетаётган маъюс сибизға товушини эслатарди. Аёлнинг қайғуси устанинг илҳомини жўштириб юборган, уни юпатаркан, титроқ овоз билан илиқ, самимий сўзларни топиб айтарди, бу сўзлар қаердан тилига келаётганини ўзи ҳам билмасди…
Уста кўплаб инсоний бахтсизликларга гувоҳ бўлган, ўлим унинг учун илоҳ, илҳом париси, тасаввурларининг ягона санами эди. У гўё аёллар шляпаларининг янги андозаларини қидиргандек, тинмай янги қиёфалар, давр руҳига мувофиқ, мижозларнинг дидига мос келадиган янги тимсоллар изларди. Уста беҳисоб тош ҳайкаллар: маъюс парилар, мотамсаро аёллар, ғамдийда оналар, мозорга келиб, оппоқ соқоли билан ер супурувчи қадди букик кексалар, кўплаб даҳолар, фаришта ва ҳурлар, савдогар, уй соҳиби, ўт ўчирувчиларнинг серсоқол бошларини, ватанпарвар шоирларнинг қиёфаларини яратган. Бу тош ҳайкаллар қабристоннинг тор панжаралари оралиғида торли чолғу ва ноғоралардан шахдам садо таралиши биланоқ адабият сари дабдабали қадам ташлашга шайланган раққослар каби саф тортган. Лекин мусиқа садоси эшитилмайди, чор-атрофда сукунат ҳоким. Ҳамма уларни унутган. Фақат сўлиган, қуриган гулларгина шамолда шитирлайди…
Буларнинг барини уста яратди, бегона қайғуга бефарқ, уни мижозларнинг шахсий иши деб ҳисоблаб, ўз мижозига ҳамдард бўлишга ҳеч қандай эҳтиёж сезмай ясади. Лекин Фриданинг қайғуси уни ҳайратга солди, ўз мотамидек ларзага тушди. Аёлнинг кўзёшларига чўмилган юзлари уни илҳомлантирди, киприкларидан тўкилган томчилар сағаналар яратувчисининг касбий лоқайдлигини эритиб юборди. Унинг юрагида рассом қалби уйғонди.
Шундай қилиб, ҳаммаси сибизға чалаётган чўпон туфайли бошланди. Лойз андоза вазифасини ўтар, марҳума Магда эса аччиқланиб, аҳмоқона фикрлари учун қарғар, лекин кўпроқ Лойзга таъна қиларди. Аслида иш бошқа буюртмалардан фарқ қилмас, ҳатто сибизға чалаётган чўпон бўлса-да, оддийгина ёдгорлик эди. Шунақа экан, муҳтарама хонимга не сабабдан сибизға, чўпон зарур бўлиб қолибди? Бу хоним эргинасининг мозори совимай турибоқ бошқасини топиб олса, ажабмас! Бунақанги аслзода бегойимлар аслида қанақа эканликларини Магда билмайдими? Уларга фақат пул бўлса… Ёлғондакам йиғлайди-ю, юз-кўзини бўяшни унутмабди! Битта ёғупанинг ўзидан қанча сарфлаган экан-а, беҳаё?
Магда рашкчи, салга шубҳа қилаверадиган хотин эди. У севилмаган аёл сезгиси билан қайси томондан хавф келаётганини бехато топиб, ўша жойга зарба беришга интиларди. Рашкка одатдаги зиқналиги ҳам қўшилиб, буюртма учун келишилган ҳақни ололмай қолишдан чўчиб, Магда зарбни қулочкашлаб урарди. Шунда ҳам унинг жаҳли эрига эмас (эрини у жонидан ортиқ кўрарди), тенги йўқ дангаса ва уйқучи Лойзекка қаратиларди.
Магда Лойзни ёмон кўрарди. Лойзни кичкиналигида қишлоқ ўқитувчиси устага шогирд қилиб олиб келганди. Ўқитувчи болакай истеъдодли эканини даставвал ўзи сезганини қайта-қайта таъкидларди. Бу келажакда унутилмайди деб умид қиларди, шекилли. Ўқитувчининг фикрича, болакай улғайганда “янги Мештрович”1 бўлиши тайин, ҳатто маҳаллий руҳоний ҳазратлари ҳам шу фикрда эди. Бола эса етимча, ҳеч кими йўқ…
Уста болани ёқтириб қолди, зурриёди бўлмаганидан, уни фарзандликка олмоқчи бўлди. Лекин эҳтиёткор Магда эрини бола улғайгунча сабр қилишга, унинг қандай одам бўлиб етишишига қараб иш тутишга кўндирди.
