Чан Тхюи Май. Қақнус ривояти (ҳикоя)

– Салом, профессор… Сиз… Сизни куттириб қўймадимми?
Нинь чўчиб бошини кўтарди. Мутолаа қилмасдан олдин у эшикни ланг очиб қўйганди. Иш столидан зина кафтдек кўзга ташланар, демак, битта-яримта келса, у дарҳол сезган бўларди. Бу қиз қандай қилиб билдирмасдан кириб келдийкан?! Қиз ичкарига киришини ҳам, кирмаслигини ҳам билмай остонада туриб қолди, уялинқирагандек ерга боқди.
– Келинг, хизмат… Менда ишингиз борми?
– Мен сайёҳларга хизмат кўрсатиш компаниясиданман… Сиз археология институтидан келган профессор Нинь бўласизми?
Қиз ҳамон ўзининг бежиримгина оқ сумкасидан кўзини олмай гапирарди.
– Ҳа, киринг, марҳамат. Мен нима учундир йигитлардан юборишса керак, деб ўйлабман.
Қиз оҳиста, товуш чиқармай хонага кирди. Сочлари чиройли турмак­ланган, эгнида калта оқ кўйлак билан яшил шим, тагчарми қалин шиппак кийиб олган. Ёқимтойгина, тенгдошларидан заррача фарқ қилмайди.
Нинь ўрнидан туриб пиёлага чой қуйди. Қиз стулга омонатгина ўтирди.
– Хўш, олдин танишиб олайлик, исмингиз нима?
– Тон Тиеу Фионг. Оддийгина Фионг1, десангиз ҳам бўлади.
Нинь бир ҳафтадан бери Хюэда эди. У қадимий қалъа билан мақбараларни тадқиқ қилиш учун келганди. Табаррук қадамжоларни асраш давлат идораси Сайёҳларга хизмат кўрсатиш қўмитасидан йўлбошловчи – экскурсовод юборишни сўраган эди. Бу қиз шунинг учун унинг ҳузурига келган бўлиши керак.
Қиз бу ҳақида сўрагандан сўнг Нинь мулойимлик билан мақсадга ўтди.
– Менга нима ёрдам беришингиз мумкин?
– Ўзим ҳам билмайман… Бу сизга боғлиқ, устоз, мен Дайной қалъасини, мақбаралар, ибодатхоналар, хуллас, шу ерда жойлашган кўпгина тарихий обидалар тарихини яхши биламан. Ҳаммасини бирма-бир сизга кўрсатиб, улар ҳақида ҳикоялару ривоятлардан тортиб, ўтмиш олимларининг тахминларигача айтиб бера оламан. Саёҳатчилар гуруҳига мўлжалланган дастур даражасида, албатта.
Нинь бир зум ўйланиб қолди. Сайёҳлар учун тузилган умумий маълумотларни ўзи ҳам яхши билади. Экскурсоводдан наф бормикан?
– Нима ҳам дердим, жуда соз. Қачон бошлаймиз бўлмаса?
– Қачон десангиз ўшанда, устоз. Бугун десангиз бугун…
Қизнинг дангал овозида бояги иккиланиш, ҳадик энди сезилмасди… Қора кўзлари тик боқар, тортинчоқликдан асар ҳам қолмаганди.
Қиз манглайига тушиб турган кокилини тузатиш учун қўлини кўтарди. Бу табиий, шу билан бирга зебо ҳаракат профессорга ҳаддан зиёд таниш туюлди. У ҳаво етмай, боши айланаётганини ҳис қилиб, шартта ўрнидан турди-да, базўр қизга бош чайқади.
– Ҳа, йўқ, Фионг, бугун танишиб олдик. Эртага эрталабдан иш бошлаймиз, бўптими?
Фионг хайрлашиб хонадан чиқиб кетди. У боя ногаҳоний пайдо бўлганида қандай сокин ва товушсиз келган бўлса, кетиши ҳам шундай эди. Нинь уни кузатиб қўйди-да, яна жойига келиб ўтирди. Лабларида ўйчан табассум жилваланди.

