– Дадажон.
– Лаббай, қизим.
– Биз дугонам Нодия билан ҳамиша биргамиз.
– Жуда яхши-да, қизим.
– Синфда ҳам, танаффусда ҳам, ошхонада ҳам.
– Жуда соз. Ёқимтой, тарбия кўрган қиз у…
– Аммо илоҳиёт дарсига бошқа-бошқа синфларга қатнаймиз.
У хотинига қаради. Хотини дастурхонга кашта тикиб ўтирарди. У эрига қараб жилмайди. Хотинининг жилмайганини кўриб, у ҳам табассум билан деди:
– Илоҳиёт дарсидагина бошқа-бошқа синфларга кирасизлар-да. Ҳечқиси йўқ.
– Нега шунақа, дада?
– Негаки, сенинг дининг бошқа, уники – бошқа.
– Нега шунақа, ахир?
– Сен муслимасан, у – насроний.
– Сабаби нима, дада?
– Сен ҳали кичкинасан, қизим. Катта бўлганингда ўзинг билиб оласан.
– Мен катта бўлиб бўлганман.
– Йўқ, сен ҳали кичкинасан.
– Нега мен муслимаман?
Биринчи қадамданоқ тарбиянинг замонавий усулларини чипакка чиқармаслик учун сабр-қаноат ва эҳтиёткорлик билан иш юритмоқ зарур эди.
– Сенинг отанг мусулмон, онанг мусулмон, шунинг учун сен ҳам муслимасан.
– Нодия-чи?
– Унинг отаси насроний, онаси насроний. Шунинг учун унинг ўзи ҳам насроний.
– Унинг дадаси кўзойнак тақиб юргани учун шунақами?
– Йўқ. Бунга кўзойнакнинг дахли йўқ. Ўзи шунақа. Унинг бобоси ҳам насроний бўлган.
Ота авлод-аждодларини узундан-узоқ санашга тушиб кетди. Бир жойга етиб қизи зерикади-ку… Шунда ўзи бошқа гапга ўтар. Лекин қизи яна ўша тутган жойидан давом эттираверди.
– Дада, қайси бири яхши – муслима бўлганми ё насроний бўлганми?
Ота бироз ўйланиб туриб, жавоб берди:
– Униси ҳам, буниси ҳам яхши.
– Ахир, бирортаси яхшироқ бўлиши керак. Ундоқ бўлса, мен ҳам насроний бўлақолай-да? Унда ҳамма жойда Нодия билан бирга бўлар эдик.
– Йўқ, қизим. Бунинг иложи йўқ. Ҳар ким ўз ота-онасининг имонида бўлмоғи шарт.
Чиндан ҳам, замонавий тарбия ғоятда мушкул нарса-да!
– Катта бўлгунингча кутиб тургинг келмаяптими? – деб саволга савол билан жавоб берди ота.
– Йўқ, дада.
– Яхши. Сен мода нима эканини биласанми? Биров бир модага эргашади, бошқа биров иккинчи моданинг этагидан тутади. Муслима бўлиш – энг сўнгги мода. Шунинг учун сен муслима бўлиб қолмоғинг керак.
– Бундан чиқадики, Нодия эскича модада қолиб кетган экан-да?
Вой, Нодиянг билан бирга барака топкур қизим-ай! Ҳар қанча эҳтиёт бўлгани билан отаси бир жойда хатога йўл қўйди, шекилли-да! Энди бир амаллаб буни текисламаса бўлмайди.
– Бу дидга боғлиқ. Лекин ҳар бир одам ота-боболарининг динига сиғинмоғи керак.
– Мен дугонамга “сен эски модага риоя қиласан, мен эса янги модага амал қиламан” десам бўладими?
Отаси шоша-пиша қизининг гапини бўлди.
– Ҳамма дин ҳам ўз йўлига яхши. Мусулмонлар ҳам, насронийлар ҳам худога ишонадилар.
– Нега энди улар бошқа-бошқа хоналарда ишонишади?
– Чунки уларнинг ҳар қайсилари ўзларича ишонишади-да.
– “Ўзларича” дегани қанақа бўлади?
– Сен буни янаги йилга билиб оласан. Ёки ундан кейинги йили фаҳмлайсан. Ҳозирча эса мусулмонлар ҳам, насронийлар ҳам худога ишонишини билиб олсанг, шунинг ўзи кифоя.
