Премчанд. Шатранж ишқибозлари (ҳикоя)

Вожид Али* шоҳ ҳукмронлик қилаётган пайтлар эди. Бутун Лакнов вақтихушлик ва айш-ишратга муккасидан кетган, каттаю кичик, бою камбағал — ҳамма шу ишга боши билан шўнғиган эди. Кимдир рақсу қўшиқ ила базм қуриб, кўнглини хушласа, бошқа биров кўкнори ичиб кайф қилади. Қаёққа қараманг, шод-хуррамлик ҳоким: сарой аъёнлари орасида дейсизми, шеърият толиблари, санъаткору ҳунармандлар орасида дейсизми, хуллас, ҳаммаёқда таралла-бедод авжида эди. Сарой аҳли айш-ишратдан бошини кўтармас, шоирлар висол ва ҳижрон таърифи билан банд, ҳунарманд-косиблар олтин ва кумуш суви югуртирилган нозик иплардан ҳар хил либослар тикиш билан машғул, савдогарларнинг эса хушбўй мой-упаларини пуллашдан қўли бўшамасди. Ҳамманинг кайфи чоғ, кўзи сузилган, оламда не кечяпти — ҳеч кимнинг уч пуллик иши йўқ… Қаёққа қараманг — ҳаммаёқда аския, қаҳқаҳа. Ана, бир томонда бедана уриштиришяпти, нариги томонда каклик уриштиришга жой ҳозирланяпти. Ошиқ ўйналаётган томондан эса қий-чув баралла эшитилиб турибди. Сал нарида эса шатранжбозлик авжида, тумонат одам. Хуллас, шоҳу гадо — ҳамма кўнгил очиш ва кайф-сафо пайидан. Шатранж ва қимор ўйини, айниқса, томир ёйган эди. Сабабини сўрагудек бўлсангиз, шинавандалар: «Шатранж, қимор ақлни чархлайди, фикр юритиш қобилиятини ўстиради, мураккаб масалаларни тез ҳал қилишга ўргатади», деб дарров важ кўрсатишади (шу тахлит фикр юритувчи шахслар ҳозир ҳам йўқ эмас), шундай экан, агар Мирза Сажжод Али ва Мир Рўвшан Али шатранж суриб, «ақл чархлаш» билан умргузаронлик қилса, ким уларга ғинг дея оларди? Ким?..

Икковининг ҳам ота-бобосидан қолган ер-суви бор, иккови ҳам тирикчилик ташвишидан бехабар — бекорчиликдан бўлак ишлари йўқ. Эрталаб азонда икки ўртоқ нонушта қиладию шатранж ўйинига шўнғийди; шатранж тахтаси ёзилиб доналар териладию жанг бошланади. Шу ўтирганча пешин бўлганини ҳам, кеч кирганини ҳам сезишмайди. Дам-бадам хизматкорлар кириб, овқатга чақириб кетишади. «Бўпти, ҳозир борамиз, дастурхонни ёзавер», деб қўйишади улар хизматкорларга бош кўтармай. Чақиравериб зериккач, шўрлик ошпазнинг ўзи келиб, овқатни уларнинг олдига қўйиб кетади. Улар иккала «иш»ни ҳам баравар уддалайверишади: овқатни ҳам еяверишади, шатранж ҳам ўйнайверишади. Мирза Сажжод Алининг уйида қари-қартанглар йўқ эди, шу сабабли шатранж унинг меҳмонхонасида ўйналарди. Лекин бу, Мирзанинг уй ичи унинг бу қилиғидан мамнун эди, деган гап эмас эди. Уй ичи у ёқда турсин, бутун маҳалла-кўй, ҳатто хизматкорлар ҳам эртаю кеч бу ўйинни ёмонлашгани-ёмонлашган эди: «Бе, шуям ўйин бўлдими! Ўлгудек ифлос нарса! Ғирт бузғунчи! Худо кўрсатмасин, битта-яримтага бу ўйиннинг жини илашиб қолса борми, тамом, кўзига ҳеч нарса кўринмай қолади: на уй-жойи, на бола-чақаси. Жуда ярамас касал». Мирзанинг хотини ҳам бу ўйинни хуш кўрмас, кези келганда эрини узиб-узиб олар, лекин бунақа имконият камдан-кам бўлар эди. Чунки, у ҳали уйқудан уйғонмасидан меҳмонхонада ўйин бошланиб кетган бўларди. Мирзажий хобгоҳга алламаҳалда, хотини уйқуга кетгандан кейин кириб келарди. Хоним эрига кўпда бир нарса деёлмас, бор аламини хизматкорлардан оларди: «Нима-нима? Пан чайнармишлар? Бориб айт, ўзлари келиб олиб кетсинлар!.. Овқат ейишга вақтлари йўқ эмишми? Овқатини олиб бориб бошига ур! Хоҳласалар ўзлари есин, хоҳламасалар итга берсин!..» Аммо шу гаплардан бирортасини эрининг юзига айтолмасди. У эридан эмас, асосан, Мир соҳибдан хафа эди.

