Ог Мандино. Яхши яшаш сири

БИРИНЧИ ҚИСМ

ЎТМИШИМДАН САБОҚЛАР

Йўл танлай билиш! Йўл танлай билиш — ҳамма нарсанинг калити шудир. Сизда имконият бор. Сиз омадсизлик, жаҳолат, азоб-уқубатлар ва қашшоқлик ботқоғида, ўз турмушингиздан уялиб ва ўзингизга ачиниб яшашга мажбур эмассиз.
Яхши яшаш мумкин!
«Йўл танлай билиш» китобидан.

I

Дон Жуннинг Скотсдейлдаги сартарошхона¬сида фақат бир мижоз бор экан. Мен Донга бошқа ишлардан ниҳоят қутулганимни, турли жамият ва уюшмаларнинг қурултойларида қиладиган маърузаларим учун тўпланган материалларим асосида навбатдаги китобни ёзишга тайёргарлигим ҳақида гапирганимда унинг мижози эшитиб турган эди.
Ўзимнинг бутун ёзувчилик ва лекторлик фаолиятим мобайнида мен ўқувчи ва тингловчи¬ларга, барча табиат қонунлари сингари муваффа¬қиятга эришишнинг асл тамойиллари ҳам биз билан бирга минглаб йиллардан бери мавжуд эканлигини тинимсиз уқтириб келаман. Улар ҳеч қачон ўзгармаган. Бу боқий тамойиллар, сиз ўз ҳаётингизни қандай яшашга уринишингиздан қатъи назар, доимо улар сиз учун (ёки сизга қарши) ишлайди.
Афсуски, биз бугун воқеа-ҳодисалар яшин тезлигида ривожланадигандек бўлиб туюлаётган бир даврда яшаяпмиз. Биз мудом муаммоларимиз¬нинг енгил ечими… оддий жавоблар… текин овқат… муваффақият сари осон йўл топишга уринамиз. Кундалик саъй-ҳаракатларимизни кўпинча қан¬дай¬дир сеҳрли бир тарзда тилло сандиқларга айлантиришга қодир ҳикматли тошни топишга бўлган беҳуда уринишларга сарфлаганимиз учун доимо амал қилиб келган, амал қилувчи ва бундан кейин ҳам амал қиладиган азалий қонунларни англаб етишимизга халақит беради. Гарчи улар ҳамон шундоққина тумшуғимиз тагида турган бўлса-да, биз уларни кўрмаймиз ва шу боис улар «сир»га айланади. Нақадар ачинарли!
Мен янги китобимда бу қадимий тамойил¬ларни ва китобхонларга дарҳол ўз турмушларини яхши томонга ўзгартиришларига ёрдам берадиган усул ва воситаларни тасаввур қилиб, сўнг тушунтириб бериш ниятида эканлигимга қарамай, қўлёзмани маъруза ва чиқишларим сингари «Муваффақиятнинг буюк сирлари» деб эмас, бошқа бир ном билан аташ керак, деган фикр менга ҳам ва «Бентам Букс» нашриётидаги ноширларимга ҳам тинчлик бермасди. Хўш, нима деб ном қўйиш мумкин? Бир неча ҳафта давомида биз тинимсиз фикр алмашдик, аммо ягона тўхтамга кела олмадик.
Кўпгина муаллифлар китобни сарлавҳасиз ёзишга қийналмайди. Улар иш тугагунига қадар ўзлари ёки ноширлар муқовани безаш учун маъқул бирор нима ўйлаб топишига умид қилиб боб кетидан бобни ёзиб ташлайверади. Аммо мен бундай қилолмайман. То китобга ном топмагунча, ишни бошлай олмайман. Ном — бу мен учун бир байроқ; фақат ёзув машинкаси олдида ўтирганимда эмас, бўш вақтларимда ҳам мен ўз фикрларим ва ҳис-туйғуларимни шу байроқ атрофига тўплайман.
«Буюк савдогар» (1967) китобимдан бошлаб, мен ўн учта китобимнинг ҳар бирини аввал ном қўйиб, кейин ёзишга киришганман. Бу одат менга дунёнинг ўн саккиз тилида йигирма миллион нусхадан ортиқ китобни сотишга ёрдам бергани туфайли, уни ўзгартириш ниятим йўқ эди. Бунинг устига, ҳаётимда аввал ҳам бўлганидек, тақдир, кутилмаган тасодиф, омаднинг кулиши ёки Тангрининг аралашуви билан (қандай атасангиз — ихтиёрингиз) муаммо ҳал бўлди.
Сартарошхонадаги ўша мижоз сочини олдириб, хизмат ҳақини тўлагач, ийманибгина менинг олдимга келиб деди:
— Жаноб Мандино, менга сизнинг китобларингиз жуда ҳам ёқади. Касбим — тиш дўхтири, уюшмамизнинг бошқа аъзолари учун ўз-ўзини баҳолаш курсини олиб бораман. Афсуски, қандайдир сабабларга кўра, тиш дўхтирлари орасида ўз жонига қасд қилиш даражаси мамлакат бўйича бошқа касб эгаларига нисбатан анча баланд. Мен тингловчиларимга ўргатадиган яшаш тамойилларини мустаҳкамлашда сизнинг китобларингиздан фойдаланаман.
У бориб эшикни очгунга қадар мен ғўлдираб, икки-уч оғиз миннатдорчилик сўзини айтдим. Кўчага чиқишдан олдин у тўхтаб, мен томон ўгирилди.
— Ёзган китобларингиздан менга «Йўл танлай билиш» кўпроқ ёқади, — деди.
Мен унга жилмайиб бош ирғадим.
— Ҳа, бу китоб устида анча-мунча тер тўкканман.
— Ўзим ҳам шундай бўлса керак деб ўйлагандим. Айтинг-чи, сиз оддий мухлисингизнинг таклифини қабул қилишга тайёрмисиз?
— Бўлмаса-чи!
— «Йўл танлай билиш» китобида қаҳрамонингиз жўшқин ҳаётдан чекиниб, жуда яхши номдаги китоб ёзади. Бу китоб ўқувчилар орасида энг харидоргир асарга айланади. Мен худди шу номдаги китобни яратиш ҳақида жиддий ўйлаб кўришингизни истардим. Эҳтимол, сиз ундан ҳозиргина Донга гапирган янги китобингизда ҳам фойдаланарсиз. Сиз қаҳрамонингизнинг китобидан яхши турмуш кечириш қоидалари ва бу борадаги таклифларни олиб, уларни ўзингизнинг сўнгги йиллардаги бошқа маъруза ва асарларингизда баён этилган жуда кўп муваффақият тамойил ва сирлари билан бирлаштиришингиз мумкин. Агар шундай қилсангиз, шубҳасиз, жуда фойдали китоб ёзган бўласиз. Бу китоб миллионлаб кишиларга кундалик муваффақиятсизликлар гирдобидан чиқишга ёрдам беради. Фақат сиз уни содда ва аниқ қилиб, замонавий «ҳаёт китоби»га ўхшатиб ёзинг.
Шундай деб, у ғойиб бўлди, Аризона қуёшининг ёрқин нурлари ортида кўздан йўқолди. Мен бўлсам ўтирган еримдан юқорига бир фут1, балки ундан ҳам баландроқ сакрадим. Дон ишини тамомлашини кутиб туролмадим ва бир нечта йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, Скотсдейл йўли бўйлаб уйимга, «Бентам Букс»даги муҳарририм Мишель Рэпкинга сим қоқиш учун ошиқдим.
— Китобнинг навбатдаги номими? — деб сўради у сўрашиш ўрнига.
— Тўғри топдингиз, хоним. Энди мен иш бошлашга тайёрман.
— Айтақолсангиз-чи, — деди у сабрсизлик билан.
— Мен Ог Мандино тўқиган қаҳрамоннинг қаламига мансуб тўқима китобнинг тўқима номидан фойдаланмоқчиман…
— …Зотан Ог Мандино чиндан ҳам мавжуд! — деб хитоб қилди Мишель.
Мен кўксимни тўлдириб нафас олдим.
— Китобимни «Яхши яшаш сири» деб номламоқчиман!
Мишель менга кечқурун қўнғироқ қилиб, «Бентам Букс» раҳбарияти таклифимни маъқуллаганини билдирди.
Сартарошхонада мен билан гаплашиб, сиз ҳозир ўқиётган китобнинг номини таклиф қилган киши… билмайман нима: тақдирми, омадми ё тасодифми?
Келинг, яхшиси кейинги қадамни ташлайлик. Ҳар йили тахминан эллик беш минг номда янги китоб чоп этилади. Бу китобларни сотиб олган дўконда ҳам минглаб номда қаттиқ ва юмшоқ муқовали китоблар мавжуд бўлса керак. Аммо сиз бу пайт ўқишингиз мумкин бўлган барча китоблардан айнан «Яхши яшаш сири»ни ўқияпсиз.
Нима бу — тақдирми, омадми ё тасодифми? Менимча, бирортаси ҳам эмас. Шунга ишончим комилки, умримиз мобайнида Тангри олдимизда жуда кўп имкониятлар очади, ўтиб бўлмайдигандек туюладиган тўсиқлар ўрнатади ёки даҳшатли фожиаларга рўпара қилади. Уларни қандай қабул қилишимиз ёки қабул қилмаслигимиз бизнинг келажагимизни белгилайди. Гўё биз илоҳий шатранж ўйини иштирокчисию довга қисматимиз тикилгандек.
Сиз билан бу китоб саҳифаларида учрашиб турганимиз тасодифмикан? Мен бунга ишонмайман. Атоқли инглиз шоири Сэмюэл Тейлор Колриж1 айтганидек, «тасодиф — бу Тангрининг алоҳида ҳолатларда ўзлигини билдирмай кўрсатган марҳамати, холос.
Биз сиз билан қандайдир алоҳида бир сабабга кўра учрашдик. Келинг, бу учрашувдан имкон қадар кўпроқ фойда олайлик.

II
 
Модомики, маълум вақтни сиз билан бирга ўтказишимиз лозим экан, буни менинг иш хонамдан — фарзандларим «дадамнинг сўз фабрикаси» деб атайдиган хонадан бошлашга таклиф қиламан. Мен одатдагидек, ўзимнинг ёзув столим ортида ўтираман, сиз эса ташриф пайти менинг рўпарамга — баланд суянчиқли эски оромкурсига жойлашиб ўтиришингиз мумкин.
Асосан мен гапираман, сиз эса эшитасиз, хўпми?
Генри Дэвид Торонинг «Уолден» романидаги насиҳати эсингиздами? У, агар биз ҳавода қасрлар қурар — яъни хом-хаёл қилар эканмиз, ишимиз беҳуда эмас — демак, уларнинг жойи ўша ерда, деган эди. Кейин у бизга ҳар қандай қурилишни пойдевордан бошлашни таклиф қилди.
Мен бўлсам сиз фақат қаср қуришда эмас, уларга мустаҳкам пойдевор ўрнатишда ҳам фойдаланишингиз мумкин бўлган кучли воситалар ҳақида ҳикоя қилмоқчиман. Бундан сиз ўз орзуларингизни қандай рўёбга чиқаришни ўрганиб оласиз. Аммо… сиз ҳикоямни очиқ кўнгил ва диққат билан тинглаб, кейин ҳаракат қилишингиз лозим. Чунки амалга оширилмас экан, барча хайрли ниятлар, улкан режалар ва уларга эришиш «сирлари» ҳеч қандай қимматга эга бўлмайди. Инсон ўзининг кимлигини ниятлари билан эмас, ишлари билан исботлаши керак.
Бир неча йил олдин, китобларимдан бирининг реклама кампанияси муносабати билан мамлакат бўйлаб кезар эканман, Хьюстонда ўтказилган телевизион шоуда қатнашишимга тўғри келди. Мен саҳнадан ўрин олганимдан кейин, залда томошабинларнинг қарсаклари тиниши билан ток-шоу бошловчиси Стив Эдвардс қўлига сўнгги китобимни олиб:
— Айтинг-чи, Ог, янги китобингиз мен учун нима қилиб бера олади? — деб сўради.
Бу жуда ўринли савол эди. Аммо, шунга қарамай, унинг оҳангидаги дангаллик мени довдиратиб қўйди. Олдинги чиқишларимдан бирортасида ҳам менга бундай саволни беришмаган эди. Фикримни бир жойга тўплашга уриниб бир-икки сония тараддудландим ва ниҳоят:
— Кўп нарса қилиб беролмаса керак, Стив. Ахир, бу бор-йўғи қоғоз, елим ва босмахона бўёғининг тажассуми, холос. Агар сиз китобни бугун уйингизга олиб бориб, кечқурун бошидан охиригача ўқиб чиқсангиз ва эрталаб турмушингиз ажиб бир тарзда яхши томонга ўзгаришини кутиб уйғонсангиз, вақтингиз ва пулингизни беҳуда совурмаган бўласиз, — деб жавоб бердим.
Стив жилмайди ва худди бундан кейин нима бўлишини биладигандек алфозда ястаниб ўтирди. Мен унга ва томошабинларга ўқитиб-ўргатиш, асослаш ёки илҳом бериш учун ёзилган ҳар қандай яхши китобдан тўла даражада фойда олиш учун зарур бўлган учта шартни тушунтира бошладим.
Биринчидан, сиз ўз турмушингизда маълум даражада яхшилашни талаб қилувчи бир ёки бир нечта жабҳа — масалан, иш соҳаси, никоҳ, ҳаётий мақсадлар, моддий ҳолат, ўз-ўзини баҳолаш, болалар билан муносабатлар мавжудлигини тан олишингиз лозим. Бу қийин эмас. Биз илоҳий мукаммалликка эга эмасмиз. Гарчи биз бошқа одамларни алдай олсак-да, ҳақиқатни ўзимиздан яширишга қодир эмасмиз. Ўз камчилигимизни биз жуда яхши биламиз.
Энди, ўз турмушингизнинг турли жабҳаларига фикран нисбат бериб, ўқиётган китобингиздан — муаллифи Пилми, Мальцми, Хиллми, Стоунми… ёки Мандиноми, қатъи назар — имкон қадар кўпроқ фойда олиш учун зарур бўлган ақлнинг очиқ ва идрок этишга қодир ҳолатини ҳосил қилишингиз лозим. Бунга қандай эришиш мумкин? Муаллиф кўп йиллик тадқиқотлари, шахсий тажрибаси ва кузатувлари натижасида тўплаган қимматли маълумотларни сиз билан ўртоқлашишга қодир бўлиши мумкинлиги билан келишинг. Маслаҳатчингиз фойдасига бир неча миллион мамнун китобхонлар фикр билдириб турган вақтда табиийки, сизнинг эътирозли фикрингиз унинг обрўсига заррача путур етказмайди.
Яна битта шарт. Ҳаётингиз саҳифалари тобора тез варақланиб бораётганига қарамай, сиз бахт, омад, фаровонлик ва руҳий хотиржамлик излаган йўл ҳанузгача ҳеч нимага олиб келмаганини тишингизни ғижирлатиб бўлса ҳам тан олинг. Агар сиз турмушингизнинг бу қисқача таърифига рози бўлсангиз, моҳият- эътибори билан яхши турмушга йўл очиши мумкин бўлган айрим қоида ва таклифларга ўзим ва суйган одамларим учун амал қиладиган бўлсам, нима йўқотаман, деб ўзингизга ўзингиз савол беринг.
Менга маълум мажбуриятлар керак бўлади. Мен сиз билан ўртоқлашмоқчи бўлган тамойиллар устида чиндан ҳам ишлайман, деб менга чин дилдан ваъда беришингиз лозим. Хўжакўрсинчиликсиз… ва ясама ғурурсиз. Ҳеч ким муваффақиятга ёлғиз бир ўзи эриша олмайди. Буюк ишларни амалга ошириш ёки шахсий фожиадан ўнгланиш учун ҳаммага ёрдам керак бўлади. Бирон-бир инсон орол янглиғ яшай олмайди. Ўз муваффақиятларига ўзи замин яратган бирорта эркак ё аёл йўқ, шунинг учун ҳам сизга ёрдам беришимга ижозат этинг.
Балки сиз жуда ёшдирсиз, Лилиан Рот исмли ажойиб актрисани эслай олмассиз. Кўп йиллар муқаддам унинг шуҳрати ичкилик бот-қоғига ғарқ бўлган эди. Бироқ, орадан йиллар ўтиб Лилиан Ротнинг фожиали қисмати ва ичкиликка қарши мардонавор кураши «Эртага мен йиғлайман» деган яхши бир китобда, сўнг эса шу номли фильм-да батафсил ҳикоя қилинди. Ўзининг кейинги кўпгина интервьюларида ҳам у муаммони ёлғиз ҳал қилишга узоқ вақт беҳуда урингани, ниҳоят, кунлардан бир куни ўзига: «Менга ёрдам керак», деб айтганидан кейингина бунга йўл очилганини қайта-қайта тан олди.
Ёрдам ҳаммамизга ҳам керак. Бу муносабат билан мен узоқ йиллар муқаддам дўстим ва устозим, Чикагодаги «Шолом» черковининг раввини Луис Бинсток гапириб берган ака-ука Альберт ва Альбрехт Дюрерларнинг бир қадар ривоятнамо, аммо ўта таъсирли саргузаштини кўпинча эсга оламан.
Ўн бешинчи асрнинг ўрталарида Нюрнберг яқинидаги кичкинагина қишлоқчада бир оила яшаган экан. Оилада ўн саккиз фарзанд бўлган экан. Ўн саккиз фарзанд! Бундай катта оилани боқиш учун касби заргар бўлган оила бошлиғи — ота кунига ўн саккиз соатлаб ишлар ва ҳар қандай пуллик ишларни олар экан. Оила оғир турмуш кечиришига қарамай, болалардан иккитасининг орзуси бор экан. Иккала бола ҳам рассом бўлишни орзу қилар, аммо оталари ҳеч бўлмаса битта ўғилни Нюрнбергга, Академияга ўқишга юбориш учун ҳеч қачон пул тўплай олмаслигини яхши тушунар экан. Тунлардан бирида ака-ука тўшакда узоқ баҳслашиб, ниҳоят бир тўхтамга келишибди. Улар қуръа ташлашга қарор қилишибди. Ютқизган қишлоқ яқинидаги конда ишлаб, инисининг Академияда ўқишига ёрдам беради. Ғолиб ўқишни тамомлаганидан кейин тўрт йил мобайнида ё чизган суратларини сотиб, ёки керак бўлса, конда ишлаб, нариги инисига ёрдам бериши керак бўлади.
Улар якшанба куни эрталаб, черков маросимидан кейин танга отиб қуръа ташлашибди. Альбрехт Дюрер ютиб чиқибди ва Нюрнбергга ўқишга жўнабди. Альберт эса конда тер тўкиб, тўрт йил мобайнида акасини моддий жиҳатдан таъминлаб турибди. Альбрехт ўз истеъдоди билан Академияда шуҳрат қозонибди, гравюралари, ёғоч ўймакорлиги ва рангтасвирда ишлаган асарлари билан кўпгина устозларидан ҳам ўзибди. Академияни тамомлаганидан кейин Альбрехт чизган суратларини каттагина пулга сотадиган бўлибди.
Ёш мусаввир ўз қишлоғига қайтганидан кейин Дюрерлар оиласи Альбрехтнинг қайтиши шарафига ўтлоқда катта зиёфат берибди. Мусиқа ва ўйин-кулги билан ўтган тантанали зиёфатнинг охирида Альбрехт ўзининг тўрдаги ўрнидан турибди ва орзусига эришиши йўлида қурбон келтирган суюкли укасининг шарафига қадаҳ сўзи айтибди. Сўзининг охирида у:
— Альберт, укажон, энди навбат сенга. Нюрнбергга ўқиш-
га энди сен борасан, мен бўлсам сен ҳақингда қайғураман, — дебди.
Ҳамма дастурхоннинг нариги адоғига — Альберт ўтирган томонга бош бурибди. Альбертнинг заъфарон юзини кўзёши ювиб тушаётганини кўришибди. У бошини солинтирганча пиқиллаб, тинимсиз бир сўзни такрорлар эмиш:
— Йўқ… йўқ… йўқ…
Ниҳоят, Альберт ўрнидан туриб, кўзёшини артибди. Узун қилиб ёзилган дастурхон ва унинг атрофидаги азиз чеҳраларга назар солибди ва қўлини олдинга чўзиб, синиқ овозда:
— Йўқ, ака, мен энди Нюрнбергга ўқишга бора олмайман. Мана… мана, қўлларим тўрт йил ичида не аҳволга тушганини бир кўринг! Ҳар бир бармоғим бир нечта жойидан синиб мажақланган. Артритдан шу қадар азоб чекаманки, ўнг қўлимга мўйқалам олиш у ёқда турсин, сўзингизга жавоб бериш учун қадаҳ ҳам ушлай олмайман. Йўқ, ака, ўқиш… мен учун энди кеч, — дебди.
Шундан бери орадан тўрт юз эллик йилдан кўпроқ вақг ўтди. Бугунги кунда Альбрехт Дюрернинг юзлаб дурдона асарлари — мойбўёқда, қаламда, акварел ва пистакўмирда чизган расмлари, ёғоч ва мисни ўйиб ишлаган асарлари дунёдаги барча буюк музейлардан ўрин олган. Аммо сиз, кўпчилик сингари, Альбрехт Дюрернинг фақат бир иши билан таниш бўлсангиз керак. Ким билсин, балки унинг репродукцияси сизнинг уйингиз ёки иш хонангизда осиғлиқ ҳам турар.
Альбрехт Дюрер укаси Альберт келтирган буюк қурбонликни шарафлаб, унинг осмонга кўтарилган ногирон қўллари расмини чизди. Бу ажойиб асарни у оддийгина қилиб «қўллар» деб номлади. Аммо дунё аҳлини лол қолдирган бу муҳаббат туҳфасини одамлар қайта номлашди ва у «Илтижо» номи билан бугунги кунгача етиб келди.
Бу ғоят таъсирли асарнинг нусхасини келгуси сафар кўздан кечираётганингизда, унга диққат билан қаранг. Расм ҳеч ким— ҳа, ҳеч ким — муваффақиятга бир ўзи ёлғиз эриша олмаслигини сизга эслатсин (агар эслатишга муҳтож бўлсангиз).
Табиийки, сиз ҳам ҳеч қачон ҳамма ишни ёлғиз қилишга уринманг. Эътиқодингиз кучли ёки заиф эканлигидан қатъи назар, бошингизга оғир кун тушганида қўлларингизни бошингиз узра кўтариб, кўкка караб: «Менга ёрдам керак», деб айтсангиз бас. Мен ўз ҳаётим давомида минг марталаб шундай қилганман. «Натижа-чи», дерсиз? Ёрдам сўралган чоғда, унинг нечоғли яқинлигини кўриб, ҳайрон бўлсангиз керак.
Ҳозирча суҳбат сиз билан мен ўртамизда кетаётир. Ишонинг, сиз ҳар доим ёрдам топа оласиз, аммо мулоқотимиз, афсуски, узоқ давом эта олмайди… шу боис, келинг, фойдали ишга кўл урайлик ва турмушингизни яхши томонга ўзгартиришга уриниб кўрайлик.

III

Қаршимдаги эски оромкурсидан жой олишингиздан аввал, мен асосий вақтимни ўтказувчи хона бўйлаб бирров сайр қилиб чиқсак. Каминанинг жамиятида ўзингизни енгил ва хотиржам ҳис қилишингизни истаганим учун, ўтмишимни ўзида жамлаган кўплаб китоб, фотосурат ва эсдалик совғалар билан тўлиб-тошган мўъжазгина хона бўйлаб сайр қилиб, бу ҳолатга киришингиз осон бўлади, деб ўйлайман. Бу буюмлар билан танишиб, уларнинг баъзиларини эса ушлаб кўриб, менга эски ва содиқ дўстингиздек қарай бошлайсиз, деб умид қиламан. Шунда менинг ғояларимни тушунишингиз ва қабул қилишингиз осон бўлади.
Оёқларингиз тагига диққат билан қаранг. Мана бу бир тахлам янги китобларни келгуси бир неча ой ичида ўқиб чиқиш ниятидаман. Уларнинг ёнида, гиламчада эса дўстларим ва нотаниш кишилардан олинган бир нечта қўлёзма турибди. Улар менинг тақризимни кутишяпти. Мен уларнинг илтимосини сира рад эта олмайман, агар бир киришиб кетсам, бутун кунни қўлёзма ўқиш ва уларни мақтаб тақризлар ёзиш билан ўтказишим мумкин.
Қўлёзмалар уюми устидаги узун-узун варақлардан иборат тахламни кўряпсизми? Бу эски дўстим — миллий футбол лигаси ҳаками Жим Таннейнинг «Холис фикр» деб номланган янги китобининг корректураси. Бу китоб ҳақида унинг ноширларига мен куни кеча тақриз ёзиб юбордим.
Бу хонага ҳатто энг яқин дўстларим ҳам камдан-кам қўйилади. Ҳа, сиз учун мен истисно қиламан. Бир неча йил муқаддам, уйимда ўтказилган меҳмондорчиликдан сўнг, Жим худди сиз ҳозир турган жойдан иш столим ва ёзув машинкамга ғалати тикилиб турганини эслайман.
— Нима гап, Жим? — деб сўрадим мен ҳайрон бўлиб.
Суперкубок учун ўтказилган бир эмас, уч ўйинга ҳакамлик қилган ва зиммасига улкан масъулият юкини олган инсон бош чайқади ва синиқ табассум қилди.
— Ҳаммаси жойида, Ог, — деб пичирлади у базўр. — Сен ўз китоб-ларингда ҳикоя қилган буюк кишилар илк дафьа жонланган бу ажойиб хона менга мислсиз куч-қувват бераётгандек туюляпти. Қачондир… қачондир мен ҳам ўз китобимни ёзаман!
Жим ўз орзусидан воз кечмади. Орадан маълум вақт ўтди ва у айтган «қачондир» келди: қаршимда корректураси. Бу янги китоб бест-селлер бўлиши шубҳасиз.
Кўриб турганингиздек, уйимизнинг жануби-ғарбий бурчида жойлашган иш хонамнинг деворлари, деразалардаги пардалар, полга тўшалган гилам ва мебелга қопланган жилдлар жигарранг, қўнғиртоб ва қорамтир рангларда. Рафиқам Бетти уйимиздаги жиҳозлар учун маъқул рангни танлаётиб, бу хонанинг деворлари қандай рангда бўлиши аҳамиятсиз, биламанки, барибир ҳамма бўш жойларни ҳар турли майда-чуйдалар билан тўлдириб ташлайсан, деган эди. Тайинки, у ҳақ бўлиб чиқди.
Ошхона ва қазноқ яқинида жойлашган иш хонамнинг катталиги 12 х 19 фут. Хона менга ҳаддан ташқари тор бўлиб туюлганида, севимли ёзувчим Генри Торонинг Уолден кўли бўйидаги бутун уйи 10 х 15 фут бўлгани ва у ҳеч қачон бўш жойнинг йўклигидан шикоят қилмаганини ўзимга эслатаман.
Эшикнинг чап томонидаги деворни камина ҳаммага «кўз-кўз» қилиб кўрсатаман. Хонамга ҳатто фаррош хотин ҳам (унинг ўз илтимосига биноан) кирмаслиги туфайли, мен сиз ҳозир кўриб турган бир қадар серҳашам кўргазмадан асло уялмайман. Очиғини айтсам, мен ундаги ҳар бир буюм билан фахрланаман. Мана, камина адабий ютуқларим учун 1983 йилда тақдирланган Наполеон Хилл номидаги олтин медаль, унинг ёнида эса — бир йилдан кейин Нотиқлар шон-шуҳрат саройига ўн учинчи бўлиб қўйилишим муносабати билан тақдим этилган чиройли эсдалик ёрлиғи. Пастроқда — қирқтача оилавий фотосуратлардан ясалган, биргаликдаги турмушимизнинг ажойиб мозаикасини ҳосил қилувчи каттагина коллаж. У «Чексиз муваффақият» журналини бошқарган йилларим менинг Чикагодаги идорамда осиғлиқ турган.
Улардан сал нарида осиғлиқ турган Жимми Стюарт, Норман Винсент Пил, Майкл Жексон, Жой Бишоп, Фрэнк Клиффорд, Руди Уэлли, Арт Линклеттер, Чак Перси, Роберт Каммингс, полковник Гарленд Сандерс, Эд Салливан, Клемент Стоун ва Наполеон Хилл-нинг дастхатлари қўйилган суратлардаги сиймоларни таниган чиқарсиз. Ажойиб эсдалик, шундай эмасми?
Мана, 1919 йилги «Сатердей Ивнинг пост» муқоваси. Унда чавгонлари жойланган қопчиғини елкасига осганча, офисдан яширинча чиқиб келаётган гольф ўйинчиси тасвирланган. Уни катта ўғлим Дэн менга совға қилган. Унинг тагида — менинг «Америкада ким аслида ким» ва «Ким аслида ким» билдиргичларидаги иштирокимни, Ажойиб Кишилар Ташкилотига ва «Америка мероси» тадқиқот уюшмасининг Инсон Ресурслари кутубхонасига аъзолигимни, Нотиқлар миллий уюшмасининг олий мукофоти — «Баркамоллик» мукофоти билан тақдирланганимни тасдиқловчи гувоҳномалар жойланган рамкалар.
Аммо сиз деворда кўраётган мукофотлар ичида энг муҳими ва бебаҳоси кичик ўғлим Мэтт ўн беш йил муқаддам, иккинчи синфда ўқиётган пайти хат билан тақдим этган расм ҳисобланади. Сарғимтир қалин қоғозга йирик босма ҳарфлар билан ёзилган «ДАДАЖОНИМГА» деган ёзувнинг тагида бошига бейсбол қалпоғи, қўлига каттакон қўлқоп кийган, оёғи тагида бейсбол чиллаги турган одам акс эттирилган. У баланд шоҳсупада турибди. Шоҳсупада эса: «Жаноб Мандинога ўғлидан Энг Яхши Дада мукофоти», деган сўзларни ўқиш мумкин. Расмнинг чап ёнида осиғлиқ турган хатда эса шу сўзлар ёзилган:

Мэтт Мандинодан дунёдаги энг яхши дадага

У бу мукофотга акам мен билан ўйнашни истамаганида, мен билан қувлашмачоқ ўйнагани учун лойиқ топилди. У элликка тўлганига қарамай, жуда яхши спортчи. Бир гал у мен билан ўтлоқда бейсбол ўйнаш учун 6 фут келадиган девордан ошиб ўтган. Кейин у менга томдан бейсбол тўпини ҳам олиб тушиб берган. Бир гал мен варрак учирмоқчи бўлиб, уддалай олмаганимда, дадам ишдан келиб варракни шу қадар баланд учирдики, у телефон симларига илиниб қолди. Сиз нима деб ўйлайсиз билмадим-у, лекин мен дадамни дунёда ҳаммадан яхши деб ҳисоблайман.
Мэтт.

