Агар сиз ринг янгиликларини кузатиб борган бўлсангиз, бу воқеа дарҳол ёдингизга тушади. Тўқсонинчи йилларнинг бошида чегара яқинидаги дарёнинг нариги томонида чемпион ва чемпионликка даъвогар ўртасида бор-йўғи бир дақиқа-ю, бир неча сония давом этган учрашув бўлиб ўтади. Бу қадар қисқа учрашув камдан-кам ҳолларда рўй бергани учун бокснинг ҳақиқий шинавандаларининг ҳафсаласини пир қилади ва ҳақиқий жанжалга сабаб бўлади. Репортёрлар эса бу воқеадан шов-шув ясашга жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишади. Агар улар тўқиб чиқарган гаплар ҳисобга олинмаса, жанг ўта зерикарли бўлгани аён бўлади-қолади. Аслида ҳам шундай бўлган, яъни чемпион бир зарб билан рақибини ер тишлатади ва тескари ўгирилиб “тамом, энди бу жойидан қимирламайди” дейди. Кейин эса узун қўлидаги қўлқопни ечиш учун секундатга узатади.
Жангнинг эртасига тонг саҳардан эгнида сўнгги урфдаги нимча ва ола-була гаслтук таққан таъби хира бўлган жентельменлар йўловчи аравалардан гала-гала бўлиб Сан-Антонио вокзалига келиб тушганининг сабаби ҳам шунда. Чигиртка лақабли Мак-Гайрнинг ачинарли аҳволи ҳам қисман шу воқеага бориб тақалади. У юракни ўртайдиган даражада йўталганча аравадан сакраб тушди-да, перронга ағанади. Тонг эндигина ёришаётган шу кунда Нуэсес округилик фермер Кэртис Рейдлер ҳам платформадан ўтиб кетаётган эди. Фермер уйига шошаётгани сабаб жанубга йўл олган поезддан қолиб кетмаслик учун саҳарлаб уйғонганди. У йигитнинг ёнида тўхтаб ачинганча техасликларга хос лаҳжада: — Аҳволинг чатоқми дейман, бояқиш? — деди.
Оғирлиги пардек собиқ боксчи, чавандоз, бар ва спорт клубларининг кунда-шундаси Чигиртка —Мак-Гайр, ўзини “бояқиш” деб ҳақорат қилган кишининг кўзларига ўқрайиб қаради ва: — Жўна, йўлингдан қолма, симёғоч!— деб хириллади. — Мен сени чақирганим йўқ.
Гапини тугатмасдан бошланган йўтал хуружи уни икки букчайтириб қўйди. Йўтала-йўтала ҳолдан кетган Мак-Гайр шу атрофда турган юк ташийдиган аравага ағанади. Рейдлер эса сабр билан йўтал тўхташини кутди.
— Шимолданмисан, ўғлим? — сўради у йигитнинг йўтали бироз босилгач. — Бокс томоша қилгани келганмидинг?
— Бокс?! — пишқирди Мак Грай. — Бокс эмас, қувлашмачоқ ўйини у! Бир уриб қайтиб турмайдиган қилиб қўйди-ку! Бокс эмиш! — У яна йўталиб олдида ўзига ўзи гапиргандек давом этди. — Йўқ, қайтиб бу тузоққа тушадиган аҳмоқ йўқ! Лекин бу тузоққа кимсан Рокфеллерни ҳам илинтириш мумкин эди. Коркалик йигит уч раундга ҳам боролмайди деб бешга бир тикканман… Охирги центимгача тикибман-а. Ўзингиз айтингчи, ҳурматли симёғоч, иккита тўнканинг учрашуви учун бор-йўғини тиккан одамни нима деб аташ мумкин?
— Ҳа, энди нима ҳам дердим, — деди забардаст фермер. — Айниқса пулларинг қулоғини ушлаб кетган бўлса… Менимча ўғлим, сен меҳмонхонага боришинг керак. Ёмон йўталяпсан. Ўпкангни олдиргансан, чоғи.
— Ҳа, ўпкамни олдирганман, — қўрслик билан жавоб берди йигит. — Ўзимга-ўзим бало сотиб олдим. Қари бойўғли докторнинг айтишича, ярим йил умрим қолганмиш. Агар яшаш тарзимни ўзгартириб, бирор жойдан қўним топсам, балки бир йил ҳам яшашим мумкин экан. Балки шунинг учун ҳам таваккал қилиб бешга бир тиккандирман… Тишимда тишлаб юрган минг долларим бор эди. Агар шу баҳсда ютсам Дилэненинг қовоқхонаси менга ўтарди. Лекин ким ўйлабди, бу галварснинг биринчи раунддаёқ чўзилиб қолишини?
