Айюб кўрфазидан чиққан кема Фанардан кейин Касимпошшога томон йўл олган эди ҳамки, иккинчи даражали салоннинг сигара тутуни орасидан майин бир товуш эшитилди:
— Муҳтарам йўловчилар, диққат этинг!
Етти-саккиз ёшларга кирган жажжигина қизча салоннинг ифлос полига кафтларини тираб оёғини осмонга кўтариб қўли билан у ёқдан-бу ёққа юраркан, узун сариқ сочлари ерни супура бошлади. Йиртиқларидан бадани кўриниб турган иштони ингичка қайиш билан маҳкам сиқиб бойланган эди.
Салоннинг охирига боргач, чаққонлик билан оёққа турди-да, халққа таъзим қилди.
Аксириш, йўтал, бош оғриғи, тиш оғриғи, тумов касалларининг дорилари, ҳар хил устаралар, тиш парашоги, кремлар, муҳри шариф нусхалари сотувчиларнинг вайсашларидан гангиган халқ ишнинг яна киссага келиб тақалишини билгани учун қизиқмасди.
Қизча эса… у ҳам одамларни унча қизиқтиришга умид боғламасди. Кетма-кет ҳунарини кўрсатар ва ҳар бир кўрсатган номеридан кейин халққа таъзим қилишни унутмасди.
Навбат энг сўнгги номерга келди. Қизалоқ ерга ўтирди, аввал ўнг, кейин чап оёғини икки елкасига қўйиб тескари ўгирилди, бир кўзи кўр бошини оёқлари орасига суқиб, ғалати ҳайвонга ўхшаб олди-да, кемадаги йўловчиларга термула бошлади.
Халқ ҳали ҳам лоқайд эди. Қўққисдан отилган замбаракдай сакраб ўрнидан туриб кетган қизалоқ халққа яна таъзим қилди…
Садақа йиғишга навбат келди. Қалам ушлаши лозим бўлган кичкинагина қўлини очиб ишга киришди. У шу қадар парвосиз эдики… Одамлар сўкса ҳам, масхара қилса ҳам пинагини бузмай, ўзини кўрсатиш учун савлат билан у ёқдан-бу ёққа юрар эди, ҳатто ҳовузчага тасодифан тушиб қолган сариқ юзликларга ҳам боқмас, пешонасидаги бир тутам сочини бошини бир силкитиш билан орқага ташларди.
Навбат менга келган эди. У рўпарамга келиб тўхтади, соғлом кўзи билан юзимга бир нафас тикилди. Соғлом кўзи шаҳло ва равшан эди.
— Менга ҳаммадан кейин учра, — дедим.
Юзимга такрор боқди.
Битта йигирма бешлик чиқариб кўрсатдим.
— Энг кейин учрасанг, шуни сенга бераман!
У елкасини қисди.
— Мен Нейин эмасманки…
— Нейин деганинг ким ўзи?
— Билмайсанми?
— Йўқ…
— Ундай бўлса бу пулни менга нима учун беряпсан?
— Кўрсатган ҳунарларинг учун…
— Бунинг учун ҳеч ким менга йигирма беш қуруш бермайди-ку…
— Мен бераман…
— Ростданми?
— Албатта, ростдан…
Менга шубҳа билан қарагач, лабини қийшайтирди.
— Бер бўлмаса!
— Анови йўловчилардан ҳам олгин, кейин…
— Фойдаси йўқ…
— Нега?
— Ҳеч нарса чиқмайди. Буни қара!
У қўлидаги учта сариқ юзталикни кўрсатди.
— Ҳар куни шунақа. Ишлайсан, топасан, қўлингдан тортиб олишади.
— Ким?
— Дадам билан онам…
— Даданг нима иш қилади?
— Дорбоз…
— Онанг-чи?
— Онам ҳам… Ҳаммамиз дорбозмиз. Чодиримиз, арқонимиз, асбоб-ускуналаримиз бор, аммо…
— Хўш?
— Дадам ароқхўр, онам ҳам… Қани бер йигирма бешталикни.
Қўлимдаги йигирма бешталикни кўрсатдим-ку, лекин бермадим.
— Буни ҳам дадангга берасанми?
— Йўқ, жоним.
— Бўлмаса, нима қиласан?
— Пешингача нима топсам қорнимни яхшилаб туйғазаман, бир; кинога тушаман, икки; газли лимонад ичаман, уч… Касимпошшода бугун жуда ажойиб бир фильм бор…
Унинг шаҳло кўзи чақнаб кетди.
Яна бошқа йигирма бешталик чиқардим.
— Буни ҳам сенга бераман.
Кўзи янада чақнаб кетди.
— Ростми? Менга эллик қуруш берасанми? Нега берасан?
Ёнимга ўтирди. Хурсанд бўлиб оёғини ликиллатар, жажжи гўзал қўлларининг узун нозик бармоқларини ўйнарди.
— Ҳа, нега менга шунча пул берасан? Менга ҳеч ким бунча кўп пул бермайди…
Қизалоқнинг жағи очилиб кетди, бижир-бижир қиларди, онаси, дадаси, Невин ва Насрин тўғрисида гапирарди.
Невин ундан икки ёш катта экан, Насрин етти ёш катта экан. Невин қип-қизил аҳмоқ экан. Топган пулларининг ҳаммасини отасининг қўлига олиб келиб берса ҳам, калтакдан қутулмас экан.
Аммо Насрин… Насрин муттаҳамнинг муттаҳами.
У этикдўзнинг ўғлини шундай бир тузоққа илинтирганки, бир кун кечаси Бўздугандаги қамоқхона олдида этикдўзнинг ўғли билан айланиб юрганларида Насрин қасддан ўзларини миршабга тутиб берибди. Миршаб уларни полиция идорасига олиб боради. Доктор текшириб Насринни қўйиб юборибди, этикдўзнинг ўғли қамалибди. Чунки Насрин нораста гўдак экан. Насрин қасддан шундай қилди… Насрин шайтоннинг ўзгинаси, аммо Невин…
— Бироқ, тентак, — деди қизча, — ҳамма пулини дадамга бериб устига калтак ҳам ейди.
— Сен-чи?
— Мен ҳам калтак ейман, лекин кинога бораман, лимонад ичаман, қорнимни яхшилаб тўйғизаман-ку.
— Бу кўзингга нима қилган?
Қизчанинг шодлиги ғойиб бўлди.
— Дадам бир кеча маст бўлиб келиб кўзимга катта таёқ билан урди, кейин касалхонага олиб боришди, доктор кўзимни пичоқ билан ўйиб олди.
— Жонинг жуда қаттиқ оғригандир?
— Хабарим йўқ, беҳуш эдим… Ўзимга келсам, худди кичкина хонимларга ўхшаб каравотда чалқанча ётибман… Чиройли бир ҳамшира менга сут берди, текинга… Доктор ҳам катта шоколад олиб келиб берди… Мен шоколадни жуда яхши кўраман. Шоколадни нимадан қилишларики биласанми?
Мен қисқача қилиб тушунтириб бердим. У иштиёқ билан тинглади.
— Бир лирам бўлса, ҳаммасига шоколад олсам-да, еяверсам, еяверсам, еяверсам…
Хаёлга толди.
Кема Касимпошшога яқинлашаркан ирғиб ўрнидан турди.
— Қани, пулларингни бер энди!
Пулларни юлқиб олди-да, жажжи оёқчалари билан югуриб кетди.
Унинг соғлом кўзи жуда ажойиб эди.
Туркчадан Рустам Камолов таржимаси