Бахтиёр Нуриддинов. Муҳаббат муҳри (ҳикоя)

Борлиқ бир силкиниб ёниб ўчгандай бўлди. Ер юзини булут қоплади. Шивалаб ёмғир ёғар, атроф жавонибдаги жимликни томчиларнинг шитир-шитири-ю, дарёнинг даҳшатли шовиллаб ўқишигина бузарди. Жониворлар аллақачон ин-инларига кириб кетишган, вақт ҳам алламаҳал бўлган эди. Дарё бўйидаги ҳарсангтош устида соч-соқоли оқарган, ёши ҳам бир жойга бориб қолган Зокир тракторчи ўтирар; йигирма-ўттиз қадам нарида эса ташландиқ ҳолга келган, алмисоқдан қолган унинг ёлғиз трактори турар эди. Бу тракторни чолга яхши меҳнатлари эвазига колхоз томонидан беришганди. Ўшанда “Қариган чоғимда зил-замбилдек келадиган бу матоҳингни бошимга ураманми?!” – демоқчи бўлди-ку, лекин салкам бутун умри шу трактор билан ўтиб, ўрганиб қолгани туфайлими кўнгли йўл бермади. Раиснинг олдидан чиқиб тўғри уйга келганида хотини Хадича, аёл киши эмасми, “Шунинг ўрнига кичикроқ бир хунажин сўрамабсизда. Баҳоргача анчайин етаклаб олардик. Бу ўлгурни на соғиб ичиб бўлса, на бозорга сола олсанг…” – деб қилди жанжал, қилди жанжал, асти қўяверасиз. Тупроғинг нурга тўлгур кампирининг ўшандаги ҳолати ҳамон кўз олдидан кетмайди. Нимаям қила оларди. Тақдир деб шуни айтади-да… Биров олдин кетса, биров кейин тарк этади бу фоний дунёни. Ҳаммага келган тўй. Бошга тушганни кўз кўраверади.
Кампири Хадичани тупроққа қўйганига ҳам мана бир ҳафта бўлибди. Ҳаммасига чидаб юрибди-ку, лекин…
…Фақат Хадичага ачинади. У бечора нимани ҳам кўрибди. Ҳатто шу ўзининг яшаган қишлоғи, кичкина Чекаташлоқни ҳам бафуржа айланиб чиқмаган. Ўзи-ку майли-я… Армия деди, бошқа деди ҳартугул уёқ буёқни бориб кўрди. Ўлса армони йўқ эди.
Одамзот ўзи шундай яралган бўлса керак. Аввалига отам-онам дейди, кейин бўлса болам-чақам… Бориб-бориб қариган чоғларида ёлғиз қолади. Кампири билан икковлари бир-бирига суяниб, ўрганиб қолган экан анчагача ўзига келолмай юрди. Бу вақтларда фарзандлар ҳам ўз йўлига… Улар ҳам бағрингдан учирма бўлиб чиқиб кетгунча сеники, кейин ўзлари билан ўзлари овора… Мана тўнғичи Дилмурод бир йил бўлибдики, дараги йўқ. Ҳатто онасининг вафотини ҳам билмайди. Балким билганда келармиди?!..
Давлат иши деб тинмайди. Ҳали чет элда, ҳали бошқа жойда. Бормаган жойи коинот қолди ўзи. Отанг тушмагур, баччағар, ўзи ҳам етти тилни билади.
Баъзан шу ўғлига ҳам ачиниб кетади. “Ўзингни бошингга ўзинг ғалва оширмай, жўн отангни касбини қилавермайсанми?! Ўша бегона юртда юриб топган бир бурда нонингни шу ерда ҳам топасан ахир”, – дегиси келади-ю, ўйланиб қолади. Яна ким билади, бу ёшлар нималар қилишади ҳали.
Ҳар қалай ўртанчаси тузук. Тез-тез келиб, хабар олиб туради. Онасининг таъзия кунлари ҳам бошига дўппи, эгнига чопон кийиб шу ўғли турди.
Кенжаси қиз. Қиз бўлгани туфайли, жуда меҳрибон. Онаси тирик чоғларида бечорани кетгиси келмасди. Ёш оила бўлса ҳам ўзидан ошиниб, бўш қолди дегунча онасининг олдига чопарди. Ишқилиб омон бўлса бўлгани. Ҳаммаларини қаерда бўлмасин бахтини берсин…
Шу кунларда унинг ўзи ҳам нураб, мунғайиб қолган эди. Фақат ҳали-ҳануз Қорадарё соҳилида Хадича билан илк бора юз берган ўша воқеагина чолга ажиб бир энтикиш, ширин орзиқиш бериб, ҳаёт бахш этарди…
…Илгарилари ҳам нимагадир ёмғир остида хаёл суриб ўтиришни яхши кўрар эди. Ўшандаям ёмғир тезлашгандан тезлашиб, қутуриб борарди. Соҳилда кимни(нг)дир б(ч)ақириб, чопиб келаётган қораси кўринди. Узоқдан унинг нима деб бақираётганлигини англаб бўлмаса-да, овозидан қиз бола эканлигини билиш мумкин эди. Қиз келди-ю, туйқусдан даҳшатли нарсага дуч келгандек турган ерида қотиб қолди. Йигит унга қандай қилиб илтифот кўрсатишни билмай, жим қараб турар эди. У бўлса, ғайриихтиёрий равишда ортга бурилиб, кета бошлади.