— Ҳа, омадинг чопмапти, — деди Рейдлер Мак Гайрнинг бир бурда бўлиб қолган гавдасига ачиниб қараркан. — Энди эса ўғлим меҳмонхонага бориб бироз дам ол. Бу ерда “Менежер”, “Маверик” ва…
— Ва “Бешинчи авеню”, “Улдорф Астория” деган меҳмонхоналар бор, — давом этди Мак Гайр фермерни калака қилиб. — Қулоғингиз карми дейман, ошна? Хонавайрон бўлдим, дедим-ку!Мени мана шу иштоним ва чўнтагимда бир доллару ўн центдан бошқа ҳеч вақоим йўқ. Балки Европа бўйлаб саёҳат қилиш фойдалидир менга… Ёки шахсий яхтамда сайрга чиқайми?…Эй-й, газета! —
У газета сотиб юрган болага ўн цент улоқтирди ва бола отган “Экспресс”ни илиб олди. Кейин аравага ўрнашиб ўтириб олиб, газетчилар кўпиртириб ёзган, ўзини хонавайрон қилган жанг тафсилотларини ўқишга киришди.
Сабрсизланган Рейдлер қўлидаги катта тилла соатга қараб қўйди ва Мак-Гайрнинг елкасидан туртди ва кутилмаганда: — Кетдик, ўғлим, — деди. — Поезд кетишига уч дақиқа қолди.
Пичинг қилиш Мак-Гайрнинг қонида бор эди. У давангир фермерга ўқрайиб қарадида, чийиллай бошлади: — Нима бало мени банк ўмарган ёки гаровда ютган деб ўйлаяпсизми? Ҳозиргина қулоғингизга дўмбира чертдимми, бир чақам ҳам йўқ дедим-ку. Боринг, йўлингиздан қолманг.
— Менинг ранчомга борасан. Ўша ерда соғайгунингча яшашинг мумкин, — деди фермер. —Касалингни ҳам ярим йилга қолмай унутасан, болакай, — шундай дея у йигитнинг қаршилигига қарамай бир қўллаб кўтарди-да, поездга қараб шошилди.
— Ҳаққингизни нима билан тўлайман? — типирчилаб чийиллади Мак Гайр.
— Ҳақ? Нима учун? — ҳайрон бўлди Рейдлер.
Улар бир-бирларига ҳайратланиб тикилиб қолишди. Иккаласи ҳам ўз дунёқарашидан келиб чиқиб фикрларди.
Жанубга йўналган поезд йўловчилари бу ғалати, бир-бирига буткул тескари ҳамроҳларга қизиқиб тикилишарди. Мак-Гайрнинг бўйи беш фунту бир дюйм келар, кўринишидан дублинлик ёки иокогамаликларга ўхшарди. Нигоҳи ўткир, ияги ингичка бу йигитнинг юзидаги чандиқлари ва чайир гавдаси ҳаётда кўп нарса кўриб қўйганидан далолат берарди. Қовоғаридек жангари Мак-Гайр бу ўлкаликларга хос бўлмаган ғайриоддий кўринишга эга эди.
Рейдлер эса унинг буткул акси эди. Бўйи олти фунт икки дюйм, яғрини кенг. Гавдасига яраша бағри ҳам кенг, вазмин, камтар, бир сўз билан айтганда ҳақиқий техаслик эди у.
Экспресс жанубга қараб елдек учиб борарди. Ям-яшил ялангликлар қуюқ ўрмонларга йўл бўшатарди. Бу ранчолар ўлкаси, чорва қиролларининг юрти эди.
Мак-Гайр вагоннинг бурчагига тиқилганча, фермернинг гапларини минг шубҳа билан эшитиб ўтирарди. Бу давангир чол мени овлоқ жойга олиб бориб нима қилмоқчи, деб ўйларди у. Фермернинг кўнгли тоза бўлиши мумкинлиги Мак-Гайрнинг хаёлига ҳам келмасди. “У фермер эмас, лекин фирибгарга ҳам ўхшамайди. Унда ким бўлди?” деб ўйларди тутқун. “Аҳволинг чатоқ, Чигиртка, ёнингда беш цету, тез авж оладиган силингдан бошқа ҳеч нарсанг йўқ. Жимгина ўтириб уни кузатишдан бошқа иложинг ҳам йўқ”.
Ҳамроҳлар Сан-Антониодан юз мил нарида жойлашган Ринконда поезддан тушишди ва Рейдлернинг станцияда кутиб турган кажавали аравасига ўтиришди. Манзилга етиб боргунча яна ўттиз мил юришди. Йўлнинг шу қисми Мак-Гайрни шубҳалардан ҳоли қилиши мумкин эди. Улар бахмалдек майин савана ялангликларидан ўтиб боришар, атрофда чопқир испан отлари эркин югуриб юрар, ҳавонинг софлиги, дала гулларининг ифори кишини сархуш қиларди. Баъзан йўл ям-яшил баланд ўсган ўтларга ўралиб қолар, шунда Рейдлернинг тажрибали қўллари аравани бехато бошқарарди. Унга бу йўлнинг ҳар бир муюлиши, ўрмони таниш ва қадрдон эди. Лекин ўриндиқда ястаниб жойлашиб олган бадқовоқ Мак-Гайр фермерга ишонқирамай тикилар, атрофдаги табиат гўзаллигини ҳис қилмас, Рейдлерни яйратаётган табиат у учун бор-йўғи кимсасиз биёбон эди.
