Қоронғилик шу қадар қуюқ эдики, деворга ўхшарди. Ҳеч нарса кўринмасди. Улар йўқликда учрашганларида, ёнғоқнинг ерга тушгандаги тўқиллашидан бошқа овоз эшитилмади. Қоронғиликда ёнғоқ думалаб-думалаб муаллимнинг ёнига етиб боради. Кўпинча муаллим шундай дейди:
– Мен қоронғида яхши кўраман. Бунга қамоқларда ва бўшлиқда бўлиш давомида кўникканман.
Шундай қилиб, у уларни кўриб турарди. Улар эса уни ва умуман ҳеч нарсани кўрмасдилар. Қоронғилик сабабли ҳар ким ўзига хос, эшиклари зич ёпиқ бир дунёда яшарди. Улар турли жойлардан – узоқдан ва яқиндан келганлар. Улардан бири бошқаси ҳақида ҳеч нарса билмайди. Барчаларини бу ерга бир нарсагина тортарди. Муаллим уларни чақирар экан, тинчлик ва хотиржамликни ваъда қиларди. Улардан бирини чақириб, деди:
– Избату ан-Нахлда ҳовлим бор. Унинг орқа томонидаги бўш ётган ерга баланд уй солдим. У ердан баландда муаллақ туради ва унга ҳеч қандай йўлнинг ўзи йўқ. Мазкур уйга ёғоч нарвон орқали чиқилади. Унинг тагига хашак ғарами тўкилади. Хона ишғол этиб бўлмайдиган қалъадек бўлиб, қоронғилик унинг олдида яна бир истеҳком вазифасини адо этади.
Ҳа, улар ҳавода осилиб қолиб, қоронғиликка ғарқ бўлдилар. Улар худди кўз ҳануз ихтиро қилинмаган замонда яшаётган эдилар. Ёнғоқни еяётганда эса қўллар бир-бирига тегиб кетарди. Аммо кимнинг қўли? Қайси одам ва қандай шахс?
Муаллим кулиб деди:
– Биз тинчлик неъматидан баҳраманд бўлаётганимиз учун қоронғиликка раҳмат дейишимиз лозим. Менга ишонинглар, мен кўпни кўрган инсонман!
Бир кунмас-бир кун қоронғилик ҳаммани буркаб олганда, бирининг овози бошқасини шарманда қилиб қўйишини қўрқишини муҳокама этишларини кутмаганди. Уларга шундай дерди:
– Агар шам ёруғига ўрганиб олиб, суҳбатга киришсангиз, унинг охири бўлмайди, ораларингиздаги келишмовчиликларнинг чеки кўринмай қолади, ўтиришингизни жаҳаннамга айлантириши мумкин. Аммо мен ундан жуда нафратланаман.
Қоронғиликдан кулгу овозлари келди.
– Биламан, ораларингизда турли дин ва қарашларга мансуб инсонлар бор. Мана сизлар қоронғилик ва сокинлик туфайли осойишталикда вақтингизни яхши ўтказаяпсизлар!
Яна пичирлаш овозлари келди. Худди улар ўз одатлари бўйича билинтирмасдан бўлса-да, масхара қилаётган эдилар. Диний ва ғоявий фарқларни ҳал қилишнинг ажойиб воситаси эканми!.. Масхара қиладилар, билмайдиларки, улар кириб келган хонада ёзилган бўйралар ва наматларгагина тегиб туришибди!.. У қаттиқ йўталиб олганидан кейин титроқ овозда деди:
– Сизлардан бирортангиз ўзи билан бирга ўтирганни ўзи билмайдиган жойда учратиб қолсангиз, ишдаги ҳамкасабаси ёки оила аъзоси бўлса, унга яхшиликни тиласа ёхуд ўлдириш истагидан қайтса, буларнинг барчаси жуда ажойиб бўлар эди!
Уларнинг барчалари гуноҳга ботганлар. Гуноҳкор қўрқоқ бўлади. Шунинг учун улар кулгуларини яширадилар, қоронғида ўрмалаб, вишиллаган овоз чиқарадилар. Қаҳ-қаҳ уриб кулиб, деди:
– Мен Сизларнинг барчангизни биламан. Исмингиз, ишингиз ва манзилингиз менга маълум. Аммо мени ҳеч нарса қизиқтирмайди. Инсон обрўсини сақлаш ниятида кулгисини босади. Қамоқда, бўшлиқда ва беобрўликдагина инсон ўзини эркин ҳис қилади!
