Оноре де Бальзак. Чин севги (ҳикоя)

Халоскоримиз Исо Масих таваллудидан бошланган мелодий йил ҳисоби бўйича ўн учинчи асрнинг бошларида ёхуд шунга яқин бир пайтда Париж шаҳрида ажиб бир севги воқеаси содир бўлганки, у бутун шаҳар аҳлини, шунингдек, қирол аъёнларини ҳам беҳад ҳайратлантирган. Дин пешволари, руҳоний оталар эса ушбу воқеани бизга ёднома сифатида ёзиб қолдирганлар; уларнинг бу ишда қандай хизмат кўрсатганларини қуйидаги сатрлардан билиб олурсиз.
Баён қилаётган воқеамиз қаҳрамони Тур шаҳри фуқароси экан. Авом халқ уни соддагина қилиб “турлик” деб атаган, сабабки, у бизнинг мунаввар Турда туғилган ва асл исми Ансо бўлган. Ушбу саховатли ҳамшаҳаримиз кексайиб қолган пайтида ўзи туғилган қадр-дон Турга қайтиб келибди ва агар шаҳарнинг ҳамда аббатликнинг* солномаларига ишонсак, у Сен-Мартен шаҳрининг мэри бўлибди, лекин Парижда яшаган пайтида у моҳир заргар бўлиб довруқ қозонган экан. Хулласи калом, Ансо навқирон йигитлик чоғида ўзининг ўта ҳалол ва диёнатли кимса эканлиги ва ўзга эзгу фазилатлари шарофати туфайли Париж шаҳрининг фуқароси бўлган экан ҳамда қирол ҳомийлигини сотиб олиб (у замонда бундай ҳомийлик пул тураркан), унинг табааси бўлибди. Сен-Дени кўчасида Сен-Ле черкови ёнида Ансонинг бож тўламай қурган ўз уйи бўлиб, бу ердаги устахонада у зўр маҳорат билан ясаётган гўзал тақинчоқлар, ғаройиб буюмлар Парижнинг кўпчилик фуқароларини бамисоли оҳанрабодек ўзига тортар экан. Уста Ансо асли турлик бўлса ҳам, боз устига, иккита азамат йигитни бир чўқишда қочира оладиган куч-қудратга эга бўлса ҳам, ахлоқу одобда бағоят ибратли, авлиёсифат одам бўлган. У турли хил кўнгилочар ўйинхоналари сероб бўлган улкан шаҳарда яшаса-да, ҳаттоки айни гулдай очилган, қирчиллама йигит чоғида ҳам, бирон марта бўлсин Парижнинг ишратхона ё фоҳишахоналарига қадам қўймаган. Кўпчиликнинг айтишича, ушбу фазилат Худо томонидан биз бандаларига ато этилган инсоний онгни баркамол қиларканки, фақат шундагина биз муқаддас динимиз асрорларининг ҳомийси бўлмиш имон-эътиқодни тўғри идрок эта олар эканмиз; бинобарин, мен заргаримизнинг ахлоқий поклиги сабабини чуқурроқ англаб олмоғимиз зарур, деб ҳисоблайман. Энг биринчи навбатда шунга эътибор берингки, китобхон, Ансо Парижга пиёда юриб келибди, ўша замондаги шаҳар фуқароларининг эътироф этишича, у Айюб пайғамбардан ҳам абгорроқ аҳволда экан ва зумда “пов” этиб ёниб, “пис” этиб ўчадиган ўзга турликлардан фарқли ўлароқ, метин иродали одам бўлган ва сабр-матонатда ўз ғанимидан қасос олишга чоғланган роҳибдан қолишмас экан. У устага шогирдлик қилган пайтларида астойдил тиришқоқлик билан ишлаган; ўзи уста бўлганидан кейин эса, меҳнатсеварлик лаёқатини ўн чандон оширган, ҳар доим ва ҳар жабҳада ўз касбига хос бўлган янги-янги усулларни ўрганган, ўзи ҳам энг антиқа усулларни кашф этган ва бу изланишлари оқибатида кўп янгиликларни ихтиро қилган. Уйига кечикиб қайтаётган ўткинчи одамлар, шаҳар кўчаларини назорат қилувчи тунги соқчилар ёки бошпанаси йўқ саёқ одамлар ҳар куни тунда турликнинг устахонаси деразасида чироқ ёниб турганини, жўшқин ғайратли устанинг эса, устахона эшигини ичидан занжирлаб, аммо қулоғини динг қилган ҳолда ўз шогирди билан биргаликда болғачасини дўқиллатаётганини, ниманидир чархлаётганини, кесаётганини, қайраётганини, эговлаётганини, йўнаётганини кўрганлар. Муҳтожлик меҳнатни вужудга келтиради, меҳнат олий билимни яратади, билимдан эса бойлик юзага келади. Эй, червонларни шамолга совурувчи, Қобилнинг* ишратпараст, маишатпараст авлодлари, қулоқ солинг! Ҳаттоки нопок маиший хоҳишлар устамиз хаёлини безовта қилиб, қалбини ғулғулага солган пайтларда ҳам (одатда бу ҳол сўққабош бандаларда кўпроқ учраб туради), дили пок одамларни йўлдан оздирувчи шайтонни хочга чўқиниб даф қилиш имкони бўлмаган тақдирда, турлик Ансо гуноҳ ишга етакламоқчи бўлган шум хаёлларни бартараф қилиб, жон-жаҳд билан болғачасини тўқиллатганча, олтин ва кумушлардан энг нафис, бежирим, фусункор буюмлар ясар ва шу йўл билан томирларида жўш ураётган қайноқ қонини тинчитар экан. Бунинг устига, турлик Ансо қувлик-шумликни билмайдиган энг соддадил одам бўлган. Биринчи галда, у Худодан, кейин ўғрилардан, яна ҳам кўпроқ мансабдорлардан қўрққан, лекин ҳар турли машаққатлар, безовталиклар уни ҳаммасидан ҳам кўпроқ ваҳимага солган. Қўли иккита бўлса ҳам, ҳеч қачон бир пайтда икки иш билан машғул бўлмаган. У доим худди никоҳдан ўтаётган келинчакдек тортиниб, сиполик билан гапирган. Гарчи руҳоний оталар, ҳарб аҳли ва ўзга казо-казо зотлар уни донишманд одам деб ҳисоблашмаса ҳам, у ўз она тилини жуда пухта билган ва одамлар билан ҳамсуҳбат бўлишни ёқтирган. Орадан вақт ўтиб, уста билан тобора яқинроқ мулоқотда бўла бошлаган парижликлар унга қандай кун кечирмоқ лозимлиги ҳақида турфа хил сабоқлар берганлар; чунончи, ҳаётда мудом ўзи танлаган йўлдан боришни ва бировларнинг иши учун бош қотириб, йўлдан адашмасликни, кўрпага қараб оёқ узатишни, ҳеч кимдан пул қарз сўрамасликни ва ҳеч кимга қарз бермасликни, ҳамиша қулоқни динг қилиб, сергак бўлиб яшашни, фирибгарларнинг ёлғон гапларига учмасликни, қандай иш билан шуғулланаётгани ҳақида ҳеч кимга оғиздан гуллаб қўймасликни, берган ваъдасида қатъий туришни, ҳаттоки сувни ҳам бекорга исроф қилиб тўкмасликни, пашша сингари бефаросат бўлмасликни, ўз ташвишини одамлардан сир тутишни, ҳамёнини ҳеч кимга ишониб бериб қўймасликни, кўчада юрганида атрофга олазарак бўлиб қарамасликни ва ясаган буюмларини уларга сарфлаган меҳнатидан қимматроққа сотишни ўргатганлар. Мана шу ҳаётий донишмандлик қоидалари унинг ўз фойдасини кўзлаб ҳалол пул топиши учун зарурий тажриба орттиришига имкон берган. У ана шундай – ҳеч бир кимсанинг дилини заррача оғритмай яшаган. Мэтр* Ансонинг турмуш тарзини кузатган кўпчилик одамлар: “Жин урсин, кошкийди, унинг ўрнида мен бўлсам! Бунинг учун бир умр Париж кўчаларида лой кечиб юришга ҳам рози бўлардим”, – дер эканлар. Лекин бошқа бир тоифа одамлар ҳам борки, улар ҳатто Франция қироли бўлишга ҳам шайлар! Эй йигит, сен аввало Худодан ўша заргарники сингари қўл сўра ўзингга; унинг томирлари бўртиб чиққан, забардаст, серюнг қўллари шу қадар чайир бўлган эканки, агар у муштини тугса, энг чапдаст шогирд, ҳатто омбир билан ҳам у муштни ёя олмас экан. Аниқки, бундай азамат йигит ушлаган нарсасини, агар хоҳласа, ҳеч ҳам чангалидан чиқармайди. Турлик заргар ҳатто темирни ҳам тишлари билан ғажиб, чайнаб ютиб юбора олар, ошқозони ўша темирни бемалол қабул қилар, ичаклари уни ҳазм қилиб, чиқиндисини, йўлда ҳеч нимага зиён-заҳмат етказмай, ташқарига чиқариб юбораркан. Турликнинг елкасига ер куррасини кўтартириб қўйсалар ҳам қадди букилмасди; қадим замонда бир мажусий зотга шу вазифа юкланган экан, фақат Исо Масиҳ дунёга келиб, ул зотни бу юкдан озод қилибди. Очиғини айтадиган бўлсак, турлик йигит бир бутун гранитдан бир зарб билан йўниб яратилган одамлардан эди; бундай одамлар кўп ҳаракат ва оворагарчилик оқибатида яратилган шахслардан афзал бўладилар, ундай шахсларнинг кўп ерини ямаб, тарашлаб эпақага келтирадилар ва ҳамма ёғи йиртиқ-ямоқ бу кимсалар ҳеч нимага ярамайдилар. Бир сўз билан айтганда, мэтр Ансо нақ пўлатдай тобланган, шерюрак одам бўлиб, кўзларининг нигоҳи мисоли чўғ эдики, бу чўғ олтинни эритиб юбориши ҳам мумкин эди, агар темирчи ўчоғидаги оловнинг тафти етарли даражада иссиқ бўлмаса; лекин устанинг нигоҳи ҳамма нарсанинг меъёрини билувчи парвардигорнинг хоҳишига кўра, ҳарир бир нам парда билан тўсилган эдики, айнан шу парда турликнинг жўшқин ҳовурини босиб турарди, акс ҳолда, у теварак-атрофдаги ҳамма нарсани куйдириб кулга айлантириши мумкин эди. Қани, айтинг-чи, ёмон йигит эканми бизнинг турлик?
