Яшар Камол. Иссиқ кунда (ҳикоя)

Бола: «Онажон, — деди. — Онажон эртага эрталаб кун ёришмасдан уйғот мени».
— Яна уйғонмайсан барибир.
— Уйғонмасам игна суқ этимга. Сочларимни торт. Ур мени.
Юзлари оппоқ оқарган, нозик хотиннинг қора кўзлари севинчли бир шуъла билан йилтиради.
— Шунда ҳам уйғонмасанг-чи?
— Ўлдир мени.
Хотин бор кучи билан болани қучоғига олиб, бағрига босди.
— Жоним! — деди.
— Уйғонмасам… — бола ўйланди ва бирдан: — оғзимга қалампир тиқ! — деди.
Онаси яна зўр шафқат билан, кўзлари ёшланган ҳолда уни бағрига босиб ўпди.
Бола тинмасдан яна такрорлади:
— Эшитиб қўй, агар уйғонмасам, оғзимга қалампир тиқ, хўпми!
— Жоним! — деди она.
— Қалампир жуда аччиқ бўлсин.
Эркаланар, тепиниб шўхлик қилар ва тўхтамасдан қичқирарди:
— Аччиқ қалампир, қип-қизил қалампир… Бир ачитсинки оғзимни… бир ачитсинки… дарров… дарров уйғонаман.
Онасининг қўлидан қутулиб, у югурганча айвонга чиқиб, тўшагига ётди. Дим бир ёз кечаси… Кўк юзида хира милтиллаган юлдузлар ва ғилдиракдай юмалоқ катта ой… Тўшакдан сассиқ тер ҳиди келади.
Бола у ён-бу ёнга ағдарилди. Сўнгра бирдан сесканиб кўтарилди. «Яна уйғонмасам». Бирдан бир қарорга келди: «Тонг отгунча ухламайман». Бу фикридан севиниб кетди. Тонг отганда онаси: «Усмон» дер-демас, дарров ўрнидан туриб кетажак. Онаси бу ишга жуда ҳайрон қолажак! Тўшаги ичида севинчидан сакради. Яна севинчи бир оз сўниб, ичида қўрқув пайдо бўлади: «Ё ухлаб қолармикинман?» ўзи-ўзига ҳадеб такрорлади: «Ухламайман. Ҳеч ухламайман. Нима учун ухлайин? Нима бор ухлайдиган?»
Бир оздан сўнг, онаси унинг ёнига келиб, қўлини узатиб, унинг бошини силаб:
— Қўзичоғим, ухладингми? — деб сўради.
Усмон ҳеч товуш чиқармайди. Онаси уни қучоқлаб, ўпади. Усмоннинг ичидан иссиқ бир севги ишқ-муҳаббатга ўхшаш йиғлатувчи бир нарсалар кечади. Тонг отишини кутиб ётади. Тонг отиб, онаси келиб уйғотганда, дарров ўрнидан туриб кетиб, онасини жуда ҳайрон қолдиради…
Она ухлаб қолди. Усмон ётган жойида ағдарилди. Кўз қовоқлари оғирлашди. Лекин Усмон ўзини осонлик билан уйқуга таслим этмаяжак.
Бир лаҳза ўрнидан туриб, чуқур нафас’ олиб, ётган онасининг юзига боқди. Унинг юзи ой шуъласи остида оппоқ порламоқда. Ўрилган қалин сочлари ҳозир яна ҳам қора кўринмоқда. Қора соч ўримлари оппоқ ёстиқ устида ёйилиб, ялтираб етмоқда. Анча вақтгача бола онасининг оппоқ юзига тикилди. Сўнгра боши оғирлашиб, ёстиққа тушди.
Вақт ярим кечадан оққан, атроф кундуз каби ойдин эди. Айвон остида ётган сигирнинг кавшаниши, тишларининг ғижирлаши эшитилди. Болани ширин уйқу босиб, ухлади-кетди. Тишларини қисди. Қўллари шилқ этиб ёнига тушди. Нима қилса қилсин, уйқу бир сув каби тўрт ёнини қопламиш, устини босаётир. Юзини буриштирди, сўнгра кулимсиради. Буришди, кулимсиради, онасининг бўйнига ташланди. Қўллари онасининг бўйнида…
Ой, ғарб томондаги дала устига оғган, бир учи тупроққа теккан каби, ботай-ботай деб қип-қизариб турибди.