Мирзажий кўпинча ўзини оқлаш учун бутун айбни Мир соҳибга тўнкаб қўя қоларди. Шунинг учун бўлса керак, Мирзажийнинг хотини Мир соҳибга «Мир тирриқ» деб от қўйиб олган эди.

Бир куни соҳиба хонимнинг боши оғриб, оқсоч қизни Мирзажийнинг олдига юборди: «Чақириб кел. Ғизиллаб бориб битта-яримта табибдан дори опкеб бераркансиз, дегин. Бор», деб тайинлади унга. Мирзажий: «Бўпти, ҳозир кетингдан чиқаман», деб оқсочни қайтариб юборди. Соҳиба хонимнинг феъллари жуда тез эди. Хотинининг боши оғриб турса-ю, у ёқда эри шатранж ўйнаб ўтираверса! Бунга чидаб бўладими? Бирпасда қип-қизариб кетди. Яна оқсочни чақирди: «Чиқиб, ҳозироқ юраркансиз, бўлмаса табибникига ўзлари кетиб қолармишлар, деб айт!».

Мирзажий жуда зўр йўлни топган, иккита юришдаёқ Мир соҳиб мот бўладиган аҳволда эди. Мирзажий тутақиб кетди.

— Э-э, жуда ўлиб қолаётган эканми бирпас сабр қилиб турса?! — деб бақириб берди.

— Ҳа, энди чиқиб бир хабар олиб кела қолмайсизми? Биласиз-ку, хотин зотининг табиати нозик бўлади, — деди Мир соҳиб.

— Ие, нега чиқарканман? Икки юришда мот бўлиб турибсиз-ку!

— Тақсир, жуда унақа катта кетаверманг, шундоқ бир йўлни ўйлаб қўйибманки, мот бўлганингизни ўзингиз ҳам билмай қоласиз. Доналарингизнинг бирортасига ҳам тегмайман. Боринг, хабар олиб чиқа қолинг. У кишининг кўнглини оғритиб нима қиласиз?

— Шу деганингизга мот қилмасдан кетмайман! — деди Мирзажий.

— Мен ўйнамайман. Аввал сиз чиқиб хабар олиб келинг. — Э, оғайни-ей! Чиққанимдан кейин табибникига бормасам бўлмайди. Боши ҳеч ҳам оғриётгани йўқ. Мени овора қилишга бир баҳона бу.

— Майли, нима бўлганда ҳам, ҳар ҳолда, у кишининг ҳурмати-да.

— Бўпти, бораман, яна битта юриш қилай…

— Йўқ, йўқ, бўлмайди! То сиз чиқиб хабар олиб келмас экансиз, бирор донага қўл теккизмайман.

Мирзажий ноилож ичкарига кирди. Хотини, қошлари чимирилганча, инқиллаб-синқиллаб деди:

— Шу ер юткур шатранж сизга намунча азиз экан-а? Бу ёқда биров ўлиб кетса ҳам, ўрнингиздан турай демайсиз-а! Ишқилиб ҳеч ким сизга ўхшамасин!

— Нима қилай, Мир соҳиб йўқ, деб турганларидан кейин? Аранг чиқиб келдим.

— Мир соҳиб ўзлари ғирт бекорчилар, бошқаларни ҳам шунақа деб ўйлайдилар, шекилли? Бола-чақали одам… Ё улардан ҳам воз кечиб юборганмилар? — деди соҳиба хоним.

— Жуда шилқим одам-да. Келиб, ўйнаймиз, деб туриб олгандан кейин мен ҳам ноилож…

— Ҳайдаб юборсангиз бўлмайдими?