Эй, тақиллаган овоз! Томир уриши кесатиш ва ўзига ишончдан умуман халос бўлмайди. Агар маъмурлар билан муомаласида устомонлиги бўлмаганида, у билан бирга ўтирган инсонларни унинг нобоплиги қўрқитиб юборарди. Жароҳатланган киши унда бошқаларда бўлмайдиган нарсаларни топади. Сўзамол ва кўрувчи қоронғиликка беркинади. Бир сафар кулиб деди:
– Сизлар барчангиз катта одамсизлар, ўз мансабларингиздан қўрқасизлар. Аммо камбағаллар ҳеч нарсадан қўрқмайдилар. Шунинг учун улар бу ерга келмайдилар. Бунда улар қоронғилик ва сокинликка ишонмайдилар.
Бу киши ярамас бўлишига қарамасдан, касалликка мубтало бўлганлар унга ишонадилар ва ёрдамларни хурсандчилик билан қабул қиладилар. Уларни йўқликдан қоронғи деворга урилган кўзларгина чиқара олади. У букур, юзлари буришган, паст бўйли ва ёши етмишдан ошган. Аммо шайтоний қувлиги бор. Кулиб, улардан сўради:
– Нимага бутун ҳаётингизни шу ўтиришнинг чиройли давоми қилиб қўя қолмайсизлар?
Сўнгра худди ўз саволига жавоб бераётгандек деди:
– Иш… Оила… Тирикчилик, дейсизлар.
Истеҳзо билан кулимсираб, сўнгра:
– Аммо қоронғилик ва сокинликдан бошқа ҳеч нарса йўқ! – деди.
Узоқ вақт жим ўтирганидан кейин:
– Мен Сизларни бўлар-бўлмас гаплар билан масхара қилаяпман. Сизлар эса мени ичингизда мазах қилаяпсизлар. Бунинг маъноси Сизлар ўрганмасликларингизда аён бўлади. Аммо мен дунёнинг бевафолигига қарамай, ўзим учун мўъжиза яратдим. Менинг оилам ва ишим йўқ. Умр тез ўтиб кетади, кунлар чопади, шунинг учун ҳаёт менга узоқ, ташвиш ва муаммоларга бой, оғир ҳамда зерикарли кўринади. Мен ўлимдан қўрқмайман. Сизлардан ҳеч бирингиз ўлимдан қўрқмайсизлар!
Ярамаслиги кишида унсиз мазах пайдо қилишига қарамай нозик торларга тегиб кетди. Аммо унинг ўлимдан қўрқмаслигига ким ишонади? Унда нима учун ҳаво ва бўшлиқда бу алоҳида хонани қурган?
Ўша кечада уларга ишонч билан деди:
– Бу хонада ҳаёт ҳикматининг қаймоғи бор.
Кўп гаплар тўхтаб қолди. Ёнғоқ ҳам думалашдан тўхтади. Улар у ўз одатига кўра, озгина дам олмоқчи бўлса керак, деб ўйладилар. Кутдилар. Жимжитлик ва қоронғиликда кутиш чўзилиб кетди. Яна кутдилар. Кутавердилар. Ҳеч нарса ўзгармади. Кутиш ҳам жонларига тегди. Айримлари нега жимсан, дегандек, томоқларини ҳам қириб қўйдилар. Фойдаси бўлмади. Нима, ухлаб қолдимикан? Ўзидан кетиб қолдимикан? Ўлиб қолдимикан?
У ўтирган жойдаги қўшниси қўллари билан уни қидирди. Сўнгра ташвишли оҳангда пичирлади:
– У одам жойида эмас!
Пайпаслаб эшикни очишга уриниб кўрди. Аммо тараддудланиб пичирлади:
– Эшик қулфлаб қўйилган.