Шарқдаги тоғларнинг орқасидан гўзал; оппоқ шуъла барқ ургач, аста-секин тоғ чўққилари оқарди. Қишлоқнинг сигирлари маърашга, қишлоқда ҳар нарса жонланмоққа бошлади.
Она тиз чўкиб, боланинг устига эгилиб, қимирламасдан боқмоқда.
Боланинг боши ёстиқдан ёнбошга тушган, бўйни эгилган, юзи сариқ… ҳатто нафас олмаётгандай… Кичкина юзи ола-була қоронғиликда ғаройиб бўлиб кўринмоқда… Она туриб-туриб хўрсинар эди…
Бола шу орада бир қўлини ташқари чиқарди. Қўл — бошбармоқ катталигича бор. Териси суякдан ажралган каби буриш-буриш… Онанинг кўзи шу қўлга тикилди, қолди.
Сўнг чуқур бир «уф!» тортди. «Қўзичоғим, уууф…» деди.
Қимирлади, тебранди. Боланинг ёнидан турди. Кун шуъласи томдаги қамишлар устига тушмоқда эди.
Она ғазаб билан: «Уйғотмайман» деди. «Уйғотмайман, очимиздан ўлсак ўлайлик. Бир боланинг ишлагани нима бўларди?»
Кўзларини унинг ингичка қўлига тикиб, ҳозирга қадар боласининг бунчалик заиф эканлигининг фарқига бормагани ўзини таажжублантирди.
— Очимиздан ўлсак ҳам ўлайлик.
Узун соч ўримини оғзига солиб, қаттиқ чайнади. Пастдан эри бақирди:
— Яна уйғонмадими?
Хотин эркалаган, ёлборган бир товуш билан: — бола фақирдан нима истайсан? — деди, — муштдай жони бор. Суяклари синади оғир ишда…
Эри аччиқланди:
— Бугун вақтли уйғониши керак! Уйғонсин дейман сенга! Ишласин! Танбалликка ўрганмасин. Болаликдан пишмоғи керак.
Хотин норизо аҳволда қўрқа-қўрқа:
— Қўли шу қадар ингичка-ки… — деди.
Боланинг бошига бориб турди. Пар сингари нозик болани уйғотиб иссиқ кунда ишга жўнатишга кўнгли ҳеч рози эмас эди.
— Пастдан келган ғазабли товуш:
— Уйғот! — деди, — от ҳайдайди. Мустафо оғоларга сўз берганмиз. Агар бормаса, қаердан бола топадилар сўнгра? Хотин:
— Ҳой одам! — деди, — ҳеч кўнглим чопмаётир. Бир нозикки… Унинг ишлаши бизни бой қилармиди?
Эркак:
— Ҳозирдан ишлашга ўргансин… — деди.
Хотин боланинг сочларини силади. Секин уйғота бошлади:
— Усмоним, Усмонжоним тур, қўзичоғим тур, тонг ёришди. Усмоним.
Бола ингради. Аста бир ёндан иккинчи бир ёнга ағдарилди.
— Усмоним, қўзичоғим! Тонг отиб қолди…
Боланинг елкаларидан туртиб уйғотди. Шу қадар секин туртардики, гўё суяклари синиб кетмасин деб қўрқарди… Тўшагига қайта ётқизди,
— Уйғонмаётир ахир. Уйғонмаётир. Ўлдирайми?
Жадаллаб айвондан пастга тушди. Айвон бешик каби лапанглади. Эркак ғазабланди:
— Худо сенга ҳам бало юборсин, унга ҳам… Уйғонмас эмиш…
— Уйғонмаётир ахир, нима қилайин!
Эркак жаҳл билан зинапояларга ҳаклади. Айвонга чиқди, аччиқ билан боланинг икки қўлидан ушлаб кўтарди. Бола худди қуён боласи сингари унинг қўлида осилиб турарди. Ҳамон уйқусираб: «Она, она» деб бақирмоқда эди. Эркак болани айвондан пастга тушириб, хотиннинг ёнига отди. Бола ҳовлидаги тупроққа беланди. Хотин боласига қаради:
— Худо ҳеч кимнинг боласини бировнинг қўлига қўймасин, — деб додлади. Югуриб бориб, боласини ердан олиб, бағрига босди. Боланинг кўзлари катта очилиб, ҳайрат билан боқарди. Обориб, совуқ сув билан юзини ювди. Бола ўзига келиб:
— Она! — деди.
— Қўзим!..
— Оғзимга қизил қалампир тиқдингми?
Бу орада Мустафо оғонинг араваси келиб, уйлари олдида тўхтади.