Хат билан расм ўртасида Мэттнинг ўқитувчиси тақдим этган «Аъло давомати учун мукофот» деб ёзилган тасма осиғлиқ. Мэтт уни уйга олиб келиб менга кўрсатганида, дунёда мендан мағрурроқ ота йўқ эди. Мен уни маҳкам бағримга босдим, кўзимда ҳатто севинч ёшлари ҳам пайдо бўлди. Буни кўриб у ҳайратга тушди.
Бу пастаккина китоб жавонида, расм ва мукофотлар тагидаги фотосурат, слайд ва альбомлар жойланган қутиларда ўттиз йилдан ортиқ давр жамланган. Полда яна бир тахлам ётибди: булар — камина юқорида тилга олиб ўтилган уюшма ва жамиятлардан олган фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар. Кўриб турганингиздек, уларга деворда жой қолмаган, аммо мен нимагадир уларни бу ердан олиб қўйишга ўзимни мажбурлай олмайман.
Уч қаватдан иборат кейинги жавон Исо Масиҳ ҳаётига оид китоб-лар билан тўла. Бу — камина «Масиҳнинг ваколати» китобим учун тадқиқот ўтказган ўн йил ичида ўқиган жами китобларнинг озгина қисми, холос. «Масиҳнинг ваколати» — менинг энг қийин ёзилган китобим. Бу китоб ҳақида: «Насронийликнинг моҳиятига янгича ва ўзига хос тарзда ёндашилган сўнгги даврдаги энг яхши китоблардан бири», деган мақтов сўзларини айтгани учун «Юнайтед Пресс Интернешнл»дан тоабад миннатдорман.
Бурчакдаги бу иккита китоб жавонида, бошқа нарсалар билан бирга, бир пайтлар китобларимнинг қўлёзмалари ҳам сақланган, аммо кейинчалик бориб ақлим кирди ва ҳозир уларни сейфда сақлайман. Жанубий деворнинг дераза токчасига тиралган узун пастак столда айни дамда гаражга олиб тушиб ташлашимни кутиб газета ва журналлардан қирқиб олинган мен ҳақимдаги мақолалар жойланган картон қути турибди. Мен баъзан ёқиб томоша қилишни ёқтирадиган чироқли глобус, дўстларим мўйқаламига мансуб табиат манзараси ифодаланган иккита расм, Уолтер Кронкайт қайта ишлаган «Олтмишинчи йиллар — уларни ҳозир ҳам тинглашим мумкин» номли очилмаган узоқ айланувчи альбом, Метт билан иккимиз голф майдонида тушган бир нечта сурат, укам Сильвионинг «Менинг энг яхши катга зобитим Огга» деган дастхати қўйилган ҳарбий кийимдаги рангли сурати, катта Библия ва ҳамкасбларим тақриз учун юборган бир неч-та кассета ҳам шу ерда.
Худди шу деворда дераза яқинида мен 1943 йилги Германия кампанияси бошланишидан олдин ўзимнинг ўттиздан ортиқ жанговар учишни амалга оширган Б-24 бомбардимончи самолётим командаси билан бирга тушган сурат осиғлиқ. Унинг ёнида — менга катта лейтенант унвони берилгани ҳақида шаҳодатнома; Дюрернинг «Илтижо» асари репродукцияси; Гвадалахара маъмурияти ва савдо жамияти Ог Мандино номига ёзиб тақдим этган сиртини озроқ гард қоплаган каттакон кумуш қуйма; биринчи қаҳрамоним Чарлз Линдберг ўзининг «Сент-Луис руҳи» самолёти олдида тушган, унинг дастхати қўйилган фотосурат; «Дунёдаги энг буюк савдогар» китобимда ишлатган «Савдогар дуоси» қадимги пергаменти солинган рамка.
Ҳозирча компьютерим йўқ. Ўн учта китобимнинг ҳаммасини стол яқинидаги йиғма токчада турган 1965 йилги IВМ ёзув машинкасида ёзганман. Тўғри, «Буюк савдогар» нинг биринчи қўлёзмаси ишлатилган «Селектрик»ка пул тўплагунимизга қадар жажжи «Оливетти» машинкасида ёзилган.
Иш столимда Ралф Пеллет Колман мўйқаламига мансуб «Исо» асарининг рамкага солинмаган нусхаси турибди. Уни менга ўн беш йил муқаддам Скотсдейлдаги хотира госпиталининг руҳонийси сов-ға қилган. Эътибор беринг-а, расмда Исо қовуштирилган қўлларини столга қўйиб ўтирибди, худди У — мажлис қатнашчиларини тартибга чақираётган раисдек. Мен кўпинча тунда, кечқурун соат ўндан эрталабга қадар ижод қиламан. Кўп йиддирки, ишни тугатгач, ҳамиша чироқни ўчиришдан аввал Исонинг чеҳрасига юз тираб: «Хайрли тун, Устоз», деб пичирлайман.
Иш столим тиралган деворга Мэтт билан Дэннинг ўсмирлик давридаги сурати, Дэн ўзининг гўзал хотини ва бир-биридан ширин болалари — менинг жону дилим — Даниэлла ва Райан билан тушган сурат, каттакон рангли бир песолик Мексика қоғоз пули (ҳозир у 12500 доллар туради), Мэтт бизга Аризона штати дорилфунунида ўқиган даврда ёзиб юборган мактуб ва мен бир куни эрталаб, янги китоб устида самарасиз ўтказилган бир неча кундан сўнг, ўзимнинг ёзув машинкам устидан топган Беттининг хати скотч билан ёпиштириб қўйилган. Сиз бу хатни бемалол ўқиб чиқишингиз мумкин, Бетти бунга қарши эмас.

18.01.80
Салом!
Мен сени яхши кўраман!
Тушкунликка берилма. Кечаги кун У сендан бошқа нарсани кутаётганига бир ишора, холос.
Ўзингни қўлга ол, фикрингни жамлашга урин. У қўлингга аниқ йўналиш кўрсатилган харитани тутқазади. Сен Унинг ягона муаммоси эмассан.
Эътиқод қил… ва У тез орада сенга қайтади. У бизга аввал ҳеч қачон панд бермаган, бу сафар ҳам панд бермайди.
Бугун сен учун омадли кун бўлишини тилайман.
 Сенинг Беттинг.

Бундай таянчинг бўлса, муваффақиятсизликка учрашинг қийин, шундай эмасми?
Биламан, столимнинг чап бурчагидаги устига «келган хатлар» деб ёзилган қути ҳозир ҳам ранг-баранг номаларга лиқ тўла. Худонинг берган куни шу. Камина ҳар ҳафта китобхонлардан ўрта ҳисобда юздан ортиқ мактуб оламан. Уларнинг ҳар бирига, ҳатто тўрт қатор миннатдорчилик сўзларидан иборат хатларга ҳам жавобни ўзим ёзаман. Модомики, киши хат ёзиб юборган экан, у расмий бланкада ва муаллифнинг котибидан эмас, унинг ўзидан жавоб олишга лойиқ. Мен хатларни ўқиб жуда маза қиламан. Тўғри, баъзан ажойиб инсонлар китобларимдан бири ҳаётларига кириб, уни яхши томонга ўзгартиришга ёрдам бергунига қадар нечоғли тубан кетганларини ўқиб ларзага тушаман. Мен бу бебаҳо хатларнинг ҳар бирини кўз қорачиғимдай асраб келаман. Улар гараждаги картон қутиларга тахлаб қўйилган. Нақ эскифурушнинг ўзиман, шундай эмасми?
Шунингдек, столда яқинда Нью-Йорк, Сиэтл, Бостон, Мехико, Торонто ва Далласда сўзлашим лозим бўлган бир қанча маърузалар учун зарур маълумотлар жамланган архив папкалари турибди. Мен бир ойда иккита маъруза ўқиш билан кифояланиб, ҳар икки йилда ноширларимга бир янги китоб тақдим этишга ҳаракат қиламан. Қолган вақтни эса мен том маънода атиргул ҳидлаб ўтказаман… улар орқа ҳовлида, ҳали кўрсатаман. Бу гуллар у ерда сон-саноқсиз.
Столда яна падари бузрукворим ва волидамнинг никоҳ сурати, Бетти ясаган, кўкрагига «Жўжалар» деб ёзилган (Мэтт ўйнаган Кичик лиганинг етакчи жамоаси шундай аталарди) бейсбол формаси кийган болакай тасвирланган баландлиги бир футча келадиган сопол ҳайкалча, бу йилнинг аксар қисми ва келгуси йилнинг бошида ўтказиш мўлжалланган учрашув ва ўқилажак маърузалар ҳақида белгилар қўйилган тақвим, чизиқли қоғозли бир нечта блокнот, «БУНИ БУГУН БАЖАР!» деган рўйхат, сон-саноқсиз билдиргич варақчалар, ўзи жавоб қайтарадиган «Кобра» телефони, Дэннинг ёшлар фугбол жамоасига мураббийлик қилган даврдаги сурати, Мэтт ўз жамоаси билан 1987 йилги Кичик лига биринчилиги олдидан тушган сурат турибди.
Ёзув машинкаси ёнига кичкина магнитофон ва бир тахлам оқ қоғоз қўйилган. Битта китобни ёзиш учун мен тўрт мингдан ортиқ варақнинг бошига етаман, ахлат челакни кўп марталаб тўлдираман. Қўл етадиган жойда «Вебстернинг янги коллегиал луғати» ва «Роженинг идеографик луғати» турибди. Мен ғарбий деворга орқа ўгириб ўтириб ёзаман. Бу томондаги ягона дераза тагига яна бир китоб жавони қўйилган, унда мен кўп фойдаланадиган билдиргич китоблар туради. Бу ерда Чикаго дорилфунунининг «Услуб бўйича қўлланма» сини, Адлер ва Ван Дореннинг «Ғарб тафаккурининг буюк дурдоналари» ни, «Янги фикрлар луғати» ни, Уайтнинг «Услуб унсурлари» ни ва «Тарих кундаликлари» китобини кўриш мумкин. Полда бир қанча телефон билдиргичлари ва менинг иккита жомадоним ётибди. Уларнинг кўпчилиги мен билан фақат янги китоб устида ишлаётган пайтим саёҳат қилади.
Чап томонимдаги бурчакда турган эски стулни кўп йилдирки севимли бассет-хаундим Слипперс эгаллаб келади. Унга мен «Дунёдаги энг буюк савдогар, II қисм. Воқеанинг якуни» китобимни бағишлаганман. У бизни қарийб икки йил муқаддам тарк этганига қарамай, уни жуда қўмсайман. Ҳа, унинг руҳи аввалгидек, стул ўриндиғида ўтиргандек туюлади.
Беш қатор қилиб тахланган китоблар сўнгги, шимолий деворни тўлиқ қоплаган. Бу ерда диндан тортиб психологиягача, инвестициялардан тортиб, руҳий саломатликкача бўлган ранг-баранг мавзудаги китоблар жамланган. Узун китоб жавонининг усти йиллар давомида мен учун қадрли бўлган буюмлар «омбори» га айланган. Мен уларнинг баъзиларини санаб ўтаман. Мана, мен 1965 йилда муҳаррирлик қилган «Чексиз муваффақият» журналининг биринчи сони. Унинг ёнида — бир маҳбус менга совға қилган кичкинагина расм, унда «Дунёдаги энг буюк мўьжиза» китобимнинг қаҳрамони — эскифуруш Саймон Поттер акс эттирилган. Мана, Дэн болалик пайтида кийган бир жуфт жажжи ковуш, унинг ёнида эса — Мэтт тўрт ёшлигида таққан кичкина чарм камар. Мана бу суратда мен Алабама штатининг Фэйрхоуп шаҳридаги ўқувчиларимга дастхат ёзиб беряпман. Унинг ёнида — каминанинг эски паспорти; АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари бомбардимончи самолётининг эски парраклари; Мэттнинг тушган биринчи тиши (тиш париси уни чорак долларлик тангага алиштириб олган); мен маъруза билан қатнашган сон-саноқсиз конференциялардан олиб келган номим кўрсатилган нишон ва таклифномалар; ўсмирлар лигаси бейсболининг қирқиб олинган дастаги; камина бир неча йил аввал маъруза қилган Гватемала-Ситидаги ажойиб боғнинг рангли сурати; мухлисам — ёшгина хоним юборган жуда таъсирли нома (кейинчалик у оққон касаллигидан вафот этди); Клемент Сотуннинг саксон ёшлик юбилейига таклифнома; камина Манилага китобхонлар билан учрашувга келганимда чиройли ёш ҳамшира Мария Бернардо мени қучиб тушган сурат; бир нечта мўъжаз Инжиллар; «Дунёдаги энг буюк мўъжиза» китобимдан таъсирланган китобхонлардан келишда давом этаётган пластик ёронгуллар; Мичигандан олиб келинган «МУВАФФАҚИЯТ» деб ёзилган рақамли нишона; ўғилларимдан олинган табрикномалар; Айова штатининг Кларинд шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган Гленн Миллер1 номидаги ўнинчи фестиваль шарафига чиқарилган нишон; Огайо штатидаги Лима шаҳри мэрининг 1981 йил 27 июлни Ог Мандино куни деб эълон қилиш тўғрисидаги фармойиши; эски стереоскоп; менинг дастлабки ўн бир китобим ёзилган IВМ ёзув машинкасининг иккита тасмали эски ғалтаги; Муқаддас Ердан юборилган гербарийли альбом; янги оилавий фотосуратлар. Жавон устидаги бутун деворни шифтгача номим кўрсатилган нишон, мукофот ва фахрий ёрлиқлар эгаллаган. Улар орасида ҳаётни суғурта қилишни кафолатловчи (э Худо, ўзинг қўлла!) 1954 йилги миллий сифат мукофоти ҳам бор.
Қаршингиздаги мўъжазгина столда китоблар уюми; камина сўнгги йилларда тасвирга туширган ва эндиликда видео шаклига солиш учун секин-аста таҳрир қилаётган видеокассета ва плёнкали ғалтакларни кўришингиз мумкин. Асосий муаммом шуки, мен эски ғалтаклардаги ортиқча плёнкаларни ташлаб юборишга ўзимни мажбурлай олмайман, чунки уларда ташлашга кўз қиймайдиган қадрли хотиралар жамланган. Натижада, биз каттагина оилавий видеотекамизга эгамиз. Бу ғалтаклар столнинг ранг-баранг квадратли шахмат тахтаси кўринишидаги сиртига тахлаб қўйилган. Бу столни Мэтт мактабни тамомлаганидан кейин ўзи ясаган, шунинг учун ҳам у янада обрўлироқ жойга қўйилишга лойиқ.
Чап томонингизда, эшик ёнида яна бир нечта эсдалик нишонлар ва камина 1976 йили эллик икки ёшимда «енгилроқ ҳаёт кечириш» учун нафақага чиқиш ниятимни билдирган «Чексиз муваффақият» журналига ёзилган хайрлашув мақоласининг рамкага солинган нусхаси осиғлиқ турибди. Ахир, бу кулгили эмасми? Ўшандан бери мен ўн тўрт мамлакатда тўрт юздан ортиқ маъруза ўқидим ва саккизта китоб ёздим.
Шундоққина эшик олдида осиғлиқ турган рамкага солинган суратни кўряпсизми? У деворда… ва менинг қалбимда алоҳида ўрин эгаллайди. Бир неча йил муқаддам менга бир мактуб келди. Унда ғам куйдирган бир шўрлик она ёшгина ўғли мия раки билан хасталангани, ўлимига саноқли ойлар қолгани, мен Бадди Кэй билан ёзган «У Акабар «Умидномаси» китобини ўқиб, онасидан унинг биттадан нусхасини ўн иккита энг яқин дўстига, «уни абадий ёдда тутишлари учун» сотиб олишни сўрагани ҳақида ёзарди. Хат: «Агар сизга китоб-ларни юборсам, уларга шўрлик Дугнинг дўстлари учун дастхат ёзиб беролмайсизми? Шунда у ўзини бахтли ҳис қилган бўларди», деган илтимос билан тугарди.
Мен хатга дарҳол жавоб ёзиб юбордим: фақат болаларнинг номларини билсам бас, қолгани менга тан. Шундай мард йигитча учун арзимас совға.
«Акабар «Умидномаси» китобида, агар уни ўқиган бўлсангиз, узун, қоронғи қиш ойларида ишлаб, каттакон варрак ясаган лапландиялик ногирон ўсмир ҳақида ҳикоя қилинади. Кейин у юлдузни тутиб олиб, қишлоғини ёритиш учун ерга яқинроқ тушириш мақсадида варракни осмонга учиради. У ниятига етади… Акабар исмли юлдуз ўсмир билан гаплашиб, баҳорда, уфқда қуёш яна пайдо бўлганидан сўнг осмонга, ўз маконига қайтгунга қадар унга кўп нарсаларни ўргатади.
Дуг — Тангри унинг руҳини пок этган бўлсин — қандайдир бир мўъжиза билан яна икки йил яшади. Бироқ кейин Дугнинг онасидан унинг ўлими ҳақида хабар олдим. Хат билан бирга ғариб қабр тоши туширилган сурат ҳам келди. Қабр тоши олдида… қора сим ўрамини кўряпсизми, унда эса — юлдузни қучаётган қизил варрак!
Мен жуда бахтли одамман. Ёзув машинкаси олдида ўтириб, Дуг сингари инсонлар билан мулоқотда бўлишнинг ўзи шундай бир мўъжизаки, бу ҳақда узоқ ўйлагудек бўлсам, шу ёшимда ҳам дилимни ваҳима чулғайди.
Ниҳоят, девордаги чироқ тугмаси тагида Беттининг эски совғаси осиғлиқ турибди. Матода акс эттирилган плакатдаги: «Худойим, менга сабр-тоқат бергин… шу заҳотиёқ!», деган шиор менга ҳозиргача ёқади.
Хўш, энди ўзингизни худди уйингиздагидек ҳис қилаётгандирсиз?
Яхши. Энди ўтириб туфлингизни ечинг-да, оромкурсига бемалол ястанинг. Ижозат берсангиз, сизга ёрдам қўлини чўзсам…

IV

Мен учун шу манзарани тасаввур қилишга уриниб кўринг.
Булутли, нам ва рутубатли тонг. Кливленднинг энг қашшоқ ва хавфли мавзеларидан бири. Ҳарорат нол атрофида, эрталаб қор тушиб, сўнг қор аралаш ёмғирга айланди. Қовоқҳона, дўкон ва қаҳвахоналар қатор чўзилиб кетган ифлос, ҳавоси бузуқ кўчаларда одам қораси кўринмайди. Рождество байрамига бор-йўғи тўрт ҳафта қолганига бу ерда заррача ишора йўқ.
Туйқус бир ҳаракатда ҳаёт нишонасини пайқагандек бўламиз. Озғин танасини намгарчилик ва совуқдан деярли асрамайдиган йиртиқ юпун кўйлак кийган бир дайди паноҳ илинжида ломбарднинг дарз кетган деразасига пешана тираб турибди. Унинг тўзғиган, кир сочлари елкасига тушган, кўзлари эрталаб ичилган арзон шаробдан қизариб кетган, қорни очликдан қулдирайди.
Соқолли юзини деразага тираб, у ломбарднинг ичини кўздан кечиряпти. Нимадир унинг эътиборини тортди. Тўппонча… «29 доллар» деб ёзилган сариқ қоғоз парчаси осилган кичкина тўппонча.
Дайди инграб, совқотган ўнг қўлини қасмоқ боғлаган шимининг чўнтагига суқади ва учта ғижим ўн долларлик чиқаради: бор пули — шу.
— Мана, ҳамма муаммоларимнинг ечими! — деб хитоб қилади у ҳирқироқ овозда. — Бу пулга мана шу тўппончани уч-тўртта ўқи билан сотиб оламан-да, ўзимнинг ўша исқирт бошпанамга олиб бораман. Сўнг тўппончани ўқлаб, чаккамга тирайман-да… тепкини босаман! Мана бу омадсиз нусхани ойнада кўриш бошқа ҳеч қачон, ҳа, ҳеч қачон насиб этмайди!
Бу одам чиндан ҳам омадсиз. Атиги бир неча йил ичида у ҳаётига мазмун бахш этган ҳамма нарсалардан: севимли хотини, ажойиб қизи, шинам уйи ва яхши ишидан жудо бўлган, ғурур, эътиқод ва ўз кучига ишонч ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Кўпчилик сингари, у ҳам ўйин қоидаларини ўрганмай туриб, ўз ҳаётини довга қўйган. Энди бунинг жазосини тортяпти. Бу рутубатли тонгда у ёмғир остида туриб, ўз ҳаётидан воз кечишга тайёр.
Ўзини келажакдан деярли маҳрум этган бундай ачинишга лойиқ кишилар бугунги кунда бисёр.
Афсуски, бундай сценарий бизнинг ажойиб мамлакатимизда ҳар куни юз марталаб такрорланади, одамлар бир пайтлар кўп нарса ваъда қилган эртанги кунга бўлган умиднинг қолган-қутганини ҳам йўқотадилар. Яна минглаб одамлар ўз жонларига қасд қилмасалар-да, барибир таслим бўладилар. Улар ўз келажакларига қўл силтаб, орзу-умидларини ўтмишга ғарқ қиладилар, яшашдан тўхтаб, шунчаки кун кечира бошлайдилар. Торонинг таъбири билан айтганда, «тушкунликка тўла осойишта ҳаёт» кечирадилар. Гарчи уларни одатда етмишдан ошганда дафн этсалар-да, элликка, қирққа, ўттизга ва ҳатто йигирма беш ёшга тўлмасдан ўликка айланадилар.
Хайриятки, Кливлендда ёмғирда дийдираган ўша омадсиз бечора тўппонча сотиб олмади. У кўп йиллар муқаддам, ўша рутубатли тонг-да ўз ҳаёти билан хайрлашмади.
Агар у шундай қилганида, мен ҳозир сиз билан ўз хотираларимни ўртоқлашаётган… ёки сизга орзуларингизни рўёбга чиқаришда ёрдам бераётган бўлмасдим.

