Перси Биши Шелли. Поэзия ҳимояси

I қисм

Ақлий фаолиятимизда мушоҳада ва тасаввур аталувчи икки нуқтаи назар мавжуд. Дастлабкиси янгисини келтириб чиқармаган ҳолда фикрларнинг ўзаро муносабатини ўрганади; иккинчиси эса бу фикрларни тафаккур нурларида ёритиб, турли унсурлардан ҳар бири алоҳида янги, яхлит фикрларни юзага келтиради. Уларнинг бири – синтез, яъни табиат ва ҳаёт ҳодисаларига умумий муносабатни англатса; бошқаси анализ бўлиб, воқеа-ҳодисалар ўртасидаги алоқаларни оддий муносабатлар тарзида тадқиқ этади, бунда фикрлар – алоҳида, табиий бутунликда эмас, умумий натижалар ҳосил қилувчи алжабрий формулалар шаклида таҳлил қилинади. Мушоҳада – аввалдан маълум бўлган ўлчамларни ҳисобдан ўтказиш; тасаввур эса уларни алоҳида ва умумий, бутун ҳолда баҳолашдир. Мушоҳада фарқларни эътиборга олади, тасаввур эса ҳодисанинг мавжуд умумий томонларига ёшдашади. Мушоҳада тасаввурга нисбатан таннинг руҳга, моҳиятнинг акс тасвиридай, ҳаракат субъектининг қуроли воситаси сифатида тааллуқлидир.
Поэзияга тасаввурларнинг мужассамлиги сифатида умумий аниқлик киритиш мумкин; поэзия инсоният тенгдошидир. Инсон – бу соз, турли ички ва ташқи ҳаракатларнинг таъсирига мубтало, худди ўзгарувчан шамол Эола арфасига урилиб ундан турфа оҳанглар таратиб турганидай. Аммо инсонда, балки барча тирик мавжудотларда ҳам арфадан кўра мукаммалроқ бир мўъжиза борки, у нафақат мусиқа яратади, балки оҳанглар ва ҳаракатлар туфайли пайдо бўлган ички кечинмалар мутаносиб­лигидаги уйғунликни вужудга келтиради. Агар арфа, муғанний ўз хонишини мусиқага мослагандай чертаётган бармоқлар таъсирида таралаётган оҳангларнинг меъёрини ўзи белгилай олганида эди, унда ҳам уйғунлик бўларди. Бутун оламни унутиб, ўзи ёлғиз ўйинга берилиб кетган болакай беихтиёр шодлигини овоз ва ҳаракатлари билан ифодалайди; унинг қилиқлари, хиргойисининг оҳанглари қалбидаги ёқимли кечинмалар билан тўғридан-тўғри, бевосита алоқада бўлади, туйғуларини инъикос эттиради. Шамол тўхтаса-да, арфа оний лаҳза титраб, оҳанг таратиб турганидай, бола ҳам овоз ва ҳаракатлари билан қалбида кечган шодлик туйғуларини акс-садо каби узоқ давом эттиришни истайди. Болани ҳайратга солган нарсаларга нисбатан айтиш мумкинки, бу – лаззат ифодаси, худди шу каби, аммо олий, юксак ҳодисалар натижаси эса поэзия бўлади.
Ибтидоий (ёки одамзоднинг ёввойи ҳаёти – инсониятнинг болалик даври) одам атрофидаги олам таъсирида пайдо бўлган туйғуларини шу тарзда ифодалаган; унинг нутқи ва ҳаракатларида, шунингдек, расм солганида ва воқеа ва ҳодисалар таъсирида пайдо бўлган ҳис-туйғуларини акс эттирган.
Тараққий этган жамиятда эса инсоннинг шодлик ва қайғу предмети жамоадаги инсоннинг ўзи, унинг қалб кечинмалари, қайғу ва шодликларидир; ҳис-туйғуларнинг янги қатламлари мувофиқ равишда янги ифода воситаларини юзага келтириб чиқаради ва уларни бойитади; нутқ, ишора ва тасвирий санъат бир вақтнинг ўзида ҳам ифода ҳам восита – мўйқалам ва картина, тошйўнар ва ҳайкал, тор ва оҳанг вазифаларини ўтайди. Қаердаки камида икки киши бор экан, унда ижтимоий алоқалар, ўзига хос қонун-қоидаларга суянган жамият юзага келади. Бу жамият келажаги худди ўсимликлар ўз уруғида ботин бўлганидай бугундан бошланади; тенглик, зиддият, тафовут, ҳамкорлик, қарама-қаршилик ва ўзаро боғлиқлик умумлашиб, ягона сабабни юзага келтиради ва оқибатда ижтимоий ҳодиса бўлган инсон эркини уйғотади. Биз айнан ўшалардан миннатдор бўлишимиз керакки, кечинмалар орасида – ёрқинлари, туйғулар ичида – эзгулари, санъат ичра – гўзаллик, мушоҳадалар аро – ҳақиқат, инсоний муносабатларда эса муҳаббат бор. Шунинг учун ҳам ибтидоий жамиятдаги одамлар ўз сўзи ва ҳаракатларида маълум тартибга бўйсунганлар, чунки ҳар қандай ифода ўзининг ибтидосида яратилган қонунларга беихтиёр амал қилади. Жамиятнинг туб асосларини кўриб чиқишни тақозо этадиган бу умумий мулоҳазаларни қўя турайлик-да, тасаввурнинг шаклларини англаш билан чегараланайлик.
Инсоният тарихининг ибтидосида одамлар маълум бир оҳангга ёки уйғунликка амал қилган ҳолда куйлаганлар, рақс тушганлар ва нарсаларнинг расмини чизганлар. Бу уйғунлик рақс ҳаракатларида, қўшиқ мусиқасида, сўзлар талаффузида ва оламнинг тасвирланишида ўзига хосдир. Чунки турмуш ҳодисаларига турли тақлидларнинг тартиби ва оҳанги ўзгача бўлиб, бошқасига нисбатан кучлироқ ва софроқ лаззат бахш этган; замонавий муаллифларимиз мазкур уйғунликка яқинлашиш маҳоратини дид деб атайдилар. Санъатнинг илк даврида имкон қадар лаззат, ҳузур-халоват берувчи оҳангга риоя этганлар; аммо ифодалардаги фарқлар, истеъдод гўзалликка ёндашган пайтини ҳисобга олмаганда, англар даражада у қадар аниқ эмас эди (чунки биз лаззатни уни пайдо этувчи сабабга нисбатан атаймиз) – истеъдод гўзалликка ёндашганда эса унда холислик бирламчидир. Кимгаки истеъдод берилган бўлса, том маънода шоир деб аталган; уларнинг қалбида табиат ва жамият таъсири ўзига хос акс этган ва бу эътироф этилиши ҳамда бошқаларга намоён бўлиши асносида лаззат икки ҳисса кўпайган. Уларнинг тили жонли метафоралардан иборат эди ёки воқеа-ҳодисалар ўртасида аввалдан маълум бўлмаган янги муносабатларни ўрнатган ва бу топилмаларни имкон қадар сақлаб қолган ҳолда, ифодаланган товушлар йиғиндиси вақт ўтиши мобайнида тушунчанинг категориясига ёки маълум бир маънони англатувчи сўзга, кейинчалик яхлит предметнинг образини ифодаловчи тушунчага айланган; ва яна янги шоирлар чиқиб, бузилган ҳис-туйғуларнинг ўзаро бир-бирини эслатадиган бирикма (ассоциация)ларини қайта тиклаб борганлар, акс ҳолда, яратилган сўзлар унутилиб, тил бойиб бормасди, ўларди, инсоният мулоқотининг юксак манфаатлари учун яроқсиз бўлиб қолаверарди. Будай муносабатларга лорд Бэкон аъло даражада таъриф бериб, улар “турли предметларда қолган табиат одимларининг излари” эканлигини таъкидлаган. Сўзларни танлаш, англаш қобилиятини у ҳар қандай билимларнинг умумий моҳият манбаи деб ҳисоблаган. Инсониятнинг илк тонгида ҳар бир муаллиф – ғайриихтиёрий шоир, чунки тилнинг ўзи поэзия эди; шоир бўлиш эса, ҳақиқатни ва гўзалликни ҳис эта билишдир, бошқача айтганда, биринчидан, борлиқ ва идрок, иккинчидан, идрок ва ифода ўртасидаги муносабатларга дахлдорликдир. Ҳар бир мустақил тил, агар у ўз манбасига яқин экан, мантиқсиз ва бетартиб тарздаги поэмани намоён этади. Сўз бойлигига тартиб берилиши, грамматика қоидаларини татбиқ этилиши кейинги вақтларда бажарилган ишлардир; бу – поэзия томонидан яратилган тилни шакллантириш, расмийлаштириш, холос.
Бироқ шоирлар, яъни бу қатъий тартибни тузувчилари ва ифодаловчилари нафақат тил ва мусиқани, рақс ва меъморчиликнинг, ҳайкалтарошлик ва тасвирий санъатнинг ижодкорларидир; улар – қонун ижодкорлари, жамият асосчилари, ҳунарларни ихтиро қилган ва ўз мактабларини бунёд этган устозлар, маълум маънода, дин деб аталувчи ва қисман англаб етилувчи гўзал ва ҳақиқий оламга яқинлашувчилардир. Ҳамма динлар маъжозий ёки маъжозийликка мойилдир, Янусга ўхшаб улар икки хил қиёфага эга; сохта ва чин томонлари бор. Шоирлар турли мамлакатлар ва даврларда қонун яратувчилари ёки авлиёлар деб аталган; аслида, шоир табиатан бу икки вазифани ҳам ўзида бирлаштиради. Атрофидаги борлиқни қандай бўлса, шундайлигича кўра олади ёки нафақат у ўзини бошқариши лозим бўлган қонунларни англайди, балки келажакни ҳис этади; унинг фикрлари уруғ мисоли, кейинги даврларда гуллар очади ва лаззатбахш мевалар беради. Мен шоирларни тўғри маънода авлиёлар деб айтмоқчимасман, улар келажакни ўзлари ҳис қилганларидай ишонч билан башорат қилолмайдилар. Фақат хурофотчилар авлиёликни адабиётнинг рамзи деб билиш ўрнига, аксинча, адабиётни авлиёликнинг рамзи, деб ҳисоблайдилар. Шоир мангуликка, ягоналикка, боқийликка дахлдордир: унинг фик­ри учун макон ва замон ёки сон-саноқ аҳамиятсиз. Юксак поэзияда грамматик шакл­лар, макон ва замон, жой ва шахслар ҳар қандай йўқотишларсиз бошқасига алмаштирилиши мумкин; Эсхилнинг хорлари, Иова китоблари, Дантенинг “Жаннат”и каби ёки ҳайкалтарошлар, мусаввирлар ва бастакорларнинг асарлари янада аниқроқ кўргазмали намуна бўлиши мумкин.
Сўз, ранг, шакл, диний ва миллий урф-одатлар – буларнинг барчаси поэзиянинг манбалари ва материаллари ҳисобланади; уларни оқибатни сабабнинг маънодоши тарзида англатгувчи нутқнинг тегишли шакли ёрдамида поэзия, деб аташ мумкин. Лўндасини айтганда, поэзия – бу ўзига хос бунёд этилган, биринчи навбатда ритмик нутқ бўлиб, инсоннинг ички табиатидаги ҳукмрон эҳтиёж – қалб амридан туғилади. У, шунингдек, тилнинг табиатидан ҳам юзага келади; бевосита бизнинг ички ҳис-туйғуларимизни ифодалайди, бўёқлар, шакллар ва ҳаракатларга нисбатан нафис ва турфаликка қобил сўз ўзининг яратувчиси эҳтиёжларига яхшироқ бўйсунувчан, мослашувчандир. Чунки тил тасаввур ҳукми билан яралган ва бутунисича тафаккур ҳукмидадир, санъатнинг бошқа материаллари ва воситалари бир-бири билан боғланган экан, сўз фикр ва ифода ўртасида муносабат ўрнатади ва уларни чегаралайди. Биринчиси, ёки тил кўзгу вазифасини ўтайди, акс эттиради, бошқаси – ўша нурни тўсаётган булут, аммо у, барибир, тарқалиб кетишга мойилдир. Мусиқачилар, ҳайкалтарошлар ва мусаввирлар – гарчи улар катта истеъдод соҳиблари бўлиб, ўз фикрларини ифода этиш учун сўзни танлаган шоирдан кам бўлмасалар-да, – гапнинг очиғи, шон-шуҳрат бобида ҳеч қачон шоирга тенг бўлолмаганлар; шоир сўзи билан оддий айтилган гап тенг бўлмаганидай икки ижрочи қўлидаги арфа ва гитарадан таралган оҳанглар ҳам ўзгача жаранглайди. Фақатгина қонун ва динларни яратувчиларгина, токи уларнинг таълимотлари яшар экан, янада довруғ қозониб бораверадилар, фақат уларгина тор маънодаги шоирга нисбатан юксакроқда турадилар; агар оломоннинг уларни эркалашлари, англаб-англамай эътиқод этишлари, шунингдек, уларнинг шоирларники каби олий ҳуқуқлари эътиборга олинмаса, шубҳасиз, юқорида ҳеч ким қолмайди.
