I
Тара қишлоқдаги дугоналарига қўшниси Жойгопалнинг баттоллиги, хотинига сира кун бермаслигини батафсил гапириб бериб:
— Тилига чипқон чиқсин уни, — деб қарғаб ҳам қўйди.
Бу гап Жойгопалнинг хотини Шошига жуда тегиб кетди: «Нима бўлганда ҳам, хотин кишининг ўз эрига ёмонликни раво кўриши инсофдан эмас», деб ўйлаб, Тарага эътироз билдирди.
Бироқ бераҳм Тара гапдан қолмади, ҳовури икки чандон кўтарилиб:
— Шундай эрга хотин бўлгандан кўра етти марта тул қолган яхши-ю, — деб бақирганча уйига кириб кетди.
Шоши эса, уйга қайтиб, яна хаёлга толди.
«Ўйлаб ўйимга етолмайман, эримнинг қайси гуно-ҳи учун ундан бунчалар ғазабланиш керак экан?» Шундай деб ўйлар экан, юраги ҳозир мусофирликда юрган эрига меҳр-муҳаббат билан тўлиб-тошди. Эри ётадиган жойига ўзини ташлаб, ёстиқни ўпиб, унинг таниш ҳиди билан нафас олди…
Аёл ётоқнинг эшигини бекитиб, ёғоч қутичадан эрининг сарғайиб кетган эски фотосурати билан ҳатларини олиб қарай бошлади.
Шоши бутун кунни шу бўш хонада ўтказди. Танҳолик жонига теккан аёл ўтмишни қумсаб йиғлади.
Жойгопал билан Шошиколанинг турмуш қурганларига анча вақт бўлди. Улар жуда ёшликдан уйланишган, ҳозир бир неча болалари бор. Эру хотин ҳамма вақт бирга, бир маромда тинч кун кечиришар, шунинг учун бир-бирларига ортиқча ташналик ҳам сезмас эдилар. Мана энди ўн олти йил деганда Жойгопал тўсатдан хизмат билан узоқ сафарга кетиб қолди. Эрга муҳаббат ҳисси хотин қалбида янги куч билан аланга олди. Айрилиқ эрни унга яна ҳам яқин қилиб, Шошининг юрагида севги сиртмоғи таранглашди.
Ҳаёт бир маромда ўтган чоқда билинмаган хотираларни қумсаб, юраги сиқилди. Бу баҳор кунлари ёлғиз ётиб, эрга чиққан чоғдаги бахтиёр ёшлигининг ширин хотираларини кўз олдига келтира бошлади. Ҳолбуки Шоши энди унча ёш эмас, болалари бор.
Ҳаёт оқимида оҳиста шилдираб турган муҳаббат чашмаси бирдан тошиб кетди. Йироқда дилбар музика янграб, соҳилда олтин саройлар, афсонавий ўрмонлар кўринди… Ҳайҳот, энди у бу бахт гулзорига қадам босолмайди.
— Энди эрим келса — деб шивирларди аёл, — ҳаётнинг, баҳорнинг бундай бемаъни, қувончсиз ўтишига қўймайман. Тентак эканман. Арзимаган нарсалар учун у билан неча бор айтишиб, кўнглини ранжитардим!
Шундай қаттиқ пушаймондан сўнг, Шоши қаноатли, итоаткор хотин бўлиб, эрининг измидан чиқмасликка аҳд этди. Эри хоҳ яхши, хоҳ ёмон иш қилсин — ҳаммасига бардош қилади, эр ҳамма нарса, эр — худо, у ер юзасидаги одамларнинг энг азизи.
Шошикола ота-онасининг ягона қизи эди, уни ҳамиша эркалатардилар. Шунинг учун Жойгопалнинг маоши оз бўлса ҳам, эру хотин қишлоқда эҳтиёж нималигини билмай яшашди.
Бироқ яқинда ёшлари бир жойга бориб қолган ота-оналар бемаҳалда ўғил кўришди. Очиғини айтиш керакки, қиз уларнинг бу номуносиб, ноҳақ ишидан қаттиқ норози эди. Эри ҳам бунга унча қувонгани йўқ.
Бундай бемаҳалда дунёга келган гўдак ота-онанинг бутун диққатини ўзига жалб этди. Эмиш ва ухлашдан бошқа ҳеч нарсани билмаган чақалоқ жажжи, нозик қоилари билан поччаси Жойгопалнинг истиқболга бўлган ҳамма умидларини барбод этди. У Ассамга бориб чой плантатсиясига ишга киришга мажбур бўлди.
