О’Генри. Телемак – оғайни (ҳикоя)

Ов сафаридан қайтгач, Нью-Мексикодаги кичик Лос-Пинос шаҳарчасида жануб йўналишидаги поездни кутардим. Поезд бир соатга кеч қолди. Мен мажлислар залининг пешайвонида ўтириб, меҳмонхона хўжайини Телемак Ҳикс билан ҳаётнинг мазмун-моҳияти ҳақида суҳбатлаша бошладим.
Шахсиятга боғлиқ саволлар ҳам эътибордан четда қолмади. Ундан бир неча йиллар олдин қандай ҳайвон унинг чап қулоғини қийшайтириб, майиб қилгани тўғрисида сўрадим. Овчи сифатида турли вазиятлар оқибатида содир бўлиши мумкин бўлган ҳолатларга қизиқишим табиий эди.
– Бу қулоқ – деди Ҳикс, – ҳақиқий дўстликдан ёдгорлик.
– Бахтсиз ҳодисами? – бўйин бергим келмади.
– Ҳеч қандай дўстлик – бахт­сиз ҳодиса саналмайди, – таъкид­лади Телемак.
Мен жимиб қолдим.
– Мен чинакам дўстликнинг якка-ю ягона намунасини биламан, – давом этди хўжайин. – У коннектикутлик одам ва маймун ўртасидаги самимий дўстлашувдир. Маймун Баранквилладаги пальма дарахтига тирмашиб чиқиб, кокос ёнғоғини одамга улоқтиради. Инсон уни ўртасидан арралаб, чўмич ясайди. Уни пуллаб, ром сотиб олади. Маймун кокос сутини ичади. Шундай қилиб, улар ўз улушларидан мамнун ҳолда, биродарлардек аҳил яшайди.
Аммо инсоният учун дўстлик – вақтинчалик эрмак бўлиб, зерикканида осонгина воз кечиб қўя қолади.
Бир замонлар менинг Пейсли Фиш исмли дўстим бўларди. У билан умрбод ажралмасак керак, деб хаёл қилардим. Биз етти йил мобайнида елкама-елка туриб кон қазидик, чорвадорлик қилдик, мойжувоз сотдик, қўй боқдик, суратга олдик, сим деворлар қурдик, қора олхўри тердик, хуллас, бирга меҳнат қилдик. Мен ва Пейсли Фиш орасидаги муносабатни на қотиллик, на тилёғламалик, на бойлик, на ичкиликбозлик ва на сафсатабозлик буза олмайдигандек туюлар эди. Биз қанчалар аҳил-иноқ бўлганимизни тасаввур ҳам қилолмайсиз. Ишда яқин ҳамкор бўлиб, дўстона ҳис-туйғуларимиз вақтни хушҳол ва қувноқ ўтказишга уннардик.
Ёз кунларининг бирида Пейсли иккимиз махсус уст-бошимизни кийдик-да, бир ойга яйраб дам олиш учун Сан-Анд­рес тоғларига чиқиб кетдик. Йўл-йўлакай дунёнинг ажиб мўъжизаси бўлган Лос-Пинос шаҳарчасига дуч келдик. Боғу роғларидаги ариқларда нақ сут ва асал оқар эди. У ерда бор-йўғи бир ёки иккита кўча, ҳаво, товуқлар ва емакхона бор эди, холос. Бизга бундан ортиқ яна нима керак?!
Кечки овқат маҳалидан сўнг овулни айланиб, темир йўл бўйидаги емакхонада қандай егуликлар борлигини кўздан кечиришга қарор қилдик. Бизнинг ўтириб олганча, қизил дастурхон устидаги қошиқ-вилкаларни тиқирлатишимиз бева Жессапни иссиқ пирог ва қовурилган жигар келтиришга мажбур қиларди.
Бу аёл, ҳатто, шайтонни ҳам йўлдан оздириши тайин эди. У ўта семиз ҳам, ўта ориқ ҳам кўринмасди. Унинг меҳмондўстлик хислати бутун борлиғига сингиб кетганди. Аёлнинг қизғиш юзлари пазандаликка мойиллиги ва хушфеъл табиатли эканидан дарак берарди. Унинг табассуми декабрда ҳам баҳорги буталарни гуллатиб юборишга қодир эди гўё.
Бева Жессап бизга турли-туман нарсалар – об-ҳаво, тарих, Теннисон, қора олхўри, қўй гўшти тақчиллиги ҳақида вайсади. Ва ниҳоят, уни бизнинг қаердан келиб қолганлигимиз қизиқтирди.
– Спринг-Вэлли, – дедим мен.
