Рамиз Равшан. Ҳамма ўғил ўстирганди… (ҳикоя)

Етим Қули гоҳ у эшикка, гоҳ бу эшикка бош уриб етимчилик ташвишлари ичра томлардан йиқилиб, дарёларда бўғилиб, дунёнинг барча азобу уқубатини тортиб улғайган бир одам эди.
Бироқ томлардан йиқилганида бирор жойи синмаганди, дарёларга чўкиб ўлмаганди, уни фақат ўша исмсиз ташвишлар еб-битирганди, масала ҳам шунда аслида.
Чунки етим Қули болалигида қайси ҳасталикка йўлиқса, унинг бу ҳасталиги қишлоқдаги барча болаларга юқарди.
Қули болалигида қизамиқ бўлди, қишлоқдаги қолган болалар ҳам қизамиқ бўлишди. Қули тамоман соғайди, қизамиқдан бирорта асорат ҳам қолмади, бироқ қишлоқдаги қанчадан-қанча болаларнинг юз-кўзида қизамиқдан яралар қолди.
Қулунинг боши ёрилди, қишлоқдаги қолган болаларнинг ҳам боши ёрилди. Қули тамоман соғайди, у ёриқдан бирорта асорат ҳам қолмади, бироқ қишлоқдаги қанчадан-қанча болаларнинг бошида ўша ёриқдан белги қолди.
Ҳа, худди шундай, Қули улғайиб қадди-басти келишган бир йигитга айланди.
Қулининг тенг-тўшлари ёр-ёр янгратиб, молу қўзи сўйдириб, элу халқни йиғиб, уйландилар: юз-кўзи яралар ҳам уйланди, боши ёриқлар ҳам. Фақатгина етим Қули бу келишган қадди-бўйи, бу гул каби нозик кўнгли билан уйланолмади.
Аниқроқ айтганда етим Қули уйланишдан қўрқарди. Унинг қўрқуви шу: уйланса фарзандли бўлади, мабодо ўлиб қолса, боласи етим қолади…
Йиллар ўтиб тенгдошлари фарзандли бўлишди, Қули эса ўлмади.
Болалар улғайишди, беш ёш билан саломлашиб ўнга етишди, ўн бешдан ошишди. Қули эса ўлмади, устига-устак пушаймон бўла бошлади.
Унинг ўйлардики: “Ё худойим, уйлансайдим, ўғлим ўн бешга кирган бўларди ҳозир…”
Етим Қули уйлансам болам йигирма ёшга кирарди, деб юрганида уруш бошланди.
Барча йигит ёшидагилар урушга йўл олишди.
У яна ўйлай бошлади: “Ё худойим, уйлансайдим, ўғлим бўларди, урушга кетарди албатта…”
Урушга кетган йигитларлан қорахатлар кела бошлади.
Почталон Самад қишлоқдагиларнинг эшигини қўрқа-қўрқа черта бошлади, Самад эшикни чертганида қишлоқликлар ҳам қўрқа бошлади.
Қули эса яна ўй ичида эди: “Ё Худойим, уйлансайдим, ўғлим бўларди, урушга борарди, энди қорахати ҳам келарди…”
Бир кун ўйлай-ўйлай бу қишлоқда у қўрқадиган ягона инсон почталон Самад эканини англади.
Бинобарин, почталон Самаднинг бу қишлоқда қўрқмайдиган одами бўлса, у ҳам Қули эди, қўрқа-писа тақиллатмаган эшиги бўлса, у ҳам Қулининг эшиги эди.
Шу тарафдан олиб қарайдиган бўлсак, Қули ҳам ундан қўрқишга ҳақли эди. Ҳамиша почталон Самад унинг эшигини чертганида Қулининг юраги қалтирарди, ранги-рўйи ўчиб, ҳавотирга тушарди.
Етим Қулим унинг нимасидан қўрқарди, нега қўрқарди, бечора ҳеч тушуна олмасди. Бироқ етим Қули шундай юракдан қўрқардики, бечора почталон Самад ҳам бундан қўрқа бошлади, унинг эшигини ҳам қўрқа-қўрқа черта бошлади.