— Ҳа энди, ўзимиз тенги одам бўлсалар. Даражалари мендан икки энли юқори ҳам. Истиҳола қиларкан-да, одам…

— Сиз ҳайдамасангиз, мана, мен ҳайдаб юбораман. Хафа бўлсалар бўла қолсинлар! Нима, бизга ўтказиб қўйганлари борми? Хафа бўлсалар, ўзларидан! Ҳў, Ҳария, меҳмонхонага чиқиб, шатранжни олиб кел. Мир соҳибга айт, хўжайин энди ўйнамас эканлар, кетавераркансиз, деб.

— Ҳой, ҳой! Нима деяпсан? Мени шарманда қилмоқчимисан? Ҳой, Ҳария, тўхта, қаёққа кетяпсан? — деди Мирза соҳиб ўтакаси ёрилиб.

— Ҳа, нега тўсасиз йўлини! Ёқмайдими, а? Хўп, бунинг йўлини тўсдингиз, қани, меникини ҳам тўсиб кўринг-чи! Бир кўриб қўяй!

Шундай деб, соҳиба хоним шартта меҳмонхона томон юрди. Буни кўриб, Мирза шўрликнинг эси чиқиб кетди. «Ҳой, хотин, қўй энди, нима қилсанг қил, лекин у ёққа борма» деб шунча ялиниб-ёлворди, аммо гапи кор қилмади. Соҳиба хоним меҳмонхона эшигига яқинлашди-ю, эркак зотининг ҳузурига келаётгани эсига тушиб, таққа тўхтади. Секин ичкарига мўралади. Лекин… хонада ҳеч ким йўқ эди. Мир соҳиб бир-иккита донанинг ўрнини алмаштириб қўйиб, ҳеч нарса билмаган кишидек, ташқарида айланиб юрар эди. Соҳиба хоним айтган гапидан қайтармиди? Шартта ичкарига кириб, ўйинни бузиб ташлади. Доналарнинг бирини у ёққа улоқтирди, бирини бу ёққа. Эшикни бекитиб, ичкаридан занжирлади. Ташқарида айланиб юрган Мир соҳиб шатранж доналарининг бирин-кетин ҳовлига улоқтирилаётганини кўрди, биллур билагузукларнинг шарақ-шуруғини эшитди. Эшикнинг қарсиллаб ёпилганига кўзи тушгач, соҳиба хонимнинг авзойи бузилганини сезди-да, секингина уйига жуфтакни ростлади.

— Ишни расво қилдинг-ку! — деди Мирза соҳиб хотинига қараб.

— Агар Мир соҳиб яна бизникига қадам босадиган бўлса, ҳайдаб юбораман. Сиз у ёқда шатранж ўйнанг-да, мен бу ерда қозон-товоқнинг ташвишини қилиб ўтирайми? Табибникига борасизми ё ҳали ҳам ўйлаб турибсизми?

Мирза уйдан чиқиб, табибникига бориш ўрнига тўғри Мир соҳибнинг уйига жўнади, бориб ҳамма гапни айтиб берди.

— Қарасам, деразадан доналар учиб чиқяпти, — деди Мир соҳиб. — Дарров нима гаплигига тушундиму жуфтакни ростладим. Жуда қаттиқ жаҳллари чиққан кўринади. Сиз ўзингиз уни бошингизга чиқариб қўйгансиз-да. Шу ишингиз маъқул эмас менга. Шатранж ўйнашингиз билан хотин кишининг неча пуллик иши бор? У кишининг вазифалари — уй-рўзғорни бошқариш. Бўлак нарсага бурунларини суқиб нима қиладилар?..

— Ҳа, майли. Хўш, энди қаерда йиғилишамиз? Шундан гапиринг! — деди Мирзажий.

— Бе-э, шуям ташвишми? Мана, ҳайхотдай уй, ҳувиллаб ётибди. Шу ерда йиғилишамиз-да!

— Бунга соҳиба хонимни қандоқ кўндираман? Уйда ўйнаганимга шунча жанжал-тўполон, энди бу ерда йиғиладиган бўлсак, менга кун бермай қўяди-ку!

— Э-э, қўяверинг, оғизларига келганини гапираверсинлар, уч-тўрт кунда ўзларидан ўзлари тинчиб қоладилар. Лекин сиз шу бугундан бошлаб сал маҳкамроқ туринг.

