Шанба оқшоми Энди Донаван олтинчи мавзедаги уйига келиб, янги қўшниси—ёшгина Конвей хоним билан танишди. У одмигина қизғиш кўйлак кийиб олган-ди. Икки ҳафта ўтиб, Энди йўлда тамаки тутатиб кетаркан, орқасида шип-шип товуш эшитилди. Ўгирилиб қаради-ю, кўзини узолмай қолди: Конвей хоним! Кўйлаги ҳам, шляпаси ҳам қоп-қора. У қадамини секинлатиб, қорамтир қўлқопини кийди. Сочлари силлиқ таралиб турмакланган, чиройли юзларидан нур ёғиларди.
— Файзли оқшом, Конвей хоним,— деди йигит.
— Жуда-жуда файзли, жаноб Донаван,— деди Конвей хоним хўрсиниб.
— Мен унинг сизга қариндошлигига ишонмайман. Жудолик бўлганига ҳам,— деди Донаван.
— Ўлим ҳақ,— деди Конвей хоним каловланиб.— Тўғри, қариндошимиз эмас-у, аммо… Биласизми, мен сизни дардимга шерик қилмоқчи эмасман, жаноб Дона-ван.
— Нимага, Конвей хоним?!. Лекин, кечирасиз-у, ҳеч ким сизга менчалик ҳамдард бўлолмайди. Рухсат этсангиз, боғ сайрига таклиф қилсам.
— Раҳмат, жаноб Донаван. Илтифотингизни қабул қиламан, агар ҳамроҳингизнинг қалби ғам-ҳасратга лиммо-лимлигини ҳис қилсангиз, албатта.
Улар истироҳат боғининг очиқ дарвозаси томон йўл олишди. Хилватроқдаги скамейкага келиб ўтиришди.
— У менинг севганим эди,— деди Конвей хоним нафас ростлаб.— Биз келгуси баҳор тўй қилиб, турмуш қурмоқчи эдик. Граф эди. Мол-давлати боис Италия
билан боғланганди. Унинг исми-шарифи граф Фернан-до Маззини. Дадам Италияга қочиб кетишимизга қаршилик қилди. Шунга қарамай, келгуси баҳор тўй қилишимизга розилик берди. Фернандо тўй тадоригида Италияга кетганди… Уч кун олдин келган мактубда айтилишича, Фернандо ҳаво шарида бахтсиз тасодифга учраб ҳалок бўлибди… Суратини туморимда асраб юрибман. Уни ҳеч кимга кўрсатмаганман, лекин сизга кўрсатаман, чунки сизнинг самимий дўстлигингизга ишонаман.
Конвей хоним туморини очиб, суратни кўрсатди. Энди қизиқиб унга узоқ термулди.
— Буни у Италияга кетаётганида, кечаси тақдим этганди.
— Конвей хоним, кейинги якшанба Конейда бўладиган кечага мени таклиф этсангиз жуда хурсанд бўлардим.
Бир ойдан сўнг улар бошларига тушган кулфатдан қўни-қўшниларни огоҳ этдилар. Конвей хоним мотам тутишда давом этди.
Кунларнинг бирида кечқурун иккови яна шаҳар боғи-нинг ўша хилват жойида бирга ўтириб қолишди. Жаноб Донаван. кун бўйи мавҳум қайғу оғушида эди.
— Сизга нима бўлди, Энди, бугун жуда хафа кўринасиз?
— Ҳеч нарса, Магги.
— Мен сизни ҳеч қачон бундай ҳолатда кўрмаганман. Гаровлашиб айтаманки, сиз бошқа қиз ҳақида ўйлаяпсиз. Уни севаркансиз, нега ёнига бормайсиз?
— Кейин айтаман,— деди Энди.— Лекин сиз мени тушунмайсиз. Айтинг-чи, Майк Сюлливан деган одам ҳақида эшитганмисиз? Ҳамма уни Катта Майк Сюлли-ван деб чақиради.
— Йўқ, эшитмаганман,— деди Магги хотиржам.— агар у сизни шу ҳолга солган бўлса, эшитишни хоҳламайман ҳам.
— Катта Майк — менинг дўстим. Уни бугун кўрдим ва икки ҳафта ичида уйланишимни айтдим. «Энди,— деди у,— менга таклимфнома юбор, тўйингга албатта келаман». У айтганининг устидан чиқадиган йигит. Лекин, Магги, Катта Майкнинг тўйимизда қатнашганидан кўра, бир қўлимни кесиб ташлаганим афзал. Шу боис бу оқшом кайфиятим носоз. Унинг тўйга келмагани маъқул. Буни сиз сўраманг, мен айтмай.
— О,— деди Магги,— бу, менимча, сиёсатга боғлиқ масала бўлса керак?
— Магги,— деди Энди унинг кўзларига қараб,— сиз уни… граф Маззинини ўйлаганчалик мени ўйлайсизми?
У анча вақт кутди, бироқ жавоб бўлмади. Тўсатдан қиз унинг елкасига бош қўйиб йиғлай бошлади.
— Энди,— дея шивирлади Магги,— мен сизни алда-гандим. Сиз менга ҳеч қачон уйланмайсиз, севмайсиз ҳам. Лекин мен сизга дардимни айтсам, Энди, граф деган гап йўқ. Ҳаётимда ҳеч қачон севган йигитим бўл-маган. Ҳамма қизларнинг йигити бор эди. Қизлар йигитлари ҳақида гаплашишарди ва менга улар янада кўпроқ севадигандек туюларди. Ниҳоят, Энди, бир сураткашдан шу расмни сотиб олдим, туморимга солдим ва граф ҳақидаги, унинг ўлими ҳақидаги ҳикоямни тўқидим. Ва ниҳоят, бева каби қора кийдим. Ҳеч ким ёлғончини севмайди, сиз мени ташлаб кетасиз.
У Эндининг қўлини қўйиб юбориш ўрнига маҳкамроқ ушлади ва ноз ила жилмайиб қўйди.
— Наҳот айриламиз, Энди?
— Мана,— деди Энди,— бор гапни айтдингиз, Магги.
— Энди,— деди Магги эркаланиб,— граф ҳақидаги ҳикоянинг ҳаммасига ишондингизми?
— Йўғ-э, унчалик эмас,— деди Энди сигарет қутисига қўлини чўзиб.— Тумор ичидаги сурат — Катта Майк Сюлливанинг сурати-ку, ахир!
Инглиз тилидан Ўроқ Равшанов таржимаси
“Ёшлик” журнали, 1991 йил, 6-сон