Шундай қилиб, биз “поэзия” сўзининг моҳиятини поэтик ибтидонинг одатдаги ва бир қадар такомиллашган санъат турларидан ажратиб олдик. Аммо уни янада торайтириш, яъни ритмик ва норитмик нутққа ажратиш, уларнинг фарқларини белгилаш; одатдаги қабул этилган назм ва наср тафовутлари масаласини кўриб чиқиш жиддий аҳамиятга молик эмас.
Фикрларга ўхшаб, товушлар ҳам маълум муносабатларга киришадилар, шу тариқа тасвирланаётган нарсага кўра ўзгача тартиб оладилар, бевосита фикрда ҳам шундай ўзгариш юзага келади. Шунинг учун шеърий нутқ ўлчови, товушларнинг уйғунлиги, алмашиниб келиши билан фарқланади, акс ҳолда, шеърият бўла олмайди ва бу унинг худди сўзлар каби идрок этилиши шартидир. Шунинг учун ҳам уларни таржима қилиш мураккаб, шоир ижодини бир тилдан бошқасига олиб ўтиш худди бинафшанинг асл ранги ва бўйини билиш мақсадида қизиб турган қозонга солишдек гап. Ҳолбуки, аслида, бу гулнинг уруғини экиб, яна аввалгидай ундириш лозимдир, бўлмаса, у гулламайди – Бобилдаги қарғишнинг оқибати шундай.
Шоирлар тилидаги оҳанглар галма-галлиги уйғунликни, шунингдек, унинг мусиқа билан боғлиқлиги ўлчамларни ҳосил қилади, яъни нутқ уйғунлигининг анъанавий тизимини юзага келтиради. Бироқ поэзиянинг қалби бўлган уйғунликка эришиш учун шоир, албатта, ўз ижодий тил услубини анъанавий шаклларга мослаштириши шарт эмас. Албатта, бу шаклларнинг қулайлиги эътироф этилганлигини эътиборга олиш керак, айниқса, асарда шакл ва ҳаракат асосий аҳамиятга эга бўлганда; аммо ҳар бир буюк шоир адабиётга ўз салафлариникидан бошқачароқ, янгича, ўзига хос шеърият, ўз шеър тузилмаларини инъом этиши муқаррар. Шоирлар ва носирларга ажратиш қўпол янглишиш бўлганидай файласуфлар ва шоирларга ажратиш ҳам ҳаддан ташқари шошқалоқлик бўларди. Платон аслида, шоир эди, у яратган образларнинг ҳаққонийлигини ва нақадар юксаклигини тасаввур этиш қийин. У эпос, драма ва лирик шеъриятнинг анъанавий ўлчамларини рад этиб, шакл ва ҳаракатларлардан қатъи назар фикрлар уйғунлигига суянди, айни пайтда, ўзининг нутқидаги турфа паузаларни бўйсундириш учун қандайдир ритм кашф этишга ҳам интилмади. Цицерон унинг каденцияларига тақлид қилишга уринди, аммо айтарли муваффақиятга эришолмади. Лорд Беэкон ҳам шоир бўлган. Унинг услуби олийжаноблик ва гўзалликка хос бўлиб, донишмандлиги билан онгимизни нақадар бойитган бўлса, асарларининг оҳанглари ҳам шу қадарлик қалбимизни ром этган; бу – тингловчи идрокини кенгайтириб, тобора унинг чегараларидан чиқиб, изчил равишда чексиз олам сарҳадларига етакловчи мусиқадир. Кимки тафаккур оламида тўнтариш ясар экан, албатта, у шоирдир, у нафақат янгилик яратгани учун ёки унинг сўзлари образлар орқали ҳақиқий ҳаётнинг мағзи бўлган моҳиятни намоён этганлиги билангина эмас, балки у шеър­нинг асосий бош унсури – борлиқнинг боқий мусиқаси акс садосини англагани, яъни уйғунлик ва ритмик меъёрлар (ўлчамлар) билан яратгани учундир. Ўз асарларида анъанавий шакл ва ҳаракатлардан фойдаланган буюк шоирлар ҳам ҳақиқатни англаш ва англатишда анъанавий ўлчовларни рад этган шоирлардан ҳеч кам эмас. Шекспир, Данте ва Мильтон, (биргина янги давр муаллифларини келтирганимизда ҳам) айни вақтда, буюк файласуфлардир.
Поэма – бу мангу ҳақиқатларни акс эттирувчи ҳаёт картинасидир. Қиссанинг поэмадан фарқи шундаки, қисса сабаб ва оқибат, макон ва замон, вазиятлардаги муносабатларда юзага келадиган алоҳида-алоҳида далилларнинг узвий боғлиқликда таъкидланишидир; поэмада эса ҳаракатлар инсон табиатининг ўзгармас ибтидосига бўйсундирилган, у ижодкор қандай ўйлаган бўлса, бошқа онгларда худди шундай акс этади. Уларнинг биринчиси, кейинчалик такрорланавермайдиган воқеа-ҳодисаларни маълум бир макон ва замонда акс эттиради; иккинчиси, умумий инсон табиатига хос бўлган, исталган даврга дахлдор мотив ва ҳаракатга ўхшаш куртакларни ифодалайди. Вақт синовлари поэтик унсурлардан холи бўлган қиссанинг қадри ва гўзаллигини айрим ҳолларда барбод қилади, аммо Поэзиянинг тароватини янада очади, ундаги мангу ҳақиқатнинг янги-янги қирраларини намоён этаверади. Бежиз ҳар қандай воқеа тафсилотини тарих деб атамайдилар – чунки унда поэзияни яширишга интиладилар. Айрим далиллар асосидаги қисса – кўзгу, холос, аниқ ва гўзал тасвирланиши лозим бўлган нарсани хиралаштиради ва нотўғри талқин қилади. Поэзия – бу шундай кўзгуки, нотўғри, воқеликни бузиб талқин этганида ҳам ҳайратланарли тарзда ўзига хос жонлантиради.
Баъзан асарнинг айрим қисмларигина поэтик бўлгани ҳолда, у умумий ҳолатда поэмага мувофиқ келмаслиги мумкин. Баъзи ҳолларда ҳатто бир-бирига боғланмаган бўлимлар орасидаги айрим ибратли ибора ҳам яхлитлик намоён қилади ва ҳатто алоҳида ягона сўзда ҳам ўлмас фикр жонланиши мумкин. Барча улуғ тарихчилар – Геродот, Плутарх, Тит Ливий шоир бўлганлар* ва уларнинг қиссаларини ёзиш учун тузган режалари, айниқса, Тит Ливийда, тасаввурларини жонлантиришга ҳалал берган, улар бу тобеликдан қутилиб, қиссагўйликни жонли тимсоллар билан аралаштирган ҳолда ортиғи билан қоплаганлар.
Поэзия нима ва шоирлар кимлигига аниқлик киритиб олдик, энди поэзиянинг жамиятга таъсирини кўриб чиқамиз.
Поэзияга доимий равишда лаззат ҳамроҳдир; у кимгаки илтифот этса, у лаззатбахш поэзияга дохил, донишмандликка мойил бўлади. Инсониятнинг болалик чоғида шоирлар ҳам, тингловчилар ҳам поэзиянинг нақадар гўзаллиги, жозибалилиги ҳақида ўзлари ҳам билмас эдилар ва бу ҳақида ҳеч кимга, ўзларига-да ҳисоб бермасдилар, ҳолбуки, поэзиянинг ҳаракатларида тафаккур чегараларидан чиқа олувчи қандайдир, ақл бовар қилмас уйғунлик мужассам; фақат келажак авлодгина унинг нақадар қудратли ва улуғворлигининг сабаб-оқибатларини бутунисича кўришлари ҳамда баҳолай олишлари мумкин бўлади. Ҳатто янги даврда ҳам ҳеч бир шоир ҳаётлик чоғида ўзининг чинакам шон-шуҳрат чўққисига чиқолган эмас; чунки унга – барча даврлар учун бир хил бўлган инсонга, бутунича тўлақонли баҳо берувчи, ҳукм чиқаришга интилувчи маънавий тенг куч бўлиши керак; бу куч эса Вақт томонидан, бир қанча авлодлар ичидан сараланган чинакам оқиллар ва даҳолар ичидан танлаб олинади. Шоир бу – зулматда қолиб, чаҳ-чаҳ қилаётган, ўзининг ёлғизлигини ажиб оҳанглари билан зийнатлаб, ундан роҳатланаётган булбулдир; уни тинглаганлар машшоқнинг кўз илғамас куйидан таъсирланиб, сархуш бўладилар; улар ўзлари сабабини билмаган ҳолда ҳаяжонланадилар ва тўлқинланадилар. Гомер ва унинг замондошлари ўз поэмаларида навқирон Юнонистонни мадҳ этганлар; улар ўша ижтимоий ҳаётнинг бир қисмига айланиб, кейинги тараққиётга устун каби таянч бўлганлар. Гомер ўзининг образларида замонасининг орзу-ниятларини мужассам этганлиги, шубҳасиз. Унинг мухлислари Ахиллес, Гектор ва Одиссей каби бўлиш ишқида ёнганлиги ҳам ҳақиқат; ўз ҳайратлари туфайли бу образларга тақлид қилганлар, тақлид орқали ўзларини ҳайратга солган образларга тенглашганлар; унинг ўлмас асарларида дўстлик, Ватанга муҳаббат ва эътиқод беқиёс тароватию улуғворлиги билан тараннум этилган; бу қадар гўзал ва юксак образлар, шубҳасиз, мухлисларнинг маънавий оламини бойитган ва юксалтирган. Бу қаҳрамонлар ҳақида гапирувчилар уларнинг ахлоқий камолотдан узоқлигини ва ҳозирда тақлид учун ибрат намунаси бўла олмасликларини айтиб, бизга эътироз билдиришлари ноўрин эканлигини таъкидлаймиз. Зеро, ҳар бир давр уни иштибоҳга солган нарсани озми-кўпми илоҳийлаштиради: мисол учун Қасос ярим ёввойи тарзда кечган асрлар таъзим қилган, юкиниб топинган муқаддас Санам эди; Ўз-ўзини алдаш эса – номаълум қаҳру ғазаб либосидаги Тимсол бўлиб, унинг олдида ҳар қандай ҳашамат, дабдаба юзтубан йиқилган. Аммо шоир ўз асарларида замондошларининг қусурларига уларнинг азалий уйғунлигини очувчи эмас, вақтинчалик ёпгувчи либослар сифатида қарайди. Эпос ёки драма қаҳрамони чиройлироқ либос мақбуллигини билса ҳам, эгнига қадимги совути ёки замонавийроқ мундирни, қалбига ташланган либосдай кияди. Ички қалб гўзаллиги тасодифий либослар билан у қадар пинҳон тутилмаслиги керакки, унга яширинган руҳ шу либос билан, ҳатто унинг кийиниш тарзида ҳам ишора бермаслиги керак. Улуғвор бўй-баст, латиф ҳаракатлар ҳатто ёввойи ва дидсиз либосда ҳам ўзини намоён этаверади. Буюк шоирлар ичида ўз фикр-мақсадларини ошкора намойиш қилувчилари кам учрайди: аслида, либос, урф-одат ва бошқа воситалар худди мусиқа оламидаги қулоққа ёқимли туюладиган қўшимча садолардай, холос.