– Худо дегани ким, дада?
Отаси ўзини йўқотиб қўйди. Узоқ ўйланди. Кейин сир бой бермасликка ҳаракат қилиб сўради:
– Бу тўғрида мактабда муаллиманг нима деган эди?
– Муаллимамиз Қуръондан бир сурани ўқиб берди. Биз фотиҳани ёд олдик. Лекин мен ҳеч нарсани тушунганим йўқ. Худо деганлари ким, дада?
Яна бироз ўйлангандан кейин отаси жилмайиб, мужмалроқ жавоб берди:
– Худо дунёдаги ҳамма нарсани яратган.
– Бор-йўғи шуми?
– Ҳа, бор-йўғи шу.
– “Яратгувчи” дегани нима?
– Ҳамма нарсани барпо қилганни “яратгувчи” дейишади.
– Ҳамма-ҳамма нарсаними?
– Ҳа, ҳамма-ҳамма нарсани.
– Қандай қилиб яратади?
– Ўзининг бепоён қудрати билан.
– У қаерда туради?
– Дунёнинг ҳамма жойида.
– Дунё йўқ бўлган пайтларда. қаерда турган?
– Юқорида, баланд-баланд жойда турган.
– Осмондами?
– Ҳа.
– Мен уни бир кўрсам, яхши бўларди-да.
– Бунинг иложи йўқ.
– Лоақал телевизор орқали ҳам иложи йўқми?
– Ҳатто телевизор орқали ҳам мумкин эмас.
– Ҳеч ким уни кўрган эмасми?
– Йўқ.
– Ундоқ бўлса, унинг юқорида туришини қаёқдан биласиз?
– Чунки ўзи шунақа – юқорида туради.
– Унинг юқорида туришини биринчи бўлиб ким билган?
– Пайғабмарлар.
– Пайғамбарлар?
– Ҳа, масалан, Муҳаммад пайғамбар.
– Қандай қилиб, билиб олган, дада?
– Унинг ҳам фавқулодда иқтидори бўлган-да.
– Унинг кўзи жуда ўткир бўлганми?
– Ҳа.
– Нима учун, дада?
– Негаки, Оллоҳ уни шунақа яратган.
– Барибир, нега ахир, шунақа яратган?
Отанинг тоқати тоқ бўла бошлади. Унинг зардаси қайнаб жавоб берди:
– Шунинг учунки, у нима қиламан деса, ҳаммасини қилади. Ихтиёри ўзида.
– Унинг ўзи қанақа?
– У ҳамма нарсага қодир, жуда бақувват, қўлидан келмайдиган нарса йўқ.
– Сизга ўхшаган экан-да, а, дада?
Ота кулиб юборишига сал қолди.
– Унинг тенги йўқ.
– Нима учун у осмонда яшайди?
– Ер унга кичиклик қилади. Лекин у ҳамма нарсани кўриб туради.
Қизалоқ бир зумгина ўйланиб қолди, кейин деди:
– Лекин Нодия унинг ерда яшашини айтган эди.
– Бунинг боиси шундаки, у худди ерда яшаётгандек, бу ерда содир бўлаётган воқеаларнинг ҳаммасидан бохабар.
– Нодиянинг гапига қараганда, одамлар уни ўлдириб қўйган эмиш.
– Йўқ, у мангу ҳаёт, у ҳеч қачон ўлмайди.
– Нодия одамлар уни ўлдирган дейди.
– Йўқ, бўталоғим, одамлар уни ўлдирдик деб ўйлашган, лекин у ўлмаган, у – ҳаёт.
– Менинг бобом ҳам ҳаётми?
– Йўқ, бобонг ўлиб кетган.
– Уни одамлар ўлдирганми?
– Йўқ, ўз ажали билан ўлган.
– Нима сабабдан?
– Касал бўлиб қолган. Кейин ўлган.
– Синглим ҳам ўладими? У хам касал-ку?
Хотинининг бироз асабийлашиб, қўл силтаганини кўриб, отанинг қошлари чимирилди.
– Йўқ, худо хоҳласа, синглинг тузалиб кетади.
– Бобом нега ўлган бўлмаса?
– У нафақат бетоб эди, у жуда қариб қолган ҳам эди.
– Сиз ҳам бетоб бўлгансиз, сиз ҳам қарисиз. Нега сиз ўлмагансиз?