Қариндош ва ошналари Жойгопалга яқинроқдаги иш топишга маслаҳат бердилар. Аммо у, ҳаммадан хафа бўлганиданми, ёхуд янги вазифада тезроқ кўтарилиш ниятидами, ҳарнечук, ҳеч кимнинг сўзига қулоқ солмади.
Хотинини, бола-чақасини қайнотасиникида қолдириб, Ассамга жўнади. Эру хотин биринчи марта бир-биридан жудо бўлишди.
Ишнинг бу хил чаппа кетишини кўрган Шоши кичкина укасига яширин кек сақлаб қўйди. Кишининг дарди бўлиб, дардлашадиган одами бўлмаса, бадтар хуноби чиқади. Чақалоқ онасини эмиб қорни тўйгач, кўзларини юмиб маст уйқуга толарди. Опаси эса, ҳар нарсадан кийик топиб, ҳамма билан уришар, гоҳ сут жуда иссиқ, гоҳ овқат совиб қолибди, гоҳ болалар мактабга кеч қолди деб, жиғибийрони чиқиб юргани-юрган эди.
Тез орада чақалоқнинг онаси вафот этди. Ўлим олдида у ўғлини қизининг тарбиясига топширди. Етим қолган гўдак дарров баджаҳл опасининг меҳр-муҳаббатини қозона қолди. У опасининг тиззасига чиқиб олиб, инқиллаб, тишсиз оғзи билан унинг лабларини, бурни ёки кўзларини ўпмоқчи бўлар, жажжи қўллари билан сочини ушлаб сира қўйворгиси келмас; тонг отмай уйғониб, опасининг олдига эмаклаб борар, уни оҳиста тортқилаб, алланималар дер эди. У опасини дидимо ёки диди деёлмай, зизи, зизимо, деб чақирадиган бўлиб қолди. У опасига мудом халақит берар, у иш билан банд бўлганда ёхуд дам олиб ётган-да, қилма деган ишни қилар — қўлига кирган ҳар нарсани оғзига солар, ўрмалаб кетаверар эди. Шоши эса уни тутиб туролмас эди. Хуллас опаси бу кичкина золимга батамом бўйсунди. Онадан айрилди-ю, эвазига опасини тамомила ўзига қаратиб олди бола.
II
Боланинг исми Нилмони эди. У икки ёшга то Уганда отаси Калипрошонно қаттиқ оғриб қолди. Жойгопалга, тез келинг, деб илтимос хати юбордилар. У кўп тараддуддан сўнг отпуска олиб қайтганда, Калипрошонно ўлим тўшагида ётганди. У ўлим олдида Жойгопални ўғлига васий тайинлаб, қизига мол-мулкининг тўртдан бир қисмини мерос қолдирди.
Жойгопал ишлаб юрган жойидан кечиб, марҳум қайнотасининг мол-мулкини идора қилишга киришди. Шундай қилиб, узоқ айрилиқдан сўнг эр-хотин яна қовушдилар.
Агар бир нарса синса, унинг парчаларини ўрнига қўйиб ёпиштириш мумкин. Бироқ одамларнинг узоқ айрилиқдан сўнг яна боягидек бир-бирларига ёпишмоғи амримаҳол: давр ўтиши билан одамнинг феъл-атвори ўзгаради, янги тус олади.
Eрининг қайтиши Шошида янги туйғулар уйғотди. Гўё у янгидан эрга теккандай эди. Узоқ бирга яшаш туфайли вужудга келган бепарволик, эътиборсизлик бутунлай йўқолган эди. Шошига эри энди минг чандон азиз. «Нима бўлса ҳам эримни бари бир севаман», деб ўз-ўзича такрорлагани-такрорлаган эди. Жойгопалга эса, хотин билан учрашув ўзгача таъсир қилди. Илгари, бирга яшашганда, интилиш ва одатлари бир хил бўлганда, Шоши унинг айрилмас қисмидек эди, агар у бўлмаса Жойгопал ўзининг кундалик ҳаётида қандайдир бўшлиқ ҳис этарди. Мусофирчиликда, дастлаб, Жойгопални қандайдир бир гирдоб ўз қаърига тортгандай туюлди. Бироқ янги иш, янги одат аста-секин бўшлиқни тўлдириб, унинг эски турмуш ҳақидаги хотираларини сиқиб чиқарди.