 

2

Мир соҳибнинг хотини эса, аксинча, эрининг уйдан узоқда юришини маъқул кўрарди. Шу боис эрининг шатранж суриши унга малол келмас, аксинча, гоҳо эрталаблари Мир соҳиб ухлаб қолса, «Оғайнингизникига кеч қоляпсиз-ку», деб уйғотиб қўярди. Мир соҳибнинг калласига «Хотиним ниҳоятда оғир, босиқ табиатли» деган хато бир фикр ўрнашиб қолган эди. Энди шатранж уникида ўйналиб, Мир соҳиб кун бўйи уйда қоладиган бўлгач, хотини ташвишга тушиб қолди. Негаки, унинг эркинлигига путур етган, умри ичкарида ўтадиган бўлган эди.

Хизматкорлар орасида ҳам шивир-шивир бошланди. Илгари ҳаммаси кун бўйи пашша қўриб ётарди. Уйга биров келадими, кетадими, бу билан уларнинг ҳеч иши йўқ эди. Энди эса кечаю кундуз тиним йўқ: ҳали пан олиб кел, деб буйруқ берилади, ҳали ширинлик олиб кел деб; ҳали у, ҳали бу… Чилим жонивор-ку, эртаю кеч ошиқ юракдай ёниб турмаса бўлмайди. Хизматкорлар кунда-кун ора соҳиба хонимнинг олдига кириб, шикоят қилишади:

— Бекам, тақсирнинг шатранжи бошга бало, жонга азоб бўлди-ку, уззукун у ёқдан-бу ёққа югуравериб, оёқни қадоқ босди-ку. Эрталаб бир ўтирганча кечқурун қўзғалишади. Шу ҳам ўйин бўлди-ю! Ўйин деган бир соат-ярим соат, эрмак учун ўйналади-да! Ҳай, майли, ношукр бўлмайлик, биз тақсирнинг қулларимиз, нимаики буюрсалар сўзсиз бажо келтирамиз. Лекин ўйин ўзи жуда ярамас нарса экан-да. Биз шунга куйиб-пишяпмиз. Буни ўйнайдиган одамга ҳеч қачон файз кирмасмиш, уйига албатта бирор офат келар эмиш. Шу ўйин орқасидан бутун бошли маҳаллалар ер билан яксон бўлганини кўрганлар бормиш. Ҳозир бутун маҳалланинг оғзида шу гап. Бизга ҳам осон тутманг: тақсирнинг тузини ичамиз, шунинг учун хўжайинимиз тўғрисидаги ёмон гаплар ёқмайди. Лекин қўлимиздан нима ҳам келарди?

Уларнинг бу гапига соҳиба хоним:

— Шу ўйин ўзимга ҳам ёқмайди. Лекин кошки бу киши бировнинг гапига қулоқ солсалар? Нима қилишга ҳам ҳайронман, — деб жавоб қайтарарди.

Маҳаллада уч-тўртта эски фикрли одам бор эди. Улар ўтириб олиб ҳар куни қандайдир фалокат, бахтсизликлар ҳақида ваҳима гапларни тарқатишдан бошқасини билишмасди. «Энди соғ қолмаймиз, — дерди улар. — Арбобларимизнингки ҳоли шу бўлгач, давлатимизни худонинг ўзи асрасин! Подшолик шатранж туфайли кунпаякун бўлади. Аломатлар жуда ёмон».

Бутун мамлакатни қўрқув чулғаб олган эди. Ўғри ва қароқчилардан кечаси ҳам, кундузи ҳам тинчлик йўқ, халқнинг зорига ҳеч ким қулоқ солмасди. Қишлоқлардаги бутун бойлик Лакновга оқиб келар ва фоҳишалар, қизиқчи-масхарабозлар ҳамда айш-ишрат билан боғлиқ бошқа кўнгилхушликларга совуриларди. Инглизлардан олинган қарз кун сайин кўпайиб бормоқда, аҳвол кундан-кунга оғирлашмоқда эди. Давлатда тартиб-интизом бўлмаганидан йиллик солиқ ҳам йиғилмай қолиб кетарди. Инглиз ҳокими ўқтин-ўқтин огоҳлантириб қўярди, лекин ҳеч кимнинг қулоғига гап кирмасди: ҳамма айш-ишрат билан маст эди.