–    Қаёққа аҳмоқ?!.. Селда қоласан-ку… Бу ёққа кел, кел деяпман!..
Йигит тракторидан тушди-ю, овозининг борича бақирган кўйи аччиқланиб, у томон юрди. Қўлидан маҳкам ушлаб, кабина томон судрай бошлади. Қиз беиихтиёр бўйсуниб лом-мим демай кабинага чиқди. Кабинадан трактор мойининг ҳиди анқиб турарди. Ноқулай бўлса-да, ўриндиққа ўрнашиб олди. Бундай жойда биринчи ўтириши эди. Вужуди билан йигитнинг хатти-ҳаракатларини кузатар, нотаниш жойда бегонасирарди. Бунинг устига ёшлик, ёлғизлиги ваҳм соларди. У бўлса ҳамон бир нималар деб ғудранарди.
–    Вой тентаквой-ей. Мен бўримидимки сени еб қўйсам. Қўрқиб кетганиничи бунинг.
Қиз унинг ҳам ёнига чиқаётганини кўриб, ҳимоясиз қолган қушдек, ўтирган ўрнида безовта қўзғалди ва атрофга олазарак қараб қўйди. Ўзининг номаъқул ҳаракатини сездими йигит кабинага чиқмай тракторнинг ёмғир урилмаётган томонига ўтиб, қунишиб олди.
Ёмғир бир зум бўлсада, пасаймасди. Атроф бўм-бўш, кимсасиз. Поёнсиз далалар ортидан қишлоқ элас-элас кўзга ташланади. Кун ҳам ўтиб бораяпти. Тезроқ кетиш керак… Аксига олиб ёмғир ҳам тинмаяпти. Қиз ҳам унга ортиқча бўлди.
Йигитнинг хаёлини тракторнинг орқа ойнасидан тушган қизнинг ғимирлаган шарпаси бузди. Ёмғир томчилари қизнинг икки юзидан оқиб тушиб, ҳаммаёғини шалаббо қилганди. Ғаёришуурий равишда унга нигоҳини қаратди. Боя ҳуснига унчалик эътибор  бермаган эканми, ён тарафдан қизнинг чиройли ярим юзини кўрди. Хаёлидан кечган ўйни англагандай қиз ҳам у томон ўгирилиб, ойдек ҳуснининг бор тароватини намойиш этди. Бу намойишкорона қараш йигитнинг вужудини ўртаб юборди. Қизнинг мунгли кўзлари қандайдир сирли боқарди. Бир боқишининг ўзигина жон олишга кифоя эди. Йигитни висол қийноғи азоблаб, ҳажр ўти ўзининг ёғига ўзини қовира бошлади. Энди телба қалбини ёмғирнинг тезроқ тиниши эмас, аксинча, уззукун шаррос ёғиши тинчлантирарди. Лекин ўйлагани акси бўлаётганди. Ахир шу оннинг ўзида ундаги қалб ўти алангаланиб, вужудида ўзига нотаниш ҳислар пайдо бўла бошлаганини бу золим фалак қаёқданам билсин. Устига устак ёмғир ҳам сусайиб бир-бирини боғлаб турган биттаю битта риштадан ҳам маҳрум қила бошлади. У бутун борлиғи билан эҳтиросли хаёллар оғушида эди. Қандайдир кўринмас куч ўз домига олиб, ақл ҳушини ўғирлаётганди, гўё… О, бу қандайин куч бўлдики, уни ипсиз боғлаб олиб, ўзига оҳанрабодай тортса… Анча вақтдан сўнг қизнинг кабинадан чиқаётганини кўриб, ёмғир бутунлай тинганини сезди ва бирдан безовталаниб қолди. Бу лаҳзалар унинг учун азиз бўлиб қолган, гўёки у кабинадан эмас, қалб тўридан чиқаётган эди. Қиз кўзига чақмоқ мисли бир кўриниш бериб кетаётгандай туюлди. Йигит унинг ёнига боришини ҳам, бормаслигини ҳам билмай каловланарди. Шу пайтгача икковларини боғлаб турган нарса ёлғиз ёмғир, ёмғир эканлигини энди тушунди.