Улардан бири овозини хиёл кўтариб, деди:
– Бирорта дераза бўлса керак. Ҳар ким деворнинг ўзига яқин қисмидан деразани қидиради. Бирмунча вақт қидиргандан сўнг кетма-кет овозлар янгради:
– Дераза йўқ… Дераза йўқ…
Бекинмачоқ ўйнашни тўхтатиб, ўз ҳолатларини кўриш учун гугурт ёқишга қарор қилдилар. Сигарета қутиси жойида турган бўлсада, гугуртдан асар ҳам кўринмасди! Бу бекорга эмаслиги аён бўлди. Гугурт ўғирланган! Аммо ўғри ким ва нима учун ўғирлади? Унинг мақсади нима? Муаллимни чақирдилар, ғазабли овозлар билан чақирдилар, момақалдироқдек гулдираган овозлар билан чақирдилар. Аммо жавоб бўлмади. Умуман жавоб бўлмади. Ҳеч қандай овоз…
– Қачон, қаерга кетди?
– Қандай қилиб чиқиб кетди?
– Беркиниб олганлигининг сабаби нимада?
– Қандай қилиб ва нимага гугуртни ўғирлади?
– Балким, бирон иш билан чиқиб, фалокатга йўлиққандир.
– Нега эшикни ёпиб қўяди?
– Нимага гугуртни ўғирлади?
– Булар ҳазилми ёки ёмонликми?
– Қоронғиликда биз хавф-хатардамиз…
Яна муаллимни чақира бошладилар. Овозларини кар деворларгина эшитадилар. Томоқлари бўғилиб, деворларни муштлашдан қўллари қаварди. Қоронғиликда, тушкунлик кучайди. Энди нима қилиш керак? Охири кўринмаётган бўлса ҳам кутиладими? Тақдиримизни ҳал қилиш учун таслим бўламизми? Тақдиримиз нима бўлади? Нима, у киши ақлдан оздимикин? Бўйраларнинг устидаги жойларига ўтирдилар. Нима бўлганда ҳам ҳаммалари заиф эдилар. Барчалари узоқ масофага югурган ёки жангдан кейин пайлари чўзилиб кетгандек эдилар. Ноиложлик орқасида қўрқинч ҳам уларни тарк этди. Биттаси овозини чиқариб эснади. Кетма-кет бошқалар ҳам эснадилар. Овоз келди:
– Қизиқ, фақат гугуртни ўғирлаб кетганмикан?
Қўллар чўнтакларни пайпаслаб, нохос биттаси қичқирди:
– Шахсий гувоҳномам!.. Гувоҳномам кўринмаяпти…
Бошқа овозлар ҳам янгради:
– Менинг гувоҳномам ҳам йўқ…
– Пуллар жойида. Аммо гувоҳнома кўринмайди.
– Бу топишмоқнинг маъноси нима бўлди?!
Бир неча киши гапиришга уринди. Аммо овозлари чиқмади. Яна эснашлар бошланиб, истеҳзоли чўзилган “наво”ларга айланди. Сўнгра қоронғиликда оғир сукунат чўкди, худди уйқу ёки ўлим ҳолатидек.
Қоронғиликни кесиб, осудаликни бузган ҳолда савол янгради:
– Қалайсизлар?
Қоронғиликда овоз ёлғиз ёйилди. Аммо унга жавоб бўлмади. Шунинг учун овозини кўтариб такрор сўради:
– Ҳой… Қалайсизлар?
Қоронғиликда заиф ҳаракат юз бериб, ундан ишончсизликка тўла овоз чиқди:
– Муаллим!.. Ким?.. Муаллим?
Кетма-кет овозлар келди: Муаллим… Муаллим… Овоз яна истеҳзо билан сўради:
– Қалайсизлар?
– Аҳволимизни сўраяпсиз!.. Сиз!.. Бу қанақа қўпол ҳазил?!
– Аҳволларингиз қалай. Шуни сўраяпман.
– Ўзингиз қаерда эдингиз?
– Мен жойимдан жилганим йўқ…
– Ҳалиям бизларни майна қилаяпсизми?
– Ишонинглар менга, шу вақт давомида жойимдан ҳеч қаерга қимирлаганим йўқ.
– Ёлғончи… Сизни қидириб, ном-нишонингизни ҳам топа олмадик.
– Сизлар ҳам жойларингиздан қимирлаганларингиз йўқ…
– Эй, доно… Сизни чақиравериб овозларимиз бўғилди, деворларни уравериб қўлларимиз қавариб кетди.