Шундай қилиб, шатранж ўйини Мир соҳибникига кўчганига ҳам уч-тўрт ой бўлди. Бу пайт ичида қанчадан-қанча дона сурилди, қанчадан-қанча янги мудофаа усуллари қўллаб кўрилди. Ўйинлар бир-бирига ўхшамас, ҳар гал тахтада албатта янги бир вазият вужудга келарди. Баъзан ўйин вақтида айтишиб қолиб, ҳатто сан-манга ҳам бориб қолишар, лекин зум ўтмай яна апоқ-чапоқ бўлиб кетишарди. Гоҳо жанжаллашиб қолиб, ўйинни бузиб ташлашар, Мирзажий аразлаб, уйига кетиб қолар, Мир соҳиб ҳам жаҳл билан уйига кириб ўтириб оларди. Лекин эрталаб уларни яна меҳмонхонада, тахта атрофида кўришарди.

Бир куни икки оғайни берилиб шахмат ўйнаб ўтирган эди, туйқус подшонинг бир сарбози отда Мир соҳибни чақириб келиб қолди. Мир соҳибнинг бошидан ҳуши учди. «Нима бало бўлдийкин? Нега чақиртирганийкин? Яхшиликка ўхшамайди». Шундай деб эшикни бекитди-да, хизматкорга тайинлади: «Уйда йўқлар, деб айтиб юбор».

— Уйда бўлмасалар, қаёққа кетганлар? — деб сўради сарбоз.

— Хабарим йўғ-а. Нима юмушингиз бор эди?

— Бе, нималигини сенга айтармидим! Ҳазратнинг ўзлари йўқлатганлар. Балки қўшинга керакдир. Жуда тулкига ўхшайди бу хўжайининг. Урушга бормаган, қийинчилик кўрмаган-да! Борса биларди!

— Хўп, бўлмаса, айтиб қўяйми?

— Бу айтиб қўядиган гап эмас! Бирга олиб келгин, деб буйруқ қилинган. Эртага ўзим яна келаман.

Шундай деб отлиқ жўнаб кетди. Мир сохибнинг юрагига ғулғула тушди. «Тақсир, сиз нима дейсиз, энди бу ёғи нима бўларкин?» деб Мирзажийдан сўради.

— Ҳолимизга вой! Мени қам чақириб қолмасайди ҳали, — деди Мирзажий.

— Бу падарингга лаънат эртага яна келаман деб кетди-я! — дея куюнди Мир соқиб.

— Бошга бало бўлди, дегани шу-да! Эртага бориб жангга киргин, деб қолса нима бўлади? Тириклайин ўлганимиз шу бўлади-да!

— Бўлди, бунинг бир йўли бор, — деди Мир соҳиб. — Эртадан бошлаб иккаламиз ҳам уйда бўлмаймиз. Гўмтийнинг бўйида биронта ташландиқ-пашландиқ жойга бекиниб олиб, шахматни ўша ерда ўйнайверамиз. У ердан бизни ким топарди? Одамлар келиб, бизни уйдан тополмай, қайтиб кетаверади!

— Э, қойилман! Ақлингизга балли! Ўзи шундан бошқа йўли ҳам йўқ.

Шу тоб ҳовлида Мир соҳибнинг хотини сарбоз билан шивирлашиб турганидан эса уларнинг хабарлари йўқ эди.

— Бопладингиз! — деди соҳиба хоним.

— Мен бунақаларни бир қўлимда ўйнатаман. Буларнинг эс‑хуши шатранжда, юрак деган нарса қолган эмас. Мана, эртадан бошлаб уйда қорасини кўрмайсиз.

 

3

Эртасидан икки ўртоқ азонлаб уйдан чиқиб кетишни одат қилишди: бир кичикроқ шолча билан пан солинган қутичани қўлтиқларига суқишади-да, Гўмтий дарёсининг нариги бетидаги ташландиқ бир масжидга қараб йўл олишади. Йўлда тамаки, чилим, шароб ҳам харид қилишади. Масжидга кела солиб, шолчани ёзиб, чилимни тўлдиришади-да, шатранж ўйнашга тушиб кетишади. Шу ўйинга тушганча дунёдан узилишади. Атрофда нима бўляпти, бу билан ҳеч ишлари йўқ. Икковининг оғзидан кун бўйи «кишт», «шоҳидан бўлак бошқа сўз чиқмайди. Пешин кириб, қоринлари очгач, улар ўша атрофдаги биронта нонвойнинг дўконига боришади. Ўша ерда нон еб, чилим чекиб, ўзларини яна жанг майдонига уришади. Баъзан эса овқат ейиш ҳам эсларидан чиқиб кетади.