Поэзиянинг ахлоқсизлиги тўғрисидаги барча гаплар шу жиҳатдан янглишки, бунда, аввало, инсон ахлоқини такомиллаштиришга поэзиянинг таъсири масаласига нотўғри ёндашилмоқда. Этика – поэзия томонидан яратилган қадриятларни тартибга солади ва натижада, оила, инсон турмуш тарзининг энг яхши намуналарини тавсия этади; агар одамлар бир бирларини ёмон кўрсалар, шубҳалансалар, алдасалар, қораласалар, жабр қилсалар, бу – намунали ахлоқий назарияларнинг етишмаслиги ёки йўқлиги оқибатида юз бермайди. Поэзия бошқа, илоҳий йўлдан боради. У инсон онгини уйғотиб, ҳозиргача номаълум бўлган минглаб фикрлар учун макон яратади, янада бойитади. Поэзия – олам гўзаллигини ёпиб турган пардани кўтаради ва бехабарларга янгиликларни намоён этади; у баён этган, ҳикоя қилган нарсаларини, аввало, яратади; унинг самовий нурлари билан ёритилган барча нарсалар – тимсолларни кўрган ёки дахлдор бўлган қалбларда шукуҳбахш фароғат каби фикр ва ҳатти-ҳаракатлар мужассам ҳолатда хотирот бўлиб қолади. Севги – мана шу ҳар қандай аҳлоқийликнинг асл моҳияти; севги ўз “мен”идан чиқиб бошқа бир шахс ёки фаолиятнинг онгидаги гўзаллик билан қўшилишдир. Одам ҳақиқий меҳрибонга айланиши учун жонли тасаввурнинг соҳиби бўлиши керак; у ўзини бошқа бировнинг ёки кўпчиликнинг ўрнига қўйиб кўрсин; шодлик ва қайғуларини ҳис эта олсин, ўзгалар дардини ўзиникидай сеза билсин. Тасаввур – ахлоқий такомиллашувнинг мақбул қуролига айланганидагина поэзия сабабга таъсир этиб, натижага эришади. Поэзия янги-янги шодликлар билан тасаввур доирасини кенгайтиради. Бу шодликлар янги-янги фикрларни жалб этиб, онгимизга жойлашар экан, янги маънавий озиқ билан таъминланишга талпинади. Поэзия инсоннинг ахлоқий қобилиятини ривожлантириб, жисмоний машқлар одам танасини чиниқтиргани каби қалбини чиниқтиради. Шунинг учун шоир ўз асарида бутун олам ва барча замонларга ҳамда бир вақтга мансубликни мужассамлаштириши шарт эмас, балки унинг замони ва юртига хос яхши-ёмон ҳақидаги тушунчаларини одатдагидай ёзгани маъқул. Ўз зиммасига оқибатлар таҳлили борасида камроқ вазифа олиб, умумий ёндашса, воқеага муносабатини аниқ билдиролмайди, яъни вазифасини уддалай олмайди, оқибатда ўзини сабабга дахлдорлик имкониятидан маҳрум қилади. Гомер ва бошқа буюк шоирлар фарқли равишда мақсад йўлида янглишмадилар ва ўз ҳукмидагидан кўра чексиз бўлган ҳокимиятни инкор этмадилар. Ижодий иқтидори улуғ, аммо у қадар кучли бўлмаганлар, айниқса, Еврпид, Лукан, Тассо, Спенсер, одатда, ўз олдларига ахлоқий вазифалар қўйганлар ва бу мақсадларини қайта-қайта таъкидлаганлари сари шеърларининг таъсири пасайиб борган.
Гомер ва унга замондош ижодкорлар давридан сўнг Афинада драматик ва лирик шоирлар замони келди, бу вақтда оламшумул бошқа санъат турлари: ҳайкалтарошлик, тасвирий санъат, мусиқа, рақс, меъморчилик, фалсафа ва, шунинг баробарида, ижтимоий ҳаёт тараққий этди. Гарчи Афина жамияти бу даврда кўпгина ноқисликларга эга эса-да, Европага хос урфлар ва жамиятнинг ғайритабиий тартибларига рицарлик ва насронийлик адабиёти батамом барҳам берди; бошқа ҳеч бир замонда бу қадар куч-қудрат, гўзаллик, эзгулик улуғворлик касб этмаган. Суқротнинг вафотигача бўлган юзйилликдагидай сўқир куч ва жоҳил моддият бу қадар инсон эркига бўйсундирилмаган, гўзаллик ва моҳият бу қадар уйғунлашмаган эди. Ҳеч бир тарихий давр инсоннинг илоҳий салоҳияти, иқтидори ибтидосини бу даврдагидек ёрқин мужассам этган ёдгорликлар қолдирган эмас. Поэзия, айнан шакллар ва сўзларда, ҳаракатларда акс этган поэзия бошқа жавоҳирларнинг намуналари орасида мангу ўчмас ёдгорлик тиклади. Бу даврда ёзма адабиёт санъатнинг бошқа турлари билан биргаликда мавжуд эди ва барчаси муштарак ўтган юзйиллик зулматини ёритдилар, уларнинг қай бири акс ва қай бири нур манбаи эканлигини аниқлаш мақсадга мувофиқдир. Бунинг сабаб ва оқибатларини биз биргина ўзгармас қиёслар билан муҳокама қилишимиз мумкин: Поэзия доим инсоният бахти ва гуллаб-яшнашига хизмат қилувчи бошқа санъатларга ҳамнафас бўлган. Ўша сабаб ва оқибатларни фарқлаш учун аввалдан шаклланган тамойилларга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир.
Биз кўриб чиқаётган даврда Драма пайдо бўлди; кейинги даврлардаги бирон-бир адибининг асари Афина драмалари даражасига етишган ёки ундан ўтган бўлиши мумкиндир, аммо ҳеч қачон, шубҳасиз, драма санъати Афинадагидай ўзининг чинакам фалсафаси ва моҳияти, соддалиги ва улуғворлиги билан намоён бўлмаган. Чунки афиналиклар нутқ, ҳаракат, мусиқа, ранг-тасвир, рақс ва турли диний удумлардан ягона мақсад – олий ғоялар ва қудрат намойиши йўлида фойдаланганлар. Ҳар бир санъат турида иқтидорли санъаткорлар томонидан беқиёс натижаларга эришилди ва улар бир-бирларини тўлдирган ҳолда буюк уйғунликни вужудга келтирдилар. Ҳозирги замон саҳнасида шоир мақсадини ифодалаш учун бу воситаларнинг айримларигина бир вақтнинг ўзида қўлланилмоқда. Бизда мусиқа ва рақссиз трагедиялар бор, мусиқа ва рақссиз эса улар ифодалаши лозим бўлган олий ғоялар мужассам этилмаётир; буларнинг барчаси диндан айри ҳолда ва дин эса саҳнадан қувиб солинган. Замонавий саҳнамиздаги актёр юзидан ниқобини олиб ташладик, ниқоб ўзгармас бўлиб, характер моҳияти ва юз ифодаларини бирлаштирувчи восита эди; ниқобсизлик қисман буюк саҳна устасининг юз ўзгаришлари билан ижро этилувчи монологлар учунгина қулайдир, холос. Комедиянинг трагедия билан бирлашувидаги замонавий тамойил, гарчи кўп суиистеъмолликларга сабаб бўлаётган бўлса-да, шубҳасиз, драма имкониятларини кенгайтирди: аммо унда комедия “Қирол Лир”даги каби юксак ва кенг қамровли бўлиши керак. Эҳтимол, айнан шу тамойил “Қирол Лир” га “Шоҳ Эдип”* ёки “Агамемнон”* дан ёки, таъбир жоиз бўлса, уларни бирлаштирган трилогияга устунлик мақомини берар; бунда поэзиянинг ботиний кучи мужассам бўлган хорлар тарозининг палласини босиб тура олиши, шубҳасиз. “Қирол Лир” бу мусоҳабада ғолиб келар экан, унинг муаллифига Европанинг янги давридаги драма фалсафасини билмаслиги қанчалар чегара қўймасин, уни ҳозирга қадар бўлган драма санъатининг энг юксак намунаси деб баҳолаш мумкин. Кальдерон ўзининг “Autos” (Диний драма (исп.)ларида драмага қўйилган айрим юқори талабларни бажармоқчи бўлган, ҳолбуки, буларга Шекс­пир эътибор қилмаган эди: масалан, у драмани дин билан яқинлаштиради ва уларни мусиқа ҳамда рақс билан бирлаштиради.
Аммо у янада муҳим бўлган вазифани унутиб қўядики, натижада ютишдан кўра кўпроқ ютқазади, сабаби инсон кечинмаларининг жонли тасвирини доимий бир хил ва қатъий белгиланган қолиплар – хурофий натижа-хулосалар билан алмаштириб қўяди. Аммо биз мавзудан оғишиб кетдик. “Поэзиянинг тўрт асри” муаллифи атайдан, ўзи билган ҳолда драманинг ҳаёт ва ахлоққа таъсиридан четлаб ўтишга интилади. Агар мен рицарни қалқонидаги тамғасидан таниб қолдимми, бас, ўз қалқонимга “Филоктет”,* “Агамемнон” ёки “Отелло” деб ёзиб қўйиш орқали унинг баҳодирона софизмини сеҳрлаб, худди ожиз рицарнинг қўлидаги қилич ярақлашидан афсунгарлар ва бутпарастларнинг бутун бир қўшинининг кўзи қамашиб қочгани каби қочиришим мумкин. Театр томошалари ва ахлоқнинг яхшилануви ёки ёмонлашуви ўртасидаги алоқа барча томонидан эътироф этилган: бошқача айтганда Поэзиянинг мавжудлиги ёки йўқлиги унинг мукаммал ҳамда умумий даражаси кишилар хулқ-атвори ва одатларидаги қусурлари ёки фазилатларига боғлиқлиги аён бўлади. Театр таъсиридаги ахлоқнинг тубанлашуви театрда поэзиянинг тугаганидан бошланади; ахлоқ тарихига назар ташласак, биринчисининг кучайиши иккинчисининг ҳалокати билан боғлиқ эканлигига гувоҳ бўламиз, худди ҳар қандай сабаб ва оқибат сингари.
Афинада, бошқа жойлардаги сингари, такомилига етган драма даврнинг ахлоқий ва интеллектуал улуғворлигига ҳамоҳанг бўлган. Афина шоирларининг трагедияларида* томошабинлар ўзларини худди кўзгудагидай енгил ниқобланган ва олий мукаммаллик ҳамда интилишлардан ташқари, ҳамма нарсадан озод ҳолда, ҳар бири учун намунали, ўзлари севган ва шундай бўлишни хоҳлаган тимсолларни кўра олганлар. Тасаввурлари кенгайган, азоб ва кечинмаларга ҳамдардликлари кучайган, томошалар уларнинг идрок қобилиятини оширган; ачиниш, даҳшат, қайғу томошабинда эзгу туйғуларни мустаҳкамлаган; бу эзгу туйғуларнинг кучайишидан сўнг томошабин ўзи билан олиб кетадиган олийжаноб сокинлик юз берган; одатий ҳаётда ортиқча ҳаракатсиз ҳам ўша жиноятнинг ўзи икки баробар қўрқинчлилигини йўқотган, яъни саҳнада табиатнинг кечириб бўлмас хатолари кўрсатилганидан кейин улар юқимлилик кучини йўқотган; одамлар бундан сабоқ олганлар. Буюк драмаларда воқеалар камдан-кам муҳокама этилади ва уларга нафрат уйғотилади, балки улар ўз-ўзини англаш ва ўз ўзини ҳурмат қилишни ўргатади. На кўз, на инсон ақли ўзини бу тарзда кўзгудагидай кўриш имкониятини беролмайди. Драма ўзида поэзияни мужассамлаштирганда, серқирра кўзгуга айланади ва энг ёрқин нурларни жамлаб, уларни инсон табиати билан чархлайди, гўзаллик ва муҳташамлик бахш этиб безайди ҳамда парчалаб оламга сочади, бу нурлар қайси қалбга тушса у яна кўпайиб, нурланиб бораверади.
