Нгуен Тхи Нгок Ту. Шолизорлар оралаб (ҳикоя)

Йил охирида тоғ этагида жойлашган Х. шаҳарчасига боришимга тўғри келди. Бунгача катта шаҳарда кўп вақтимни бекорчи ишларга совурдим, холос. Табиат қўйнида ором олиш қизиқарли туюлди менга. Бундан кайфиятим кўтарилди. Қулай жойлашиб олиш илинжида вокзалга барвақт бордим. Аммо одамлар юк халтасини кўтариб, перронга келиб бўлишган экан. Поезд кутаётган йўловчилар орасидан устма-уст қўйилган жун қоплар ёнидаги йигит ва қизга кўзим тушди. Улар савдогарга ҳам, узоқ қишлоқдан ул-бул харид қилишга келган қишлоқликка ҳам ўхшамасди. Оғзи маҳкам боғланган қопдан бир сиқим гуруч “ширр” этиб ерга тўкилди. Қиз тезлик билан гуруч доналарини битта қўймай териб олди, йигит эса қоғозга ўраб, чўнтагига яширди. Кейин дон тўкилмасин учун қопни бир қур кўздан кечириб чиқди. Поезд келди-ю, ҳамма ўзини вагонга урди. Мен ҳалиги жуфтликка қопларини жойлашда ёрдамлашиб юбордим.
– Охиригача борасизларми? – деб сўрадим улардан.
– Ҳа, ҳозир мен кетаман. У эса ортимдан боради, – жавоб берди йигит қизга маъноли назар ташлаб.
– Мен ҳам бугун кетмоқчийдим, иш кўплиги учун улгуролмадим, – қўшимча қилди қиз. – Мана, Бин, сизга йўлдош.
– Хионг, – деди йигит майин овозда, – йўлга чиқаётганингизда мени бохабар қилинг, хўпми? – Қиз бошини қимирлатди-да, вагон ташқарисида қолди. Поезд жойидан жилгунча улар бир-бирига қўл силкиб, қиз узоқдан нуқтадай кўринмай қолгунича вагон ойнасидан термилиб, кейин хотиржам ўриндиққа чўкди.
– Хионг киминг бўлади? – сўрадим ундан биринчи бекатдан ўтгач.
– Қариндошим эмас, деярли, – жавоб берди у. Чеҳраси ўйчан тус олиб, тўғри ва узун қошлари чимирилди.
– Сендай барно йигит севиб қолса, қайси аҳмоқ йўқ дейди. Очиғини айтсам, сен ундан кўркамроқсан. Рост!
– Аслида чирой асосийси эмас. Бирга яшаганингда ҳусннинг кераги бўлмай қолади.
– Балки шундайдир…
Шундай дея, деразадан ҳувиллаб кираётган шамолдан ўзимни паналаб, қоплар орасига жойлашдим. Поезд кенг текисликни кесиб ўтди. Кўз олдимизда қишлоқ манзаралари намоён бўларди: ям-яшил шолипоялар; ҳовур кўтарилаётган далалар; офтоб қорайтирган ер. Мени уйқу босиб келарди; шеригимга эса суҳбатдош керак эди. Энди кўзим илинганда йигит безовталаниб мени уйғотди. У мўлтайиб қараганча деди:
– Биласанми, ошна, бу қопларда институтимда етиштирилган гуруч уруғи бор… Янги навни топишди… Менга уруғни манзилига элтиш топширилган. У ерда маълум вақт одамларга ёрдам бераман, сўнг Ханойга қайтаман. Қаерга бўлса ҳам боришга тайёрман, фақат у билан бирга ишламасам, бас. Бу ҳақда яхшилаб ўйладим: акс ҳолда менга тинчлик йўқ. Институтда қолсам, бу бахтсиз муҳаббатга барҳам берилмайди. Хионг мени ҳеч қачон севмайди. Тушун, чидай олмайман бунга, кучим етмайди.
Унга ҳамдардлик билдиргандай, бош ирғаб қўйдим. У бир четдан ҳикоясини сўзлай бошлади.
– …Оилада беш фарзанд эдик, мен – яккаю ёлғиз ўғилман. Кетма-кет тўрт қизнинг туғилиши ота-онамни эсанкиратиб қўйган. Дунёга келишимни тақдирнинг улкан меҳрибончилиги деб билишади. Ҳар қандай инжиқлигим оила аъзоларим учун қонун эди. Беш ёшимга довур ерга оёқ босмадим, опаларим мени қўлдан туширмасдилар. Мени кўриб, кўз тегмасин дегандай, яқинларим “туф-туф” қиларди. Унга сари юрагим ғурурга тўлиб, кеккаярдим. Тўғри, қўшни чурвақаларга жўрабоши бўлиб, ўзимга анча-мунча моматалоқ ҳамда ғурраларни орттириб олдим. Аммо ота-онам бағрида беармон яшардим, гарчи бой бўлмасак-да, ҳеч ким раъйимни қайтармасди. Ота-онам қариб қолганди, учта опамни турмушга бериш керак (тўнғич опам чаққонлик қилиб эрга тегиб кетганди). Бутун оила таёқча тайёрлаш билан шуғулланарди – бурама чийрилган ва бошқаларникидан фарқли бўлган хушбўй таёқчалар. Шу билан тирикчилик қилардик. Вақт эса чопқиллаб ўтди-кетди, ўн олтига кирдим. Тўққизинчи синфда ўқийман, орзуларим камалакдай товланарди. Кунлардан-бир кун нонуштадан сўнг, дан чертиб, хиргойи қилиб ўтиргандим. Кутилмаганда бир кампиршо пайдо бўлди. Унинг ортидан ўн уч-ўн тўрт ёшлар чамасидаги қиз ҳам эргашиб келарди. Кампиршо ота-онамга зорлана кетди:
– Қизни ўзингизга шогирд қилиб олинг.
Қиз унинг жияни экан.
– Бунақа ишга жиянингиз ҳали ёшлик қилади-ёв, – деди отам. – Тўғри, таёқча тайёрлайдиганлар ёмғиру жазирамада машаққат чекмас, бироқ сабр-тоқат, маҳорат бўлмаса қийин. Болалар ўйин-кулгидан ортмайди, хаёлга берилади, қарабсизки, ишимиз пучга чиқиб турибди…
– Йўқ, йўқ, муҳтарам зот, бекангиз билан хотиржам бўлаверинг, у жуда одобли ва тиришқоқ қиз. Қариндош-уруғлари шаҳар ташқарисида яшайди, шу боис мурғаклигидан меҳнатда пишган. Оиласи ночор, уйи тўла бола, ота-онаси қизчани сизларникига жойлаштиришимни илтимос қилди. Бироз ишлаб, мактабга ҳам кириб олади. Мурувват кўрсатсангиз, бас, у барча айтганларингизни эплайди.