“Мана энди унинг қандайлигини кўриб турибсан, – деганди марҳума Магда эри сибизға чалаётган чўпон ҳайкалини ишлаётган пайтда. Ўшанда Лойз ўн саккиз ёшга тўлганди. – Ярамас алдоқчи! Менинг юрагим ёрилса – тамом. Гапимни эслаб қол, Альберт: бу муттаҳам сени гўрга тиқади”.
Қабрдаги улуғвор гранит тахта, унинг устида эса мармардан ясалган Лойз. “Менга ҳусн эмас, адолат керак”.
Бир куни тунда Магданинг юраги хуруж қилди-ю, ҳаммаси тугади. “Гапимни эслаб қол, Альберт: бу муттаҳам…”
Шунда ёш бека Фрида пайдо бўлди. Қўлида сибизға ушлаган Лойзекни мусиқачининг қабрига ўрнатишди-ю, ўзлари никоҳдан ўтишди. Бари ўз шаън­ларига яраша, Худо буюрган қонунларга, виждон амрига биноан қилинди. Одам боласи шундай яралган экан! Уста у пайтларда ирғай дарахти сингари бақувват эди. Тўғри, искана тагидан ўткир тош учиб чиқиб, кўзини шикастлади, шуни айтмаса, тамомила соғлом эди. Шундан бери қанча вақт ўтди? Етти йил ҳам бўлмабди. Мана, инсон зоти қанақа! “Улушимни бер, мен кетаман!”
– Борақол, Лойз, борақол, – устанинг овози хотиралар доғидан бўғилди.
Икковлари сукут ичра қолишганда, Лойз уста нималар ҳақида ўйлаётганини тушунишга, сезги билан унинг фикрларини топишга уриниб кўрди.
– Аччиғингизни келтирдим шекилли, уста. Баъзида маънисиз гапларни валдирайди киши… Ишонасизми, ростдан ҳам тушимга кирганди… Худо урсин, агар алдасам, – Лойз қўлини юраги устига қўйди.
Уста шогирдининг сўзларини кесмади, қасам ичишига бемалол йўл қўйиб берди.
Лойз бир зум қулоқ солиб турди. Жимлик. Қўлларини афсус билан осилтириб, хўрсинди.
“Э Худо, агар бу ёлғон бўлса-чи?” Лекин уста ичидагини ташига чиқармади, тоқатсизланиб:
– Ишондим, Лойз, ишондим. Борақол, менга бекангни чақириб бер, – деди.
Лойз бошини қуйи эгиб, ранжиганнамо чиқиб кетди. Эшикни ёпар экан: “Кечиринг”, – дея шивирлади. Унинг бу пичирлашини “Кечиринг, бошқа халал бермайман”, деб тушуниш мумкин эди.
“Худога шукур!”
Уста кўзларини юмиб олди-ю, Лойзек айтган сўзларнинг чигалини хаёлан еча бошлади. Фрида эса шу заҳоти, худди парда ортида саҳнага чиқишни кутиб турган актриса сингари кириб келди.
Юзига ясама ташвиш аломатларини чиқарган қобилиятсиз актриса. Ҳар қандай хомхаёлдан йироқ одам, ҳатто у қадар синчков бўлмаса ҳам унинг юзида амаллаб яширинган бетоқатликни ўқиши мумкин эди.
– Бирон еринг оғрияптими, Альберт?
Аёлнинг овози бир маромда, ҳиссиз жаранглади. Дераза ортидаги термометрга қараб ҳаво неча даража эканини хабар қилаётгандек осойишта.
Уста жавоб қилмади, фақат кўзлари ғазаб билан чақнади.
Аёлни кузата бошлади. У чиройли эди. Тепага таралган сочлари бош устидан энса томон енгил тўлқин сингари ўтиб, энса тепасига санчилган тароққа тўқнаш келарди-да, тароқ тишлари орасидан тўғон ичидан тошган олтин ранг шаршара мисол елкаларига тўкилиб, бўйин атрофида учқун таратувчи шаффоф тўр ҳосил қиларди. Кулранг тор кўйлак унинг баданини ўраб, гўё ҳашаматли пештахта магазиннинг бор давлатини кўз-кўзлагани каби аёлнинг бўлиқ қоматини бутун жозибаси билан намойиш қиларди. Бирдан устанинг кўнглида ёнгинасида адо билан буралиб, кишидаги яширин туйғуларни жунбишга келтириб юборувчи шу мағрур вужудга эгалик қилиш истаги бош кўтарди…
У титроқ қўлини узатиб, хотинининг сонини силаган бўлди. Шу заҳоти ёдида бир вақтлари кўнглида шу аёлга нисбатан жўш урган эҳтирослар, аёлнинг эркалашга даъват этувчи нозик қилиқлари ҳақдаги хотиралар бош кўтарди. Лекин Фрида унинг меҳрини рад этгандек четланди. Устанинг қўли садақа учун беҳуда чўзилган гадонинг қўллари янглиғ осилди. Демак, барчаси тугабди…
Уят овозини сиқиб қўйганидан:
– Фрида, – дея шивирлаб чақирди.
