Шаҳар марказида Бахтиёр Шаҳзода ҳайкали турарди. Ҳайкалнинг бутун танаси қимматбаҳо тошлардан ишланган. Ноёб дурдан ясалган кўзи худди тирик одамникидек чақнар, ял-ял ёнаётган қиличи эса соф олтиндан эди.
У одамларнинг ишонч ва умид тимсолига айланган эди. Яшашдан умидини буткул узган, тушкунликка тушган ҳар қандай одам унга нигоҳи тушгани ҳамон кўнгли бир қадар таскин топиб, ҳаётга ишончи ортарди.
Ширинлик тегмагани туфайли оймомога тикилганча хархаша қилиб ўтирган болакайга онаси: “Сен Бахтиёр Шаҳзоданинг қўлига сув ҳам қуёлмайсан. У ҳеч қачон, ҳеч нарса учун кўзёшини оқизмаган”, дерди.
Дарсдан қайтаётган мактаб ўқувчилари унинг ёнидан ўтаётиб:
– Фариштага ўхшаркан-а! – дея ҳайкалга ҳайрат билан боқдилар.
Уларнинг бу гапидан ажабланган математика ўқитувчиси:
– Қаердан биласиз? Тириклигида унга ҳеч қачон дуч келмагансиз-ку! – деди.
– Тушимизда кўрганмиз уни, – дея жавоб қилди болалар.
Ҳайрати ошган ўқитувчи чуқур ўйга толди.
Унга каттаю кичик ҳамма ҳавас билан тикиларди. Ўзини гўё ашаддий санъат шайдосидай кўрсатишга уринаётган шаҳар ҳокими:
– У нафақат ғуруримиз, балки чинакам санъат дурдонасидир, – деди. Атрофдагилар унинг санъатни яхши тушунмаслигини фаҳмласалар-да, оғзидан чиққанини маъқуллашарди.
Тунда шаҳар узра митти қалдирғоч учиб ўтди. Сафдошлари олти ҳафта бурун Мисрга учиб кетган, бироқ у денгиз ўсимликларидан кўнгил узолмай ортда қолганди. Денгиз узра пастлаб учаркан, сап-сариқ капалакка кўзи тушди ва беихтиёр унга мафтун бўлди. Бироз ўйноқлаб учгач, капалак билан суҳбатлашгани тўхтади. Баногоҳ соҳилда барқ уриб турган япроққа кўзи тушди-ю, капалакни тамоман унутиб, япроққа парвона бўлди. Япроқ ҳам унга гўё ҳурмат бажо келтириб таъзим қилаётгандек эди. Қалдирғоч уни айланиб учаверди, учаверди. Митти қанотчаларини қоқиб, питирлаб сувни тўлқинлантирар, оғзига сув олиб, япроқ пойига қуярди. Япроқ қушнинг жуфтига айланганди гўё. Қалдирғоч ўша ерда ёз охиригача қолиб кетди, аммо вақт ўтгани сайин тобора ёлғизлик гирдобига ғарқ бўлиб борарди. Япроқ ҳамон сассиз, қалдирғоч рашк ўтида азобланарди. Унинг ҳисларига япроқнинг бепарволиги аён бўлиб қолди. Сокин эсаётган майин шабада япроқни эркалатар, у эса бахтдан масрур рақс тушарди. Бундан қалдирғоч дарғазаб бўлди ва япроқдан ихлоси қайтди. Қалдирғоч ўзига-ўзи: “У саёҳат қилолмайди, парвозга ҳам ярамайди. Менинг эса саёҳат жону дилим, устига-устак, жаҳонгаштаман. Бўлғуси жуфтим ўзимга ўхшаса нур устига нур эди-я”, дея хаёлидан ўтказди ва япроқдан сўнгги бор:
– Мен билан бирга кетасанми? – деб сўради.
Япроқ эса бош эгганича жим тураверди. Негаки, унинг танаси ўз жойига мустаҳкам ўрнашган, Худо уни шундай яратганди. Чинданам, улар ҳеч қандай жиҳатдан бир-бирига ўхшамасди. Шу боис бу муҳаббатда мантиқ йўқ эди. Чунки улар буткул бошқа-бошқа жинс бўлиб яралганди. Ниҳоят юрак-бағри тилка-пора қалдирғоч: “Алвидо!” деганича япроқни умрбод тарк этиб учиб кетди.