Эзгу фазилатлар соҳиби бўлган бу заргаримиз ҳаётини чуқурроқ кузатган ҳар бир инсон шундай савол бериши аниқ: “Нима учун устамиз чиғаноқ ичидаги шиллиқ қурт сингари сўққабош, ахир ундаги табиат ато этган нодир хислатлар ҳар бир гўзал аёл қалбини ром қилиши мумкин эди-ку?” Лекин калтафаҳм танқидчилар дунёда муҳаббат деган бебаҳо туйғу борлигини билармикинлар? Йўқ, билмайдилар албатта… Ошиқ йигит қайгадир бориши, қаёқдандир қайтиб келиши, ниманидир эшитиши, кимнидир пойлаши, гоҳ сукут сақлаши, гоҳ тўлиб-тошиб гапириши, баъзан ғунажак бўлиб букилиши ё қаддини ғоздек адл тутиши, гоҳ теракдек ўсиб, гоҳ гиёҳдек кичрайиши ва бутунлай кўринмай ҳам қолиши, биронта мусиқа асбобини тинғиллатиб маъшуқасининг кўнглини овлаши, тавба қилиб, узр сўраши, тупканнинг тагига равона бўлиши, севгилисининг хоҳиши билан, ўлган-тирилганига қарамай, қаёқдандир йўқ нарсани йўндириб келиши, ўғирда сувни туйиши, тунда ойга термулиб, чуқур-чуқур хўрсиниши, хонимининг мушуги ва кучукчасини эркалаши, танишлари билан дўст тутиниши, бод касали билан оғриган унинг холасини кўргани кириб, ҳол-аҳвол сўраши ва бу кампирга: “О, кўринишингиз жуда яхши, ҳали сиз бизлардан кейин ҳам яшайсиз!” – деб унинг кўнглини кўтариши; кейин эса, хонимининг яқин қариндошлари нималарни ёқтиришини сўраб билиб олиши, ҳеч кимнинг ғашига тегмаслиги, идишлардан биронтасини синдириб қўймаслиги, осмондаги ойни олиб тушиб бериши, қаёқдаги тутуруқсиз гапларни айтиб эзмалик қилиши ва сафсата сотиши, ҳеч тап тортмай, ёниб турган ёнғинни ёриб, тошқин сувни кечиб ўтиши, ҳамда маъшуқаси кийган либослардан мароқланиб: “Оҳ, қандай мўъжизавий бежирим либос!” ёки “Аҳ, мадам, бу либос гўзал жамолингизни яна ҳам очиб юборибди, азбаройи худо!” дейиши; кейин шу гапини яна минг хил тахлитда қайтариши лозим. Булардан ташқари, унинг ўзи ҳам худди сарой олифта йигитлари сингари, юз-кўзини бўяб, сочини силлиқ тараб, зебо кийиниб, беаёв киноявий ҳазиллар қилиши, шайтони лаин бошига солган барча мусибатларга юзида жилва билан бардош бериши, қаҳру ғазабини ичига ютиши, ўжар хулқини жиловлаши лозим. Маҳбубасининг онасини ҳам, холасининг қизини ҳам, уй ходимасини ҳам совға-саломлар билан хушлаши, эрталабдан то қоронғу кечгача хушмуомала бўлиб, очиқ чеҳра билан юриши, ё Тангрим кўрсатган йўлдан бориб муродга етиши, ё шайтоннинг думидан тутиб жаҳаннамга кетиши керак. Ахир биласизлар-ку, аёл зотининг кўнглини олиш жуда оғир вазифа, – думини бир ликиллатадию кетади-қолади, – ҳатто айтмайди ҳам нега сиздан хафа бўлганини. Ва ниҳоят, гапнинг пўсткалласини айтадиган бўлсак, тангри хуш кайфиятда бўлган чоғида яратган бир маъсума хилқатни севиб қолган йигит гапга чечанлиги билан уни ўзига ром қилиши, атрофида парвона бўлиб, худди шоҳ Довуд сингари мусиқа куйлари ила сармаст қилиши, минг-минглаб дўзахий азобларни бошидан кечириши, бу хонимининг шарафига, Коринф* усулида ясалган юзлаб ҳашаматли, жимжимадор устунлар тиклаши, лекин шунга қарамай, агар у ўша хилқатни биронта арзимас, ниҳоний ишда ранжитиб қўйгудек бўлса, – ҳолбуки, хонимнинг ўзи ҳам нима исташини билмайди, ва лекин ўша нарсани билишни ошиқ йигитидан талаб қилади, – шу заҳоти, худди моховдан ҳазар қилгандек қочиб кетади. Хоним ўзича ҳақ – ҳеч нима қилолмайсан. Баъзи бир эркаклар бундай ҳолатда ғамга ботадилар, ғазабланадилар ва телба бўла бошлайдиларки, буни тасаввур қилиш ҳам қийин. Айрим йигитлар шу чоти айри хотинни деб ҳатто ўз жонларига қасд қиладилар. Эркак киши ана шу жиҳатлари билан ҳайвондан фарқ қилади, зеро, ҳайвон ҳеч қачон бебахт севги туфайли жинни бўлмайди. Мана сизга ҳайвонларда қалб йўқлигини билдирувчи аниқ далил. Ошиқ йигит эплай олмайдиган ҳунар бўлмаслиги керак дунёда: у масхарабоз ҳам, аскар ҳам, товламачи ҳам, ҳазилкаш ҳам, кўзбойлоқчи ҳам ва яна қизиқчи, қирол, дангаса, роҳиб, лақма, майхўр, фирибгар, мақтанчоқ, чақимчи, сафсатабоз, тутуруқсиз, шилқим, пулни пўчоқдай совурувчи, овсар, девона бўла олиши керак; Исо пайғамбар бундай амаллардан воз кечган, донишманд кимсалар ундан ибрат олиб, ишқ-муҳаббатдан юз ўгирмоқдалар. Бундай маш-ғулотга муккасидан кетган калондимоғ эркаклар биринчи навбатда вақтларини, жонлари ва қонларини ишқ йўлида қурбон, дил розларини ошкор қилишга мажбур бўладилар, юраклари, қалблари, фикр-хаёллари ҳақида гапирмай қўяқолайлик – уларга ҳаддан зиёд ўч бўлади хотин зоти. Улар бир-бирлари билан чакаклари тинмай валдирашаркан шундай дейдилар: “Агар эркак бутун борини менга бахшида қилмас экан, демак, у менга ҳеч нима бермади, деб ҳисоблайман”. Яна шунақанги бадқовоқ хонимлар бўладики, ошиқ йигитлари уларнинг истакларини ўлиб-тирилиб, жонларини жабборга бериб бажарган бўлсалар ҳам, қовоқларидан қор ёғиб: “Бо Худо, шуям иш бўптими, мунча лаллаймаса!” – деб бурунларини жийирадилар. Сабабки, бу бешафқат, калондимоғ хотинлар ҳеч қачон ҳеч нимага қониқмайдилар, доим ниманидир қўмсаганлари-қўмсаган… Бу қонун Париж шаҳрида бўлган, бор ва бундан кейин ҳам кучини йўқотмайди, зеро, аёл зотидан бўлган чақалоқларни чўқинтираётганларида уларни фақат Париждагина намакоб сувда чўмилтирадилар. Мана шунинг учун ҳам Париж аёллари туғилган кунларидан бошлаб муғомбир, шайтон бўлиб ўсадилар.