Аммо жамият инқирозга юз тутгудай бўлса, бу мувофиқ равишда драмада акс этмай қолмайди. Бундай ҳолларда трагедия шаклан қадимий буюк дурдоналарнинг ҳиссиз тақлидига айланади, санъатлар қоришувидаги уйғунликдан бебаҳра қолиб, ташқи томондан ҳам сохталашиб кетади; ёки қўпол уринишлар билан муаллиф ахлоқий ҳақиқатлар сифатида айрим ақидаларни тавсия этади, одатда бу муаллиф ҳам, томошабин ҳам юқтирган муайян қусур ва заифликларга нисбатан чиройли ниқобланган хушомад қилишга уринишлардир. Биринчисига, мумтоз ва маиший драма деб аталган Адиссоннинг “Катон”и намуна бўлиши мумкин; иккинчисига эса мисоллар шу қадар кўпки, номларини бирма-бир таъкидлаш шарт эмас. Поэзияни бундай мақсадларга бўйсундириш керак эмас, албатта. Поэзия бамисоли қинидан суғирилган оловли қилич; у ҳатто солиб қўйилиши лозим бўлган қинни ҳам куйдириши мумкин. Мана шунинг учун таъкидланган драмаларнинг аксарияти поэзиядан мосуводир; улар туйғу ва кечинмаларни тасвирлашга даъво қиладилар, аммо поэтик тасаввурсиз буларнинг барчаси – шаҳвоний ҳирс ва иддаолар яширинган сарлавҳалар, холос. Бизнинг мамлакатда драма инқирози Карл II замонига тўғри келади, бу даврда поэзиянинг барча одатдаги турларида озодлик ва эзгулик устидан қироллик эришган ғалабалар мадҳиябозлиги авж олганди. Биргина Мильтон ўзи “номуносиб” бўлган ушбу даврни ёритиб туради. Бундай паллаларда драма манфаат йўлига киради ва унда поэзия барҳам топади. Комедия ўзининг юксак оммавийлигини йўқотади; юмор қочирим, аския билан алмашади; кулгу шодлик билан эмас, зўрлик билан уйғотилади; қувноқлик ўрнини киноя, шубҳа, заҳарханда эгаллайди; биз энди кулмаймиз, жилмайиб қўямиз, холос. Ҳаётнинг илоҳий гўзаллиги устидан куфрона масхара қилувчи бадахлоқлик гарчи ҳарир тўр ортига беркинган ва у қадар жирканч бўлмаса-да, ўта қўпол тус олади; аммо у шундай йиртқичга айланадики, ахлоқий тубанлик унинг хуфя тарзда озиқланмоғи учун муттасил равишда емак ташиб туради.
Турли поэтик ифодалар мужассам драмада поэзиянинг омма фаровонлиги билан мувофиқлигини кузатиш мумкин. Шубҳасиз, драманинг гуллаб-яшнаши учун ҳамиша юксак тараққий этган ижтимоий ҳаёт тақозо этилади; бир пайтлар гуллаб-яшнаган жойда драманинг таназзулга юз тутиши ёки барҳам топиши ахлоқнинг тубанлашуви ва жамиятнинг жонли қалбини тутиб турувчи чўғ сўнганлигидан далолат беради. Аммо Макиавелли сиёсий тартиблар ҳақида айтганидай, агар драмани аввалги тўғри йўлига солувчи ижодкорлар пайдо бўлса, ўша ҳаётни қайта тиклаш ва яратиш мумкин. Ушбу фикр том маънода Поэзияга ҳам тааллуқлидир. Сўз ижодкорлигининг барча шаклларини нафақат бунёд этиш, балки қўллаб-қувватлаш ҳам керак; шоир ўзининг илоҳий табиатига содиқ қолади: у ижодкор, шунинг билан бирга, илоҳий тақдир соҳиби ҳамдир.
Фуқаролар уруши, Осиёнинг босиб олиниши, аввал македонлар, кейин римликлар қозонган ғалабалар Юнонистон ижодий кучларининг сўнишига сабаб бўлди. Сицилия ва Мисрнинг золим подшоҳлари мурувватидан паноҳ топган буколик шоирлари шарафли даврнинг сўнгги вакиллари бўлдилар. Уларнинг шеърияти одатдан ташқари оҳангдор, гуллар ифорига тўла, ортиқча шириндир; мазкур шоирлардан аввал ўтган вакилларининг шеърияти эса далалардаги турфа гулларнинг бўйларини жамлаган ва бундан бошимиз айланиб қолмаслиги учун ўзининг тетиклантирувчи нафасини қўшган июнь шамолидай эди. Поэзиянинг буколик ва эротик латофати ҳайкалтарошлик, мусиқа ва бошқа санъатлардаги, шунингдек, ижтимоий ҳаётдаги урфлар, ахлоқдаги нафосатга мувофиқ келади: айнан шулар биз фикр юритаётган даврни ажратиб туради. Бунда уйғунликнинг етишмаслигига поэтик ибтидо, унинг ҳеч бир нотўғри қўлланиши сабаб эмас. Шундай туйғу ва кечинмалар таъсирига сезувчанликни Гомер ва Софокл ижодида ҳам учратамиз: биринчисида, айниқса, беқиёс жозибали ҳаяжон ва эҳтирос мужассам. Бу ижодкорларнинг ўзларидан кейингилардан устунлиги уларнинг асарларида ташқи оламгина эмас, балки инсоннинг ички дунёсига хос кечинмаларнинг мавжудлиги, уларнинг мукаммаллиги, ҳар икки дунёнинг уйғунлаштира олганликларидадир. Эротик шоирларнинг заифлиги уларда нималарнинг борлигида эмас, балки нималарнинг йўқлигидадир. Ўша замоннинг тубанлашувига сабабни уларнинг шоирлигидан эмас, балки етарли даражада шоир бўла олмаганликларидан излаш керак. Агар бу инқироз уларнинг камчилиги сифатида айтилаётган лаззатни идрок этишлари ва табиат гўзалликларига эҳтиросларини ҳам сўндирганда эди – унда батамом ёвузлик тантана қилган бўларди. Чунки жамият инқирозининг якуний мақсади ҳар қандай ёқимли туйғуларнинг барҳам топишидир: парчаланишнинг моҳияти ҳам айнан шундан иборат. У тасаввур ёки интеллектдан, аниқроғи, негиздан бошланади ва шол қилувчи оғудай туйғуларга тарқалади, ҳатто истак-хоҳишларга ўтади ва ниҳоят, базўр онгни илитгувчи ўлик, ҳиссиз массага айланади. Бундай вазият келганда, поэзия одамзоднинг энг охирида нобуд бўлгувчи қобилиятларига мурожаат қиладики, унинг овози бамисоли оламни тарк этаётган Астрейнинг* бир-бир босаётган қадам товушларидай элас-элас эшитилади. Поэзия одамларга ҳар доим улар истаган лаззатни бера олади: у доим ҳаётнинг зиёси бўлиб, жаҳолат ва зулмат замонларида ҳам барча гўзалликларнинг, эзгуликнинг ва борлиқнинг манбаи бўлиб қолаверади. Шубҳасиз, Феокрит поэмалари билан фахрланувчи Сирокуз ва Александриянинг нозиктаъб аҳолиси бошқаларчалик тошбағир, шафқатсиз ва таъсирчан эмасдилар. Поэзия ғойиб бўлишидан олдин бутун кишилик жамиятининг танасига синггиб кетиши керак: ҳозиргача бу занжирнинг муқаддас ҳалқалари батамом узилиб кетган эмас, улар кўплаб юраклардан ўтиб, буюк ақлларда нурланади ва улар туфайли ҳаётни ҳамма томондан бирлаштирувчи бўлиб нур таратади ҳамда бир вақтнинг ўзида жамиятда куртаклар қолдиради. Бундан ташқари, буколик ва эротик шеърият вакилларининг ўзлари мурожаат қилган кишиларга таъсирларини четлаб ўтиб бўлмайди. Уларнинг ўқувчилари мангу гўзалликни айрим парчаларинигина қабул қилдилар. Нозиктаъб ўқувчилар ва нисбатан омадли даврда туғилганлар бу шеъриятда олам яралгандан буён барча шоирлар ижоди билан яралган ягона ва буюк ақлнинг ўйидаги ўша буюк поэманинг парчаларини кўришлари мумкин.
     Бу жараённи (цикл) гарчи тор доирада бўлса-да, Қадимги Рим ҳам босиб ўтган, аммо унда жамият ҳаёти, менимча, поэтик ибтидо билан у қадар тўлиб-тошмаган эди. Римликлар юнонларни ахлоқда ҳам, табиатни кузатишда ҳам комилликка эришган деб ҳисоблайдилар; зеро, улар шеърият, ҳайкалтарошлик, мусиқа, меъморчиликда фақатгина ўзларининг турмушларига хос эмас, балки бутун дунё учун умумий жиҳатларга эга асарлар яратдилар. Таъкидлаш керакки, биз буни унчалик тўлиқ бўлмаган маълумотларга асосланиб айтаяпмиз, аниқроғи, балки етарли бўлмаган маълумотлар асосида, шу боис фикримиз ҳам нотугал бўлиши мумкин. Энний,* Варрон,* Пакувий* ва Акций* – уларнинг ҳар тўртови ҳам катта шоирлар – бироқ бизгача етиб келмаган. Лукреций* юқори даражада истеъдод эгаси бўлган, Вергилий жуда ҳам юксак. Айниқса, Вергилий* асарларида дунёнинг ҳайратланарли ҳақиқатлари нурли парда ортидаги нозик ифодаларда тасвирланган. Ливий поэзияга тўлиб тошган. Бироқ Гораций*, Катулл* Овидий* ва бошқалар – Вергилийнинг ўзга замондошлари инсон ва табиатни юнон санъати кўзгусида кўрганлар. Римда давлат қурилиши ва дин Юнонистондагига қараганда камроқ поэтикдир, худди соя жонли асосдан хира бўлганидек. Шунинг учун чинакам Рим поэзияси сиёсий ва маиший турмуш такомилига эргашиб борган, зинҳор улар билан ҳамқадам, ҳамоҳангликда янграмаган. Римнинг асл поэзияси фуқаролик қоидаларида (ижтимоий қатламларида) яшаб қолди: чунки унга хос бўлган гўзаллик, ҳаққонийлик ва буюклик, неки бўлса, барчасини фақат шу жамият тартибларининг ўзигина яратди. Камиллнинг* ҳаёти; Регуллнинг* ўлими; ғолиб галларнинг тантанали қайтишини кутаётган сенаторлар; Канн яқинидаги жангдан* кейин Ганнибал билан тинчлик шартномасини тузишни инкор қилган Респуб­ликачилар – буларнинг бирортаси ҳам манфаатдорликнинг натижаси эмас, балки воқеалар табиий оқимининг натижаси эди, холос. Зеро, улардан манфаатдор бўлганлар ўзлари яратган бу ўлмас драмаларда бир вақтнинг ўзида ҳам муаллиф, ҳам актёр эдилар. Тасаввур бу жамиятнинг гўзаллигини баайни ўзига мувофиқ, ўхшаш ва хос тимсолларда яратди; унинг натижаси – оламга ҳукмронлик, мукофоти – мангу шон-шараф бўлди. Буларнинг барчаси ўша поэзия, гарчи quia carent vate sacro (Кун бермас шоир қисмати (лот.) бўлса-да, буларнинг барчаси Вақт одамларнинг хотирасига муҳрлаган поэмалар циклининг эпизодларидир. Ўтмиш, бамисоли илҳоми жўшган бир бахши каби, уни алмашиниб бораётган авлодлар учун мангу куйлайверади.