Хотини деразага қараганча овоз берди:
– Ҳа, Альберт!
– Бирон нарса де…
– Нима? – ўгирилди Фрида. Лекин дераза ёнидан кетмади. У беморга яқинлашишга чўчирди.
Уста шифтга нигоҳларини қадаганча индамай ётарди.
Эрининг жимлиги аёлни қўрқитиб юборди, каравотга томон бир қадам ташлади-ю, хона ўртасида қотиб қолди.
– Нима дей, Альберт?
– Ҳеч нима, – бефарқ жавоб қилди уста. – Илтимос, менга илиқ сув келтир. Совун ҳам…
– Илиқ сув? – Фрида эрини алаҳлаяпти деб ўйлаб, кайфи учиб кетди. Уста ҳеч қачон шунчалик индамас, сирли, қўрқинчли бўлмаганди. – Нега сув зарур бўлиб қолди? – Аёлнинг тоқати тоқ бўла бошлаганди, шу сабаб овозида кескинлик пайдо бўлди.
– Қўлларимни ювмоқчиман…
– Буни қаранг-а! Энди қўлини ювмоқчимиш! Нима учун?
Уста нима хоҳлашини биладиган кишининг истеҳзоли илжайиши билан заҳарханда қилди:
– Қўлларим тоза бўлиши учун!
Кейин қўшиб қўйди:
– Агар малол келса, кераги йўқ. Очиғи, Фрида, қийналсанг, келтирма, керакмас. Фақат тўсатдан тоза…
Хотини ўзининг фидойилигидан ғурурланган мисол енгил сўлиш олди-да, беморнинг бемаъни инжиқлигини кўтаришга мажбур бўлганларга хос ройиш билан чиқиб кетди. Бошқа биров унинг ўрнида буларга чидаб турармиди? Хотин ўз назарида таҳсинга лойиқ матонат билан тақдирига тушган шу кўргиликка чидаб келарди.
Уста хотинига ачиниб кетди. Ўзини ўзи айблар экан, дилида уйғонган ташландиқлик ҳиссини бостиришга, Фридага меҳрибонлик ва фидойилик туйғуларини қайтаришга, ўз-ўзини эса рафиқасига ишонч билан қарашга ундамоқчи бўлди. Лекин шафқатсизлик билан руҳини енгиллатмоқчи бўлган бир пайтда аёл яна унинг кўз ўнгида ёш, чиройли ва итоаткор бўлиб қолди. Уста хотинининг итоатида сўзсиз таънани ўқиди, Фрида эса итоат панасида интиҳони кутарди. Эркакнинг кўнгли яна оғир тортди.
Фрида иссиқ сув тўлатилган тоғорани кўтариб келди. Тоғорадан кўтарилаётган буғ хонада ёқимли илиқлик ва тозалик исини таратди. Хотиннинг билагида оппоқ сочиқ. Совун келтиришни ҳам унутмабди. Худди эри айтгандек.
Фрида тоғорани каравот ёнидаги стул устига қўйди, сочиқни стул суянчиғига осди, совунни эса ўнг томонга, бемор қўлига олиши учун қулай тарафга қўйди. Бари инсофли ҳамширанинг беморни парваришлаш қоидаларига аниқ, пухта риоя қилишини эслатади. Хотин ҳамма нарсани тахт қилгач, яна хотиржам дераза олдига келиб, ҳовлига қаради.
Деразадан ҳовли тўридаги устахона кўриниб турарди. У ердан искананинг кескин, ғазабнок дўқиллаши эшитилди. Гранитни худди қурилишдаги тошни майдалагандек тўмтоқ, ҳиссиз жаҳд-жадал билан бурдалашар эди. Худди искананинг бетакаллуф сиқуви остида тош инграб юбораётгандек…
“Тўнка! Бор нодонлигини мармарга қоқиб киргизмоқчи… Кўксини очиб, мушакларини ўйнатиб, кучини кўрсатиб мақтаняпти. Ишлаётганимни билсин деб, бор кучи билан уряпти! Кўрганлар ким ишлаётганини, тирикчилик ғами кимнинг зиммасида эканини, хўжайиннинг хасталигини кўтариш, бечора бекага ғамхўрлик қилиш кимнинг елкасига тушганини билиб қўйишсин…”
– Альберт, нега қўлингни ювмаяпсан? – деразадан нари кетмай, муло­йимлик билан сўради Фрида.