Мэтр Ансо эса ўз устахонасидаги ловуллаб ёниб турган ўчоғида кумуш эритар, олтинга зарб қилар экан, ясаётган бу буюмида киши кўзини қамаштиришга қодир бўлган оҳанжамали безакларни ишлаб, муҳаббатнинг афсонавий нақшларини акс эттирмоқчи бўлар, аммо бунинг учун уста юрагининг қўри етарли даражада алангаланмасди, зеро, у ҳеч ердан жонли нусха топаолмаётган эди. Ўз-ўзидан маълумки, бизга осмондан қовурилган какликлар ёғилиб тушмаганидай, иффатли қизлар ҳам Парижда, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, эркакларнинг қучоғига ташланмайдилар, ҳаттоки улар қирол заргари бўлганларида ҳам. Бизнинг турлик заргар эса, илгари айтиб ўтганимиздек, нафақат қирол заргари, яна ўзга фазилат соҳиби – ахлоқан пок инсон эди. Лекин мэтр Ансо, қимматбаҳо буюмлар харид қилгани дўконига келган олийнасаб ва бойвучча хонимлардаги сахий табиат ато этган барча латофатли, малоҳатли хислатларни кўра олмасди. Дўконга келган бу хонимлар шўх-шўх чақчақлашишар, харид қилаётган буюмлари нархини пасайтирмоқчи бўлиб, заргарга ҳазил-ҳузул гап қотишар, хушомад қилиб уни ийдирмоқчи бўлишарди; кўпинча у уйига қайта туриб, шулар ҳақида шоирона теран хаёлга ботар, ўзини худди уяси йўқ какку қушдек ҳис қиларди. Шунда у ўзига-ўзи бундай дерди: “Бас, энди уйланмасам бўлмайди, хотин уйни супириб-сидиради, овқат пиширади, кийим-кечакни ямайди, покиза сақлайди, шўх-шўх қўшиқлар айтади, у мабодо бирон-бир тақинчоқни ёқтириб қолса, ҳамма эри бор хотинлар сингари, менга тантиқлик қилиб: “Вой, жонгинам, манавини қара, бирам чиройли эканми?” – дейди. Бу гапни эшитган қўшниларим хотинимни дарров танишади ва мен ҳақимда: “Қандай бахтиёр-а, бу йигит!” – дейи-шади ичларида. Шунда заргар ўзи орзу қилган ишларни хаёлида бирин-кетин амалга ошира бошлайди: мана, у никоҳдан ўтиб уйланди, суюкли хотинини бағрига босиб эркалади, уни зеб-зийнатли либослар билан ясантирди, унга тилла занжир совға қилди, ёстиқдошининг бошидан то оёғигача – бутун вужудини ардоқлаб севди, ўзининг шахсий жамғармасини истисно қилганда, уйидаги жамики рўзғор ва хўжалик ишлари ва ашёларини хотинининг ихтиёрига топширди. У хотинини болахонадаги ўз ётоқхонасига жойлаштиради. Бу хонанинг деразалари чиройли, ойнабанд, ерига шолча тўшалган, деворига гулқоғозлар ёпиштирилган; бу хонага Ансо кўркам жавон ва атрофига сариқ рангли парда тортилган оёқлари жимжимадор жуда кенг каравот олиб чиқиб қўяди; чиройли кўзгулар сотиб олади… Заргаримиз ўз уйи эшигига яқин келиб қолганида, тасаввуридаги хотинидан ўнтача фарзанд кўрган эди. Эвоҳ, хотин ҳам, болалар ҳам ғойиб бўлишди болғачанинг тўқиллашидан; Ансо эса, ўзи ҳам сезмай, хаёлида орзиқиб кутган шарпаларни ғоят антиқа чизгиларда акс эттирар, ишқий армонларини эса, харидор хонимларнинг кўнглига хуш ёқувчи ажойиб суратлар билан ифодаларди; харидор хонимлар-ку, бу суратлар замирида қанча хотин ва нечта бола яшириниб ётганидан бехабар эдилар. Уста заргаримиз ўз истеъдодини қанча кўп камолга етказган сари, ўзи бутун дардини ичига ютиб шунча кўпроқ ёввойилашиб борарди. Ўшанда агар Тангри шафқат қилмаганида, бу дунёдан у муҳаббат лаззатидан баҳраманд бўлмай ўтиб кетган бўларди, вале боқий дунёда у албатта чин муҳаббат мевасини татиб кўргай. Юксак фазилатлар соҳиби бўлмиш улуғ инсон Афлотун шундай сабоқ беради. Ҳайҳот, биз бу қиссамизга турли хил мулоҳазаларни тиқиштираверсак, уни ортиқча чекинишлар, нокерак шарҳлар билан семиртирган бўламиз; одатда, имони саёз одамлар, биздан ўз ижодимизни айнан шундай чекинишлар, кераксиз шарҳлар билан бежашни талаб қиладилар, худди қип-яланғоч бўлиб дингиллаб чопқиллаб юришни хоҳлаган болакайни йўргаклаб қўйишгандек. Илоё, ўша сафсатабоз маҳмадоналарга иблис ўзининг қиздирилган паншахаси билан учта ҳуқна* қўйсин. Мана энди, ҳикоямизни бемалол бошласак бўлади.
Мэтр Ансо қирқ бир ёшга қадам қўйган пайтида ажиб бир воқеани бошидан кечирди. Хушҳаво кунларнинг бирида у Сенанинг сўл соҳилида уйланиш ҳақида теран хаёлга берилиб сайр қилиб юраркан, Причетник даласи деб аталган ва Сен-Жермен аббатлигининг (дорилфунуннинг эмас) мулки ҳисобланган далага бориб қолганини сезмай қолди. Турлик уста сайр қилиб юриб, бир майсазор ўтлоқда кўрди ўзини. Бу ерда у ниҳоятда ғарибона кийинган бир қизни учратди; у қиз Ансони шаҳарнинг аслзода кишиларидан деб ўйлаб, унга таъзим қилди ва: “Худо сизни ўз паноҳида асрасин, монсеньёр” – деди. Унинг қизларгагина хос бўлган назокатли овози шундай илтифотли саховат билан янградики, самовий куйни эслатувчи бу нафис овоз заргарни ўзига мафтун қилдию бу қизни у чин юракдан севиб қолди – ўша пайтда ҳамма нарса, айниқса, мудом унга тинчлик бермаётган “қачон уйланарканман”, деган ширин орзу йўлини равон, мушкулини осон қилганди. Гарчи у ҳозир шундай хаёл оғушида бўлса ҳам, барибир, қизнинг ёнидан ўтиб нари кетди ва бурилиб орқасига қайтишга юраги журъат этмади, зеро, белидаги камарини ечиб роҳатланишдан кўра, шу камаридан сиртмоқ ясаб ўзини осишни афзал билувчи иболи бокира қиздек тортинчоқ эди у. Мана, ниҳоят, мэтр Ансо у қиздан камон ўқи учиб бора оладиган ергача узоқлашганида, ўн йил бурун заргарлар устахонасига ишга қабул қилинган, кейин Парижнинг бадавлат фуқароси бўлиб, фоний ҳаёт йўлининг ярмини босиб ўтган одам аёл кишининг жамолига нигоҳ ташлашга ҳақли эмасми ахир, хусусан, тахайюлидаги орзу-истаклари жўш уриб унга тинчлик бермаётган чоғда, деб жуда тўғри ва қатъий қарорга келди у. Мана, шартта орқасига бурилиб, қиз турган ерга қайтиб борди ва журъат этиб унинг юзига қаради… Қиз ориқ сигирининг бўйнига боғланган арқонни тортар, сигир эса, ариқ бўйидаги ўтларни чимдиб ейиш билан овора эди.
– Яхши қиз, – деди Ансо, – сиз жуда қашшоқ бўлсангиз керак, қарасам, ҳатто якшанба куни ҳам қўлингиз ором олмаяпти. Наҳотки, қамоққа тушишдан қўрқмасангиз?
– Жанобим, – деди қиз кўзларини ерга тикканча, – нега қўрқарканман, ахир мен аббатликнинг мулкиман-ку. Муҳтарам аббат ҳазратлари кечки ибодатдан кейин сигирни далага олиб чиқиб ўтлатишимизга рухсат берганлар.
– Бундан чиқди, сигир сизнинг жонингиздан ҳам азиз экан-да?
– Гапингиз тўғри, жанобим, бизни едириб-ичирувчи ягона боқувчимиз шу сигир.
– Сизни бундай абгор аҳволда кўриб ҳайрон қоляпман! Кийимингиз жулдур-жулдур… эскириб увада бўлиб кетган, ҳатто якшанба куни ҳам далада яланг оёқ юрибсиз, ваҳоланки, сиз шундай бебаҳо хазиналар соҳибасисизки, аббатликка қарашли бутун мулкни айланиб чиққанда ҳам бундай бойликни топиб бўлмайди. Шаҳар йигитлари сизга муҳаббат изҳор қилгани орқангиздан эргашиб, жиғингизга тегишаётгандир?
– Ҳечам, жанобим. Ахир мен аббатликнинг мулкиман-ку, – деб яна такрорлади қиз ва чап қўлига тақилган темир ҳалқани заргарга кўрсатди; бунақа ҳалқа далада ўтлаб юрган уй ҳайвонлари бўйнига осилади, фақат қизнинг ҳалқасида қўнғироқча йўқ эди.