У кун бўйи учди ва тун қоронғисида улкан шаҳарга етиб келди. Узоқ ва машаққатли парвоздан сўнг ҳолдан тойган қалдирғоч: “Қаерга қўнсам экан, шаҳар аҳли менга у-бу нарса ҳозирлаб қўйгандир”, дея кўнглидан ўтказди. Кутилмаганда, баланд тепаликдаги улкан ҳайкалга кўзи тушди. Ўзига-ўзи: “Шу ерга қўнаман, бу ерда тоза ҳаво кўп бўлади, – деди. Шундай қилиб, у бахтиёр шаҳзода ҳайкалини танлади ва бироз тин олиш учун атрофга аланглади, – Ухлагани энг мақбул жой, – дея ўзига-ўзи пичирлади у ва мизғиб олгани жажжи бошини қанотлари остига қўйган ҳам эдики, қаердандир бир томчи сув томди. – Қизиқ, осмонда булут кўринмайди. Юлдузлар равшан порлаб туришига қарамай ёмғир ёғса-я, – ҳайрон бўлди у. – Денгиз япроғи ёмғирни севарди, бироқ бу ҳам унинг худбинлигидан эди. – Кейин яна бир томчи тушди. – Бу қандай ҳайкал бўлди-я, ёмғирдан паналашгаям ярамаса, ҳойнаҳой, яхшигина бир мўри топмасам бўлмайди чоғи, – деб энди учишга чоғланиб турган эди, учинчи томчи келиб тушди. – Нималар бўляпти ўзи?” – у кўраётганига ишонолмасди.
Бахтиёр Шаҳзоданинг мунгли кўзи қайғуга тўлган. Аламли ёшлари яноқларидан оқиб турарди. Ой шуъласида унинг нурли юзи шу қадар гўзал эдики…
– Кимсан? – сўради қалдирғоч.
– Мен Бахтиёр Шаҳзодаман, – жавоб берди у.
– У ҳолда нега йиғлаяпсан? Ҳамма ёқни оби дийданг билан шалоббо қилиб юбординг-ку!
– Тириклигимда, юрак кўксимда уриб турганда, кўз ёши нималигини билмасдим, – давом этди ҳайкал, – Санс-Сауси қасрида ғам-андуҳсиз яшардим. Кунни дўстларим билан боғда, тунни эса ҳашаматли қасримда жононлар билан рақс тушиб ўтказардим. Боғ атрофидаги улкан девор ортида нималар бўлаётганига қизиқмасдим ҳам. Ҳаётим беташвиш ва бетакрор ўтарди. Аъёнларим мени Бахтиёр Шаҳзода деб атарди. Роҳат-фароғат бахт саналса, чинданам саодатманд эдим. Шу аснода яшадим-у, шу зайлда вафот этдим. Қисқагина умрим фақат ўйин-кулгидан иборат бўлди. Вафотимдан сўнг шарафимга мана шу улуғвор ҳайкални қўйишди. Бугун баланд девор ортида нималар бўлаётганини равшан кўряпман, аммо начора, қўлимдан ҳеч нарса келмайди, мен энди бор-йўғи тош қотган бир ҳайкалман, холос. Жафокашу меҳнаткаш халқим бошидан ўтказаётган қийинчилигу заҳматини кўриб, ўзимдан нафратланяпман. Тош қалбим эриб ларзага келмоқда, тириклигимда ёш кўрмаган кўзларим, энди зор-зор йиғламоқда.
Қалдирғоч ўйга чўмиб қолди: “Наҳотки соф олтиндан ясалган жонсиз ҳайкал одамларга ачинса-я! Наҳот унинг қалби ҳамон тирик”. Тўсатдан унинг хаёлини ҳайкалнинг маҳзун ноласи бузди.