– Исми нима экан унинг? – сўради онам.
– Исми – Тием. Бешинчи ойнинг айни йиғим-терим пайтида туғилган…
– Тием – чиройли исм экан-а, – деди онам. – Бўпти, уни олганим бўлсин.
Буни эшитиб, данни ерга қўйдим ва ҳовлига қарадим. Қизча ҳам бошини кўтариб, менга қаради. Унинг кўзлари қоп-қора, катта-катта бўлгани устига қандайдир ҳайратомуз; юзи дум-думалоқ, ёқимлигина эди-ю, лекин қишлоқилиги шундоқ билиниб турарди. Сочлари тўзғиган, кир-чир, кийимлари йиртиқ-ямоқ. Уни кузатаётганимни пайқаб, дарров бошини эгиб, бошмоқсиз оёқларининг учига тикилди.
– Хушбўй таёқчалар тайёрламоқчимисан? – сўради отам, – Аввал ишни ўрганиб, тажриба орттир, ана ундан сўнггина ҳақ талаб қил! Менга қара, хотин, қўлингдаги ишни қизчага бер-да, дамингни ол.
Отам том тагида ётган силлиқ ёғоч куракчани олиб, Тиемга узатди.
Онам ўрнидан туриб, иш столига бориб ўтирди, белкуракни олиб, майдаланган, ёпишқоқ хушбўй увоққа ботирди, сўнгра стол устига ёйиб, бир ҳовучини олди-да, яхшилаб эзди. Иккинчи қўли билан таёқчани кафтидаги увоқлар устида айлантирди. Увоқлар унга чиппа ёпишиб, хушбўй таёқчалар тайёр бўлди-қолди. Қизча онамнинг ёнида туриб, ҳаммасини диққат билан кузатди.
– Бошингни қийиқча билан ўраб ол, сочингни чанг босиб кетмасин яна, – деди онам.
Кампир шоша-пиша бошидаги қора қийиқни ечиб берди. Қийиқчани ўраб олган қиз кичкина капмиршога ўхшади-қолди. Қизалоқ ўриндиққа ўтириб, онамнинг ҳар бир ҳаракатини ўзидай қилиб такрорлади.
– Асосийси, қўлинг енгил ҳаракат қилсин… – деди онам. – Уни равон қимирлат… Шундай!.. Шундай!.. Тўппа-тўғри, баракалла! – дея мақтаб ҳам қўйди.
Қизнинг қўлидаги таёқчани кўриб, ҳуштак чалиб юбордим, пуфакча бўлаётган увадалар титилиб кетар; шам қинғир-қийшиқ ҳамда ғадир-будир чиқарди.
– Яша, миттивой… Хожам, бу ёққа келинг, манавинга бир қаранг-а! Қандай зийрак қиз экан, биринчи мартадаёқ эплаганини-чи! – мақтар эди онам. Қиз эса унга сайин ғайрати жўшиб, берилиб ишларди. Бир вақт у ишини тўхтатди-да, усти-устига акса уриб, кўзи жиққа ёшга тўлди.
– Ҳали кўникмаганингдан бу! – деди онам. – Бу оддий увадалар, ахир. Янги йил ҳадемай эшик қоқиб келади. Байрамга хушбўй таёқчалар, ширин исли чам керак, у димоқни ёрадиган бўлиши лозим. Болажоним, ҳовлига ўтиб, юзингни ювиб кел.
Лекин қиз ўтирган жойидан жилмай, қўли билан кўзини артди. Ёнимдан ўтишга ийманди, шекилли. Лекин унинг бу тортинчоқлиги менга мойдай ёқиб тушаётганди.
– Ҳечқиси йўқ, салда ўрганиб кетади, – деди кампир. – Ҳали бу унга дунёдаги энг ширин ҳид бўлиб қолади. Бу қиз кўчага чиққанида уст-боши кир бўлсаям, ундан таралаётган хушбўй исдан либоси оламдаги энг тозасига айланади, гўё. Қўшиқ бор-ку, “Балиқхонадаги шинам ётоқдан кўра, гўзал қизли капа афзал” деган, ўшанга ўхшаб.
– Қизчангиз ҳали бола-ю, гапираётган гапингизни қаранг, – деди отам қовоғини уйиб ва қизга қаради. – Ана, халос! Яна йиғлаяпсанми? Ташқарига чиқ, кўзингдаги санчиқ кетмагунча кут, юзингни ювишни унутма!
Отамнинг сўзини икки қилмаслик учун қиз бориб, қудуқ деворига суяниб ўтирди, лекин унинг кўз ёшлари ҳамон тинмасди.
Мен эса хандон отиб кулиб юбордим.
Онам ёнимга келиб секин:
– Нега унинг устидан кулаяпсан? – деди.
Мен эса баттар хохолаб кулиб, кўчага чиқиб кетдим.
Ўшанда мени катта бўлиб қолган деб бўлмасди, аммо ёш бола ҳам эмасдим, ўзимни эплаб юрардим. Олифталанишни бошлаб, чиройли қизларни кўздан қочирмасдим. Синфимизда Бит исмли хушрўйгина қиз бор эди. Отаси катта шифохонада ишлар, тез-тез чет элга сафарга бориб турарди. Хуллас, Бит синфимизнинг олди қизи, урфга берилган сатанг эди. У менга ёқарди. Дарс маҳали доим ундан кўз узмай ўтирардим, баъзан ўқитувчимизга билдирмай унга хат отардим. Жавоб келса, ўзимда йўқ хурсанд бўлардим.
Бир куни поччам:
– Катта бўлсанг, нима иш қиласан? – деб сўраб қолди.
Унинг ўзи ҳарбий хизматдан четлатилган, энди заводда ишлар ва бизникига тез-тез меҳмонга келарди. Нима дейишимни билмай қолдим. Онам ёнимга кириб, ўзи жавоб берди:
– Қайси ўқишни истаса, ўшанга обкириб қўямиз, унга ҳар қанақа касб ярашаверади, фақат ҳали ўзига ёққанини танламади.
Аслида мен қайси касбни танлашни, нима билан шуғулланишни билмасдим. Бу ҳақда тасаввурга ҳам эга эмасдим, пайтида қанақа ишлар билан шуғулланмадим-а. Данимнинг садолари остида сидқидилдан куйлардим, оқшомлари найимнинг нолалари қўшниларимнинг қалбига туғён соларди. Яна тузуккина рассом ва тўпурар футболчи ҳам эдим.
