Бор экан, йўқ экан, бир жуфт эру хотин бошмоқ бўлган экан. Бир пойининг исми Николя бўлиб, у эри экану иккинчи пойи Тина эса унинг умр йўлдоши экан. Нафис, ипакдек майин қоғозга ўралган бошмоқлар бежиримгина қутида яшар эканлар. Ўша ерда улар ўзларини беҳад бахтиёр сезишар ва ҳаётлари абадулабад шундай кечишига шубҳа қилишмас экан.
Бироқ кунлардан бир кун сотувчи аёл уларни қутидан олиб кийиб кўринг, деб аллақандай хонимга берибди. Хоним оёғига кийиб, бор-йўғи бир неча қадам юрибди-да, бошмоқларнинг худди қуйиб қўйгандек лойиқ эканини кўриб:
– Мана шунисини оламан, – дебди.
– Ўраб берайми? – сўрабди сотувчи аёл.
– Шарт эмас, – дебди хоним, – шундай кийиб кетавераман.
У пулини тўлаб, янги бошмоқда кўчага чиқибди.
Шу тариқа Николя билан Тина бир-бирларини кўрмай кун бўйи юришибди. Фақат қош қорайганда улар қоп-қоронғи жавонда учрашибдилар.
– Тина, бу сенмисан?
– Ҳа, бу менман, Николя.
– Қандай яхши! Сени бошқа кўрмайман, деб роса қўрққандим.
– Мен ҳам. Сен қаерда эдинг?
– Менми? Ўнг оёқда.
– Мен эса чап оёқдайдим.
– Ҳаммасини энди тушундим, – дебди Николя. – Ҳар гал сен олдинга ўтсанг, мен орқада қолганман, сен орқада бўлган чоғда эса мен олдинда бўлганман. Шунинг учун биз бир-биримизни кўролмаганмиз, шекилли.
– Нима қилдик, энди ҳар доим шундай бўладими? – сўрабди Тина.
– Афсуски, шундай.
– Аммо, азизим Николя, сени кун бўйи кўрмаслик даҳшат-ку?! Мен бунга асло чидаёлмайман.
– Шошма, – дебди Николя, – мен йўлини топдим. Қулоқ сол, мен ҳамиша ўнг оёқда, сен эса чап оёқда бўласан, тўғрими? Хўш, мен ҳар қадамда жиндай сен томонга сакрайман. Шунда бир-биримизни кўриш имкони туғилади. Келишдикми?
– Бўпти.
Николя худди шундай қилибди.
Эртасига бошмоқларнинг эгаси уззукун ўнг оёғининг учи пошнасига урилмасдан, тўғри, тинчгина юролмабди. Нуқул энди юраман, деганда оёғи қайрилиб кетармиш.
Ўтакаси ёрилган хоним ўша куниёқ шифокор қабулига борибди.
– Доктор, менга нима бўлганига ақлим бовар қилмаяпти. Ўзидан-ўзи оёқларим чалишиб кетяпти.
– Чалишиб кетяпти? Ўзидан-ўзи?
– Ҳа, доктор. Бир қадам қўйишим биланоқ ўнг оёғим чап оёғимга тегиб кетаяпти, мен йиқилиб тушяпман.
– Ие, бунинг олдини олмаса бўлмайди, – дебди шифокор. – Агар бундан кейин ҳам шундай бўлаверса, ўнг оёғингизни кесиб ташлашга тўғри келади, хоним. Мана сизга рецепт: шу бўйича ўн минг франкли дори оласиз. Эртага келинг. Кўриб қўйганим учун эса икки минг франк тўлайсиз.
Ўша куни кечқурун, кийим жавонида Тина Николядан сўрабди:
– Шифокор нима деганини эшитдингми?
– Эшитдим.
– Бу даҳшат-ку! Мабодо, унинг ўнг оёғини кесиб ташласалар борми, у сени ташлаб юборади, оқибат, бир-биримиздан жудо бўламиз.
– Тўхта, мен топдим, – дебди Тина. – Мен чап оёқда бўлганим туфайли эртага сен эмас, мен оз-моз ўнг томонга тояман.
– Бўпти.
У шундай қилибди ҳам: эртасига кун бўйи чап оёғи ўнг оёғининг пошнасига урилавериб, ҳар сафар боёқиш хоним гуп этиб ағдарилиб тушаверибди.
– Доктор, аҳволим тобора ёмонлашяпти, шекилли. Энди чап оёғим ўнг оёғимнинг пошнасига илашиб қоляпти.