Бу ёқда эса мамлакатдаги сиёсий аҳвол кундан-кунга даҳшатли тус олмоқда эди. Инглиз қўшинлари Лакновга қараб яқинлашиб келмоқда. Шаҳар тўс-тўполон. Ҳамма бола-чақасини олиб қишлоқларга қочган. Лекин қаҳрамонларимизнинг парволари фалак. Иккала улфат эрталаб уйдан чиқиб, то дарё бўйидаги манзилгоҳларига етиб боргунча фақат тор-пастқам кўчалардан юриб боришади, чунки подшонинг битта-яримта мулозими кўриб қолиб, бекордан-бекорга қўлга тушиб қолишдан қўрқишади. Йилига минг-минг рупия фойда келтириб турган ер-сувини иккови ҳам ўзлари еб кетмоқчи эди.

Бир куни икковлон масжид харобасида дона суриб ўтирган эди. Мир соҳибнинг қўли сал пастроқ, Мирзажий эса устма‑уст шоҳ бериб ётибди. Шу маҳал узоқдан инглизлар кўринди. Улар Лакновга ўз ҳокимиятини ўрнатиш ниятида келаётган оқ танли аскарлар эди.

— Инглизларнинг қўшини келяпти! Э, худо, ўзинг асра! — деди Мир соҳиб.

— Келса келавермайдими! Сиз шоҳингизни олиб қочинг. Мана, шоҳ!

— Бекиниб олиб, бир кўрсак бўларди-да, келаётганларни, — деди Мир соҳиб.

— Кўргингиз келса, кўраверинг! Шошадиган жойимиз йўқ. Мана, яна битта шоҳ!

— Оббо! Тўплари ҳам бор экан. Одамлари беш мингдан камга ўхшамайди. Ҳаммаси ёш-ёш йигитлар. Ҳаммасининг афти маймунникига ўхшайди. Кўрсанг, қўрқиб кетасан.

— Тақсир, кўп найрангвозлик қилаверманг, — деди Мирзажий. — Бунақа ҳийлани холангизга ишлатасиз. Мана, яна битта шоҳ!

— Ие, сиз жуда қизиқ одам экансиз-ку! — деди жаҳли чиқиб Мир соҳиб. — Шаҳарга бало-қазо ёпирилиб келяпти-ку, сиз «шоҳ-шоҳ» деб ўтирипсиз-а! Шаҳар қуршаб олинса, уйга қанақа қилиб кетасиз. Шуни ҳеч ўйлаб кўрдингизми ўзи?

— Уйга кетадиган пайт бўлсин, ўшанда ўйлаб кўрамиз қанақа қилиб кетишни. Яна битта шоҳ! Тамом, мот бўлдингиз.

Қўшин ўтиб кетди. Соат эрталаб ўнлар эди. Яна бошқатдан ўйин бошланди.

— Бугун овқатга нима қиламиз? — деб сўради Мирзажий.

— Ие, бугун рўза-ку! — деди Мир соҳиб. — Ҳа, қорнингиз очдими?

— Йўқ, унчалик эмас. Э-э! Шаҳарда нималар бўлаётганийкин?!

— Менимча, шаҳарда ҳеч нарса бўлмаяпти, — деди Мир соҳиб. — Ҳамма қоринни тўйдириб, мазза қилиб уйқуни уриб ётган бўлса керак. Ҳойнаҳой, олий ҳазратнинг ўзлари ҳам ишратхоналарида бўлсалар керак.

Иккала ўртоқ яна ўйинга берилганча соат учгача ўтиришди. Бу гал Мирзажийнинг қўли пастроқ эди. Соат эндигина тўртга бонг урган хам эдики, қўшин қайтиб қолди. Вожид Али шоҳ ҳибсга олинган, инглиз қўшини уни аллақаерга олиб кетмоқда эди. Шаҳарда на тўс-тўполон бўлди, на қирғин. Бир томчи ҳам қон тўкилмади. Ҳали ҳеч бир мустақил мамлакатнинг подшоси шу қадар тинч, бир томчи ҳам қон тўкмай туриб таслим бўлмаган чиқар. Бу худоларни хушнуд қиладиган аҳимса*  эмас, ўтакетган қўрқоқлик эди. Шундай бир қўрқоқлик эдики, буни кўриб манман деган қўрқоқларнинг кўзидан тирқираб ёш чиқиб олиб кетишяпти-ю, пойтахт Лакнов айш-ишрат уйқусида. Сиёсий тубанлик ҳам шунчалик бўлар-да!