– Кейинроқ… – ҳовлидан келаётган тентакона зарб товуши устанинг қулоқ пардаларини ёрар даражада қийнар, лекин улардан беркинишнинг сира иложи йўқ эди.
– Кейинроқ сув совиб қолади, – хотинининг овозида билинар-билинмас ғазаб титради. Лекин у дераза ёнидан нари кетмади.
– Совимайди, иссиқ экан… Бу аҳмоқ нимани шунчалик гумбурлатяпти? – Лойзнинг зарбаларига ортиқ чидай олмаслигини илғаб норозиланди уста.
Фрида ўгирилиб, эрига узоқ, масхарали қараш билан тикилди: мана, энди бу ҳам ёқмади…
– Нега гумбурлатсин? Ишлаяпти! – охирги сўзга урғу бериб деди хотин. Кейин тағин деразага қараб олди. – Иш деган шунақа бўлади-да. Биласан-ку, тошни тешиш пат юлиш эмас. Тош йўнганингда ўзинг дўқиллатмасмидинг?
Аёлнинг овозида янгича оҳанг пайдо бўлди. Демак, унинг тоқати чегараси шу ерда экан-да: Лойз! Шу нуқтагача у ҳар нарсага, ҳатто қўл ювиш, сув келтирилгандан кейин эса қўл ювишдан айниш каби инжиқликларга чидаши, бардош бериши мумкин, энди эса эри бўлмағур шу гапни топиб ётибди… Уста касал экан деб умуман ишни ташлаш керакмиди? Ишни ташлаб, фақат беморга қараш керакми?
Йўқ, у эри нима демоқчи бўлганини тушунмади…
– Мен унинг зарби бошқача демоқчийдим. Ҳайкалтарош мармарни бунақа урмайди, мен товушидан эшитяпман-ку… У тошни ҳис қилмаяпти…
– Лекин йигитчанинг кучи зўр, – деб юборди Фрида ногаҳон. “Йигитча” деган сўз аёлнинг тилларида самимий меҳр билан янгради.
– Қишлоқи! – гапини тузатишга шошилди у. – Қанақа тақиллатишни унга кўрсатиб берсанг бўларди.
Уста жавоб бермади. Ҳовли бутун дунёни қулатишга аҳд қилган Лойзнинг шафқатсиз зарбалари остида зирилларди. Фрида эса ҳамон нозик нарсалар салтанатида яйраётган жоҳил кучдан завқланганча дераза олдида турарди. “Лекин йигитчанинг кучи зўр!..” Уста манфур зарбалардан қутулмоқчи бўлиб, бошига адёл тортди.
Фрида деразадан нари кетди. Эри бошини беркитиб олганини кўриб, маъ­юс жилмайди-да, изтиробли сўлиш олди.
– Э, Худойим! Майли, айтаман, ишини тўхтатсин, – деганча эшикка йўналди.
– Фрида, қаёққа кетяпсан, қолсанг-чи! – дея ўтинди уста жон ҳолатда адёлни отиб юбораркан.
Фрида чиқиб кетди. Жаҳл билан эшикни очди-ю, охирги лаҳзада фикридан қайтиб, тавақаларни ушлаб қолди, эшик тарақламасдан ёпилди. Сал ўтмай, ҳовлидаги дўқир-дўқир ҳам босилди. Сукунат чўкди.
Бу сукунат тунги, у қоронғиликда уйқусизликдан қийналиб ётаркан, ҳар бир шитирлаш, ҳар бир сирли товуш унга улкан, ақл бовар қилмайдиган, унга бўйсунмайдиган ваҳимали олам ҳақида сўзлайдиган сукунатга ўхшарди. Бу оламда Фрида яшайди, Фриданинг эринчоқ ҳиссиётлари қондирилади, бу оламда Фриданинг мафтункорликда тенги йўқ вужуди мавжуд.
У – аянч, ўлимга маҳкум одам, ушбу қалбаки ва бузуқ оламда умрининг интиҳосини кутяпти. Хасталик белгилаган сирли тартибга бўйсуниб, хасталикка тегишли қатор мажбуриятларни риёкорона бажарган ҳолда интиҳони кутяпти. Гўё барча ташвишлар айнан касалликка жамлангандек, дардга барча қулайликлар муҳайё этилган тўшакдан, ўз ёнидан жой бергандек.
Аввалига уста Фриданинг янгича кўринишдаги меҳрига қаршилик қилиб кўрди. Жон-жаҳди билан халос бўлишга уринаётган кишига хос ўжарлик билан аёлнинг ўзига, гўзаллигига етишмоққа уринди. У ёлворарди, ке­йин унга марҳамат кўргазиб ён беришарди. У кўргазилган марҳаматни рад этиб, муҳаббат талаб қиларди. Қанчалик ғазабланиб қайсарлик қилса, кўргазилаётган марҳамат шунчалик ортар эди. Соғлом кишиларнинг ожизларни бўйсундиришга ёрдам қилувчи устунликлари шундан иборат.