* * *

Ниннинг кўз ўнгида икки тарафида барги энли баҳайбат дарахтлар қад ростлаган Ле Лой шоҳкўчаси намоён бўлди; бу дарахтларнинг шохлари бир-бирларига шунчалар чирмашиб кетган эдики, азбаройи ям-яшил девор дейсиз. У ўзига-ўзи гапиргандек, лекин эшитиларли овозда:
– Бир замонлар бу катта кўча Жюль Ферри деб аталарди, – дея ғудранди.
Унинг хотирасидан ўқувчилик даври кино тасмасидек лип-лип ўта бошлади. Хюэ, эрта тонг, ҳаво салқин, лекин мусаффо; ўқувчилар узундан-узун, эгри-бугри йўллардан шошилмай кетишмоқда; мана, улар Муаттар дарёни оҳиста сузиб ўтаётган солда бир-бирларига суяниб ўтиришибди. Дарё сатҳини қуюқ туман қоплагани учун гўё сол алланечук сирли булутлар узра сирғалиб бораётгандек туюлади, қирғоқ қайси тарафда эканини ҳам билиб бўлмайди… Тхиафудан паромда кечиб ўтишлар… Элас-элас данбау садолари эшитилади… Қалин дарахтлар ортида номаълум қўшиқчи кўҳна ва гўзал пойтахт ҳақида куйлайди… Поль Берта кўчасида қадам ташлаб бораётган қизларнинг бинафшаранг кўйлаклари беором ҳилпирайди… Буларнинг орасида энг кучли, ўчмас таассурот қолдиргани – Бой Хоан исмли қизнинг сиймоси… Олис йиллар тўзонида ҳар қанча ғубор босган бўлса ҳам кўнгил осмонида ҳусни талъатининг таровати ўчмас юлдуз шуъласидек ҳамон порлаб турибди. Мана шу кўчалар тарвақайлаган баҳайбат дарахтлар каби юрагида бир умр сақланиб қолган.
Нинь болохонанинг ланг очиқ деразаси ёнида китоб ўқиб ўтирган ўша дилбар оқшомларни сира эсидан чиқаролмайди. Шу ердан девор билан ўралган, дарвозаси олдида ганчдан ишланган иккита норвал ўрнатилган ҳовли кафтдек кўзга ташланарди. Пешайвонда, нақшинкор ёғоч каравотда сочлари шалола янглиғ кўйлагининг этакларига тўкилган бир нозанин ўтирарди. У нилуфарнинг донадор уруғини эпчил ва нафис бир ҳаракат билан ювар, вақти-вақти билан бошини кўтарар ва Ниннинг ўзига тикилиб турганини кўриб, ўша заҳоти кўзини олиб қочар, юзига нимтабассум югурар, шунда ёноқларида чиройли кулгичлар пайдо бўлар эди.
Август инқилобининг жўшқин кунлари Нинь Бой Хоанни адабий кечалар, одам гавжум йиғинларда тез-тез учратиб турарди. Нинь доим яқинроқ боришга талпинарди, йигитчанинг хаёлчан тикилишларини сезган Бой Хоан кўзларини яширар ва ўзига хос ҳаракат билан манглайи­га тушиб турган сочларини тузатиб қўйиш баҳонасида нигоҳини ундан олиб қочарди.
– Устоз, сиздан бир нарсани сўрамоқчийдим, нима учун ўзингизни айнан археологияга бағишлагансиз?
Фионгнинг бу саволидан Нинь сергак тортди ва хотиралар уммонидан чекинди.
– Нима учун дейсанми? Сабабини сенга айтсам, анча йиллар олдин, тахминимча, чамаси, ўттиз йиллар аввал кўнглимда бир орзуми, умидми туғилганди: ўшанда мен ўтмиш хаёллари билан яшардим.
Қиз тушундим, дегандек бош қимирлатди ва жилмайиб қўйди.
– Сен-чи? Сен нима жин уриб бу соҳани танлагансан?
– Чунки мен ёшлигимдан одамларга нафосат, ўтмиш маданияти ҳақида ҳикоя қилиб беришни яхши кўрардим. Ана шу истагимни амалга ошириш учун фақат археология ёрдам бериши мумкин, дея ишонаман.
– Сен шу ерликмисан?
– Ҳа.
– Буни қаранг-а! – деб юборди Нинь, нега бундай деганини ўзи ҳам билмасдан.
– Дайнойга юрайми? – деб сўради ҳайдовчи унга юзланиб.