Иш бу билан чекланиб қолмади. Илгари Жойгопал анча ялқов ва беғам эди. Сўнгги икки йил мобайнида эса унда ҳаётини ўнглаб юборишга шундай зўр иштиёқ пайдо бўлдики, у бошқа ҳеч нарсани ўйламай қўйди.
Мана шу эҳтирос асоратида қолган Жойгопалга илгариги ҳаёти худди бир соядай туюла бошлади. Хотин кишини кўпинча муҳаббат ўзгартирса, эркакни шуҳратпарастлик ўзгартиб юборади. Икки йиллик айрилиқ давомида Шошикола ҳам ўзгариб қолганди. Кичкина укаси унинг ҳаётига хўп янгилик киритди, мана шу янгиликни Жойгопал тушунмасди. Болага муносабат масаласида улар бир фикрга келолмадилар. Шоши эрини болага меҳр қўйдиришга уринарди, бироқ эрининг болага қандай қараши ноаниқлиги-ча қолаверди.
Шоши қўлида гўдак билан қувноқ жилмайиб, эрининг олдига келар, аммо Нилмони қариндошига илтифот этмай, жажжи қўллари билан опасининг бўйнидан қучоқлаб, бошини унинг елкасида яширарди. Шоши эса, укачаси ажойиб қилиқлари билан эрини ром қилиб олишини истарди. Эри эса бола меҳрини қозонишни ўйламас, бола ҳам унга бепарво эди. Жойгопал бу калласи катта, ориқ, жиддий қиёфали қора боланинг нимасига бунча эътибор қилинаётганини тушуна олмасди. Хотинлар эрларининг кайфиятини дарров пайқаб оладилар. Оз фурсатда Шоши билдики, Жойгопал унинг укасига жуда бепарво.
Шундан сўнг у болани эрининг совуқ, баъзан адоват билан қарашидан яшириб юрди. Шу тариқа, бола худди яширин хазинадай, доим унинг эътиборида турди. Дарҳақиқат сир тутилган ҳисларнинг туғёни шиддатли бўлади! Боланинг йиғиси Жойгопалнинг ғазабини келтирганда Шоши уни бағрига босиб юпатишга уринарди. Бола эрининг ухлашига халақит бериб, у болага қаҳру нафрат билан бақирганида, Шоши ҳаяжонга тушар, гўё эри олдида гуноҳкордай хижолат тортиб, дарров болани олиб чиқиб кетар, меҳр билан уни эркалатиб:
— Олтиним, хазинам, ғурурим, — дея ухлатишга уринар, шивирлар эди.
Болалар бир-бирлари билан бўлар-бўлмасга уришаверар эдилар. Илгари Шоши орага тушар, одатда, укасининг тарафини олиб, ўз болаларини койий бошларди — чунки укаси етим. Энди қози бошқа бўлиб, қонунлар ҳам ўзгарди. Нилмони бекордан бекор қаттиқ жазога тортиларди. Эрининг болага адолатсизлиги Шошининг юрагига ўткир пичоқдай санчиларди: у ранжиган болани ўз хонасига олиб кириб, унга қант-қурс, ўйинчоқлар берар, эркалатар, ўпар, қўлидан келганча овунтирар эди.
Шоши укасига меҳрибонлик қилган сари, Жойгопалнинг ғазаби ортар, Жойгопал болага ғазабланган сари опаси уни севиб ардоқлар эди. Жойгопал хотинига яхши муомала қилар, Шоши ҳам эрининг измидан чиқмас, унга меҳри-бон эди. Аммо бола эру хотин орасида яширин адоватга сабаб бўлди, маълумки, очиқ жанжалдан кўра яширин адоват оғирроқ бўлади.
III
Нилмонига қараганда аввал унинг катта калласи кўзга ташланарди. Ингичка новданинг учига катта пуфакни илинтириб қўйгандай кўринарди. Докторлар, бола шу зайлда дардчил бўлиб қолади ё ўлади, деб хавфсирар эдилар. У анчагача гапиришга ва юришга ўргана олмади. Боланинг кичкинагина юзига қараган одам ота-она ўз кекса ёшининг бутун оғирлигини шунинг елкасига ағдариб кетган экан, деб ўйларди.
Аммо опасининг меҳрибонлик билан парвариш қилиши натижасида, хавфлик давр ўтди. Бола беш ёшга кирди.