Тиемга най чалишим роса ёқарди. Найнинг илк овозиданоқ у иш столида тинчиб қолар, куракчаси увадалар орасида тин оларди. Ноодатий, сирли нигоҳи менга қадалган, кўзлари нимадир демоқчи бўларди. Баъзан кўзида ёш тирқирарди. Билмадим, бу ёшлар куйданмиди ёки муаттар ҳиддан? Кун сайин у менга майлини очиқ намоён этиб борарди. Ишда ўтирса, уйга қайтиб келганимни дарров билиб, хижолатини имо-ишоралар билан билдирар, кеч қолсам, эшик олдига чиқиб, йўлимдан кўз узмай кутарди.
Имтиҳон пайтида кўп дарс қилишимга тўғри келди. Кийимларим тоғорада қолиб кетганида Тием ота-онамга билдирмасдан уларни ювиб, қуритиб қўярди. Бироқ буни онамдан яшириб бўлмасди.
– Қизча жуда эътиборли ва тарбияли, – дерди онам. – Камбағал оиладан чиққан бўлса ҳам ҳар ишга уқувли, абжир. Уни бизга худо етказди, ҳа, илоҳий неъмат бу, у…
– Ойи, қўйсангиз-чи, илоҳий неъмат нима қилади унда? Бир ками қишлоқи қизга уйланишим қолувди.
Ўшанда онамдан роса жаҳлим чиққанди. Тиемнинг кўрсатаётган меҳридан фиғоним фалакка ўрларди.
– Бечорани қўймадинг-қўймадинг-да. Ахир, уззукун тинмай ишласа, кечаси ўқиса, яна синфидаги олди қиз бўлса, ҳар йили мақтов ёрлиғи олса. Икки йил ўтиб, кўрасан, ҳали қанақа кароматлар кўрсатади у.
– Яхши бўлса, ўзига, менга нима, – дердим баттар ғижиниб.
Энди, ўзимча уни мутлақо писанд қилмасдим-да. Худбинлигим ва наф­сониятим сабаб бўлди бунга… Тиемни очиқ-ошкор менсимасдим, мени деб қийналишини, азият чекишини истардим. Унинг олдида най чалиб ҳузурланардим, гоҳо уйга қизларни таклиф қилардим. Ҳар сафар Тиемнинг хавотирланиб, ранги оқаришини кўрсам, хурсанд бўлиб, кўнглим жойига тушарди. Қизлар менга унчалик ёқмаса-да, Тиемни хафа қилиш учун ҳам уларни мақтайверардим.
Тием боёқиш оиламизда тиришқоқлик билан кейинги ёзгача ишлади. Унинг бўйи етиб қолганди, дўмбоқ юзига қизил югуриб, яна ҳам очилиб кетганди, ўша ёзда кийган кофтаси унга шунақанги ярашгандики, қўяверинг. Мени чин дилдан ҳурмат қилар, муносабати тобора самимийлашиб борарди.
Унинг шаҳардан анча наридаги қишлоғида деҳқончилик ота касб экан. Шу боисдан Тиемнинг қўли теккан ўсимлик ўз-ўзидан кўкариб, гуллаб кетаверарди. У хонадонимизда яшай бошлагандан кейин ҳовлимиздаги кичкина боғимиз буткул ўзгариб кетди. Ҳар сафар қишлоғига бориб келганида ота-онамга совға олиб келарди. Унинг туҳфалари қандайдир кўчатлар, уруғлар бўларди. Баъзан отамга олма билан чирмовиқларни пайвандлашда ёрдамлашарди. Бу ота-онамни ўзида йўқ суюнтирар, менинг эса ғашимга тегарди.
Кунлардан-бир кун бизникига офатижон Бит келди. Кетаётиб башараси қийшайиб сўради:
– Манави қишлоқи нега сенга бунча тикилмаса? Ким ўзи у?
– Дадам билан ойимга қарашиб юради, – дедим, сўнг дарров қўшимча қилдим: – Албатта, пулга.
Мен бу гапни атайин баланд овозда айтдим: у эса пинагини ҳам бузмай, хушбўй қаламчалар ясашда давом этди. Сўзларим онамга ёқмади, меҳмоним кетгач:
– Бошқаларни билмадиму, ўғлим, лекин сен ўша кўкларга кўтариб мақтайдиган Битинг учига чиққан қўпол экан, – деди. – Мана, бизнинг Тиемимиз – оғзидан бол томади!
– Лекин, ойи, Бит – мактабимиз юлдузи!
– Бўлса бордир, аммо юзи баркашдай!
Ота-онамнинг Тиемни ёқтириши аниқ эди. Бунга чидаб бўлмасди, лекин қизнинг ҳар куни яширинча бир-икки хизматимни қилиши кўнглимга ёқарди. Қиз эмас, бало эди у. Унга нисбатан дилимда хайрихоҳлик уйғона бошлади.
Бир куни мактабдан эрта қайтдим. Уйимизга етганимда ичкарида кимнингдир най чалаётганини эшитдим. Жин урсин, ҳали найимга эга ҳам чиқдими! Велосипедимни итариб юбориб, ўзимни уйга урдим, не кўз билан кўрайки, най чалиб ўтирган Тием экан! Ёнига бориб, найимни тортиб олдим-да, ғазабдан тиришиб қичқирдим:
– Найимга тегишга ким рухсат берди сенга?! Исқирт қўлларинг билан булғабсан уни!
Тием жойидан қимирламай менга қараб турар, катта-катта кўзлари мўлтираб, лаблари билинар-билинмас пир-пир қила бошлади, нимадир демоқчи бўларди ю, журъати етмасди.
– Яна шунақа қилиб кўр, нақ мендан кўрадиганингни кўрасан! Тушундингми? – деб уйдан чиқиб кетдим, лекин унинг юзидан думалаб тушаётган кўз ёшини кўришга улгурдим.
Уйга қайтганимда Тием бош кўтармай хушбўй қаламчалар ясайдиган бурчакдаги столида йўқ эди.
Онам менга ғамгин боқиб:
– Шунақаям қўпол, дилозор бўласанми? Қиз кетди, энди нима қиламан, билмайман. Уни олиб қолишга ҳаракат қилдим, лекин кўнмади. Биргина чора қолди, ўзинг унинг ёнига бориб узр сўрайсан, – деди.
Бир неча кундан сўнг Тиемнинг холаси бизникига ҳисоб-китоб қилгани келди.
– Жияним энди ўзимизга кўмаклашади, – деди.
Аммо опаларимдан бири яширинча суриштириб билдики, Тием қаламчалар ясайдиган қари дояникида ишлаётган эмиш. Ўшандан кейин уни бошқа кўрмадим.