— Усмон…
Усмон югура-югура бориб, аравага чиқди. Севинчидан тошиқар, ашулалар айтарди.
Она, Мустафо оғоларникига кундалик ишга борувчи Зайнабни бир четга тортиб деди: «Айланай, Зайнаб, Усмонни қўлла, бола бечора қуруқ тери билан суяк…»
— Қўрқманг, опоқойи, Усмонни хафа қилмайман ҳеч…
Далага етиб келдилар. Ҳали кун чиқмаган… Ўроқ билан ўрилиб тахланган боғлар шабнамли… ўт ва нам экин ҳиди келмоқда… Чанага от қўшиб, боғларни юклашга бошладилар. Чанага бир от қўшилди. Отнинг жилови Усмоннинг қўлида… Чана тўлар-тўлмас қуш каби, хирмонга олиб келаётир…
Чанани юклаб турганлар Усмонга тегажоқлик қиладилар:
— Қалай, Усмон?
— Яша, Усмон!
Усмон севинади…
Бу орада қип-қизил бир ўтли шар ҳолидаги қуёш рўпарадаги тоғлар орқасидан чиқди… Буғдой поялардан, боғлардан аста-секин, нозик, кўзга кўринар-кўринмас бир буғ кўтарилди. Кўк юзида парча-парча оқ булутлар кезмоқда.
Усмон, хирмон билан даста боғловчилар ўртасида моки отмоқда. Усмон жонли, теп-тетик. Зайнаб икки гапнинг бирида «Ҳа, Усмоним, арслон Усмоним…» деб эркалатади.
Кун қоқ пешин бўлди.. Теварак-атроф қизимоққа бошлади… Тупроқдаги буғдойпояларга, боғларга тушган кун нури ўтдай ловиллайди. Мингларча, юз мингларча, бир-бирига уланган шуъла иплари жимирламоқда. Боғ боғловчиларнинг чангга беланган юзларидан тарновдан оққандай тер қуйилмоқда. Тўрт томонга ўт тушгандай ёнмоқда.
Усмоннинг қорайган юзи яна бир оз нозиклашган каттакон кўзлари қисилган… Кўйлаги хам терга пишилган…
Эрталабки жонлилик қайда!.. Энди Усмон юрганда оёқлари бир-бирига чалишиб кетмоқда. Нақ бўлмаса, йиқилиб отнинг оёқлари остида қолишига сал қолмоқда… Усмон ўзини тутмоқда.
Ер темирдек қизиб кетган. Усмон ҳар оёғини босганда, бир сакраётир. Шу сабабдан юришлари бир ажойиб…
Чана етиб келгунча, боғ боғловчи хотинлар боғлар устига, қуёш қаршисига ётиб, ҳордиқларини чиқаришади.
Усмон ҳадеб кўк юзига қарайди… Бир парча булут… Баъзан бир оқ булут кўланкаси устларидан бир он қалқиб ўтади… кўзлари булут кўланкаси орқасида…
Кун тепада… Буғдойпоялар шитирлайди. Ёрилган қизғин тупроқ Усмоннинг оёқлари остида… Усмонни ҳадеб сакратмоқда.
Жони ҳалқумига келган Усмон остдан ёнмоқда, тепадан ёнмоқда. Жигарига қизғин бир темир суқулгандай…
Иссиқ… Дунё жимир-жимир ловилламоқда. Кўз очиб ўн метр илгарига боқиб бўлмайди.
Зайнаб боғ юкларкан, Усмонга қайрилиб қаради. Қарасаки, Усмоннинг оёқлари дир-дир титрамоқда.
— Усмон, — деди, — Усмон… Усмоним, бундай яёв юрма, сени от устига миндириб қўяй.
Кўтарди, от устига миндирди. Усмон отни чуҳ деди. Ҳамон оёқларининг титроғи босилмади… От устида бориб келди. Зайнаб узоқ жойда боғ боғламоқда эди. Отдан тушиб, Зайнаб ёнига борди. Зайнаб сўради:
— Нега отни қўйвординг, Усмон? Қочиб кетса-чи?
Усмон унинг ёнига яқин келиб, қўлини ушлади:
— Менга қара, — деди, — Зайнаб хола, мен катта бўлсам, сенга олтин исирға олиб бераман.
Югура-югура от ёнига кетди.
Бўғувчи бир иссиқ… Ғир этган шамол йўқ. От устида Усмоннинг оёқлари оғриди. Ўтиролмасдан қолди. Худди ҳозир йиқилиб кетаётгандай бўлди… Кўзи ҳеч нарсани кўрмаётир… Усмон отни ҳайдамаётир, от ўзи бориб келаётир.