Кунлардан бир кун, картик ойининг ўрталарида, «укага оқ фотиҳа бериш маросими боиди. Шоши Нилмонига янги кийимлар кийгизиб, унинг пешонасига анъанавий хол қўяман деб турганда, тўсатдан қўшни хотин Тара кириб жанжал бошлади:
— Боланинг пешонасига меҳр-муҳаббат тамғаси босиб, зимдан уни ҳалок қилишнинг нима маъноси бор? — деб қолди у бирдан.
Ҳанг-манг бўлган Шоши яшин теккандай қотиб қолди. Уни алам, ғазаб қамраб олган эди.
Тара атрофдагиларга тушунтира кетди: Шоши билан эри етимчанинг ота меросини тортиб олишга аҳд қилишган. Улар ижара ҳақини ҳам тоиамай юриб, боланинг мол-мулкини ким ошди қилиб сотиш, сўнгра бу мулкни Жойгопалнинг амакиваччаси орқали ўзларига сотиб олмоқчи бўлганлар.
— Шундай қабиҳ туҳматни ким тарқатган бўлса минг лаънат, тилига куйдирги чиқсин, — деди Шоши ғазабга тўлиб. Сўнгра йиғлаганча эрининг олдига борди-да, унга бу ғийбатни сўзлаб берди.
— Ҳа, афтидан, энди ҳеч кимга ишониб бўлмайди, шекилли, — деди Жойгопал. — Мен амакиваччам Упенга хўжаликни бошқаришни топширганимда тамом хотиржам эдим. Унинг Хашилпурдаги мулклар учун солиқ қарзларини яшириб, охири ўзи сотиб олар деган фикр хаё-лимга ҳам келмаган эди.
— Нима, сиз унинг устидан шикоят қилмайсизми? — сўради боши қотган Шоши.
— Ўз укамнинг устидан қандай қилиб шикоят қилай? Бари бир бундан бир иш чиқмайди, беҳудага пул сарф бўлади, холос.
Шоши эрига ишониши керак эди, бироқ бу гал унга инонолмади. Ўз оиласини севган бахтиёр уй бекасининг бу вазияти энди унга жуда хунук, қабиҳ бўлиб кўринди. Дунёда энг мустаҳкам бошпана бўлган оила энди йўқ эди. Энди у билан укаси тушиб қолган даҳшатли қопқон бор эди, холос.
Шоши, ёлғиз бошим билан бу бечора болани қандай ҳимоя қиламан, деб ҳар қанча ўйга толса ҳам, бошига бирон фикр келмасди. У шу тўғрида ўйлаган сари даҳшатга тушар, эрига нафрати зўрайиб, истиқболи хавф остида қолган укасига меҳри ортарди. Агар у йўлини билганда, губер-наторга мурожаат қилар, ҳатто Англия маликасига ҳам мактуб ёзиб, укасининг мол-мулкини сақлаб қоларди. Малика билса, Нилмонига йилда етти юз эллик саккиз рупия даромад келтириб турган Хашилпурдаги мол-мулкларни сотишга рухсат бермасди.
Шошикола Англия маликаси ҳузурига қандай қилиб кириш, қандай қилиб Упеннинг адабини бериш ҳақида ўйлаб ўйига етгунча Нилмони тўсатдан иситма чиқариб, оғриб қолди. Уни қаттиқ титроқ босиб, тез-тез ҳушдан кетарди.
Жойгопал ўша ерлик врачни чақирди. Шошининг яхши врач чақириш ҳақидаги гапига:
— Нима, Мотилал ёмон даволайдими? — деди Жойгопал.
Шоши эрининг оёқларига йиқилиб, илтимосимни рад эт-манг, дея ёлворди.
— Хўп, мен шаҳардан доктор юбораман, — деди ниҳоят, эри.
Шоши болани қўлига олиб бағрига босди. Бола ундан бир минутга ҳам айрилгиси келмас, кетиб қолмасин деб унга ёпишиб олар, ҳатто ухлаб ётганида ҳам этагидан тутиб ётарди.
Шу тариқа яна бир кун ўтди. Кечқурун Жойгопал келиб, врачни шаҳарда топмадим, у касал кўриш учун узоқ жойга кетибди, деди.
— Мен суд иши билан яна бир жойга боришим керак, — деб қўшиб қўйди у, — Мотилалга тез-тез бориб, касални кўриб тур деб тайинлаб қўйдим.