Охирги ёзда мактабни тамомлашим биланоқ институтга кираман, деб ўйлагандим. Чучварани хом санабман, имтиҳондан йиқилдим. Кейинги йили ҳам ўтолмадим. Шундай қилиб, йигирма ёшни ҳам уриб қўйиб, ўша-ўша саланглаб юравердим. Ҳеч қаерда ўқимадим, бир ишнинг бошини ҳам тутмадим. Ўртоқларимга қўшилиб, турли байрамларда, тўйларда отарчилик қилдим, куй чалиб юрдим. Қаерга чақиришса, хўп деб боравердим. Ишлаб топган пулимга замонавий костюмлар, кўйлаклар харид қилдим, хушбўй чой ва қаҳваларга муккадан кетдим, секин-аста спиртли ичимликларга ўтдим. Қилаётган ишимдан кўнглим тўлар, ўзимни бахтиёр сезардим. Тўйларда созу торни наридан-бери тинғиллатардим. Ошналарим билан лавҳалар чизар, театр саҳналарига нақш солар эдим. Ҳаттоки саҳнада роль ижро этишгача бордим, олқишларга кўмилишдан жуда ҳузурландим! Азбаройи илҳом келганидан шеърлар ҳам битдим ва уни газеталарга жўнатдим, фақат қайсилиги эсимда йўқ. Эртадан кечгача шаҳар кезавериб, велосипедим қоқ ўртасидан бўлиниб кетди. Ота-онам кексайиб қолишган, улар мени уйлантириш тараддудида эди. Уйланиб жинни бўлибманми, ахир, хотин, бола-чақа дегани оёғингга солинган тушов-ку. Бир тарафдан ишқий саргузаштларим меъдамга теккан, бир замонлар кўнгил қўйган қизларимнинг тўйи ҳақидаги хабарни эшитсам ҳам, юрагим жиз этмас, ачинмасдим. Ўзим ҳам нимани хоҳлаяпман, мақсадим не – билмасдим. Беҳуда нарсалар ортидан югурар, турли урфлар, кийим-кечак кетидан қувганим қувган эди. Янги олган либосимни бир-икки кияман-да, дарров бошқасига алмаштираман. Сурнайпоча шимлар урфдан чиқар-чиқмас, кенг карнайлилари тарқалди, ёпишма мис тугмачали кўйлакдан сўнг, бурма ёқали кўйлаклар расм бўлди. Сўнгроқ тиззаси йиртилган америкача жинсилар кириб келди. Шилқимлик ҳамда ўлдим-куйдим билан ўтаётган вақтимга сира афсусланмадим. Мулозамат қилаётган “предмет”имга тирноқча аҳамият бермасдим. Хуллас, маънисиз яшардим, вақт ғилдираги эса айлангандан айланарди.
Йигирма тўрт ёшни қаршилаганимда қишлоқ хўжалиги техникумига ариза топширдим, узоқ иккиланиб туриб, охири поездга чипта харид қилдим. Уч йил ўтиб, техникумни тамомлагач, поччамнинг ёрдами билан илмий текшириш институтига йўлланма олдим. Умуман олганда, агроном ёки техник бўлиш ниятим йўқ эди, аммо институтга киргач, Ханойда қолдим. Графикни апил-тапил тўлдириб олсам, у ёғи ҳеч нима эмас. Қийинчилик туғилиши аниқ, лекин уни енгса бўларкан. Шундай қилиб, мен ҳаммасини ўйлаб қўйдим ва аъло кайфиятда биринчи марта ўша “ёқимли” кунда ишга бордим.
Ота-онам орзу қилгандек, башанг ва жиддий кийиниб, чарм портфелимга зарур қоғозларни жойлаб, велосипедимда йўлга чиқдим. Манзилга келиб, ҳайрон қолдим – ҳаммаси ҳам ўйлаганимдай эмасди. Уезд қишлоқ хўжалиги бўлимидан бошқа пичоққа илингудек нарсани кўрмадим. Майдоннинг ўртасида жойлашган уйчалар аслида институт бўлими ҳисобланаркан. Ёнгинасида боғ бор эди. Ишчилар яшил майдоннинг ўзидан лабораторияга келаверишаркан. Бу ерда қадрдон дўстим Дай ишларди, унинг лақаби Айиқ эди. Исмини лақаби билан айтганда чиройли эшитилади: Катта Айиқ. Мана шу ёқда ишлашни менга айнан у тавсия қилганди. Ўзи эса агроном ва тупроқшунослик бўлимида ишларди. Мени селекция бўлимига юборишди. Катта Айиқ ўзига етганча маҳмадона йигит, шу боисдан ҳали бу ерга келмасдан олдин ҳамма нарсани билиб олгандим.
– Қандай шамоллар учирди? – деб сўради у мендан. – Эсингдан чиқмадими, раҳбаринг аёллар майдонида. Зоти олияларининг сарой штатига келганинг билан қутлайман.
– Эркакми, аёлми – фарқи нима! Асосийси, ҳамкасбларга қаттиқ боғланиб қолмаслик керак. Ўзини император чоғлаган зоти олиялари қанақа ўзи?
– Умуман олганда, янги, икки йил олдин институтни тамомлаб, шу ерга келди. Лекин гуручнинг янги навини ишлаб чиқариш бўйича қизиқарли иши бор. Бошқа бўлимда бўлганим учун кўп нарса билмайман; аммо, менимча, тез чиқишиб кетасан. Битта нарсага аҳамият беришингни истардим: зоти олиялари турмушга чиқмаган, лекин ошиғи олчи. Сен, ахир, барно йигитсан, эҳтиёт бўл, тағин ишқ дардига йўлиқиб юрма…
– Кўриниши қандай?
– Менинг шкалам бўйича тўрт плюс.
– Унда ёмон эмас.
– Жим, ана ўзи келяпти.
Дай кўрсатган томонга қараб, кўк рангли ишчи кийими тиззасигача қайрилган икки қизга кўзим тушди. Улар энди бошоқ тортган шоли майдонига қуйилган сувни шалоплатиб кечиб келарди. Юзларини кўролмадим, аммо қадди-қомати жойидалигини пайқадим. Бирининг қўлида дафтарча бўлиб, унга нималарнидир қайд этарди. Иккинчиси тахтача билан шоли поясининг пастидан бошлаб то ғадир-будир тугунчаларию баргигача ҳисоблаб чиқарди, кейин энг учига ҳам эътибор қаратар, гоҳ-гоҳида қўлини нам тупроққа ботириб олар, чамамда, илдизини ушлаб кўрарди. Баъзан ўтларни юлиб, уватга отарди.
– Анави шолини тортаётгани сенинг зоти олияларинг. Қалай, бўладими? – Айиқ оғзи қулоғига етгудай ишшайди. – Сени кўрган қизлар бефарқ бўларканми-а?! Эҳтиёт бўл!
– Етар энди, генералим, – тўнимни тескари кийиб дедим мен. – Илтимос, гапингизни ўйлаб гапиринг!..
– Майли-майли, келишдик. Ҳазил ўз йўлига! Марҳамат қилиб, ёқангизни тўғрилаб олинг, ўзингизни жиддийроқ кўрсатинг, ана шундай.