Мана, ниҳоят, антик эътиқод ва маданият ўзининг такомил босқичини ниҳоялади. Агар насронийлик ва рицарлик маданиятини бунёд этганларнинг ораларида ўз шоирлари бўлмаганда ва улар саркардалардай фикр-туйғулар қўшинини бошқармаганда; фикр ва ҳаракат учун ўзларига қадар номаълум бўлган намуналар яратмаганларида эди, дунёни шак-шубҳасиз, бўшлиқ ва зулмат қоплаган бўларди. Бу ғоялар туфайли етказилган ёвузликларни кўриб чиқиш менинг вазифамга кирмайди; мен юқорида айтилганлар асосида яна бир бор таъкидлайманки, буларнинг барчаси учун улар бағридаги поэзия айбдор эмас.
Эҳтимол, Мусо, Иова, Довуд, Сулаймон ва Исхоқ Пайғамбарларнинг* ҳайратланарли поэзияси Исо Пайғамбар ва унинг шогирдларида катта таассурот қолдиргандир. Бу ғаройиб инсоннинг биографлари томонидан бизгача етиб келган айрим парчалар ҳам энг ёрқин поэзия билан тўлиқ. Лекин унинг таълимоти тез орада сохталаштирилди. Бир муддат вақт ўтгач, бу таълимот олға сурган ғоялар ғалабасидан сўнг, Платон инсон руҳий имкониятининг уч тоифасига* аниқлик киритди ва бу Европада қонун даражасига кўтарилиб, эътиқодга айланди. Ва ўшанда, эътироф этиш керакки, “нур хиралашиб”* ва
… туманли ўрмонда қарға
Учар. Куннинг эзгу кучлари ухлар.
Овга чиқар тун хизматчилари.
Эътибор беринг-а, долғали бошбошдоқликнинг балчиғи ва қонидан қандай ажойиб уйғунлик туғилган! Худди дунё каби қайта тирилган умид ва заковат олтин қанотларини ёзиб, учиб чиқди ва замонлар осмонида ўзининг парвозини давом эттирмоқда. Оддий қулоқ билан эшитиб бўлмайдиган мусиқага қулоқ тутинг, шунда унинг бамисоли мангу кўринмас шамол каби бу туганмас парвозга куч ва шиддат бахш этишига шоҳид бўласиз.
Исо таълимотида ва мифологиясида мужасам бўлган поэзия ва Рим империясининг кельт босқинчилари турмуш тарзи ҳамда ғалабаси билан ҳамоҳанг пайдо бўлган поэзия оғир дамларни бошдан кечирди ва янги ахлоқ ҳамда ғоялар тизимини юзага келтирди. Ўрта аср жаҳолатини насронийлик таълимоти ва кельт қабилалари ҳукмронлиги билан изоҳлаш нодонлик бўлар эди. Улардаги барча аҳмоқона нарсалар зулмкорлик ва хурофотнинг кучайиши оқибатида поэзия (поэтик ибтидо)нинг барҳам топиши билан юзага келган. Муҳокама этиш, ўта мураккаб сабабларга кўра, одамлар ҳиссиз ва иззатталаб бўлиб қолган эдилар; уларнинг иродаси заифлашган ва улар шу ироданинг қулига айланган эдилар; қўрқув, маккорлик, фаҳш, шафқатсизлик ва ёлғон бу авлодга хос бўлиб, улар орасида – на бир саҳна асари, на бир ҳайкал, на бир ижтимоий ҳодисани бунёд этувчи ҳеч ким йўқ эди. Бундай жамиятнинг ахлоқий оғишларини замоннинг қандайдир воқеаларига боғлаш нотўғри бўларди, аксинча, уларни йўқ қилишга кучлироқ таъсир кўрсатувчи воқеаларни қўллаб-қувватлаш, маъқуллаш жоиз. Сўздан фикрни ажрата олмайдиган кишиларнинг пешонаси шўрлигидан ана шу ноқисликларнинг кўпчилиги бизнинг умумқабул қилинган эътиқодимизга ҳам сингиб кетгандир.
Поэзияга насронийлик ва рицарлик ҳаракатларининг таъсири фақатгина XI асрдан кейингина сезила бошлади. Тенглик тамойили Платоннинг “Республика” асарида назарий қоида сифатида кашф этилди ва қўлланилди, унга кўра одамларнинг умумий меҳнати, маҳорати билан яратилган барча фаровонлик ва куч-қудрат буюмлари, мақсад йўлидаги курашларининг умумий натижаси ўртада тақсимланиши керак. Бу қоиданинг чегараси ҳар бир кишининг ақл-идроки ёки умум манфаатларидан келиб чиқиб ҳал қилиниши керак, деб таъкидлайди Платон. Тимей* ва Пифагордан кейин изма-из Платон инсониятнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини қамраб олган ахлоқий, интеллектуал тизим яратди, Исо Масиҳ ўз фалсафий таълимотида башарият учун муқаддас ва боқий ҳақиқатларни кашф этди: насронийлик соф ҳолатда қадимги поэзия ва донишмандликка хос экзотерик тамойилларнинг экзотерик ифодасига айланди. Жанубнинг силласи қуриган халқлари билан аралашиб кетган кельтлар уларга ўз мифологияси замиридаги поэзияни ва турмуш тарзини, тажрибаларини олиб келди. Барча омилларнинг ҳаракати ва қарама-қаршиликлари оқибатида ягона натижа юзага келди; бундан бирор миллат ёки дин бошқаси устидан ҳеч қачон ғалаба қозонолмайди ва бу жараёнда ўзи маҳв этган нарсани бирон қисмини ўзлаштириб олмаслиги ҳам мумкин эмас, деган хулоса чиқариш лозим. Шундай натижалар қаторида шахсий ва хўжалик қулдорчилигининг барҳам топиши ва аёлларнинг антик замонларга хос хўрлик кишанларидан озод бўлишини таъкидлаш мумкин.
Хусусий қулдорликка барҳам берилиши инсониятнинг сиёсат соҳасида амалга оширадиган буюк умидларининг асоси бўлди. Аёлларнинг озодликка чиқиши муҳаббат лирикасини юзага келтирди. Муҳаббат эътиқодга айланди: унинг тимсолини мужассам этган буюмлар доимо ошиқлар кўз ўнгидан жилоланди. Гўёки Аполлон ва Илҳом париси ҳайкаллари тирилиб, ўз ҳукмидаги оломон ичига аралашиб кетди ва шу тарзда ерда само фарзандлари пайдо бўлдилар. Ҳаётнинг кундалик ташвишлари ва оддий томошалари ғаройиб ва ажойиб тус олди; Эрам харобаларидан янги жаннат яратилди. Бу яратувчанликнинг ўзиёқ поэзиядир, чунки уни шоирлар ижод этдилар, уларнинг қуроли сўз бўлди: “Galeotto fu il libro, e chi lo scrisse” (Ва китоб бизнинг Галеотга айланди (итал.). Петрарканинг салафлари, Прованцал труверлар, яъни “кашфиётчи”лар ўз шеърлари орқали муҳаббатнинг ширин азобларидаги мужассам бахтнинг сеҳрли ва сирли манбаини очдилар. Уларни ҳис этмаслик ва бетакрор гўзалликнинг бир қисмига айланиб кетмасликнинг иложи йўқ эди; бу муқаддас туйғулар қалбда кўтаринкилик ва нафосат уйғотиб, одамларга янада олийжаноблик ва ақл-идрок бахш этишини исботлаш шарт эмас ва улар худкомлик зулматидан ёруғликка чиқдилар. Данте севги сирларини Петраркадан ҳам яхшироқ тушунар эди. Унинг “Vita Niova” (“Янги ҳаёт” (итал.)си покиза туйғулар ва соф тилнинг битмас-туганмас манбаидир: бу асар муаллиф ҳаётининг муҳаббатга бағишлаган йиллари тўғрисидаги лирик қиссадир. “Жаннат” поэмасида Беатриченинг мадҳи, унинг муҳаббати ва гўзаллигининг тасвири тобора такомил топиб бориши гўё сизни зиналар бўйлаб арши аълога олиб чиқади – буларнинг барчаси янги замон поэзиясининг ноёб намуналаридир. Айрим синчков танқидчилар, оммадан фарқли ўлароқ, поэма қисмларининг ривожига кўра ўзгача тартиб берадилар: “Дўзах”, “Аросат”, “Жаннат”. Охиргиси бешак, мангу муҳаббат мадҳиясидир. Антик оламда севги биргина Платон ижодида муносиб куйчисини топган бўлса, янги даврда бу мавзу бир гуруҳ буюк шоирлар жўровозлигида мадҳ этилди: янгроқ жўшқин қўшиқлар жамиятнинг туб қатламларигача етиб борди ва унинг акс садоси ҳозирга қадар ёвуз қурол-аслаҳаларнинг бетартиб жаранги ва хурофотнинг инграшини босиб келаётир. Ариосто, Шекспир, Спенсер, Кальдерон, Руссо ва юзйиллигимизнинг буюк ёзувчилари ҳар бири ўз навбатида, муҳаббатни улуғлаб, ёвуз кучлар ва ҳислар устидан эришган ғалаба ўлжаларини инсониятга инъом этмоқдалар. Икки жинснинг ҳақиқий муносабатлари эндиликда тўғри талқин этилмоқда; агар замонавий Европанинг ижтимоий фикрида икки жинс нотенглигига оид турли чалкаш фикрлар худди тумандай тарқалиб кетган бўлса, бу қувончли ҳодисани биз рицарлик қонунийлаштиргани ва уни шоирлар тарғиб қилганларини эътироф этмоқдан мамнунмиз.
Данте поэзиясини замонлар устидан ташланган ҳамда давримизни антик дунё билан бирлаштирувчи кўприк деб ҳисоблаш мумкин. Данте ва унинг рақиби Мильтон иқрорларини бузиб кўрсатувчи турли кучлар ва нарсалар ҳақидаги тасаввурлар, бор-йўғи, ниқоб ва ёпинчиқлар холос, уларнинг ичида бу буюк шоирлар боқийлик томон одимлайверадилар. Уларнинг шахсий эътиқоди ва халқ манфаатлари чегараларини қандай англаганликларини фарқлаш мушкул, Данте ҳар эҳтимолга қарши, Вергилий justissimus unus (Адолатнинг чин намунаси (лот.) деб атаган Рифеяни жаннатга олиб бориб қўйиш билан бу фарқни бутунисича кўрсатмоқчи бўлган, шунингдек, мукофот ва жазоларни тақсимлашда энг инжиқ ва бидъатчилигини намоён этган. Мильтон поэмасида ғаройиб, аммо табиий зиддиятларда ифодаланувчи ўша асосий таянч бўлган ақидалар фалсафий равишда рад этилади. “Йўқотилган жаннат”даги Шайтон образига куч ва улуғворлик борасида ҳеч нарса тенг келолмайди. У ёвузликни ифодалаш учун ўйлаб топилган дейилса, нотўғри бўларди. Душманини азоблаш учун муросасиз ҳасад, сабри тошдай маккорлик ва кутилмаган нозик кашфиётларни ўйлаб топиш – мана ёвузлик нима; бу яна қул учун кечирса бўладиган, аммо хўжа учун кечириб бўлмайдиган ҳолдир; енгилганнинг мағлубиятида нимаики эзгулик бўлса, мағлублик шу билан ювилади, ғолибнинг зафари эса исноди билан мураккаблаштирилади. Мильтонда Шайтон шу қадар ахлоқий жиҳатидан юқори турадики, ўз йўлининг тўғрилигига ишонади ҳамда бу мақсад йўлида мағлубият ва азобларга қарамай, чидам билан курашади, ҳатто ғалабанинг ишончли паноҳида турган душманига энг бешафқат қасосни юборади – унинг пушаймон бўлиши ва ўжар душманлиги учун эмас, балки янги жазоларга гирифтор қилиш учун атайин янги хатти-ҳаракатлар қилишга мажбур этади. Мильтон умум қабул қилган эътиқодни шу даражада бузадики (агар буни бузиш деб айтиш мумкин бўлса), у ҳатто ўз Худосига ҳам Иблисга нисбатан ахлоқий жиҳатдан устунлик бермайди. Ахлоқийлик борасида бундай тўғридан-тўғри қўпол илтифотсизлик Мильтон даҳосининг исботи бўлиб хизмат қилади. У худди инсон феъл-атворининг қирраларини, лозим бўёқларни палитрада тайёрлагандай аралаштириб, ўзининг муҳташам полотносида ҳақиқатнинг эпик қонунларига мувофиқ тасвирлайди ёки, айтиш мумкинки, кўплаб кейинги авлодларни ҳаяжонга солувчи ақл ҳамда аҳлоқийлик муштарак мавжудот ва ташқи оламни ўзаро таъсир қонунлари асосида яратади. “Илоҳий комедия” ва “Йўқотилган жаннат” янги давр мифологиясини тизимлаштирди; вақт ўтиши билан хурофот кўпайиб борар экан, келажакда бу асарлардан талқинчи олимлар Европа динларини соф ҳолатда ўрганадилар, чунки улар бутунлай унутилиб кетмайди, зеро унга даҳонинг ўчмас муҳри босилган.