V

Фожиалар, моддий беқарорликлар, севгидан, ишдан айрилиш, ажралиш, истиқболсизлик, маълумотнинг етишмаслиги, норасолик ҳисси, спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар — булар шафқатсиз қисматнинг сизни бир кун, бир ҳафта, бир ой ёки бир йилга яралашга қодир ўқларидан айримлари, холос.
Бироқ, сиз ўзингизни бир йилда қуёш нури, музқаймоқ, кулги ва мусиқага тўла уч юзу олтмиш беш кун ҳеч қачон бўлмагани ва бўлмаслигига ишонтира олсангиз, ҳар қандай бахтсизликни бартараф этиб, турмушингизни яхши томонга ўзгартиришга қодирсиз. Президент Кеннеди айтганидек, «Ҳаёт марҳаматсиз, у ҳеч қачон марҳаматли бўлмаган ва бўлмайди ҳам». Ҳатто инсоният тарихидаги энг омадли, донгдор ва буюк одамлар ҳам ўз ҳаётларида умидсизлик ва тушкунлик лаҳзаларини бошдан кечирган пайтлар бўлган.
Хўш, нега мен ўша тўппончани сотиб олиб, ўз жонимга қасд қилмадим? Балки менга қатъият етишмагандир. Ҳатто оддий суиқасд ҳам мардликни талаб қилади, мен эсам ўша пайт шу қадар тубанлик ва руҳий тушкунликда эдимки, ўзимни ҳатто азоб-уқубатларимга хотима ясашга ҳам мажбурлай олмадим.
Матбуот, радио ёки телевидениедаги ҳар қандай мусоҳабаларда менга бир хил саволлар беришлари табиий бўлса керак — ҳатто, орадан шунча йил ўтиб, мен буни кутаман ҳам. Қандай қилиб ўз турмушингизни бу қадар кескин ўзгартиришга муваффақ бўлгансиз? Қандай қилиб ўн йил ичида тубанликдан умуммиллий журналнинг раҳбари даражасига кўтарилишга эришгансиз? Сиз, ўрта маълумотли омадсиз бир одам, шунча бестселлер яратиш учун зарур тажриба ва билимни қаердан олгансиз? Сиз кашф этган муваффақият сирларининг (улар буни ҳануз «сир» деб аташади) қайсилари тушкунлик ва умидсизликка тушган одамларга яхши турмуш бошлашларига ёрдам бера олади?
Келинг, биргаликда ўтмишга қайтсак…
Онам оқ-сариқдан келган матонатли ирланд аёли, отам эса — италиялик меҳнаткаш муҳожир бўлиб, унинг боғбонлик маҳорати турғунлик йиллари оиламизни очликдан қутқарди. Қашшоқлигимизга қарамай, онам менинг келажакда ёзувчи бўлишимга қаттиқ ишонар, бунга мени ҳам ҳали мактабга бормасимдан анча олдин ишонтиришга эришган эди. «Унақа-бунақа ёзувчи эмас, буюк ёзувчи бўласан!», дерди у нуқул.
Ойимнинг бу ишончи менга ҳам ўтди. «Буюк ёзувчилик» қисматимдан тўлиқ рози эдим, шу боис, ойимни хурсанд қилиш учун, бошланғич синфлардаёқ, бошқалар имло қоидаларини ўрганган бир пайтда, мен қисқа ҳикоялар ёзиб, катталарга мўлжалланган китоб-ларни ўқий бошладим. Орзу қилишдан бир дақиқа бўлсин тўхтамадим. Массачусетс штатининг Натик шаҳридаги ўрта мактабни битираётганимда камина мактаб газетаси муҳаррири эдим. Ойим иккимиз бир неча ой давомида ҳар хил коллежларнинг каталогларини ўрганиб чиқиб, ниҳоят, Миссури дорилфунуни қошидаги журналистика мактаби менга кўпроқ тўғри келади, деган хулосага келдик ва режаларимизни амалга оширишга киришдик. Шаҳримиздага ягона кинотеатрда ўтказилган мактабни битириш маросимида ота-онам мен бу тантанага бағишлаб ёзган ва ўқиб берган «Миннатдорлик сўзи»ни кўзда ёш билан тингладилар.
1940 йилнинг июнь ойидаги бу тантанадан икки ой ўтиб, онам кичкинагина ошхонамизда менга овқат тайёрлаётган пайт туйқус юраги тўхтаб, кўз ўнгимда жон берди. Бу орзунинг ниҳояси эди. Коллежга ўқишга кириш ўрнига мен шошилинч равишда ҳарбий-ҳаво кучларига хизматга ёзилиб, бомбардимончилар курсини тамомладим ва 1944 – 1945 йилларда Жимми Стюартнинг эскадрильяси билан бирга ўттиз марта жанговар учишга чиқдим.
1945 йили урушдан қайтиб келдим ва ўрта маълумотли бомбардимончининг иш топиши осон эмаслигини кўп ўтмай тушуниб етдим. Бошда бу мени унча ташвишлантирмади, чунки камина ҳали америкаликлар овоз бериш ҳуқуқига эга бўладиган ёшга етмай туриб ҳарбий унвон ва бир нечта жанговар мукофотни қўлга киритган эдим. Албатта бирор нарса ўйлаб топишимга шубҳа қилмасдим.
Жанговар учишлар оралиғида Лондонда ўтказилган улфатчиликларга ойлик маошимнинг каттагина қисми сарфланганига қарамай, хизматдан бўшаб, Нью-Йоркка қайтиб келганимда ва ўзимга ишонч билан Таймс-сквер яқинидаги уйдан бир хонани ижарага олганимда, қўлимда тўққиз юз доллардан ортиқ пул қолган эди. Кейин мен ишлатилган жажжи «Смит-Корона» ёзув машинкаси ва ёзув анжомларини сотиб олдим. Онамнинг орзусини рўёбга чиқаришга ҳали кеч эмас эди. Мен барибир ёзувчи бўламан… буюк ёзувчи!
Аммо мени олдинда муваффақиятсизлик кутарди. Сувараклар ин қуриб ташлаган ошхонани ижодхонага айлантириб, кейинги олти ой ичида элликка яқин журналнинг таҳририятига бош урдим, аммо уларнинг бирортаси ҳам таклифларимга қизиқиш билдирмади. Мен уларга мақолалар, кичкина ҳикоялар, шеърлар, ҳатто қизиқарли кроссвордлар ташлаб келар, бироқ почтачи менга ноширлардан сира чек келтирмас эди. Ниҳоят, пулимни еб тугатганимдан кейин мен яна орзумдан воз кечдим ва Бостонга қайтиб келиб, ҳарбий-ҳаво кучларининг фахрий хизматчиларига қирқ икки ҳафта мобайнида ҳафтасига йигирма доллар тўлайдиган фахрийлар жамиятига ариза бердим. Ниҳоят, ўндан ортиқ оғир ва натижасиз музокаралардан сўнг мени йирик давлат идорасига суғурта агенти вазифасига синов муддати билан ишга олишди. «Синов» тўрт кун давом этди, холос. Кейин мени денгиз бўйидаги Уинтроп шаҳарчасига дебет агенти қилиб ишга жўнатишди. Бугунда эскирган бу касб эгаларининг вазифаси уйма-уй юриб, мижозлардан суғурта мукофотларини йиғишдан иборат эди. Орадан бир неча ой ўтиб мен уйландим. Хотиним билан иккита оилага мўлжалланган уйга кўчиб келдик. Мен билан яқин одамларим учун даҳшатли кечган умримнинг ўн йили шундай бошланди.
Кўп ўтмай мен тирикчилик ташвишидан ортмай қолдим. Суғурта полисини сотиш учун ҳар қандай пайт исталган ёққа боришга тайёр эдим. Аммо улар жуда суст сотиларди. Тангри менга ажойиб қиз берди ва унинг фаровонлиги учун чандон тиришиб ишлай бошладим. Лекин наф бўлмади. Менга қўшилиб хотиним ҳам ишлай бошлаганига қарамай, биз ой сайин қарз ботқоғига чуқурроқ ботиб борардик.
Бир куни кечқурун мен бой мижоз билан суғурта битими тузолмай, бунинг аламини босиш учун йўл-йўлакай қовоқхонага кирдим. Демак, Худо менга шуни раво кўрган… шундай эмасми? Кун оғир кечган, устига нақд битим бой берилган, бунинг эвазига менга тўланиши мумкин бўлган олтмиш доллар қўлдан чиққан эди. «Ишдан кейинги» бир стакан тез орада иккитага… тўрттага… олтитага ортди… Мулоҳазасизлигим ва енгилтаклигим туфайли мен бир неча ой ичида энг азиз одамларимнинг муҳаббатидан айрилдим, уларнинг ердаги ҳаётини чинакам дўзахга айлантирдим.
Оқибат, мен ўзимнинг бу аҳмоқлигимдан қаттиқ панд едим. Якшанба куни Нью-Гемпшир штатидаги Бреттон-Вудс шаҳрида ўтказилган суғурта агентлари йиғинидан қайтиб келиб, мен ошхонадаги столда қолдирилган икки энли хатни топдим. Хотиним қизимни олиб кетиб қолган эди. Эр бўлиб эр, ота бўлиб отага ўхшамаган мендек бир кимса билан азоб-уқубат чекиб яшаш уларнинг сабр косасини тўлдириб юборганди. Орадан икки йил ўтгач, хотиним мен билан ажрашгани, қизимга ҳомийлик қилиш ҳуқуқи ҳам унга ўтганини эшитдим.
Улар кетганидан кейин ҳолим не кечишини билиш қийин эмас эди. Дунёдаги ягона суюкли одамларимдан айрилгач, мен ичкиликка муккамдан берилдим. Бу жараён то меҳнат қобилиятимни йўқотгунимга қадар юксалиб борди. Даромад манбаидан жудо бўлгач, мен уйдан ҳам ҳайдалдим. Бир куни эрталаб бор буд-шудимни эски қизил «фалкон»имнинг юкхонасига солиб, бошим оққан томонга қараб йўл олдим. Қадрдон жойлар билан видолашув даҳшатини мен ўшанда туйдим.
Шундан сўнг мен бир неча ой мамлакат бўйлаб дайдиб юрдим, қорин тўйғазиш ва арзон ичкилик учун дуч келган ҳар қандай ишга қўл урдим. Техасда машинада бензин ташидим, Оклахомада қурувчилик қилдим, Лонг-Бичда кегелбанда кегли1 тахладим… ўттиз беш ёшимда!
Сўнг тақдир мени Кливлендга ташлади: бир неча тунни маст-аласт ўтказдим ва ёмғир аралаш қор ёққан ўша рутубатли тонгда ломбард деразаси ортидан тўппончага кўзим тушди. Ўшанда нима бўлди — билмайман. Фаришталарнинг овозию арфада чалинган мусиқани эшитмадим, паноҳ топганимдак дарак берувчи ёрқин нурни ҳам кўрганим йўқ. Ўгирилиб, кўча бўйлаб ёмғир остида узоқ дайдиганим ва ниҳоят, иссиқ ва қуруқжой… жамоат кутубхонасига кириб қолганимни эслайман, холос.
Онам мени барча саволларга жавобни китоблардан излашга ўргатган эди. Шунинг учун мен яна кўп вақтимни шу осойишта масканда, китоблар билан ўтказа бошладим. Мен жавоб излардим. Қаерда адашдим? Турмушимни ўзгартира оламанми, умуман, бу мумкинми? Ўттиз беш яшар пиёниста ва омадсиз одам учун кеч эмасмикан? Мен яхшироқ яшаш мумкинлигини билардим. Аммо бу жаннатга қандай йўл топиш мумкин?
Мен ўзимнинг эски машинамда шарққа қараб йўл олдим ва ке-йинги бир неча ой мобайнида дуч келган иш билан тирикчилик қилиб, асосий вақтимни маҳаллий кутубхоналарда, ўқиб, ўрганиб ва фикр юритиб ўтказишга ҳаракат қилдим. Арасту, Афлотун, Карлайл, Норман Пил, Эмерсон, Франклин, Карнеги ва бошқа кўплаб донишмандлар ҳамроҳим ва устозимга айланди. Ичкиликдан секин-аста қайтиб, кунига фақат бир-икки банка пиво ичадиган бўлдим. Менда умид пайдо бўлди, ўзим ҳақимда фикрим секин-аста яхшилана бошлади, ваҳоланки, ҳанузгача доимий иш топганим йўқ эди. Кейин, ажойиб тонглардан бирида, Нью-Гемпшир штатининг Конкорд шаҳридаги жамоат кутубхонасида турмушимни батамом ўзгартириб юборган китобни топдим.
Клемент Стоун билан Наполеон Хиллнинг «Ижобий фикрлаш тарзи орқали муваффақиятга эришиш» китоби муқоваларида ўқиганингиздан бир ой кейин турмушингизда ажойиб ўзгаришлар рўй бериши ваъда қилинувчи аксар қўлланмалардан мутлақо фарқ қиларди. Стоун билан Хилл китобхонга етказмоқчи бўлган фикр аниқ ва лўнда эди: сиз Тангри ва одамлар ўрнатган қонунлар доирасида истаган ишингизни қилишингиз мумкин, агар талаб қилинган баҳони тўлашга тайёр бўлсангиз. Яъни орзуларингиз учун ҳақ тўласангиз. Стоун билан Хиллнинг китоби бошқа китоблардан асосан шу билан фарқ қиларди. У текин пишлоқ ваъда қилмасди. Мен китобни бир ўтиришда ўқиб тугатдим ва ҳар бир боб охиридаги «амал қилиш керак бўлган фикрлар» ёд бўлиб кетмагунича қайта-қайта ўқийвердим.
Кейин Тангрининг навбатдаги инъомига навбат келди. Стоун билан Хиллнинг буюк китобини ўрганиш ва ўзлаштириш жараёнида мен ажойиб бир аёл билан танишиб, уни севиб қолдим. У менга шу қадар илҳом бердики, ниҳоят, бутун иродамни бир ерга жамлаб, Бостонга келдим ва Клемент Стоуннинг суғурта компаниясига коммивояжёр қилиб ишга олишларини сўраб мурожаат қилдим. Не ажабки, улардан розилик олдим. Улар ўттиз беш яшар омадсиз одамни синаб кўришга қарор қилишди. Шундан кейин кўп ўтмай мен Беттига уйландим. Шундан бери биз биргамиз… ва ҳанузгача бир-биримизни севамиз.
Бу сафар, маълум тажриба ва ишлашга катта иштиёққа эга бўлганим туфайли, омадли тижоратчига айландим ва ҳафта сайин кўп пул ишлаб топа бошладим. Бир йилдан сўнг мени Шимолий Мэн ҳудудидаги савдо-сотиқ бўйича менежер қилиб тайинлашди. Бу ерда мен қишлоқдан шаҳарга омад излаб келган қашшоқ ва иззатталаб кишилардан гуруҳ тўплаб, иш бошладим. Бизнинг олди-сотди фаолиятимиз тез орада бош компаниянинг эътиборини тортди. Кўп йиллик муваффақиятсизликлардан кейин мен ниҳоят ҳаётда йўлимни топиб, фаровонлик ва шон-шуҳратга эришган эдим. Аммо онам иккимизнинг эски орзумиз вақти-вақти билан менга ўзи ҳақида эслатиб турарди. Ёзувчи бўлиш… буюк ёзувчи бўлиш!
Ниҳоят, мен ички овозимга қулоқ солиб, бир ҳафтага меҳнат таътилига чиқдим ва ёзув машинкаси сотиб олиб, савдо-сотиқ бўйича қўлланма ёзишга киришдим. Унда Клемент Стоуннинг муваффақият тамойилларидан фойдаланиб, қишлоқ аҳолиси билан суғурта битимларини қандай тузиш кераклиги ҳақида гап борарди. Ўз асаримни кўп марталаб қайта ёзиб, сўнг машинкада қўлимдан келганча оққа кўчирдим ва жигарранг папкага жойлаб, кимдир қачондир уни ўқиб, Шимолий Мэнда қандай буюк истеъдод эгаси хор бўлаётганини англаб етар, деган умидда почта орқали Чикагога, жаноб Стоуннинг марказий офисига юбордим. Кимдир ўқиб чиқди… ва бир неча ойдан сўнг мен билан Бетти яқинда дунёга келган тўнғичимиз Дэнни олиб Чикагога кўчиб келдик. Бу ерда менга реклама ва маркетинг бўлимида иш беришди — рағбатлантирувчи дастур ва бюллетенлар учун материаллар тузишга киришдим. Мен ниҳояг: ёза бошладим!
1954 йили Наполеон Хилл билан Клемент Стоун «Чексиз муваффақият» деган журнал очишди. Гарчи журнал бир неча минг обуначига эга бўлса-да, дастлабки ўн йил мобайнида у асосан Клемент Стоун суғурта корпорациясининг ички нашри сифатида фаолият кўрсатди. Унда ҳар ой кўплаб мақолалар, савдо-сотиқ маълумотлари ва Стоуннинг ўзи ёзиб берувчи таҳририят сўзи чоп этиларди. Маркетинг соҳасида икки йилга яқин ишлаганимдан сўнг, «Чексиз муваффақият» муҳаррири қарилик нафақасига чиқиш ниятида эканлигини эшитдим. Мен унинг ўрнига ишга ўтказишларини сўраб мурожаат қилдим. Ваҳоланки, ўша пайт журнал корректурасини ҳожатхона қоғози ўрамидан ажрата олмас эдим. Аммо билим ва тажрибасизлик ўрнини ишлашга иштиёқ ва ҳаётга ижобий муносабат тўлдирарди. Ўзаро суҳбат пайтида мен жаноб Стоунни бу ишни эплай олишимга ишонтиришга муваффақ бўлдим. Ог Мандино — масъул муҳаррир. Ҳа!
Мен ютишим қийин бўлган луқмани тишлаб олганимни жуда тез тушундим. Ўша пайт журналнинг штатлар рўйхати икки ходимдан: ярим кун ишлайдиган котиба ва безакчи-рассомдан иборат эди. Мен яна узоқ, машаққатли ишга киришдим ва жажжи журналимизни ойдан-ойга майда бўлаклардан туза бошладим. Аммо иш шунга арзир эди. Ўн йилдан сўнг штатимизда эллик нафар доимий ишлайдиган ходим бор эди. Ойлик тираж эса 2000 нусхадан 155000 нусхага етди. Каттагина ўсиш, шундай эмасми?
Яшаш учун курашнинг дастлабки йилида навбатдаги сонлардан бирини тайёрлаш пайти битта мақола етмай қолиб, архивимизда ҳам менга маъқул ҳеч нарса топилмади. Ҳозир, ўтмишга назар ташлаб, ўшанда Тангри шатранж донасини суриб қўйиб, Унинг юришига (бундай юришлар ҳаётимда жуда кўп бўлган) қандай жавоб қайтаришимни кутганини кўраман. Ўша пайт мен асосан журнални тузиш бўйича техник ишлар билан банд бўлиб, ёзишга вақтим йўқ эди. Бироқ, бизга мақола кераклиги, у эртага тахт бўлиши зарурлиги, акс ҳолда журнални босишга беришга улгуролмаслигимизни ҳам яхши тушунардим. Мен уйга келиб, тун бўйи мақола ёздим. Унга қаҳрамон қилиб буюк гольф ўйинчиси Бен Хоганни олдим. Хоган автомобиль ҳалокатида шу қадар қаттиқ жароҳат олгандики, шифокорлар унинг қачондир оёққа туриши мумкинлигига ҳам шубҳа қилишган эди. Аммо Хоган фақат оёққа туриб қолмай, гольф ҳам ўйнай бошлади ва яна умуммиллий мусобақада ғолиб чиқди. Ажойиб инсон! Мен мақолани журналда чиқардим. Шундан кейин тақдир, тасодиф, омад (ёки Тангри?) яна турмушимни ўзгартириб юборди.
Тиши оғриб қолган нью-йорклик бир ношир ўзининг тиш дўхтири ҳузурига ташриф буюради. Қабулхонада ўтириб, у столдан каминанинг Хоган ҳақидаги мақоласи босилган «Чексиз муваффақият»нинг янги сонини қўлига олади. Мақолани ўқиб чиқади ва Жанубий Парк-авенюдаги офисига қайтгач, менга хат ёзиб юборади. Унда менинг, шубҳасиз, адабий истеъдодга эгалигим, агар қачондир китоб ёзмоқчи бўлсам, унинг нашриёти билан боғланишим мумкинлигини уқтиради.
Орадан бир ярим йил ўтиб, «Фредерик Фелл Паблишинг» нашриёти «Буюк савдогар» номли кичкинагина китобни босмадан чиқарди. Ҳозир, орадан йигирма бир йил ўтиб, бу китоб мутлақ бестселлерга айланди: ўн саккиз тилда ўн миллиондан ортиқ нусхада чоп этилди!
Китоб чоп этилганидан тўрт йил ўтиб, унинг қаттиқ муқовадаги нашри 350000 нусхадан ошиб кетди ва «Бен-там Букс» нашриёти китобни юпқа муқовада нашр этиш ҳуқуқини сотиб олиш масаласини кўриб чиқишга қарор қилди. «Фредерик Фелл Паблишинг» 1973 йилда нашр этиш ҳуқуқини бериш учун ақл бовар қилмайдиган пул миқдорини сўради: 350000 доллар. Бироқ, бу нархга рози бўлишдан олдин, нашриёт раҳбарияти муаллиф билан учрашиб, унинг ўзини ҳам китоб қатори реклама қилиш мумкинлигига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлди. Кўп ўтмай мен ҳаяжондан тўлқинланиб, Нью-Йоркка учадиган самолёт бортига кўтарилардим. Яқинда иккинчи ўғлимиз — Мэттью туғилган бўлиб, мен «Бентам Букс» нашриётининг Бешинчи авенюдаги улкан конференц-залига лифтда кўтарилаётган пайт оиламизнинг келажаги қил устида турарди. Ниҳоят, мени нуфузли одамлар тўла хос хонага таклиф қилишганида тиззаларим ва овозим ҳаяжондан қалтирар эди. Урушда жанговар учишларга чиққанимда ҳам бундан енгилроқ бўлганди.
Мен бир ярим соат давомида нашриёт масъул ходимларининг турли мавзудаги саволларига жавоб бердим. Улар маълумотим ҳақида ёки унинг йўқлигидан тортиб, келгусидаги режаларимгача суриштиришди. Мен барча саволларга тутилмай жавоб қайтардим. Ниҳоят, ўша пайт «Бентам Букс» нашриётининг директорлар кенгаши раиси бўлиб ишлаган ва ҳозиргача мен билан қалин дўст бўлиб қолган Оскар Дайстил ҳайбатли стол бошидаги ўрнидан туриб, олдимга келди ва жилмайиб менга қўлини чўзди:
— Табриклайман, Ог. Биз ҳозиргина сизнинг китобингизни сотиб олдик.
Ҳеч қандай овозга қўйиш, мунозара ва чапаквозликсиз. Иш ҳал бўлган эди.
Мен барча расмият ва табриклар тугашини кутиб туролмадим ва тезроқ «Хилтон» меҳмонхонасидаги ўз хонамга қайтиб, Беттига сим қоқиш ва унга қувончли хабарни айтишга ошиқдим. Ниҳоят, Бешинчи авенюга чиққач, оёғимни қўлимга олиб югура кетдим. Эллик ярд йўл босмасимдан кўкда момақалдироқ гулдираб, чақин чақнади ва қаттиқ сел қуя бошлади. Эгнимда ёмғирпўшим ҳам йўқ эди, шунинг учун мен дуч келган биринчи очиқ эшикка ўзимни урдим… ва кичкина, шинам черковга кириб қолдим. Ичкарида мендан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Фақат ёмғир овози эшитилар, олисдан бўғиқ гумбурлаш товуши қулоққа чалинарди.
Ҳануз менга бу худди куни кеча бўлгандек туюлади. Бу қадрли лаҳзалар ҳамон кўз ўнгимда. Черковга оҳиста кирганим ва тиз чўкиб йиғлаб юборганим. Кейин қўлимни мушт қилиб тугганим ва бошимни кўтариб, ҳайқирганим:
— Онажон, ҳозир қаерда бўлманг, билишингизни истайман… биз ниятимизга етдик!