– Жин кўчада ғоят камбағал бир хонадон бор, – давом этди у: – Ланг очиқ деразадан мунг чекиб ўтирган бир аёлни кўряпман. Юзи ҳорғин ва маъюс. Тикувчи-да шўрлик, қаварган қўлларига игна киравериб, илма-тешик бўлиб кетган. Ҳозир у қироллик саройи хонимларига тунги базм учун кўйлак тикяпти. Хонанинг бир бурчида эса ўспирин ўғли тўшакка михланиб ётибди. Иситмалаётган болакай онасидан апельсин шарбати сўраб инграяпти. Онаизорда эса дарё сувидан бўлак ҳеч вақо йўқ. Бечора болакай эса тинмай йиғлайди. Қалдирғоч, қалдирғочгинам, қиличимдаги тошларни юлиб унга ҳадя қилмайсанми? Менинг оёқларим устунларга маҳкам боғланган. Юролмайман барибир, жойимдан жилолмайман.
Ҳайкалнинг юракни жунбишга солувчи гапларидан эсанкираган қалдирғоч:
– Мисрга кетишим керак, биродарларим аллақачон Нил дарёсидан учиб ўтди. Ҳадемай улар буюк фиръавн қабри устига қўнади, – деди.
Ҳайкал нола қила бошлади:
– Қалдирғоч, қалдирғочгинам, бир кеча минг кеча эмас, хабарчим бўлолмайсанми? Норасида бола жуда чанқаган, онаизор эса кучдан қолиб, ғамга ботган.
– Тўғриси, болаларни жиним суймайди, – давом этди қалдирғоч: – Ўтган йили ёзда, дарё бўйлаб учиб юрганимда, тарбиясиз болалар менга тинмай тош отди. Шунга қарамай, улар мени тошбўрон қилолмаган. Чунки биз қалдирғочлар бу борада устаси фарангмиз. Отилган тошларига чап берганман. Шундай бўлса-да, бу шумтакалардан нафратланишимга етарлича асос, деб ўйлайман.
Қалдирғочнинг жавобидан Бахтиёр Шаҳзода ғамга ботди. Буни кўрган қалдирғоч:
– Бу ерлар менга совуқлик қилади, лекин илтимосингни ерда қолдирмайман, – деди.
Шундай қилиб, қалдирғоч Шаҳзоданинг қиличидаги тошларни тумшуғи билан чўқилаб олиб, шаҳар узра учиб кетди. У ибодатхоналар устидан ўтиб, серҳашам қаср устига етганда раққосларнинг дилларга сурур берувчи қувноқ кулгисини эшитди. Бир гўзал қиз дераза олдида йигит билан суҳбатлашарди.
– Умид қиламанки, кечки базмга қадар оқшом кўйлагим тайёр бўлади, бироқ анови тикувчи аёл роса дангаса-да, – дерди у ўз жуфтига.
Қушча парвоз қилишда давом этди. У бепоён денгиз узра учаркан, бир тўда қайиқчиларга кўзи тушди. Улар ўз қайиғига тунда сузиш осон бўлиши учун махсус ёритгичлар ўрнатарди. Сўнг қалдирғоч яҳудийлар яшайдиган овулдан ўтди. Улар ниманидир бир-бири билан тортишиб савдолашарди. Ниҳоят Бахтиёр Шаҳзода айтган ўша ночор аёл уйига ҳам етиб борди. Аввалига она-болани зимдан кузатди. Болакай ҳануз беҳуш, иситмалаб ётар, онаизор эса ҳолдан тойиб ухлаб қолганди. Қушча дарчадан ичкарига оҳиста учиб кирди ва стол устида турган ангишвона ёнига тумшуғидаги қимматбаҳо тошни қўйди. Сўнг болакайнинг пешонаси узра жажжи қанотларини секин силкитди. Бемор майин шабададан ором олиб, ширин уйқуга кетди. Қалдирғоч Бахтиёр Шаҳзода ҳузурига қайтиб, кўрган-кечирганини бирма-бир айтиб берди. Қалдирғоч ҳайкалга:
– Қаҳратон эшик қоққанига қарамай совқотмаяпман, – деди.
– Чунки сен эзгу иш қилдинг, – деб жавоб қилди Бахтиёр Шаҳзода.