Яна ўша ғайритабиий куч қизнинг ёнига боришга ундади. Назарида аллақандай шарпалар юрагига тажовуз солиб, ёлғизини олиб кетмоқчидай кўринди. У ўз жисмидаги қалтироқни сездирмасликка ҳаракат қилиб, қизга яқинлашди ва қаршисида бир зум ҳуснига маҳлиё бўлиб, туриб қолди. У гўзал эди. Ҳатто ёшлигида хаёлини олган, китоблардаги Фарҳоду Мажнунларнинг маъшуқаларидан ҳам мафтункорроқ эди. Унга энди ҳеч нарса таскин бермай қўйди. Ихтиёрсиз равишда қизнинг гулдек бармоқларига тракторнинг руль чамбарагини айлантиравериб дағал, беўхшов ҳолга келиб қолган қўлларини теккизди. Бир зум бўлса-да, қизнинг қайноқ вужудидан гупуриб турган қалбининг ҳароратини ҳис этди. Негадир у қўлини тортиб олмади. Фақат кўзларини ерга қадаб, нигоҳи билан турли шакллар чизарди. Йигит унинг кўзларини кўролмай ўзича тасаввур қилди: қора, мовий… Билолмади. Шу ҳолатда улар бир-бирларига бўлган муҳаббатларини, меҳрларини сўзсиз изҳор этишаётгандек эдилар. Қизнинг қўлларини бўшатгиси келмасди. Шундай қилса абадий бир-бирларидан йироқлашадиганга ўхшаб кўринди. Нима бўлса ҳам ўзини қўлга олди ва:
–    Кетаяпсизми?! – деб тўлқинланиб сўради.
Қиздан садо чиқмади. У тил-забонсиз фариштага ўхшарди. Бир оғиз ҳам гапирмасди-ю, одамни ўзига ром этиб оларди.
Шу пайт майин эпкин эсиб, қизнинг сочларини тўзғитди. Шунда у бошини кўтариб, йигитга қаради. Кўзлар тўқнашиб ўт чақнагандай бўлди. Ораларида ҳеч қанча масофа қолмаганди. Қаттиқроқ нафас олсалар юзлари юзларига тегарди. Икковлари ҳам сингиб кетгудай ҳолатда эдилар. Нақадар бахтли, унитилмас онлар…
–    Кузатиб қўярдим!?.. – Йигит беиихтиёр оғзидан чиқиб кетган ушбу сўзлардан ўзи уялиб кетди.
–    Кераги йўқ, ўзим!.. – Қиз кескин ортига бурилиб кета бошлади. Йигит довдираб қолди. Нима қилишини билмай жим қараб турарди.
О, бу майин – жарангдор овоз, ғамли сўзлар… Умрбод қалбга муҳрланиб қолганини билсанг эди.
Қиз секин-секин, осуда қадам ташлаб йўлга тушди. Йигит эса тракторига суянганича сассиз, садосиз телба алфозда уни кузатиб турарди. Кўз ўнгида унга севимли бўлиб қолган қиз йироқлашиб борарди. Қизнинг ёмғирда шалаббо бўлиб, ҳали қуриб улгурмаган кўйлаги нозик қаддига ёпишиб, сарв қоматининг гўзаллигини бор бўйича намойиш қилар; узун тундек, сим-сиёҳ сочлари эса, ҳуснига-ҳусн қўшарди. Кейинчалик ҳам унинг хотирасида қизнинг ана шу охирги сурат мисол кўриниши ўрнашиб қолган эди.
Чексиз-чегарасиз самони, бутун борлиқни секин-аста қоронғулик қоплай бошлади. Йигит ҳамон тракторига суянган кўйи турар, қизнинг эса қишлоқ томонга кетаётган қораси тобора кичрайиб борарди. Ниҳоят, қиз олислаша-олислаша бир нуқтага айланди ва қишлоқ йўлида ғойиб бўлди. Йигит уни телбаларча севиб қолганди.

*  * *

Бу ўша тупроққа бериб қўйган якка-ю ёлғиз Хадичаси эди. Энди у абадийлик йўлида ғойиб бўлган, унинг покиза, мангу севгиси эса чолнинг қаримсиқ юрагидагина қолганди.
Борлиқ яна бир бора силкиниб, ёниб ўчгандай бўлди. Чақмоқ бутун ер юзини ёритиб, сўнди. Дарё бўйидаги ҳарсангтош ёнида чолнинг ёлғиз, совуқ жасади ётар, ёмғир эса унинг юрагида абадий муҳрланган муҳаббат изларини ювиб ёғарди. Бу чолнинг сўнгги дамлари эди.

“Меҳригиёҳ” газетасининг
1998 йил, 28 май 75-сонидан