Иван Бунин. Чиптаковуш (ҳикоя)

Бешинчи куни эсган изғирин кўзни очирмай қўйди. Кўзни қамаштиргувчи оппоқ қор ва ғира-шира илғанаётган, совуқ забтига олган хутор кулбаларидан бирида қайғу ҳукмрон эди: бу уйда мурғак бир бола оғриб ётарди. Кичкина бемор иситмаси кўтарилиб, алаҳсираганида ғингшиб аллақандай қизил чиптаковуш беришларини ёлвориб сўрарди. Муштипар она куну тун жажжи ўғлининг тўшаги олдидан жилмас, қўрқув ва ночорликдан аламиини ичга сиғдиролмай аччиқ-аччиқ кўз ёш тўкарди. Нима қилса бўлади, қандай ёрдам бериш мумкин? Эр хизмат сафарида бўлса, отлар ювошмас, эплаш қийин, касалхонагача эса ўттиз чақирим йўл босиш керак. Дўхтирга хабар етказилган тақдирда ҳам бундай совуқ авжига чиққан кунда унинг келиши даргумон…
Даҳлизда тақиллаган овоз эшитилди-Нефед келтирган бир уюм похолни полга ташлаб, ҳансираган кўйи кафтларини уҳлаб, бир-бирига ишқаб, иситаркан, сўнг хона эшигини қия очиб, бекага юзланди:
-Хўш, бекам, аҳволи қандай? Хиёл енгиллашиб қолдими?
-Қаёқда дейсан, Нефед! Аллақаёқдаги нарсаларни сўрайдимией? Қизил чиптаковушни сўраяпти…
-Қизил чиптаковуш? Бу нима бўлдийкан?
-Худо билади. Алаҳсираяпти. Иситмаси тушмаяпти. Оташи жаҳон бўлиб ётибди, болам бечора.
Нефед телпак бостирилган бошини ирғаб, ўйга ботди. Телпак, соқол, эски почапўстин, қийшайган пиймалар… қор остида қолган, муз қотган… Туйқус ўжарлиги тутди йигитнинг:
-Таёқчани сўраяптими, кўнгли шу нарсани хоҳлаяптими, демак топиш керак, топиш.
-Қаерда экан бу зормонда?
– Новосёлкага бориш керак. Растада бордир. Қизили топилмаса ҳам фуксин билан бўяймиз.
-Худо хайрингни берсин, Новосёлкагача олти чақиримлик йўлку? Бу изғиринда юриб бўладими?
Тағин ўйга ботди Нефед, аммо зум ўтмай тилга кирди.
-Ҳечқиси йўқ, бораман. Чиқмаган жондан умид, яёв борсам ҳам зарар қилмайди. Шамолга терс туриб бораман.
Нефед эшикни қия очиқ қолдирганча чиқиб кетди. Ошхонада бир сўз ҳам қотмай, чакмонни кийди-да, устидан калтапўстинни эгнига илиб, белини оҳори кетган белбоғ билан гир айлантириб маҳкам сиқди. Сўнг қўлига қамчини олиб эшикка чиқди. Қоруюмларини ғарч-қурч босганча ҳовли оша дарвозага етди ва мисоли қутураётган чўл денгизига рўбарў бўлди.
Туш ўтиб, сўнг атрофга қоронғи туша бошлагач, муштипар аёлнинг кўнглига хавотир оралади – Нефед бу маҳалгача қайтмаганди. “Етиб олган бўлса, тунаш учун қўноққа қолгандир”,-дея ўзини овутди. Неча кунларга чўзиладиган бундай совуқ ҳавода уйга қайтишга ҳам эринасан киши. Эртага тушликкача кутиш керак. Хизматкорнинг уйда йўқлиги аёлнинг кўнглига баттар ваҳм солар, тун тобора қўрқинчли туйиларди. Бутун уйни мана шу хавф-хавотир чулғаб олганди: зим-зимистонда, кўзни очирмайдиган бўронли қорда шўрлик не аҳволда қолди экан?
 Мойчироқ олови ловуллаб ёнар, титраб-кўтарилиб ёлқин таратарди. Муштипар она уни олиб полга, кроватдан сал нарига қўйди. Болакай қилт этмай ётар, шуълада унинг сояси девор бўйлаб кўтарилиб, ҳайбатли тус олар, олов ҳар титраганда соя ҳам шунга монанад нари бориб – нари келарди. Бемор ҳуш-беҳуш кўнгил истаги тинчлик бермаётган нарсани талаб қилишдан тўхтамасди. Баъзан аччиқ кўз ёшларини оқизиб, ёлворишга ҳам тушарди:
-Ойижон, бера қолинг! Жон ойижон, чиптаковушмни беринг!
Бу дам онаизор тиззаларини ерга ташлаб, кўксини муштлай кетарди:
-Эй худо, ёрдам бер! Ўзинг қутқар!
Ниҳоят, тун ариб, тонг оқаргач, дераза ортида ғала-ғовур эшитилди. Бека бу изғирин товуши эмаслигига, одамлар овози келаётганига амин бўлди. Кейин кимдир деразани бетоқатларча тиқиллатди.
Беканинг ҳовлисига шошиб кириб келганлар новосельсклик эркаклар эди. Улар Нефеднинг буткул муз қотиб тарашадай қотган, оппоқ, жонсиз жасадини кўтариб келишганди. Улар шаҳардан қайтишаётганда адашиб қолиб, туни билан изғишган, тонгда ногоҳ ўтлоқ олдидан чиқиб қолишибди. Сал нарида даҳшатли қорга ботиб тарракдай қотган отга йўлиқишибди. Бу аянчли манзарадан ичларига қўрқув тушиб, “энди барчамиз шу ерда ўлиб кетамиз” деб умидлари сўнганида учи кўриниб турган пиймани кўриб қолишибди. Қорни титиб, пийма кийган одамни қор уюмидан тортиб чиқаришса, у жуда таниш одам чиқибди, аммо бахтга қарши танада жондан асар қолмаган экан. Ўтлоқ хуторга қарашли эканига ишонч ҳосил қилган новосельсклик йўловчилар нажот топилганидан мамнун бўлишибдию, аммо бошқа тарафдан кўнгилларини қайғу қамраб олибди. Улар жасадни даст кўтариб, беканинг кулбаси томон юришибди.
Дарвоқе, Нефеднинг қўйнида янги чиптаковушси ва фуксин бўёғи солинган шиша ҳам бор экан.
______________
*чиптаковуш – юпқа, тилим-тилим пўстлоқдан тўқилган оёқ кийими

Умид Али таржимаcи