Дилбар қиз устага кўз ташлади, унинг кўзларидаги ўкинч аломатини кўриб, Ансо ҳайрат оғушида тўхтаб қолди. Маълумки, энг кучли руҳий изтироб юракдан юракка кўз орқали етиб боради.
– Бу нима? – деб сўради Ансо ҳалқага қўлини теккизиб, – у ҳамма гапни қизнинг ўзидан сўраб билмоқчи эди. Гарчи бу ҳалқадаги аббатликнинг туғроси анча бўртиқ ҳолда бўлса ҳам, заргар уни кўздан кечиришни истамади.
– Жанобим, мен аббатлик мулки – қулнинг қизиман, шу сабабли, менга уйланган ҳар қандай одам, ҳатто у Париж фуқароси бўлса ҳам, қулга айланади. Минг уринсин, у жони ва тани билан аббатликнинг мулки бўлади-ю, мабодо ўша одам никоҳдан ўтмай туриб мен билан қовушгудек бўлса, ўшанда ҳам болаларимиз аббатлик мулки бўлиб қоладилар. Шунинг учун ҳам ҳамма мендан юз ўгиргай, мен далада ёлғиз қолиб кетган бир жонивордек ташландиқ қизман. Ҳаммадан кўпроқ менга алам қиладигани шуки, аббатлик пири бузурги кўнгли хоҳлаган пайтда мени ўзимга ўхшаган биронта қулга қўшиб қўяди. Ҳаттоки ҳозиргидек жулдурвоқи ва бадбашара бўлмаганимда ҳам, борди-ю, бирон киши мени чин дилдан севиб қолгудек бўлса, барибир, у қўлимдаги манави ҳалқани кўрибоқ дарров худди қора ўлатга йўлиқишдан қўрққандай, тирақайлаб қочиб кетади.
Шундай деб қиз яна сигирининг арқонидан тортди.
– Ёшингиз нечада? – сўради заргар.
– Билмайман, жанобим, лекин хўжайинимиз монсеньёр пири бузург буни ёзиб қўйган.
Бундай шафқатсизлик қашшоқликнинг аччиқ азобини тортган устамизнинг раҳмини келтирди. У қиз билан ёнма-ён юриб бораркан, икковлари ҳам теран сукутга толган ҳолда бир жилға бўйига етдилар.
Заргар қизнинг чиройли чеҳрасига, унинг шолғомдек қизариб кетган қўлларига, улуғвор қадди-қоматига, унинг чангга ботган, гўё биби Марям ҳайкали учун тарашланган оёқларига мароқланиб қарарди. Қизнинг қомати ва жамолидаги бундай нафис, нозик белгилар уни ўзига мафтун қилган эди – Ансо Париж шаҳрининг ҳамда деҳқон қизларнинг ҳимоячиси авлиё аёл Женевьеванинг тирик портрети қаршисида тургандек ҳис қиларди ўзини. Шуни билингки, қалби ҳам, ниятлари ҳам пок бўлган маъсум заргаримиз бу қизнинг мафтункорона ийманиб, кўкрагини дағал рўмоли билан яшираётганини кузатаркан, унинг қордек оппоқ сийнаси латофатини аниқ тасаввур қилардики, ғарқ пишган олмани кўрган мактаб боласи ҳавас билан тамшанганидек, устани ҳам рўмол панасидаги сийналар шундай ўзига ром қилган эди.
Яна шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, заргарнинг кўзига ташланган бу қиздаги барча жиҳатлар – бебаҳо хазина эди, роҳибларга тегишли бўлган жамики мулк сингари. Бу қиз шундай ноёб гул эдики, унга қўл учини теккизиш қанчали қатъий тақиқланган бўлса, Ансо ҳам шунчалик интизор эди қайноқ севгига, юраги эса ҳаяжонланганидан, “гурс-гурс” тепарди.
– Сигирингиз жуда ҳам яхши экан, – деди у.
– Сут ичишни хоҳлайсизми? – деди деҳқон қиз. – Бу йил май ойи иссиқ келди, шаҳарга ҳали анча узоқ.
Чиндан ҳам, беғубор осмонда қатра булут кўринмас, теварак-атроф худди темирчининг ўтхонаси янглиғ жазирама иссиқ эди. Ҳаммаёқдан – япроқлардан, об-ҳаводан, йигиту қизлардан, ёшлик ифори уфуриб турарди. Ҳамма нарса кўкарган, гуллаган, муаттар ҳид таратарди. Қизнинг ҳеч қандай мақсадни кўзламай, соддадиллик билан қилган таклифи (зеро, қизнинг бу икки оғиз сўзидаги ғайритаъриф жозибани, унинг уятчан нигоҳини тоғ-тоғ олтинга ҳам топиб бўлмасди) устанинг юрагини эритиб юборди, шунда у бу қулликдаги қизни бутун Париж пойига бош уриб сажда қиладиган қиролича қиёфасида кўришни хоҳлади.
– Э, йўқ, азизам, менга сут эмас, сиз кераксиз, мен сизни сотиб олиш учун розилик сўрамоқчиман.
– Бунинг иложи йўқ. Мен то ўла-ўлгунимча аббатликнинг мулки бўлиб яшасам керак. Бизлар бу ерда жуда кўп йиллардан бери яшаймиз, боболаримиз ҳам шу ерда яшаган, неваралари ҳам шу ерда кун кечирурлар. Менинг пешонамга ҳам, фазандларим пешонасига ҳам, бахтиқаро аждодларимга ўхшаб, аббатлик даргоҳида қул бўлиб яшаб дунёдан ўтиб кетиш ёзилган, зеро, пири бузург ҳазратларининг ўзи ҳам биз қулларидан насл қолишини талаб қилади.
– Ие! – деб юборди турлик. – Наҳотки, бу мафтункор кўзларингизга шайдо бўлган биронта азамат, худди мен қиролдан ўз озодлигимни сотиб олганимдай, сизни озодликка чиқариш учун пул тўлашга журъат этмаган бўлса?
– Озодлик жуда қиммат туради, шу сабабдан, мени ёқтириб қолган одамлар бир кўриниш берадилар-у, дарров қочиб қоладилар.
– Ўз севган йигитингиз билан бу ердан бирон учқур арғумоққа миниб қочиб кетиш ҳақида ҳеч ўйламадингизми?
– О, жанобим, агар мени тутиб олишса, дарҳол дорга осадилар, севган ёрим, ҳатто у аслзода бўлганида ҳам, бутун ер-суви, мол-мулкидан мосуво бўлади. Арзимайман мен бундай катта фидойиликка, билингки, аббатликнинг қўли жуда узун, бу даргоҳдан ҳар қандай абжир одам ҳам қочиб кета олмайди. Мен мана шу алфозда минг-минг риёзатлар чекиб, Худога сиғиниб, яшаб келяпман, демак, пешонам шўр экан.
– Отангиз нима иш қилади?
– У аббатликнинг токзорида ишлайди.
– Онангиз-чи?
– Онам кир ювади.
– Исмингиз нима сизнинг?
– Менинг исмим йўқ, муҳтарам жанобим. Отамни Этьен деб чўқинтиришган, онамнинг исми Этьенна, мен бўлсам камтарин чўрингиз Тьенеттаман.
– Азизам менинг! – деди мэтр Ансо. – Мен умримда ҳеч қачон ҳеч бир аёлни ёқтирмаганман, лекин сизни севиб қолдим, аминманки, қалбингиз буюк хазиналар масканидир. Кейинги пайтларда мен ўзимга умр йўлдоши танлашга қатъий аҳд қилиб юрган эдим; ҳамонки сиз шу муборак дамда кўз олдимда намоён бўлган экансиз, буни мен илоҳий дастуриламал деб биламан. Агар мендан ҳазар қилмасангиз, илтимос, самимий дўстингиз деб билинг мени.
Қиз яна кўзларини ерга қадади. Турлик заргар бу сўзларини қатъий ишонч билан сидқидилдан гапирдики, Тьенеттанинг кўзлари ғилт-ғилт ёш бўлди.
– Йўқ, жаноб, – деб жавоб қилди у, – агар айтганингизга рози бўлсам, умрбод ғам-ҳасратда бахти қаро бўлиб яшашингизга сабабчи бўламан. Қашшоқ чўри қизга икки оғиз ширин сўзнинг ўзи кифоя.
– Сиз, бўтам, ким билан учрашганингизни билмайсиз ҳали!
Шундан сўнг, турлик чўқиниб олиб, қўлларини қовуштирганча деди:
– Барча заргарларнинг ҳомийси авлиё Элуага қасамёд қилиб айтаманки, мен олий нав кумушдан ғоятда кўркам иккита токча ясаб, уларни санъатим гуллари билан безантираман. Кейин битта токчани қимматли завжаи муҳтарамамни қулликдан озод этгани учун миннатдорчилик юзасидан мўътабар соҳибамиз биби Марямга бағишлайман, бу ерда турган қул қиз Тьенеттани озодликка чиқаришда қилган ҳаракатларим самара берганида, юқорида номи зикр этилган муқаддас ҳимоячимга, илтижоларимни қабул айлагани учун, иккинчи токчани бахшида қиламан. Бундан ташқари, пок дилим ҳаққи астойдил қасам ичиб айтаманки, бу кўзлаган ишимни рўёбга чиқаришда ҳеч нимамни аямайман ва то умримнинг охиригача тинчимайман. Биламан, худо илтижоларимни эшитади… Сиз-чи, жонгинам? – деди мэтр Ансо қизга ўгирилиб.