“У нималарни режалаштиряпти экан? Қандай шумликни ўйлаб қўйган, бу туллак?” деган хаёллар Чириткага тинчлик бермасди.
Уфқ чизиғидан бошқа чегараси бўлмаган бепаён кенглик бағрида бўлишига қарамай Мак-Гайр тор шаҳар аҳолисига хос кўнгли торлик билан фикрларди.
Бундан бир ҳафта илгари худди шу йўлдан кетаётиб Рейдлернинг кўзи подадан ажралиб қолган, касал бузоқчага тушганди. Рейдлер бузоқчани кўтариб, эгарга ётқизди ва ранчосига олиб кетди. Уни ковбойларга топшираркан яхшилаб парвариш қилишни тайинлади. Рейдлернинг назарида Мак-Гайр ҳам худди ўша бузоқча сингари ёрдамга муҳтож бир мавжудотлигини юраги тор Чигиртка қаердан ҳам тушунсин.
Мак-Гайр фермер Сан Антониога етаклаб келганларнинг еттинчиси эди. Меҳмонларнинг бештаси тузалиб кетгунларича унинг Салито ранчосида яшашган. Кейин мезбоннинг меҳмондўстлиги учун минг қайта миннатдорчилик билдириб, кўзда ёш билан хайрлашишган. Олтинчиси эса ранчога кечроқ олиб келингани сабабли шу ерда жон берган ва осуда боғнинг бурчагидан абадий паноҳ топган. Шу сабаб Рейдлер аравасидан бемор йигитни кўтариб тушиб, айвонга ётқизганида ранчодагилар ҳайрон бўлишмади.
Мак-Гайр бегона жойни аланглаб кўздан кечирди. Салито ранчосидаги бу уй, атрофдаги хонадонлар ичида энг яхшиси ҳисобланарди. Пишиқ ғиштдан қурилган уй бир қаватли бўлиб, тўрт хона ва атрофи айвон билан ўралганди. Ковбойларга хос бўлган турли эгар-жабдуқ, арава, қурол-аслаҳа, отлар ва итларнинг кўплигидан хонавайрон бўлган шаҳарлик спортчининг кўзлари қамашди.
— Мана уйга ҳам етиб келдик, — қувонди Рейдлер.
— Шунақа ҳам гадойтопмас, овлоқ жой бўладими? — тўнғиллади Мак-Гайр ва йўтал хуружидан титраб қақашаб айвон полига думлади.
— Биз сенга иложи борича тузукроқ жой қилиб берамиз, ўғлим, — деди уй эгаси меҳмоннинг пичингини эшитмагандек юмшоқ оҳангда. — Уйимиз албатта у қадар данғиллама эмас, лекин тоза ҳавода. Сен учун бу жуда муҳим. Мана сенинг хонанг, нима керак бўлса, тортинмай сўрайвер. — Рейдлер Мак-Гайрни уйнинг шарқ тарфида жойлашган хона томон бошлади.
Гилам тўшалмаган пол ялтираб артилган, енгил шабада оппоқ пардаларни майин ҳилпиратарди. Хонада катта тебранма кресло, иккита стул ва устида трубка, қилич, ўқдори билан тўла стол хона ўртасида турарди. Деворда эса бир неча буғунинг ва битта катта тўнғизнинг калласи илиб қўйилганди. Бурчакда кенг йиғма каравот жойлашганди. Маҳаллий аҳоли учун Салито ранчосидаги бу хона шоҳ қароргоҳидек туюлиши мумкин эди
Мак Гайр хонани кўздани кечириб оғзининг таноби қочиб ишшайди. Кейин чўнтагини ковлаб охирги беш центини чиқариб шифтга қараб отиб, илиб олди.
— Пулим йўқ, деганимда ишонмадингиз шекилли? Мана энди, агар хоҳласангиз мени тинтиб кўришингиз ҳам мумкин. Қўлимдаги чақам бор-йўқ бойлигим. Хўш, ижара ҳақини ким тўлайди?
Рейдлер оқ оралай бошлаган қуюқ қошлари остида порлаб турган кул ранг кўзлари билан Мак-Гайрнинг кичкина қоп-қора кўзларига тикилди. Бироз индамай тургач, секин босиқлик билан деди: — Пул ҳақида бошқа гапирмасанг, сендан хурсанд бўлардим, ўғлим. Бир марта гапирдинг, етар. Мен меҳмонларимдан ҳақ олмайман. Уларинг ўзлари ҳам беришмайди. Тушки овқат ярим соатдан кейин тайёр бўлади. Ювиниш учун кўзада сув бор, йўлакдаги қизил челакда эса ичадиган муздек сув…
— Қўнғироқ қани? — чолнинг гапини бўлди Мак Гайр атрофга аланглаб.