Шундай қилиб, уста бўйсунди. Тўрт девор ичида, ўлимга маҳкум одамнинг тўшаги ёнида юз бераётган воқеаларнинг сирли ва тушунарсиз алмашинувига ғарқ бўлди.
Айлана эса кун сайин торайиб, шафқатсизларча тортилиб, ёпилиб борарди. Беморнинг атрофини қудратли чегара девори билан ўраб олган жонкуяр бедорлик, Худодан қўрқиб кўрсатилган эътибор уланган жойларидан дарз кета бошлаган, ёриқлардан очиқ яраларни даволовчи ҳаётий кучлар оқиб чиқарди. Яра эса унинг ўзи эди. У барча ташвишларнинг сабабчиси, унинг хасталаниши боис ҳамма ўз фароғатидан воз кечган, энди эса яширишнинг иложи қолмаган асабийликка маҳкум, барчани ўз-ўзини қурбон қилишга мажбурлаётган айбдор эди. У ўзини айбдор сезиш ҳиссидан қутулишга, Фриданинг ўзини қурбон этишга тайёр туришдек фидойилигини суи­истеъмол қилиш эҳтимолидан халос бўлишни жон-дилдан истарди. У алдаётганларига ишонч ҳосил қилишни, зардаси қайнаган маҳалда ўлишни хоҳларди. Ўшанда у ўлимни ҳам бир иноят, узил-кесил озодлик деб қабул қилган бўларди.
Уста ўз шубҳаларининг манбаини излаб топишга уринди. Лекин шубҳа ёйилиб кетиб теварак-атрофни ғарқ қилиб юборганидан манба кўздан яширинган, фикрлари занжирида биринчи бўғинни яратиб, уни ларзага солган дастлабки ногаҳоний гумон шууридан изсиз ўчиб кетганди.
Лекин қачондир бунинг ибтидоси бўлган-ку! Қаерда, қаерда у, ибтидо? Ўша нигоҳ, ўша кулги, зулматдаги ўша шивирлаш, шитирлаш, ўғринча қадамлар қани?
Аммо бу қачонлардир, ё унақасига, ё бунақасига бошланган-ку! Бир куни тонгда ёки шомда шубҳанинг сояси пайдо бўлган, балки у азоблагувчи ёлғизликдан туғилгандир… Ноаниқ, ғайриихтиёрий бу шубҳа, эҳтимол, ёлғизликнинг совуқ саҳросида, Фриданинг висолига етиш истаги, хотинининг овози, нафаси, меҳрига чанқоқликдан пайдо бўлгандир? Фрида эса ёнида йўқ… Балки кейин у Лойзни эслагандир… Ушбу ғилмон – кабутар қанотли пок, оппоқ, жинссиз мармар вужудни эслагандир. Мана шу қиёфани мармарда яратиб, уни жисмсиз тимсолга айлантириш истагини эслагандир…
Бу икки истак қачон учраша қолди? Бу икки фикр қачон бир-бирининг бағрига кирди-ю, унинг ишончини бўғиб ўлдирди?
…Қабристонда яна қўнғироқ чалинди. Бугун охирги марта чалинди шекилли, ахир қоронғи тушяпти. Қўнғироқ бонги аталган кимса эса аллақачон қути ичида қўғирчоқдек ётибди, даҳшатли ўйинчоқлар тўпловчи ажал ортидан жўнатилиш соатини кутяпти.
Беморнинг туни – жар устидан ташланган чирик кўприкдир: оёқ қўйишинг билан оғир хаёллар юки остида пастга қулайсан. Уста бундай тунларга хаёлан киришга ҳам ҳеч қачон журъат қилмаган. У фикр­ларини катак ва қутиларга қамаб, ётиш жараёнининг майда-чуйда, ўз жисмига алоқадор тафсилотларига диққат қиларди. Каравот унинг учун номаълум, душман олам бўлиб, қийинчиликлар ва муаммоларга тўлиқ эди.
Уста ивиб кетди. Танаси теккан жамики нарса нам тортиб, ёқимсиз даражада ёпишқоқ бўлиб қолаверди. Тер теккан адёл оёқларига ўралашиб, ҳаракатларини тушовлаб қўярди. Чойшабнинг иссиқ, нам матоси чандиқ, ажин, буришиқ каби ғижимланиб кетарди. Лаънати латталар… Оёқ бармоқлари чалкашган латта-путталар орасидаги салқин ариқчаларни пайпаслаб топади, чуқурчалар, ўрачаларга кириб қолади, кутилмаганда кенг бўшлиқларни топади-да, ўша ерларда эсган енгил салқинликдан ором олади. Унинг оёқлари ёпишқоқ, кир, тартибсиз латталар асирлигидан чиқадиган йўлларни ўжарлик билан излайди.
