Рабиндранат Тагор. Шубха (ҳикоя)

I

Қизчага Шубхашин (ширин забон) деб ном қўйганларида, унинг соқов бўлишини ким ҳам ўйлабди дейсиз? Унинг икки эгачисига Шукешини (зулфизар) ва Шухашини (хуштабассум) деб ном қўйган эдилар; бинобарин, отаси оҳангдошлик учун кичигига Шубхашини деб ном қўйган эди. Уни қисқартиб Шубха деб чақирардилар.
Катта қизларини, одат бўйича, кўп тараддуд ва харажатлар билан эрга бердилар-у, кичик қизнинг тақдири эса ота-онани қаттиқ ташвишга солиб қўйди. Одамлар, гапиролмаган кимсада ҳис-туйғу ҳам бўлмайди деб, Шубханинг тақдири ҳақидаги ташвишларини унинг ўз олдида рўй-рост сўзлай берардилар.
Қизча дунёга келиши оиланинг бошига ёққан лаънат бўлганини болалигиданоқ сезган эди. Шунинг учун одамлардан ўзини четга олиб, доим ёлғизликка интилар эди. Ҳамма уни бирдан эсдан чиқариб қўя қолса, унга анча енгил бўларди, чоғи. Бироқ, ўз мусибатимтм ҳам эсдан чиқара олади? Ота-онаси шу ҳақда ўйлагани-ўйлаган. Айниқса онаси ҳаммадан кўпроқ изтироб чекарди. У қизига қараб ўзидан номус қиларди: қиз деган онага ўғил боладан кўра ҳамиша яқинроқ бўлади-да. Қиз бола она вужудининг бир қисми, ундаги ҳар қандай нуқсон онани номусга қўяди. Шубҳанинг отаси Баниконтха ҳамма қизларидан ҳам Шубхашинини яхши кўрарди, онаси эса аксинча, унга унча рўйхуш бермасди.
Шубха тилдан маҳрум бўлса ҳам, лекин кўзлари қора, шаҳло, киприклари узун, лаблари қиз қалбида туғён урган ҳисларни акс эттириб, гул баргидай титраб турарди.
Фикиримизни бировга баён қилиш учун қанчадан-қанча уринамиз. Етарли даражада равшан баён этолмасак, фикиримизни нотўғри тушунадилар. Аммо қизнинг қора кўзлари сўзга муҳтож эмас: улар худди юракнинг ўзини ифода этадилар: унинг туйғулар гоҳ алангаланиб, гоҳ заиф милтиллайди, гоҳ ёлқинланиб кетиб, гоҳ ҳорғин сўнади, гоҳ ботаётган ойдек осуда боқиб, гоҳ осмон гумбазини ёритиб ўтган чақмоқдек порлайди. Кимки соқов бўлиб туғилса, унда тил вазифасини титроқ лаблар билан кўз бажараркан. Кўз тилининг ифода кучи чексиз: бу ифода денгиздек чуқур, осмондек тиниқ: у — тонготар билан кун ботар чоғи сокин ерда ёғду ва соялар алмашувигача акс эттираркан.
Соқовларда, худди табиатдагидек, танҳоликнинг салобати бўлади, шунинг учун болалар Шубхадан ҳайиқар ва у билан ҳеч ўйнамас эдилар. У кимсасиз, жазирама пешин чоғидек унсиз ва танҳо эди…