Нинь боши билан тасдиқлади. Машина чорраҳада бурилиб Фусуан кўприги сари ўрлай бошлади. Қиз хаёлга чўмди. Нинь кўз қири билан унинг ёқалари кенг очилган бўйни, хушбичим ияги ва нимочиқ лабларига тикилиб қарар экан, бир нимани эслагандек бўлди.
– Бир пайтлари Хюэда аозай кийиш расм эди, кўриб одамнинг кўзи яшнарди, ҳозир камдан-кам аёллар бунақа кийинишади, аттанг, – дея кўнглига келган гапни айтди Нинь.
– Сайёҳларни бирон ерга олиб борадиган бўлсам, сиз айтгандек аозай кияман. Бугун сиз билан қадимий қалъа харобаларини кўришга кетяпмиз. У ерда тиззагача етадиган ўт-ўлан ўсиб ётибди, тиканли гиёҳлар кўп. Шойи кўйлак кийиб бўлмайди, ҳаш-паш дегунча кўйлак расво бўлади…
– Жуда эҳтиёткор экансан-ку! Лекин ким мажбур қиляпти сени қўрғонга боришга? Агар зарурат туғилса, мен ўзим уддалайман. Ўзингга малол келадиган ишни қилма, мени бир оддийгина сайёҳ деб ўйлагин, хўпми?
Фионгнинг чеҳрасида норозилик зуҳур этди:
– Менга экскурсия топширилган, деб ўйлаяпсизми… Мени сизга кўмаклашиш учун юборишган. Демак, қаерга десангиз, ўша ерга бораман, устоз!
Қизнинг қиёфасида бунчалик қатъият ва ўжарликни кўриб, Нинь ўзини кулгидан тўхтатолмади.
Машина Хиеннён дарвозаси олдида тўхтади. Нинь билан Фионг машинадан тушдилар. Ҳайдовчи машинани буриб, улкан баньян дарахти остига элтиб қўйди. Фионг сумкасини елкасига ташлаб, соатига қаради:
– Машина бизни чорраҳада ўн беш дақиқа кутади. Вақтимиз оз, шошилишга тўғри келади, устоз.
Қиз шундай деди-да, олдинга ўтиб йўл бошлади. У тез юрар, бироқ ажабо, ҳар доимгидек қадам товушлари эшитилмас эди. Ногаҳон Бой Хоаннинг енгил одимлашлари Ниннинг ёдига тушди.
– Секинроқ юр, Фионг, бунақа шошмагин-да! – деди Нинь ва кутилмаган савол оғзидан чиқди: – Сен чинданам Хюэда туғилганмисан?
– Нимайди, устоз?
Фионг тўхтаб ўгирилди, унинг кўзлари ҳайрат-ла боқарди.

* * *

Туғилиб-ўсган шаҳарларига бориб келган профессорнинг тенгдошлари: “Илгариги Хюэдан асар қолмаган”, дейишарди. Болаликлари ўтган Амхон майдони бузилиб кетмаган бўлса ҳам мутлақо таниб бўлмасди. Одамлар, шаҳар осмони, ҳатто дов-дарахтлар ҳам ўзгариб кетгандек туюларди. Ҳалиям номи Хюэ бўлгани билан унинг ўзига хос, бетакрор қиёфасидан ному нишон йўқ эди.
Нинь таниш-билишларининг гапларини жимгина эшитарди-ю, бироқ ишонмасди. Бу шаҳар унинг ота макони эмасди, у бошқа ерда туғилганди, бироқ беғубор болалиги шу ерда ўтди, биринчи муҳаббатнинг маст қилувчи шаробини шу масканда тотиб кўрди, қайноқ ёшлигининг бебаҳо дамлари хазон япроқлари янглиғ шу шаҳри азим тупроғига кўмилди. Бу ерларни тарк этиб кетгач, шунча йиллар ичи яшноқ гулларга бурканган Оқ йўлбарс кўпригида ўтказган нурли оқшомларни, чирилдоқларнинг тинмай чириллашини хотирламаган бирор кунини эслолмайди.
Мана шу ўтган давр – ўттиз йилдан зиёдроқ вақт ичида шимолий ҳудудларда ер қатламларини қазиб, қадимий иншоотлар: Колоа, Хоала, Нямак, Няхо қўрғонлари тарихини ўрганди. Ҳар сафар янги ишга қўл урар экан, кун келиб, албатта, Хюэда ҳам археологик қазишмалар олиб боришига умид қиларди.
