Альберт олти йиллик қамоқдан сўнг уйига қайтди. Ўша мусиқачилар кўчаси, 65-хонадон. Унинг уйи одми, бироқ шинамгина эди. Ташқаридан қараганда жуда кичик ва тор кўринади, аммо ичкари тарафдан ҳовли катта. Бу кўчадагилар баланд ва дабдабали уй қуришни ёқтиришмайди. Шунинг учун ҳам бу ердаги уйлар бир-биридан паст, камтарона, яшаётган хонадонлари кўнгилларидек содда ва тартибли. Альберт очиқ дарвозадан кирар экан, ҳаяжондан боши айланар, юраги безовта ва тартибсиз урар эди.
Олти йил оз муддат эмас. Ёруғ ҳовли томон қадам босар экан, Альбертнинг кўзларидан ёш чиқиб кетди. Қоронғи кунлар, маҳбусликдаги оила соғинчи… Энди барчаси ортда қолди, дея мусаффо осмонга қаради. Қаради-ю, хаёлидан қандайдир тизгинсиз фикрлар ўтарди. Вужуд озод, аммо қалб эрксиздек эди. Ҳовли ичкарисида кичик ҳовуз ёнида нималарнидир ерга чизиб ўтирган саккиз ёшли болакайни кўриб, бақириб юборди.
– Ўғли-и-им, – овоз бўғиқ ва паст чиқди.
Бу болакай Удо эди. У эркак кишидан “Ўғлим” деган овозни эшитмаган (қачонлардир эшитган, бироқ эслолмайди). Удо ҳайрон қолди. Дадасининг келганини шу дамда хаёлига сиғдиролмасди. Шунинг учун бироз жим турди. Сўнг қўлидагиларни ерга ташлади-да, отаси томон югурди. Альберт ҳаяжондан ўғлига пешвоз чиқишга улгурмади ҳам. Шошиб келган болакай отасининг титроқ оёқларини қучиб олди. Чунки у бу оёқларнинг ташрифига жуда интизор эди. Катта катталигига, кичик кичиклигига қарамасдан, йиғлаб шовқин солдилар. Ота-боланинг овозидан Альбертнинг келганини меҳмонни кўнгилдагидек кутиш учун ошхонада тараддуд кўраётган Альбертнинг онаси Аника ва рафиқаси Шади ҳам сезди. Кўз кўзга тушгач, кучли ҳаяжон қўзғалди. Ҳамма йиғлади. Айниқса, Шади ҳаммадан кўпроқ обидийда қилди. Чунки ҳаётнинг шафқатсиз чархпалаги шундай бетиним, бераҳмлик билан айландики, у соғинч аталмиш илгичи билан Шадининг юрагини эзи-и-иб, бир ерини тирнаб ўтди. Кўз ўнгида отасиз катта бўлаётган, кундан-кун улғаяётган Удо ва фарзанди кўмагию меҳрига муҳтожлиги қаддини букиб қўйган она. Ҳа, буларнинг ҳаммасини иложсиз олти йил кузатиб ўтирган Шади учун оғир эди. Мана, ўша нурли кун келди. Энди ҳаёт янгидан бошланади. Фақат бугун Альберт роса чарчаган. Озиб-тўзиб кетган. Ахир у олти йил қамоқда шоҳона яшамаган. Унинг озиб кетишини тушунса бўлади. Аммо бугун кечқурун шоҳона зиёфат бўлиши тайин. Шундай ҳам бўлди. Зиёфатга севимли қўшнилар ва яқин қариндошлар ҳам келишганди. Самимий ўтган кечки меҳмондорчиликдан сўнг ҳамма яхши ниятлар билдириб уйига тарқалди. Альберт ўзининг хонасига кириб кетди. Удо тамадди ярмидаёқ ухлаб қолган эди. Аника ҳам Удодан қолишмади. Ҳа, энди қарилик. Шади бўлса майин овозда қўшиқ айтарди. Гўёки тонг ёришиб сайроқи қушлар хониш қилаётгандек эди. Стол устидаги вино қолдиқларини бир идишга солар экан, кайфияти ўзгармайди. Чеҳрасида нимтабассум. Бу табассум худди Худо томонидан ҳадя этилгандек юзида қотиб қолган эди. Дастлаб ширинликлар, сўнг ёғли егуликлар солинган идишлар йиғиштирилиб, ювилди. Ҳамма иш бажарилгач, стол устига оппоқ мато ташланди. Стуллар стол тагига киритилди. Бир дунё иш бир зумда адо бўлди. Ўша кайфият ва ўша табассум билан Шади Альберт кирган хонага юзланди. Кирди-ю, юраги орқага тортиб кетди. Не кўз билан кўрсинким, Альберт ухлаб ётар, унинг боши устида Шадига бутунлай нотаниш, ёқимсиз ва бадбўй тутун бурқсирди. Эрнинг бундай лоқайдлигини ақлига сиғдиролмаган аёлнинг бир лаҳзада ўйлари чалкашди. Маҳбуснинг хотини дея иддаоли мурожаатлар энди гиёҳванднинг аёли дея ўзгаради. Бу Шадининг соғинч ва муҳаббатга тўла қалбидаги умидларини сўндирди. Унга бир онда дарз кетди.
Озишнинг ҳам, тўзишнинг ҳам сабаби бор экан…
Немис тилидан Дилобар Аслиддин қизи таржимаси
“Шарқ юлдузи”, 2017 йил, 11-сон