— Қўнғироқ? У нимга керак?
— Бирор гап бўлса кимнидир чақиришим учун. Ахир… мен касалман. Менга қаранг, — кутилмаганда қаҳр билан чийиллади Мак Гайр. — Сиздан мени бу ерга олиб келинг деб илтимос қилганмидим? А? Сиздан пул тиланганмидим? Мурувват кўрсатинг деганмидим? Ўзингиз-ку, менга ёпишиб олган. Мен касалман! Қимирлай олмайман! Бу яқин атрофда қовоқхона ҳам йўқ! Жин урсин! Қандай балога йўлиқдим ўзи? — шундай деганча Мак-Гайр ўзини каравотга отди ва ўкириб йиғлаб юборди. Шошганидан нима қилишни билмай қолган фермер хизматкорини чақирди. Баланд бўйли ёноқлари қип-қизил, йигирма ёшлар атрофидаги мексикалик йигитча дарҳол остонада пайдо бўлди. Рейдлер у билан испанча гаплаша бошлади.
— Иларио, эсингда бўлса, сенга Сан-Карлос лагерида чўпонликни ваъда қилгандим.
— Худди шундай, марҳамат қилмоқчи эдингиз, жаноб.
— Унда эшит. Бу жаноб менинг дўстим. У оғир касал. Унга хизмат қиласан. Ёнидан бир қадам ҳам жилмайсан, ҳамма айтганини сўзсиз бажарасан. Сендан сабрли ва ғамхўр бўлишингни сўрайман. Агар у тузалса ёки… агар тузалса, сени чўпон эмас, балки де ле Пьедрас ранчосига катта от ўргатувчи қилиб тайинлайман. Маъқулми?
— Ҳа, ҳа, катта раҳмат, жаноб! — Иларио миннатдорчилик билдириб бир тиззаси билан тиз чўкмоқчи эди Рейдлер уни туртиб: — Э-эй, балетни йиғиштир, — деди хижолатли тўнғиллаб.
Ўн дақиқадан кейин Иларио Мак-Гайрнинг хонасидан чиқиб, Рейдлернинг ёнига борди.
— Кичик жаноб сизга ўз миннатдорчилигини етказиб қўйишимни тайинлади, — деди у. Рейдлер унинг гапига ишонмади.
— Кичик жанобга қуйидаги нарсалар керак бўларкан: муз бўлаклари, иссиқ ванна, қовурилган нон, газли сув қўшилган джим, бир қути сигарет, “Нью-Йорк геральд” газетаси. Бундан ташқари телеграмма жўнатишни ва хона ойнларини бекитишни сўради
Рейдлер дорилар турадиган шкафчадан бир бутилка виски олиб узатди: — Мана, олиб бор унга.
Шундан қилиб Чигиртка келган кундан бошлаб Солито ранчосида террор тузуми ўрнатилди. Биринчи ҳафталарда узоқ-яқин яйловлардан Рейдлернинг сўнги топилмасини кўриш учун ковбойлар келиб туришди. Мак-Гайр ўзининг андишасиз мақтанчоқлиги билан уларнинг ғашига тегса-да, лекин ковбойлар учун янгилик эди у. Чигиртка уларга бокс санъатининг турли ҳимоя ва ҳужум усулларини намойиш этар, томошабинларнинг ҳайратланишини кўриб, спортчиларнинг ҳаёт тарзини қизиқарли қилиб гапириб берар, профессионал бокс сирларини ҳам ошкор этарди. Ковбойлар унинг очиқдан-очиқ қўрс муомиласига, ҳалати хатти-ҳаракатларига чин дилдан қувнаб кулишарди. Мак-Гайр улар учун ўзга олам одамидек эди. Ажабланарлиси, ўзи тушган янги олам Чигиртка учун аҳамиятсиз эди. Тош шаҳардан чиққан ўтакетган худбин учун содда одамларнинг қувончи кулгули туюларди. Унинг назарида тақдир уни бир бўшлиққа улоқирганди. Бу бўшлиқда бир неча тинловчидан бошқа ҳеч нима йўқ эди. Қуёш нурига чўмилган ададсиз яйловлар ҳам, юлдузли сокин тунлар ҳам унинг кўнгил торларини черта олмади. Табиатнинг энг ёрқин ранглари ҳам унинг нигоҳини спорт журналлари саҳифаларидан айира олмади. Унинг шиори ялло қилиб яшаш, интилишлари чўққиси эса Ўттиз еттинчи авеньюдаги дўндиқчаларга тўла қовоқхона эди.