Мана, ниҳоят умидлари рўёбга чиқди.
Археологнинг беқўним ҳаёти Нинни бу қадимий шаҳарга келтириб ташлади. У тинчлигини ўғирлаган яккашохлар қўриқлаётган уйни излаб топди.
Уйга олиб борадиган сўқмоқ бузилиб, ўт-ўлан ўсиб кетибди. Лекин бошқа жиҳатлари ўша-ўша: нафис нақш билан чизилган парда, салқин айвондаги йўниб ишланган ёғоч сўри. Ўтган ўттиз йил бадалида буюмлар эскирган, аммо улардан бирортасининг ўрни ўзгармаган. Унинг ҳаётида эса кўп ўзгаришлар рўй берди. Пешонаси шўр экан, меҳрибон, суюкли рафиқаси уруш йилларида ҳалок бўлди. У ўттиз йил аввалгидек интизорлик ва умид туйғулари билан Бой Хоан ҳақида ўйламайди, лекин ўтмишни хотирлар экан, жон-дилидан унга бахтли умр тилар эди. Нима бўлган тақдирда ҳам, ёши улғайган сари қадрдон гўша, ўқувчилик йиллари, ёшлик даврини кўп эслайдиган бўлиб қолган…
Нинь эшикни тақиллатди. Эшик зўрға очилди. Остонада ўрта бўйли аёл пайдо бўлди, у эгнига калта кўйлак кийиб олган эди. Озғин, ҳорғин чеҳрасини ажин тирнаган. Аёл Нинга диққат билан разм солди. Бироқ рўпарасидаги одамни таний олмади, ҳамма нарса унинг хотиридан ўчиб кетганди. Ораларида вужудга келган ноқулай жимликка барҳам бериш учун аёл қўли билан ишора қилиб уни ичкарига таклиф этди. Унинг озғин қўлларида қаҳрабо билагузук ярақлар эди. У мулойимгина жилмайди ва бу табассум эвазига унинг ёноқларини иккита чуқур ажин қоплади: ёқимтой кулгичлар, мана, нимага айланар экан…
Нинь армияга кетгач, Бой Хоан уч йилдан сўнг турмушга чиққанини эшитганди. Унинг эри Туйендик вилояти раҳбарларидан бири бўлиб, автомобиль ҳалокатида ҳаётдан кўз юмганди. Францияда илм олган тўнғич ўғли 1975 йилдан буён ўша ерда умрбод қолиб кетган, пировардида Бой Хоан саккиз яшар кичик қизи билан бир ўзи яшар эди.
– Қизингиз яхшими, Бой Хоан… тузукми? Уни кўрсам бўладими?
– Раҳмат, яхши, фақат ҳозир уйда йўқ эди, дугоналари билан аллақаерларда ўйнаб юргандир. Кечгача аҳвол шу, ўйнагани-ўйнаган. Кўчадан бери келмайди, қиз болаям шунақа бўладими?
– Бола қанча югуриб ўйнаса, шунча соғлом ўсади. Парво қилманг. Ҳали уйда кўп ўтиришига тўғри келади, ўйнаб қолсин ҳозир, – дея уни юпатди Нинь.
– Ўйнасин, майли, кўнглини оғритмай дейман, шунинг учун ёмон гапирмайман унга. – Аёлнинг юзига аччиқ кулги ифодалари ёйилди. – Лекин аллақаерларда оёғи куйган товуқдек югуриб юриш учун туққанманми уни? – Шундай деб у пиёлаларга чой қуйиб узатди. – Олинг, чой ичинг. Лотос баргидан дамладим, отам шу чойдан ичарди, лоақал одатларимизни эслайсиз.
Нинь индамай чойдан ҳўплади.
Наҳотки у ўттиз йилдан буён орзиқиб кутаётган учрашув шу бўлса?

* * *

Мана, у ўша орзу қилган заминдаги машҳур қалъа деворлари остида ўтирибди. Гир айланадаги тизза бўйи ўт ўсиб кетган, ранг-баранг гуллар шамолда тебранади.