У қўлларини майин силайдиган текис, силлиқ мармар билан ишлашга ўрганган экан. Каравот эса мармар эмас…
Каравот соғлом кишилар учун шиширилган уйқу елканлари остида сузаётган оппоқ кемадир. Тонг соҳилига сузиб келгач, саёҳатчилар орқаларида ажойиб тушлар изини қолдирганча қирғоққа тетик чиқиб келишади. Уйқуга тўйиб олиб, эснаб, керишиб, “хайрли тонг”, дейишади. Таналари оғримай, гумон-у шубҳалардан қийналмай, тунги саёҳатлардан хиргойи қилганча бепарво чиқиб келишади. Кейин ашула ёдлагандек, иштаҳа билан нонушта чайнашади. Овқат ҳазми уларни ҳамроҳ шамол сингари олға ундайди, улар кўчалардан кема сингари енгил сузиб кетишади. Одамлар ўз некбин хаёлларини ейишга чоғланган ширин олмадек эркалайдилар. Соқоллари, мўйловлари, бўйинларини, аквариумдаги балиқларини, қафасдаги қушчаларини авайлаб парваришлайдилар.
Ҳаёт ва мамот улар учун тенг мувозанатда: бир кунмас-бир кун ўлимнинг оғир тоши тарози палласини босиб юбормагунча яшайверадилар… Мана шунда уста Альберт Князь уларга таъсирчан ўйинчоқ – қабр устида йиғлайдиган ёки гулларга сув сочадиган кўркам митти фаришта – Лойзекни совға қилади. Баъзиларга гўрлари устида кўзёши тўкилгани ёқади, баъзиларга эса гулларга сув қуйилгани маъқул келади. Лекин ёқимтой фаришта айёр, у кўзёши тўкмайди, сув ҳам сочмайди, у актёр янглиғ турланиб, ўз вақти-соатини кутади…
Пастда, шаҳарда, катта бутхонадаги соатлар бонг урди. Оғир зарб товушлари биринж қуймаси мисол узилиб, йўлкаларга юзтубан йиқилди. Беморга бу зарблар вақт ўтаётганини билдирмайди, унинг вақти боши остидаги ёстиғида исиниб ётибди, соатнинг бонги эса бошини нарига олиши зарурлигини эслатади, ёстиқни бир хил миқдордаги салқинлик улушларига бўлишга ёрдамлашади. Ҳар чорак соатда уста салқинликнинг янги улушини сарф қилади, ёстиққа юзини босиб иштиёқ ва чанқоқлик билан салқинликни ичади.
У каравотни кимсасиз оролга умрбод сургун қилинган қувғинга хос ҳафсала билан тиришиб тадқиқ қилди. Лекин ҳеч қаерда бир зарра ҳам оҳор, бир томчи ҳам салқинлик қолмаган, бари чиқитга чиқиб бўлган эди. Барчаси иситманинг қайноқ нафаси билан забт этилиб, уйқусиз тун гирдобида ғижимланган.
Нажот излар экан, бемор ёстиқни ўгирди, тескари томондаги салқинликни худди чўлдаги сувни авайлагандек эҳтиётлаб сарфлай бошлади.
Саҳро эса тун каби чексиз, ниҳоясиз. Саҳро бўйлаб титроқ қўллар ғимирлайди, изғийди, тундан, оғриқдан, ярамас латталар уюмидан, хас­талик устанинг бошига солган барча кўргиликлардан қочиш йўлларини ахтаради. Қўллар зулматни оғриқдан, оғриқни хаёлдан ажратиб, ҳар бирини алоҳида тадқиқ этишга имкон берадиган кундуз ёруғлигини излайди.
Қўллар каравот четига таянади, қўллар саҳарни, деразага тушадиган тонг шафағини, хўрознинг эрталабки қичқириғини, трамвайнинг биринчи жиринглашини, илк йўловчининг қадам товушларини, инига шўнғиб кетган сичқоннинг шитир-шитирини кута олмайди…
“О, ўғри одамлар, ўткинчи одамлар, хўрозлар, тонгги трамвайлар!”
Уста ёрдамга чақирарди, атроф эса тилсиз зулмат ва бўшлиқ уммони. Қўллар зулматга ғарқ бўлиб, бўшлиқ билан тўқнашганидан қўрқиб титрайди.