— Бу золимлар олий ҳазратни асир қилиб олишибди-ку, — деди Мирзажий.

— Бўлса бордир, — деди Мир соҳиб. — Мана, битта шоҳ!

— Тақсир, бирпас сабр қилсангиз-чи! Шу пайтда ўйин юракка сиғадими? Ҳозир ҳазрат бечора қон йиғлаётган бўлса керак.

— Йиғласа арзийди. Энди бунақа айш-ишрат унга қаёқда насиб бўлади? Мана, бу битта шоҳ!

— Э-э! Умр бир текис ўтмас экан-да! Шўрликка одамнинг юраги ачийди.

— Ҳа, ҳаёт ўзи шунақа. Мана, манави шоҳга нима дейсиз? Бу галги шоҳга мотсиз, қочадиган йўлингиз қолмади.

— Худо ҳаққи, жуда юрагингиз тош экан! — деди Мирзажий. — Шундай мудҳиш ҳодисани кўра туриб ҳам юрагингиз ачимайди-я! Э, воҳ, шўринг қурғур Вожид Али шоҳ!

— Олдин ўзингизнинг шоҳингизни қутқарсангиз-чи, кейин олий ҳазратга аза тутасиз. Манави шоҳга мотсиз! Қани, қўлни ташланг!

Қўшин подшони олиб, рўпараларидан ўтиб кетди. Улар кетиши билан Мирзажий яна доналарни тикди. Ютқизишнинг алами жуда ёмон бўлади. «Келинг, энди, олий ҳазратга мотам тутиб, бир марсияхонлик қилайлик», деб таклиф қилди Мир соҳиб, Мағлубият билан бирга Мирзадаги ватанпарварлик ҳисси ҳам йўқолган, у нима қилиб бўлмасин мағлубият аламини олмоқчи эди.

 

4

Кеч кирди. Харобада кўршапалаклар чиғирлай бошлади. Қалдирғочлар қайтиб ҳаммаси ўз ин-инига ёпирилди. Икки ишқибоз ҳануз олишиб ётибди, гўё бир-бирининг қонига ташна рақиблар олишаётгандек. Мирзажий уч ўйинни кетма-кет ютқазди, бунисининг ҳам унча мазаси йўқ эди. У ҳар гал шунисини албатта ютаман, деб эҳтиёткорлик билан бошлайди, лекин биронта йўлни нотўғри юриб қўяди-да, ўйинни бой беради. Ютқазгани сайин ўч олишга интилиш ҳам кучайиб борарди. Мир соҳиб эса хурсандлигидан дам хиргойи қилади, дам ҳазил-мутойиба. Худди хазина топиб олгандай севинчи ичига сиғмайди. Унга сари Мирзажий тиришиб, аламини билдирмаслик мақсадида хиргойини мақтаб-мақтаб қўяди. Охири у сал нарсага тутақа бошлади ва Мир соҳибга қараб деди:

— Тақсир, бунақа юрганингизни қайтиб олманг-да! Бу қанақаси бўлди: юришга юрасиз-да, яна қайтиб оласиз? Юрдингизми — бўлди, қайтиб олиш йўқ!

Ёки:

— Ие, нега донани ушлаяпсиз? Қўйиб қўйинг донани!

Йўлингизни ўйлаб олмагунча, донага тегманг! Сиз ҳар битта йўлни ярим соатдан ўйлаяпсиз. Бунақаси кетмайди. Ким битта йўлни беш минутдан ортиқ ўйласа, ўша ютқазган бўлади. Яна юрганингизни қайтиб олдингиз?! Қани, дарров қўйиб қўйингчи жойига!

Мир соҳибнинг фарзини зарба остида эди. «Қани юрганим?» деди у Мирзажийга қараб.

— Сиз юриб бўлдингиз! Донани жойига қўйиб қўйинг. Ўша катакка қўйинг!

— Нега ўша катакка қўярканман? Қани, донани қўлимдан қўйганим йўқ-ку!

— Сиз донани ушлаб ўтираверасиз, биз-чи, пойлаб ўтираверамизми қиёматгача?

— Кўрдингизки, фарзинингиз кетяпти, дарров ғирромлик қилишга ўтдингиз! — деди Мирзажий.

— Ғирромлик қилаётган сиз! Ютиш-ютқизиш ҳар кимнинг пешонасида. Ғирромликдан фойда йўқ!