Кечаси Нилмони ёмон алаҳсираб чиқди. Эрта билан Шоши ортиқ ўйлаб турмай, бир қайиқни кира қилди-да, укасини шаҳарга олиб кетди. Доктор уйида эди, ҳеч қаёққа кетмаган экан. Мўтабар оилага мансуб аёл келганини пайқаб, Шошини укаси билан ёнидаги тул кампирнинг уйига жойлади-да, болани даволай бошлади.
Эртасига Жойгопал пайдо бўлди. У дарғазаб эди, хотинига дарҳол уйга қайт деб буйруқ берди.
— Ўлдирсангиз ҳам ҳозир уйга қайтмайман. Ҳаммангиз Нилмонини ҳалок қилмоқчисиз; унинг на отаси, на онаси бор, мендан бошқа ҳеч кими йўқ. Мен — уни ўлим чангалидан қутқазишим керак.
— Ундай бўлса, шу ерда қол, аммо қайтиб менинг уйимга борма, — қизишиб бақириб берди Жойгопал.
— Менинг уйим эмиш! — У укамнинг уйи, — деди Шоши ҳам жаҳл билан.
— Яхши, кўрамиз, — деб таҳдид қилди-да, чиқиб кетди эри.
Бу ҳодиса қишлоқда кўп шов-шувларга сабаб бўлди.
— Eринг билан уйда жанжаллаш-да, — дер эди Тара, — ахир уйдан кетиб бўладими? Нима бўлганда ҳам эр-ку.
Шоши ёнидаги бор пулини сарфлаб, зеб-зийнатини сотиб, укасини ўлим чангалидан қутқазиб қолди. Лекин сал ўтмай, Дариграмдаги йилига бир минг беш юз рупия даромад келтирадиган ерларини заминдорнинг ёрдами билан Жойгопал ўз номига ўтказиб олганини билиб қолди. Энди ҳамма мол-мулк Шошининг укасига эмас, унга қарайди.
Нилмони касалдан тузалиб, уйга кетамиз, деб опасини қистай бошлади. У ўз ўртоқлари — Шошининг болаларини соғиниб қолганди.
— Уйга кетамиз, кетамиз уйга, — деб опасига ёлворарди Нилмони. Опаси эса йиғлагани йиғлаган. «Кошки уйимиз бўлса», деб изтироб чекарди жувон.
Ниҳоят, у: «Кўзёши билан иш битмайди. Нилмонининг мендан бошқа ҳеч кими йўқ», деб суд муовинининг уйига борди.
Суд муовини Жойгопални яхши биларди. Мўтабар бир зотнинг хотини уйидан кетиб, яна у билан мол-мулк даъволашиш ниятида экани унга мутлақо маъқул бўлмади. Бироқ Шошига ҳеч нарса демай, Жойгопалга хат ёзиб юборди. Жойгопал амакиваччаси билан келиб, хотинини мажбуран қайиққа ўтқазиб олиб кетди.
Айрилиқдан сўнг эру хотин яна учрашди. Пражапатининг хоҳиши шундай эди!
Нилмони қувончга тўлиб, яна ўртоқлари билан ўйнай бошлади. Боланинг қувноқ кулгиси опасини ўйлатиб қўяр, уни ғам босиб, юраги сиқиларди.
Қишда суд раиси ўз округини айланиб, шу қишлоққа келиб тўхтади. Бу ерда ов билан шуғуУаниш ниятида эди. У йўлда бир тўда болалар билан Нилмонини учратди. Қишлоқ болалари соҳибни Чанакя эҳтиёт бўлишга маслаҳат берадиган узун тишли, тирноқли ва шохдор махлуқларнинг бир озгина ўзгарган хили деб ўйлаб, узоқроқдан туриб томоша қилар эдилар.
Бироқ Нилмони сира ҳовлиқмай, жиддий кўзлари билан унга қизиқиб қараб турарди. Бола соҳибнинг диққатини жалб этди, у Нилмонига яқин келиб сўради:
— Мактабда ўқияпсанми? Нилмони бош қимирлатиб:
— Ҳа, — деди.
— Қайси китобни ўқияпсан?
Бола судянинг саволини тушунмади шекилли, индамай қараб қолди.
Нилмони уйга қайтгач, инглиз киши билан танишганини зўр ифтихор билан опасига сўзлаб берди.
Тушки овқатдан сўнг Жойгопал салла ўраб, янги сарполар кийиб, судянинг олдига саломга борди. Ҳаммаёқ шикоятчилар, даъвогар, жавобгар ва политсиячилар билан лиқ тўла эди. Кун жуда иссиқ бўлганидан судя столни сояга қўйишга амр этди.