II

Шубха Чондипур деган қишлоқда рурарди. Бенгалиянинг кўп жойларидагидек, бу ердан ҳам кичкинагина бир дарё оқиб ўтар, бу дарё ўрта табақага мансуб қизлардай одоб сақлаб, ўзининг тор қирғоқларидан сира ошиб тошмасди.
Бу ҳимматли дарё қишлоқ оилаларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сингари, ўз қирғоқларидаги қишлоқларга астойдил ғамҳўрлик қиларди. Унинг икки соҳили бўйлаб уйлар, ям-яшил дарахтлар тизилиб кетган, гўё дарё тангриси ўз қароргоҳидан тушиб, саҳоват билан бу ерларга барака ва нусрат уруғини сепган эди.
Баниконтханинг ҳовлиси дарё қирғоғига туташар, ёнидан сузиб ўтган қайиқчаларга похол билан ёпилган сарой, молхона, омбор, тамаринд дарахтлари ва буталар билан иҳота қилинган боғча бемалол кўриниб рурарди. Лекин бу тўла-тўкис рўзғорда соқов қиз борлигини бировлар билармикин, буни айта олмайман.
Шубха ишларини битириб, дарҳол дарё қирғоғига борарди. Бу ерда табиат бахтсиз қизнинг яримта кўнглига малҳам бўлар, у билан гўё суҳбат қурарди. Сувнинг шариллаши, одамларнинг овози, қайиқчиларнинг қўшиғи, қушларнинг сайраши, дарахт япроқларининг шитирлаши бир-бирига қўшилиб, Шубха қалбидаги севинчга қуйилиб, боланинг ҳаяжонли, аммо мангу сокин юрагига тўлқинлар садосидек кириб борар, табиатнинг бу бўғиқ сурони ва бу ҳаракат соқов қизнинг тили эди; япроқларида чигирткалар чириллаб турган дарахтдан тортиб, то осмондаги сас-садосиз юлдузларгача — ҳамма нарса унинг киприклари соя ташлаган шаҳло кўзларида акс этар эди. Шубха учун бутун атроф сирли имо-ишоралар, ҳаракат, қўшиқ, кўзёши ва нидолар билан тўлган эди.
Чошгоҳда паромлар тўхтаб, қайиқчи ва балиқчилар овқатга кетиб, деҳқонлар соя-салқинда ётиб ухлаганда, қушлар нағмаси тиниб, нотинч олам оромга толганда, кенг дунё кимсасиз уйдек ҳувиллаб, сукунат чўкканда, жазирама осмон гумбази остида тилсиз табиат билан дарахт соясида ўтирган соқов қиз юзма-юз учрашадилар.
Шубханинг дўстлари йўқ эмас. Молхонада Шорбоши ва Пангули деган икки сигир бор. Улар қиз оғзидан ўз лақабларини бирор марта эшитмаган бўлсалар ҳам, унинг қадам ташлашини шарпасидан билар эдилар. Қиз гапиролмасди, лекин унинг шивирлаши ва маъносиз овозини жониворлар ҳар қандай сўздан яхшироқ тушунардилар. Улар Шубханинг эркалатишларини ҳам, койишларини ҳам англардилар; агар қиз молхонага кириб Шорбошининг бўйнидан қучоқласа, у юзларини унинг юзларига суркар, Пангули бўлса беозор кўзлари билан ёш дўстига тикилиб, юзларини яларди. Шубха молхонага кунига уч дафъа кириши лозим бўлса-да, аслида у бу ерга кўпроқ қатнарди, айниқса уйда хафа қилганларида дарҳол индамас дўстлари олдига кириб борарди. Ҳайвонлар итоаткор, мулойим, хайрихоҳ кўзлари ва қандайдир номаълум бир сезги билан қизнинг қалбидаги дардни англар, унга яқинлашиб, шохларини Шубханинг қўлларига аста суркаб, бесўнақай ҳаракатлари билан сўзсиз тасалли беришга уринар эдилар. Булардан бошқа, яна эчки билан мушук ҳам бор эди, лекин Шубха уларга унчалик меҳр қўймаган, шунга қарамай, улар ҳам Шубхага меҳрибон эдилар. Мушукча қизнинг юмшоқ тиззасига чиқиб ўтиришни, у нозик панжалари билан бўйни ва орқасини силаганда, хуриллаб ётишни жуда яхши кўрарди.