Қизлар биз томонга яқинлашиб қолди.
– Ҳой, Хионг, бу ёққа қаранг! Меҳмон келди! – деб қичқирди Айиқ.
Кутилмаганда менга Тиемнинг таниш чеҳраси боқди. Қачонлардир уйимда хушбўй қаламчаларни ясаган ўша қиз. Бироз тараддудланиб тургандан сўнг дарров яна ўзини қўлга олди. Мен эса… Худди ичимни заҳарли чумолилар галаси талагандай бўлди. Ўзим билмаган тарзда Дайнинг ортига яширинишга уриндим. У эса мени олдинга сурди.
– Биз ҳали ишларни якунламадик, – деди Хионг (мен ҳам энди уни ўзим ўрганмаган мана шу исм билан чақира бошладим). – Бироз кутиб туринглар, дўстларим, хўпми? Уйимизга кириб туришингиз ҳам мумкин. Бўшадим, дегунча ёнингизга бораман.
У эгилиб, яна ўз ишини давом эттирди.
– Хари, бу янги ҳамкасбингиз-ку! – Дай менга ишора қилиб, тиржайди (жиддийлигидан дарак йўқ эди). – Балки шу ернинг ўзиданоқ ишни бошлаб юборар?
– Агар хоҳишингиз бўлса, марҳамат! – деганча дафтарча ушлаган қиз кулиб юборди. – Хионг, янги ишчи сенга бегона ўтларни тозалашда ёрдамлашсин. Лекин, – деб у менга қараб гапирди, – мастакни ўтайман деб, бутун шолини юлиб чиқманг тағин?
– Қаршингизда қишлоқ хўжалиги техникуми битирувчиси турибди, қандайдир девонхона каламуши эмас! Ҳазилингиз ўринсиз! – эътироз билдирди Айиқ.
– Маъзур тутасиз, бироқ лонгвик ўтини ўташ жоиз! Уни топиш эса осон эмас, – деб кулиб юборди қўлида дафтарча ушлаган қиз. У биз томон бир боғ ўтни отди. Ўт шоли поясига жуда ўхшарди. Биргина фарқи – ёввойи ўтнинг барги ёрқинроқ ва пояси узунроқ эди.
– Қани, қайси бирингиз айтасиз, лонгвикни шолидан қандай ажратиш мумкин? – сўради қиз жиддий оҳангда.
– Манави ўтлар узун ва ранги кўкимтирроқ, – дедим ўзимни қўлга олиб.
– Гуллашини кутиб ўтирсак, ҳамма нарсани бой берамиз. У шолипояни босиб кетади, – деб шарақлаб кулди қиз. – Сиз қишлоғимиздаги бир кампирни эслатяпсиз: кўчатини совуқ уриб кетгач, билмасдан майдонга лонгвикни экиб чиққан.
– Агрономлар ҳам адашадими? – сўрадим мен дабдурустдан.
– Эътиборли одам ҳеч қачон адашмайди. Шолида “қулоқ” йўқ, ўтда эса бор. Баргларнинг бўшлиғида миттигина оч-кўк “қулоқчалар” бўлади…
– Бизнинг қулоқчаларга ҳам бир қараб қўйинг-чи, улар кўкимтирмасми? – деганча хандон отди Дай.
– Ҳамиша гапга бурнингни суқиб турасан! – дедим қизишиб.
Хионг чўнтагидан бир шода калитни олиб, ҳамроҳимга узатди.
– Меҳмонни қабул қилиб олинг, хўпми? Бўлимимизда бугун ҳеч ким йўқ.
– Нега бунча докадай оқариб кетдинг? – сўради Дай тажриба майдонидан узоқлашганимиздан кейин. – Кўзларимга ишонмайман, ахир, ҳамиша жононлар ёнида мулойим супурги бўлар эдинг.
– Тушунсанг-чи, бу – Тием; бир вақтлар у бизнинг уйимизда ишлаган, хушбўй таёқчаларга аралашиб юрарди. Орадан ўн йил ўтибди, лекин кўз кўзга тушиб, бир-биримизни танидик, ҳарқалай!
– Қойил-е! Ер думалоқ деб тўғри айтишаркан.
– У митти ва кир бўлиб, доим оёқяланг юрарди. Эсимда, бир куни оқсоқланиб, қоқиниб, роса кулгили қадам босиб, ёғоч шиппакда келганди.
– Энди эса – илмий ходим. Табриклайман: ажойиб учрашув! Эски танишинг билан тил топишиш осон! – Айиқ мийиғида кулди, у мен учун хурсанд эди.
– Сен ўйлаганчалик эмас. Ўшанда у билан ўртамизда ёқимсиз воқеа содир бўлган.
Ҳаммасини сўзлаб бердим. Дай мароқ билан тинглагач, кулиб юборди:
– Эҳ, болаларга хос қилиқлар бу. Энди кап-катта одамсизлар, ўтган гапни ковлашнинг нима нафи бор?
Биз йўл-йўлакай гап сотиб кетдик. Уйчага етиб борганимизда, Хионг бизни анчадан бери кутиб турган экан. Дай ғўнғиллаб узр сўради-да, дарров эшикни очди. Нигоҳим ёғоч токчаларга, қутилар, жавонлар, сандиқчаларга тушди. Шунингдек, устма-уст қалашган, қопқоқли ва қопқоқсиз халтачалар, ликоплар, тўқима сават, қоғоз қутилар беҳисоб эди. Чуқур хўрсиндим.
Хионг бизни самимий ва хушмуомалалик билан кутиб олди. Ўша воқеани унутиб юборгандай туюлди, шубҳасиз, нур устига нур. Кунлар бир-бирини қувиб ўтаверди, бошқаларга қандай муомала қилса, менга ҳам шундай самимий гапирди. Ўзимга келсак, мен генетика ҳамда селекция бўлимида бажарилаётган ишларга мутлақо бефарқ эдим. Эски навни сақлаб қолиб, янги гуруч навини ишлаб чиқиш мен учун мутлақо аҳамиятсиз эди. Барча – илмий ва техник ходимлар эртаю кеч уруғнинг ҳар бир донасини санар, назорат намунасини тарозида ўлчаб кўрардилар. Уларни жойлаб, кўпайтириб, сўнг ҳаммасини яхшилаб ҳисоблардилар. Бир-бирига ёпишган, турфа гуручларнинг навини англатувчи адоқсиз рақамлардан ақлдан озаёздим. Улар дурагайга айланиб бўлган ва “Ф-1”, “Ф-2” навларини етиштиришда ишлатиш учун мўлжалланганди…
Иш қайнагандан қайнади, рўйхат дафтарлари, ҳисоб-китоблар, жадваллар билан танишмасимданоқ Хионг менга уруғни ундиришни ва кўчат танлашни топшириб қўйди. Хуллас, бир неча кун бош кўтармай далада ишлашимга тўғри келди.