Чарчаб қолган қалдирғоч беихтиёр уйқуга кетди. Тонг отгач, у тунда Мисрга учгани тараддудлана бошлади. Шаҳзода эса яна фарёд чекди:
– Қалдирғоч, қалдирғочгинам, мен билан яна бир кеча қололмайсанми?
– Мисрга учмасам бўлмайди. Эртага биродарларим иккинчи дарёдан ҳам учиб ўтади, – жавоб қилди қалдирғоч.
– Қалдирғоч, қалдирғочгинам, – давом этди Шаҳзода, – Шаҳар чеккасидаги кўримсиз кулбада, бир кишини кўряпман. Иш столида қоғозларга кўмилиб ўтирибди. Сочи тўзиган, ҳорғин ва ўйчан кўзлари атрофга умид билан боқади. У ниманидир ёзиб тугатишга ҳаракат қиляпти, аммо қаҳратондан қалтираб қалам тебратгани мадори қолмаган. Очлигу совуқ тинкасини қуритган.
– Майли, сен билан яна бир кеча қолишга розиман. Қимматбаҳо тошингдан унга ҳам олиб бориб берайми? – сўради қалдирғоч.
– Афсус, менда бошқа ундай тош йўқ, бору йўғим кўзимда. Улар жуда қиммат жавоҳир. Минг йил бурун Ҳиндистондан келтирилган. Бирини чўқиб ол-у, ўша ижодкорга ҳадя қил. У уни заргарга сотиб, ўтину егулик харид қилади ва ўз ишини охирига етказади.
Юрак-бағри эзилиб йиғлай бошлаган қалдирғоч:
– Қадрли Шаҳзодам, мен бундай қилолмайман… Кўзларингни ўйиб ололмайман.
– Қалдирғоч, қалдирғочгинам, илтимос, сўзимни ерда қолдирма, – ёлворди Шаҳзода.
Ноилож қолган қалдирғоч Шаҳзоданинг бир кўзини ўйиб, ёзувчи кулбаси томон учди. Ичкарига кириш қийин бўлмади. Чунки афтодаҳол кулба деразасининг ойналари ҳам йўқ эди.
Совуқдан азоб чекаётган ёзувчи қават-қават кийимларига ўраниб, бошига қалин қалпоғини қўндириб олганидан қушчани пайқамади ҳам. Бироздан сўнг иш столига эринибгина қараган адиб ҳайратдан қотиб қолди. Қалашиб ётган қоғозлар устида ноёб дур турарди. Терисига сиғмай кетган ижодкор:
– Бу қандай мўъжиза! Менга ҳам Худонинг атагани бор экан! Ниҳоят асаримни якунлайдиган бўлдим, – дея қичқириб юборди.
Атрофга қоронғилик тушиб, ой самода сузаётган бир маҳал қалдирғоч яна Шаҳзода ҳузурига йўл олди.
– Энди видолашишга тўғри келади, – деди қалдирғоч.
– Қалдирғоч, қалдирғочгинам, менга бир кеча ҳамроҳлик қил, – ёлворди Бахтиёр Шаҳзода.
– Қаҳратон ҳам келди, – давом этди қалдирғоч, – Ҳадемай қор ёғади. Мисрда эса қуёш чарақламоқда. Ҳамроҳларим ин қуриш билан банд. Оппоқ кабутарлар уларни қизиқиш билан кузатиб, мусиқий оҳангда куйлаяпти. Қадрли Шаҳзодам, сени тарк этиш вақти-соати етди. Бироқ сени ҳеч қачон унутмайман, унутолмайман. Кейинги йил баҳорда биз албатта кўришамиз. Ўшанда сенга дунёдаги энг гўзал тошларни совға қиламан.
– Шаҳарнинг жанубий қисмида маъсума бир қизалоқ бор, – давом этди Шаҳзода. – Жоҳил ўгай отаси қизалоққа доим ёмонликни раво кўради. Ундан ҳар куни пул топиб келишни талаб қилади. Қизча эса ҳали жуда кичкина, оёғида этиги, бошида қалпоғи ҳам йўқ. Агар у ўгай отасига пул олиб бориб бермаса, муттаҳам қизалоқни калтаклаб жазолайди. Илтимос, иккинчи кўзимни ҳам юлиб ол ва уни қизалоққа обориб бер. Токи унга ўгай отаси зулм қилмасин.