III

Олий мавжудот орасида ҳам Шубханинг бир ўртоғи бор эди. Уларни бир-бирига боғлаган нарса нима эканини айтиш қийин, чунки унга дўст бўлган ўғил боланинг тили бор эди. Бу эса уларнинг умумий тил топишларига халақит берарди.
Гоншайнинг кичик ўғли Протап жуда ялқов бола эди, ота-оналари унга бирор ҳунар ўргатамиз деб жуда кўп уринсалар ҳам, ҳеч қандай натижа чиқмади, охири ноумид бўлиб, бўлмаганга бўлишма, мақомида уни ўз ҳолига қўйиб бердилар. Аммо бекор хўжаламинг бир хислати бор: уйдагилар уларни қанча уриб-сўкса ҳам, ўзгалар уларни албатта ёқтириб қолади. Ялқовлар ҳеч қандай иш билан боғлиқ бўлмаганлари учун гўё жамоат мулкига айланадилар. Ҳар бир шаҳарга бир сайлгоҳ боғ зарур бўлганидек, ҳар бир қишлоқда ҳам битта-иккита такасалтанг бўлар экан, улар ё ўйин-кулги ишқибозларининг хизматида ёки ялқовлараинг суҳбатида банд бўладилар.
Протапнинг асосий машғулоти қармоқ билан балиқ овлаш эди. Бу ишга у жуда кўп вақт сарф этарди, уни ҳамиша дарё бўйидан топиш мумкин эди. У Шубха билан ҳам худди мана шу ерда учрашиб турарди. Протапга ҳар қандай ишда кўнгилли шерик керак. Балиқ овида эса, тилсиз шерикдан яхшиси борми. Шунинг учун Протап Шубханинг қадрига етарди. Бошқалар қизни Шубха деб атасалар, бу унга жуда яқин эканини кўрсатиш учун содда қилиб Шу деб чақирар эди.
Одатда Шубха тамаринд дарахти тагида ўтирар, Протап эса сал нарироқда қармоқ соларди. Протапнинг бетел чай-наш одати ҳам бор. Қизча ўртоғи учун бу нарсани ўзи тайёрлайди. У Протапни узоқ кузатиб, унга бирор нарса билан кўмаклашишни чин кўнгилдан истар, унинг учун ажойиб бир иш қилиб, йигитчани, бу қиз ҳам ер юзида ортиқча эмас экан-ку, деб ўйлашга мажбур этмоқчи бўларди. Бироқ Шубха ҳеч нарса ўйлаб тополмади. Шунда у тангридан дўстини таажжубга қолдирадиган бирон катта иш қилиш учун ўзига куч-қувват тилади, токи Протап ҳайрат билан; «Қаранг-а, Шубханинг қўлидан бунақа ишлар келар деб сира ўйламаган эдим!» деб юбо-радиган бўлсин, деб илтижо қилди.
Қани энди Шубха сув париси бўлса! Ўшанда у оҳиста сувдан чиқиб, Протапга илонлар шоҳининг бошидаги тождан қимматбаҳо тош олиб келар, Протап бу бачкана балиқ овини йиғиштириб, шу бебаҳо тош билан дарё тубига тушиб кетарди. Сувости салтанатига тушганида эса, кумуш саройдаги олтин тахт устида кимни кўрарди деб ўйлайсиз? Албатта шу тилсиз Шунида, Баниконтханинг қизи, бизнинг Шуни, яъни бу нурафшон ва осойишта сувости оламининг ягона қизини кўрган бўларди. Афсуски, бу мумкин эмас! Бу умуман дунёда мумкин бўлмаган бирор иш йўқлигидан ҳам эмас, бунинг сабаби шуки, Шубхашини подшо оиласида туғилмаган, Баниконтха оиласида туғилган, бинобарин, Гоншайннинг ўғли Протапни ҳайратда қолдиришга унинг кучи етмайди.