— Бўлмаса сиз бу ўйинни ютқаздингиз! — деди Мирзажий.

— Нега энди ютқазарканман? — деди Мир соҳиб.

— Бўлмаса донани қайси катакдан олган бўлсангиз, ўшанга қўйиб қўйинг!

— Нега қўярканман? Қўймайман! — деди Мир соҳиб.

— Нега қўймайсиз? Қўясиз!

Айтишув кескин тус олди. Иккалови ҳам фақат ўзиникини маъқулларди. На униси ён босай дейди, на буниси. Ҳатто бирбирларини ҳақорат ҳам қила бошлашди.

— Ота-боболарингиздан лоақал биронтаси шатранж ўйнаган бўлгандайди, сиз ҳам билардингиз бунинг қонун-қоидасини! — деди Мирзажий. — Отангизнинг умри югурдаклик билан ўтган бўлса, сиз шатранж нималигини қаердан ҳам билардингиз? Бойлик ўз йўлига. Бой бўлган билан ҳамма одам бўлиб қолавермайди.

— Нима-нима? Ўзингизнинг отангиз югурдаклик қилган бўлсалар керак. Бизнинг ота-боболаримиз ҳаммаси шатранж ўйнаб келишган, — деди Мир соҳиб.

— Э-э, қўйсангиз-чи бўлмаган гапни! Отангизнинг умри Ғознуддин Ҳайдарнинг даргоҳида ошпазликда ўтган-ку! Энди бугун заминдор бўлиб қолибдилар-да! Заминдор бўлиш майнавозчилик эканми?

— Нима қиласиз ота-боболарингиз номини қоралаб? Ошпазлик қилган бўлса қилишгандир улар. Бизнинг авлод доимо шоҳ билан битта дастурхонда ўтириб тановвул қилиб келган, — деди Мир соҳиб.

— Э-э, тур-эй, аблаҳ! Ҳадеб кариллайверма! — деб тутақиб кетди Мирзажий.

— Тилингизни тийинг, бўлмаса ёмон бўлади. Мен бунақа гапларни эшитиб юрган одам эмасман. Бизнинг авлоддагилар ўқрайиб қараганнинг ҳам кўзини ўйиб олган. Борми юрак?

— Ҳали сиз менинг юрагимни кўрмоқчимисиз? Бўпти, чиқинг буёққа! Шу бугун ажрим бўлайлик: ё у ёқлик, ё бу ёқлик.

— Ҳе, бу ерда сендан қўрқадиган борми? — деди Мир соҳиб.

Иккала ўртоқ шартта белидан қиличини суғурди. Шоҳлар замони эмасми, ҳамма қилич, ханжар тақиб юради. Иккови ҳам ишратга муккасидан кетган, лекин қўрқоқ одамлар эмас эди. Икковида ҳам сиёсий онг деган нарсадан уч пуллик қолмаган эди. Подшоҳ учун, подшоҳлик учун нега жонни фидо қиларканман, деб ўйларди улар, лекин ўзининг кучини кўрсатишдан тап тортишмасди. Иккови ҳам яраланиб, ерга таппа‑таппа йиқилди, типирчилаб-типирчилаб, иккови ҳам ўша ерда жон берди. Ўз юртининг шоҳи учун кўзидан бир томчи ёш чиқмаган бу икки кимса шатранж тахтасидаги вазирни деб жонини қурбон қилди.

Қоронғи тушди. Тахтадаги доналар бузилмай турибди. Икки шоҳ ўз тахтида ўтириб, гўё бу икки баҳодирнинг ўлимига кўз ёши тўкмоқда.

Чор атроф жимжит. Харобазордаги ҳамма нарса — вайрона меҳроблар, қулаган деворлару ғубор қоплаган миноралар худди бу икки мурдага тикилиб, бош чайқаётгандек…

Ҳиндий тилидан Ансориддин Иброҳимов таржимаси

“Ёшлик” журнали, 1990 йил 11-сон

––––––––––––
* Вожид Али – Кўҳна Авадҳ (Шимолий Ҳиндистон) мамлакатининг сўнгги подшоҳи, 1847—1856 йилларда ҳукмронлик қилган. (Тарж.)

* Аҳимса – жайнизмдаги (ҳиндуизм ва буддизмда ҳам бор) жонли мавжудотга зиён етказмаслик ҳақидаги диний-ахлоқий ақида. (Тарж.)