– Нега ишга кўмиб ташладингиз мени? – деб сўрадим бир куни ундан. – Ахир, техник ходимман, бунинг устига, шахсий хизматкорингиз эмасман, ҳамма ишга ҳозиру нозир бўладиган.
У анча вақт лом-мим демай ўтирди. Катта-катта очилган қора кўзларини менга тикиб (аммо ўша кўнгилсиз кундаги сингари улар ёшга тўлмаган, бироқ сал хафа кўринарди) деди:
– Сиз ноҳақсиз, мен сизга шунча юмушни фақат бир сабаб билан топширяпман: келажакда етук мутахиссис бўлишингизни истайман. Янги гуруч навини етиштиришни хоҳлаётган техник ходим кўп нарсани билиши ҳам, қилиши ҳам даркор. Чунки кўпинча барча иш ўз бўйнингизда қолиши мумкин. Хуллас, шу касбни танладингизми, демак, унга меҳр беринг, бирор нарсага эришишни истайсизми, унда иш пайти серғайрат бўлинг. “Хизматкор” деганингиз нимаси, мен ҳам сиз билан тенг ишламаяпманми?
Ўринсиз гапирганимни билиб, оғзимга толқон солгандай жим бўлдим.
Хионгнинг барча уриниши баҳс-мунозарали эди, у энди қобилиятли раҳбар. Унинг қўл остида ўнлаб одам меҳнат қилар, ҳар куни эса юзлаб юмуш кутиб турар, барча муаммоларни хамирдан қил суғургандай дўндирарди. Фақат мендан ташқари ҳамма уни ҳурмат қилиб, яхши кўрарди. Мен ҳам бир куни ноҳақлигимни англадим.
Ўн йил ғир этиб ўтиб кетибди, унинг қандай яшаганини билмадим, қай сабабдан у ҳозиргидай бўлиб қолганини ҳам. Баъзан хотирамга ишонқирамасдим, балки бу Тием бўлмаса-чи деб. Унинг хизмат дафтарчасига Нгуен Тхи Тием Хионг деб ёзилган. Балки болалигида Тием деб чақиришгандир.
– Хўш, қалай, эски танишинг билан чиқишиб олдингми? – мендан ҳол сўради Дай.
– Чидаса бўлади.
– Демак, ҳаммаси жойида. Айтишларича, у гуручнинг янги навини синовга тайёрлабди ва яқинда бу ҳақда илмий конференцияда маъруза қиларкан.
– Барчасига қандай улгураркан-а? Янги гуруч навини топишга йиллар кетади, бу осон иш эмас.
– Институтдалигидаёқ селекция билан шуғулланган, шекилли. Агар янги гуруч навини давлат рўйхатига киритишса, иши беш деявер! Бизга йўл бўлсин. Тўғрисини айтсам, унинг қаршисида бош эгаман!
Шу тобда эркаклик ғурурим озор топгандай туюлиб, жисмимни изтиробли афсус чулғаб олди, гўё ортга қайтариб бўлмас вақт сингари. Сўнгра аламли рашк ўти мени куйдирди. Хионг илм жиҳатидан сени ортда қолдирди, дейсизми? Ҳечқиси йўқ, мен уни кундалик ҳаётдаги юмушларда доғда қолдираман, ўйин-кулги ва шод-хуррамлик қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман ҳали. Кўрамиз, қай биримизга бахт кулиб боқаркан!
Ишда ушланиб қолишни бас қилиб, дам олиш кунлари қиз ўртоқларимни “табиат қўйнига”, институтимга таклиф қила бошладим. Бир куни Лан исмли ёқимтойгина қиз билан, у ғаров дарпарда ясарди, пулдоргина қиз ҳамиша ясан-тусан қилиб, одамни алдаб қўярди, Хионгнинг уйига кирдим. (Айтиб қўяй, ўша пайтда Ланда кўнглим бор эди.) Хионг кичкина хонада яшарди. Бир кишилик каравотидан, ёзув столи, китоб тўла шкафдан ташқари, ҳамма жойни уруғ навини текширишда керак бўладиган яна минг хил ашқол-дашқол босиб кетганди. Эшик ташқарисида эса унинг тажриба ишлари бошланарди, ниҳолларнинг усти ҳали очилмаган, ёнида бошоқли дон ётарди. Яна токчада далада ўсадиган сариқ гул солинган гулдон ҳам кўзга ташланади. Уй гуруч ва ёш ўтнинг ҳидига тўла эди.
Хионг бизни ўзининг доимий хушмуомалалиги билан қарши олди. Суҳбат авжига чиқди. Зимдан иккала қизга ҳам назар солдим. Уларни бир-бирига қиёслаганимда Хионг Ландан чиройлироқлигига амин бўлдим. Бу ғашимга тегди, илгари Ланга ўхшаган қизларни боплаб лақиллатар эдим-да. У башанг кийинган, Хионгнинг эгнида пахтадан тикилган катак-катак кўк кофта, даладан эндигина келгани боис сочлари шамолдан тўзғиган. Лан иккимиз ортга қайтаётганимизда у йўл бўйи Хионгни кўкка кўтариб мақтаб келди, ҳафсаламни пир қилди.
Йиғим-терим яқинлашди, иш айни қизғин паллада. Хионг менга янада самимийроқ ҳамда илиқ муносабатда бўлаётгандай туюлди. Ҳар куни гапга тутар, қарабсизки, ишда мен ўз хоҳишим билан гапирадиган бўлдим.
– Манавини бажаришда менга кўмаклашвор, дўстим! Бугун кун бўйи далада тер тўкишим зарур… – Гоҳида мени дўстим, деб чақирарди.
Қиз шўрлик баъзан экин майдонида кун чиққандан қош қорайгунча, суғориш пайтлари ёки ёмғир ёққанда шоли устини ёпиш учун туни билан ҳам қолиб кетарди. У менга ҳар кунлик қайд дафтарчасини берди. Айрим навларни кўриб, ҳайратдан ёқа тишладим, ўнлаб дон йиғимлари ёзилган, уларни мукаммал кузатиш даркорлигидан ҳайрон бўлдим. Хионг олиб борган текширув кўламига қойил қолиб, унга беихтиёр ҳурматинг ошади. Дафтарчаларни у ҳамиша чўнтагида олиб юради.
Охири кўринмас ишга кўмилиб кетганимни пайқадим. Бир куни Катта Айиқ келди.
– Ишларинг тузукми? – сўради менга ғалатироқ қараб ва хохолаб кулиб юборди.
– Ҳар доимгидай, – деб жавоб қайтардим.