Гомер биринчи, Данте эса иккинчи бўлиб асарларида ўз даврининг кейинги даврларга мувофиқ равишда тараққиётини билим, ҳис-туйғу, эътиқод ва ижтимоий омиллар билан аниқ ва ёрқин боғланган ҳолда ифодалаб бердилар. Чунки Лукреций тез учар руҳининг қанотларини ҳис-туйғулар дунёсининг ёпишқоқ кўлмакларига ботириб олди; Вергилий ноўрин камтарлигидан буюклигига номуносиб равишда тақлидчи сифатида қолишни лозим топди, ҳолбуки, у кўчирган нарсаларини бутунлай бошқатдан яратишга муваффақ бўлганди; масхарабозлар тўдасидан бирортаси ҳам – на Аполлоний Радосский, на смирналик Квинт Калабер, на Нонний, на Лукан, на Стаций, на Клавдиан, гарчи улар ширинсухан бўлсалар ҳам, эпик ҳақиқатнинг талабларига жавоб беролмадилар. Учинчи эпик шоир Мильтондир. Агар эпоснинг энг олий талабларига “Энеида” жавоб бермаса, бу талабларни “Дарғазаб Роланд”, “Озод этилган Қуддус”, “Фаришталар қироличаси”* асарлари ундан кам даражада оқлайдилар.
Данте ва Мильтон – иккиси ҳам антик олам эътиқодлари замирига чуқур кириб борганлар; уларнинг поэзиясига кўҳна руҳ шу даражада хос деб айтиш мумкинки, буни Реформацияга қадар Европа динларида унинг шакли қай даражада сақланиб қолганлиги билан қиёсласа бўлади. Уларнинг биринчиси, Реформациядан олдинга ўтиб кетган бўлса, иккинчиси, у билан изма-из – бир вақт оралиғидаги масофада эргашиб борди. Айнан Данте диннинг биринчи ислоҳотчиларидан бўлди, папа ўзбошимчаликларини фош этишдан кўра заҳархандалиги билан Лютер ундан ўзиб кетгандай кўринади. Данте Европада илк бор уларга нисбатан завқ уйғотди: у оҳангсиз ёввойи тартибсизликдан тилни яратди, бу тил ўз ҳолича ҳам мусиқа, ҳам нуктадонлик эди. У буюк ақл-идрокни илм нури билан бирлаштира олди. У XIII аср Республика Италиясида зулматга чўмган дунё узра худди самода жилваланган юлдузлар чаманининг Зуҳроси – тонг юлдузи бўлди; унинг сўзлари оташин, ҳар бири оловли фикрнинг учқунларидай, бу сўзларнинг айримлари гарчи кул билан қоплангандек туюлса-да, аммо бағрида чўғ яширин, бу бир чўғдирки, унга ёғ пуркалса бас, алангага айланади. Юксак поэзия туганмас, бесарҳаддир: бу худди эман дарахтининг биринчи меваси, бўлажак ниҳолларнинг уруғи, куртакларидир. Сўзлар маъносини қатма-қат очар экансан, унинг тубига яширинган фикрнинг беқиёс гўзаллигига ҳеч қачон етиб боролмайсан. Буюк поэма донишмандлик ва гўзаллик уммонининг тошқин бир чашмасидирки, бирон киши ёки бутун бир давр ундан илоҳий оби-ҳаётни ҳовучларкан, ўз ташналигини қондиради, уларнинг ўрнига келган янги авлодлар янги-янги фикрларни англайдилар, ўзлари кутмаган ва тасаввур қилмаган даражада лаззатланадилар.
Данте, Петрарка, Боккаччодан кейинги аср ҳайкалтарошлик, рангтасвир, мусиқа ва меъморчиликнинг тикланиш даври бўлди. Чосер* шу муқаддас оловдан ўт олди ва инглиз адабиёти итальян пойдевори узра қад ростлади.
Бироқ биз Поэзияни ҳимоя қилиш борасидаги вазифамиздан чалғимайлик, яъни унинг танқидий тарихини ва жамиятга таъсирини тадқиқ этиб ўтирмайлик. Бу борада биргина фикрни, яъни шоирлар ўз даврига ва ундан кейинги замонларга таъсир ўтказа олганлар, деган гапни айтиш кифоя. Зеро, мулоҳазаларни тасдиқловчи айрим намуналарни келтирсак, “Поэзиянинг тўрт асри” асари муаллифига* эътироз билдирган бўламиз.
У шоирларнинг олимлар ва мутафаккирлар олдида шуҳратини камситувчи янги далиллар келтиради. Эътироф этадики, тасаввур ўйинлари кўпроқ лаззатбахшдир, ундан фикрлаш фойдалироқ. Бундай ажримни қабул қилишдан олдин, аввало, фойда деганда нима назарда тутилаётганлигини англаб олиш зарурлигини таъкидлаш лозим. Лаззат, ҳузур-ҳаловат ёки эзгулик деб тирик жон онгли равишда ва қалб амри билан интилаётган нарсага, яъни мақсадга етгач фароғат ва ҳузур туядиган ҳодисага айтилади. Лаззатнинг икки босқичи ёки томони бор, бири узоқ муддатли ёки умумий, бошқаси қисқа ва ўткинчи. Ҳар иккисига ҳам восита орқали эришилса, фойдали бўлади. Айниқса, биринчиси ҳар томонлама фойдали, яъни бизнинг муҳаббатимизни мустаҳкамлайдиган ва сақлайдиган, тасаввур оламимизни кенгайтирадиган, туйғуларимизга руҳ берадиган барча ҳодисалар фойдалидир. Аммо “Поэзиянинг тўрт асри” муаллифи “фойда” сўзини тор маънода ишлатади: гўёки “фойда” деганда худди бизнинг ҳайвоний нафсимизни қондирадиган, ҳаётни хавфсиз қиладиган, нисбатан қўпол хурофотларни бартараф этувчи ва одамларнинг шахсий манфаатини таъминловчи нарсаларни англашни назарда тутади.
Шубҳасиз, фойдани шундай қолипдаги чегараланган тушунчалар доирасида идрок қилувчиларнинг ҳам жамиятда ўринлари бор. Улар шоирлар изидан борадилар ва таъсирчан шеърларини кундалик фаолиятида фойдаланиш учун дафтарларига кўчириб оладилар. Улар гарчи олий эмас, тубан эҳтиёжлар атрофида чекланиб қолган бўлсалар-да, ҳаракати машаққатли, зеро улар макон ва замонни яратадилар. Ҳар нарсага шубҳа билан қаровчилар (скептик) қўпол хурофотни парчаласинлар, аммо одамлар қалбига муҳрланган азалий ҳақиқатни, айрим француз муаллифлари йўл қўйганларидай, бузмасинлар. Майли, машина ихтирочиси, сиёсий иқтисодчи инсон меҳнатини осонлаштирсин, турмушни тартибга келтирсин, аммо улар ўзларининг асосий тамойилларга боғлиқ бўлмаган фаолият – маънавий оламга дахлдор бўлган туйғуларга таъсир этиб, ҳозирги Англиядагидай, дабдаба билан камбағаллик ўртасидаги жарликни чуқурлаштиришдан сақлансинлар. Улар ҳаётга Инжилдаги ҳикматни татбиқ этмоқдалар: “Борга бераман, йўқдан йўндираман”.* Оқибатда бойлар бойроқ бўладилар, камбағаллар баттар қашшоқлашадилар ва бизнинг давлат отлиқ кемамиз бошбошдоқлик ва истибдод ўртасида сузиб юраверади. Манфаат якка ҳокимлигининг аянчли оқибатлари шундай.
Ҳузур-ҳаловат, лаззат тушунчасига юксак маънода аниқлик киритиш қийин, чунки бу ҳаракат олдимизда бир қатор парадоксларни келтириб чиқаради. Масалан, инсон табиатидаги уйғунликнинг аллақандай етишмовчилиги оқибатида жисмоний азобланганимизда руҳий “мен”имиз роҳатланган ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Ғам, ташвиш, қўрқув ва ҳатто руҳий тушкунлик гоҳида фаровонлик яқинлашганидан дарак беради. Бизнинг фожиаларни идрок этишимиз шунга асосланган: фожиа шунинг учун ҳам руҳлантирадики, у дард замиридаги лаззатни ҳис этиш имконини беради. Жозибали мусиқанинг ботинидаги дарднинг манбаи ҳам айнан шундадир. Дард-алам замиридаги лаззат шунчаки лаззатдан ёқимлироқ ва кучлироқдир.
“Зиёфатли уйда ўтиргандан кўра, ўлик чиққан уйда йиғлаган яхшироқ”, деган нақлнинг ҳам маъноси шу. Бу – лаззатнинг олий даражаси, албатта, дард-қайғу билан боғлиқ, деган фикрни англатмайди. Севги ва дўстлик шодлиги, табиатдан завқланиш, поэзиядан лаззат олиш, қолаверса, поэтик ижод билан машғуллик бундай қурама таркибга эҳтиёж сезмайди.
Кишиларга олий маънодаги лаззат бахш этиш – мана шу чинакам фойдадир. Бу лаззатни бахш этаётганлар ва яратаётганлар шоирлар ёки файласуф шоирлардир.
Локк, Юм, Гиббон, Руссо (мен бу ерда “Поэзиянинг тўрт асри” муаллифининг таърифига амал қиляпмиз. Аслини олганда, Руссо, аввало, шоир эди, қолганлари эса ҳаттоки Вольтер ҳам, бор йўғи, сўзбоздир) ва шогирдларининг мазлум, алданган инсониятни ҳимоя қилиш йўлидаги фаолиятлари миннатдорчиликка лойиқ. Агар улар ёруғ жаҳонда яшамаганларида, жаҳон ақлий ва ахлоқий томондан тараққиётнинг қайсидир босқичида қолиб кетиши мумкинлигини англаш қийин эмас. Бир ёки икки юз йилликда мислсиз кўп ахмоқона гаплар айтиларди, саноқсиз эркаклар, аёллар, болалар жаҳолатнинг оташида ёниб кул бўлардилар. Бизнинг испан инквизациясига барҳам берилгани учун қувонишимизга ҳам ҳожат қолмас эди. Аммо Данте, Петрарка, Боккаччо, Чосер, Шекспир, Кальдерон, лордлар – Бэкон ва Мильтонлар бўлмаганларида; Рафаэль ва Микаленджело яшамаганларида; агар юнон адабиётини ўрганиш йўлга қўйилмаганида; агар антик адабиёт ўзининг эътиқодлари билан ном-нишонсиз йўқолганида дунёнинг маънавий-ахлоқий манзарасини тасаввур қилишнинг имкони бўлмасди. Ушбу рағбатларсиз инсоният тафаккури на аниқ фанларни яратишга, на ижод борасида бу каби янглиш муҳокамаларни таҳлил қилиш даражасига эришолмас эди.