Орадан икки ойлар ўтгач, у соғлиғи баттар ёмонлашгани ҳақида шикоят қила бошлади. Шу дақиқадан бошлаб у Солито ранчоси вабосига айланди. У инжиқ хотинга ўхшаб, бурчакка тиқилиб олиб, уззу-кун ғингшир, тақдирини лаънатлаб нолирди. Бу ерга ўз ихтиёрига қарши келтирилганини, энди эса шароит ва парвариш йўқлигидан азоб чекаётганини айтарди. У кундан-кунга аҳволи ёмонлашаётганини таъкидласа-да, лекин ташқи кўриниши бунинг аксини айтиб турарди. Илариога ҳам Мак-Гайрга хизмат қилиш кундан-кунга оғирлик қилаётган бўлса-да, ваъда қилинган лавозим илинжида тишини тишига босиб чидарди. Беморнинг буйруғи билан хонанинг барча тирқишлари маҳкам беркитилган бўлиб, хонага тоза ҳаво умуман кирмасди. Бу билан Мак-Гайр соғайишнинг ягона йўлини ҳам тўсиб қўйганди. Тутун ҳидидан хонада нафас олиб бўлмасди. Мак-Гайр билан уй соҳибининг муносабати ҳаммасидан ҳам ҳайратланарли эди. Бемор ўз валинеъматини менсимас, худди тантиқ бола ўз кўнгилчан отасига эркалик қилгандек тутарди ўзини. Рейдлер йўқлигида Мак-Гайр индамас бўлиб қолар, лекин уй эгаси остона ҳатлаши билан яна инжиқлиги бошланарди. Рейдлер эса бунга сайин ўзини айбдор санар, бемор уни тинмай айблайверганидан ростдан ҳам золим ва шафқатсиз бўлсам керак деб ўйлай бошлаганди. Меҳмоннинг соғлиғига ўзини жавобгар санагани учун унинг қилиқларига сабр билан чидарди.
Шундай кунларнинг бирида Рейдлер Мак-Гайрга деди: — Ўғлим, иложи борича кўпроқ тоза ҳаовда бўлгин. Истасанг, менинг аравамни ол, ҳар куни сайрга чиқ. Хоҳласанг, бир-икки ҳафта йигитлар билан яйловда яшаб кўр. Мен сенга шароит яратиб бераман. Тоза ҳаво ва ерга яқин бўлсанг, тезроқ соғайиб кетармидинг… Феладельфиялик бир йигитни биламан, сендан баттар касал эди. Ўша йигит икки ҳафта яйловда яшади, қуруқ ерда ётди. Ишонсанг, ҳозир тузалиб кетган. Ҳаво ва ер шифо. Истасанг, от чоптир. Менинг яхши отим бор…
— Мен сизга нима қилдим? — кутилмаганда чийиллади Мак-Гайр. — Мени уйингизга олиб келинг деганмидим? Сўрадимми шуни? Энди мени яйловга ҳайдаяпсизми? От чоптир эмиш! Оёғимни зўрға судраб босяпман-ку! Бу лаънати ранчонгиз жонимга тегди! Тушундингизми? Бу ерда ҳеч вақо йўқ. Ҳеч ким билан одамга ўхшаб гаплашиб бўлмайди. Бир тўда бокс қопи билан қисқичбақа салатининг фарқига бормайдиган галварслардан ташқари!
— Тўғри, бу ер бироз зерикарлироқ, — хижолат бўлиб ўзини оқлай бошлади Рейдлер. — Агар сенга бирор нарса керак бўлса, айт. Йигитларни юбораман, шаҳардан олиб келишади.
Ковбой Чэд Мергинсон биринчилардан бўлиб Мак-Гайр айёрлик қилмаяптимикан деган фикрга борди. Бир сават узумни эгарга боғлаб ўттиз мил наридан касал кўргани келган Чэд тутунли хонада бироз ўтиргач, чиқиб уй эгасига ўз шубҳасини айтди.
— Унинг қўли олмосдан ҳам қаттиқ, — деди Чэд. — У менга кураш усулини кўрсатганда йиқилмаслик учун ўзимни зўрға тутиб қолдим. Менимча у сизни виждонсизларча алдаяпти, кўнгилчанлигингиздан фойдаланяпти. Буни гапириш яхши эмас, лекин назаримда сизнинг ҳисобингиздан кун кўрмоқчи шекилли.
Кўнгли тўза фермер унинг гапларига эътибор бермади. Бир куни ранчога меҳмонлар келди. Ерлик аҳоли одатига кўра меҳмонлар тушликка қолишди. Келганларнинг бири Сан-Антониолик шифокор эди. Чорва қиролларидан бирига унинг маслаҳати керак бўлгани учун чақиртиришганди. Иши битган докорни энди вокзалга олиб кетишаётганди. Тушликдан кейин Рейдлер докторни четга тортиб йигирма доллар узатди.
— Доктор, илтимос, бир йигитни кўриб қўйсангиз. Силнинг тез ривожланадиган турига чалинганми, деб қўрқяпман. Аҳволи қай даражадалиги ва унинг тузалиши учун нима қилишимиз лозимлигини айтсангиз, — деди.