Судя Жойгопални ўтқазиб, ундан қишлоқдаги ишлами суриштира бошлади. Жойгопал кўпчилик олдида бундай фахрий жойда ўтиргани учун ўзини шуҳрат осмонида парвоз этгандай сезди.
«Афсуски, Чокробарти ёхуд Ноиди оиласидан бирор киши келиб мени бу ерда кўрмади», деб ўйларди у.
Тўсатдан чодра ёпинган бир аёл Нилмонини етак-лаб судя ҳузурига келди.
— Соҳиб, бу етимни сизга топшираман, уни ҳимоя қилинг, — деди у.
Инглиз боши катта кўзлари жиддий таниш болани кўриб, олдида мўтабар аёл турганини фаҳмлагач, ўрнидан туриб, палаткага кириб гаплашишни таклиф қилди.
— Йўқ, мен ҳаммасини шу ерда айтиб бераман, — деди аёл.
Жойгопал бўзариб, типирчилаб қолди.
Синчков қишлоқилар, бу ерда антиқа бир гап бор экан, деб яқинроқ келдилар, лекин соҳиб ҳассасини кўтариши билан орқага чекиндилар.
Шоши боланинг қўлидан ушлаб туриб, унинг тарихини сўзлаб берди. Жойгопал бир неча бор унинг гапини бўлишга уриниб кўрди. Аммо судя, ғазабдан юзлари қизариб, унга ўшқириб берди.
— Нафасингни ўчир! — деб буюрди у ва ҳассаси билан, ўрнингдан тур, дея ишора қилди.
Жойгопал дилида хотинига минг лаънат ўқиса ҳам, жим туришга мажбур эди.
Нилмони опасига маҳкам ёпишиб, таажжуб билан унинг сўзларига қулоқ соларди.
Шошикола ўз ҳикоясини тугатгач, судя Жойгопалга бир неча савол бериб, узоқ вақт жим қолди. Сўнгра Шошига қараб:
— Қизим, гарчи бу ишни кўриш менинг ҳуқуқ доирамга кирмаса ҳам, сиз хотиржам бўлишингиз мумкин: мен ўз бурчимни бажараман, Укангиз билан уйингизга боринг, ҳеч нарсадан қўрқманг, — деди.
— Соҳиб, уй қайтарилмагунча мен укамни у ерга олиб боролмайман. Агар сиз уни ўзингиз билан олиб кетмасангиз, уни ҳеч ким ҳимоя қилолмайди.
— Унда сиз қаёққа борасиз?
— Менинг ташвиш қиладиган ерим йўқ, эримнинг олдига бораман.
Соҳиб мийиғида кулиб қўйди. Унга тумор таққан, ориқ, кўринишдан одобли, буғдойранг бенгал боласини олиб кетишдан ўзга чора қолмади.
Шоши судя билан хайрлашганда, бола опасининг этагига ёпишиб олди.
— Қўрқма, — деди унга соҳиб, — биз бирга кетамиз.
Шошининг кўзларидан ёш оқиб юзларини юварди. У Нилмонини бағрига босди ва бошларини силаб туриб:
— Бор, укажон, биз яна кўришамиз, — деди, сўнг этагининг учини зўрға ажратиб, тез юриб кетди.
«Опа, опа», — деб чинқираб қолган болани соҳиб қучоқлаб олди. Шоши яна бир марта укасига қайрилиб қаради-да, уни юпатиш ниятида сўзсиз қўл чўзиб хайрлашди, ғам-аламга тўлиб ёига тушди.
Ўзларининг эски таниш уйларида эру хотин яна учрашдилар. Пражапатининг хоҳиши шунақа эди.
Бироқ бу учрашув узоққа чўзилмади. Орадан бир оз вақт ўтар-ўтмас, бир куни эрталаб, қишлоқ аҳолиси орасида, Шоши кечқурун вабо касалидан ўлибди, кечаси ўликни куйдиришибди, деб гап тарқалди.
Бу ҳақда бошқа ҳеч ким ҳеч нарса демади. Тўғри, Тара бир нима дейишга уринди-ю, аммо бошқалар бунга йўл қўйишмади.
Укаси билан хайрлаша туриб, биз яна кўришамиз, деб ваъда қилган эди Шоши. Бироқ, у бу ваъданинг уддасидан чиқдими-йўқми, билмайман.
1895
Тўхтасин Жалолов таржимаси