– Кузатиб турсам, эсанкираб қолганга ўхшайсан. Ёнингдаги одамни кўрмайсан ҳам, турдим, турдим, боқибеғамсан. Болаларнинг боши қотган, барча дўстларни ташлаб кетиш қандай қилиб кўнглингга сиғди-я?
– Бекорчиманми, ҳайбаракаллачилик қилишдан не наф?
– Кутилмаганда шоликорликка жон-жаҳдинг билан киришиб кетдинг! Бу ёғи нима бўлади энди? – Дай шубҳали боқарди. Сўнг ўгирилиб, нари кетди.
Балки ростдан ҳам ўзгаргандирман. Нафақат дўстларим, ҳаттоки ота-онам шикоят қилиб, ёзғира бошлади. Уйга икки ҳафта бормаганимдан кейин отам:
– Янги дугонанг пайдо бўлдими дейман, ўғлим? – деди.
– Қанақа дугона, дада! Институтда ётиб қолдим. Гуручнинг янги дурагай нави етиштирилди, шу билан банд эдим.
– Аттанг, аввалроқ билмабман-да, – деди отам. – Ишга меҳр қўйибсан, ўғлим, бундан хурсандман.
– Лан келганди, айтишича, уни бутунлай унутиб юборибсан, – деди онам дарров дадамнинг гапини бўлиб. – Билиб қўй, у қизнинг харидори кўп, кейин аттанглаб қолма. Яқинда ўттизга тўласан, сен тенгиларнинг боласи мактабга боряпти…
– Яхши қиз ўзи, – дедим аччиғим келганини билдирмай. – Унга айтиб қўйинг, турмушга чиқаверсин, энди мен уни ёқтирмай қўйдим!..
Институтга қайтгач, Хионг конференцияга кетганини билдим.
– У менга ҳеч нима қолдирмадими? – деб сўрадим бўлимдаги қизлардан.
Улардан бири чўнтагидан бир парча қоғоз чиқариб узатди. Бу Хионгдан қолган хат эди. Унда: “Бин, иш тиғизлигидан кетишимга тўғри келди. Илтимос, менинг ўрнимга ҳаммасини бажариб қўйинг”, деб ёзилганди.
Ҳеч нарса тушунмагандай хатни бир неча марта ўқиб чиқдим. Аввалига хурсанд, сўнг хафа бўлдим, илгари сира бундай ғамга ботмагандим. Экин майдонига бориб, Хионг айтган барча ишни тартиб билан қилардим, аммо иш ўз домига торта олмади, аксинча, ҳолдан тойдирди. Фикрларим эса узоқ-узоқларда, ким билсин, қаерда эди. Бирдан Ханойга, Хионг маъруза қиладиган конференцияга боргим келиб қолди. Шунча йиллар нимага эришганини билишни истардим. Бироқ конференцияга қандай қилиб киришим мумкин, ахир, у ерга илмий ишлари бор, ютуқларга эришганлар келса, мен бўлсам, илм йўлига беўхшов қадам қўяётган одамман – янгиман!
Шу тобда онам келди, мен шоли қаторлари орасидан лонгвик қидираётгандим. Аҳволимни кузатиб, ёнимга яқинлашди:
– Нима бўлди, ўғлим? – Онамнинг овози хавотирли чиқди. Унинг кўзига жуда маъюс кўринганимга шубҳа йўқ.
– У хизмат сафарига кетди, беш кундан кейин қайтади, – дедим баттар ҳаяжонланиб.
– У… Ким ҳақида гапиряпсан, ўғлим?
– Раҳбарим ҳақида! Кетди, мен бўлсам, манави ерда уни деб ўлиб-тирилиб тер тўкяпман.
– Бу менга ёқмаяпти! Техникумни битирган одам далада лой кечиб юриши керакми? Озиб ҳам кетибсан, болам. Отанг жўнатди мени. Уйга келсин, танишимга айтдим, вазирликка ўтказишади, девонхонада ишлайди, деди. Ҳозироқ кетишинг керак.
– Ҳеч қаерга ўтмайман!.. Шу ерда қоламан! – дедим қатъий, ҳатто жаҳл билан.
– Начора, ўғлим, сен айтганча бўла қолсин. Отанг билан сенга тўсиқ бўлишни истамаймиз, гапимга кўнди онам, – аҳдимдан қайтмаслигимни пайқаб. – Неча ойдан бери уйга тузук-қуруқ бормайсан, келганингда эса қовоқ уйиб, жаҳл қилиб юрасан; отанг сендан хавотирланди, лекин мажбурлаш хаёлига ҳам келгани йўқ.
– Ойижон, мутлақо бошқа сабаб туфайли жаҳлим чиқди. Ёдингиздами, қачонлардир хушбўй исли таёқчалар қилганмиз? Уйимизда бир қиз ишлаганди, эсингиздами?
– Тиеммиди?
– Тасаввур қиляпсизми, ойижон, ўша Тием институтни тамомлади. У энди раҳбарим.
– Раҳбарим, дейсанми?.. Тием!.. Унинг кўзлари доим нам бўлиб юрарди!..
Гапим онамга яшин теккандай таъсир этди. Ўзига келгач, яна гапира бошлади:
– Нима қилибди, бўлиши мумкин… Қизнинг ўзига хос феъли бор эди. Истеъдоди билан барчани ортда қолдириши табиий. Ўрни келганда, болам, айтиб қўй, ундан хурсанд бўлдим. Азалдан унга тан берганман…
Ота-онам ушбу суҳбатдан кейин ҳам мени уйлантириш мақсадида оёқ тираб туришди. Лекин хаёлларим умуман бошқа тарафларда. Вазият янада чигаллашди: Хионг ўстирган гуручнинг янги дурагайидан иккитаси давлат реестрига киритилди, кўпайтириб, уруғ фондига ўтказиш тавсия қилинди. Мен эндиликда ундан фақат: “Бин, менга ёрдамлашворинг, илтимос…”, “Бин, манави юмишни бажарворинг, айбга буюрманг тағин…” деган гапларни эшитаман. Ишга кўмиб ташлади, қатор саволлар ечимини топишга мажбурладики, эски ошналаримни, завқ-шавқни, зиёфатларни ўйлашга ҳам тоқатим қолмади. Кимдир мени Хионгни севиб қолган, деб гап чиқарди. Албатта, бу миш-мишларни ёлғон дедим, лекин бир куни севишимга иқрор бўлдим, худо билади, аслида уни қачондан бери севаман. Бундан даҳшатга тушаёздим. Ўша куни эрталаб йиғилишимиз бор эди, кимдир Хионгга қўнғироқ қилди, бироздан сўнг ёнига мотоциклда ёш йигит келди. Узоқ вақт бирга ўтириб, ўзи билан қаергадир олиб кетди. У қоронғи тушганда қайтди. Кун бўйи ўзимга сиғмадим, иштаҳам йўқолди, кўнглим ғаш бўлди. Ўтаётган мотоциклларни кўриб, титроқ босарди мени. Ҳатто Хионг қайтганида заррача қувонмадим.