— Тушлик учун қанча тўлашим керак? — сўради доктор қовоғини уюб.
Рейдлер тушундим деди ва пулни чўнтагига қайтариб солди. Доктор шу заҳоти бемор ётган хонага йўл олди. Фермер эса йигитнинг аҳволи жуда оғир бўлмасин-да, дея ичида дуо ўқиб аравага ўйчан чўкди.
Кўп ўтмай доктор илдам қадамлар билан Мак-Гайрнинг хонасидан чиқиб келди.
— Йигитчангиз соппа-соғ! — деди у Рейдлерга. — Ўпкаси ҳам ҳозиргина босмадан чиққан доллардек топ-тоза! Иссиғи ҳам, нафас олиши ҳам жойида. Касалликнинг аломатларини умуман кўрмадим. Албатта, мен бактереологик текширув ўтказганим йўқ. Лекин шуни ишонч билан айтаманки, унда сил таёқчалари йўқ! Ташхис остига менинг фамилиямни ёзиб қўйишингиз мумкин. Ҳатто табак ва дим ҳаво ҳам унинг соғлиғига зиён етказа олмаган. Йўталади дейсизми? Айтиб қўйинг, йўталиб ўзини қийнаб ўтирмасин. Унга қандай ёрдам беришим мумкин дейсизми? Сизга маслаҳатим, уни телеграф симёғочларини ўрнатишга ёки мустангларни тутишга жўнатинг. Бизнинг отлар тайёрми? Саломат бўлсинлар, жаноб, — шундай дея доктор хайрлашиб, шаббода каби шошиб ўз йўлида давом этди.
Рейдлер эса панжарага ўралиб ўсган мескит шохидан синдириб олдида ўйчан чайнай бошлади. Чорвани тамғалаш мавсуми яқинлашиб борарди. Эрталаб бош чўпон Росс Хоргисс йигитларни ранчо ҳовлисига йиғди. Улар Сан-Карлос лагерига ишлагани кетишлари лозим эди. Соат олтида отларни эгарлаб, юкларни ортиб бўлишди. Йигитлар энди йўлга тушмоқчи бўлишганда, Рейдлер уларни тўхтатди. Отбоқар бола дарвоза ёнига яна битта эгарланган отни еткалаб келди.
Рейдлер Мак-Гейрнинг хонаси эшигини ланг очди, у кийинмасдан каравотда чекиб ётарди.
— Ўрнингдан тур! — буюрди фермер кира солиб.
— Нима гап? — шошиб сўради бемор.
— Тур ва кийин. Уйимда заҳарли илонга ҳам жой беришим мумкин. Лекин ёлғончига бу ерда жой йўқ. Неча марта қайтарай, тур! — деди ва Мак-Грайнинг ёқасидан олиб тўшакдан судраб туширди.
— Нима қиляпсиз, қулоқ солинг! — пишқирди Мак-Грай бунақа муомалани кутмагани учун довдираб. — Нима бало, эшакмия еганмисиз? Касалман-ку, кўрмаяпсизми?! Ўрнимдан турсам, нафасим қисади. Мен сизга нима қилдим? Уйингингизга олиб келинг деганмидим… — у яна эски дийдиёсини бошлади.
— Кийин! — овозини кўтарди Рейдлер.
Қўрқиб кетган Мак-Грай кўзини бақувват фермердан узмай, кийимларига чалишганча, сўкиниб кийина бошлади. Рейдлер яна унинг ёқасидан олди ва ҳовлидаги отларнинг ёнига судради. Бу томошадан ковбойларнинг оғзи очилиб қолганди.
— Бу болани ўзинг билан олиб кетасан, — деди Рейдлер Росс Хоргисга. — Иш берасан. Қанча ишлаш керак бўлса, шунча ишласин. Тўғри келган жойда ухласин. Нима топса, шуни есин. Ҳаммаларинг яхши биласизлар, мен унга қўлимдан келганча яхшилик қилдим. Чин дилдан қилдим. Кеча Сан-Антонионинг энг яхши доктори уни кўрди ва ҳўкиздек соғлом эканини айтди! Хуллас, уни сенга топшираман Росс.