VI

Мана, энди сиз мен ҳақимда камина сиз тўғрингизда билганимдан ҳам кўпроқ нарсаларни биласиз.
Бошқа томондан, балки мен сиз тўғрингизда ўйлаганингиздан ҳам кўпроқ нарсаларни биларман.
Йигирманчи асрнинг сўнгги чорагидаги «замонавий» турмуш тарзининг даҳшатли оқибатларидан бири шундаки, биз тобора бир-биримизга ўхшаб бормоқдамиз. Биз бир хил телевизион томошалар ва сериаллар кўряпмиз, бир хил газета ва журналларни ўқияпмиз, бир хил либосларни кийяпмиз ва озиқ-овқат дўконларидан бир хил ярим фабрикатларни сотиб оляпмиз. Биз соатга караб яшаяпмиз ва ўляпмиз, бир-биримизни ўхшаш автомобилларда қувиб ўтяпмиз, оқшомни иш столи атрофида эмас, кеглибанда ўтказишни афзал кўряпмиз, яқинларимизга етарли вақт ажратмаяпмиз, денгиз ва океанларимиз ифлосланиб, секин-аста ўлиб бораётганини бир чекада туриб ожиз кузатяпмиз, шаҳар ёки қишлоғимизга тушиши мумкин бўлган водород бомбаси ҳақида ўйламасликка уриняпмиз.
Биз ҳаммамиз секин-аста битта ноғорачининг ноғорасига ўйнай бошлаяпмиз, олдинга ёки орқага бошқалар билан бир хил тезликда шошиляпмиз, буйруқ билан жилмаядиган, Набискодаги озиқ-овқат фабрикасида ишлаб чиқариладиган қовурилган картошкали халтачалардан сира фарқ қилмайдиган мавжудотларга айланиб бораётирмиз.
Бундай оммавий ўхшашлик ялпи автоматлаштириш ва компьютерлаштириш даври бўсағасида нимага олиб келяпти? Ўзимиз яратаётган машиналарга ўхшаб қолмаяпмизми? Мана бу аянчли статистикага қаранг: бизнинг ажойиб мамлакатимизда ҳар йили уч юз мингдан ортиқ киши ўз жонига қасд қилишга уринар экан!
Мана, яна иккита мисол: ҳар ой мамлакат бўйича валиум дориси сотиб олишга беш миллиондан ортиқ рецепт ёзиб берилар ва ҳар куни тўрт юз мингдан ортиқ руҳий хасталик ҳолатлари рўйхатга олинар экан!
Биз жазавага тушиб ва тушкунликка берилиб, қалбимизни шип-шийдон қиляпмиз ҳамда соғлиғимизнинг бошига етмоқдамиз. Героин, кокаин, «крэк» ва шу каби афюнларга берилган гиёҳвандлар сони шу қадар тез ўсиб бормоқдаки, уларнинг аниқ статистикасини юритиш имкони ҳам бўлмаётир. Бу даҳшатли юқумли касаллик тусини олиб бораётир. Шу билан бирга, биз ҳозир аҳоли жон бошига тарихимизнинг бошқа босқичларидагидан кўпроқ миқдорда спиртли ичимликлар истеъмол қилмоқдамиз.
Ҳолбуки, яхшироқ яшаш мумкин.
Етмишинчи йилларнинг бошида, камина дастлабки уч китобимнинг шуҳрати соясида маърузачи касбини эгаллай бошлаганимда, менинг келгуси ижодимга кучли таъсир кўрсатган бир воқеа рўй берди.
«Амуэй» жамияти хушчақчақ ва серғайрат вакилларининг давомли гулдурос қарсаклари остида саҳнадан тушиб, фойеда китобларимга дастхат ёзиб бера бошладим. Пичадан кейин, навбат анча камайгач, мен дастхат ёзиб бераётган столга ёшгина бир жувон яқинлашиб, олдимга китобларимдан бирини оҳиста қўйди.
Дастхат ёзаётганимда у энгашиб, худди биров эшитиб қолишини истамагандек, паст овозда деди:
— Жаноб Мандино, менга бугунги маърузангиз жуда ҳам ёқди, аммо… аммо…
Мен зўрма-зўраки илжайдим.
— Нима «аммо»?
— Сиз муваффақиятга эришиш ҳақида жуда кўп гапирдингиз ва бир қанча жиддий сабабларни келтирдингаз. Лекин сизда ҳаммаси жуда осон бўляпти, — деди у. — Эҳтимол, бунинг сабаби сиз ҳеч қачон муваффақиятсизлик ва турмуш қийинчиликларига тўқнаш келмаганингиздадир. Шунинг учун ҳам сиз пастдан ўзига йўл очиб кўтарилиш нақадар қийин эканлигини тушунмассиз.
Учрашувдан кейин мен қаттиқ чарчаганимга қарамай, тун бўйи мижжа қоқмадим ва ҳатто ечинмадим. Меҳмонхонадаги хонамда у ёқдан-бу ёққа тўхтовсиз юриб, аҳмоқлигим учун ўзимни койидим. Тингловчи ва ўқувчиларим ўтмишим ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмасди, чунки мен реклама материалларида ҳам, китобларимнинг муқоваларидаги аннотацияларда ҳам «аввалги турмушим»нинг кўримсиз тафсилотларини кўрсатишдан ҳаддан ташқари уялар эдим. Фақат айрим энг яқин дўстларимгина менинг тубанликдан кўтарилганим, бир неча йиллик даҳшатли азоб-уқубатлардан кейингина яхши яшашни ўрганганим ҳақида билишарди. Тангри ҳаётимнинг шатранж тахтасидаги яна бир донани суриб қўйди. «Амуэй»даги жувон ўзи англамаган ҳолда менга муҳим сабоқ берган эди.
Бир ҳафта ичида мен маърузамни қайта ёзиб чиқдим. «Дунёдаги энг буюк савдогар»нинг «Бентам Букс»даги янги нашри доирасида мамлакат бўйлаб реклама кампаниясига чиққанимда, радиода ҳам, телевидение орқали ҳам ўтмишим ҳақида бор ҳақиқатни сўзладим. Мен оммага ўзимни тирик мисол қилиб кўрсатдим. Тингловчи, томошабин ё китобхон Ог Мандинонинг тарихини эшитиб, ўзига: «Агар у ўзидаги ўша озгина имкониятдан фойдаланиб, турмушини шундай ўзгартира олган бўлса, Худо ҳаққи, мен ҳам шундай қила оламан», деб айтишини истадим.
Ўшандан бери мен неча юз марта маъруза қилган бўлсам, бирор марта ҳам саҳнани тингловчиларга ёмғир остида дийдираб, ўз жонига қасд қилишни ўйлаган омадсиз одамнинг тарихини сўзламасдан тарк этмадим. Кейинроқ, томошабинларга бу омадсиз одам кимлигини айтганимда, одатда улар ҳайратомуз оҳ тортиб, бир-бирларига ҳайрон тикилардилар. Улар билишмасди. Кўпчилик ҳанузгача бехабар эди. Кейин мен уларга, бошқа китобхонлар билан бўлган учрашувлардан олган тажрибамга кўра, улар менежерми, тижоратчими, ўқитувчими, спортчими, ота-оналарми ё ҳатто талабами — ким бўлишларидан қатъи назар, ораларида ҳозир битта бўлса ҳам атрофидаги деворлар тўрт томондан устига босиб келаётгандек туюлаётган, гапимни тинглаётиб кўзлари кулаётган эса-да, юраги йиғлаётган ва… балки, мен билан бир неча йил аввал бўлгани сингари, ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлаётган одам борлигига ишончим комил эканлигини айтардим.
Бу босқичда мен одатда томошабинларга қараб:
— Жаноб X… ёки X хоним… қаерда ўтирган бўлманг, сизга қутқарув чамбарагини отишимга ижозат беринг. Қани, нима бўлар экан.
Бора-бора, вақт ўтиши билан, шундай бир ғалати ҳодиса рўй бера бошлади. Ҳар сафар томошабинлар орасидаги номаълум шахсга мурожаат қилганимдан сўнг, учрашув тугагач, олдимга бирор киши тортинибгина яқинлашади ва узатган китобига дастхат қўяётганимда, паст овозда:
— Мен сиз айтган жаноб X (ёки X хоним) бўламан… — деб айтади.
Бора-бора менда шундай бир одат пайдо бўлди. Юқоридагига ўхшаш сўзларни эшитишим билан қаршимдаги одамни — у эркакми, аёлми, қатъи назар қучаман. Кейин унга: «Бошидан бошлаймиз!», дейман. У менга жилмайиб бош ирғайди ва жавоб беради: «Бошидан бошлаймиз! Раҳмат сизга!»
Сўнгги тўрт-беш йил ичида учрашувлардан кейин олдимга келадиган «Х»лар сони кўпайиб бормоқда. Кўпчилик сингари, уларни ҳам бундай ҳаётга тушишларига руҳий инқироз ёки моддий танқисликлар мажбур қилган, бу вазиятга қарши курашишга улар ўзларида куч топа олмаганлар. Биз сўнгти вақтларда асосий турмуш қоидаларидан бирини унутиб қўйдик: бу дунё устидан ҳокимлик қилиш ҳуқуқи билан бирга, биз ўзимизни бошқариш ҳуқуқини ҳам олганмиз. Ҳар бир инсон ўзи танлаган йўлдан боради. Тангри ҳеч қачон бизга сарбонлик қилмайди. Бизга қатъий бир йўлни белгилаб, ўзига асир қилиш ҳеч қачон Унинг ниятига кирмаган. Аксинча, У ҳар бир инсон ўз йўлини танлаб, ўзининг ҳаёт Китобини ёзиши учун уларга ақл ва иқтидор ато қилган.
Азиз китобхон! Мана, сиз ҳозир қаршимда ўтирибсиз.Ўзингизни қутқарув чамбарагига ёпишаётган «Х»лардан бири деб атай оласизми? Маҳкамроқ ёпишинг: ҳаёт жуда қадрли нарса, уни осонликча бой бериш ярамайди. Урушда ҳар куни эрталаб, жанговар топшириқни бажаришга отланишимиздан олдин, дуч келишимиз мумкин бўлган муаммолар ва улардан қутулиш йўллари ҳақида бизга батафсил йўл-йўриқ кўрсатиларди. Сиз билан ҳам худди шундай иш тутамиз. Хайрлашишимиздан олдин мен муваффақиятга эришиш ва турмушингизни яхши томонга ўзгартириш учун билишингиз керак бўлган нарсалар ҳақида сизга батафсил йўл-йўриқ кўрсатаман.
Бунинг асосий сири, табиийки, йўл танлаш имконияти. У ҳар биримизда бор. Сиз эртанги кунингизни муваффақиятсизлик, азоб-уқубат ва қашшоқлик ботқоғида, ўз турмушингиздан уялиб ва ўзингизга ачиниб яшашга мажбур эмассиз. Нега атрофимизда бахтсиз одамлар бу қадар кўп? Бунинг жавоби жуда жўн: бахтсиз ва ўзини омадсиз деб ҳисоблайдиган одамлар — эҳтимол, сизнинг ўзингиз, — яхшироқ турмушни танлаш имкониятидан ҳеч қачон фойдаланмаганлар, зотан улар ўзларида танлаш имкониятининг борлигини ҳатто хаёлларига ҳам келтирмаганлар!
Аммо танлаш имконияти чиндан ҳам бор ва биз сиз билан фойдаланишингиз мумкин бўлган жуда кўп ажойиб имкониятларни кўриб чиқмоқчимиз. Сиз бунга айни дамдаги аҳволингиз қандайлигидан қатъи назар, дарҳол киришишингиз мумкин, шунда турмушингизда яхши томонга ўзгаришлар рўй бера бошлайди.
Буюк француз ёзувчиси ва драматурги Албер Камю ҳар бир инсон ўз турмушини ўзининг қувонч ва қайғулари пойдеворида барпо этади, деган эди. Мен қувонч ва қайғулардан иборат олтмиш йилдан ортиқ умрим мобайнида олган буюк сабоқ ҳаёт — бу ўйин эканлигини англаганим бўлди. Ҳа, ҳаёт — бу маънавий, сирли ва бағоят оғир ўйин, аммо, шунга қарамай, агар унинг қоидаларини билмасангиз, Ғалабага умид қилишингиз беҳуда!
Қийинчилик шундан иборатки, сизга ҳам, менга ҳам бу қоидаларни болалигимизда ҳеч ким ўргатмаган. Ўрта мактабда ҳам, коллежда ҳам ҳеч ким бизга ўз олдимизга аниқ мақсадлар қўйиш ва уларга эришиш, қийинчиликларга қарши курашиш, ёмон одатлардан қутулиш, дўстлар орттириш, бойиш, ўзимиз ва атрофимиздагиларнинг кўнглини кўтариш, серғайрат бўлиш ва стрессларга қарши курашиш учун билишимиз зарур бўлган оддий, аммо жуда фойдали қоидаларни ўргатмаган. Афсуски, кўпчилигимизга ҳаёт деб аталмиш бу буюк ўйинда омади чопганларга бир чеккада ҳасад кўзи билан қарашдан нарига ўтолмаган кузатувчи бўлиш ва ҳатто бу томоша учун ҳақ тўлаш «насиб» этган, холос!
Яхшиси, келинг, бир сарҳисоб қилиб кўрайлик. Айтинг-чи, сиз ўқиш ва маълумот олиш йилларингиз мобайнида бугун, ҳозирнинг ўзида қўллай бошлашингиз билан сизга турмушингизни яхши томонга ўзгартиришга ёрдам беришга қодир бирон-бир билим олганмисиз?
Албатта, олгансиз! Сиз ўқишни ўргангансиз. Фақат шу беназир қобилият ёрдамидагина сиз ўз ҳаётингизда мўъжиза ясашингиз мумкин.
Мактабда ҳар ҳафта кундалик дафтарингизга дарс жадвалини ва турли фанлар бўйича уй вазифаларини кўчириб ёзганингиз эсингиздадир? Ёшингиздан қатъи назар, фараз қиламизки, сиз — менинг ўқувчимсиз. Мен сиз билан бир нечта жуда муҳим қоидаларни ўртоқлашмоқчиман, фақат турмушингизни изга солиш учун эмас, уни яхши томонга ўзгартириш учун ҳам. Қоида, бу «Вебстернинг янги луғати»да берилган таърифга кўра, «маълум ҳаракат ёки қилмишларни содир этиш учун белгиланган кўрсатма». Жуда яхши. Бу «қонун» ёки «буйруқ»дан маъқулроқ, шунинг учунки, турмушни яхшилашнинг айрим тамойиллари сизнинг кундалик фаолиятингизни қатъий равишда чеклайдиган, бажариш шарт бўлган қонунлар эмас, балки таклиф ва маслаҳатлар бўлиб ҳисобланади.
Хўш, қуйида келтириладиган «Яхши яшаш қоидалари»дан қандай фойда олиш мумкин? Бу жуда осон. Биз ҳаммамиз ҳаётда муваффақият қозониш борасидаги имкониятларимизни камайтирадиган қатор зарарли одатларга эга эканлигимизни унутманг. Сиз қуйида билиб оладиган қоидаларнинг ҳар бири зарарли одатингиздан қутулиб, уни яхши одат билан алмаштиришингизга ёрдам беради. Бу сизнинг яхши яшашингиз калитидир. Кунига фақат битта қоидани ўрганинг. Бу қоидаларнинг бирортасини ҳам қийин деб бўлмайди. Мураккаблик қадрлилик ёки ҳақиқийликнинг зарур шарти эмас. Қоидани эрталаб ўқиб олинг, кун бўйи унинг асосий тамойилларига риоя қилинг, кечқурун саҳифага кичкинагина белги қўйиб, сўнг навбатдаги қоидага ўтинг.
Ўн етти қоиданинг барчасини ўқиб-ўрганганингиздан кейин сизда буни такрорлаш нияти туғилиши мумкин. Жуда яхши-да! Қоидаларни ўқиб-ўрганиш жараёнида сиз улар бир-бири билан ўзаро боғлиқ эканлигини тушуниб етасиз. Моҳиятан уларнинг аксарияти битта мақсадни кўзлайди, шунинг учун ҳам битта қоидани ўрганиб, сиз бир вақтнинг ўзида бошқа бир қанча соҳаларда олға қадам ташлайсиз. Бинобарин, яхши томонга ўзгаришлар сиз кутганингиздан анча тез рўй бериши мумкин.
Бу китоб сизнинг шахсий ҳаёт китобингиз бўлиб қолсин. Ният холис, аммо ҳаммаси фақат ўзингизга боғлиқ.
Софдил ва тиришқоқ бўлинг. Кўп ўтмай, олға қадам ташлашингизга халақит бераётган зарарли одатларингиз йўқолиб, секин-аста фойдали одатларга ўрин бўшатиб бораётганини пайқайсиз. Хўш, ке-йин нима қилиш керак? Нима қилардингиз, худди мен ўз тарихим ва билимимни сиз билан ўртоқлашганим каби, сиз ҳам ўз тажрибангизни бошқалар билан ўртоқлашинг.
Фақат шундагина сиз муваффақиятнинг асл маъносини тушуниб етасиз ва турмушингизни яхши томонга узил-кесил ўзгартира оласиз.

ИККИНЧИ ҚИСМ

ЯХШИ ЯШАШ ҚОИДАЛАРИ

Эҳтимол, айнан бизга аталган сўзлар бордир ва агар биз уларни эшитиб, англай олганимизда, улар бизга саҳар ва баҳордан фойдалироқ таъсир қилиб, атрофимиздаги нарсаларга бошқача кўз билан қарашга мажбур этган бўлармиди.
Кўпчилик одамларнинг ҳаётидаги янги давр улар у ёки бу китобни ўқиганларидан кейин бошланган. Эҳтимол, бизга барча мўъжизаларнинг сирини тушунтириб, қаршимизда янгиларини кашф қиладиган китоб бордир. Балки ҳозир бизга сўз билан ифодалаб бўлмайдигандек туюлувчи нарсаларни кимдир аллақачон ифода қилгандир.
Бизни ташвишлантирган, ҳаяжон ва ўйга солган саволлар биздан олдин ўтган барча донишмандларни ҳам ўйлантирган ва уларнииг ҳар бири бу саволларга баҳоли қудрат жавоб топган, ўз ҳаёт тажрибаси ва ўз сўзлари билан ифода этган.
Торо.
«Уолден, ёхуд ўрмондаги турмуш».

БИРИНЧИ ҚОИДА

Яхши яшаш учун…

Тангрининг сизга кўрсатган барча марҳаматларини санаб чиқинг. Ҳаётингиз ва ундаги барча нарсалар нечоғли қадрли эканлигини тушуниб етганингиз заҳоти юзингизга табассум қайтади, осмонда булутлар тарқаб, қуёш чарақлайди, оламни мусиқа садоси тутади. Сиз олдинга, Тангри сизга ато этган ҳаётга… ва ўз кучингизга умид-ишонч билан қадам қўясиз.
Мен қайғу ва азоб-уқубатлар орқали тагига етишга муваффақ бўлган ҳаётнинг энг муҳим ва эскирмас сирларидан бири шундан иборат: токи сиз ўзингиз эга бўлган устунликни тўғри баҳоламас экансиз, зерикарли ва мақсадсиз турмуш исканжасидан қутулмайсиз, ёки ишдан ҳайдалмаслик ва юқори мартабага кўтарилишга уриниб тинимсиз айланаётган олмахон ғилдирагидан сакрашга қурбингиз етмайди, ёки сизни муваффақиятсизликка йўлиқтириб, ўз кучингизга ишончингизни йўқотишингизга сабаб бўлувчи моддий инқироздан қутула олмайсиз.
Устунлик!? Сиз куляпсизми? Маъюс кулги. Менга бир нима демоқчимисиз? Ёзув столимнинг тортмаси тўланмаган чекларга тўла, дейсизми? Эҳтимол, тўнғич ўғлингиз коллежга ўқишга кирмоқчидир-у, сиз унга пул бера олмаслигингизни айтишга ўзингизда куч топмаётгандирсиз. Балки сиз машинангиз учун кредит тўловини икки ойга кечиктириб юборгандирсиз, ишингиз ҳам аввалгидек ишончли туюлмай қўйгандир. «Қанақа устунлик?» деб ўйлаётгандирсиз. Мен билан қолинг, Тангрининг сизга кўрсатган марҳаматларидан баъзиларини ҳозирнинг ўзида, қаршимда ўзингизга ачиниб ўтирган пайтингизда санашга ёрдам бераман.
Келинг, асл қадр-қимматингизни тушуниб етишингиз учун турмушингиздаги яхши нарсаларнинг рўйхатини тузиб, уларнинг нақд қийматини ҳисоблаб чиқайлик. Менимча, яшаш учун кундалик курашга берилиб, уларни бутунлай унутган бўлсангиз керак.
Бизнинг буюк мамлакатимизда яшаш имкониятининг ўзи қанча туради?
Дадилроқ, мен сизга бу имкониятингизга нархи ёзилган ёрлиқни тиркаб қўйишни маслаҳат бераман. Сиз қаерда яшашни афзал кўрган бўлардингиз?
Агар сиз бугун эрталаб меҳнат биржасида навбатда турган бўлсангиз, ҳозир ишлаётган фирма ёки компаниянгиздаги иш жойи қанча турган бўларди?
Агар дунёдага одамларнинг 95 фоизи фақат сизнинг ўрнингизда бўлиш учун умрларининг ўн йили ёки ундан ҳам кўпроғини беришга бажонидил тайёр эканлигини инобатга оладиган бўлсак, хизматдаги мартабангиз ва касбий маълумотингиз қанча туради?
Эркингиз қанча туради?
Сиз севадиган ва сизни севадиган одамлар-чи?
Уларнинг муҳаббатини сиз қанчага баҳолайсиз? Кўзларингизни-чи? Кўзларингизни миллион долларга сотган бўлармидингиз?
Қўл-оёқларингизни-чи, уларни қанчага баҳолайсиз? Беш миллион долларгами? Ўн миллионгами?
Сиз инсон қавмининг жуда бой вакилисиз, шундай эмасми? Агар иш очиқ савдога бориб тақалганида, сиз, эҳтимол, ўзингизда бор нарсаларни Форт-Нокснинг жами олтинига ҳам алмаштирмаган бўлардингиз. Шундай эмасми? Унда нимага тумшуғингизни осилтириб юрибсиз, ўзингизни норасо, бу ҳаётда мағлуб, кераксиз ва хўрланган ҳис қиляпсиз? Нима учун?
Бас қилинг! Сиз яхши яшашга лойиқсиз ва уни бугуноқ бошлашингиз мумкин!..

ХУЛЛАС, БИРИНЧИ ҚОИДА:

Тангрининг сизга кўрсатган барча марҳаматларини санаб чиқинг. Ҳаётингиз ва ундаги барча нарсалар нечоғли қадрли эканлигини тушуниб етганингиз заҳоти юзингизга табассум қайтади, осмонда булутлар тарқаб, қуёш чарақлайди, оламни мусиқа садоси тутади. Сиз ниҳоят олдинга, Тангри сизга ато этган ҳаётга… мардларча, обрў ва ўз кучингизга умид-ишонч билан қарай бошлайсиз.

ИККИНЧИ ҚОИДА:

Яхши яшаш учун…

Бугун ва ҳар куни сизга ҳақ тўланганидан кўпроқ иш қилинг. Агар сиздан кутганларидан кўпроқ иш қилиш нечоғли муҳим эканлигини англаб етсангиз, муваффақиятнинг ярим лаззатини туясиз. Сизнинг ишингизни шу қадар юқори баҳолашсинки, бора-бора сизни энг керакли ходим сифатида тан олишсин. Ишга қўшимча куч сарфлаш ҳуқуқингиздан фойдаланинг ва бунинг эвазига берилган мукофотга қувонинг. Сиз унга лойиқсиз!

Мен сўнгги пайтларда почта маҳсулотлари билан савдо қилувчи аксарият дўконларнинг пештахталаридан тобора кўп ўрин олаётган ҳазил табрикномаларни титкилашни жуда ёқтираман. Балки мен бундай табрикномаларни ўз таниш-билишларимга керагидан ортиқроқ юбораётгандирман. Менга айниқса «Қандай қилиб пул топиш мумкин» деган сўзлар чиройли рамкага олинган акциядорлик сертификати кўринишидаги табрикнома кўпроқ ёқади. Унинг ўртасига тўқ сариқ рангда катта қилиб: «БОРИБ ИШЛА!» деб ёзилган.
Ҳаётда ҳамма нарсанинг ўз баҳоси бор. Агар сиз болалигидан ҳамма нарсага эга бўлган кам сонли кишилар тоифасига мансуб бўлмасангиз, унда сизга зарур буюм ва хизматлар эвазига ҳақ тўлашингизга фақат бир нарса — пешона тери билан топилган пул ёрдам беради.
Сиз бу фикримни маъқуллаб бош ирғаяпсиз-у, аммо негадир юз-кўзингизда маъюслик ифодаси зоҳир. Нима, тўлаш лозим бўлган сон-саноқсиз чеклар билан олишяпсизми? Хизмат бўйича жуда суст илгарилаяпсизми, анчадан бери юқори лавозимга кўтарилганингиз йўқми? Янги уйга кўчиб ўтмоқчисиз-у, аммо буни чўнтагингиз кўтармайдими? Алмисоқдан қолган машинангиз тўкилиб боряпти-ю, аммо янгисини сотиб олишга сизда имконият йўқми? Турмушингиз соатма-соат белгилаб чиқилгандай бўлиб туюляптими? Хўш, бу сеҳрланган қобиқдан қандай қутулиб чиқиш мумкин? Бунинг чораси борми?
Чораси бор. Истаган одам билан баҳс бойлашаманки, бу чора, аниқроғи — оддий қоида ҳали ҳеч кимга панд бермаган. Агар сизнинг хизмат мартабангиз ҳақида гапирадиган бўлсак, бу борада муваффақиятга эришишнинг энг буюк сирини Исо алайҳиссалом бундан икки минг йил муқаддам, тоғ чўққисидан туриб айтган эди: агар сизни бир чақирим йўл босишга мажбурласалар, сиз икки чақирим йўл босишингиз зарур. Муваффақият сири мана шу қўшимча чақиримда.
Агар сиз эртадан бошлаб ўз ишингизга талаб этилганидан озгина кўпроқ куч сарфлашга қатъий қарор қилсангиз, турмушингизда мўъжизалар рўй бера бошлайди. Бозорда мева-чева сотасизми ё бўёқчимисиз, фаррошмисиз ё компьютерчими — ким бўлишингиздан қатъи назар, агар ҳар куни ўзингиз учун белгиланган меъёрдан озгина оширадиган бўлсангиз, тез орада яхши томонга жиддий ўзгаришлар рўй беради.
Ўзни азоб-уқубат ва муваффақиятсизликларга тўла турмушга маҳкум этишнинг энг осон йўли — бу фақат ойлик маош билангина қопланувчи зарур иш минимумини бажаришдир. Тўғри, қўшимча уринишлар сизнинг йўқ жойда мартабага эришиш истагида бўлган ҳамкасбларингизга ёқмаслиги мумкин… аммо бу ҳақда сиз эмас, улар бош қотиришсин. Сиз ўз ҳаётингиз билан яшанг. Сизга муҳтож.одамлар борлигини унутманг. Агар сиз ҳар куни талаб этилганидан кўпроқ иш бажарадиган бўлсангиз, тез орада фақат ўз мавқеингизни мустаҳкамлаб қолмай, жуда керакли одамга ҳам айланасиз. Атрофингизда ҳар қадамда янги-янги имкониятларни кўрасиз ва охир-оқибат ўз меҳнатингизнинг баҳосини ўзингиз белгилай оласиз. Бу жуда оддий қоида. Қўшимча бир чақирим йўлни босиб ўтинг! Бу сизга бир центга тушмайди, аммо турмушингизда жиддий ва узил-кесил ўзгаришлар ясайди.
Эндрю Карнегининг фикрича, бутун умри мобайнида ҳеч нарсага эриша олмайдиган икки тоифа одамлар бор. Биринчиси, булар қилиш керак бўлган ишларни қилмайдиган одамлар, иккинчиси эса, қилиш керак бўлганидан ортиқ ҳеч нарса қилмайдиган одамлардир. Уолтер Крайслердан унинг автомобиль заводи кўпроқ нимага муҳтож эканлиги ҳақида сўрашганида, у: «Менга иш вақти тугаганлиги ҳақидаги гудокни эшитмайдиган ёки вақтни соатга қараб билмайдиган ўнта яхши ишчи керак», деб жавоб берган эди.
Атрофингиздагиларни ҳайратга солинг. Ўзингизнинг ишдаги одатларингизни ўзгартиринг. Қўшимча бир чақирим йўлни босиб ўтинг! Бу муваффақият кетидан қувиб оилангиз ёки соғлиғингиздан айрилишингизга тўғри келишини англатмайди. Бу ҳаётдан сизга аталган барча нарсаларни олишнинг ажойиб усули. Бир сўз билан айтганда, худди абадий яшамоқчи бўлгандек ишланг ва худди бугун умрингизнинг охирги кунидек яшанг.

ХУЛЛАС, ИККИНЧИ ҚОИДА:

Бугун ва ҳар куни сизга ҳақ тўланганидан кўпроқ иш қилинг. Агар сиздан кутганларидан кўпроқ иш қилиш нечоғли муҳим эканлигини англаб етсангиз, муваффақиятнинг ярим лаззатини туясиз. Сизнинг ишингизни шу қадар юқори баҳолашсинки, бора-бора сизни энг керакли ходим сифатида тан олишсин. Ишга қўшимча куч сарфлаш ҳуқуқингиздан фойдаланинг ва бунинг эвазига берилган мукофотга қувонинг. Сиз унга лойиқсиз!

УЧИНЧИ ҚОИДА

Яхши яшаш учун …

Ҳар сафар хатога йўл қўйсангиз ёки муваффақиятсизликка учрасангиз, бу ҳақда узоқ ўйламанг. Одамлар ўз хатоларидан ўрганадилар. Хатога йўл қўйиш қобилиятини қўйилган мақсадга эриша билиш қобилиятидан ажратиб бўлмайди. Ҳеч ким ҳар доим ғалаба қозонолмайди. Муваффақиятсизликларингиз ривожланишингизнинг зарур шарти ва таркибий қисми бўлиб ҳисобланади. Хато қилдим деб кўп ўксиманг. Агар вақти-вақти билан муваффақиятсизликка учраб турмасангиз, уни енгишга кучингиз борлигини қаердан билардингиз? Ҳаракатни тўхтатманг ва омад сизга албатта кулиб боқади.

Неча асрлардирки, ўтмишнинг энг буюк ҳақиқатларидан бири биз билан яшайди ва ҳар қадамда намоён бўлади, аммо фақат доно одамларгина унинг маслаҳатига қулоқ солади. Агар сиз муваффақият қозонишни истасангиз, муваффақиятсизликларга чидай билишингиз керак. Биз омад ва муваффақиятларимиздан ҳам кўра кўпроқ муваффақиятсизликларимиздан ўрганамиз. Менга текис жойда ҳеч қачон қоқилмаган, ҳеч қачон ишни бузмаган, ҳеч қачон хато қилмаган одамни кўрсатинг ва мен сизга келажаги тайинсиз одамни кўрсатаман.
Кундалик турмушда хато, қоқилиш ва муваффақиятсизликлар муқаррардир. Бироқ, агар биз чумчуқ пирр этса, юрагимиз ширр этиб яшаб, ҳар бир муваффақиятсизликдан тушкунликка тушадиган бўлсак, ўзимизни армон-пушаймонларга тўла турмушга маҳкум қиламиз. Унутманг, биз энг яхши сабоқни хато ва муваффақиятсизликларимиздан оламиз.
Муваффақиятсизлик! Нима у? Шунчаки бир кичкина сабоқ, яхшилик томон ташланган биринчи қадам. Фақат ишламайдиган, олға интилмайдиган одамларгина хато қилмайди.
Марк Твеннинг қайноқ плита устига сакраб, қорнини куйдириб олган мушук ҳақидаги бир ҳикояси бор. Шундан кейин бу мушук қайноқ плитага ҳам, муздайига ҳам ҳеч қачон сакрамайди. Биз шахсий тажрибамизнинг аҳамиятига кўпинча ортиқча баҳо берамиз, салбий таассуротларни хотирамизда узоқ сақлаймиз, бу эса бир сафар қоқилган жойимиздан қайта ўтишимизга халақит беради. Скандинавларда «Викингларни шимол шамоли яратган» деган ажойиб матал бор. Шимол шамоли сиз учун ҳам мўъжизалар яратиши мумкин.
Шуни билингки, ҳатто энг омадли одамларнинг ҳаётида ҳам хато ва муваффақиятсизликларга тўла даврлар бўлган.
Ҳар биримиз ўз Ҳаёт китобимизни ёзамиз ва унинг қандай тугаши фақат ўзимизга боғлиқ. Биз яшаб ўтган йилларимизнинг муаллифимиз, хато ва муваффақиятсизликларимиз эса яхши турмуш сари ташланган қадамларимиз, холос. 1974 йили, Хенк Аарон Бейб Рутнинг буюк рекордига яқинлашаётган пайт, мен бир куни эрталаб у ҳимоя қилган «Атланта Брейвс» бейсбол клубига сим қоқдим. Охири менга жамоатчилик билан алоқалар бўлимини улаб беришди ва камина уларга ўз саволимни бердим:
— Хенк тўпни етти юзу ўн марта аниқ амалга оширган, Рутнинг рекордидан ўзиш учун унга яна бешта шундай ошириш кераклигини биламан. Аммо мени бошқа нарса қизиқтиради: у ўз фаолияти давомида неча марта тўпни майдондан четга чиқариб юборган?
— Четга? — дея ҳайрон бўлиб сўради симнинг нариги томонидаги йигитча.
— Ҳа, неча марта тўпни майдондан четга чиқарган?
— Билмадим, сэр, буни текшириб кўргунимча кутиб туришингизга тўғри келади.
Бир неча дақиқадан сўнг у яна гўшакни қўлига олди:
— Жаноб Мандино, бугунги кунгача Хенк Аарон тўпни етти юзу ўн марта аниқ амалга оширган, ўзингизга маълумки, Бейб Рутнинг миллий рекордидан ўзиш учун унга яна бешта шундай ошириш керак…
— Ҳа, биламан.
— Хў-ўш… биздаги маълумотларга қараганда, у бир минг икки юз олтмиш икки марта тўпни майдондан четга чиқариб юборган.
Мен унга раҳмат айтиб, гўшакни жойига қўйдим ва бир муддат ҳозиргина эшитган рақамим устида фикр юритдим. Келажак учун нақадар ажойиб сабоқ! Гап инсоният тарихидаги энг буюк бейсболчи ҳақида борарди… бироқ, ҳаттоки у, ҳаттоки Хенк Аарон ҳам тўпни аниқ оширганидан кўра қарийб икки баравар кўпроқ майдондан четга чиқариб юборган! Дарҳақиқат, ҳаёт — бу ўйин ва муваффақият қозониш учун унинг қоидаларига амал қилиш керак. Аммо, ҳар сафар қўлингизга бейсбол таёғини олганингизда, тўпни аниқ оширишингиз шарт эмас. Ишонмасангиз, ана, Хенкдан сўранг.