Ва иккаласи ҳам бир-бировдан шундайин қўрқа-қўрқа, ҳавотирга туша-туша алалоқибат бир-бирини шундай нарсага ишонтиришдики, кимса бунга ишонтириш мушкул. Агар кунлардан бир кун бу қишлоққа бир қорахат келса ҳамда ундан маълум бўлсайди, ўша қорахат етим Қулининг урушдаги ўғлидан келган, бунга на Қули зарра ҳайратланарди, на почталон Самад.
Ҳа, буларнинг ҳар иккови ҳам чин юракдан ишонишганди етим Қулининг ўғли борлиги ва камига ҳозир урушда эканига… Аммо ғалати жойи шундаки, иккови ҳам Қулининг ўғлидан мактубу хат кутишдан чарчашмасди. Қулининг ўғлидан фақатгина қорахат кела оларди…
Етим Қули ва почталон Самад бир-биридан шундай қўрқа-қўрқа, яширина-яширина ойларни ўтказишди, йилларни йўлга солишди ҳамда кунлардан бир кун кўришдики, уруш тугаган.
Урушдан қорахати келмаганларнинг ўзлари бир-бир ортга қайта бошлашди. Қулининг ўғли ҳам қайтиши кутилаётганди.
Етим Қули бутун қишлоқнинг кўзи ўнгида улкан ҳасрат билан ўғлининг йўлини пойларди, шундай бўлишига қарамасдан бирорта одамнинг ақлига келмасди: Қули кимнинг ўғлини кутмоқда? Бу Қулида ўғил нима қилади?
Чунки ҳамма кутаётганди, бутун қишлоқнинг кўзи йўлда эди, урушда вафот этганлар, фарзандидан қорахат келганлар ҳам барибир йўл қарашарди.
Етим Қули ҳам йўл қарарди…
…Қайтганлар қайтишди, кутаётганларнинг бир бўлаги йўлдан кўзини олишди.
Қайтмаганлар қайтишмади, кутаётганларнинг қолгани ҳам секин-аста ишона бошлашдики, қайтмаганлар энди аниқ ҳеч қачон қайтишмайди, улар ҳам кўзини йўлда олишди.
Хуллас шундай қилиб бутун қишлоқнинг кўзи йўлдан олинди ва етим Қулига қадалди, чунки Қулининг кўзи ҳамон йўлда эди.
Урушдан қайтганлар ҳам бунга ҳайрон эдилар, гоҳ қишлоқдагиларга, гоҳ Қулига боқишарди. Ҳар қанақасига ўйлаганда ҳам бу тушуниш учун оғирлик қиларди…
Қишлоқнинг бундай ғариблиги энди табиий кўринди, урушдан қайтганлар эса бу ғарибликдан кулишди.
Аслида бу кулгули эмас, йиғлайдиган аҳвол эди. Бироқ урушдан қайтганлар минг марталаб ўт-олов ичидан омон чиқишганди, минглаб ўлганларни кўришганди, балки шунинг учун ҳам бу дунёдаги кўпгина ачинарли нарсалар уларга кулгули кўринарди.
Урушундан қайтганлар Қулини овунтиришга тушишди, ҳаммаси бирин-кетин турли эртаклар ўйлаб топа бошлашди, эртаклардан маълум бўлишича, уларнинг ҳаммаси етим Қулининг ўғлига жанг майдонларидан дуч келишган, у билан бирга жангга киришишганди, лекин бу йигитларнинг ўзлари бир-бирлари билан қаршилашишмаганди, шу тарафдан олиб қарайдиган бўлсак Қулининг ўғли одам эмас, гўёки бир қуш эди, у бунинг ёнидан унга, унинг ёнидан бунга учиб юрган.
Бироқ ягона саволга жавоб йўқ эди: бу қушни қачон ва қаерда, ким бошига етган? Буни Қулига тушунтириб берадиган одам йўқ эди.