Бир палла тушки емак чоғи келди… Иссиқда ўтириб овқат ейиш керак… Қон сингари илиқ сув… Зайнаб қанча ялиниб-ёлборса ҳам, Усмон оғзига бир бурда нон олмади. Ҳадеб сув ичди…
Зайнабнинг ақлига келиб, унинг бошига бир кўзача сув қуйди. Бола шундан кейин бир оз ўзига келди.
Ишга турарканлар, Зайнаб:
— Усмоним, — деди, — сен бор, ўтир, отни бошқа бирортаси ҳайдасин!
— Бўлмайди, Зайнаб хола, — деди, Усмон, — меи ўзим ҳайдайман, ҳеч чарчаганим йўқ.
Отни қўлидан олган эдилар, Усмон ўтириб, ҳўнграб-ҳўнграб йиғлади ва «мен чарчаганим йўқ. Валлоҳи, чарчамадим» демакка бошлади. Бир қари хотин:
— Миндиринг отга уни… Отнинг оёғи остига йиқилсин-да, мажақлансин кучуквачча! — деди.
— Валлоҳи, йиқилмайман, биллоҳи, йиқилмайман. Мен чарчаганим йўқ.
Миндирдилар. Миндирдилар-у, лекин уч айланиб келгандан кейин, Усмоннинг боши айлана бошлади… Ўзини тутишга уринди.
Бир оз ўтгандан сўнг, от устига бор бўйича мункайиб, ёлларини қучоқлаб қолди. Зайнаб ишнинг фарқига бориб, от устидан Усмонни олди. Усмон ҳушидан кетган эди. Кўтариб бир боғ устига ётқизди.
— Қўзичоқ, — деди Зайнаб… — Нега ўжарлик қилдинг?..
Сўнг Зайнаб яна сув келтириб унинг бошига қуйди. Офтобни тўсиб, кўланка ясади. Усмоннинг ҳуши жойига келди. Оқшомгача, то иш тамом бўлгунча, Зайнаб ётқизган боғ устида кўзларнни жовдиратиб, ишлаганларга термулиб ётди. Уялганидан бошини ердан кўтаролмас эди.
Иш тамом бўлгач, Усмоннинг қўлидан ушлаб, аравага миндирди. Бола юмшоққина бир кулча каби эди.
— Усмоним, — деди Зайнаб, — бугун сен хўп яхши ишладинг. Мустафо оғо ҳақингни ортиғи билан беражак…
Усмон шошиб-пишиб сўради:
— Берармикин?
— Сен кўп ишладинг.
Усмон жонлангандай бўлди.
Бутун онла тўпланган, ташқарида, эшик олдида овқат емоқдалар… Нарироқда арава, аравага боғланган отлар. Отлар бошларини янги пичан орасига суқиб, кирт-кирт кавшанмоқдалар. Атрофни янги пичан ҳиди тутган.
Аста-секин қоронғилик тушмоқда. Отлардан бир оз илгарида Усмон даладан келганидан бери, тикилганча турмоқда. Кўзлари бетоқатлик билан, овқат ейиб ўтирганларга қараб жовдирамоқда. Емак устида ўтирганлар Усмонга парво ҳам қилмайдилар.
Усмон кутмоқда. Энг сўнг, сабри тугаб, йўталди. Ҳеч ким унинг йўталганини эшитмади. Усмон уст-устига бир неча марта яна йўталди. Усмон гир айланди. Ердан бир калтак топиб, қарсиллатиб синдирди. Овқатланиб ўтирганлар қарагудай эмас. Сўнгра Усмон синдирган калтак билан ерга доиралар, чизиқлар чизди. Калтакни кучи борича тупроққа ишқалаб қитирлатди. Унинг тупроққа ишқаланиб қитирлаганидан чиққан овозлар ҳам фойда бермади… Усмон муродига эришмади. Овқат ейишиб ўтирганлар гаплашишар, кулишар эдилар. Усмон асабийлашди. Калтак билан ҳадеб ер чизаверди. Чизган чизиқларини оёқлари билан тепди. Калтакнинг бир учи тупроқда… Усмон югура-югура калтак чўп атрофида айланди, Сўнгра овқат ейишиб ўтирганларни унутиб, тамомила ўйинга берилиб кетди… Чизар, чизар ва ўчирар эди…

Туркчадан М. Даврон таржимаси