– Жанобим, сигирим қочиб кетди, тутишга ёрдам беринг! – деди Тьенетта юм-юм йиғлаб ва дўстининг оёғига бош уриб. – Сизни то ўла-ўлгунимча севаман, лекин кечинг ичган қасамингиздан.
– Юринг, сигирни тутайлик, – деб жавоб қилди қизга мэтр Ансо тиз чўккан қизни кўтараркан, лекин ҳали уни ўпишга юраги бетламади, гарчи қизнинг кўнгли шуни хоҳлаб турган бўлса ҳам.
– Энди сигирим қочиб кетгани учун мени калтаклашади, – деди у.
Ана шунда бизнинг заргаримиз ишқий кечинмаларга заррача ҳам парво қилмаган ярамас сигирнинг орқасидан қува кетди. Орадан сал вақт ўтмай, турлик бу саркаш ҳайвоннинг шохларидан маҳкам чангаллаб олди. Агар яна бир тихирлик қиладиган бўлса, уни худди бир сиқим похолдек осмонга отишдан ҳам қайтмасди.
– Яхши қолинг, тасаддуқ. Агар шаҳарга боргудек бўлсангиз меникига ҳам киринг – уйим авлиё Ле черковининг ёнгинасида. Исмим мэтр Ансо. Мен марҳаматли қиролимизнинг заргариман. Сиз келаси якшанба куни шу далада бўлишга сўз беринг; мен албатта келаман, момақалдироқ гумбурлаб, жала қуйиб турса ҳам.
– О, марҳаматли хожам! Агар зарур бўлса, четан девордан ҳам ошиб ўтаман. Мен миннатдорчилик юзасидан, сиздан ҳеч нима талаб қилмай, заррача ҳам зиён-заҳмат етказмай, ҳаттоки боқий дунёдаги роҳат-фароғатли ҳаётимдан воз кечиб бўлса ҳам, сизники бўлишдан қайтмасдим. Лекин унгача мен сизнинг ҳаққингизга парвардигорга астойдил тинмай ибодат қилгайман.
Шундан кейин қиз устанинг орқасидан кузатаркан, турган ерида худди метин устундек қимирламай туриб қолди. Уста эса аста-аста одим отиб узоқлашиб бораркан, соҳибжамол қизни яна бир марта кўриш учун, ўқтин-ўқтин орқасига ўгирилиб қарарди. Мэтр Ансо жуда узоқлашиб кетиб, ахири кўринмай қолганида ҳам қиз ҳануз турган еридан жилмади, кеч кириб қоронғи тушганда ҳам теран хаёлга берилиб даладан кетмади. У не ҳол юз берганини ҳеч тушунмас, наҳотки шуларнинг ҳаммасини тушимда кўрган бўлсам, деб ҳайрон бўларди. У уйга ярим кечада етиб борди ва кеч қайтгани учун уни калтаклашди, лекин қиз калтак зарбини ҳеч ҳис қилмади.
Саховатпеша Ансонинг уйқуси қочиб, иштаҳаси бўғилди, ҳатто устахонани ёпиб ишламай қўйди; У Тьенеттани шундай зўр иштиёқ билан севиб қолган эдики, фақат шу қиз ҳақида ўйлар, ҳамма ерда фақат уни кўрар ва дунёдаги ҳамма нарса заргарга Тьенетта бўлиб кўринарди. Эртаси куни эрталаб турлик Ансо пири бузург ҳазратлари билан суҳбатлашгани юрагини ҳовучлаб аббатлик сари йўл олди. Лекин йўлда кетаётганида у, шошқалоқлик қилмаслигим, эҳтиёткорлик билан иш кўришим керак, деган қарорга келди-да, энг аввал қирол аъёнларидан биронтасига илтижо қилиб, унинг шафоатига суянмоқчи бўлди ва яна Парижга қайтди – ўша пайтда қирол саройи Парижда эди. Заргарлар корхонасининг таниқли устаси бўлмиш Ансонинг эл ҳурматига мушарраф бўлганини, ясаган нафис ва нодир буюмлари ҳамда ўзининг боадаб муомаласи билан бутун шаҳар аҳли ҳурматини қозонганини яхши билган қирол саройининг бош нозири бу ошиқ йигитни ўз ҳимоятига олишга сўз берди. Ансо бу мансабдорнинг илтимосига кўра, бундан сал олдинроқ ширинликлар учун мўлжалланган, ҳаммаёғи қимматбаҳо тошлар билан безатилган бир тилла қутича – заргарлик санъати мўъжизасини ясаб берган эди. Бош нозир бу қутичани сарой хонимларидан бирига туҳфа қилган эди. Мана, у мэтр Ансога йўрға отни, ўзи учун эса ўзининг отини эгарлашни буюрди ва икковлари алҳол аббатлик томон йўл олишди. Бу аслзода аъён эндиликда тўқсон уч ёшга кирган пири бузург ҳазратлари Ҳугон де Сенектернинг қабулига кириш учун ижозат олди ва ўз тақдирининг қандай ҳал бўлишини ҳаяжонланиб кутаётган заргар билан биргаликда залга кирди-да, пири бузург Ҳугонга мурожаат қилиб деди:
– Ҳазратим, оддийгина бир илтимос билан келган эдик, бир яхшилик қилсангиз ва шу илтимосимизни эшитишдан олдин уни бажаришга сўз берсангиз.
Лекин аббат бош чайқаб қўйиб, аъёнга бундай жавоб қилди:
– Агар шундай қилсам, черков низомига содиқлигимга хиёнат қилган бўламан.
– Сиз олдин гапимни эшитинг, ҳазратим, – деди аслзода аъён, – бизнинг мана бу сарой заргаримиз бир қизни севиб қолиб, ишқ алангасида ёнмоқда; шунга кўра, камина сиз ҳазратимдан ўшал қизни озодликка чиқаришингизни илтимос қиламан, ўзим эсам, сизнинг ҳар қандай истагингизни сўзсиз бажаришга сўз бераман.
– У қайси қиз экан? – сўради аббат устадан.
– Унинг исми Тьенетта, – деди заргар тортинчоқлик билан.
– Шунақа денг! – деди қария Ҳугон жилмайиб. – Қармоғимизга шундай балиқ илинибди, демак, хўрагимиз чакки эмас экан-да. Ва лекин бу – жуда жиддий масала, бир ўзим ҳал қила олмайман уни.
– Гапингизнинг маъносини тушуниб турибман, авлиё ота, – деди аъён қовоқ солиб.
– О, яхши йигит, – деди пири бузург, – у қиз қанча туришини биласизми?
Шундай деб, у котибига Тьенеттани бу ерга бошлаб келишни, лекин қизнинг ҳусн-жамолини меҳмонларга бўрттириб кўрсатиш учун, уни ювиб-тараб ясантиришни буюрди.
– Муҳаббатингиз хавф остида, – деди аслзода аъён заргарни чеккароққа бошлаб бориб. – Воз кеча қолинг бу ниятингиздан, ахир сиз хоҳлаган ерингизда, ҳатто қирол саройида ҳам аслзода кишилар насабидан бўлган ва сиз билан турмуш қуришга жон-жон деб рози бўладиган гўзал, навниҳол аёлларни учратишингиз мумкин-ку. Қолаверса, қиролимизнинг ўзи сизнинг дворянлардек ер-мулк соҳиби бўлишингизга кўмаклашажак, ана унда, авлодларингиз ҳам, мавриди келганда, акобир зотлар табаасида бўлурлар. Нима, янги олижаноб кишилар авлодининг асосчиси бўлишингизга олтинларингиз етмайдими?
– Мен бундай қилолмайман, – деди Ансо, – сўз берганман.
– Унда, ўша дилбарингизни, нима қилиб бўлса ҳам сотиб олинг. Биламан, роҳиб аҳли пулни кўрса ҳамма нарсага рози бўлади.