Ҳа, урушдан қайтганлар етим Қулига ўғли ҳақда гапиришар, Қули эса ўксина-ўксина, оғрина-оғрина қулоқ солар, бир бурчакка қисилиб йиғларди, қишлоқдошларнинг хаёли Қулида, почталон Самад эса ҳеч кимнинг эсига тушмасди.
Масала шунда эдики, етим Қулининг ўғли ҳақида сўз кетганида Самаднинг ҳам аҳволи ўзгарарди, кўзлари ёшга тўлиб қалбига оғриқ тўларди, суҳбатнинг ярмида ўрнидан туриб Қулининг гап-сўзига қарамай қишлоқдошлар ортидан у ҳам оғрина-оғрина уйига равона бўларди…
Кунлардан бир кун у бечора яна шундай оғрина-оғрина уйига кетганидан бироз ўтиб қишлоққа хабар тарқалди, почталон Самаднинг аҳволи оғир, ўлиши мумкин…
…Почталон Самад жон бераётганди.
Бечорани тахта кароватга ётқизишган, аёли боши узра, болалари эса оёқлари тарафда жон ҳовучлаб ўтиришарди.
Самаднинг аёли ҳўнграб йиғлар, бироқ фарзандлари ҳали бола эди, йиғлашмасди. Эҳтимол почталон Самаднинг аёли унинг ўлаётгани учун эмас, болалари ҳали жуда ёш ва йиғлай олмаётгани сабабли йиғлаётгандир…
Почталон Самаднинг ёнида кўпчилик парвона эди, унинг қуриган лаблари қўзғолганида, сўнгги нафас олдидан етим Қулини чақирганида барчаси шошиб қолишди: “Қани етим Қули, қаерда етим Қули?..”
Қулини топиб, ёнига келтиришди.
Етим Қули ичкарига кирганида почталон Самад тамомила ҳаракатдан тўхтаган, нафас олмаётганди гўё, лекин ҳали жон бермаганди.
Кўзлари очиқ эди, остонага қадалганди, фақат Қулини кўзларди.
Ҳамма Қулини кутарди.
Почталон Самаднинг аёли ҳам бир бурчакка қисилиб турар, йиғламасди.
Ўртага шундай сукунут чўккан эдики, пашша учса қанот қоқиши эшитиларди.
Пашша визиллаб тўғри Самаднинг кўзи олдида ўйнар, бироқ Самаднинг пашшани қувмоққа ҳам мадори йўқ эди. Қўрқувдан ҳатто кўз очиб юмолмасди. Чунки, кўзини юмса очишга куч топа олмаслигини, кўзи юмиқ ўлишини, Қулини ортиқ кўролмаслигини биларди.
Ваниҳоят Қули келди, ичкарига кирди, ҳамма катта қизиқувчанлик билан Самад унга нима дейишини кутарди.
У секингина тилга кирди:
— Қули, илтимос, бу пашшани қув…
Қули пашшани қувди.
Почталон Самад яна оҳиста,
— Қули, ўляпман, мендан рози бўл, — деди.
Қули бошини қўзғаб алам ичида розилик берди.
Самад эса янада паст овозда сўз бошлади:
— Қули, неча йилдан бери сени алдаб келяпман, Худонинг ўзи кечирсин мени… Тўшакнинг у бошини кўтар, ўғлингнинг қорахати бор.
Одамларнинг кўзи ўқрайди: “Қайси боласининг қорахати? Қанақа қорахат?”
Қули эгилиб тўшакнинг учини кўтарди. Барча кўзлари тўрт бўлиб боқар, бироқ тўшакнинг ости бўм-бўш эди…
Одамлар эркин нафас олишди.
Етим Қули айланиб почталон Самадга “Тўшакнинг остида ҳеч нарса йўқку…” демоқчийди, улгурмади.
Почталон Самад омонатини топширганди…

Озарбойжон тилидан Раҳмат Бобожон ўгирмаси