– Нимасини айтасиз, аҳволингиз янаям оғирлашибди, – дебди шифокор. – Агар шундай давом этаверса, иккала оёғингизни кесиб ташлашга тўғри келади. Мана сизга рецепт: йигирма минг франкли дори сотиб оласиз. Кўриб қўйганим учун эса уч минг франк тўланг. Эртага, албатта, келинг!
Кечқурун Николя Тинадан сўрабди:
– Эшитдингми?
– Эшитдим.
– Агар хонимнинг иккала оёғини кесиб ташласалар, ҳолимиз нима кечади?
– Бу ҳақда ўйласам, юрагим орқага тортиб кетяпти.
Иккови шифокорнинг гапларидан ваҳимага тушиб, ухлолмай, хонимнинг даҳлизда бедор юрганлигидан тамом бехабар, қоп-қоронғи жавонда роса ҳасратлашибди. Хоним жавон ёнидан ўтаётганида бехос уларнинг гапини эшитиб қолибди-ю, жуда фаросатли аёл экан, гап нимадалигини дарров фаҳмлабди.
Хоним ўша заҳоти ўттиз минг франк сарфлаб олган дориларини улоқтириб юборибди ва эртасигаёқ оқсочига тушунтирибди:
– Манави бошмоқларни кўряпсизми? Мен энди буни киймайман, аммо шунга қарамай, уларни ташлаб юбориш ниятида ҳам эмасман. Шунинг учун бошмоқларни яхшилаб артиб қўйинг, доимо ялтираб туриши учун мудом тозалаб туринг. Энг муҳими, уларни ёнма-ён қўйинг.
Уйда ёлғиз қолгач, оқсоч кулибди-да:
– Хоним эсини еб қўйибди, – дебди, – одам ҳам шундай чиройли бошмоқларни киймай асраб қўярмишми! Икки ҳафталардан сўнг унутиб юборади, ана ўшанда уларни олиб кетаман.
Чиндан ҳам орадан икки ҳафта ўтгач, оқсоч бошмоқларни олиб кетибди. Аммо кийган заҳоти ўз-ўзидан қоқила бошлабди. Бир куни оқсоч кечки пайт чиқиндиларни ташлаб келгани орқа зинадан тушаётган чоғида Николя билан Тина бир-бирларини кўргилари келиб колибди-ю, у кўз очиб-юмгунча ағдарилиб тушибди.
“Бошмоқлар сеҳрли экан, шекилли, – деб ўйлабди у. – Шунча кийганим етар. Яхшиси, буларни ногирон жиянимга бераман”.
Кунларнинг бирида кечаси Тина Николяга ҳасрат қилибди:
– Менинг пошнам ейилавериб пиёзнинг пўстидек бўлиб қолди. Бу кетишда адо бўламан.
Чинданам бир ҳафта ўтгач, унинг пошнаси тешилибди. Ногирон қиз янги пойабзал сотиб олиб, Тина билан Николяни чиқинди қутисига ташлаб юборибди.
– Энди нима қилдик, – деб сўрабди Николя.
– Кошки бир умр ажралмасликнинг иложи бўлса!
– Менга яқинроқ кел, – дебди Николя, – бизни ажратиб юбормасинлар, менинг боғичимни маҳкам ушлаб ол.
Улар шундай қилишибди. Чиқинди машинасига ҳам бирга ортилишибди. Ниҳоят бу машина уларни элтиб, чиқиндихонага тўкибди. То уларни бир қизча билан бола топиб олмагунча ўша ерда ётаверибдилар.
– Қара, қара, бошмоқлар. Улар бир-бирларининг қўлидан ушлаб ётишибди! Бундан чиқди улар жуда яқин дўст экан, – дебди қизча.
– Ундай бўлса, – дебди бола, – улар жуда яқин дўст бўлишса, дунёни биргаликда томоша қилишсин.
Бола шундай дебди-ю, уларни патнисдек тахтачага ёнма-ён қўйиб михлабди. Кейин эса тахтачани денгизга оқиб борадиган анҳорга қўйиб юборибди. У тобора узоқлашиб сузиб кетибди, қизча бўлса рўмолчасини силкитиб, қичқирибди:
– Хайр сизга, бошмоқлар! Оқ йўл!
Гарчи ҳаётдан бор умидларини узган бўлса ҳам, Тина билан Николя вақтичоғлик билан саёҳат қилгани жўнаб кетибдилар.
Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 6-сон