– Яна бир кеча қолишга розиман, аммо иккинчи кўзингни ўйиб ололмайман. Мабодо шундай қилсам, буткул сўқир бўлиб қоласан, – деди қалдирғоч.
– Қалдирғоч, қалдирғочгинам, илтимосимни ерда қолдирма, – деди Шаҳзода.
Шундай қилиб, қалдирғоч Шаҳзоданинг иккинчи кўзини ҳам ўйиб, йўлга отланди. У ноёб дурни кўзлари мўлтираб турган қизалоқнинг жажжи кафтига қўйди. Бундан ҳайратга тушган қизча:
– Қандай мўъжиза! – деганча ўзида йўқ хурсанд бўлиб, уйи томон чопқиллаб кетди.
Қалдирғоч Шаҳзода ҳузурига қайтди.
– Энди сен басирсан. Сен билан умрбод бирга қолишга қарор қилдим, – деди.
– Йўқ, жажжи ошнам, Мисрга парвоз қилиш вақт-соати етди, – деди.
– Йўқ, Бахтиёр Шаҳзодам, ёнингда умрбод бирга қоламан, – дея Шаҳзоданинг оёқлари орасида ухлаб қолди қалдирғоч.
Шу тариқа бу қаҳратонда ҳайкалу қалдирғоч ўртасида самимий дўстлик куртак ёзди. Бунда на манфаат ва на ғараз бор эди. Уларнинг пок виждони ва бир-бирига садоқати илиқ муҳаббатни пайдо қилганди. Иккиси борган сари бир-бирига боғланиб, янада яқин бўлиб борар, кечинмаларини ҳикоя қилиб дардлашарди. Айниқса, қалдирғоч ҳамсуҳбатига бир-биридан қизиғу қувноқ ҳикоялар айтиб беришдан эринмасди.
Кунлардан бир кун:
– Азизим қалдирғоч, менга ажойиб кўнгилочар ҳикояларингни айтиб кўнглимни хушнуд этдинг! Лекин мени бундан-да бахтли қиладигани – одамларнинг қувончини кўриш, уларнинг дардига шерик бўлишдир. Қалдирғочгинам, шаҳрим узра парвоз қил ва кўрган-кечирганларингни менга айтиб бер, – деди.
Қалдирғоч улкан шаҳар узра парвоз қиларкан, бойлар олтину зарларга кўмилиб, айш-ишрат билан бандлигини, ночору камбағаллар эса бир бурда нонга зорлигини пайқади. У парвоз қилишда давом этди ва очликдан ранг-рўйи сарғайган етим болалару совуқдан жунжикиб, бир-бирининг пинжига тиқилган қизалоқларни кўриб юраги ларзага келди. У бутун бошли шаҳарни парвоз қилиб чиқди ва Шаҳзодага ҳаммасини афсусу надомат билан сўзлаб берди.
– Танамга соф олтин суви югуртирилган. Олтинларни сидириб, бечораларга улаш, – деди Шаҳзода.
Қалдирғоч ҳар куни Шаҳзода танасидан олтинларни тумшуғи билан сидириб, бева-бечораларга обориб берарди. Бу ҳол Бахтиёр Шаҳзоданинг танаси буткул кулранг тусга киргунича давом этди. Қанчадан-қанча бева-бечоралар, камбағал-қашшоқлар, етим-есирларнинг қозони қайнади, усти бут бўлди. Ниҳоят қор ёғди. Кўчалар музлаб, кумушдек товланди. Болалар кўчаларда чанғи учиб, қорбўрон ўйнаб ҳайқириб куларди.
Бечора қалдирғоч совуқдан аъзои бадани қалтираб азобланса ҳам, Шаҳзодани тарк этолмасди. Негаки, меҳрибон ва олижаноб Шаҳзодага бутун вужуди билан боғланганди. Афсус, бундай қаҳратонда қалдирғочнинг омон қолиши имконсиз эди. У Шаҳзода билан видолашув онлари яқинлашаётганини билар, ичидан нимадир узилгандай бўлар ва унсиз йиғларди. Парвоз қилгани мадори қолмаганди. Шунга қарамай бор кучини тўплаб, мажолсиз қанотларини зўрға қоқди-да, Шаҳзоданинг елкасига қўнди ва:
– Алвидо, Шаҳзодам, алвидо! – деди.