Шу чоқ кимнингдир шарақлаб кулгани эшитилди. Қамишлар орасидан жажжигина қушча париллаб учиб чиқди-да, қуюқ майсалар ичига ўзини урди, унинг ортидан Фионг югуриб чиқди ва тутиб олиш учун ўзини унга отди.
– Эҳтиёт бўл, Фионг! Ҳаммаёқ қамиш бўлса, қўлларингни кесиб олма яна.
Фионг унга яқин келиб, Ниннинг ёнидаги харсангга ўтирди.
– Ёшинг нечада, Фионг?
– Йигирмада.
– Анча бўлдими ишлаётганингга? Ёки энди иш бошладингми?
– Икки йил бўлди. Ўрта мактабни тугатгач ишга кирганман.
Қуёш шуъласи барглар орасидан ўтиб улар ўртасидаги ўтлар устига тўкилди.
– Ишинг ўзингга ёқяптими?
– Ҳа, жудаям. Сайёҳларни турли ерларга олиб бораман, уларга тарихий ёдгорликлар ҳақида сўзлаб бераман. Шунақаям ҳаяжонланаманки. Агар Линь Минг мақбараси ёки Хон Тен саройига бориш керак бўлса, аждаҳо шаклидаги қайиқда Хушбўй дарёсининг хушманзара гўшаларига боришга тўғри келади. Баъзан хорижий юртлардан кўплаб сайёҳлар ташриф буюришганда ҳафталаб, дам олмасдан саёҳат қиламиз.
Нинь диққат билан қизга тикилди.
– Менга қара, Фионг… зериккан кунларинг ҳам бўладими?
– Чарчайман, бунақаси бўлиб туради. Ҳафталаб тик оёқда юраверганингда билмай ҳам қоласан чарчаганингни… Оёқларинг қақшайди, пойабзалинг йиртилиб ҳам кетади баъзан. Лекин – зерикмаганман ҳеч қачон.
Гапираётиб қиз беихтиёр барқ уриб очилиш арафасидаги ғунчани узиб олди, бироқ новдасида бўртган ўткир игналар бармоғига кирди-ю, дарҳол улоқтириб юборди ва дастрўмолини олиб бармоқларининг юмшоқ ерларини артди.
Уларнинг ўртасида ётсираш сезилмасди. Ўзаро ҳамкорлик уларни яқинлаштирган, шунинг учун Фионг ўзини анча енгил ва очиқ-ойдин тутарди.
– Биласизми, устоз, илгари мен бирам уятчан, тортинчоқ эдим. Донгкҳандаги мактабда ўқиганман, у ерда асосан қизлар ўқирди. Икки-учта қиз ўртоқ бўлиб юрардик, шунинг учунми, кўпчиликнинг ичига кирсам, одамларнинг савлати босармиди, ишқилиб, ўзимни йўқотиб қўярдим. Энди иш бошлаган кезларим ҳам бошимни кўтаролмас, туфлимнинг учидан кўзимни сира узолмас эдим.
Қиз шарақлаб кулди.
– Ҳалиям шунақамисан?
– Йўғ-а, аввалига нимаси ёмон бу одатимнинг, деб шунга кўникмоқчи ҳам бўлганман, ундан қутулиш ўрнига яхши томонимни ахтарардим. Кейин вазият тақозоси билан ўзимни нисбатан бўлсин, дадилроқ ва эркинроқ тутишни ўргандим. Ишим равон, мантиқан асослаб гапиришни тақозо этарди, шунга ўрганиш учун ўзимча машқ қилдим. Уйда тошойна қаршисида туриб олиб, фасоҳат билан гапириш, одамлар эътиборини жалб қилиш сирларини, умуман, қизиқарли ҳикоя қилишни ўргандим. Натижа ёмон бўлмади. Ҳозир аввалгидек тортинмайман. Фикримни жамлаб хотиржам ҳолатда сайёҳларни қизиқтирадиган ривоятлар, латифалар айтиб бераман. Ҳар битта ёдгорлик ёнида гапириш учун ўн дақиқа ажратилган бўлса-да, дастурдан чиқиб кетишдан чўчимайдиган бўлдим. Суҳбатни халқ афсоналари билан бойитаман. Менимча, ўз ишимни яхши кўрганим сабабли шуларга эришдим.
