Пу Сунглинг. Ғойибдан келган бойлик (новелла)

Бир олим нуқул илм билан машғул бўлиб, китобдан бош кўтармас экан. Бир куни китоб ўқиб ўтирса, кимдир дарвозани тақиллатибди. Бориб дарвозани очса, қадимги замон кексалар кийимидаги бир қария турганини кўрибди. Олим дарров қарияни уйига таклиф қилибди. Шунда қария ўзини таништириб: “Менинг исмим Ху, тулки зотининг пири бўламан. Эшитишимча, сен билимнинг орқасидан қувиб, жуда кўп китоб ўқир экансан, шу боис, сенинг суҳбатингни олай деб келдим”, – дебди. Шу тариқа олим қария билан суҳбатга киришиб кетибди. Суҳбат асносида олим бу кексанинг билимдонлигига қойил қолибди, уни уйида қолишига ва суҳбатдош бўлишига кўндирибди.
Орадан бир неча кун ўтибди, икковининг суҳбати қизигандан-қизибди, бир пайт олим аста ўз дарди, мақсадига ўтиб, қарияга шундай дебди: “Сиз билан биз жуда ҳам яқин бўлиб қолдик, гапнинг очиғини айтганда, менинг шарт-шароитимни кўриб турибсиз. Мен жуда камбағал яшайман, мана бу аҳволдан чиқиш учун сиз менга озгина ёрдам бериб юборсангиз ёмон бўлмас эди! Чунки, Сиз – тулкилар пирисиз, қўлингизни шундоқ силтасангиз бас! Олтин пуллар сизга ёмғирдай ёғади”. Буни эшитиб қария ўйга толибди ва бироз вақт ўтгандан кейин жилмайиб: “Албатта, бу ишнинг мен учун ҳеч қандай қийин жойи йўқ, фақат дастмояга ўн сар пул бўлса, кифоя,” деб жавоб қайтарибди.
Дастмояга олим дарров у айтган пулни топиб келибди. Бундан мамнун бўлган қария олим билан бир бўш хонага кирибди. Қария ўтирибди-да, кўзларини юмиб, дуо ўқиб, худога илтижо қила бошлабди. Кўп ўтмай олтин пуллар “жангир-жунгир” қилиб шаррос ёмғирдай ёға бошлабди. Бирпасда пуллар олимнинг тиззасига етибди. Пулнинг ичида кўмилиб қолмайин деб хавотирга, андишага тушган олим оёғини пулдан чиқарган ҳам эканки, олтинлар уни яна кўма бошлабди ва ҳаёл ўтмай сонигача етибди. Буни кўрган қария олимга қараб: “Бас, етади!” деб бақирибди. Олимнинг хўп имоси билан қария қўлини кўтариб бир силтаган экан, ёғаётган олтин тўхтабди. Қария ва олим хонадан чиқибди. Уйни қулфлар экан, олим бирданига шунча бойликни кўриб, “кўз очиб юмгунча давлатмандга айландим-а!” – деб ширин хаёлларга берилибди ўзича.
Эртаси куни эрталаб олим харажатга бироз пул олай деб хонага кирибди, қараса кеча кўзни олиб, ялтираб турган олтин пулларни кўрмабди. У ерда фақат ўзи дастмоя қилиб берган пулларгина қолган экан, холос. Бундан ғазабланган олим қарияни ҳақоратлай кетибди. Олимнинг бу жоҳиллигидан қариянинг жаҳли чиқибди ва хайр-хўшни ҳам насия қилиб, олимнинг уйидан чиқиб кетибди. Кетатуриб унга: “Сени қидириб келишимнинг сабаби, сен билан бирор жиноятга қўл уриш эмасди, балки илм, фан ва ижод устида изланиш ва фикрлашиш эди. Сен эса мени ўзингнинг ёмон ниятларингни амалга ошириш учун гуноҳга чорладинг. Нафснинг кетидан юрмоқчи бўлсанг, ўзингга ўхшаганларни топ, мен сен каби нокасларга ёрдам беролмайман”, – дебди-да, йўлига равона бўлибди.

Хитой тилидан Жасур Зиямуҳамедов таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2004 йил, 7-сон