– Сизлардан ҳеч қайсингиз ҳаракат қилмадингиз. Ишонаверинглар менга. Мен ҳам доимо Сизлар билан эдим!
– Ҳалиям бизларни алдашда давом этаяпман, деб хаёл қилаяпсиз, шекилли!
– Ишонинглар… Фақат шахсий гувоҳномаларингиз ва гугурт қутисинигина олдим.
– Ўзингиз тан олаяпсиз… Бекорчи гапларни қўйинг… Сизнинг бунчалик маккор ўғри эканлигингизни билмаган эканмиз.
– Аммо мен уларни олаётганимда ухлаб ётган эдингизлар…
– Ухлаётгандик!
– Ҳа, ухлаётган эдингиз…
– Бизлардан ҳеч биримиз кўзимизни юмганимиз йўқ.
– Камида бир соат ухладингиз. Шу вақтнинг ичида ўз ишларимни қилиб олдим.
– Сиз қилмишларингиз сабабини бизга тушунтириб беришингиз лозим.
– Яхши… Мен учун ўз тажрибамни ўтказиш хавфли.. Сизларни ўзим ихтиро қилган дори билан ухлатдим…
– Алжираяпсизми…
– Кун чиққунига қадар эслаш қобилиятингизни йўқотасизлар.
– Бизларга ўғирланган нарсаларимизни қайтаринг ва эшикни очинг.
– Бир соатдан кўпроқ уйқуга ғарқ бўлдингиз. Кейин уйғондингиз ва эснашга тушдингиз. Сизлар маъносиз сўзларни пичирладингизлар. Кейин мен гапирдим!
–Ҳийлангиз иш бермади…
– Бир соат ухладингиз. Бунинг далили, Сизлар сезмаган ҳолда, мен ўзим истаган нарсаларни олдим.
– Аммо Сиз ўтирган жойни пайпаслаганимда, Сизга қўлим тегмади.
– Қўлларингизни қимирлата олмасдингиз.
– Деворни урдик ва Сизни момақалдироқдек гулдураган овозлар билан чақирдик…
– Бундай қилолмасдингиз. Ҳозир ҳам бундай қилолмайсиз. Аммо Сизлар хаёл қилган ишлар фақат Сизларнинг онгларингизда содир бўлди. Бошқа айтаётган ишларингиз ҳам қоронғиликдаги каби аслида юз бермади…
– Наҳотки, ҳазилларингизга тоқатимиз йўқлигини кўрмаяпсиз?
– Тонгга қадар эслаш қобилиятини йўқотасизлар. Сизлар нафақат ўзингизни, бошқаларни ҳам таний олмайсиз!
– Биласизми…
– Шунинг учун гувоҳномаларингизни олиб қўйдим. Сизлардан бирортангиз ўзини таний олмайди, бошқалар ҳам уни танимайди.
– Бошингизни совуқ сувга ювинг… Бўла қолинг…
– Эртага эрталаб Сизлардан ҳеч ким қолмайди, гувоҳномаларингиз каби йўқ бўлиб кетасизлар.
– Сиз эсингиздан айрилмадингизми?
– Балким. Сизларга нима фарқи бор? Менинг жиннилигимни синаб кўришингиз учун ўзим ҳам ихтиромдан ажойиб сипқораман. Омадимни қарангки, менда гувоҳноманинг ўзи йўқ. Қоронғилик, сокинлик ва тунга миннатдорчилик билдирайлик…
– Эй, жинни, эй, эси йўқ…
– Худди ҳаракат қилишдан маҳрум бўлганингиздек, гапдан ҳам қоласизлар. Мен ваъда бераманки, ўзим ҳам орқаларингиздан бораман. Бўйра устига чўзиласизлар. Эртага бўшлиқ Сизларнинг далалар шудрингида намиққан ёш жасадларингизни кутиб олади.
Жимжитлик ҳукм сура бошлади. Ҳеч ким гапира олмади. Чуқур уйқуга кетдилар. Бирин-кетин уларга қараб чиқди. Сўнгра мамнунлик билан ўрнидан турди:
–Далалар шудрингида намиққан.
Арабчадан Бобир Ғиёсов таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 2-сон.