Кунлардан бирида боғбон ибодатхона олдига келиб, унинг эшигини тақиллата бошлади. Кўп ўтмай, эшик очилиб, бўсағада тақводор эркак кўринди. Боғбон унга салом бериб, қўлидаги бир бош узумни узатиб, деди:
– Биродар, мана бу узумзоримдан сизга бир туҳфа. Сизга атаб олиб келдим. Қўлимни қайтарманг.
-Раҳмат,-деди художўй эркак,-Буни зудлик билан устозимга элтиб бераман. У, албатта, хурсанд бўлади.
-Йўқ, Мен бу мевани сиз учун олиб келдим,-эътироз билдирди боғбон.
– Менга? Наҳотки? Буни тановул қилишга менданда лойиқ иснон турганда-я?
– Ҳар доим мана шу ерга келганимда даставвал эшикни сиз очасиз. Кейин менга қилган яхшилигингиз ҳеч эсимдан чиқмайди.
-Қандай яхшилик?-ҳайрон бўлди тақводор эркак.
-Эсингиздами? Бир йили қурғоқчилик келиб, ҳосилим нест-нобду бўлган эди. Очлик тинка-мадоримни қуритиб, ўлим чангал солганида ҳар кун менга нон ва шарбат келтирар эдингиз. Мана шу бир бош узум сизга қуёш меҳри, ёмғир тароватини ҳам бахш этади.
Тақводор киши боғбоннинг сўзларидан таъсирланиб, охири унинг қўлидан узумни олди ва ҳужрасига олиб кириб, бир четга қўйди. Мевани ейиш истаги қанчалар кучли бўлмасин, эрталаб художўй узумни устози олдига олиб борди.
Устоз шогирдидан бағоят мамнун бўлиб, унинг қўлидан мевани олди, бироқ шу дам кўнглига бир ўй келди:
«Неча кундан бери бир биродарим бемор ётибди. Узумни шунга олиб бориб бераман».
Шу тариқа бемор ҳонасида узум пайдо бўлди. Аммо у мевани ейишга шошилмади.
«Ошпаз менга ғамхўрлик қилади. Мазали таомлар пишириб беради. Кўнглимни кўтаришга уринади. Келса, узумни унга бераман…»
Ошпаз тушлик маҳали бир коса овқат кўтариб келганида бемор миннатдорчилик билдириб, бир четда турган мевага ишора қилди:
«Мана шуни олиб кетинг, сизга олиб қўйгандим. Томоғимдан ҳеч ўтмаяпти. Ширин таомларингиз билан ҳар куни мени хурсанд этасиз. Мен ҳам бир маротаба сизнинг кўнглингизни шод этай».
Ошпаз ғарқ пишган узумга қараб кўзлари қувнади. Унинг ёрқин ранги, ширага тўлиб турган дона-дона «шарча»лардан тамшаниб қўйди. Мевани олиб, кўчага чиқдию, бирдан ризахона мудири ёдига келди. У билан неча йиллардан бери дўст эди. У ҳам ўз навбатида туҳфалар бериб турар эди. Ошпаз узумни шу дўстига тортиқ қилишни кўнглига тугди.
Ризахона мудири узумни олгач, дарҳол шогирдини чақирди. У ибодатхонага келган ўспирин бола. Яратганнинг инсониятга берган неъмати мўл ва ранг-баранг, узум шулардан бири эканлигини уқдирмоқчи, шу билан унинг кўнглида Тангрига нисбатан муҳаббатни кучайтирмоқчи бўлди.
Шогирд узумга эга бўлдию, туйқус хаёлига ибодатхона калитбони келди. Бу одам мендан кўра шу мевани ейишга ҳақли, чунки бу ерга келганимда менга эшикни очган эди ва меҳр кўргазган эди,-кўнглидан ўй ўтди ва дарҳол ишга киришди. Шогирд кечқурун калитбоннинг олдига бориб, ризохона мудири ҳадя этган мевани унга тутқазаркан, деди:
-Буни сизга олиб келдим. Бу ерда ҳаммамиздан кўра узоқ вақт хизмат қилиб келяпсиз. Сиз ҳурматга лойиқ одамсиз.
Калитбон узумга қараган он таниди. Мевани кеча боғбон бериб кетган эди. Бир кеча-кундузда нечта одам қўлидан ўтиб, айланиб-айланиб, яна ўзига келди. Узум ўзига тақдир қилганини тушунди ва узвий давом этаётган муҳаббат риштаси мустаҳкамлигига иқрор бўлди.
Умид Али таржимаcи