Қайтаётганда йўллари яна Фусуан кўприги орқали ўтарди. Муаттар дарёсининг яшил сувлари таянч устунлар атрофида ўрама ҳосил қилиб, шошилмай оқарди. Машина ойнасидан сарин, хушбўй шамол ёпирилиб кирарди.
– Айбга буюрмасангиз бир гап айтаман, устоз, – деди Фионг ва садафдек тишларини ярақлатиб жилмайди.
– Хўш, гапиравер.
– Ювинаётган чоғингизда мен сизнинг дафтарларингизни кўриб, бир неча саҳифасини ўқиб чиқдим. Назаримда, ноаниқ, чалкаш маълумотлар кўп.
– Ким айтди сенга уларни ўқисин деб? – деди Нинь қовоғини уйиб.
– Эшитинг, масалан, сиз Ванниён мақбарасини қуриш учун ҳар куни уч мингдан зиёд ишчи кучидан фойдаланилган, деб ёзибсиз. Менимча, уч минг эмас, ўттиз мингта бўлса керак.
– Қаердан топдинг бу маълумотни?
– Бу хусусда оғзаки ривоятларда айтилган. Афсоналарнинг бирида бахтиқаро ҳаммоллар ҳақида шундай ҳикоя қилинади: “Ўттиз мингдан зиёд бенаво, очликдан силласи қуриган, рўшнолик кўрмаганлар залворли харсангларни елкаларида ташир, оҳактошларни майдалар эдилар…” Мен ҳозир шу рақам тилга олинган бошқа, янаям ишончлироқ манбаларни излаяпман. Бундай олиб қараганда ҳам, тош майдаловчиларнинг шунақа йирик қўзғолони учун уч мингта одам кам экани кўриниб турибди. Одамлар оч-яланғоч, бир бурда нонга зор бўлишган. Бу ёқда оғир, тинка-мадорни қуритадиган меҳнат… Шунинг учун улар болға, тўқмоқлар билан саройга ҳужум қилишган, қўрқишмаган, чунки пичоқ суякка бориб қадалган, улар қўрқувни унутган ва ўзларига ишонганлар. Нега? Лоақал кўпчилик бўлишгани учун, тўғрими? Яхши қуролланишмаган, лекин сон-саноқсиз…
– Гапингда жон бор! – дея тасдиқлади Нинь ич-ичида қизнинг далил-исботларидан яйраб. Шу чоққача у экскурсовод деганда ҳатто биттагина бўлсин хорижий тилни билиш тугул, ясан-тусан қилишдан бошқасига қизиқмайдиган йигитчаларни кўз олдига келтирар, уларга “ойимқовоқлар” деб ном қўйиб олганди. Фионгнинг тахминларини эшитиб, жуда қувониб кетди.
– Биласанми, бу маълумотларни менга шу бугун тақдим этишганди, ҳали тузуккина танишиб чиқишгаям улгурмагандим. Агар хўп десанг, ҳамма материалларни ўқиб чиқасан бундан буён, кейин… Шундай қилсак, менга жуда катта ёрдаминг тегарди, нима дединг?
– Ростданми? Жиддий айтяпсизми? Жон-дилим билан, агар сиз лозим топсангиз! – дея чапак чалиб юбораёзди Фионг қувонганидан.

* * *

Ўша куни кечқурун Нинь ўзининг хомаки ёзувларини диққат билан ўқиб чиқди. Дарҳақиқат, тахминлар, аниқлаштириш шарт бўлган қайдлар кўп экан. У чой ҳўплар экан, бу камчиликларни сезмай қолгани учун ичида ўзини янир, сўкар эди. Нимасини айтасиз, сўнгги йилларда унинг мантиқий фикрлаши, ўткир зеҳни, заковатига кўз тегди, шекилли. Кексалик аломатлари бўлмасин-да, ишқилиб! Эндигина элликдан ўтган бўлса, илм кишиси учун айни балоғат ёши-ку!
Ўша кундан сўнг Фионг Нинь учун ўта зарур, фаол ёрдамчига айланди-қўйди. Унинг қайдларига, тўплаган маълумотлари, қиёсларига қанча ўзгартиришлар киритди – номаълум, бироқ Фионгнинг беғараз, астойдил кўмаги олиб бораёган илмий тадқиқотларига янги мазмун бахш этиши муқаррар эканини кун сайин сезарди.