– Ҳазратим, – деди уста яна пири бузург қошига яқин бориб, – Сизга ушбу заминдаги бандаларга худонинг олий марҳаматини улашиш ваколати берилганки, ул илоҳий марҳамат жамики мазлум, бахти қаро кишиларга аталгандир ва бу илоҳий марҳамат бизнинг ғам-ҳасратларимизни бартараф қилишга қодир бўлган мислсиз раҳм-шафқат хазинасидир. Мен кундузги ва тунги ибодатларимда эзгу сўзлар билан мудом сизни хотирлагайман ва сизнинг саховатингиз туфайли ўз бахтимга эришганимни ҳеч қачон унутмасмен, агар сиз юқорида номи зикр этилган қизни қонуний никоҳ ўқитиб, менга турмушга бериб, каминага саодат бахш этишга ва бизлардан дунёга келган болаларни ўзингизнинг қулларингиз деб ҳисобламасликка рози бўлсангиз. Бу қилган яхшилигингиз учун мен сизга ҳаммаёғи олтин безаклар, қимматбаҳо тошлар, қанотли фаришталар билан безатилган, бутун христиан оламида яккаю ягона ажиб эҳсондон* ясаб бераман. Ҳеч ерда тенги йўқ бу эҳсондон кўзингизни қувонтиради ва меҳробингиз шон-шуҳратини оламга шундай ёядики, художўй шаҳарликлар ушбу аббатликни зиёрат қилгани гала-гала бўлиб кела бошлайдилар, ҳаттоки ўзга юртли машҳур кишилар ҳам муҳташам эҳсондонни ўз кўзлари билан кўриш иштиёқида даргоҳингизга зиёратга келадилар.
– Бўтам, – деб жавоб қилди пири бузург, – сиз телба бўлиб қолганга ўхшайсиз! Ҳамонки сиз бу қизни хотин қилиб олмоқчи экансиз, унда бутун мол-давлатингиз ҳам, ўзингиз ҳам аббатлик капитули* мулкига айланурсиз.
– Ҳа, ҳазратим, бу шўрпешона қизга бўлган муҳаббатим телба қилиб қўйди мени. У қизнинг жисмоний камолотидан ҳам кўра кўпроқ, унинг ғарибона кун кечириши ва қалби пок насроний қиз эканлиги кўпроқ раҳмимни келтирди. Лекин ҳаммадан кўпроқ, – деб кўзларида ғилт-ғилт ёш билан гапини давом эттирди турлик, – сизнинг бадқаҳрлигингиз мени ҳайратга солмоқдаки, бу ҳақда юзингизга айтишга журъат этдим, тақдиримни ҳал қилиш сизнинг ихтиёрингизда эканлигини билсам ҳам. Ҳа, ҳазратим, мен қонунни биламан. Қисқаси, агар менинг мол-давлатим сизнинг мулкингизга, ўзим сизнинг қулингизга айланадиган бўлсам, агар уй-жойимдан, шаҳар фуқароси ҳуқуқидан маҳрум бўладиган бўлсам, шунда ҳам мен ўз меҳнатим ва билимим туфайли эришган давлатимни ўзимда сақлаб қоламан, ўша давлатим мана бу ердадир, – деди у қўлини пешонасига теккизиб. – Унга Худодан ва менинг ўзимдан бошқа ҳеч бир зот эгалик қила олмайди. Бинобарин, менинг миямда пинҳона сақланаётган бўлғуси ижодий ишларимни сотиб олишга бутун аббатлигингиз жамғарган пуллар ҳам етмайди. Бизнинг ҳаммамиз – менинг жисмим, менинг хотиним, менинг болаларим сизники бўлади вале менинг ақлий мулкимга эгалик қилиш учун ҳеч нима ва ҳеч ким, ҳаттоки қийноқлар ҳам сизга ҳуқуқ беролмайди, зеро, мен энг метин темирдан ҳам бақувватроқман ва азобим қанча зўрайса, мен шунча қаноатлироқ бўламан.
Мэтр Ансо гапини айтиб бўлди; бу аснода пири бузург бу арзгўйнинг олтин тангаларини аббатлик фойдасига ўзлаштириш ҳақида ўйларкан, заргарнинг айтаётган гапларига унча парво қилмади. Буни кўрган Ансонинг ғазаби қайнаб кетди ва жаҳл устида эмандан ясалган маъруза минбарига бир мушт туширган эди, у худди болғадан зарб егандек парча-парча бўлиб кетди.
– Мана, ҳазратим, яқинда сиз ана шу хизматкорга эга бўласиз ва беқиёс нодир буюмлар яратувчи уста сизнинг қулингизга айланади.
– Бўтам, – жавоб қилди пири бузург, – сиз менинг минбаримни парчаладингиз ва дилимни ноҳақ оғритиб енгилтаклик қилдингиз. У қиз менга эмас, аббатликка тегишли. Мен мўътабар монастиримиз қонун ва удумларини муҳофаза қилувчи содиқ хизматкорман, холос. Бу аёлдан озод болалар туғилишига розилик беришимдан олдин, Парвардигоримнинг ва аббатликнинг розилигини олишим керак. Ҳолбуки, монастиримиз бу ерда қад кўтарган пайтдан ва унда роҳиблар, хизматкор қуллар пайдо бўлгандан бери, id est* қадим-қадим замондан бери ҳеч қачон шаҳар фуқароси қул деҳқон аёлга уйланиб, аббатликнинг қулига айланмаган. Шунга кўра, қонунга амал қилиш, итоат этиш, ишониш лозим, фақат шундагина унинг қудрати заифлашмайди ва топталиб оёқ ости бўлмайди, акс ҳолда минглаб фалокатлар содир бўлиши мумкин; сизнинг энг ноёб, энг бебаҳо эҳсондонларингиздан кўра давлатга ва аббатликка шу муҳимроқ; шуни билингки, бизда ҳар қандай қимматбаҳо буюмларни харид қилишга ҳам етадиган сармоя бор ва ҳеч қандай тоғ-тоғ хазиналар ҳам бизнинг удумларимиз ва қонунларимизни ўзгартира олмайди. Камина сарой нозирини шоҳидликка даъват этаман, зеро, у ўз амр-фармонларининг мудом бузилмай кучда қолиши учун кун уззу кун курашиб келаётган қирол аъло ҳазратларининг жамики амалларидан бохабардир.
– Нияти менга сўз бермаслик, – деб ғўлдираб қўйди сарой аъёни.
Қонунларни унча чуқур идрок қила олмаган устанинг кўнгли чўкиб кетди. Шу маҳал бу ерга Тьенетта кириб келди, у серғайрат уй бекаси томонидан роса ишқалаб тозаланган кумуш лагандек чақнаб турарди: унинг сочи чиройли қилиб таралган, эгнига оқ жун кўйлак ки-йиб, белига ҳаворанг белбоғ бойлаган, оёғига чиройли туфли, оқ пайпоқ кийган эди – хуллас, у маликалардек гўзал ва муомалада шундай хуш мулозамат эдики, заргаримиз уни кўриб, ҳайратдан ҳушини йўқотаёзди, ҳатто сарой аъёни ҳам, умрида ҳеч қачон бундай баркамол гўзалликни кўрмаганлигини эътироф этди. Кейин, аъён бу қизнинг нигоҳи шўрлик устага турли хил хавф туғдириши мумкинлигини ўйлаб, уни шоша-пиша шаҳарга олиб кетди ва йўл-йўлакай, сиз бу ниятингизни жуда пухта ўйлаб кўришингиз керак, негаки, пири бузург шаҳар боёнлари ва аслзодаларини қармоққа илинтирувчи бундай хўракни ҳеч қачон қўлдан чиқармайдиганга ўхшайди, деб маслаҳат берди. Ҳа, айтгани тўғри чиқди, капитул шўрпешона ошиқ йигитга ўз қарорини билдирди: “Агар Тьенеттага уйлансангиз, бутун мол-давлатингизни, уйингизни аббатлик фойдасига топширишингиз, ўзингизни ҳам, ушбу никоҳингиздан туғилган болаларингизни ҳам қуллар деб тан олишингизга тўғри келади”. Лекин пири бузург алоҳида марҳамат кўрсатиб, Ансонинг уйидаги ҳамма бойликлар аббатлик мулки сифатида рўйхатга олиниши ва махсус мажбуриятга кўра, уста ҳар йили уй солиғини тўлаб туриши шарти билан, уйни Ансога қолдирди. Бундан ташқари, уста ҳар йили бир ҳафта мобайнида, ўзининг қул эканлигини билдириш учун монастирга қарашли хоналар биқинидаги каталакда кун кечириши лозим эди. Ҳамма ўтган, кетган, йўлида дуч келган одамлардан роҳибларнинг нақадар ўжар ва саркаш эканлиги ҳақида эшитавериб, қулоқлари қоматга келган уста аббатнинг ўз аҳдидан қайтмаслигини тушунди ва юраги сиқилиб хуноби ошди. Гоҳ у аббатликнинг тўрт томонидан ўт қўйиб юборишга чоғланар, гоҳ пири бузургни бирон хилват ерга олиб бориб, то Тьенеттага эрк бериш ҳақидаги ҳужжатга имзо чекмагунича уни қийнамоқчи бўлар – хуллас, миясида минг хил афсонавий хаёллар туғилар ва зумда ўчиб кетарди. Ниҳоят, у иккилана-иккилана, ахири қизни ўғирлаб, ҳеч кимнинг қўли етмайдиган узоқ ва бехатар ерга олиб қочиб кетмоқчи бўлди; шу қарорга келиб қочиш тадоригини кўришга киришаркан, агар салтанат сарҳадидан четга чиқиб кетсам, ёр-дўстларим ёки қирол аъло ҳазратларининг ўзи роҳибларнинг танобини тортиб қўйиши қийин бўлмайди, деб мулоҳаза қила бошлади. Мэтр Ансо ўз ғанимини яхши билмасди! Лекин пири бузургнинг қандай золим эканлигини билиб олди. Бир куни у далага келиб, у ерда Тьенеттани учратмади, маълум бўлишича, уни аббатликда ҳибсда қўриқлаб туришган эканки, энди уни озод қилиш учун бутун монастирни қамал қилиш лозим бўлар эди. Шунда мэтр Ансо фарёд-ла, чекиб бундай бешафқатликдан нола чекиб, зорланиб ғазабланди. Шаҳарнинг барча эркак ва аёллари бу воқеа ҳақида дув-дув гап бошлаб юборишди, оқибатда бутун шаҳарда шундай кучли шов-шув кўтарилдики, қиролнинг ўзи кекса пири бузургни ўз ҳузурига чақириб, ундан қирол заргарининг буюк муҳаббатига нечун бепарво қараётгани ва ушбу амалда христианлик раҳм-шафқатини севишганлардан нега дариғ тутаётгани сабабини сўради.