— Гап буёда денг, — деди шу пайтгача довдираб турган Мак-Грай масхараомуз илжайганча Райдлерга қараб. — Демак қари бойўғли мени соғлом дедими? У мени муғомбир ҳам дегандир? Шунақами? Уни атайлаб мени олдимга юборлдингизми? Мени ёлғончи деб ўйлагансиз-да. Тўғри, мен қўрс-қўполман… Агар менинг ўрнимда сиз бўлганингизда… Ҳа-я, эсимдан чиқибди. Мен соппа-соғман-ку! Қари бойўғли шундай деган-ку. Бўпти, ошна, мен сизга ишлаб бераман, қарзингизни узаман, кўнглингиз тўқ бўлсин! — шундай дея у бир сакраб эгарга қўнди. Бир вақтлар отчопарларда биринчи ўринни эгаллаган Чигиртка яна эгарди эди. Мак-Гайрнинг оти шамолдек учиб кетди. Ковбойлар қийқириб ортидан от солишди. Лекин бир мил ҳам юрмай у ортда қола бошлади. Чавандозлар ундан ўтиб кетишди. Мак-Гайр отини секинлатиб, дастрўмолчасини олди ва оғзини артди. Рўмолча қип-қизил қон бўлди. У рўмолчани тиканзорга улоқтирди ва отига “ҳайда” деб буйруқ берди.
Рейдлер кечқурун ватани Алабамадан хат олди. Бир қариндоши оламдан ўтганди. Рейдлер шу кетганча икки ойдан кейин қайтди. Ранчода Илариодан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Йигитча унга ранчодаги ишлар ҳақида ҳисобот бера бошлади. Қаттиқ шамол бўлиб, қорамоллар ҳар томонга тарқаб кетгани, тамғалаш ишлари ҳали тугамагани, лагерь ҳозир Гвадалупа водийсида эканини айтди.
— Айтганча, — деди Рейдлер тўсатдан ёдига тушиб. — Ҳалиги йигит, Мак-Гайр қалай? Ишлаяптими?
— Билмадим, — жавоб берди Иларио. — Ковбойлар ранчога кам келишади. Бузоқлар билан бўлиб вақтлари йўқ. У йигит ҳақида ҳеч гап эшитганим йўқ. Менимча аллақачон ўлиб кеган бўлса керак…
— Нима деб валдиряпсан? Нега ўларкан?
— Аҳволи жуда оғир эди, ўша Мак-Грайнинг, — деди елка қисиб. — Бу ердан кетганида сезувдим, бир ойга ҳам бормаслигини.
— Бекор гап! — ўшқирди Рейдлер. — Кўриниб турибдики, у сени ҳам лақиллатган. Доктор уни кўриб, соппа-соғ деган!
— Доктор шунақа дедими? — сўради киноя билан Иларио. — Керак бўлса, ўша докторингиз уни кўргани ҳам йўқ.
— Тушунтириб гапир! Нега бошимни қотирасан?
— Мак-Гайр, — шошилмай давом этди Иларио. — йўлакда сув ичиб турганди. Доктор кира солиб мени ушлади. Мана бу еримга, мана бу еримга чертиб кўра бошлади, — Иларио шундай дея кўкрагини кўрсатди. — Мен негалигини тушунмадим. Кейин эса қулоғини қўйиб эшита бошлади. Бу ёғимни ҳам эшитди, бу ёғимни ҳам. Негалигини билмайман? Кейин шиша чўпни олиб оғзимга тиқди. Кейин менга паст овозда йигирма, ўттиз, қирқ деб санашни буюрди. Нега бунақа қилганини ким билибди дейсиз? Балки ҳазиллашмоқчи бўлгандир? — деб гапини тугатди Иларио ҳали ҳам гап нимадалигини тушунмай.
— Уйда қайси отлар бор? — сўради Рейдлер зўрға овози чиқиб
— Пайсано ўтлаб, юрибди жаноб.
— Эгарла, тезроқ!
Кўп ўтмай Рейдлер эгарга сакради ва Пайсано елдек учиб кўздан узоқлашди. Пайсано — учқур қуш деган деган номига содиқ қолиб икки соатга қолмай, эгасини лагерга етказди. Рейдлер ёмон хабар эшитишдан қўрқиб, юрак ҳовучлаганча отдан тушди. У айни дамда ўзини Мак-Грайнинг қотили деб эълон қилиб бўлганди. Лагерда ошпаздан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Камгап ошпаз билан сўрашган Рейдлер ўзини қийнаётган саволни беролмай гапни айлантирарди.
— Лагерда ишлар яхшими, Пит? — сўради у гапни узоқдан бошлаб.
— Ёмон эмас. Икки марта озиқ-овқатсиз қолиб кетдик, шамол ҳамма нарсани ағдар-тўнтар қилиб ташлади. Айтганча, менга янги қаҳва қайнатгич керак…
— Йигитлар қалай… ҳаммаси саломатми?
Хўжайиндан бу саволни кутмаган Пит ҳайрон бўлди.
— Ким қолган бўлса, ҳаммаси соғ-саломат.
— Ким қолган бўлса деганинг нимаси? — овози титраб сўради фермер. Кейин атрофга аланглаб Мак-Гайрнинг қабрини қидира бошлади.