IV

Шубха балоғатга етаёзди; у ўз туйғуларини ҳам англай бошлади, чоғи. Юрагида ойдин тунлар денгизда мавж урадиган тўлқинлардай зўр, жозибадор, янги ва ғалати фикрлар пайдо бўла бошлади. Унинг бошгинасида сон-саноқсиз саволлар уймалашар, лекин қиз уларга жавоб тополмасди.
Бир ойдин кечада Шубха астагина эшикни очиб қўрқа-писа ташқарига бош суқиб, теваракка аланглаб қаради. Шубханинг ўзидай ёлғиз тўлин ой ухлаётган ерга боқарди. Қизнинг вужудида ёшлик мавж урар, қувонч ва қайғу унинг борлиғини қамраб олганди: қал-бида ёлғизлик дарди поёнига етиб, қиз ўзи ҳам сезмаган ҳолда танҳоликнинг чегарасидан ҳатлаб ўтди. Мана энди аста тўлқинланиб турган она табиат билан ҳаяжонли тилсиз қиз яна яккама-якка учрашдилар…
Бу орада қизни эрга бериш муаммоси ота-онага тинчлик бермасди. Баниконтха бадавлат одам бўлиб, унинг оиласида кунига икки марта балиқ ва гуруч таом ейилганига ҳасадчилар ҳам кўп эди; шундан бўлса керак, қўшнилари, у қизини эрга беролмайди, деб мудом ғийбат ва маломат қилар эдилар. Баниконтха хотинлар билан анча маслаҳатлашиб, бир неча кундан сўнг қаёққадир жўнади. Ниҳоят, қайтиб келиб:
—    Калкуттага борамиз, — деб қолди.
Бегона шаҳар сафарига тайёрлана бошладилар. Аламдан юраклари сиқилган Шубхага кўзёшлари сира омон бермасди. Бир неча кундан буён уни номаълум бир хавф-хатар қийнар ва у тилсиз бир жонивордек, гоҳ онаси, гоҳ отаси кетидан юрарди. Қиз шаҳло кўзларини катта очиб, бирор нарса англаш ниятида, ҳаяжон билан тикилса ҳам, ота-онаси унга бирор оғиз сўз айтмас эди.
Нима бўлди-ю, бир куни тушда, одатдагича қармоғини ташлаб ўтирган Протап кулиб туриб гап бошлади:
—    Шу, сенга эр топишибди! Энди сен у ерга бориб эрга тегасан. Аммо бизни ҳам эсдан чиқарма.
У ортиқ ҳеч нарса демай, яна балиқ ови билан машғул бўлди.
Ўқ еб, ўлим олдида ётган кийик сайёдга қандай қараса. Шубха ҳам Протапга шундай қаради. Унинг маҳзун, сассиз нигоҳи: «Мен сенга нима ёмонлик қилдим?» деб сўрагандай эди. Ўша-ўша, Шубха бу дарахт соясида ўтирмайдиган бўлди.
Баниконтха энди уйғониб, папирос чекиб турганда, бирдан Шубха чопиб кирди-да, унинг оёқларига йиқилиб зор-зор йиғлади. Баниконтха унга тасалли беришга уринди-ю, лекин ўз кўзёшалрини тўхтатолмади.
Eртасига Калкуттага жўнашлари лозим эди. Шубха ёшлик дўстлари билан хайрлашиш учун молхонага кирди. Ҳайвонларга хашак солди, бўйинларидан қучоқлади, алланималар деб шивирлади, уларга эркалатувчи нигоҳ ташлади. Унинг кўзёшлари шашқатор бўлиб юзларидан оқиб тушарди.
Қиз ойдин кечада ташқарига чиқиб, кўпдан бери азиз ошнаси бўлган дарё бўйидаги хушбўй кўкатлар устига ўзини ташлади. У башариятнинг қудрати ва хотиржам онаси ерни қучоқлаб: «О, она, мени қўйиб юборма! Мен сени қучгандай, сен ҳам мени маҳкам қучоқла!» деб ллтё қилди.
Улар Калкуттага келгач, онаси Шубхани яхшилаб кийинтирди. Сочларини турмаклаб, лента билан боғлади, қимматбаҳо тақинчоқлар билан безади, бошқача айтганда, қизнинг табиий чиройини барбод этди. Шубханинг кўзларидан ёш аримасди. Буни кўрган она, кўзлари қизариб, қовоқлари шишади, деган хавф билан шўрлик қизни койиди, уришди, аммо ҳеч қандай таҳдид унинг кўзёшини тўхтатолмасди.
Ниҳоят, бир дўстини бошлаб келин кўргани куёв келди. Қизнинг ота-онаси, гўё осмондан тангрининг ўзи тушиб келгандай, ташвиш ва ҳаяжонда қолишди. Она, ундай қил, бундай қил, деб қизни шу аҳволга олиб келдики, шўрликнинг фиғони фалакка чиқди, уни куёвга ҳам худди мана шу аҳволда рўбарў қилдилар.
—    Дуруст, — деди куёв унга қараб.
Тўхтовсиз кўзёшларини кўрган йигит, ота-она билан жудоликка шунча изтироб чеккан қиз эрига яна ҳам мулойим, яна ҳам меҳрибон бўлади деб ўйлади-да:
—    Гавҳар садафҳинг қимматини оширгандай, қизнинг кўзёшлари ҳам унинг қадрини оширади, — деб қўйди.
У бошқа сўз демади.
Календарга қараб хайрли бир кунни тайин этдилар. Тўй ҳам бўлди. Соқов қизни йигитга топшириб, ота-онаси уйга қайтди: уларнинг тоифаси беобрў бўлиш хавфидан қутулиб, келажаклари таъмин этилган эди.
Шубханинг эри ғарбда ишлагани учун тез фурсатда уни ҳам олиб кетди. Аммо бир ҳафта ўтмай, келиннинг соқов эканини ҳамма билиб қолди. Борди-ю, битта-яримтаси буни пайқамаган бўлса, бу қизнинг айби эмас. Қиз бирор одамни алдайман деб ўйламаганди. У кўзлари билан бутун ҳақиқарни айтиб турар, лекин ҳеч ким унинг кўнглидагини англамасди. Шубха атрофга назар солиб ёшликдан таниш бирор одамни кўрмадики, у билан умумий тил топиб ҳасратлашса. Ана шунда соқов қиз қалбида тутиб бўлмас, ғайриинсоний бир фарёд қўзғалди, афсуски, бу алам-ангиз фарёдни ҳам парвардигордан бошқа эшитувчи бўлмади. Шубханинг эри бўлса, иккинчи дафъа анча эътибор билан фақат кўзини эмас, қулоқларини ҳам ишга солиб, бошқа — тили бор қизга уйланди.

Тўхтасин Жалолов таржимаси