ХУЛЛАС, УЧИНЧИ ҚОИДА:

Ҳар сафар хатога йўл қўйсангиз ёки муваффақиятсизликка учрасангаз, бу ҳақда узоқ ўйламанг. Одамлар ўз хатоларидан ўрганадилар. Хатога йўл қўйиш қобилиятини қўйилган мақсадга эриша билиш қобилиятидан ажратиб бўлмайди. Ҳеч ким ҳар доим ғалаба қозонолмайди. Муваффақиятсизликларингиз ривожланишингизнинг зарур шарти ва таркибий қисми бўлиб ҳисобланади. Хато қилдим деб кўп ўксиманг. Агар вақти-вақти билан муваффақиятсизликка учраб турмасангиз, уни енгишга кучингиз борлигини қаердан билардингиз? Ҳаракатни тўхтатманг ва омад сизга албатта кулиб боқади.

ТЎРТИНЧИ ҚОИДА

Яхши яшаш учун…

Узоқ ва оғир ишни бажарганингиз учун яқин кишиларингиз даврасида ўзингизни ҳар доим мағрур тутинг. Уларнинг муҳаббатини қадрланг ва асраб-авайланг. Фарзандларингизга қаттиққўл танқидчи эмас, ўрнак олиш учун яхши намуна кераклигини, агар улар олдида ўзингизни доимо яхши томондан намоён қиладиган бўлсангиз, ишингиз янада ривож топишини унутманг. Жумлаи жаҳон сизни омадсиз деб ҳисобласа ҳам, агар сизни севувчи оилангиз бўлса, ҳаётда омадга эришдим, деб ҳисоблашингиз мумкин.

Фарзандларим улғайиб, оилали бўлиб кетишганига қарамай, мендан уларни қандай тарбиялаб вояга етказганимиз ҳақида жуда кўп суриштиришади. Гўё ёзган китобларим туфайли бизда барча соҳада, ҳатто ақлли, тиришқоқ ва бахтли эртанги кун эгаларини тарбиялаш борасида ҳам юксак муваффақиятни кафолатловчи қандайдир ўзига хос сирли бир формула пайдо бўлгандек. Мен эътиборсизлиги ва ўз бурчларига лоқайдлиги туфайли кўп йиллар муқаддам ўзининг биринчи оиласидан айрилган «бошқа Ог Мандино» ҳам бўлганлигини ёдда тутиб, уларга ҳар сафар бир хил жавоб бераман…
Биз фарзандларимиз учун қилишимиз лозим бўлган ишларнинг энг яхшиси — уларга ўрнак олишлари учун яхши намуна бўлишдир. Фарзандларингизни ўз мисолингизда тарбияланг, улар сизга феъл-атворингизни эслаб қолишади ва ҳатто сизга тақлид қилишга уринишади. Агар уларга бир гапни гапириб, кейин амалда бунинг тескарисини қиладиган бўлсангиз, фарзандингиздан айриласиз. Фарзандларимиз учун уларни ўз мисолимизда тарбиялашдан бошқа фақат бир иш қила олишимиз мумкин: хато қилишса, ёрдам қўлини чўзиш учун ҳар доим уларнинг ёнида бўлиш. Унчалик кўп эмас, шундай эмасми?
Столим ёнидаги деворда оқ пергаментга жимжимадор қилиб ёзилган қисқагина шеър рамкада осиғлиқ туради. «Номаълум муаллиф» сўзлари тагига мен Мэттнинг чақалоқлик пайтидаги суратини жойлаштирганман. Шеър билан танишгач, уни келгусида яна бир ўқиш учун ушбу саҳифанинг бурчагини буклаб қўйсангиз, ажаб эмас.

Ҳар бир болакайнинг отасига

У сени зийрак кузатиб,
Ортингдан борар.
Сўзларингга қулоқ тутиб,
Овозинг ёдлар.
У сендан олар ўрнак,
Орзуси битта:
Сенинг ўрнингни босиш
Бўлиб тез катта.
Ўйлари ҳокимисан,
Олдда маёғи.
Сенга таянар у —
Кўзинг қароғи.
Ишонади сўзсиз
Нима десанг ҳам.
Қиёфанг сақланар
Унда ҳар дам..

Сени ҳақ ҳисоблар
Ҳар ерда, ҳар дам.
Унинг нигоҳида
Сен — одил ҳакам.
Неки қилсанг, доим
Сен унга ўрнак.
Сенга ўхшаш истар
Улғайгач, бешак.

Бир неча йил муқаддам, китобларимдан бирини реклама қилиш учун мамлакат бўйлаб узоқ сафарга чиқишимдан олдин, кичик ўғлим Мэтт Аризона штати дорилфунуни ётоқхонасида яшаб, мустақил ҳаёт бошлаш мақсадида жўнаб кетадиган бўлди. Онаси иккимиз дилимиз вайрон ҳолда унга буюмларини йиғиштиришга кўмаклашдик.
Эсимда, Мэтт жўнаб кетгач, мен унинг хонасига кириб, қоронғида узоқ ўтирдим, Бетти иккимиз унга ва акаси Дэнга ҳаёт йўлларида дуч келиши тайин кўп сонли тўсиқлардан ошиб ўтишлари учун зарур бўлган ҳамма нарсани берганимизни ўйладим.
Менинг реклама сафарим Лос-Анжелес радиостанцияларидан биридаги ток-шоуда қатнашгунимга қадар яхши ўтди. Дастурнинг яна бир меҳмони машҳур ёзувчи аёл эди (номини бу ерда айтиб ўтирмайман). Нимадир бўлди-ю, мунозара оиладаги муносабатларга, айниқса, бизнинг фарзандларимизга бориб тақалди.
Муҳтарама ёзувчи аёл микрофонни жаҳл билан юлиб олиб, ўзининг икки нафар ўспирин ўғлига қарата лаънат тошларини ёғдира кетди. Аёл уларни жиловлай олмаётгани, отаси доим ишда бўлгани туфайли ундан ёрдам йўқлиги, бир кунмас-бир кун болалари «уни жинни қилиб қўйишлари ҳам ҳеч гап эмас»лиги, улар нуқул овқатга кеч тушишлари, хоналарида ҳамма нарса доим ёйилиб-сочилиб ётиши, магнитолаларини турли станцияларга созлаб, овозини баланд қилиб қўйишлари, бунинг шовқинидан ҳам у «жинни бўлиб қолай дейиши»ни маълум қилди. Номи улуғ ёзувчи аёл ўз фарзандларини кўпчилик олдида лаънатлаётганини кўриб, мен чидаб туролмадим. Ҳар қанча уринмай, бу қўлимдан келмади.
— Биласизми, — деб шартта унинг гапини бўлдим, — бир куни сиз ўғилларингизнинг бўм-бўш ва жимжит хоналари олдидан ўтасиз… ва ўзингиздан: «Улар нега кетиб қолишди?» деб сўрайсиз. Шундай экан, бу эшиттиришдан кейин уйингизга қайтгач, ўғилларингизни маҳкам бағрингизга босиб, уларни жонингиздан ортиқ яхши кўришингизни айтганингиз маъқул эмасмикан?

ХУЛЛАС, ТЎРТИНЧИ ҚОИДА:

Узоқ ва оғир ишни бажарганингиз учун яқин кишиларингиз даврасида ўзингизни ҳар доим мағрур тутинг. Уларнинг муҳаббатини қадрланг ва асраб-авайланг. Фарзандларингизга қаттиққўл танқидчи эмас, ўрнак олиш учун яхши намуна кераклигини, агар улар олдида ўзингизни доимо яхши томондан намоён қиладиган бўлсангиз, ишингиз янада ривож топишини унутманг. Жумлаи жаҳон сизни омадсиз деб ҳисобласа ҳам, агар сизни севувчи оилангиз бўлса, ҳаётда омадга эришдим, деб ҳисоблашингиз мумкин.

БЕШИНЧИ ҚОИДА

Яхши яшаш учун …

Ҳар бир кунингизни яхши ният асосига қуринг. Мавжуд ёки хаёлий камчиликларингизни ўйлаб ғам чекманг. Сиз — Худонинг бандаси эканлигингиз, ҳар қандай орзунгизни ёлғиз ирода кучингиз билан амалга оширишга қодир эканлигингизни ўзингизга тез-тез эслатиб туринг. Сиз ҳатто қанот чиқариб учишингиз ҳам мумкин, фақат шундай қилишга қодир эканлигингизга ишонсангиз бас. Мағлубиятни хаёлингизнинг кўчасига ҳам келтира кўрманг. Шунда дилингиздаги барча орзуларингиз амалга ошади. Лабингиздан табассум аримасин!

Барча ютуқ ёки мағлубиятларимиз фикрлаш тарзимизнинг, яъни ўз қобилиятимиз, иродамиз ва ички салоҳиятимиз ҳақида қандай ўйласак, шунинг бевосита натижаси эканлигини донолар қадим-қадимлардан бери таъкидлаб келадилар.
«Яхши ният яхши ҳосил, ёмон ният эса ёмон ҳосил беради», деган эди Жеймс Аллен.
Қадимги Рим донишманди Марк Аврелий: «Инсон ҳаёти шундайки, у — яхши ё ёмон, қувончли ё ғамгин, ғолибона ё тушкун ўйлардан қайта яралади», деб айтган эди.
Будда эса бу ҳақда шундай дейди: «Инсон тўлиқ ўз ўй-фикрларининг маҳсулидир. Инсон тафаккурининг чегараси йўқ. Биз нимани ўйласак, шунга айланамиз».
Хуллас, бир сўз билан айтганда, ижобий ўй-фикрлар яратади ва ривожлантиради, салбий ўй-фикрлар эса тўсқинлик қилади ва бузади.
Донишмандларнинг сўзларини ўқир экансиз, ўзингизга ва ўз қобилиятларингизга қўл силтайдиган бўлсангиз, муваффақиятсизликка маҳкум эканлигингизни англаб етасиз. Агар сиз ўз қобилиятларингиз ёки билимларингизни ерга урсангиз, атрофингиздаги олам сизнинг ўзингизга нисбатан бундай муносабатингизга жуда тез мослашади ва натижада сизни муваффақиятсизликларга тўла келажак кутади. Бўлди, етади! Салбий ўй-фикрлар ва қилмишларга барҳам беринг. Гапимга қулоқ солинг: нечоғли қудратли эканлигингизни сиз ўзингиз ҳам билмайсиз! Ҳа, сиз — айни дам қаршимда ўзига ачиниб ўтирган одам… орқа ҳовлимизда яшайдиган ўрдакка ўхшаб кетасиз.
Мэтт ҳали мактабда ўқир эди. Бир куни у уйга қопқоғида юмалоқ тешикчалар очилган пойафзал қутисини кўтариб келди. У қути қоп-қоғини очгач, биз Бетти билан тўғри тахмин қилганимизни тушундик. Қутида жуда шўх ва сершовқин жажжигина сариқ ўрдакча ўтирарди. Болалар жўжани биология дарсида тухумдан чиқаргач, бир неча ҳафта боқиб, сўнг қуръа ташлашган, унда ўғлим ютиб чиқибди. Шу ўзи етмай турувди, дегандек Бетти иккимиз бир-биримизга қараб олдик.
Кейин норози ота ва унинг севинчи ичига сиғмаётган ўғли қурилиш анжомлари дўконига бориб, озроқ тахта сотиб олишди. Мэтт орқа ҳовлида ўрдакка жуда ажойиб уя ясаб, уни оқ рангга бўяди. Уянинг қуббали эшиги тепасига эса қизил ҳарфлар билан «ДИСКО» деб ёзиб қўйди. Диско лақабли ўрдакча! Кейин биз бир тўп сим сотиб олдик ва янги оила аъзомиз дайдиб кетиб қолмаслиги учун уйчанинг атрофини сим билан ўраб чиқдик.
Ўн икки йилдирки, Диско биз билан яшайди. Табиийки, у ўсиб каттакон чиройли ўрдакка айланди. Мэтт уйланиб, бошқа жойга кўчиб кетганини эътиборга оладиган бўлсак, унинг ўрдагига ҳозир ким қараётганини фаҳмлаган чиқарсиз.
Диско воқеасида биз йўл қўйган хатолардан бири унинг катаги ва сайр қилиши учун майдончани шундоққина хобгоҳимизнинг деразаси тагига қурганимиз бўлди. Кейинги пайтда Диско каллаи саҳарлаб уйғониб, қоронғи тушгунча тинимсиз ғақ-ғақлашни одат қилди. Тағин шунақа баланд овоздаки! Аввал у фақат қўшнининг мушугини кўргандагина шундай қилгани боис, биз Бетти иккимиз Диско нимадандир нотинч деган қарорга келдик. Ё берган овқатимиз ёқмаяпти, ё унинг кичкина ҳовузчасидаги сувни етарли даражада тез-тез янгилаб турмаяпман, ё унинг уйчасига тўшалган похол нам тортган ва уни алмаштириш керак. Тағин ким билсин? Мен ўрдакни тинчитиш учун қилмаган ишим қолмади, аммо у барибир баланд овозда, тинимсиз ғақ-ғақлашини қўймади.
Кўриб турганингиздек, Дисконинг ҳам муаммоси бор. Баҳс бойлашим мумкинки, бу муаммо сизникига ўхшаш. Ҳа, сизникига! Сиз ҳам, Диско ҳам ўз қадрингизни билмайсиз. Диско, агар у ўз турмуш шароитларидан норози бўлса, фақат ғақ-ғақлаб, ўзига ачинишга эмас, ҳадеб ўз турмуш шароитларидан шикоят қилиш ўрнига, уларни ўзгартиришга ҳам қодир эканлигини билмайди.
Агар Диско ўз турмуш шароитларини чиндан ҳам ўзгартирмоқчи бўлса, бунга жиддий жаҳд қилиши керак. Бу жуда осон. Бунинг учун у қанот қоқиб, пастгина тўсиқдан ошиб ўтиши… ва бизни тарк этиши лозим. Минг афсуски, шўрлик Диско ўзининг нечоғли қудратли эканлигини — уча олиши мумкинлигини билмайди… Сиз ҳам!

ХУЛЛАС, БЕШИНЧИ ҚОИДА:

Ҳар бир кунингизни яхши ният асосига қуринг. Мавжуд ёки хаёлий камчиликларингизни ўйлаб ғам чекманг. Сиз — Худонинг бандаси эканлигингиз, ҳар қандай орзунгизни ёлғиз ирода кучингиз билан амалга оширишга қодир эканлигингизни ўзингизга тез-тез эслатиб туринг. Сиз ҳатто қанот чиқариб учишингиз ҳам мумкин, фақат шундай қилишга қодир эканлигингизга ишонсангиз бас. Мағлубиятни хаёлингизнинг кўчасига ҳам келтира кўрманг. Шунда дилингиздаги барча орзуларингиз амалга ошади. Лабингиздан табассум аримасин!

ОЛТИНЧИ ҚОИДА

Яхши яшаш учун …

Сиз ҳақингизда ўзингиз эмас, қилган ишларингиз гапирсин. Йўлингиздаги такаббурлик ва манманлик тузоқларига тушиб қолишдан эҳтиёт бўлинг. Кейинги сафар мақтангингиз келиб қолса, тешиккулча олиб ейишингизни маслаҳат бераман, ундан қоладиган тешик манманлигингизнинг ҳақиқий мезони бўлади.

Бизни ўзимиздан ўтказиб ҳеч ким алдай олмайди. Ривожланишимиз йўлидаги энг хавфли тўсиқлардан бири манманлик, кибр-ҳаво тузоғи ҳисобланади. У муваффақият таъмини илк бор татиб кўрганимиз ҳамон ўз комига тортади. Дарҳақиқат, сиз жуда қаттиқ ишладингиз, олға силжиш учун бор кучингиз ва иқтидорингизни аямадингиз. Бу гапингизга мен тўлиқ қўшиламан, аммо дастлабки бир нечта ғалабадан кейин қандайдир алоҳида, ҳеч кимда йўқ хислатларга эга бўлсам керак, деган хато хаёлга бориш жуда осон. Агар сиз бунга ишона бошласангиз, сизнинг бошқа одамларга нисбатан хулқ-атворингиз кейинги ривожланишингизга салбий таъсир қилиши мумкин. Зеро, сизнинг олға силжишингизга тўсқинлик қилувчи ҳаддан ташқари манманлик ва такаббурликдан кучлироқ тузоқ йўқ.
Биз ҳаммамиз Парвардигорнинг паноҳида яшаймиз. Агар биз ўлимдан кейин ерда ўзимиздан нақадар кичкина бўшлиқ қолишини кўра олганимизда, эгаллаган ўрнимиз ҳақида камроқ ўйлаб, кўпроқ бошқаларга ёрдам беришга уринган бўлардик.
Мен манманлик балосига қарши ичимда тинимсиз кураш олиб бораман. Ҳар икки йилда бир янги китоб ёзиб, сўнг уни радио, телевидение ва матбуот орқали муҳокама қилиш учун мамлакат бўйлаб саёҳатга чиқувчи, ўнлаб учрашувлар ўтказиб, маърузалар қилувчи одамнинг манманлик тузоғига илиниб, оммавий ахборот воситалари ўз шаънига ўқиган ҳамд-саноларни том маънода қабул қилиши жуда осон. Доимий эътибор, эшик тагида мунтазир турувчи лимузинлар ва дастхат сўраб мурожаат қилувчи сон-саноқсиз мухлислар ҳақида-ку, гапирмайман.
Тангри мени ўша пайтда, шубҳасиз, лойиқ бўлган ўрнимга қўйишга қарор қилган кунни сира ёдимдан чиқармайман. Мен меҳмонхонадаги хонамда пастга, маросимлар залига таклиф қилишларини кутиб ўтирардим. Бу ерда мен йирик миллий конференцияда икки мингга яқин қатнашчи олдида маъруза қилишим керак эди. Ниҳоят, компания чопари — мўйсафид одам келиб эшикни тақиллатгач, мен эгнимга пиджагимни кийиб чиқдим ва унинг ортидан йўлак бўйлаб лифт сари йўналдим.
Фойе гавжум ва сершовқин эди. Бир неча қадам юрганимизни биламан, туйқус кимдир келиб елкамни қоқди. Орқамга ўгирилиб, кўзлари катта ёш бир йигитчани кўрдим.
У кўкрак чўнтагига компания номи ёзилган нишон тақиб олган, қўлида қоғоз пакет тутиб, юзимга савол назари билан термилиб турарди.
— Сиз Ог Мандиномисиз? — деб сўради у шивирлаб. Мен йўлимдан тўхтамай бош ирғадим.
— Сэр, бир дақиқа вақтингизни олсам, майлими? — деди у талотўпдан четда, дераза олдида турган мўъжазгина стол томон юриб.
Мен қовоғи осилган кузатувчимга қарадим. У истар-истамай бош ирғади.
— Сэр, — деди йигитча қўлидаги қоғоз пакетни стол устига қўйиб, — гап шундаки, хотиним сизнинг ашаддий мухлисингиз. У ҳамма китоб-ларингизни битта қолдирмай ўқиб чиққан. У шаҳарчамиздаги мактабда ўқитувчилик қилади, шунинг учун ҳам мен билан бирга конференцияга кела олмади. Ҳозир у қаттиқ қайғураётган бўлса керак: ахир, маърузангизни эшитишни жуда истаган эди-да!
— Афсус, афсус…
— Сэр, шунинг учун мен нимадир қилиб Луизанинг кўнглини олмоқчиман. Атрофдаги ҳамма китоб дўконларини айланиб, қалин муқовада чиққан бешта китобингизни сотиб олдим. Илтимос… хотиним учун шу китобларга дастхат қўйиб беролмайсизми? Мен уларни хотинимга келгуси пайшанба, туғилган кунида совға қилсам девдим.
— Жоним билан, — дедим мен ва пиджагимнинг ички чўнтагидан ручкамни чиқариб, бешала китобга ҳам: «Луизага, муҳаббат билан. Туғилган кунингиз билан табриклаб, Ог Мандино», деб ёзиб бердим.
Сўнг йигитча китобларни олиб, қоғоз пакетга қайта жойлади ва қўлимни миннатдорлик билан шоша-пиша сиқиб, ортга бурилди.
Тилимни тийиб турсам ҳам бўларди, аммо ўша сафар бундай қилмаганимга ҳануз хурсандман. У мендан ўн футча узоқлашган эди, ортидан:
— Бу Луиза учун катта сюрприз бўлса керак? — деб бақирдим.
Йигит ўгирилди ва оғзи қулоғида илжайиб, жавоб берди:
— Бўлмаса-чи, сэр, ахир хотиним мени унга яп-янги «Тойота-королла» совға қилади деб ўйлайди!

ХУЛЛАС, ОЛТИНЧИ ҚОИДА:

Сиз ҳақингизда ўзингиз эмас, қилган ишларингиз гапирсин. Йўлингиздаги такаббурлик ва манманлик тузоқларига тушиб қолишдан эҳтиёт бўлинг. Кейинги сафар мақтангингиз келиб қолса, тешиккулча олиб ейишингизни маслаҳат бераман, ундан қоладиган тешик манманлигингизнинг ҳақиқий мезони бўлади.

ЕТТИНЧИ ҚОИДА

Яхши яшаш учун …

Ҳар бир кун — бу Тангрининг алоҳида инъоми. Гарчи ҳаёт доим ҳам марҳамат кўрсатавермаса-да, ўткинчи муваффақиятсизлик ва умидсизликлар сизнинг ўзингизга бўлган муносабатингиз ва келажак орзуларингизни заҳарлашига йўл қўйманг. Сиз ўзингизга ачиниб яшаб, ҳеч қачон ғалаба қозонолмайсиз, мунгли нолишларингиз эса ҳар қандай омадни сиздан қочиради. Бошқа бундай қилманг. Сиз бахтли тақдирга лойиқсиз.

Ҳаёт марҳаматли эмас ва балки, ҳеч қачон марҳамат кўрсатмас. Ишнинг кўпини сиз қилиб, обрўни бошқа биров топадиган ҳоллар ҳам бўлади. Сиз қўшнингиздан икки баравар кўпроқ қунт билан ишлаб, ундан икки баравар ақллироқ эканлигингизни билишингиз… ва шунга қарамай ундан икки баравар кам пул топишингиз мумкин.
Ҳаёт бизга жуда кўп ғирромлик қилади. Хўш, сиз бундай ҳолларда қандай иш тутасиз? Омад сизни четлаб ўтишини била туриб ҳам тиришиб ишлашда давом этасизми ёки сизнинг қийинчилик ва муаммоларингиз ҳамманикидан мушкул эканлигига ишониб, нолаю афғон чекасизми? Эҳ, шўрлик бола!
Йигирма йилча аввал менга яшил сиёҳда бир шеър битилган кичкинагина сариқ табрикнома келди. Уни Жанубий Каролина штатининг Андерсон шаҳридан «Иқтибослар журнали» ношири Уилтон Холл юборган эди. Шундан бери сариқ қоғозга битилган бу яшил мисралар менинг ҳаётимда алоҳида ўрин тутади. Мен бу шеърни фақат учрашувларда тингловчиларга ўқиб бериб қолмай, баъзан кайфиятим бузилган пайтлар ўтириб унга узоқ тикиламан. Ҳар сафар, ишларим кўнглимдагидек бормаётганида ёки аччиғим чиқиб, ҳатто ўзимга жиндай ачина бошлаганимда шу шеърни олиб ўқийман-у, таскин топиб, яна ҳаётга қайтаман. Бир лаҳза тин олиб, осмонга қарайман-да, миннатдорлик билан пичирлайман: «Ўзингга шукр…»
Курсига қулайроқ жойлашиб ўтиринг. Ҳозир сизга шу шеърнинг асл нусхасини кўрсатаман. Бу чинакам ноёб хазина. Ишончим комилки, у билан танишгач, сиз ҳам, худди мен сингари, келгусида унга тез-тез мурожаат қилиб турасиз, уни ўз дўстларингиз билан ўртоқлашасиз.
Тангрим, мени кечир…

Бугун автобусда сочлари тилларанг гўзал бир қизни кўрдим. Аввал унга ҳавасим келди — жуда қувноқ ва хушчақчақ эди у. Қиз ўрнидан туриб, қўлтиқтаёқда автобус эшиги сари йўналгач, унинг бир оёқсиз эканлигини кўрдим. Бироқ, олдимдан ўтаётиб, у менга қараб жилмайди.

Тангрим кечир, оҳ-воҳ қилганим учун,
Оёқ-қўлим бут-ку, мен-ла бу очун!

Мен ширинлик харид қилгани қандолат дўконига кирдим.
Пештахта ортида турган йигитча менга ёқиб қолди. Биз у билан гаплашиб қолдик. Афтидан, унга ҳам менинг суҳбатим манзур бўлди. Кетаётганимда, у менга: «Суҳбатингиз учун сизга катта раҳмат. Биласизми, гап шундаки, мен кўрман», деди.

Тангрим кечир оҳ-воҳ қилганим учун,
Ахир кўзим соғ-ку, мен-ла бу очун!

Кўчада кетаётиб бир болакайга кўзим тушди. У майдончада ўйнаётган бошқа болаларга мовий кўзлари билан маъюс термилиб турарди. Унга яқинлашиб: «Нега ўйинга қўшилмаяпсан?», деб сўрадим. Бола менга қаради ва мен унинг кар эканлигини тушундим.

Тангрим кечир, оҳ-воҳ қилганим учун,
Қулоғим эшитар, мен-ла бу очун!