– Ниҳоят Мисрга кетишга қарор қилганингдан хурсандман, – деди Шаҳзода. – Мен билан узоқ қолдинг, кўнглимни қувончга тўлдирдинг! Парвозинг бехатар бўлсин, борақол, азизим!
– Мисрга учмаяпман, – деди қалдирғоч, – ўлим водийсига кетяпман! Ўлим ҳам уйқудек гап! Уйқунинг акаси, шундай эмасми?
Қалдирғоч Шаҳзоданинг лабларидан бўса олиб, унинг пойига йиқилди ва оҳиста жон берди.
Тонг саҳарлаб сайр қилиб юрган шаҳар ҳокими ва миршаб ҳайкал ёнидан ўтаётиб, бироз муддат тўхтаб қолди. Авваллари улар бу ҳайкалдан фахрланарди. Энди эса ундан жирканиб нафратланишди. Чунки у тароватини йўқотиб, хунук тошга айланганди.
– Қадрдоним, бу Шаҳзода ҳайкали бунча хунук бўлмаса, – дея сўз бошлади шаҳар ҳокими.
Унинг гапини маъқуллаб турган миршаб:
– Тўғри айтасиз, ростдан ҳам жуда хунук бўлиб қолибди. Қиличидаги кўзни қамаштирадиган қимматбаҳо тошлар, кўзидаги ажойиб дурлар қани? Танасидаги олтин суви ҳам ўчиб кетибди. Бундан гадой ҳам яхшироқ, – деди миршаб. – Бунга нима дейсиз, жаноб, унинг оёқлари остида ўлик қуш ётибди. Ўлик қушларнинг жасади шаҳар ўртасига ташланмаслиги тўғрисида қонун ишлаб чиқаришимиз керак! Умуман олганда, кўримсиз ҳайкалнинг энди кераги йўқ, деб ўйлайман.
Хуллас, улар Бахтиёр Шаҳзода ҳайкалини қулатди ва уни майдалаб эритди. Миршаб эритилган метални нима қилиш кераклиги тўғрисида бош қотириб кенгаш чақирди.
– Биз бошқа бир ҳайкал барпо қилишимиз керак, – дея сўз бошлади миршаб. – Ўйлайманки, бунга энг муносиб номзод менман!
Бу гаплардан шаҳар ҳокими ғижиниб қўйди:
– Бекорларнинг бештасини айтибсан! Менга ҳайкал қурилади! – деди у.
– Иккингиз ҳам тушингизни сувга айтинг! Менга атаб ҳайкал қурилиши керак! – дея даъво қилди бошқа мансабдор.
Жанжал авжига минди. Эшитишимга қараганда, улар ҳануз жанжаллашаётган экан.
Ҳайкални эритган хизматчи ажиб бир ҳолга дуч келди. Унинг барча қисмлари осонлик билан эриб кетганига қарамай кўкрак қисми эримасди.
– Воажаб, бу қандай мўъжиза! – ажабланди хизматчи ва уни қалдирғоч ўлиги ётган жойга улоқтириб юборди.
Тангри фаришталаридан бирига: “Менга ердан энг азизу қимматбаҳо буюм келтиринг”, деб амр қилди.
Шунда фаришта унинг ҳузурига Бахтиёр Шаҳзода ҳайкалининг парчаланган юрагию қалдирғочнинг ўлик жасадини олиб борди.
– Танлашда адашмабсан, – деди Яратган. – Бу жажжи қушча жаннатим боғида абадий сайраб, неъматларимдан баҳраманд бўлсин! Бу қалби пок ҳайкал эса олтиндан барпо қилинган шаҳримда абадий Бахтиёр Шаҳзодага айланиб қолсин!
Инглиз тилидан Шермуҳаммад Тулиев таржимаси
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 7-сон