– Биг-Спринг-Вэлли, – қўшимча қилди Пейсли картошка ва гўшт тўла оғзи билан.
Унинг бу қилиғи ўртамиздаги қадрдон дўстлик ришталари умрбод узилиши мумкинлигига илк ишора бераётганини шу онда ҳис этардим. Пейсли менинг маҳмадона инсонларга асло тоқат қилолмаслигимни била туриб, гапимга тузатиш ва қўшимчалар киритганди. Гарчанд харитада Биг-Спринг-Вэлли деб номланган бўлса-да, Пейслининг ўзи минглаб маротаба Спринг-Вэлли дея атаганини эшитганман.
Бошқа лом-мим демай, кечки овқатдан чиққач, темир йўл рельси устига бориб ўтирдик. Биз неча йиллардан бери шунчалар яқин оғайни эдикки, бир-биримизнинг хаёлимиздан нималар кечаётганини яхшигина англаб турардик.
– Тушунгансан, деб умид қиламан, – деди Пейсли. – Мен бу бева аёл билан ҳаёт йўлларимни боғлаб, абадул-абад унга бутун борлиғимни тортиқ этмоқчиман. Токи бизни ўлим ажратмагунча!
– Ҳаммаси аниқ ва равшан, – жавоб бердим мен. – Бу ҳақида гап бошлаганингдаёқ фикрингни уқиб бўлган эдим. Шунингдек, сенга ҳам аён бўлгандир, – давом этдим. – Бу жувонга Ҳикс фамилиясини беришга қарор қилиб қўйганман. Энди ҳақиқий эркаклар тўйда гуллар тақилган кийим ва чоксиз пайпоқ кийишадими ёки йўқлигини аниқлаш учун газетага хабар ёзишингни маслаҳат бераман.
– Дастурингдаги томошаларнинг барчаси ҳам сен ўйлагандек бўлавермайди, – гапирди Пейсли. – Агар бу дунёвий масала бўлганида, бажонидил сенга ўзинг истаган нарсани берган бўлардим, бироқ ундай эмас! Аёл табассуми, – давом этди у, – гўёки Стилла ва Харибда гирдоби сингари, “Дўстлик” аталмиш кемани ҳам парчалаб, ўз домига тортиб кетади. Ҳудди аввалгидек, сен билан асабингга теккан айиқни бирга овлашга ёинки, сени доимий қўллаб-қувватлашга ва куракларингни тозалаб кўйишга тайёрман. Лекин бу борада ҳис-туйғуларимни жиловлаб туролмайман. Миссис Жессап учун курашда эса биз яккама-якка беллашамиз. Мен сени ҳалол огоҳлантирдим.
Фикримни жамлаб олгач, қуйидаги қўшимча ва қарорларни таклиф қилдим:
– Эркаклар орасидаги дўстлик тарихи, – гап бошладим мен, – асрлар олдин одамлар бир-бирини учар тошбақа ва саксон футли думли калтакесаклардан ҳимоя қилган даврларга бориб тақалади. Бу одат ўшандан бери сақланиб қолиб, ҳанузгача улар бир-бири учун зарур дамда мардона туриб беришга тайёрдир. Гарчанд энди турли махлуқлар бостириб келмаслигини билишса-да! Бу ҳақида кўп бора эшитганман, – давом этдим, – яъни ҳаётида аёл зоти пайдо бўлгач, эркакларнинг орасидаги дўстлик барҳам топади. Ахир нега шундай бўлиши керак? Кўряпсанми, Пейсли, миссис Жессапнинг илк нигоҳи ва иссиқ пироги, афсуски, иккимизнинг ҳам қалбларимизни ларзага келтирди. Майли, у орамиздан энг муносибига насиб этсин. Саҳна ортидаги яширин ўйинлардан ҳоли тарзда, мен сен билан очиқ майдонда беллашаман. Сен олдимизда, ёнимизда бўлган вақтдагина унга хушомад қиламан. Демак, худди шундай имконият сенда ҳам мавжуд. Бу келишувимиз орқали “Дўстлик” аталмиш кемамизни гирдоб домига ғарқ бўлишдан сақлаб қоламиз. Токи иккимиздан биримиз ғолиб бўлмагунча!
– Мана буни дўстлик, дейдилар! – сўзлади Пейсли қўлимни сиқиб. – Мен ҳам айтганингдай қиламан. Биз бу вазиятда ҳеч қандай мунофиқлик ва хунрезликка йўл қўймай, гўёки оға-инилардек, хонимга мулозамат кўрсатамиз. Ғалаба ёки мағлубият! Не бўлса-да, биз дўст бўлиб қолаверамиз.