– Устоз, Ванниен мақбарасининг қурилишида ишлаган корандаларнинг сонига нима учун аҳамият берганимни энди айтсам бўлар. – Шундай деб Фионг сумкасидан бир даста қоғоз чиқарди. – Чунки мени Тошмайдаловчилар қўзғолони билан боғлиқ жамики маълумотлар – улар қандай бўлишидан қатъий назар, каттами-кичикми, арзигуликми-йўқми, фарқи йўқ – жуда қизиқтирарди. Ти Дик маыбараси ҳақида ҳикоя қилаётганимда мен хаёлан майсалар қоплаган тепаликни тасаввур қиламан. Император дунё ташвишларидан халос бўлиш учун шу ерда ҳаловат топишни истаган. Ҳатто кўнглидан ўтган бу орзусини яқин кишисига васият қилган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам у тириклигидаёқ жамики эзилган халқни шу ерга ҳайдатиб келтирган. Оч-яланғоч одамлар харсангтошлар остида эзилиб, дардини ичига ютиб, калтак ва зўрлик ҳукмида ўша иншоотни қуришга киришган… Мана шундай машаққатларга чидаёлмай охири қўзғолон кўтаришган. Қон дарё бўлиб оққан, дейилади афсоналарда… Тарих ўтмиш қаърида қолди, ўн минглаб кишиларнинг кўз ёшлари-ю тўккан терлари ёлғиз гунг ва лол тошлар бағрига сингиб кетди… Сайёҳларга тахминан шундай ҳикоя қилиб бераман. Назаримда, бу бебаҳо ғиштлар тарихи ҳақида рўйи-рост гапирмоқчи бўлсанг, энг аввало, шуларни терган, ўрнатганларни эслаш билан ўша қиссаларни бошлаш керак, шундай эмасми!
– Фикрингга тўлиқ қўшиламан, – маъқуллади Нинь.
Қиз жилмайди ва енгилгина ҳаракат билан сочларини тузатди. Ўша-ўша дудоқлар, ўша табассум, ўша нозик билаклар… Нинь хўрсиниб қўйди ва боши айланганини сезди, сўнг ланг очиқ дераза ёнига борди.
– Устоз, мазангиз қочдими?
– Йўқ, йўқ, ҳаммаси жойида. Фақат бироз ҳаяжонландим, шекилли. Бизнинг ёшимизда бу нарса зоҳиран акс этади. – Нинь ўзини қўлга олиш учун бир-икки маротаба кўксини тўлдириб чуқур нафас олди. – Эҳтимол, шунинг учун тоби келишмаёган одамдек таассурот қолдирарман. – Унинг овозида ҳазил оҳанглари йўқ эмасди.
– Нега энди, ҳечам-да! Мен толиққан бўлсангиз керак, деб ўйладим. Чунки охирги кунлари дам олиш эсингизга ҳам келмаяпти.
– Ўтиб кетади бу. Лекин, очиғини айтсам, мен ҳаётимда ҳозиргичалик ишлаб роҳат қилмаганман… – Нинь қизни ёнида узоқроқ ушлаб туриш ниятида гапини тугатмай хаёлга чўмди, лекин ўзи сезмаган ҳолда одати бўйича унга жавоб берди: – Хўп, майли, кетишинг мумкин. Бугунги ишимиз жуда унумли бўлди.

* * *

Сўнгги иш куни – оқшомга яқин уларнинг қидирув ишлари ниҳоясига етмоқда эди. Уч кундан кейин Нинь Ханойга қайтиб кетади. Бу ерда бир ойдан буён яшаяпти, шу муддат ичида ўттиздан зиёд қадимий обидалар тарихини ўрганиб чиқди, тўрт юз саҳифадан ортиқ ҳужжат ва маълумот тўплади.
Тхи Дик мақбарасида ганчдан ясалган кўзалардаги қордек оппоқ гулларнинг ғунчалари барқ уриб очилди. Унинг муаттар бўйи ён-атрофга таралди.
Нинь билан Фионг мақбарани айланиб чиқишди. Улар асосий ҳисобланган катта залда иккита ҳорижий сайёҳлар гуруҳи билан вьетнамликларни учратишди. Сайёҳлар орасида юргилари келмаганидан улар кираверишдаги кўҳна йўсин қоплаган айвончага чиқиб кетишди.