Икки оёғим бут — истаган жойимга бора оламан; икки кўзим соғ — тонг шафағини кўра оламан; қулоқларим эшитади — қушларнинг сайрашини тинглай оламан…

Тангрим кечир, оҳ-воҳ қилганим учун,
Тўрт мучам соғ, демак, мен-ла бу очун!

 Номаълум муаллиф

ХУЛЛАС, ЕТТИНЧИ ҚОИДА:

Ҳар бир кун — бу Тангрининг алоҳида инъоми. Гарчи ҳаёт доим ҳам марҳамат кўрсатавермаса-да, ўткинчи муваффақиятсизлик ва умидсизликлар сизнинг ўзингизга бўлган муносабатингиз ва келажак орзуларингизни заҳарлашига йўл қўйманг. Сиз ўзингизга ачиниб яшаб, ҳеч қачон ғалаба қозонолмайсиз, мунгли нолишларингиз эса ҳар қандай омадни сиздан қочиради. Бошқа бундай қилманг. Сиз бахтли тақдирга лойиқсиз.

САККИЗИНЧИ ҚОИДА

Яхши яшаш учун …

Бошқа ҳеч қачон кун ва тунларингизни иккинчи даражали ва кераксиз нарсаларга тўлдириб юборманг, акс ҳолда ҳаётнинг чинакам чақириғига жавоб беришга вақтингиз қолмайди. Бу ишга ҳам, дам олишга ҳам бирдек тааллуқли. Шунчаки «хўжакўрсин»га ўтказилган кун байрам учун сабаб бўла олмайди. Модомики, сиз доимий кун тартибингизга озгина ўзгартириш киритиб, кўп нарсага эришишга қодир экансиз, қимматли вақтингизни беҳуда сарфламанг! Майда-чуйдаларга берилишни, омаддан беркинишни бас қилинг. Ўсиб-ривожланишингиз учун ҳам вақт ва жой қолдиринг! Ҳозироқ! Эртага эмас, шу бугун!

Бундай тоифа одамлар сизга таниш бўлса керак. Эҳтимол, ўзингиз ҳам уларнинг қаторига кирарсиз. Ундай бўлса, менга мурожаат қилганингиздан бағоят хурсандман. Бундай одамлар доим банд бўлади, улар нуқул ўз елкаларига бир дунё иш, учрашув ва топшириқларни юклаб олишади-да, кейин уларнинг ҳаммасини бажаришга уриниб, у ёқдан бу ёққа тинимсиз — кўпинча беҳуда югуриб юришади. Улар муваффақиятдан онгли равишда зўр бериб қочишга уринишади. Ў-ў, улар иш билан банд. Улар бир вақтнинг ўзида мингта майда-чуйда ишлар билан машғул. Шунинг учун ҳам турмушлари ва фаровонликларида катта ўзгаришлар ясаш имконияти туғилганида, улар одатда: «Афсуски, мен ҳозир жуда бандман, бошқа иш билан шуғулланишга вақтим йўқ», деб жавоб беришади.
Жуда таниш жавоб, шундай эмасми? Умид қиламанки, ҳозир сиз фақат эски солинган издан чиқиб кетмасликка зўр бериб, аммо беҳуда уринаётганингиз йўқ. Агар бу сизга қандайдир тасалли бера олса, унда сиз бу оламда асло ёлғиз эмассиз. Муваффақиятсизликка учраш учун ҳам ютуққа эришишдан кам уриниш талаб қилинмайди. Айнан шу боис ҳаётларида жиддий ўзгаришлар рўй бермаётганига ҳайрон бўлиб яшовчи фаол ва ишчан одамлар жуда ҳам кўп.
Агар сиз ўзингизни шу тоифага мансуб деб ҳисобласангиз, унда кўп йиллар олдин кимдир сизнинг «жон мурватингиз»ни бураб қўйган бўлса керак. Ҳа, айнан «жон мурватингиз»ни! Бир пайтлар мен бу атамага бағишлаб бутун бир китоб ҳам ёзмоқчи бўлганман, аммо уни ҳозир биринчи марта муҳокамага ташлаяпман.
Бир куни мен усти очиладиган жуда қиммат автомобиль сотиб олдим. Сотувчи менга бу қимматбаҳо ҳаракат воситасини ўғирлашга қарши мосламани ишга солмасдан кўчада қолдирмасликни маслаҳат берди. Мабодо, ўғри машина эшигини очиб кириб, уни юргизмоқчи бўлса, сиренанинг қулоқ пардасини йиртувчи чинқириғи уни қўрқитиб юборади. Табиийки, мен рози бўлдим.
Бир куни кечқурун, муҳим учрашувга кечикаётиб, гаражга кирдим ва машинамга ўтириб, калитни бурадим… аммо ўт олмади. Ҳатто номига йўталиб ҳам қўймади. Аккумулятори ўтирдимикан? Йўғ-э. Мен радионинг қулоғини бурадим — ўша заҳоти мусиқа овози эшитилди. Сўнг магнитофонга кассета қўйиб, тугмасини босдим — Элла Фитсжералднинг овози таралди. Йўқ, аккумулятор жойида. Ҳар эҳтимолга қарши ойна тозалагичларни ҳам ишга солиб кўрдим: кўринмас тешиклардан ойнага тизиллаб сув отилиб, тозалагичлар шитоб билан ишлай кетди. Ҳафсалам пир бўлиб ва озроқ жаҳлим ҳам чиқиб, уйга қайтиб кирдим. Машинамга хизмат кўрсатувчи автомобиль дилерига сим қоқдим.
— Биз тойчоғингизга ўғирлашга қарши мослама ўрнатганмиз, тўғрими? — деб сўради у.
— Ҳа, нақд уч юз доллар санаб берганман!
— Унда, балки, билмасдан унинг «жон мурвати»га тегиб кетган бўлсангиз керак.
— «Жон мурвати»га?
— Ҳа. Бу энг мураккаб ўғирлашга қарши мосламаларнинг хусусиятларидан бири. Нима, ўрнатишаётганида сизга тушунтиришмаганмиди?
Менинг ғазабим қайнаб кела бошлади.
— Агар биров машинамга «жон мурвати» ўрнатилганини айтганида, аниқ эсимда қолган бўларди. Нима ўзи у, қаерда жойлашган?
— Бу ўғирлашга қарши мосламанинг бир қисми. Машинадан тушиб эшигини беркитганингиздан кейин қаноти тагига ўрнатилган тешикчадаги калитни бурайсиз, тўғрими? Шунда сигнализация ишга тушади ва кимда-ким эшикни очишга ёки ойнани синдиришга урингудек бўлса, ўша заҳоти сирена чалинади.
— Ҳа, шундай.
— «Жон мурвати» — бу қўшимча ҳимоя чораси. У машина салонига, одатда панел ёки гиламча тагига ўрнатилади. Агар сиз уни машинадан тушиш олдидан бураб, кейин ташқи сигнализацияни ишга солсангиз, ўзингизни ўғирликдан тўла ҳимояланганман, деб ҳисоблашингиз мумкин. Ҳатто биров машинага кириб, сирена чинқириғи остида уни юргизишга уринса ҳам қўлидан ҳеч нарса келмайди. «Жон мурвати» аккумулятор озиғини юргизиш тизими билан боғловчи электр занжирни узиб қўяди. Автомобилни умуман юргизиб бўлмайди.
Мен гаражга қайтиб келдим. Аммо ҳарчанд уринмай, «жон мурвати»ни топа олмадим. Шунинг учун бир соатлардан кейин автомобиль фирмасининг вакили етиб келди. Табиийки, у ҳайдовчи оёқ қўядиган жойдаги гиламча тагига ўрнатилган жажжи мурватни қийналмай топди. Мурват чиндан ҳам буралган экан. Билмасдан оёғим тегиб кетган бўлса керак. Бироқ мен бошқа жаҳл қила олмасдим, ҳатто ўзимга ҳам. Шу воқеа сабаб камина ноёб иборани қўлга киритдим. Ҳар сафар бирор-бир кишини ўз кучини фойдасиз ишга беҳуда сарфлаётганига ишонтирмоқчи бўлсам, шу иборадан фойдаланаман.
Кўриб турибсизки, машинамга ўтириб, калитни бураганимдан кейин у бинойидек ишлади. Чироқлар ёнди, радиодан мусиқа янгради, ойна тозалагичлар ҳам ўз ишини бажарди. Мен танийдиган кўпгина одамларга ўхшаб кетадиган жуда ишчан машина. Аммо бир ишни у қила олмади. Ҳар қанча фаоллик кўрсатмасин, машина жойидан бир қарич ҳам қўзғала олмади, чунки мен билмасдан унинг «жон мурвати»ни бураб юборган эдим.
Ҳаммамизнинг ҳам ўз «жон мурвати»миз бор. Балки ёшлигимизда ота-онамиз ёки бошқа кўпни кўрган ҳурматли одамлардан бири жаҳл устида ёки қизишиб, биздан ҳеч качон тузук одам чиқмаслигини айтиб юборгандир. «Ширқ» ва тайёр! Ўзлари билмаган ва истамаган ҳолда улар «жон мурвати»мизни бураб юбордилар. Шундан бери биз фақат уларнинг башорати ўнгидан келиши учун тиришиб меҳнат қилдик, ўз қилмишларимизнинг сабабларини ҳам англашга уринмадик. Тўғри, биз «банд»миз, бироқ, худди менинг машинамга ўхшаб, негадир жойимиздан жилмаяпмиз. Нақадар ачинарли!
Энгашиб, «жон мурвати»нгизни ўчириб қўйинг. Умрингизни майда-чуйдаларга сарфлашни, арзимас ишларнинг ортига яширинишни бас қилинг. Сиз яхши яшашга қодирсиз.

ХУЛЛАС, САККИЗИНЧИ ҚОИДА:

Бошқа ҳеч қачон кун ва тунларингизни иккинчи даражали ва кераксиз нарсаларга тўлдириб юборманг, акс ҳолда ҳаётнинг чинакам чақириғига жавоб беришга вақтингиз қолмайди. Бу ишга ҳам, дам олишга ҳам бирдек тааллуқли. Шунчаки «хўжакўрсин»га ўтказилган кун байрам учун сабаб бўла олмайди. Модомики, сиз доимий кун тартибингизга озгина ўзгартириш киритиб, кўп нарсага эришишга қодир экансиз, қимматли вақтингизни беҳуда сарфламанг! Майда-чуйдаларга берилишни, омаддан беркинишни бас қилинг. ўсиб-ривожланишингиз учун ҳам вақт ва жой қолдиринг. Ҳозироқ! Эртага эмас, шу бугун!

ТЎҚҚИЗИНЧИ ҚОИДА

Яхши яшаш учун …

Бу кунни худди у ҳаётингизнинг сўнгги кунидек яшанг. Шуни унутмангки, «эртага» сўзи фақат нодонлар тақвимида учрайди. Кечаги мағлубиятлар ҳақида унутинг ва эртанги кун муаммоларига эътибор берманг. Сизнинг Қиёмат кунингиз келган. Уни йилнинг энг яхши кунига айлантиринг. «Агар умримни қайтадан яшаш имкони бўлганда эди…», деган сўзлардан ғамгинроқ сўзлар йўқ дунёда. Эстафета таёғини олинг-да, олға югуринг. Бугун сизнинг кунингиз!

Омадсиз одамларнинг кўпчилиги ўзларини худди захирасида минг йил умрлари бордек тутадилар. Нима учун? Шунинг учунки, улар ўз кучларига ишонмайдилар ва масъулиятдан қочишни афзал кўрадилар.
Хўш, улар қобилиятларини синаб кўришдан ўзларини қандай олиб қочадилар? Бунинг йўллари жуда кўп. Кимдир ичкиликка ёки айш-ишратга муккасидан берилади. Кимдир керагидан икки-уч соат ортиқ ухлайди. Тағин кимдир умрини кроссвордлар ечиб, бошқотирма суратларни ҳал қилиб ёки телевизор кўриб ўтказади. «Ташвиш чекманг, — дейишади улар. — Ҳамма ишни… эртага қилиш мумкин». Эртага? Мен бу дунёда анча-мунча яшаб қўйдим, умрим давомида минглаб тақвимларни кўрдим, аммо уларнинг бирортасида ҳам «эртага» деган санани учратмадим.
Ҳеч қачон вақтга бундай беписанд муносабатда бўлманг. Сиз ҳаёт билан шартнома тузмагансиз. Агар «кеча» — бу пули тўланган чек бўлса, «эртага» — бу фақат қарз мажбурияти, холос. «Бугун» эса — қўлингиздаги бор нақдина. Агар ундан имкониятингиз даражасида фойдалана олмасангиз, бунга фақат ўзингиз айбдор бўласиз.
Вақт бизнинг эркалигимизни кўтармайди.
Токи биз ҳар бир кунга худди бутун умримизга қарагандек муносабатда бўлмас эканмиз, бирортамиз ҳам чинакам катта муваффақиятга эриша олмаймиз.
«Кунига бир марта» сўзларида қандай куч зоҳир эканлигини Аноним пиёнисталар жамияти қутқарган миллионлаб кишилар жуда яхши билишади. «Ҳар бир инсон ўз юкини, у нечоғли оғир бўлмасин, токи қоронғи тушгунча ташиши мумкин. Ҳар бир киши ҳатто энг оғир ишни ҳам бир кун давомида бажариши мумкин. Ҳар бир инсон бошқа одамларга нисбатан токи қуёш бир кунлик йўлини босиб ўтгунча бағрикенглик, меҳрибонлик ва муҳаббат билан муносабатда бўлиши мумкин. Ҳаётнинг асл маъноси ана шунда», деб ёзган эди Роберт Луис Стивенсон.
Нечоғлик қийин бўлмасин, сиз бугунги юкни елкангизда ушлаб қолишингиз, ҳар куни биттадан вазифани ҳал қилиб, қўйилган мақсадга секин-аста яқинлашиб боришингиз мумкин.
Мабодо, сиз ўтмишда йўл қўйган хатоларингиздан куйиниб ёки эртага рўй бериши мумкин бўлган даҳшатли ҳодисалар ҳақида ғам чекиб, соатлаб тош қотиб ўтирадиган бўлсангиз, ихтиёрингиздаги биттаю битта нарса — бу бебаҳо кун ҳам бармоқларингиз орасидан сирғалиб ўтиб кетади.
Бугун — сизнинг кунингиз, сиз ўз қобилиятларингизни дунёга қўрсатиб, умумий ишга ҳисса қўшишингиз мумкин бўлган ягона кун. Эҳтимол, сиз ҳаётимизни ташкил қилган буюк бирликдаги ўз улушингизнинг аҳамиятини ҳеч қачон англамассиз, аммо сиз барибир ўз ролингизни ўйнашингиз шарт ва чиқиш навбати ҳозир сизники.
Қанчалик банд бўлманг, сиз барибир аввал бир лаҳзани, сўнг — ундан кейинги лаҳзани бошдан кечирасиз. Сиз ҳар қандай мушкул вазиятдан қутулиб чиқа оласиз, фақат бутун эътиборингизни шунга, ҳа, ёлғиз шунга қаратсангиз, бас.
Кунни тугатгач, у билан армонсиз хайрлашинг. Кечаги юкни келгуси тонгга қолдирманг. Сиз қўлингиздан келган бор ишни қилдингиз. Агар сизга хато ёки муваффақиятсизликлар халақит берган бўлса, уларни ёддан чиқаринг.
Бу кунни ва ундан кейинги барча кунларни гўё умрингиз қуёш ботиши билан тугайдигандек яшанг. Бошингиз ниҳоят ёстиққа теггач, бу кун қўлингиздан келган бор ишни қилганингизни ўйлаб уйқуга кетинг.

ХУЛЛАС, ТЎҚҚИЗИНЧИ ҚОИДА:

Бу кунни худди у ҳаётингизнинг сўнгги кунидек яшанг. Шуни унутмангки, «эртага» сўзи фақат нодонлар тақвимида учрайди. Кечаги мағлубиятлар ҳақида унутинг ва эртанги кун муаммоларига эътибор берманг. Сизнинг Қиёмат кунингиз келган. Уни йилнинг энг яхши кунига айлантиринг. «Агар умримни қайтадан яшаш имкони бўлганда эди…», деган сўзлардан ғамгинроқ сўзлар йўқ дунёда. Эстафета таёғини олинг-да, олға югуринг. Бу сизнинг кунингиз!

ЎНИНЧИ ҚОИДА

Яхши яшаш учун …

Бугундан бошлаб ҳаммага — дўсту душманга, танишу нотанишга — гўё улар ярим тунда оламдан ўтадигандек муносабатда бўлинг. Учрашувларингиз нечоғли қисқа бўлмасин, одамларга бор меҳрингиз, эътиборингиз ва муҳаббатингизни беринг. Буни чин дилдан, беғараз қилинг. Шунда ҳар кунингиз байрамга айланади.

Ҳар қандай ўйин қоидалари сингари, турмушнинг барча қоидалари ҳам бир-бири билан ўзаро боғлиқ. Битта қоидани бажарсангиз, у сизни кейингисига олиб келади ва ҳоказо. Бироқ, ҳаёт аталмиш ўйинни жиддий ўйнаш кераклигини унутманг.
Ҳар куни гўё у ҳаётингизнинг сўнгги кунидек яшай билиш — бахтли ва муваффақиятли турмушнинг бош тамойилларидан бири. Бироқ, худди шундай кучли ва самарали яна бир қоида борки, уни аввалги қоидадан фарқли ўлароқ, жуда кам одам билади.
Ҳар кунни гўё у ҳаётингиздаги ягона кунидек яшаб, ўзингиз билан учрашадиган барча одамларга — оила аъзоларингиз, қўни-қўшниларингиз, ҳамкасбларингиз, мижозларингиз, кўчадаги йўловчилар ва ҳатто душманларингизга ҳам (агар улар бўлса), худди сиз уларнинг ҳар бири ҳақида қандайдир чуқур ва илоҳий сирни биладигандек муносабатда бўлинг. Мана, бу сир: улар ҳам ерда ўзларининг сўнгги кунларини яшамоқдалар ва ярим тунда жон берадилар!
Қизиқ, агар сиз кун охирида бу одамлар чиндан ҳам абадий кўз юмишларини аниқ билганингизда, уларга қандай муносабатда бўлар эдингиз? Буни ўзингиз яхши биласиз: олдингидан кўпроқ меҳр, эътибор ва муҳаббат билан. Хўш, улар сизнинг бу меҳрибонлигингизга қандай жавоб беришади? Табиийки, худди шундай меҳр-оқибат, эътибор ва муҳаббат билан. Ҳар куни шундай қилинг. Хўш, агар сиз ҳаётингизни беғараз муҳаббат билан тўлдирсангиз, у қандай ўзгаради? Кўриб турибман, сиз жилмайяпсиз. Демак, жавобни биласиз.
Йигирма йил муқаддам, муаллифларни янги китобларини радио, телевидение ва газеталарда реклама қилиш учун узоқ сафарга жўнатишганида, улар ўзларини ҳозиргидан кўпроқ ёлғиз ҳис қилишарди. Ҳозир уларни том маънода қўлларидан етаклаб шаҳардан шаҳарга олиб юришади, меҳмонхоналарнинг пули олдиндан тўланган хос хоналарига жойлаштиришади. Олдинги пайтларда эса ноширлар авиа-чипталарни почта орқали юбориб, меҳмонхонада битта хонани банд қилиб қўйишар, муаллифни ҳар бир шаҳардаги учрашувлар рўйхати билан таъминлашар эди. Аэропорт ва меҳмонхоналарга ўзимиз боришимиз, жойдан-жойга доим таксида юришимизга тўғри келарди. Агар бир кунда етти-саккизта учрашув белгиланган-у (бу биз учун фавқулодда ҳодиса эмасди), учрашув жойлари Лос-Анжелесга ўхшаган катта ҳудуднинг турли ерларида жойлашган бўлса, керакли жойга вақтида етиб бора билиш уқуви иродамиз, чаққонлигимиз ва уддабуронлигимизнинг ўзига хос синовига айланарди.
Бир неча йил аввал, мамлакат бўйлаб навбатдаги сафарга чиққанимда Нэшвиллда рўй берган воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Қора танли ёшгина таксичи йигит мени меҳмонхонадан шаҳар атрофидаги мавзелардан бирига элтиб қўйди. Бу ерда мен WSМ-ТV студиясининг «Кундузги шоу» сида қатнашишим керак эди. Йўл олис бўлгани туфайли, биз гаплашиб қолдик. Ҳайдовчи — унинг исми Рэймонд Брайт эди, мижози телевизорда чиқишини эшитиб, боши осмонга етди.
Учрашувларимнинг бир неча варақдан иборат зич рўйхатида бу дас-тур студиядан жонли эфирга чиқиши кўрсатилган эди, унинг услуби жаз-оркестр ва бир нечта машҳур хонандалар иштирокидаги «Тунги шоу»ни эсга соларди. Биз манзилга етиб келгач, таксичи йигит:
— Бу Нэшвиллдаги энг зўр телестудия! — деб хитоб қилди.
Афтидан, одамларга меҳр-оқибат кўрсатиш ҳақидаги қоида онгимга чуқур ўрнашиб қолган эди, чунки бу ҳақда кечаги учрашувимда батафсил гапириб бергандим. Нима бўлганда ҳам, Рэйга йўлкира ҳақини бераётиб, туйқус:
— Сиз телевизион шоу қандай суратга олинишини кўрганмисиз? — деб сўрадим.
— Йўқ, сэр.
— Хў-ўш… агар бир ярим соат бўш вақтингиз бўлса-ю, машинангиз туриб қолгани ҳақини тўласам, мен билан кириб, камера олдида ўзимни қандай алфозда кўрсатишимни кўришни хоҳламайсизми?
— Гапингиз чинми?
— Бўлмаса-чи. Шоу тугаганидан кейин мени Коксберридаги китоб дўконига элтиб қўясиз, у ерда мен соат бир яримда ўқувчиларга китобларимга дастхат ёзиб беришим керак.
Таксичи ҳисоблагичга сариқ байроқчани илиб (бу унинг машина тўхтаб қолгани учун ҳақ олиш нияти йўқлигини англатарди), машинадан тушди. Телестудияда мен янги танишимни шоу бошловчиси Тедди Барт ва продюсер Элейн Геник билан таништирдим. Улар бизни кенг ва чароғон студияга бошлаб киришди. Бу ерда оркестр аллақачон асбобларни созлай бошлаган эди. Рэйни биринчи қатордаги нуфузли меҳмонларга мўлжалланган жойлардан бирига ўтқизишди. Мен Тедди ва Элейн билан бўлажак суҳбат мавзусини муҳокама қилгунимча, Рэй машшоқлар асбобларини созлаб, ўз чиқишларини машқ қилишлари, камера ва микрофонларнинг эса ҳар томонга айланишини ҳайрат билан кузатиб ўтирди.
Шоу тугаганидан сўнг биз тез китоб дўконига етиб бордик. Кейин мен Рэйга қорним очганини айтдим. У мени «шаҳарнинг ўз қисми»даги қаҳвахонага олиб борди. Камина қаҳвахонадаги ягона оқтанли мижоз эдим. Шунга қарамай, мени бу ерда жуда ширин гамбургерлар билан сийлашди. Тамадди қилиб бўлганимиздан кейин ҳамёнимни чиқариш учун чўнтагимга қўл солдим, бироқ кимнингдир кучли қўли мени тўхтатди. Овқатнинг ҳақини Рэй тўлади, эътирозимни у ҳатто эшитишни ҳам истамади. Сўнг мени тағин иккита жойга олиб борди. Бу ерда мен радиода чиқишим керак эди. Рэй қайтиб чиққунимча мени ташқарида кутиб турди. Кейин биз меҳмонхонага келдик. Бу ердан нарсаларимни олиб, рўйхатдан ўчиб чиққанимдан сўнг, ниҳоят, Рэй мени аэропортга элтиб қўйди.
Йўлда мен таксининг орқа ўриндиғида ўтириб, мудраб қолибман. Бир вақт:
— Мистер Ог… — деган дўриллаган овоздан ўзимга келдим. Рэй менга худди ток-шоу бошловчиси сингари мурожаат қиларди. — Мис-тер Ог, мен бу кунни ҳеч қачон унутмайман.
— Нима учун, Рэй?
— Шунинг учунки, бу кун мен ўзимни биринчи марта катта одамдек ҳис қилдим.
Йўл бўйи, аэропортга етгунимизга қадар мен вақти-вақти билан рўпарамдаги кўзгуда Рэйнинг ўзимга қадалган катта мовий кўзларини илғаб, ўзига-ўзи: «…биринчи марта ўзимни катта одамдек ҳис қилдим», деб пичирлашини эшитиб кетдим.
Аэропортда Рэй таксидан тушиб, юкимни йўловчилар рўйхатга олинадиган жойгача олиб бориб қўйди. Шу ерда мен унга йўлкира ҳақини бердим. Кутилмаганда Рэй мени қучоқлаб олди. Унинг кўзларидан тир-қираб ёш қуйилди. Атрофдагилар бизни ҳайрон кузатишарди.
— Мен сизни яхши кўраман, мистер Ог, — деди Рэй.
— Мен ҳам сени яхши кўраман, Рэй, — деб жавоб бердим кўнглим бузилиб.
«Улар ярим тунда оламдан ўтади». Бу тамойил сиз учрашадиган барча одамлар билан муносабатлар учун янги уфқлар очади. Унга амал қилиш қийин эмас. Унга амал қилиб сиз ҳаётингизни узил-кесил ўзгартиришингиз мумкин. Уриниб кўринг!

ХУЛЛАС, ЎНИНЧИ ҚОИДА:

Бугундан бошлаб ҳаммага — дўсту душманга, танишу нотанишга — гўё улар ярим тунда оламдан ўтадигандек муносабатда бўлинг. Учрашувларингиз нечоғли қисқа бўлмасин, одамларга бор меҳрингиз, эътиборингиз ва муҳаббатингизни беринг. Буни чин дилдан, беғараз қилинг. Шунда ҳар кунингиз байрамга айланади.