“Ҳеч нима йўқ, – дейди қўллар. – Биз бўшлиқда ҳеч кимни учратмадик. Фақат ўз-ўзимизни кўрдик, холос”. На шабада, на пашша бор, бари зулматда йўқ бўлиб кетган. Тунда фақат ўз ожизлигини ҳасрат билан ҳис этган қўллар яшайди.
Қўллар зулматда яшайди. Гранитнинг қора сувлари устидаги оппоқ мармар қўллар. Оппоқ қўллар зулматда, девор ортидаги гумбаз ва равоқлар остида, ўлик шаклларнинг сирли шаҳрида худди озгина ҳамдардлик, озгина ҳаяжон, лоқайд кўзлардан иккита самимий томчи ундирмоқчидек дардли илтижо билан букилади.
Уста сесканиб кетди. Гўё зил кетган умидлар тўсиғи ортидан ўз орзусига мўралагандек бўлди. У ерда ҳамон очиқ китоб тепасида ғилмон – Лойз ўтирарди. Ишга киришишга тайёр жаллоддек ўтирарди…
Лекин китоб ҳали тўлдирилмаган, саҳифалар тоза, муқова ғилмоннинг тиззалари орасига сиқиғлиқ, варақлар иккита енгил тўлқин мисоли осилиб тушган…
Бу ерга ҳали сағаналар ижодкори – устанинг исми ёзилиши керак. Уста ўз асарини кўздан кечиради, баҳолайди, ундан лаззатланади. Уни қувончли қониқиш ҳисси чулғайди. Бу миттигина йиғлоқи Лойзек эмас. Йўқ, бу улкан, даҳшатли, машъум тимсол, бу фаришта ўзининг қудратли қанотларини бир марта силкиш билан кимнингдир ҳаётини таг-томири ила суғуриб олади. Устанинг кўз олдидан эса мана шу асарни кўриб ҳайратдан қотган келажак авлодлар ўтади. Ўзи ҳам томошабин оломонга қўшилиб кетади, ўзини ҳеч кимга танитмай, одамлар орасида бегона бўлиб, мақтовларни бепарво, гўё улар нотаниш кишига аталгандек эшитади. Қисқа, расво воқеликнинг ушбу хилват, ташландиқ бурчагида ётган устага абадиятнинг чексиз кенгликларидан эътироф етиб келгандек. Унга боқийлик нафаси тегди. Меҳмоннавозлик билан очилган эшиклардан унга гўзал, улуғвор, абадий нимадир кулиб боқди.
Оёқлари ўз-ўзидан шиппакларини пайпаслаб топди-да, уни эшикка томон олиб кетди. Наҳотки, танаси унга қулоқ солаётган бўлса? Оғриқсиз, қаршиликсиз. Оёқлари остида унинг қадам қўйишини жон деб кутаётган қаттиқ, ишончли ер! У ўзини одам бўйи баландликдан туриб маккорлик билан зулматга яширинган тўрт оёқли, пакана нарсалар дунёсидан баландга кўтарилгандек ҳис қилди. Юриш санъати ҳали унутилмаган экан, у чанқоқликдан жон таслим қилаётган киши жилға жилдирашини эшитиб ҳовлиққандек, шошиб борарди. У яна бир марта ижод заҳрига тўйиб олиш, суви заҳарланган ушбу булоқни ўпишни истар эди.
Йўлакда эски пўстин ва устахонанинг калити илиғлиқ турарди. Ҳовлида илиқ баҳор туни ва юлдузларнинг эркалаб милтилловчи нурлари ҳукмрон. Юлдузлар остида эса қалъа деворига уланган миноранинг қораси кўринди. Кўкиштоб сарғиш осмонга санчилган минора устанинг рўёсида арши аълога интилган Бағдод гумбазларини жонлантирди.
Ҳовли – туғилмаган тимсоллар ором оладиган, сукутга чўмган жой. Ҳар ёқда қўпол, бешакл, тарашланмаган тошлар сочилиб ётади. Уста туғилмаган сиймолар, озод этилмаган изтироб оралаб худди алғов-далғов орасида юрган қодир яратувчидек ўтиб боради. Сангтарош оппоқ тош зарралари тўкилган илонизи сўқмоқдан юради, унинг ўнг ва сўл томонларида – зулмат ва ухлаётган дунёларнинг қора шарпалари. Сўқмоқ сут рангидаги нурга кўмилган, гўё устанинг оёқлари остига майда юлдузлар сочилган.
Зулмат тўрида, алғов-далғов ичида, ҳув ҳовли охиридаги бостирма деразасида кўз илғар-илғамас нур иблисона милтиллайди. Липиллаётган олов қоронғиликда яширинишга интилиб писибгина титрайди.