Миссис Жессапнинг емакхонаси орқа тарафидаги дарахтлар тагида ўриндиқ ўрнатилган эди. Жанубга йўл олган йўловчиларни овқатлантириб, кузатиб юборгач, у шу ерда салқинлаб ўтиришга одатланганди. Пейсли билан кечки овқатдан сўнг, шу жойда кўришиб, қалбимиз соҳибасини кутардик. Агар унинг ҳузурига иккимиздан биримиз аввалроқ келсак, ҳалоллик ва эҳтиёткорлик билан иккинчимиз келишини кутар эдик.
Миссис Жессап бизнинг келишувимиз ҳақида билиб қолган илк кеча, мен Пейслидан олдинроқ ўриндиққа келдим. Кечки таомни эндигина тановул қилиб бўлгандик. Миссис Жессап ўриндиқда ёрқин пуштиранг кўйлагида ўтирарди. Қизғин ошхона ишларидан кейин у анчагина салқинлаб улгурганди.
Унинг ёнидан жой олиб, табиат ҳақида сўзладим. Ўша оқшом ҳаммаси ўз ўрнида эди; ой осмон бағрида нур сочар, илм-фан ва табиат қонунларига биноан, дарахтлар кўланкасини ёйганди. Буталар орасидан тунги кўршапалаклар, зарғалдоқлар, қуёнлар ва ўрмондаги бошқа патли жониворларнинг шовқинли тўс-тўполони эшитиларди. Темир йўл бўйидаги эски помидор ғарамларини тўзғитиб эсаётган тоғ шамоли худди арфадек куй таратарди.
Чап томонимда гўё хамир иссиқда ошгани каби ғалати бир ҳисни туйдим. Миссис Жессап менга яқинроқ ўтириб олганди.
– Эҳ, мистер Ҳикс! – деди у. – Дунёдаги ёлғиз инсонлар мана шундай фарахбахш оқшомда ўзларини янада ёлғиз сезса керак-а?
Шу заҳоти ўрнимдан турдим.
– Афв этгайсиз, хоним, – дедим мен, – токи Пейсли келмагунича, бу йўсиндаги саволларга бирор нима дейишим мушкул.
Шундан сўнг хонимга йиллар мобайнида синалган дўстлигимиз тўғрисида сўзлаб бердим. Биз ҳаётнинг ўнқир-чўнқир йўлларида ҳою ҳавасга берилмай, бир-биримиздан устунлик жиҳатларимизни қидирмай, ўзаро келишиб олганимизни унга тушунтирдим. Миссис Жессап аввалига жиддий ўйга толгандек кўринди. Кейин эса ўрмондан акс-садо қайтадиган даражада шарақлаб кулиб юборди.
Бир зум ўтиб, сочларини ёғлаб силлиқлаган Пейсли кўринди. У миссис Жессапнинг ёнига келиб ўтирди ва ўзининг ғамнок ҳикоясини сўзлашни бошлади. Пейсли 95 йилдаги Санта-Рита водийсида рўй берган тўққиз ойлик қурғоқчилик пайтида ўзи ва Ламлининг кумуш эгар учун ўлик сигирларнинг терисини ким кўпроқ шилишга беллашганини ҳиқоя қилди.
Шундай қилиб, аёлнинг эътиборини қозониш сари ташланган илк қадамдаёқ, мен Пейсли Фишнинг оёғидан чалиб, уни устунга боғлаб қўйгандим. Аёл қалбини забт этиш борасида ҳар биримиз турлича услубга эга эдик. Пейсли, шахсан, ўзининг бошидан кечирган ёинки газеталарда ўқиган қизиқарли воқеалар орқали уни лол қолдиришга ҳаракат қиларди. Менимча, у ўзининг аёл қалбини овлаш ғоясини, қачонлардир, мен Шекспирнинг “Отелло”сида кўрган томошадан ўғирлаганди. Пьесада қора танли киши герцогнинг қизини Райдер Хаггард, Лью Докстейдер ва доктор Паркхерстларга тегишли бўлган аралаш суҳбатлар билан сийлаб, ўз ниятига эришади. Бироқ бу йўсинда мулозамат кўрсатиш, фақатгина, саҳна кўриниши учун мос тушиб, ҳаётда эса иш бермаслиги тайин эди.