Онаси аччиғи келиб, койиб берди, қизалоқ ҳайрон бўлиб, нигоҳини онасидан олиб, яна отасига қаратди.
– Худо ўзи буни хоҳлаб, “кунинг битди” деса. биз унинг иродаси билан вафот этамиз, – деб бир амаллаб жавоб топди ота.
– Нима учун у бизнинг ўлишимизни истаб қолади?
– Ҳамма нарса унинг ихтиёрида.
– Ўлим деганлари яхши нарсами?
– Йўқ, қизим.
– Бўлмаса, худо нима учун ёмон иш қилади?
– Худонинг иродаси шунақа бўлгандан кейин, одамлар ўлиши керак-да.
– Ахир, ҳозиргина ўзингиз “бу яхши эмас” дедингиз-ку?
– Мен хато қилдим. Бўталоғим.
– Нима учун мен сизни ўласиз деганимда онамнинг аччиғи келди?
– Шунинг учунки, ҳозирча худо буни хоҳламайди.
– Қачон хоҳлайди?
– У бизни бу дунёга келтиради-да, кейин яна ўзи қайтариб олади.
– Нега бундай қилади?
– Токи бу дунёда тирик юрар эканмиз, савоб ишларни кўпроқ қилмоғимиз учун-да…
– Биз бу дунёда ўлмай юраверсак бўлмайдими?
– Агар одамлар бу дунёдан кетиб туришмаса ҳеч қаерга сиғишмай қолишарди.
– Ҳамма яхши нарсаларни қолдириб кетамизми?
– Биз яна ҳам яхшироқ жойга кетамиз.
– Қаёққа?
– Юқорига.
– Худонинг ёнигами?
– Ҳа.
– Кейин уни кўрамизми?
– Ҳа.
– Бу яхшими?
– Албатта, яхши-да.
– Шунинг учун бизнинг бу дунёдан кетишимиз керакми?
– Лекин биз ҳали қўлимиздан келадиган яхши ишларнинг ҳаммасини қилиб улгурганимиз йўқ.
– Бобом ҳамма савоб ишларни қилиб бўлганмиди?
– Ҳа.
– У нима иш қилган?
– Уй қурган, боғ яратган.
– Менинг тоғам Туту нима қилган?
Отаси ночорликдан нима қилишини билмай, ёрдам сўрагандай хотинига қаради. Кейин деди:
– У ҳам бу дунёдан кетишидан аввал кичикроқ бир уй қурган.
– Қўшнимизнинг боласи Лулу бўлса, доим мени ургани-урган.У биронта ҳам яхши иш қилган эмас.
– У шум бола-ку!
– У ўлмайдими?
– Худонинг иродаси бўлганида у ҳам ўлади.
– Биронта савоб иш қилмаган бўлса ҳам ўлиб кетаверадими?
– Ҳамма ўлади, ҳеч ким қолмайди. Лекин савоб иш қилганлар Худонинг ҳузурига боради, ёмон иш қилганлар жаҳаннам ўтида ёнади.
Қиз хўрсинди, бироз индамай қолди. Отаси эса бутунлай ҳолдан тойганини ҳис қилди. У қизининг саволларига тўғри жавоб бердимми-йўқми деган ташвишда эди. Бу саволларнинг ҳаммаси унинг қалби тубида ётган бир дунё шубҳа-гумонларни тўзғитиб юборди. Шу чоқ қизи яна бидирлаб тилга кирди.
– Мен ҳамиша Нодия билан бирга бўлишни истайман.
Отаси бироз саросимада қизига қаради, қизи гапига аниқлик киритди.
– Ҳатто илоҳиёт дарсида ҳам бирга бўлсам, дейман.
Отаси қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Онаси ҳам кулди. Ота эснаб туриб деди:
– Бунақа масалаларни болаларинг билан муҳокама қилишинг мумкинлигини мен сира хаёлимга ҳам келтирмаган эканман.
Хотини луқма ташлади.
– Қизимиз улғайиб катта бўлганида, кўнглингиздаги шубҳа-гумонларин-гизни унга оқизмай, томизмай, гапириб бераверасиз.
Ота ялт этиб хотинига қаради – бу гапни у ҳазил қилиб айтдими ёки чин айтдими – билмоқчи бўлди, лекин хотини яна каштасини тикишга тушиб кетганди.
Рус тилидан Озод Шарафиддинов таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 8-сон