– Тобингиз қочдими? – сўради Хионг аҳволимни кўриб.
– Яхшиман… Бироз чарчадим.
– Хонангизга кириб, дам олганингиз дурустмиди?
– Қаерга бордингиз, Хионг? Ким билан? – ўзимни тутиб туролмадим, аҳмоқона савол ўз-ўзидан отилиб чиқди.
Тиемнинг юзи аввал жиндай оқарди, кейин анордай ловиллади; лаблари пирпираб, менга нимадир демоқчидай бўлди.
– Тием! – дедим мен шартта унинг қўлларидан тутиб. – Тием, кечиринг мени! Кечиринг! Сизни севаман… Ортиқ кетиб қолманг. Қўрқяпман. Куни билан аранг нафас олдим.
Тием қўлини тортиб олди-да, хўрсиниб, мулойим овозда деди:
– Бин, сизнинг ҳеч қандай айбингиз йўқ…
Унинг юзи қатъий, жиддийлашган бўлса-да, барибир оламда энг мафтункор чеҳра эди.
– Йўқ, мен хато қилдим! Қаршингизда жуда айбдорман… Най билан юз берган ўша воқеа… Илтимос, унутинг… Мен ёш бола эдим, ҳеч нарсани тушунмасдим ҳали…
– Унутолмайман, лекин барчасини сиз ўйлаганчалик эмас, бошқачасига эслаб қолганман.
– Қанақасига?! Ахир, қўрслик қилганман!..
– Бошқачасига – демак, яхши маънода! Мана шу воқеадан кейин матонатли ҳамда қатъиятли бўлдим. Агар менга яхши муносабатда бўлганингизда, ҳозир умуман бошқача одам бўлардим. Шунинг учун сиздан жаҳлим чиқмайди, аксинча, миннатдорман.
У жилмайди.
– Лекин мен… Мен сизни севаман.
– Ундай бўлса, раҳмат сизга, – деб суҳбатимизга нуқта қўйди.
Қаттиқ безовталик ва умид билан Хионгдан кўз узмай, ҳар бир ҳаракати, имосини тушунишга интилдим. У эса буни кўрмаётгандай, илгаригидек ғайрат ва тиришқоқлик билан бошқа ишларга қўл ураверди.
Кунлар ортидан ойлар ўтди. Муҳаббат қалбимда осмондаги қора булутдай кенгайиб борди, унинг юки кундан-кун оғирлашаверди. Бир нарсани аниқ билардим, бахтимга Хионгнинг севгани йўқ, аммо муҳаббатига эришмоқчи бўлганлар сон-мингта эди. Уларнинг орасида муҳандислар, фан номзодлари, университет ўқитувчилари ҳам бор эди. Номзодларни доғда қолдириш, улардан ўзиб кетиш қўлимдан келмаслигини англаб, институтдан кетишга аҳд қилдим. Хионгдан узоқроқ бўлсам, ҳаётим ўз изига тушиб кетар, деб ўйладим. Буни унга маълум қилганимда, менга узоқ тикилиб қолди.
– Ўйлаб кўришимга вақт берасизми? – деди у. – Унгача… Бир муҳим иш бор, уни сизга ишондим, дўстим. Н. вилоятига янги навни олиб бориш зарур. Маҳсулот унча катта эмас. Ўша ерда экишсин. Жоним билан ўзим борардим-у, кўриб турганингиздек, бу ерда иш қалашиб ётибди. Уруғни бергач, ўзингиз бир муддат ўша ерда қолинг, уруғни сепишда, кўкартиришда кўмаклашасиз. Ишни тугатгач, қайтиб келинг, розимисиз? Балки ой охирида, дўстим, ёнингизга ўтиб қоларман.
Кўриб турганингиздек, қоплар билан манзилга отландим, Хионг кузатиб қўйди. Дўстларим уни севишимни билади, шу боисдан ҳеч ким вокзалга келмади: бизни ёлғиз қолдиришни истадилар, ҳатто Катта Айиқ ҳам… Ҳамма гапдан хабар топгач, у менга “Хўш, кўнглинг эриб кетдими? Шартта ҳужум бошламайсанми, хомкалла!” деди. Севгимга ён босиши мумкин бўлган қўпол ҳийлаларни айтди. Бироқ буларнинг бари Хионгдай қизнинг олдида пуч ёнғоқлигини билардим.
Мени қандай кузатганини ўзингиз кўрдингиз, одатий хайрлашув, бамисоли дўстига оқ йўл тилагандай, тамом…
Шу пайт йўлдошим, вагон ойнасидан кенг далага боқди. Ўгирилган юзидан қирра бурни, ўрам-ўрам тим қора жингалак сочлари менга ажо­йиб туюлди.
– Ҳикоянгни тинглаб, хаёлимга бир фикр келди, – дедим.
– Нима экан, айт-чи? Менга ўринли маслаҳат керак, – жавоб берди йўлдошим ойнадан юз ўгирмай.
– Сен билан эндигина танишдим, лекин дилингдагини очиқ-ойдин тўкиб солдингки, ўзимни сенга дўстдек ҳис этяпман. Чин сўзим, ҳеч қаерга, ҳеч қанақа ишга ўтиб ўтирма. Вокзалда аҳволингни билмаган бўлсам-да, лекин иккингизни кузатиб, бир нарсани англадим, ўйлайманки…
– Хўш, хўш… – бетоқатлик билан мен томонга ўгирилиб қаради – кўзлари оловдай чақнарди.
Кенг пешонасига боқиб, ўйга толдим: “Йўқ, бу олов йигитни булутсиз, ғам-ташвишдан холи ҳаёт кутиб тургани йўқ, бундай яшашдан барча ёшлар ўзини тортади. Ҳаётда адашишлар, изланишлар бўлсин, шунда кўпгина яхши ишлар амалга ошади, фақат… – хаёлимга келган фикрдан жилмайиб қўйдим. – Ердан яшил новдалари униб чиқадиган уруғ тўла қоплар билан бугунги йўлга чиқиш, бу – бир баҳона”. Йигитга эса шундай дедим:
– Менимча, у сени яхши кўради. Фақат ундан тез оққан сой каби ота­шин муҳаббат изҳор қилишини кутма. Қиз сендан ишонч, тиришқоқлик ва сўнмас руҳни талаб қилади. Албатта, бахтинг кулиб боқади, мени айтди дерсан!..
Гапимни тамомлаб, тилагим амалга ошишига ишонч билдирдим: иккиси бир-бирини севади, нима бўлишидан қатъи назар, улар бахтли бўлишади.

Рус тилидан Зилола Жалолова таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 10-сон