Бизда шу даражада кўп ахлоқий, сиёсий ва тарихий ҳақиқатлар жамландики, уларни амалиётга татбиқ этиб улгура олмаётирмиз; илмий ва иқтисодий маълумотлар ортиғи билан йиғилган бўлса-да, улардан ишлаб чиқариш тобора кўпайиб бораётган маҳсулотларимизни тўғри тақсимлашда фойдалана олмаётирмиз. Бу фанларнинг аралаш-қуралаш манфаатлари ва далил-исботлари остига поэзия дафн этилган. Бизда ахлоқда, бошқарув илмида ва сиёсий иқтисодда ёки барчамиз ҳозир муроса қилаётган ҳолатлардан кўра афзалроқ ва донороқ билимларни эгаллаш борасида етишмовчиликлар йўқ. Мақолдаги қашшоқ мушукдай,* бизнинг “хоҳлайман” дейиш истагимиз “қилолмайман”имиздан кучсизроқдир. Бизга билганларимизни тасаввурда тиклаб берадиган ижодий қобилият етишмайди; бизда тасаввур қилган нарсаларимизни амалга ошириш учун мурувват тақчил; бизга ҳаёт поэзияси етишмаётир; бизнинг ҳисоб-китобларимиз, рақамларимиз тасаввурларимиздан ўзиб кетди; биз ҳазм қилиш даражамиздан кўра кўпроқ еб қўйдик. Инсониятнинг атрофидаги олам устидан ҳукмдорлигини кенгайтираётган фанлар ривожи уларда поэтик ибтидонинг йўқлиги натижасида инсоннинг ички дунёсини торайтириб бормоқда; одам турли балоларни ўйлаб топиб, ўзи унга тобе, қул бўлиб қолмоқда. Механик фанларнинг тараққиёти юз бермаганда ҳам ҳар қандай идрокнинг асоси бўлган маънавият сўниб борар экан, кашфиётлар натижасида янги тартиблар билан меҳнат енгиллашиб, самарадорлик ошса-да, инсонлар нотенглиги кучайиб бориши шу билан изоҳланмайдими? Агар шундай бўлмаса, қайси сабабларга кўра, кашфиётлар Одам Атонинг муаммоларини енгиллаштириш ўрнига аввалги қарғишни кучайтирмоқда? Бизнинг жамиятда Худо ва Маммонлар* ўрнини Поэзия ва Бойлик замиридаги Худкомлик эгалламоқда.
Поэтик ибтидо икки томонлама таъсир кўрсатади: биринчидан, билим, шодлик ва қудратга хизмат қиладиган янгиликлар яратади, иккинчидан, онгларда уларни англанишига ундайдиган рағбатни туғдириб, барчасини гўзаллик ва эзгулик деб аталадиган оҳанг ва тартибга бўйсундиради. Манфаат ва манманлик авж олган вақтда моддий фаровонлик ортиб, уни инсон табиатининг ички қонунларига мувофиқ ўзлаштириб олиш мушкуллашада ва бундай вазиятда поэзия қанчалар зарур. Шундай пайтларда тана унга тириклик бахш этувчи руҳ учун ҳаддан ташқари баҳайбатлик қилади.
Поэзия чинакам илоҳий ҳодисадир. У онгнинг бепоён кенгликлари ва бир вақтнинг ўзида марказидир: у гоҳ барча фанларни қамраб олади, гоҳ ҳар қандай фандан кўра ишончлироқдир. Тафаккурнинг барча турларида у бир вақтнинг ўзида ҳам илдиз, ҳам ғунчадир; гоҳ кутилмаганда пайдо бўлади ва таровати билан дунёга гўзаллик бахш этади; Поэзияни хазон қилганларида мева ҳам, уруғ ҳам бермайди, шунда олам ҳаёт дарахтининг янги мевасидан ҳам, озиғидан ҳам, ям-яшил новдаларидан ҳам маҳрум бўлади. Поэзия оламнинг мафтункор чеҳраси, рангин дунёсидир. У биз учун гулни аён этгувчи ифор ҳам, ранг ҳам; айни пайтда, тонгнинг мангу гўзаллиги ҳамдир. Бойқуш қанотли манфаатнинг жасорати етмаган жойлардан Поэзиядан бошқа ким олов олиб келар эди, ҳаётимиз давомида ким бизга овунч, таскин бўла оларди, ҳаётимиздан сўнг ҳолимиз не кечишини, нимага умид қишни қандай билардик, Эзгулик, Муҳаббат, Ватанпарварлик, Дўстликни қандай англардик, биз гўзал дунёмизнинг мафтункорлигини ҳис қила олармидик? Ақл-идрокдан фарқли равишда поэзия фақат қобилиятники бўлмайди ва уни ҳеч ким ўзи хоҳлагандай тасарруф этолмайди. Одам дабдурустдан: “Мана, мен ҳозир бошлайману поэма ёзиб ташлайман”, дея олмайди. Буни буюк шоирлар ҳам айтолмайдилар; чунки яратувчи руҳ яллиғланиб турган чўғга ўхшайди, унга оний лаҳзада шамол каби кўринмас ва ўзгарувчан алангалантирувчи нафас керак; поэтик куч худди гулнинг ранги каби қалб ичра туғилади, очилгунча гўзаллашиб боради ва кейин сўлиб қолади; аммо бизнинг онгимиз унинг пайдо бўлишини олдиндан сеза олмайди. Агар унинг таъсир кучи давомли ва бошланғич софлигини сақлаб қолганда эди, натижалар оламшумул бўларди; аммо Шоир ёзиш учун қўлига қалам тутгандаёқ илҳом сўна бошлайди. Шеъриятнинг оламга энг машҳур намуналари ҳам шоирнинг дастлабки илҳом онларининг сояларидир, холос. Мен замонамизнинг буюк шоирларига шундай савол беришни истардим: наҳотки, энг яхши сатрлар фақат меҳнат ва билимнинггина меваси бўлса? Танқидчилар тавсия этаётган сабр-тоқатли меҳнат, аслида, илҳом онларини қунт билан кутиш ва чекланган поэтик куч билан юзага келтирилган зарурат орқали чинакам илҳом лаҳзалари орасидаги вақтни сунъий равишда тўлдиришга бўлган уриниш, холос. Ҳолбуки, Мильтон ҳам “Йўқотилган жаннат”ни қисмларга ажратиб қоғозга туширган бўлса-да, аввал уни тўлалигича, бир бутун ҳолда ҳис қилганди. Мильтоннинг айтишича, илҳом унга “тўқилмаган шеърлар”ни бахш этди; ва бу “Дарғазаб Роланд” асари илк сатрининг эллик олти вариантини мисол қилиб келтирувчига жавоб бўлади. Шу тарзда яратилган поэмалар поэзияга қанчалар дахлдор бўлсалар, мозаика ҳам ранг-тасвирга шундай дахлдордир. Поэтик ижоднинг инстинктив ва интуитив характери ҳайкалтарошлик ва рангтасвирда янада яққол сезилади; буюк ҳайкал ёки картина ижодкор қўлида бамисли она қорнидаги ҳомила каби етилиб боради; ҳатто яратувчи қўлларни бошқараётган ақл ҳам ижод жараёни қандай ривожланаётганини ва амалга оширилганлигини англаб етолмайди.
Поэзия – бу энг бахтиёр, энг омадли ақл соҳибларининг энг яхши ва бахтли лаҳзаларининг солномасидир. Биз унда маълум ва машҳур жойлар ҳамда шахслар билан боғланган ёки баъзан фақатгина бизнинг ички дунёмизга боғлиқ фикр ва туйғуларнинг оний жилваларини илғаб оламиз; бу жилвалар фавқулодда ҳолатда юзага келади ва бизнинг иродамизга бўйсунмаган равишда ногаҳон ғойиб бўлади, бироқ улар қалбимизни тўлқинлантиради ҳамда бизни сўз билан ифодалаб бўлмас даражада завқлантиради: шунда улар қолдирган истак-хоҳишлар, кечинмаларга шодлик қоришади, чунки унинг табиати шундай. Қалбимизда гўёки олий ибтидо уйғонади, аммо унинг ҳаракати денгиз узра елган шамолдай – унинг излари маржон тўлқинларда мавжланиб, соҳил қумларига тўлқинсимон муҳрини босади. Бундай қалб кўринишлари айнан нозик дид ва жонли тасаввурга эга истеъдодлар тақдирига хосдир; бундай қалб юксак наволарга ҳамоҳанг, ҳар қандай разил истакларга нисбатан муросасиз. Руҳнинг шу ҳолати билан севги, дўстлик, эзгулик ва ватанпарварлик муштарак: у парвоз этар экан, кишининг шахсий манфаатлари, қизиқишлари коинот олдида атом заррасидай бўлиб қолади. Шоирлар нафақат нозик қалб соҳиблари, балки шундай бўлишга мубталодирлар, ўз яратганларини самовий рангларга бўяй оладилар; улар бир сўз, бир чизги билан қай бир саҳна ёки кечинманинг сеҳрли торини чертиб қўйишлари ва кимдир, қачондир шундай туйғуни туйганини ёдга солишлари, ўтмишнинг сўнгган ва аллақачонлар унутилган лаҳзаларини тирилтиришлари мумкин. Поэзия шу тахлит олам гўзалликлари ва эзгуликларига боқийлик ато қилади; у самоларда қанотсиз парвоз қилаётган оний туйғуларни, кимнингдир қалбида мавжуд, бироқ кенг оламга чиқа олмаётган ҳиссиётларни сўзларга ва чизгиларга жо этиб, эзгу ва қувончли хушхабар каби оламга таратади. Поэзия одамда илоҳийлик зуҳур этувчи дақиқаларни ҳалокатдан сақлаб қолади.
Поэзия бутун борлиқни қайта тиклайди: гўзалликни янада жозибали қилади, хунукларга чирой бахш этади. У ҳайрат ва даҳшатни, боқийлик ва фонийликни, шодлик ва қайғуни яхлит-муштарак қилади; ўзининг енгил ва нозик риштаси билан нимаки айрим, алоҳида бўлса, барчасини бирлаштира олади. У нимагаки тегиб ўтса, унинг моҳиятида яшаётган руҳни намоён этади, жилолантиради; унинг жозибали оламига кирган ҳар бир нарса, ҳодиса сеҳрли эврилишга, ўзгаришга дучор бўлади. Поэзиянинг алкимёси тирикларни заҳарловчи оғуни ҳам олтинга айлантира олиши мумкин; у борлиқ олам қиёфасида азалдан мавжуд бўлган, кўзларимиз ўрганиб қолган пардаларни юлиб ташлайди ва биз борлиқнинг яланғоч уйқудаги гўзалига, бошқача айтганда, унинг қалбига маҳлиё бўлиб қоламиз.
Ҳамма нарса қандай қабул қилинса, ҳар ҳолда, қабул қилувчи учун, шундайлигича мавжуддир. “Руҳ ўзига ўзи макондир,* Самодан Дўзахни яратар, Дўзахдан Самони”. Аммо поэзия бизнинг кутилмаган турмуш ташвишларига банд этган жамики қарғишларни енгиб ўтади, у ҳамиша хаёлимиз ичра ҳаёт яратади. У бизни шундай оламга олиб кирадики, унинг қошида одатдаги ҳаётимиз ўта бетартиб ва палапартиш кўриниб кетади. Биз поэзия яратаётган ўзгача оламни қабул қилар эканмиз, унинг бир қисмини ўзимиз бунёд этамиз: поэзия бизнинг ички нигоҳимизни турмушимиз ғаройиботларига парда ташлаган қолдиқлардан тозалаб, софлайди. Ўзимиз идрок этган нарса-ҳодисаларни ҳис этишга, билган нарсаларимизни тасаввур қилишга ундайди. Такрорланавериб ўтмаслашиб қолган кечинмаларимизга барҳам бериб, онгимизда янги олам яратади. У Тассонинг “Non merita nome di Cleatore se non Iddio ed il Poeta” (Худо ва шоирдан бошқа ҳеч ким Яратувчи деган номга лойиқ эмас (итал) деган бироз қалтис, аммо моҳиятан ҳақ сўзларини оқлайди.