ЎН БИРИНЧИ ҚОИДА

Яхши яшаш учун …

Турмуш устидан ҳам, ўзингизнинг устингиздан ҳам кулиб яшанг. Заҳарханда қилиб эмас, йўқ — кулги азоб-уқубатларингизни енгиллаштирувчи, руҳий тушкунликдан халос қилувчи, айни дамдаги муаммоларингизни келгусида ҳал қилишга ёрдамлашувчи малҳам, шифобахш восита бўлиши лозим. Оғир пайтларда танглик ва ғам-ташвишни кулги билан қувиб ҳайданг, аниқ ва тиниқ фикрлаб, муаммонинг ечимини топиш учун ақлингизга жой бўшатинг. Ечим эса доим топилади. Ўзингизга ҳаддан ташқари жиддий муносабатда бўлманг.
Кулгингиз бирор марта ҳам янграмаган кунлар сизнинг энг маъюс ва ғамгин кунларингиздир. Қувноқ кулги ҳар бир хонадонга нур олиб киради, ҳар куни, ҳатто ғам-ташвишлар билан курашаётганингизда ҳам ҳазил-мутойиба ҳиссини йўқотманг. Ҳар бир табассум, самимий кулги умрингизнинг қимматли лаҳзаларини узайтиради.
Инсон — кулиш қобилиятига эга ва балки, ўз устидан кулишга лойиқ бўлган ягона тирик мавжудот. Аммо «ўз устидан кулиш учун етарли даражада мардликка эга бўлган кишилар ҳаммадан яхшироқ куладилар. Бу уларда ўзига нисбатан холис муносабатда бўлиш қобилияти мавжудлигидан далолат беради. Агар сиз бунга қодир бўлсангиз, барча ғам-ташвишларингиз ортга чекинади.
Тўғри, ҳаётнинг оғир ўйинида маълум қоидалар мавжуд. Бироқ, бу ҳар қалай ўйин эканлиги ва уни ҳаддан ташқари жиддий қабул килмаслик кераклигини ҳеч қачон унутманг. Агар биз бутун бошли кундан ҳеч бўлмаса озгина хурсандчилик ололмасак, унда яшашнинг нима қизиғи бор? Ўз устидан кула билиш, ўзига ҳаддан таш-қари жиддий муносабатда бўлмаслик — бу мен ҳар қадамда эслайдиган ўйин қоидасидир. Ҳар сафар ўзимни ҳаддан ташқари «ишбилармон» ҳис этиб, олифталик қила бошласам ёки машҳур ёзувчи ролига кирсам, Тангри боплаб адабимни бериб, ақлимни… кейинги галгача жойига тушириб қўяди.
Мен бир неча кун мобайнида Атланта атрофидаги радио ва телевизион станцияларнинғ эшигини қоқиб, энди чиройли қора лимузинда шаҳардан тахминан икки соатлик йўлдаги йирик савдо марказига китобхонлар билан учрашгани кетиб борардим. Қўлимдаги учрашувлар рўйхатида йўл-йўлакай кичкинагина христианлар радиостанциясига кириб, «ҳазрат Жон» номи билан машҳур жентелмен билан жонли эфирда ярим соатни ўтказишим кераклиги кўрсатилган эди.
Ниҳоят, биз бўёғи кўчган кичкина оқ коттеж олдига келиб тўхтадик. Ҳайдовчи мен томон қараб, худди кечирим сўрагандек:
— Мана у, сэр. Радиостанция, — деди. Кираверишдаги соябонли пиллапоядан кўтарилиб улгурмасимдан эшик очилиб, ҳазрат Жоннинг ўзи чиқиб келди. Мен уни дарров танидим, чунки оқ кўйлагининг кўкрак чўнтагига «ҳазрат Жон» сўзлари қизил ип билан чиройли қилиб тикиб қўйилган эди.
— Станциямизга хуш келибсиз, сэр! — деди у мени қучоқ-
лаб. — Бу биз учун катта бахт.
Биз қачондир меҳмонхона бўлган, бироқ энди электрон ускуналар, кассета ва ёзувли қутилар уйиб ташланган хонадан етаклашиб ўтдик. Ҳазрат Жон мени уйнинг орқа қисмидаги ўз «студия»сига бошлаб борар экан, қулоғимга қаердадир куйланаётган диний қўшиқлар овози чалинди.
— Бир неча дақиқадан кейин эфирга чиқамиз. Бемалол жойлашиб ўтиринг, — деб мулозамат кўрсатди мезбон.
Ҳазрат Жон қўли билан ишора қилган томонда бўялмаган ёғоч стол, унинг устида эса тахтага бир нечта мих билан қоқилган микрофон қийшайиб турарди. Мен қаттиқ ёғоч курсига ўтирарканман, Бешинчи авенюдаги хос хоналардаги ноширларим ўз муаллифларини қаёққа юбораётганлари ҳақида бирон-бир тасаввурга эгамикан, деб ўйлар эдим. Кейин мени ҳайратга солиб ҳазрат Жон ҳам ёнимга курсини суриб ўтирди. Мен туйқус бу микрофон студияда битта эканлиги ва уни ҳазрат Жон билан баҳам кўришимизга тўғри келишини тушундим. Атлантадаги замонавий радиостанцияларнинг ҳашаматига солиштирганда, бу батамом ажабланарли ҳол эди. Бироқ мен ярим соатга бундан баттарроғига ҳам чидашга тайёр эдим.
Ўша сафаримда мен «Масиҳнинг ваколати» китобимни реклама қилардим. Мен билан суҳбатдан олдин бу китобни ўқимаган аксарият суҳбатдошларимдан фарқли ўлароқ, ҳазрат Жон уни фақат ўқибгина қолмай, ён дафтарига қатор ақлли саволлардан иборат узун рўйхат ҳам тузиб олган эди. Эфирга чиққанимиздан кейин у мана шу ён дафтарига қараб, мени саволга тутди.
Мунозарамиз жуда чиройли ўтаётган эди. Бироқ, суҳбатнинг қоқ ярмида қўшни хонада телефон жиринглади. Табиийки, «студия», аксарият замонавий студиялар сингари, четдан овоз кирмайдиган қилиб жиҳозланмаган эди. Шу боис айни саволга жавоб бераётган пайтимда қулоқни батанг қилиб чинқирган қўнғироқ мени маромдан чиқарди. Мен гапнинг учини йўқотдим.
Лаънати телефон эса чинқиришда давом этарди. Ниҳоят, асаби бузилган ҳазрат Жон ён дафтарига қараб, менга рўйхат бўйича навбатдаги саволни берди-да, зўр бериб қилган имо-ишораларимга ҳам қарамай, қўшни хонага афтидан, қўнғироққа жавоб бериш учун, чиқиб кетди. Мен энди бўш курсига қараб гапирар, микрофон эса сўзларимни эфирга узатарди. Камина жавобни тугатсам-у, бошловчи унгача қайтиб келмаса, нима қиламан, деб ўйлаб жуда секин, дона-дона қилиб гапирардим.
Ниҳоят, мен бор гапимни айтиб тугатдим. Ҳазрат Жондан эса ҳануз дарак йўқ эди. Шунда мен, айтиш мумкинки, умримда биринчи марта жуда ақлли иш қилдим. Қаршимда ётган блокнотни олдим, саволлар рўйхати устидан бармоғимни юргизиб, навбатдаги саволни топдим ва: — ҳазрат Жон, фикри ожизимча, сиз китобимнинг асосий ғояси қандай туғилганини билмоқчисиз? — дедим.
Шу асно мен кейинги ўн беш дақиқа давомида ўзим билан ўзим суҳбат қурдим!
Ниҳоят, кимдир келиб елкамга қоқди. Бошловчи ва дастур меҳмони ролига шу қадар жиддий киришиб кетибманки, мезбоннинг қайтиб келганини ҳам сезмабман. У деворда осиғлиқ каттакон соатга қўли билан ишора қилди ва микрофонга энгашиб:
— Жаноб Мандино, студиямизга ташриф буюрганингиз учун ташаккур. Сизга ва ажойиб китобингизга каттадан-катта муваффақ ятлар тилайман. Сафарингиз бехатар бўлсин. Илоё Тангри сизни ўз паноҳида асрасин! — деди.
Шу сўзларни айтиб у столдаги тугмалардан бирини босди ва мен пешанамдаги терни артиб, нафасимни ростлаб олгунимча эфирда «Сиондаги Тангрига шукрона» қўшиғи янгради. Кейин мен бизни ўзимизнинг устимиздан кулишга ўргатувчи турмушнинг жуда муҳим бир қоидасини эслаш бахтига мушарраф бўлдим. Ҳазрат Жон бошдан-адоқ ёзиб ташланган архив варақчасини қаршимда силкитиб, жуда мамнун қиёфада жилмайди.
— Жаноб Мандино, сизни куттириб қўйганим учун узр. Аммо сиз бу синовдан жуда усталик билан ўтдингиз. Сан-Диегодан онам қўнғироқ қилибдилар, саксон яшар кампир. Ўтган сафар гаплашганимизда менга сабзили пирог пиширишнинг эски оилавий рецептини беришни ваъда қилгандилар.
Дунё устидан, ундан ҳам кўпроқ ўзингизнинг устингиздан кулинг. Агар кулги яқин дорихонада сотилганида, оилавий дўхтирингиз сизга уни ҳар куни жуда кўп миқдорда ичишни тайинлаган бўларди. Ишонинг, кулги билан яшаш кулгисиз яшашдан кўра яхшироқ.

ХУЛЛАС, ЎН БИРИНЧИ ҚОИДА:

Турмушдан ҳам, ўзингизнинг устингиздан ҳам кулиб яшанг. Заҳарханда қилиб эмас, йўқ — бу кулги азоб-уқубатларингизни енгиллаштирувчи, руҳий тушкунликдан халос қилувчи, айни дамдаги муаммоларингизни келгусида ҳал қилишга ёрдамлашувчи малҳам, шифобахш восита бўлиши лозим. Оғир пайтларда танглик ва ғам-ташвишни кулги билан қувиб ҳайданг, аниқ ва тиниқ фикрлаб, муаммонинг ечимини топиш учун ақлингизга жой бўшатинг. Ечим эса доим топилади. Ўзингизга ҳаддан ташқари жиддий муносабатда бўлманг.

ЎН ИККИНЧИ ҚОИДА

Яхши яшаш учун …

Майда-чуйдаларга ҳеч қачон бефарқ қараманг. Айни ҳолатда қўлингиздан келганини қилишга, бир неча ортиқча дақиқа сарфлашга, мақтов ёки ташаккур сўзларини айтишга ҳеч қачон эринманг. Сиз ҳақингизда бошқалар нима деб ўйлаши аҳамиятсиз, аммо ўзингиз қандай ўйлашингиз жуда муҳим. Агар оғир вазиятларни юмшатишга уриниб, масъулиятдан ўзингизни олиб қочадиган бўлсангиз, қўлингиз ҳеч қачон баланд келмайди. Сиз ўзига хос одамсиз ва ўзига хос тарзда иш тутишингиз керак. Ҳеч қачон майда-чуйдаларга бефарқ қараманг.

Ўқитувчи, талаба, ишчи, савдогар, автобус ҳайдовчиси, мураббий, спортчи, лифтчи, шифокор, ҳуқуқшунос — ҳаётда қайси бир касбни танлаган бўлманг, қайси бир касб-ҳунар билан тирикчилик қилманг — ҳеч қачон, ҳеч қачон майда-чуйдаларга бефарқ қараманг.
Дарҳақиқат, биз воқеа-ҳодисалар яшин тезлигида ривожланаётган бир даврда яшамоқдамиз. Бу ҳовлиқма оламда оғир вазиятларни юмшатиш ва айрим мажбуриятларни бажаришдан қочишга ўрганиб қолиш жуда осон.
Биз тарих сабоқлари ва доноларнинг ўгитларини унутиб қўйяпмиз. Нима иш билан шуғулланманг, майда-чуйдаларга бефарқлик сизга жуда қимматга тушиши мумкин.
Эдисон эътиборсизлик оқибатида ўндан бирга ажратувчи нуқтани бошқа жойга қўйиб, қимматбаҳо патентга эгалик қилиш ҳуқуқини қўлдан чиқарган.
Роберт де Винченцо ўзининг нотўғри ҳисоб кўрсатилган ҳисоб варақчасига қарамай қўл қўйиб юборгани туфайли муҳим мусобақани бой берган. Ушбу доно сўзларга кўпчилигингиз қўшилсангиз керак:

Мих йўқ эди —
Тақа
Йўқолди.

Тақа тушиб,
От
Оқсаб қолди.

От оқсади —
Сардор
Ўқ еди.

Сардор ўлди —
Қўшин
Енгилди.

Ёв шаҳарга кирди,
Қилди хўб қирғин.
Нега?
Тақачида
Мих йўқлиги учун.
 («Ўрдак Момо қофиялари»)

Айтишларича, Бенжамин Франклин шу сўзларни такрорлашни ёқтирган экан.
Табиийки, ҳар бир инсон ўзига ғоят ёқадиган, ҳатто бепул бажаришга ҳам тайёр бўлган иш топишни орзу қилади. Афсуски, бундай бахтли одамлар жуда кам топилади. Шунинг учун ҳам кўпчилигимиз доимий меҳнатдан чарчаб, секин-аста масъулиятдан қочишга урина бошлаймиз. Бу сизнинг ўзингизга бўлган муносабатингизга салбий таъсир қилишидан ташқари, майда-чуйдаларга бефарқлик ёки енгилтаклик билан қараш янада каттароқ муаммоларга олиб келади. Сиз бошқача одамсиз. Гапларингиз ёки ишларингиз билан ҳамма нарсани қойиллатиб бажариш қобилиятингизга бошқаларда заррача шубҳа уйғотманг. Фақат омадсиз ва ўртамиёна одамларгина майда-чуйдаларга эътибор бермайдилар.
Бу оддий, аммо кучли ҳақиқатга ажойиб мисол Нью-Йорк бандаргоҳидаги Озодлик ороли узра қад ростлаб турибди. Агар қачондир Нью-Йоркка келсангиз-у, бир-икки соат бўш вақтингиз бўлса, Ист-Ривердаги Шарқий ўттиз тўртинчи кўчадан бошланувчи вертолёт сайрига чипта сотиб олинг. Бандаргоҳ узра қад ростлаган Озодлик ҳайкалига яқинлашганда, унга алоҳида эътибор билан қаранг.
Озодлик маъбудасининг пўлат конструкция билан мустаҳкамланган мис танаси денгиз сатҳидан 305 фут баландликда юксалиб туради. Вертолёт ҳайкални айланиб ўтаётганида, унинг ҳар бир соч тутами, худди кўйлаги ва танасининг бошқа деталлари сингари, майда-чуйда тафсилотларигача пухта ва мукаммал акс эттирилганининг гувоҳи бўласиз. Бу беҳад нозик иш ҳайкалтарош Огюст Бартолдининг Париждаги устахонасида қўшимча бир неча ҳафта меҳнатни талаб қилгани аниқ. Ҳолбуки, буюк ҳайкалтарош бу бир неча ҳафтани тежаб қолиши ҳам мумкин эди — чунки ўша пайт ҳеч ким, ҳатто истаган тақдирда ҳам, Озодлик маъбудасининг бошини яқиндан кўра олмасди!
Ҳайкал президент Гровер Кливленд томонидан 1886 йил 28 октябрда очилди. 1886 йили ҳали самолётлар йўқ эди! Ака-ука Райт ўзлари қурган биринчи аэропланда ердан фақат ўн етти йил кейин кўтарилишга муваффақ бўлдилар. Бартолди ҳайкални тепадан фақат денгиз чағалайларигина кўриши, маъбуданинг соч тутамлари пухта ва мукаммал ишланмаса, буни ҳеч сезмаслигини жуда яхши биларди. Бироқ буюк санъаткор енгил йўл изламас эди. Шунинг учун ҳам маъбуданинг ҳар бир соч толаси, кокили — ўз ўрнида!

ХУЛЛАС, ЎН ИККИНЧИ ҚОИДА:

Майда-чуйдаларга ҳеч қачон бефарқ қараманг. Айни ҳолатда қўлингиздан келганини қилишга, бир неча ортиқча дақиқа сарфлашга, мақтов ёки ташаккур сўзларини айтишга ҳеч қачон эринманг. Сиз ҳақингизда бошқалар нима деб ўйлаши аҳамиятсиз, аммо ўзингиз қандай ўйлашингиз жуда муҳим. Агар оғир вазиятларни юмшатишга уриниб, масъулиятдан ўзингизни олиб қочадиган бўлсангиз, қўлингиз ҳеч қачон баланд келмайди. Сиз ўзига хос одамсиз ва ўзига хос тарзда иш тутишингиз керак. Ҳеч қачон майда-чуйдаларга бефарқ қараманг.

ЎН УЧИНЧИ ҚОИДА

Яхши яшаш учун …

Ҳар бир тонгни қувонч билан қарши олинг. Ҳар бир янги кунга Тангрининг навбатдаги инъоми, кеча тугата олмаган ишингизни ниҳоясига етказиш учун берилган навбатдаги ажойиб имконият сифатида қаранг. Кайфиятингизни келаётган кунга созланг. Биринчи соатдаёқ муваффақият ғояси, бугун қиладиган ижобий ишларингизнинг ғояси туғилсин. Бу кун бошқа ҳеч қачон қайтарилмайди. Уни дастлабки онлардан бошлаб, бекорга сарфламанг. Ёмон кайфият туфайли муваффақиятсизликка учрашдан ортиқ бемаза нарса йўқ.
Кайфиятингизни келаётган кунга созланг. Ҳар бир янги тонгни қувонч билан қарши олинг ва кечаги натижаларингиздан ўзиш имкониятини бергани учун Тангрига шукрона айтинг. Кўпчилик янги кун нима олиб келаркин, деб қўрқиб, эрталаб ўрнидан тургиси келмайди. Улар эрталабки хулқ-атворимиз куннинг қолган қисмига ўз муҳрини босиб, бизни эртанги кунга ва келгусидаги барча кунларга тайёрлашини тушунмайдилар.
Навбатдаги кун ҳам тушкун, қувончсиз ва зерикарли ўтишини ҳис этган ҳолда, фақат кун ботганидан кейин кўришимиз мумкин бўлган яхши тушгагина умид қилиб уйғониш нақадар даҳшатли!
Бундан яхшироғи эса шу: ҳар бир тонгни қувонч билан кутиб олиш, кун ўзида яширган имкониятлар учун унга раҳмат айтиш, атрофдагиларга меҳр-муҳаббат кўрсатиш, дўсту душманга хушмуомалалик ва бағрикенглик билан муносабатда бўлиш, яхши бажарилган ишдан лаззатланиш. Ҳар бир яшаб ўтилган кун ҳаётингизда ана шундай из қолдириши керак.
Бироқ, энг муҳими — тонгни қувонч билан қарши олинг. Бош чайқаяпсизми? Начора, агар бу оддий машқ ҳам сизга оғир бўлиб туюлаётган бўлса, агар эрталаб уйғониб қувониш учун сабаб йўқлигини ҳис қилсангиз, тушкунликка тушманг. Бу ҳамманинг ҳаётида бўлади. Шундай кунлар бўладики, ҳатто дунёдаги энг қувноқ одамлар ҳам ўзларини қуршаган олам билан мулоқот қилишдан кўра тўрт девор ичида ёлғиз ўтиришни афзал кўрадилар. «Ёмон» кунлар ҳаммада, ҳатто энг обрўли сиёсий арбоблар, машҳур спортчилар ва йирик корпорацияларнинг президентларида ҳам учрайди. Ҳаммамиз ҳам баъзан гавжум бекатларда автобус кутиш, қайсар мижозларга сим қоқиш ёки қўпол бошлиқ билан учрашиш ўрнига бошимизни юмшоқ ёстиқ остига яшириш истаги билан уйғонамиз.
Мабодо, сиз эртага эрталаб навбатдаги кун оғир кечиши, ҳар қанча уринманг, сизга ҳеч қандай мукофот келтирмаслигини ҳис қилиб уйғонадиган бўлсангиз, руҳингизга бутун кун мобайнида бардамлик бахш этадиган бир маслаҳат бераман. Бу оддий усул ёки фокус — қандай истасангиз, шундай атанг — ҳеч қачон панд бермайди, сизга бир центга ҳам тушмайди, шунга қарамай, сиз учун пўртаҳол шарбати, қаҳва, бифштекс, қуймоқ ёки руҳни кўтарадиган мусиқа ёзилган кассетадан ҳам кўпроқ фойда келтиради. Сиз ўзингизни қуршаган оламга ижобийроқ, қизғинроқ, унумлироқ… ва миннатдорона муносабатда бўла бошлайсиз.
Агар эрталаб ўзингизга нисбатан қаттиқ ачиниш ҳисси билан уй-ғонсангиз, янги газетани олиб ўқинг. Фақат биринчи саҳифасига қараманг, акс ҳолда чиндан ҳам ертўлага тушиб яширингингиз келиб қолади. Бунинг ўрнига… таъзиялар босилган саҳифага кўз ташланг!
У ерда сиз билан бажонидил ўрин алмашишга, барча ғам-ташвиш, иккиланиш, қўрқув ва муаммоларингизни ўз елкасига олишга тайёр бўлган одамларнинг узун рўйхатига кўзингиз тушади. Кейинги сафар эрталаб уйдан чиққингиз келмаса, шу усулни синаб кўринг. Кейин менга раҳмат айтасиз.
Энди қушларнинг сайрашини эшитаётгандирсиз?

ХУЛЛАС, ЎН УЧИНЧИ ҚОИДА:

Ҳар бир тонгни қувонч билан қарши олинг. Ҳар бир янги кунга Тангрининг навбатдаги инъоми, кеча тугата олмаган ишингизни ниҳоясига етказиш учун берилган навбатдаги ажойиб имконият сифатида қаранг. Кайфиятингизни келаётган кунга созланг. Биринчи соатдаёқ муваффақият ғояси, бугун қиладиган ижобий ишларингизнинг ғояси туғилсин. Бу кун бошқа ҳеч қачон қайтарилмайди. Уни дастлабки ондан бошлаб, бекорга сарфламанг. Ёмон кайфият туфайли муваффақиятсизликка учрашдан ортиқ бемаза нарса йўқ.

ЎН ТЎРТИНЧИ ҚОИДА

Яхши яшаш учун …

Агар улкан орзуингиз сари кундан-кунга тўхтовсиз интиладиган бўлсангиз, унга албатта эришасиз. Шунинг учун ҳар куни олдингизга енгил ва узоқ муддатга мўлжалланган, лекин зарур ишларни бажаришни мақсад қилиб қўйинг. Улар сизни қадамма-қадам орзуингиз чўққисига олиб чиқади. Агар сизга шу қулай бўлса, уларни ён дафтарингизга ёзиб боринг, бироқ рўйхатни шундай тузингки, бугунги тугалланмаган ишларни эртага қолдиришга тўғри келмасин. Улкан эҳромни бир кунда қуриб бўлмаслигини унутманг. Сабр-тоқатли бўлинг. Иш соатларини асосий мақсаддан чалғитадиган ўткинчи нарсалар билан тўлдирманг. Ҳамма ишларни маромига етказиб бажаринг, бу кунни хурсандчилик билан ўтказинг ва амалга оширган ишларингиздан катта қониқиш ҳосил қилинг.

Олдимизга мақсад қўйишимиз жуда осон. Исталган биримиз келгусида бажаришни мўлжаллаган ишларнинг узун рўйхатини тузишимиз, кейин эса… уни бир чеккага суриб қўйиб, аввалгидек яшашда давом этишимиз мумкин.
Келинг, бу муаммони ҳал қилишингизга ёрдам берай, зеро у баъзан жуда кўп одамлар учун катта тўсиққа айланади. Лекин олдин сизни бир нарса ҳақида огоҳлантириб қўяй. Сизни кундан кунга, йилдан йилга узоқ ва тиним билмай меҳнат қилишга мажбурлайдиган, ўзингиз ва суйган одамларингиз учун ҳам вақт қолдирмайдиган ҳар қандай мақсад — бу мақсад эмас, балки ҳукмдир. У сизни — моддий фаровонлик ва муваффақиятга эришасизми ё йўқми, қатъи назар — бахтсиз турмуш кечиришга маҳкум этади.
Бизга кўпинча: «Ҳаёт — бу дарбадарлик», деб уқтиришади. Социология соҳасидаги мутахассислар бу иборани ҳуда-беҳуда қўллайверадилар, уни катта-катта ҳарфлар билан китобларнинг муқоваларига жойлаштирадилар, ўнлаб аудиокассеталардан ҳам шу сўзлар жаранглайди: «Ҳаёт — бу дарбадарлик!» Шу қадар чиройли жаранглайдики, эшитган одам унга лаққа ишонади.
Аслида бу аҳмоқона ибора муваффақиятнинг биринчи поғонасига етиш учун ҳар қандай йўқчиликларга чидашингиз, ҳоли-жонингиз қолмагунча тинмай ишлашингиз кераклигини англатади. Аммо шунинг ўзи кифоя қилмайди. Ҳаёт — бу дарбадарликми? Унда чуқур тин олинг-да, суйган одамларингиздан йўлингиздан қочишларини сўраб, сўнг кундан кунга, токи иккинчи поғонага кўтарилгунингизга қадар ишлаб, заҳмат чекишда давом этинг. Қойил! Хўш, энди тинчлансак бўлар? Э йўқ, кечирасиз. Буни дарбадарлик дейдилар, дўстим. Яна бир чуқур тин оласиз-да, токи кейинги поғонага, сўнг эса — кейингисига кўтарилгунга қадар заҳмат чекаверасиз.
Ниҳоят, ажойиб кунларнинг бирида…
Буюк рус ёзузчиси Лев Толстой одамлар аслида бахт-саодат келтирмайдиган аллақандай мақсадларга эришишга уриниб, ҳар доим мағлубиятга учрашлари ҳақида ажойиб бир ривоят ёзиб қолдирган. Пахом исмли бир деҳқон агар менда ҳам, худди бойлардагидек, жуда кўп ерим бўлганида, улкан муваффақиятга эришган бўлардим, деган ишонч билан яшайди. Буни ўз ҳаётининг бирдан-бир мақсади деб ҳисоблайди. Ниҳоят, бир куни келиб унга таклиф қилишади: тонг-дан шомга қадар қанча ерни югуриб босиб ўтсанг, ҳаммаси сеники бўлади, деган шарт қўйишади.
Пахом бу ажойиб таклиф қилинган олис ўлкага кўчиб бориш учун ўзининг бор буд-шудини сотади. Йўлда кўп азоб-уқубатларни бошдан кечириб, манзилга етиб келади ва эртагаёқ ўзининг улкан орзусини амалга оширишга тайёр эканлигини билдиради.
Эрта тонгдан Пахом икки оёғини қўлига олиб, шитоб билан югуришга тушади. У олдида фақат ўз мақсадини кўради ва унга эришиш учун атрофга ҳам, жазирама иссиққа ҳам қарамай, олға интилади. Кун бўйи у тезликни пасайтирмай, еб-ичиш ёки дам олиш учун ҳам тўхтамай югуради. Унинг ер-суви дам сайин кўпайиб боради. Ниҳоят, қуёш уфқ ортида кўздан йўқолиб, ерга қоронғи тушгач, Пахом маррага етиб келади. Ғалаба! У ўз мақсадига эришди! Муваффақият!
Бироқ… сўнгги қадамни ташлаб, Пахом силласи қуриб ерга йиқиладию, жони узилади. Энди унга керак бор нарса — фақат олти фут қора ер, холос…
Бу кун ҳам, худди бошқа кунлар сингари, Тангрининг сизга қилган алоҳида инъоми. Олдингизга шундай мақсадлар қўйингки, уларга эришиш кун охирида сизга қувонч бахш этсин. Уларнинг айримлари сизга кун давомида қувонч ва таскин бахш этса ҳам майли. Кундалик вазифаларингизни шундай режалаштирингки, улар сиз ўз орзуларингизга эришиш сари ташлаган алоҳида қадамлар бўлсин. Муваффақиятга эришиш учун бор имкониятингизни ишга солинг. Борди-ю, бугун муваффақият қозона олмасангиз, уринишларингизни эртасига давом эттиринг.
Рим файласуфи Сенека шундай деган эди: «Бугунги кунидан қувонган, ўтмишга қарам бўлмаган ва келажакдан қўрқмайдиган одам чинакам бахтлидир. Умид ва хавотирлар билан ўзимизни алдамай, борига қаноат қилмоғимиз даркор, зеро шукр қилган одам ҳеч нарса истамайди. Инсониятнинг энг буюк неъмати инсонларнинг ўзида. Доно одам ўз қисматига — у қандай бўлмасин шукр қилади ва ўзида йўқ нарсага эга бўлишга интилмайди».
Узоқ ва мазмунли ҳаёт йўлини босиб ўтган, ўз истеъдоди ва меҳнати билан моддий фаровонликка эришиб, бутун дунёда тан олинган америкалик буюк бир комик яқинда берган интервьюларидан бирида ўз муваффақиятига доимо шубҳа қилганини тан олди. «Баъзан эртага эрталаб уйғонаман-у, ҳаммаси ғойиб бўладигандек, кимдир келиб: «Бўлди, оғайни. Сен учун ҳаммаси тугади», дейди-ю, мен унга ишонадигандек бўлиб туюлади», деди у. Ёши олтмишдан ошганига қарамай, бу ҳар томонлама қобилиятли одам худди Пахомга ўхшаб югуришда — театрлар, тунги клублар, кино ва телевидениеда пайдо бўлишда давом этмоқда. Унинг мухлислари бундан, албатта, хурсандлар. Бироқ, мен унинг баъзида тўхташи ва атиргулларнинг сўнгги гулбарги тўкилиб тушмасидан, уларнинг атридан баҳра олишини истардим.
Биз ҳаммамиз ҳаёт гирдобида айланамиз. Шопенгауэр айтганидек, агар инсон йиқилишни истамаса, худди дорбоз янглиғ арқонда мувозанатни сақлаб, тинимсиз олға интилиши керак. Бу нақадар ачинарли! Аммо, ишончим комилки, бундан яхшироқ яшаш ҳам мумкин.