Энди сизга аёл кишининг эс-ҳушини ўғирлаш борасидаги шахсий рецептимни таништирсам. Қандай қилиб унинг қўлини олиш ва ушлашни ўрганинг – у сизники! Бу у қадар осон бўлмайди. Айрим эркаклар, худди елкасидан чиқиб кетгудек даражада аёл қўлларини шундай қаттиқ ушлаб тортадики, амиканинг ҳиди димоғингизга урилиб, боғламнинг йиртилиб кетганини эшитасиз. Баъзилар эса қўлни ҳудди қизиб турган тақадек олиб, гўё доришунос сулфат кислотани идишга қуйган каби уни ўзидан нарироқ ушлайди. Аксарият кишилар эса худди ўтлар орасидан топилган бейсбол тўпидек хонимнинг кўз ўнгида уни эзғилаб ушлаб, оғриқ дастидан билаклари остида қўли туташиб турганини бир дам унутишга бермайди. Буларнинг барчаси беҳуда уринишлардир.
Мен сизга тўғри йўлни кўрсатаман.
Ҳовлига сездирмай кираётган одамни ҳеч кўрганмисиз? У панжара устида ўтирганча, уни кузатиб турган мушукка отиш учун тош олади. Одам қўлида ҳеч нарса йўқдек, гўёки у мушукни, мушук эса уни кўрмаётгандек тутади ўзини. Мана гап нимада аслида! Ҳеч қачон аёл кишининг қўлини унга сезиларли даражада чўзиб тортманг! Унинг қўлини ушлаётганингизни хоним англаб турган эса-да, унинг бу фикрдан хабардорлигини билишингизни асло сездириб қўйманг. Бу менинг тактик қоидам эди. Пейслига келсак, у ўзининг ҳарбий ҳаракатлари ва бахтсиз воқеалари ҳақидаги серенадалари билан бор-йўғи миссис Жессапдан Нью-Жерси штатидаги Оушен-Гроув бекатига тўхтовчи якшанба кунги поездлар қатновини билиши мумкин эди, холос.
Оқшом пайти эди. Чекишга чиққан Пейслидан аввалроқ ўриндиққа келишга улгурдим. Дўстликни бир зум четга суриб, миссис Жессапдан “Ж” ҳарфидан кўра, “Ҳ” ҳарфини ёзиш осонроқ эканлиги хусусидаги фикрини сўрадим. Кўп ўтмай, унинг хаёлини менинг тугмамдаги самбитгуллар ўзига жалб этди. Мен унга томон эгилдим-у, аммо… ундай қилолмадим.
– Агар қарши бўлмасангиз, – дедим ўрнимдан туриб, – бу ишимизга якун ясашдан олдин Пейслининг келишини кутсак. Шу кунгача дўстликка бирон марта хиёнат қилмадим. Бу қилиғим ўта ноҳақлик бўлар эди.
– Мистер Ҳикс, – гапирди миссис Жессап, қоронғуда менга ғалати тикилиб. – Агар шу сабаб бўлмаганида, ўзингизни нарироқ олиб, уйимга бошқа қадам босмаслигингизни сўраган бўлардим.
– Бу нима деганингиз, хоним?
– Сиздан яхши эр чиқмаса-да, аммо ўта вафодор дўст чиқиши аниқ, – деди у.
Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас, Пейсли келиб, миссис Жессапнинг ёнига ўтирди.
– Силвер-Ситида 98 йилнинг ёзида, – гап бошлади у, – “Кўк нур” пивахонасида Жим Бартоломьюнинг катакча атлас кўйлак кийган хитойликнинг қулоғини тишлаб олганига гувоҳ бўлганман. Сабаби… Нега бунча шовқин?
Биз миссис Жессап билан чала қолган ишимизни боя тўхтаган жойидан давом эттира бошлагандик.
– Миссис Жессап, – гапирдим мен, – фамилиясини Ҳиксга ўзгартиришга ваъда берди. Ҳозирги қилиғимиз эса бунинг яна бир тасдиғидир.
Пейсли оёқларини скамейканинг тиргаги атрофига ўраб, чуқур уҳ тортди.
– Лем, – деди у, – етти йилдан бери дўстмиз. Миссис Жессапни секинроқ ўпишнинг иложи йўқми? Мен сен учун шундай қилган бўлардим.
– Яхши, – жавоб бердим мен. – Овоз чиқармаганим бўлсин.
– Ўша хитойлик, – ҳикоясида давом этди Пейсли, – 97 йилнинг баҳорида Маллинз исмли одамни отиб ўлдирган кимса бўлиб, сўнг…
Пейсли яна ўзининг гапини ўзи бўлди:
– Лем, – деди у, – агар сен ҳақиқий дўст бўлсанг, миссис Жессапни бунчалар қаттиқ қучоқламас эдинг. Ҳатто ўриндиқ ҳам қимирлаб кетаяпти. Ахир менга ҳам охирига қадар тенг имконият бермоқчи эдинг-ку!