Фионг эгнига кўкиш-кулранг, этаги узун миллий русумдаги кўйлак кийиб олганди, ботаётган қуёшнинг заррин нурлари унинг нозик дид билан гардишига гуллар тикилган гўзал шляпасини ёритарди.
Нинь оёғи остидаги баҳайбат кулранг-мовий харсангтошларни кўздан кечирар экан, уларни бу ерга қандай қийинчиликлар эвазига келтиришганини тасаввур қилди. Бундан бир неча аср муқаддам бўлиб ўтган қўзғолон ҳақидаги қизнинг гапларини эслади. У ўгирилиб қизга юзланди:
– Эрта-индин Ханойга борганимда сенга Доан Чингнинг “Бурч ва эътиқодга садоқат” деган ривоятлар китобини юбораман.
– Бошим осмонга етарди… Лекин, илтимос, илмий тадқиқотингизни ҳам қўшиб юборинг, хўпми?
– Адолат юзасидан айтганда, сенинг номинг ҳам китобнинг титул варағида туриши даркор. Сенинг ёрдамингсиз бу ишни охирига етказолмасдим, ҳа, чин сўзим.
– Қўйсангиз-чи… – Фионг қизариб кетди. – Хижолат қилманг… одамни. Мен шунчаки қораламаларингизни ўқиб чиқдим, холос. Қанақасига тадқиқотчи бўламан?
– Хоҳласанг, археология билан шуғулланишингга ёрдам бераман. Вақти келиб институтимизда ишлайсан!
Фионг бошини қуйи солди. Бугун соч тўғноғич тақмагани учун сочлари шалоладек елкасига тўкилди.
– Археология менинг жону дилим, лекин экскурсовод бўлиб қолишни истайман. Башарти тарихни ўрганар эканман, мақсадим битта, у ҳам бўлса, малакамни ошириш. – Фионг бир зум хаёлга толди, сўнг гапини давом эттирди. – Мен битта нарсага қатъий ишонаман: гўзалликка ошно бўлган одамлар эзгуликни нозик фаҳмлайдиган бўладилар, уларнинг ички олами турли нуқсонлардан фориғ бўлади.
Улар ўринларидан туриб, ташқарига йўл олишди. Мўъжазгина кўл юзида қуёшнинг тилла жилолари ўйнайди. Саёҳатчилар кўринмайди, улар мақбаранинг ички залларини томоша қилгани кириб кетишган бўлишса керак.
– Мен умримда сизга ўхшаган инсонни учратмаганман. Сиз билан ёнма-ён туриб ишлаш менинг бирдан-бир орзуимдир. Афсуски, бу нарса пешонамга ёзилмаган экан. – Қиз чин кўнгилдан куюнарди.
Соат бешларда тепалик ёнбағридан келаётган оқ “Жип” кўринди.
Бир неча дақиқадан сўнг ҳайдовчи Нам Зяо пайдо бўлди. Ярим соатдан сўнг улар йўлда кетишар эди. Мана, машина яна Ле Лой шоҳкўчасида шитоб билан кетиб борарди.
Нинь беихтиёр бир пайтлар ўқиган кўҳна ҳинд афсонасини эслади. Афсонада қақнус ҳақида ҳикоя қилинарди. Қуш кексайиб қолганини сезгач, олис-олислардаги яланғоч қояларга учиб кетади ва ўша ерда ўзи учун дарахт шохларидан ин ясайди. Мустаҳкамроқ бўлиши учун мой аралаштиради. Кейин мана шу уяга кириб ётади ва ботаётган қуёшнинг сўнгги нурлари остида жон беради, унинг жисми кулга айланади. Бироқ бир ҳовуч кул ўрнида оппоққина, бежирим тухум пайдо бўлади. Кўклам келиб тухумдан бутун вужудини момиқ пат қоплаган, қўрқмас ва гўзал қақнус жўжаси чиқади.
Нинь ҳорғин жилмайди. Бўлажак илмий ишининг муқаддимасида шу афсонани келтирса бўларкан.
Унинг ўтмиш ҳаётида бўлиб ўтган воқеа ва ҳодисалар тарихига ана энди сўнгги нуқтани қўйса бўлади.

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 10-сон