ХУЛЛАС, ЎН ТЎРТИНЧИ ҚОИДА:

Агар улкан орзуингиз сари кундан-кунга тўхтовсиз интиладиган бўлсангиз, унга албатта эришасиз. Шунинг учун ҳар куни олдингизга енгил ва узоқ муддатга мўлжалланган, лекин зарур ишларни бажаришни мақсад қилиб қўйинг. Улар сизни қадам-бақадам орзуингиз чўққисига олиб чиқади. Агар сизга шу қулай бўлса, уларни ён дафтарингизга ёзиб боринг, бироқ рўйхатни шундай тузингки, бугунги тугалланмаган ишларни эртага қолдиришга тўғри келмасин. Улкан эҳромни бир кунда қуриб бўлмаслигини унутманг. Сабр-тоқатли бўлинг. Иш соатларини асосий мақсаддан чалғитадиган ўткинчи нарсалар билан тўлдирманг. Ҳамма ишларни маромига етказиб бажаринг, бу кунни хурсандчилик билан ўтказинг ва амалга оширган ишларингиздан катта қониқиш ҳосил қилинг.

ЎН БЕШИНЧИ ҚОИДА

Яхши яшаш учун …

Ҳеч кимга кайфиятингизни бузиб, келаётган кунга тушкунлик ва омадсизлик соясини солишига йўл қўйманг. Шуни унутмангки, бировнинг хатосини топиш учун қобилият ҳам, мардлик ҳам, теран ақл ҳам керак эмас. Агар ўзингиз бунга йўл қўймасангиз, ҳеч қандай ташқи шароитлар сизга ўз ҳукмини ўтказа олмайди. Вақтингиз олтинга тенг, шунинг учун ҳам сиз уни нафрат, рашк ва ҳасаднинг қора кучлари билан олишиб, беҳуда сарфлай олмайсиз. Умрингиз омонат. Уни кўз қорачиғингиздек асраб-авайланг. Гулни ёлғиз Парвардигор яратмоққа қодир. Бироқ ҳар қандай эси йўқ бола уни синдириши мумкин.
Монтен айтганидек, ҳаёт жуда нозик, унинг маромини бузиш жуда ҳам осон. Нимадир ўзимиз истагандек кечмаслиги мумкин. Кўпинча майда кўнгилсизликлар, худди майда ҳарфлар кўзимизни чарчатганидек, турмушимизни ғам-ташвишларга тўлдиради.
Умуман олганда, инсон — жуда нозик мавжудот. Биз яхши кайфият, меҳнат қилишга катта рағбат билан уйғонишимиз, бироқ икки оғиз қўпол гап, кийимимизга тўкилган қаҳва ёки тиқилинч автобус кайфиятимизни бутун кунга бузиши мумкин.
Ҳеч ким ва ҳеч нарса сизни мувозанатдан чиқаришига йўл қўйманг. Сизга, сизнинг истеъдодингиз, ишингиз ёки турмуш тарзингизга ҳасад қилувчи танқидчи, ғийбатчи ё беор одамлар ҳар доим топилади. Уларга эътибор берманг: ит ҳурар — карвон ўтар. Вақтингиз олтинга тенг, уни инсонда бирорта ҳам яхши хислатни кўра олмайдиган, аммо камчиликларини достон қилишдан лаззатланадиган бир тўда ҳасадгўйлар билан олишишга сарфламанг. Улар — кечаси кўриб, кундузи сўқирга айланадиган одам қиёфасидаги бойўғли. Бундай одамлар сичқоннинг шитирини эзгу интилишлардан ажрата олмайди.
Мабодо, сиз майда кўнгилсизликлар ва ҳар куни эшитишингиз мумкин бўлган турли фисқ-фасод гапларни кўнглингизга оладиган бўлсангиз, ўзингизга катта зарар етказасиз. Агар бундай гапларни писанд қилмай, ўзингиздан нари ҳайдасангиз, улар секин-аста ўз кучини йўқотади. Ғийбатчилар ҳамма ерда топилади. Шуни унутмангки, ҳасад ҳам худди қуртга ўхшаб, доим энг ширин олмани қидиради. Ўз кучи ва иқтидори билан муваффақиятга эриша олмаган одамлар бошқаларни ҳам ўзларига тенглаштиришдан лаззатланадилар, деган эди Франклин.
Агар тарки дунё қилиб яшайдиган бўлсангиз, муваффақиятга эриша олмайсиз. Шунинг учун ўзингизни қуршаган олам билан, демакки, ундаги барча кўнгилсизликлар ва ўзингизга нисбатан танқидий муносабат билан ҳам муомала қилишингизга тўғри келади. Бироқ, агар ўзингиз бунга изн бермасангиз, ҳеч қандай танқид кайфиятингизни буза олмайди. Ҳасадгўйлардан юз буринг.
Уларнинг ғаламисликларига ҳеч қачон жаҳл ва қизиққонлик билан жавоб берманг. Бу битта каламушдан қутуламан деб ўз уйига ўт қўйиш билан баробар. Ҳеч қачон уларга тенг бўлманг. Қуллик ва тушкунлик ботқоғидан буюклик тоқига кўтарилган Букер Т. Вашингтон: «Мен ҳеч кимга ўзимни ундан нафратланишга мажбурлаб, қалбимни таҳқирлашига йўл қўймайман», дея бизга ҳаётдан қимматли сабоқ беради. Келгуси сафар сизни биров хафа қилмоқчи бўлса, шу сўзларни эсланг ва уларнинг мағзини чақинг.
“Ташқи ҳеч нарса менга ўз ҳукмини ўтказа олмайди“. Уолт Уитменнинг2 бу шиори сизнинг ҳам шиорингизга айлансин. Шунда турмушингиз тинчлик ва осойишталикка тўлади.
Кўп йиллар муқаддам, якшанба куни эрталаб, мен Техас штатининг Эл-Пасо шаҳри яқинидаги қаҳвахонада тамадди қилиб, мижозлар билан ҳазиллашганча столдан столга қатнаб ўз ишини бажараётган чаққон ва шаддод хизматчи қизни кузатиб ўтирардим. У ўз ишини бажонидил бажарар, ҳаётдан бор бўйи лаззатланар, кайфияти беихтиёр атрофидагиларга ҳам ўтмоқда эди. Шу қиз туфайли биз ҳаммамиз ўзимизни жиндай яхшироқ ҳис қилмоқда эдик.
Чинни идишдан қаҳва ҳўплаб, мени олдинда кутаётган узоқ сафар ҳақида ўйлаб ўтирардим. Шу пайт қўшни стулга оғир жомадон кўтарган кекса бир киши келиб ўтирди. У таомномага шошилинч кўз ташлаб, сўнг хизматчи қизимизни қўли билан имлаб чақирди. Қиз илдам юриб унга яқинлашди, Техасдаги энг чиройли табассум билан жилмайди ва:
— Бугун ажойиб кун, шундай эмасми? — деди. Киши энсаси қотиб афтини буриштирди.
— Нимаси ажойиб экан? — деб тўнғиллади у.
Қиз ҳеч нарса бўлмагандек жилмайишда давом этди.
— Шундай кунлардан бир нечтасини ўтказиб кўринг, сэр, ўшанда биласиз, — деди у.
Сиз ўз турмушингизнинг соҳибисиз. Кимдир кайфиятингизни бузиб, дилингизни хира қилаётган экан, бунга ўзингиз сабабчисиз. Чунки бундай қилишига ўзингиз йўл қўйяпсиз. Бошқа йўл қўйманг, хўпми!

ХУЛЛАС, ЎН БЕШИНЧИ ҚОИДА:

Ҳеч кимга кайфиятингизни бузиб, келаётган кунга тушкунлик ва омадсизлик соясини солишига йўл қўйманг. Шуни унутмангки, бировнинг хатосини топиш учун қобилият ҳам, мардлик ҳам, теран ақл ҳам керак эмас. Агар ўзингиз бунга йўл қўймасангиз, ҳеч қандай ташқи шароитлар сизга ўз ҳукмини ўтказа олмайди. Вақтингиз олтинга тенг, шунинг учун ҳам сиз уни нафрат, рашк ва ҳасаднинг қора кучлари билан олишиб, беҳуда сарфлай олмайсиз. Умрингиз омонат. Уни кўз қорачиғингиздек асраб-авайланг. Гулни ёлғиз Парвардигор яратмоққа қодир. Бироқ ҳар қандай эси йўқ бола уни синдириши мумкин.

ЎН ОЛТИНЧИ ҚОИДА

Яхши яшаш учун …

Ҳар қандай кийинчиликларда ҳам яхшилик уруғини изланг. Агар бу қоидага амал қилсангиз, шундай бебаҳо қалқонга эга бўласизки, у сизни энг оғир вақтларда ҳам ишончли ҳимоя қилади. Юлдузлар тоғ чўққисидаи кўринмаган пайт уларни чуқур қудуқнинг тубидан туриб кўриш мумкин. Қийинчиликлар даврида шундай нарсалардан хабар топишингиз мумкинки, бошқа вазиятларда улар ҳақида ҳеч қачон билмасдингиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам яхшилик уруғи бўлади. Бу уруғни топинг ва ундан фойдаланинг.

Бу воқеа Клемент Стоуннинг «Чексиз муваффақият» журналига бош муҳаррир қилиб тайинлашганидан бир йил кейин рўй берди. Пол Харвининг миллий радиодаги рекламаси ёрдамида тиражимиз мисли кўрилмаган миқдорга етди. Буни менинг иш хонамда осиғлиқ турган журналнинг сотилиш жадвали яққол ифодалар эди. Ўшанда мен бир даҳшатли хатога йўл қўйдим. Бу хато фақат биз қўлга киритган барча муваффақиятларни йўққа чиқарибгина қолмай, келажакда компаниямизга жуда катта моддий зарар ҳам келтириши мумкин эди.
Нима иш қилиб қўйганимни тушунганим заҳоти Клемент Стоунга сим қоқиб, қабулига киришга рухсат сўрадим. Учрашувда хатога қандай йўл қўйганимни батафсил, ҳеч нарсани яширмай гапириб бердим. Жаноб Стоун гапларимни диққат билан эшитди, фақат бир неча марта маълум ҳолатларга ойдинлик киритиш учунгина гапимни бўлди. Айбдорлик ҳисси мени тобора кучлироқ қамраб борарди. Менга ишонч билдирган одамнинг юзини шувут қилганимни ўйлаб эзилар, бўйнимга қилич тушадиган дамни сабрсизлик билан кутардим. Ношир сифатидаги фаолиятим тугаганига шубҳа қилмасдим.
Жаноб Стоун узун «Гавана» сигарасини тутатганча бир неча муддат шифтга тикилиб ўтирди. Ниҳоят, у жилмайиб мен томон юз бурди ва:
— Жуда яхши бўпти, Ог! — деди.
Яхши бўпти? Ие, эси жойидами ўзи? Мен унга катта моддий зарар етказиб, севимли журналини ёпилиш хавфига қўйган бўлсам-у, у менга жуда яхши бўпти, дейди-я! Мен миқ этмадим; афтидан, ҳайронлик ҳисси гапиришга имкон бермади. Кейин жаноб Стоун мен томон энгашди ва қўлимдан оҳиста ушлаб:
— Чиндан ҳам жуда яхши бўпти, Ог. Сабабини сенга ҳозир тушунтириб бераман, — деди.
Шундан сўнг бу буюк инсон менга турмушнинг бебаҳо бир қоидасини ўргатди. Бу қоидага мен сўнгги йигирма беш йил давомида қатъий амал қилиб келаман. Стоун менга аҳволни батафсил тушунтириб берди. Гарчи у вазият нақадар мушкул эканлигини жуда яхши англаса-да, агар биз юзага келган муаммони яхшилаб, холисона кўриб чиқсак, унда яхшилик уруғини албатта топишимиз, уни ўз фойдамизга ишлата олишимизга ишончи комил эди. У, Тангри бир эшикни ёпса, иккинчиси очиқ қолдиришини менга эслатди. Кейинги бир неча соат давомида биз муаммомизнинг ҳар турли жиҳатларини муҳокама қилдик. Ниҳоят, фикр-мулоҳазаларимиз билан бир дунё қоғозни тўлдириб, режа туздик. Бу режа охир натижада фақат кўрилган катта зарарни қоплабгина қолмай, кейинги йилларда рекламадан янада кўпроқ фойда олишимиз учун ҳам имкон яратди. Бу бир неча соат мен учун умримда олган энг буюк сабоқлардан бири бўлди.
Ҳар қандай қийинчиликларда ҳам доимо яхшилик уруғини изланг. Бу қоидага амал қилиш жуда қийин. Аммо ҳар қандай муаммони «Жуда яхши бўпти!», дея қабул қилиб, кейин уни синчиклаб кўриб чиқсангиз ва мавжуд ҳар бир имкониятдан ўзингиз учун фойда чиқарсангиз, ҳар қандай мағлубиятни ҳам ғалабага айлантира оласиз.
Ўн тўққизинчи аср охирида «ўзингга ўзинг ёрдам бер» деб номланган муваффақият мавзусидаги биринчи китобни ёзган Сэмюэл Смайлс: «Биз ютуқларимиздан кўра муваффақиятизликларимиздан кўпроқ сабоқ оламиз. Боши берк кўчага кириб қолгач, биз кўпинча ундан чиқишнинг янги йўлларини кашф қиламиз, қаршимизда янги уфқлар пайдо бўлади. Умрида бирор марта хато қилмаган одам ўз хатоси туфайли янги бирор нимани англаш завқини ҳеч қачон туймайди», деган эди.
Кўнгилсиз вазиятлардан фойда чиқариш қоидаси инсониятнинг ўзи каби кўҳнадир. Ҳаётларига хавф солган буюк душманларини ўзларига хизмат қилишга мажбурлаб, минг йилликлар бўҳронидан омон чиққан Санта-Клаус дўстлари — эскимосларни эсланг. Улар ўз ихтиёрларидаги ягона хом ашё — қор билан муздан ўзларига иссиқ, шинам ва мустаҳкам кулбалар қура олдилар. Мен билан бирга голф ўйнайдиган эски танишим ҳаётнинг чинакам синови, худди голфдаги сингари, очиқ майдонда тура билишда эмас, балки тўп баланд ўтлар орасига тушган тақдирда ҳам яхши зарба бера олишда, деб айтади. Кундалик турмушда ҳам, худди мусобақалардаги каби, қийинчиликлар билан курашишга қодир одамлар ютиб чиқадилар.

ХУЛЛАС, ЎН ОЛТИНЧИ ҚОИДА:

Ҳар қандай қийинчиликларда ҳам яхшилик уруғини изланг. Агар бу қоидага амал қилсангиз, шундай бебаҳо қалқонга эга бўласизки, у сизни энг оғир вақтларда ҳам ишончли ҳимоя қилади. Юлдузлар тоғ чўққисидан кўринмаган пайт уларни чуқур қудуқнинг тубидан туриб кўриш мумкин. Қийин-чиликлар даврида шундай нарсалардан хабар топишингиз мумкинки, бош-қа вазиятларда улар ҳақида ҳеч қачон билмасдингиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам яхшилик уруғи бўлади. Бу уруғни топинг ва ундан фойдаланинг.

ЎН ЕТТИНЧИ ҚОИДА

Яхши яшаш учун …

Бахтимиз ўзимизда зоҳир эканлигини ҳамиша ёдда тутинг. Фаровонлик, шод-хуррамлик ва руҳий хотиржамликни атрофдан қидириб овора бўлманг. Оладиган эмас, берадиган одамгина бахтли бўлишини унутманг. Атрофингиздагиларга ёрдам қўлини чўзинг. Ўртоқлашинг. Қувонинг. Қучоқлашинг. Бахт — бу шундай малҳамки, уни ўзингизнинг устингизга бир неча томчи оқизмасдан бошқаларга бера олмайсиз.
Натаниел Готорн бахт деб аталмиш омонат туйғудан ҳам кўра, капалакни тутиш осонроқ, деб бизни огоҳлантиради. «Бахт, — деб ёзади у, — бу дунёга тасодифан келади. Агар уни қидирадиган бўлсангиз, сиздан тинимсиз қочиб борадиган соя кетидан қувасиз». Бироқ, Арастунинг фикрича, «бахт — бу ҳаётнинг маъноси ва мўлжали, инсон турмушининг мақсади ва сарҳисобидир».
Катта шаҳарларда ҳар оқшом бир неча соатлик бахт илинжида кўнгилочар тадбирларга тўпланувчи одамларни эсланг. Биз ҳар хил кўнгилхушликлар орқасидан қувиб, неча миллион доллар пулни ҳавога совурамиз? Хўш, натижада биз ўзимизни бахтли деб атай оламизми? Яқинда мен кичкина бир тажриба ўтказдим. У ҳақда кўп йиллардан бери ўз чиқишларимда гапириб бераман. Қуёшли кунларнинг бирида мен Нью-Йоркдаги Бешинчи авеню ва Эллик тўртинчи кўчанинг муюлишида тўхтаб, олдимдан жануб томонга қараб ўтган икки юзтача одамнинг юз ифодасини кузатдим. Кутганимдек, лабида табассум акс этган ёки ҳеч бўлмаса, ҳаётдан хурсанд кўринган ўнтача одамни ҳам санамадим. Нима учун? Модомики, бахт — бу инсоннинг тан соғлиғига ўхшаш нормал ҳолати экан, унда нега биз уни жуда кам ҳис қиламиз?
Эҳтимол, биз унинг чинакам маъносини яхши тушунмаганимиз учундир. Зотан, кўпчилигимиз улкан бойлик: ёки ҳокимиятга эга инсон албатта бахтли бўлади, деб ўйлаймиз. Аммо мен бир нечта ғариб ва ўта бахтсиз миллионерларни биламан. Яқинда, Панама канали бўйлаб «Ройял Принцесс» кемасида қилган сафарим чоғида бу ҳашаматли лайнерда бахтли чеҳралар нақадар кам эканлигини кўриб ҳайратга тушдим. Шинам шароит, доимий эътибор ва яхши хизмат кўпчилик йўловчилар учун ҳеч нарсани англатмасди. Бироқ, ҳайрон бўлишимга ҳожат йўқ эди. Агар бахт зарралари инсоннинг қалбида бўлмас экан, ҳеч қандай моддий фаровонлик, кўнгилхушликлар ва платинали кредит карточкалари уни жилмайишга мажбур қила олмайди.
Эски дўстим Торо бу мавзуда жуда кўп гапирган. Мана, унинг кузатишларидан бири: «Шахсий тажрибамдан мен шуни биламанки, агар инсон ақл билан содда ҳаёт кечирадиган бўлса, ўзининг ердаги турмушини оғир заҳмат билан эмас, роҳатбахш ва шодиёна меҳнат билан байрамга айлантира олади. Зеб-зийнат буюмлар ва «турмуш қулайликлари»нинг кўпчилиги фақат кераксиз бўлибгина қолмай, балки инсоният тараиига тўсқинлик ҳам қилади».
Льюс Кэрроллнинг «Алиса мўъжизалар мамлакатида» эртагидаги Оқ Рицар эсингиздадир? Алиса Оқ Рицар билан учрашганида, у елкасига ва отига ҳар турли «керакли нарсалар»: асаларилар учрагудек бўлса, уларни тутиб олиш учун уя, сичқон ва каламушлардан ҳимояланиш учун қопқон ва ҳатто йўлда бирор сахий одам пудинг билан меҳмон қилиб қолса, солиб ейиш учун лаганча ҳам ортмоқлаб олган, отининг оёқларига акула тишлашидан сақловчи ҳалқалар тақиб қўйган бўлади. Ортиқча ашқол-дашқоллар юкидан букчайган Оқ Рицар бахтни мол-мулк ва пул тўплашдан излайдиган одамларнинг ажойиб тимсоли ҳисобланади.
Бахт… бу капалакми? Мен бундай деб ўйламайман. «Бахтли турмуш учун жуда кам нарса керак, — деб ёзган эди Марк Аврелий. — Ҳаммаси инсонга, унинг тафаккур тарзига боғлиқ». Токи сиз ўзингизга, ўз қалбингизга кўз ташлаб, бор бойлигингизни бошқа одамлар билан беғараз ўртоқлашмас экансиз, умр бўйи бахт излаб уни топмаслигингиз мумкин.
Жорж Элиотнииг гапига қулоқ солинг-а: «Майда кўнгилхушликлар ҳақида қайғуриб, биз фақат бахтнинг ғариб бир кўринишига эришишимиз мумкин. Чинакам бахт фақат ўзимиз ва атрофимиздаги оламга нисбатан илиқ туйғулар ва том маънода улуғ фикрлар билан келади. Бахтнинг бу алоҳида тури кўпинча шу қадар кўп мусибатлар келтирадики, биз уни азоб-уқубатлардан фақат эркин танлаш йўли билан фарқлашимиз мумкин, зеро унинг бахт-саодат эканлигини ботинан ҳис қиламиз».
Пулдор бўлиш ҳам, пулга сотиладиган нарсаларга эга бўлиш ҳам яхши, албатта. Бироқ, вақти-вақти билан ҳеч қанақанги пулга сотилмайдиган нарсаларни йўқотмаганингизга ишонч ҳосил қилиб турсангиз, ёмон бўлмайди.
Атрофингиздагиларга ёрдам қўлини чўзинг. Бахт — бу бор-йўғи сизнинг ўз ақлий қардошларингизга нисбатан муносабатингизнинг қўшимча маҳсули, холос. Бахтга келажакда эмас, ҳозир ва шу ерда эришиш мумкин.
Мен юқорида сиз билан ўртоқлашган қоидаларни ўқиб-ўрганинг ва уларга амал қилиб яшанг. Уларни сизнинг кўмагингизга муҳтож одамларга ҳам ўргатинг. Фақат шундагина сиз ҳавода пириллаб учаётган капалакни тутиб оласиз, фақат шундагина олам нурафшон бўлиб, сеҳрли мусиқа садоларига тўлади. Дунёда бахтли турмушнинг бундан яхшироқ усули бўлмаган ва йўқ.

ХУЛЛАС, ЎН ЕТТИНЧИ ҚОИДА:

Бахтимиз ўзимизда зоҳир эканлигини ҳамиша ёдда тутинг. Фаровонлик, шод-хуррамлик ва руҳий хотиржамликни атрофдан қидириб овора бўлманг. Оладиган эмас, берадиган одамгина бахтли бўлишини унутманг. Атрофингиздагиларга ёрдам қўлини чўзинг. Ўртоқлашинг. Қувонинг. Қучоқлашинг. Бахт — бу шундай малҳамки, уни ўзингизнинг устингизга бир неча томчи оқизмасдан бошқаларга бера олмайсиз.

ХОТИМА

Кўришгунча хайр. Сизсиз менга қийин бўлади, аммо дўстлигимиз ҳеч қачон тугамайди деб умид қиламан. Агар истасангиз, мен билан умр бўйи бирга қолишингиз мумкин. Бунинг учун «яхши яшаш сирлари»ни ўрганиб, амалда қўлласангиз кифоя. Мен буни жуда ҳам истайман.
Мен билан бўлган учрашувдан хурсандсиз деб ўйлайман. Шахсан мен сизни бу ерда, ўз хонамда кўришдан бошим осмонга етди. Ҳар қандай хайрлашув кутилмаган бўлиши керак, деб ёзган эди Байрон. Балки у ҳақдир. Бироқ, гап шундаки, мен чиндан ҳам сизнинг бу хонадан сўнгги бор чиқишингизни кўришни истамаяпман. Биз сиз билан кўп ишлар қилдик… табиийки, ҳали яна кўп ишлар қиламиз.
Узоқ умрим давомида жуда кўп яқин дўстларим билан айрилиқ азобини бошдан кечиришимга тўғри келган. Ўғилларим — аввал Дэн, кейин эса Мэтт ота-она бағрини тарк этишганидан сўнг бунинг оғриғи қолиши учун менга кўп ойлар керак бўлган.
Мен кўравериб кўникиб қолган жонсиз нарсалардан айрилишдан ҳам шундай кўп азоб чексам керак.
Мен ҳозир бирорта ҳам фотолаборатория ишлов бермайдиган уч ўлчовли слайдларни суратга туширадиган эски «Стерео-Реалист» камерасини, ёғоч дастакли голф чавгонларини, эски русумдаги энли бўйинбоғларни ва 1974 йил чиққан усти олинадиган оқ «Кадиллак-элдорадо» автомобилини ҳамон сақлаб келаман.
Шундай қилиб, мен худди оқ-қора тасвирли кинофильмдаги сингари перронда туриб, сизни олиб кетаётган поезд ортидан қўл силкияпман ва сиз билан яна ўртоқлашишим мумкин бўлган кўп нарсалар ҳақида ўйлаяпман.
Бироқ, шунга қарамай, келажагингиз фақат ўзингизга боғлиқ эканлигини мен ўз тажрибамдан жуда яхши биламан. Токи сиз ўзингиз вақт, ҳаракат, қурбонлар ва азоб-уқубатлар билан талаб қилинган нархни тўлашга жазм этмас экансиз, бирон-бир китоб, маъруза ёки семинар, бирон-бир муаллим, устоз, мураббий ёки руҳоний сизнинг турмуш тарзингизни ўзгартира олмайди.
Ўтган иш ўтди, бўёғи синди. Сиз кечаги кун, ўтган ой ва бурунги йилларда учраган муваффақиятсизликларингизни ўзгартира олмайсиз. Бироқ сиз эртанги ва қолган бошқа кунларингиз ўзингиз истаганингиздек бўлиши учун кўп ишлар қилишингиз мумкин.
Агар сиз ўйин қоидаларига амал қилсангиз, унда сиз учун ҳали ҳаммаси олдинда. Энди, сиз менинг ўтмишим ҳақида ҳамма нарсани билганингиздан кейин, гаров ўйнашим мумкинки, ҳозир: «Агар бу Ог Мандинонинг қўлидан келган бўлса, унда исталган биров шундай қила олади. Менинг қўлимдан келиши-ку, аниқ», деб ўйлаяпсиз. Ҳеч қанақанги рад этиш ва ўзини оқлашлар кетмайди, хўпми?
Дарҳақиқат, яхши яшаш мумкин. Зотан, энди сиз яхши сирларидан хабардорсиз. Ундан фойдаланинг. Мени уялтириб қўйманг, аммо энг муҳими — ўзингизнинг олдингизда уялиб қолманг!
Кўришгунча хайр, азиз дўстим. Янаги учрашувимизгача Тангри мени ҳам, сизни ҳам ўз паноҳида асрасин.
Тинчлик-омонлик сизга ёр бўлсин!

Рус тилидан Асрор Мўмин, Баҳодир Комил таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил, 6-7-сонлар.