– Мистер, – деди миссис Жессап Пейслига ўгирилиб, – агар йигирма беш йилдан сўнг, бизнинг мистер Ҳикс билан кумуш тўйимиз устидан чиқсангиз, нима деб ўйлайсиз – ушбу масалада мағлуб бўлганингиз учун ўз ёғингизда ўзингиз қовурилган бўлармидингиз? Мистер Ҳикснинг дўсти бўлганингиз учунгина сизга узоқ чидадим. Лекин сизга энди бизни тинч қўйиб, узоқроқ юриш вақти келди.
– Миссис Жессап, – сўзладим мен, қаллиғимга нисбатан мулозаматни сусайтирмай, – Мистер Пейсли – менинг дўстим. Мен унга битта имконият бўлса ҳам, охиригача тенгма-тенг ва ҳалол курашишни таклиф қилганман.
– Имконият! – таъкидлади хоним. – Наҳотки, у ўзида имконият бор деб ҳисоблайди? Бу кеча гувоҳи бўлганларидан сўнг, аслида унда имкон эмас, балки беҳуда умид қолганини англаб етди, деб ўйлайман.
Шундай қилиб, бир ой ўтгач, биз миссис Жессап билан Лос-Пиносдаги черковда турмуш қурдик. Ушбу маросимни томоша қилиш учун бутун шаҳарча тўпланди.
Ва ниҳоят, воизнинг рўпарасида иккимиз елкама-елка туриб олгач, у ўзининг аньанавий ибодати ва тилакларини ўқишни бошлади. Шу орада атрофга аланглаб, Пейслини тополмадим.
– Тўхтанг! – дедим воизга. – Пейсли йўқ-ку. Биз Пейслини кутишимиз зарур. Телемак Ҳиксда дўст битта бўлади, дўстлик – умрбод.
Миссис Жессапнинг кўзидан ўт чиқаёзди. Бироқ воиз кўрсатмага итоат этиб, ишини тўхтатди.
Бироз ўтиб, кийимининг тугмаларини қадаганча, ўриндиқлар орасидан қушдек елиб келаётган Пейсли кўринди. Тўй сабабли шаҳарчадаги ягона атторлик моллари дўкони ёпилиб, то дўконнинг орқа синиқ ойнасидан кириб, ўзига-ўзи хизмат кўрсатмагунига қадар кўнглидагидек либосни тополмаганини изоҳлади. Шундан кейин, у келиннинг нариги ёнига келиб турди ва маросим давом этди. Пейсли ҳануз охирги имкониятни пойлаб, воизнинг адашиб, келинни унга никоҳлаб қўйишини ўйлаётгандек туюлаверарди менга.
Тўйнинг расмий қисми якунига етгач, чой устида йиғилдик. Томошабинлар ҳам тарқалди. Энг сўнггида, Пейсли қўлимдан сиқиб, унга нисбатан ҳаққоний ва самимий бўлганимни таъкидлади. У мени дўст деб аташдан фахрланишини билдирди.
Воизнинг ижарага бериш учун жиҳозланган уйининг олди тарафи кўчага қараган эди. Асал ойимизни нишонлаш учун Эль-Пасога эртага соат ўн-у қирқда жўнаб кетадиган поездга қадар унинг уйини банд қилган эдик. Воизнинг хотини хоналарни гулхайри ва печак гуллар билан безатгани учун айвонга ўхшаб кўринар, жуда байрамона эди.
Ўша тун соат ўнга яқин, мен кириш эшиги олдида ўтирганча, салқин шабадада этигимни тортиб ечдим. Миссис Ҳикс эса хоналарни кўздан кечирарди. Зум ўтмай, ичкарида чироқ ёнди. Мен ҳануз жойимдан силжимай, ўтган дамлар ва томошаларни хаёлимдан ўтказардим.
Бирданига миссис Ҳикснинг овози жаранглади:
– Лем, келаяпсанми?
– Ҳозир, ҳозир! – дедим ўзимга келиб. – Менга лаънатлар бўлсин, агар Пейслини кутмаган бўлсам…
– Аммо гапимни охиригача етказмасимдан, – якунлади Телемак Ҳикс, – кимдир қирқ бешлик тўппонча билан чап қулоғимга ўқ узгандек бўлди. Бу зарба миссис Ҳикс қўлида ушлаб турган пол супурадиган таёқдан келган экан.

Инглиз тилидан Гулноз Мамарасулова таржимаси.

«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 1-сон