Бошқаларга буюк донишмандликнинг шодлик, эзгулик ва шон-шараф хазинасини инъом этган шоирнинг ўзи ҳам бахтли, доно, аъло ва бир қадар шарафланган одамлар қаторида бўлиши шарт. Унинг шон-шарафга дахлдорлигига келсак, шоир шуҳрати билан инсонлар турмушининг бошқа бирон бунёдкори шуҳрати тенглаша оладими-йўқми, буни Вақт кўрсатади. Биргина шоир эканлиги туфайли ҳам у доно, бахтли ва аълодир, бунга шубҳа йўқ; буюк шоирлар ҳамиша покиза қалб соҳиблари ва донишманд бўлганлар, кечирган ҳаётларининг энг сирли пучмоқларига назар ташланганда ҳам одамларнинг энг бахтлиси улар эканликлари аён бўлади; кимки чинакам буюк истеъдод соҳиби бўлса, бу қоидани тасдиқлайди, инкор этмайди. Бир лаҳза кўпчилик орасида тарқалган муҳокамаларга эътибор қиламиз ва ўзимизни бир-бирига зид бўлган айбловчи, гувоҳ, қози ва ҳукм ижрочиси деб билиб, далилларсиз ва суд ҳукмисиз қарор қиламизки, айрим “номлари тилларда достон бўлган” алломалар ўз шаънига номуносиб амалларни ҳам қилганлар. Масалан, Гомер майхўр, Вергилий ёлғончи, Гораций қўрқоқ, Тассо телба, Бэкон судхўр, Рафаэль фоҳишабоз, Спенсер шоир-лауреат бўлган. Трактатимизнинг бу қисмида замондош шоирларимизнинг номларини келтиришимиз нотўғри бўларди, аммо биз юқорида таъкидлаган буюклар авлодлар томонидан тўлиқ оқланганлар. Уларнинг қилмишлари тортиб кўрилган ва бу хокларидан ҳам енгил чиққан; гарчи гуноҳлари алвон ва қирмизи рангдан ҳам қизилроқ эса-да – ҳозир улар оппоқ, қордай беғубор, барчани муросага келтирувчи ва кафил бўлмиш буюк Вақтнинг қони билан ювилган. Аҳамият берсангиз, Поэзия ва шоирлар ҳақида нақадар беўхшов бўҳтон, ҳақиқат ва ёлғон қоришмасидан иборат миш-мишлар тарқалган: ўйлаб кўринг, баъзан ҳаётда кўп нарсалар, аслида, сиз ўйлагандек бўлиб чиқмайди ёки уларнинг асли ҳақида сиз бошқача фикрлаган бўласиз. Бас, шундай экан, ўзингизга ҳам қаранг ва ҳеч кимни муҳокама қилманг, шунда ўзингиз ҳам миш-мишларга нишон бўлмайсиз.
Юқорида таъкидлаганимиздай, поэзия мантиқдан шу билан фарқланадики, у бевосита ақлга бўйсунмасдир ва яратилиши бевосита онг ва иродадан холис. Тафаккур соҳасида ҳар қандай оқибат учун зарур шароит – сабаб бўлишини тасдиқлаш ҳаддан ташқари соддалик бўларди. Поэтик туйғуларнинг қўзғалиши билан шоир онгидаги одатий уйғунлик ўзига хос табиати ёки унинг бошқаларга таъсирига мувофиқ ўзгаришини англаш қийин эмас. Аммо, аслида, мунтазам бўлмаган қисқа-қисқа илҳом онлари оралиқларида шоир одатдаги инсонга айланади ва бошқа одамлар доимий учрайдиган борлиқ таъсирига дучор бўлади. Нозик қалби, ўзининг ва ўзгаларнинг ғам-аламлари, ташвишлари, шодликларига ўта таъсирчанлиги билан у бошқаларга қараганда катта эҳтирос билан биринчисидан қочиб иккинчисига интилади. Шунда у ҳамма талпинаётган шодлик ёки қочаётган қайғуни эътибордан қолдирса, иккаласини алмаштириб қўйса, миш-мишларга нишон бўлиши аниқ.
Бироқ бундай янглишувлар ҳар доим ҳам жиноят эмас ва таъкидланган шоирларда шафқатсизлик, ҳасад, қасос, маккорлик ва бошқа кучли ёвузликлар кузатилмаган.
Ҳақиқат тантанаси учун бу масалани қандай ўйлаган бўлсам, шундай чизгилар тартибида жойлаштиришни мақбул, деб ҳисобладим. Бу трактат мунозарали жавоб шаклида ёзилмаган бўлса-да, агар ўқувчи ҳаққоний эътироф этса, “Поэзиянинг тўрт асри”даги қарашларга раддия мужассамлашган (ҳар ҳолда, биринчи қисмида). Мазкур асар муаллифи бўлган олим ва мутафаккирни айнан нима ғазаблантирганлигини топиш қийин эмас. Худди у каби мен ҳам хириллаган Кодрларнинг замонавий “Тезеида”си* билан ғурурланишга муҳтож эмасман. Бавий ва Мевий* чидаб бўлмас яратмалар эди ва шундайлигича қолади. Бироқ агар танқидчи бир вақтнинг ўзида файласуф бўлса, у аралаштириб юборишдан кўра, кўпроқ фарқлай билиши керак, деб ўйлайман.
Мулоҳазаларимнинг биринчи қисми Поэзиянинг моҳияти ва тамойилларига тегишли; асарнинг чегараланган ҳажми имкон берганича поэзиянинг гўзаллик ва уйғунликнинг бошқа шакллари билан умумий манбага эгалиги, инсон ҳаётининг мазмунини ифодалаши ҳақидаги фикрларга тўхталдим. Шубҳасиз, улар олий маънодаги Поэзияни англатади.
Мулоҳазаларимнинг иккинчи қисмида бу умумий тамойилларни ҳозирги замон поэзиясига татбиқ этишга ҳаракат қилдим, шунингдек, кундалик ҳаётимиз ва қарашларимизни поэзияга татбиқ этиш ва уларнинг поэтик ибтидога бўйсунишини асослашга интилдим. Чунки халқ иродаси ўзининг буюклиги ва эркинлигини намоён этган паллаларда инглиз адабиёти ҳар доим кучли юксалишни бошдан кечирган, ҳозир ҳам янги ҳаёт арафасида турибди. Бизнинг давримизда замонавий ижодкорларнинг иззат нафсини камситаётган ҳолатлар учраб турганига қарамай, давримиз юксак маънавий жасоратлар асри бўлиб тарихда қолажак; биз фуқаро ва эътиқод озодлиги учун халқ кураши замонидан сўнг пайдо бўлган курашчилардан юқорироқ турувчи шоирлар ва мутафаккирлар орасида яшамоқдамиз. Поэзия эзгу ўзгаришлар, янги жамият қуриш учун курашга уйғотишда буюк халқнинг энг содиқ даракчиси, сафдоши ва йўлдошидир. Бундай вақтларда инсон ва табиат ҳақида юксак оловли сўзларни айтишга идрокимиз, қобилиятимиз янада ортади. Кимларки бундай қудратга тўлган бўлсалар, улар албатта, келгуси кунлар ҳақида башорат қилгувчи руҳ ҳукмидадирлар. Аммо ундан бош тортган тақдирларида ҳам ўз қалбларидаги Ҳукмрон туйғуларга хизмат қилишга маҳкумдирлар.
Давримизнинг шон-шуҳратга эришган ёзувчиларининг асарларини ўқиш ва уларнинг ҳаяжонли сўзларидаги жўшқин ҳаётнинг эҳтиросли ифодасидан ҳайратга тушмасликнинг иложи йўқ. Улар ғайритабиий зукколик билан инсон табиатининг барча қирраларини ҳамда чуқурликларини қамрай ва чамалай олмоқдалар, балки бошқаларга қараганда уларда шундай куч-қудрат пайдо бўлганидан ҳайратда қолиш керакдир, зеро бу нафақат ўзларининг руҳи, балки, айни пайтда, даврнинг руҳидир. Шоирлар ақл бовар қилмайдиган илҳом фидойилари; тобора яқинлашиб келаётган келажакнинг бугунга тушаётган соясини акс эттираётган кўзгу; улар ўзлари ҳам англаб етолмайдиган маъноларни англатгувчи калом; улар бамисоли барчани жангга чорлагани ҳолда чорлов овозини ўзлари эшитмаётган бурғу; улар шундай бир кучдирларки, бошқаларни ҳаракатга келтириб, ўзлари жойида мустаҳкам ва қойим қолгувчилардир.
Шоирлар – дунёнинг эътироф этилмаган қонунчи ижодкорларидир.

Ҳумоюн таржимаси

Изоҳлар:
* Перси Биши Шеллининг “Поэзия ҳимояси” трактати 1821 йил март ойида ёзилган.Маълумки, у даврда “Поэзия” деганда, бугунгидек фақат шеърият эмас, балки бадиий адабиётнинг ҳар учала тури тушунилган.
*Геродот, Плутарх, Тит Ливий шоир бўлганлар – анъанавий инглиз поэтикасида бундай муносабат Ф. Сиднининг “Поэзия ҳимояси” трактатидан бошланган.
*“Шоҳ Эдип” – Софоклнинг Эдип тўғрисидаги трилогияси биринчи қисми.
*“Агамемнон” – Эсхилнинг “Ористея” трилогияси биринчи қисми.
* “Филактет” – Софокл трагедияси.
*Афина шоирларининг… – Эсхил, Софокл, Еврипид назарда тутилмоқда.
*Астрея – олтин асрда бошқарган ҳақгўйлик маъбудаси Дикнинг тахаллуси.
*Энний, Квинт (239-169 йй. эрамиздан аввал) – римлик шоир, драматург.
*Варрон, Публий Теренций – эрамиздан аввал I асрда яшаган римлик шоир.
*Пакувий (220-130 йй. э.а.) – Энний шогирди, римлик шоир.
*Акций (170-85 йй. э.а.) – рим фожианависи, жангчи.
*Лукреций (94-55 йй. э.а) – римлик шоир, донишманд.
*Публий Вергилий Марон (70-19? йй. э.а.) – римлик шоир, “Буколикалар”, “Георгикалар” ва “Энеида” асарларининг муаллифи.
*Квинт Гораций Флакк (65-8 йй. э.а.) – римлик шоир.
*Катулл Гай Валерий (87-54 йй. э.а.) – римлик лирик шоир.
*Публий Овидий Назон (43 й. э.а. – 18 й.) – римлик шоир.
*Камилл Марк Фурий (эрамизгача бўлган V аср охири – VI аср бошлари) – Рим саркардаси, Римни галлар босқинидан ҳимоя қилган.
*Регул Марк Атилий (эрамизгача бўлган III аср). Римлик саркарда, I Пуник уруши қатнашчиси. Карфаген остонасида асирга тушган ва ўлдирилган.
* Канн яқинидаги жангда – 216 йил карфагенлик саркарда Ганнибал Рим қўшинини енгган.
*Мусо, Иова, Довуд ва Исо поэзияси – “Пайғамбарлар китоби” назарда тутилмоқда.
* … уч тоифа … – донолик, мардлик ва ишонч (Платон “Тимей”).
* “…нур хиралашиб…” – В. Шекспир. Макбет (III, 2).
*Тимей – (IV аср э.а.) қадимги юнон донишманди.
*“Дарғазаб Роланд” Ариосто, “Озод бўлган Қуддус” Тассо, “Луизиада” Камоэнс, “Фаришталар қироличаси” Эдмунд Спенсер асарлари.
*Чосер, Жеффри (1340-1400 й.) – инглиз шоири, Ф. Сидни юқори боҳолаган.
*“Поэзиянинг тўрт асри” асарининг муаллифи – инглиз ёзувчиси Т.Л. Пикок.
*“Борга бераман, йўқдан йўндираман” – Инжил, Матвей (XXV, 29).
*… мақолдаги қашшоқ мушукдай… – В. Шекспир. “Макбет” (1,7).
*Маммон – қадимги сурия мифологиясида манфаатпарастлик тангриси.
*“Руҳ ўзи ўзига макондир…” – Мильтон. “Йўқотилган жаннат” (1,254,5).
*Замонавий “Тезеида” – Ювенал шоир ва унинг асарларига барҳам бериш учун шундай баҳони ўйлаб топган.
*Бавий ва Мевий – Вергилий ва Гораций устидан кулган шоирлар.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 5-6-сонлар