“Тўхта, бу ерда ҳаёт бор!” Бостирмада кўринган шуъла шундай дея таъкидлади, аммо тун устага деразада кўринган нур тилида ўлим талвасаси қаерда ниҳоя топганини шипшиди. Ўлим унинг вужудига ўрнашди-ю, ўзининг муздек қўли билан уста жон-жаҳд ила билишни истаган ўша “аниқлик” томон етаклади… Ва устанинг бошини ойнага теккизиб, ичкарига мўралашга, шафқатсизлик қадаҳини тубигача ичишга мажбур қилди…
Ичкарида эҳтиром билан ҳошиялаб қўйилгн ёшлик ҳимоячиси авлиё Алоизий Гонзаго сиймоси илиғлиқ, унинг олдида хира шамчироқ безовта липилларди. Чироқнинг ночор ёруғида кўринган суратда ёш авлиё ўзини ўзи азоблар, нарироқда эса мурданинг кўз косалари бўш, бурни ботиқ бош чаноғи осилиб қолган жағларини тиржайтириб ётарди. Бу мурда тириклигида тўйиб-тўйиб гуноҳ қилган, энди эса авлиёни мазахлар эди. Пастда, ушбу фидокорона тазарру ва орсиз ўлим тасвирланган маъюс суратнинг остида, титраётган шамчироқнинг беқарор липиллаган нурида оппоқ ёстиқда ёнма-ён ётган, уйқусида бир-бирига қапишиб кетган иккита бош кўзга чалинди.
Устанинг кўзларини бу манзарадан ғазаб эмас, нафрат эмас, совуқ нимагадир тегиб кетиб сесканиш ҳисси четга олиб қочди. Ҳатто ачинишга ўхшаш нимадир унинг қорачиқларини намлади ҳам. Шу бостирма, шу тўшак, милтиллаётган ожиз шу чироқ, оппоқ ёстиқдаги, Фрида ғамхўрлик қилиб ўзининг бўм-бўш каравотидан келтирган, шамчироқ ёш авлиё чекаётган азобларни ёритаётган, бечора ғилмоннинг ўзи эса ҳаётни қучиб, ширин уйқуга ғарқ бўлаётган ифлос жаннатга олиб келган оқ ёстиқдаги ғамгин севгига ачиниш. Бу камбағалнинг уйқуси эди: худога – худойи, авлиёга – тақво, ўзига эса… қўлга илингани…
“Бечора Фрида!”
Уста зулматга қараб юрди. На юлдузли сўқмоқ, на туғилмаган дунёлар бор! Бари ғойиб бўлди! Фақат қўпол тош палахсалари ва ёзувлар битилмаган кўр тош тахталарга тўлган хунук бир ҳовли қолди. Мана бу ерда, чапда икки тавақали катта дарвозасида кичкинагина эшиги бўлган устахона бор. Уста калитни қўлида маҳкам сиқди. Оч, мойланмаган қулф хўжайинни таниб, садоқатли ит сингари ғингшиди. Уста дарвозани қўллари билан силади, электр чироқни ёқадиган тугмани пайпаслаётиб, қадим содиқ деворларни сийпалади.
Бирдан ёнган чироқ нурлари остида улкан оппоқ фаришта худди устани анчадан бери кутаётгандек қанотларини қувонч билан ёзиб юборди…
Уста бағрикенглик билан очилган бу қучоқни кўрганда ишонқирамай, тошдан йўнилган Лойзда келажак авлодларга аталган ўша улуғ, ўша ақл бовар қилмас, ўша ўлмас ва даҳшатли “бошқа” нарсани фаҳмлашга уриниб ортга чекинди.
Лойз, бостирмадаги бечора ғилмон, китобга ёзув ўйишга улгурган экан:
Йигит чиройли ҳарфларда, катта меҳр ва қунт билан, сўнгги алвидо азобини жойлаган каби ўйибди.
“Мана шу холос, Лойз, бошқа ҳеч нарса керак эмас! На ўлмас, на даҳшатли. Оддийгина!”
Уста сағана усти чамбаридаги таъсирчан ёзув янглиғ қўшилган “рассом” деган сўзни кўргач, ўзича кулиб қўйди.
“Бечора Лойз!”
Альберт Князь қўлига искана ва болға олиб, кўзлари билан девордаги календардан бугунги санани қидирди: 21 июнь – авлиё Алоизий Гонзаго куни.
Уста Лойзни исм куни билан қутлаб, унга охирги буюк туҳфани қолдирди – ғилмоннинг қўлидаги китобга ўзининг ўлими санасини битиб қўйди. Болғанинг сўнгги зарби тиниши билан устахонада сукунат чўкди. Кураш тугади. Уста асбобларини ташлади-да, ўз фариштасининг ҳукмига бўйсунди.

Рус тилидан Рисолат Ҳайдарова таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 4-сон