— Ҳа-да, — деди Пит. — Ковбойлар лагерида тез-тез ўзгаришлар бўлиб туради. Икки ой ичида кимлар келиб, кимлар кетмади дейсиз…
Ниҳоят Рейдер бор иродасини йиғиб сўради: — Ҳалиги йигит-чи, мен жўнатган Мак-Гайр…
— Менга қаранг, — шартта фермернинг гапини бўлди Пит ва икки қўлига иккита маккажўхори сўтасини тутганча ўрнидан турди. — Шундай оғир касал болани ковбойлар лагерига жўнатишга виждонингиз қандай йўл қўйди? Ўша бир оёғи гўрда бўлиб турган бемор билан соғни фарқига бормайдиган докторингизни терисини шилиб олиш керак! Лекин йигитча қурғур жангари экан. Нима қилганини биласизми? Нуқул жанжал қилади, денг. Биринчи куниёқ йигитлар унинг ақлини киргизиб қўймоқчи бўлишди. Росс Хоргесс уни чарм гетра билан айлантириб бир урди… У нима қилди дейсизми? У шайтонвачча Росс Хоргесснинг боплаб таъзирини берса бўладими?
— Росс Хоргесни-я?!
— Ҳа-да, Росс ростакамига довдираб қолди. Жанг тугагач, Мак-Гайр четга ўтиб ерга юз тубан ётиб йўталганча қон туфлай бошлади. Қон қусиш дейилади бу! Айтиб қўйинг, ўша ношуд докторингизга! Ўн саккиз соат шу аҳволда ётди. Ҳеч ким жойидан қимирлата олмади. Кейин Росс Хоргесс (у ўзини таъзирини берганларни хуш кўради)нинг ўзи ишга киришади. Бутун Гренландиядан Хитойландиягача бўлган докторларни сўкиб Жексон билан бирга йигитни палаткага олиб ўтишди. Кейин уни пишлоқ, гўшт, виски билан сийлай бошлади. Лекин йигитчанинг ўзи сира соғайишни хоҳламасди. Кечаси яна қочиб кетиб ерга ётиб олибди. Устига-устак ёмғир ёғяпти денг. “Кўзимга кўринманглар, тинчгина ўлгани қўясанларми йўқми?” дейди. “Ўз ҳолимга қўйинглар мени. У мени айёр деди, ёлғончи деди-я” дейди нуқул. Икки ҳафта шу тарзда ерга ағанаб ётди. Ҳеч ким билан гаплашмади ҳам, кейин эса…
Шу маҳал чақин чақнагандек атрофни шовқин-сурон тутиб кетди. Йигирмага яқин отлиқ лагерга шамолдек отилиб кириб келди.
— Илоҳий аждаҳолар ва заҳарли илонлар ҳаққи! — шошиб қолган ошпаз шундай деб бақирганча у ёдан-бу ёққа югурарди. — Агар тўрт дақиқада овқатни сузмасам, йигитлар калламни олишади!..
Рейдлер эса йигитлар орасидаги эпчил, қуёшда қорайганидан тишлари ялтираб кўринадиган йигитчадан кўзини узолмай ўтирарди. Бу йигит фермер билган Мак-Гайрга ўхшамасди, лекин…
Йигит қошларини чимирганча фермерга яқинлашди. Рейдлер унинг қўлларини маҳкам қисганча қаттиқ силкитаркан тинмай: — Ўғлим… Ўғлим аҳволинг яхшими? Тузукмисан? — дерди.
— Ерга яқинроқ деганмидингиз? — деди Мак-Грай чапаниларча қичқириб хўжайиннинг қўлини маҳкамроқ сиқаркан. — Мен худди айтганингиздек қилдим. Кўриб турганингиздек соппа-соғман! Ўшанда масхарабозлик қилганимни ҳам тушуниб етдим. Мени бу ерларга ҳайдаб тўғри қилган экансиз. Раҳмат сизга, ошна! Лекин қари бойўғли докорингиз зўр гапирди-да ўзиям! У қандай қилиб мексикалик йигитнинг кўкрагини текширганини деразадан кўриб тургандим…
— Ҳали… сен кўрганмидинг? Унда нега менга айтмадинг, жин ургур?! — жаҳли чиқди фермернинг. — Нега доктор сени эмас бошқани текширганини менга айтмадинг?
— Эй, боринг, бошимни қотирманг! — деди Мак-Гайр фермер билан гаплашаркан яна аввалги тантиқлигига қайтиб. — Сиз мендан сўрадингизми? Гапириб-гапириб, кўчага улоқтирдингиз-ку! Мен ҳам индамадим. Биласизми, ошна, лекин сигирларни боқиш зўр иш экан! Йигитларга ҳам гап йўқ. Мен кўрган жамаоларнинг энг зўри шу!.. Менга қаранг, ошна, шу ерда қолишимга рухсат берасизми?
Рейдлер савол назари билан Росс Хоргесга қаради.
— Бу ярамас, бола, — деди Росс меҳр билан. — Ковбойларнинг энг абжири. Жангарилигини айтмайсизми? Яхшиси, жиғига тегмаган маъқул…
Дилфуза Собирова таржимаси