– Бунинг сабаби битта, онҳазратлари, – деб жавоб қилди аббат, – гап шундаки, барча қонунлар худди ягона совутнинг занжиридаги ҳалқалар сингари, бир-бирлари билан ўзаро боғланган, агар битта ҳалқа узилиб кетгудек бўлса, бутун занжир сочилиб кетади. Шунингдек, агар ўшал қизимизни бизнинг розилигимизсиз, таомилга амал қилмай оладиган бўлсалар, орадан сал вақт ўтмай раийатингиз бошингиздаги тожни ҳам тортиб олиши, бутун мамлакатда исён кўтариб, ўрмонлар, йўллар ва бошқа жойлардан олинадиган, халқни эзувчи божларни бекор қилиши мумкин.
Қирол тилини тийиб қолди. Бу воқеанинг қандай якунланишини ҳамма сабрсизлик билан кутарди. Жамоанинг бу мусоҳабага бўлган қизиқиши шу қадар зўр эдики, кўпчилик зодагонлар, турлик заргар севгилисидан воз кечади, деб бир-бирлари билан баҳс бойлаша бошлашди, хонимлар эса, бунинг акси бўлишини хоҳлардилар. Ансо қиролича ҳузурига бориб, роҳиблар унга севгилисини кўрсатмай қўйишганини кўз ёш тўкиб арз қилди; қиролича ҳазрати олиялари бу қилғилиқни золимлик ва аблаҳлик деб ҳисоблади, бу ҳақда у пири бузургга мурожаат қилди, шундан кейин заргар ҳар куни аббатлик қабулхонасига кириб туришга рухсат олди; Тьенетта Ансо билан учрашгани шу ерга, албатта, кекса бир роҳиб кузатувида келарди. Келганидаям ҳар сафар худди бойвучча хонимлардек ҳашаматли либосларга безаниб келарди. Бу севишганларнинг фақат кўришишлари ва суҳбатлашишларига рухсат берилган эди, улар ҳатто яширинча бирон марта ўпиша олмасдилар ҳам, шунга қарамай, ўрталаридаги муҳаббат учқуни тоборо баландроқ гуркираб аланга ола бошлади. Бир куни Тьенетта дўстига шундай деди:
– Қимматли жанобим, мен сизга ўзимнинг ҳаётимни бахшида қилмоқчиман, шу йўл билан сизни қулликдан озод қиламан. Бунинг иложи шундай: мен ҳамма гапни ипидан-игнасигача сўраб-суриштириб, аббатлик қонунларини усталик билан четлаб ўтиш йўлини ва мен билан қовушганингиздан кейин сизни ўзингиз орзу қилган саодатли кунларга етказиш иложини топдим. Черков суди судьяси менга ҳамма гапни туширтирди: ҳамонки, сиз қул бўлиб туғилмаган экансиз, фақат қул қиз билан никоҳдан ўтганингиздан кейин қулга айланар экансиз, сизни қуллиққа олиб келган сабаб барҳам топиши билан сиз ҳам озод бўласиз қулликдан. Шунга кўра, агар сиз мени, ўзингиз айтганингиздек, жонингиздан ортиқ яхши кўрсангиз, бутун мол-давлатингизни аббатликка топшириб ўз бахтимизни сотиб олинг ва менга уйланинг. Кейин мендан то тўйгунингизча мириқиб лаззатланаверасиз, кейин мен болам туғилишини кутмасдан, ўзим ўз жонимга қасд қиламан ва сиз яна озод бўласиз. Бу сизнинг қонуний ҳуқуқингиз, бундан ташқари, қирол ҳам сизнинг ёнингизни олади, одамларнинг айтишича, унинг сизга ихлоси баландмиш. Қолаверса, Худо мени кечиради, бунга аниқ ишонаман, зеро, мен ўз ҳукмдорим ва ёстиқдошимни озодликка чиқариш учун ўлимимга рози бўламан-да.
– Азизам Тьенетта! – деди Ансо. – Бўлди, гап тамом, мен қул бўламан, сен яшайверасан, шунда бахтли ҳаётим то умримнинг охиригача давом этгай. Сен ёнимда бўларкансан, ҳар қандай кишан ҳам менга оғирлик қилмайди. Борди-ю, ҳамёнимда бир танга ҳам пулим қолмади дейлик. Хўш, нима бўпти шунга? Ахир менинг хазинам бор-ку – бу сенинг қалбинг, яна менинг бебаҳо бахтим-саодатим, роҳат-фароғатим, ҳузур-ҳаловатим, яъни сенинг бетимсол латофатинг менинг битмас-туганмас бойлигимдир. Мен авлиё Элуага сиғиниб ундан шафоатини биздан дариғ тутмасликни илтижо қиламан, у қандай мушкул аҳволда қолганимизни кўриб бизга шафқат қилади ва бизни ҳар хил ёвузликлардан ҳимоя қилади – мен бунга аминман. Демак, мен ҳозир суд нозири ҳузурига бориб, унга керакли ҳужжатлар, шартномаларни тайёрлашни буюраман. Ҳеч бўлмаганда, ҳаётимнинг бебаҳо гули бўлмиш сен дурустгина кийинасан, яхши уйда яшайсан ва бутун умр ходималаринг атрофингда парвона бўладилар, худди қироличага хизмат қилгандай, негаки, пири бузург ҳазратлари даромадларимнинг бир қисмидан фойдаланишимга розилик берди.
Тьенетта ҳам йиғлаб, ҳам кулиб, бундай бахтдан ўзини четга олиб қочар ва озод одамнинг қул бўлишига йўл қўймаслик учун ўзи ўлишни хоҳларди, лекин мэтр Ансо унинг қулоғига шундай ширин сўзларни пичирлаб айтиб, агар Тьенетта шундай қилса, ўзи ҳам унинг орқасидан гўрга киришини айтиб чўчитарди, шунда Тьенетта, олдин муҳаббат қувончидан баҳраманд бўлай, кейин хоҳлаган пайтимда ўзимни ўзим ўлдираоламан-ку, деган қарорга келиб, никоҳдан ўтишга рози бўлди. Турлик заргарнинг ўз маҳбубасини деб бутун молу давлатидан ва эркидан воз кечиб қул бўлиб яшашга розилик билдиргани бутун шаҳарга овоза бўлганида одамлар бундай ажойиб эркакни ўз кўзлари билан кўришни хоҳлаб қолдилар. Сарой хонимлари эса уста билан узоқроқ суҳбатлашиб туриш учунгина, унинг дўконидан беҳисоб тилла ва кумуш буюмларни харид қила бошладилар; Шаҳарнинг соҳибжамол аёллари узоқ йиллар давомида устанинг улар билан мулоқотда бўла олмагани ҳиссасини чиқармоқ учун, Ансонинг устахонасига гала-гала бўлиб келишарди. Илло, бу аёлларнинг айримлари ҳусн-тароватда Тьенеттага тенг кела олсалар ҳам, ҳеч бирида Тьенеттаникидек покиза қалб йўқ эди. Ниҳоят, қуллик ва муҳаббат даври яқинлашиб қолганини кўрган Ансо ўзининг ҳамма олтинларини эритиб ундан шоҳона тож ясади ва уни ўз ихтиёрида бўлган марварид ва бриллиантлар билан безади, сўнг яширинча саройга келиб, уни қироличага бераркан, шундай деди:
– Ҳазрати олиялари, ўз бойлигимни кимга ишониб қолдиришимни билмайман – мана у. Эртага уйимдаги ҳамма нарсалар менга заррача раҳм қилмаган лаънати роҳибларнинг мулкига айланади. Мен фақат сизнинг шоҳона меҳрибонлигингиз туфайли маъшуқамнинг жамолини кўриш бахтига муяссар бўлганим учун ушбуни менинг фақирона миннатдорчилигим деб билгайсиз, зеро, ҳар қанча кўп пул ҳам ёримнинг бир лаҳзали нигоҳига арзимайди.
– Яхши гап бўлди, оқкўнгил одам, – деди қирол. – Аббатлик эртами, кечми, бир кун мендан ёрдам сўраб келади, ана ўшанда албатта сени эслайман.
Тьенеттанинг аббатликда ўтаётган никоҳ тўйига келган одамларнинг сон-саноғи йўқ эди; қиролича келинболага бежирим никоҳ либоси тақдим этди, қирол эса, унга тилла сирғаларни ҳар куни тақиб юришига ижозат берди. Латофатда ғайритаъриф келин-куёв аббатликдан чиқиб, олдин Сен-Ле черковига, сўнг эндиликда қулга айланган Ансонинг уйига йўл олишганида, ўз уйлари деразалари олдига йиғилган одамлар бу янги турмуш қурган икки бахтиёрни яхшироқ кўриш учун машъалалар ёқиб, уларнинг йўлини ёритишганди. Кўчанинг икки четида оломон, худди шаҳарга кириб келаётган қиролни қарши олаётгандай, зич терилиб турарди. Шўрлик куёв ўзи учун кумушдан қуйиб ясаган гардишни чап қўлига тақиб олганди – бу гардиш унинг энди Сен-Жермен аббатлигига қарашли мулк эканлигини билдирарди. Хўш, нима бўпти шунга! Барибир, халқ янги қулни, худди энди тахтга ўтираётган ёш қиролни қутлагандай, “Шон-шараф, шон-шараф!” – деб ҳайқирарди ва халқнинг Тьенетта ҳақида айтаётган мақтов сўзларини, унинг ҳусн-латофати, сиполигига таҳсинлар айтилаётганини эшитиб, севинганидан боши кўкка етган бахтиёр ошиқ мэтр Ансо кўчадаги одамларга тинимсиз равишда таъзим қиларди. Мана, у ўз уйи дарвозасининг ям-яшил новдалар ва бўтакўз гуллардан тўқилган гулчамбарлар билан безатилганини кўрди. Бутун маҳалланинг казо-казо фуқаролари мэтр Ансони қутлаш учун йиғилгандилар, улар: “Сиз ҳамиша олийжаноб инсон бўлиб қолаверасиз, аббатликнинг хоҳишига зид ўлароқ”, дейишарди. Гапимга ишонингларки, ушбу никоҳ куни келин билан куёв ҳайратомуз таассуротларга бардош беришда бир-бирларидан қолишмадилар. Бу борада эр бир неча марта устун келган бўлса ҳам, унинг суюкли хотини, забардаст деҳқон қизларга хос иқтидор билан бу мусобақада эрининг ютуқларига жавоб қайтарди… Улар дастлабки бир ойни ҳузур-ҳаловатда, шод-ҳуррамлик билан ўтказдиларки, уларни биринчи топишган кунларидан бошлаб чўп ва хасларни битта-биттадан йиғиб, ўзлари учун ин ясай бошлаган каптарларга қиёс қилиш мумкин эди. Тьенетта ўзининг бу кўркам уйидан ва буюртма бергани келган одамлардан мамнун эди, ҳамма харидорлар мисли дарёдай оқиб келишар ва кетаётганларида уй бекасининг ҳусни-жамолига маҳлиё бўлиб қайтишарди. Асал ойи тугаганидан кейин кунларнинг бирида, эндиликда капитулнинг мулкига айланган бу уйга келин-куёвнинг соҳиби ва эгаси донишманд қария, пири бузург ҳазратлари Ҳугон зўр дабдаба ва виқор билан кириб келди ва деди:
– Бўталарим, бугундан эътиборан сизлар эркинсиз, ҳамма қарзлар ва мажбуриятлардан озод қилиндингиз. Яна сизларга шуни айтмоқчиманки, қалбларингизни бир-бирига чамбарчас боғлаган буюк муҳаббат мени энг биринчи дақиқалардан ҳайратга солган эди. Ке-йин эса, аббатликнинг ҳуқуқлари эътироф этилган заҳоти, ўзим олдин сизларнинг Тангримнинг амалларига бўлган эътиқодингизни синаб кўриб, кейин икковингизга беқусур саодат бахш этмоқчи бўлдим. Бу берилган озодлик учун ҳеч қандай ҳақ тўламайсизлар.
Пири бузург шундай деб, эр-хотиннинг юзига аста шапатилаб қўйди, хушбахт эр ва хотин тиз чўкишди ва севинганларидан йиғлай бошлашдики, бунинг ҳеч ажабланадиган ери йўқ эди.
Мэтр Ансо саховатли пири бузург Ҳугоннинг дуои хайри ва кўрсатган марҳамати ҳақида қўшниларига сўзлаб берди, бу хушхабарни эшитган бутун маҳалла аҳли кўчага отилиб чиқди. Кейин турлик заргар зўр эҳтиром билан пири бузургнинг оти жиловидан ушлаб то Бюсси дарвозасигача кузатиб қўйди. Заргар йўлга отланаётганида бир халта танга олиб олган эди, у йўлда кетатуриб ана шу халтадаги тангаларни қашшоқлар ва ногиронларга сочар экан, дерди: “Бу Худонинг марҳамати! Пири бузург ҳазратларини Тангрим ўз паноҳида асрасин, ҳазрат Ҳугон омон бўлсинлар!”
Ансо уйга қайтиб келиб ёр-дўстларини меҳмон қилди. У никоҳ тўйини бошқатдан бошлади ва бу тўйда бир ҳафтагача зиёфат давом этди. Бир тасаввур қилиб кўринг: салмоқли ўлжани ютиб юбориш учун энди оғзини катта очган капитул икки қулга бундай меҳрибонлик кўрсатган аббатга қаттиқ маломат қилди. Орадан бир йил ўтганида қария Ҳугоннинг бироз тоби қочиб қолади, ана шунда унинг тавбасини қабул қилгани келган руҳоний ота: “Сен капитулнинг муқаддас ҳуқуқларига ва Худога ҳиёнат қилдинг, шунинг учун Само сени жазога мустаҳиқ этмоқда”, – дейди.
– Ўшал одам ҳақидаги фикримда агар янглишмаган бўлсам, – дейди аббат руҳоний отага, – у берган ваъдасини унутмагай.
Чиндан ҳам, мэтр Ансонинг бир йил бурун тўйи бўлган кун тасодифан ушбу кунга тўғри келган эди – шу пайт роҳиб кириб, заргар келганини ва ҳожатбарори пири бузургдан киришга ижозат сўраётганини айтади. Мэтр Ансо пири бузург ётган залга киради ва ёнидан зўр маҳорат билан ясалган ғоятда мўъжизаваш иккита сандиқча чиқариб аббатга узатадики, бутун христиан оламида биронта ҳам уста ҳанузгача гўзалликда бу мўъжиза даражасига ета оладиган ҳеч бир дурдона буюм ярата олмаган. Иккала сандиқчада: “Севгида собит бўлишга қасамёд қилган одамдан”, деган ёзув бор эди. Ҳаммага аёнки, бу икки сандиқча ҳалигача аббатликнинг бош меҳробида туради ва ҳамма уларни бебаҳо хазина деб ҳисоблайди. Яна шуни илова қилмоқчимиз: ошиқ йигит Ансо бу сандиқчаларни ижод қилиш учун бисотидаги бутун бойлигини сарфлади, лекин бу ғоят нафис ва ажиб сандиқчалар унинг ҳамёнини қуритиш ўрнига лим-лим қилиб тўлдирдилар, сабабки, улар устанинг шон-шуҳрати ва даромадини янада кўпроқ оширишга хизмат қилди, бунинг натижасида, мэтр Ансо ўзи учун дворянлик унвонини ҳамда жуда катта ер-мулк сотиб олишга муваффақ бўлди ва Ансолар зотига асос солди – бу Туренда энг ҳурматли фамилия ҳисоблана бошлади.
Ушбу қисса, ҳаётда мушкул аҳволга тушган чоғларимизда муқаррар авлиёларга ва Худога сиғиниш ва муттасил собитлик билан яхшиликка интилиш керак, деб сабоқ беради бизга. Чин муҳаббат ҳамма нарсадан аълодир – бу ҳикмат жуда қадимги ибора бўлса ҳам, муаллиф уни шу ўринда эслашга журъат этди, чунки у муаллиф дилини бағоят хушнуд қилади.

Русчадан Қодир Мирмуҳамедов таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 12-сон.
___________________
* А б б а т л и к – ўз хусусий ер-суви, хўжалигига эга бўлган католиклар монастри.
* Қ о б и л – Одам алайҳиссаломнинг тўнғич ўғли; у ғайирлик қилиб ўз укаси Ҳобилни ўлдирган.
* М э т р – устоз, мураббий маъносини билдирувчи бу сўз одатда ҳурматли кишилар исми олдига қўшиб ҳам айтилади (фр.)
* К о р и н ф – Юнонистондаги қадимий шаҳар, антик даврда у ўзининг муҳташам меъморий бинолари билан довруғ қозонган.
* Ҳ у қ н а – клизма.
* Э ҳ с о н д о н (дароносица) – монастир ва черковларда қайиқча шаклидаги қути, унда заҳирадаги муқаддас нон ва вино олиб юрилади; чўқинтирилаётган насронийларга шу нон ва винодан берилади.
* К а п и т у л – монастир руҳонийлари кенгаши.
* id est – яъни (лот.)