Мустафо ал-Манфалутий. Толстойга

Узлатни кўнглинг тусаб, бу оламдан узоқлашишни ихтиёр этган экансан, бир оз сабр қил, сен билан видолашиб олайлик. Гарчи бизнинг ота-оналаримиз бошқа бўлса-да, гарчи бизни улкан масофа ажратиб турган бўлса-да, ахир биз ҳам сенинг фарзандларинг эмасмидик?! Сени ва халқингни кўриш бизларга насиб этмаган бўлса-да, узоқ йиллар мобайнида биз сенинг дўстларинг эдик. Қадрдон дўстлар орасида бўлганидек, чин юракдан кўз ёш тўкмай туриб сендан айрилиш бизга жуда оғир.
Айтишларича, сен жамиятни ҳар хил иллату қусурлардан халос этиб, уни ўзгартирмоқчи бўлгансан-у, бу орзуларинг ушалмагач, одамлардан безгансан, улар орасида яшаш жонингга теккан ва баридан бараварига қўл силтаб юз ўгиргансан, ҳатто ўз оилангдан ҳам; сен йиртқичларнинг ўкиригидан бошқаси эшитилмайдиган ерларга ёки қўнғироғининг овози сенинг бирдан-бир юпанчингга айлангувчи монастирга бош олиб кетдинг; сен одамлар орасига бошқа қайтмасликка ва улар билан ҳар қандай алоқани узишга қарор қилдинг. Биз сени кечирдик ва бу ишинг учун сени койимоқчи ҳам эмасмиз, сени қўрқоққа чиқариб, ўз эътиқодидан қайтган инсон деб ҳам ўйламаймиз асло; ахир сен ҳали қиличинг қинидалигида, елкангдан найзанг тушмаган пайтларда ва ўқдонингдаги ўқинг аримагунча фидокорона жанг қилдинг. Бироқ душманларинг беҳисоб ва, устига-устак, ўлгудек ўжар ҳам эдилар, ҳуда-беҳуда мардлик эса тентаклик бўлурди ва қайсарликдан туғилган, синдириш маҳол бўлган сендаги орқага қайтмаслик эса душман билан саксон йил давом этадиган жангу жадалдан ҳам ошиб тушганди. Агар сен ҳам жанг майдонини умрингнинг охиригача тарк этмаганингда, балки сенинг ҳам қисматинг, ўлим олдидан кишига мадад бўлғувси одамлар орасида эзгулик ва адолатни кўришни орзу этиб, орзусига етолмай ўлиб кетган буюк файласуфларнинг қисматига ўхшаб кетган бўлармиди?
Бу пуч ҳаёт сенга нима берди ва қандай хулосага кела олдинг? Шак-шубҳасиз, гуноҳга ботган одам боласи, унинг бағритошлигию ноҳақдан- ноҳақ мулоҳазаларини, амалларини исботлаб берувчи қани сендаги ўша фазилату илм, ўз тилинг, қаламинг, ўша сўзамоллигингнинг кучи қаерга кетди?
Сен шоҳга мурожаат этиб шундай дединг: халқ унга хизмат қилишинг учун сени тахтга ўтқазди; унинг кўнгил орзусига айланишинг учун эмас; тахтга эгалик қилиш, гарчанд сенга насиб этган бўлса-да, ернинг жонини киргазаётган деҳқондан, ёки фабрикада меҳнат қилаётган ишчидан сенинг ҳеч бир фарқинг йўқ: калтак охир-оқибат бошингда синмасидан бурун ҳар қайсингиз ўз вазифангизни сидқидилдан бажаришга мажбурсиз. Фабрика соҳиби мукофот беришдан аввал тузукроқ меҳнат қилишни ишчидан талаб қилганидек, халқинг ҳуқуқини ҳимоя этяпсанми, мавжуд қонунларни бузмай унга риоя қиляпсанми, у сендан жавоб кутади! Одамларнинг кучлигию ожизига ҳам, бою фақирига ҳам бирдай одил муносабатда бўла олдингми? Муҳаббатинг ёки нафратинг холислигингга путур етказиб, сендан устун келишига изн бериб қўймадингми? Ҳаддан ташқари хушомаду мақтовларга эътиборсиз бўлишни эплай олдингми? Одамларнинг ғурурини топтаб, сенинг олдингда қўрқиб-қақшаб туришга мажбурлаб, уларни йўлдан урмадингми? Сендаги қаҳр-ғазабни жиловлаш илинжида охир-оқибат ўзларини таҳқирлаб, иснодга қўювчи ҳар хил ёлғон-яшиқ ва бўҳтонларга, чақимчиликка йўл қўйиб, нопок ишларга қўл уриб қўймадилармикан? Агар берган ваъдангга содиқ қолишингга халқинг астойдил ишонганида эди, ўзи берган ўша тожу тахт ва ҳокимиятни у сендан сўраб ҳам ўтирмасди ва бу хайр-саховатингга меҳр ила жавоб қайтариб, барини ўзингга қолдирган бўлурди.
Бироқ сендан бундай сўзларни эшитган шоҳ, буларнинг барини қўполлик ва сурбетликдан ўзга нарса эмас дея ҳисоблайди, негаки, унинг яқин кишилари орасида бундай сўзларга оғиз жуфтлашга биронта одамнинг журъати етмаган; шу боис ҳам, худди ўйлаганимиздек, сен унинг ғазабини келтиргансан. Сени таъқиб этишда ҳам у, унинг зулмидан қалблари шикастланган ва у қарам қилишга эриша олган, энди эса унга қарши чиқиб, адолат учун курашмоққа лаёқатлари аллақачоноқ сўниб бўлган одамларгагина таянарди.
Рус асилзодасига сен шундай дединг: фаровон турмушинг ҳузуридан маст боғу роғларинг бағрида, дарахтларингнинг соя-салқинию, кўлнинг бўйларида яйраб юрган бир пайтингда, иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай, изғирину жазирамада пешонасига бир қарич ҳам ер битмаган қанчадан-қанча меҳнаткашларнинг якка ўзинггагина қарашли миллион фед*дан иборат салмоқли ер майдонларини обод қилиш учун ер майдонларини ҳайдаб, унга ишлов бериб, экин экиб, мевали дарахтларни парваришлаб, мол-ҳол боқиб юришлари, сенингча, инсофданми? Бунда уларнинг ҳам ҳақлари борлигини тан ол-да, сенинг ҳузур-ҳаловатинг учун уларнинг қийналаётганларини ёки фақат сенинг жонинг омон бўлиши учун уларнинг нобуд бўлаётганини кўриб, юрагинг ўртанмаслиги учун адолат юзасидан бу тупроқда етиштирилган ҳосилни улар билан баҳам кўр. Шуни ёдда тутки, бу заминнинг эгаси Оллоҳ ва унга эгалик қилмоққа ҳам ёлғиз Угина қодир.
Йўқ, сен асилзодага бирор нарсани ўргатиш ёки унга панд-насиҳат қилишнинг ўзи билангина кифояланиб қолмадинг; ерда ишлаш учун ўз ерингни деҳқонларга тақсимлаб бериб, ўзинг ибрат кўрсата олдинг; бу билан ҳам кўнглинг тинчимади: кетмонингни, мол-ҳолингни олдинг-да, ўзингбоп чокқина ерни топиб, ҳамма билан баб-баравар ишлаш учун у ерга кетдинг! Ўзингдаги бу улкан ибрат ила сўзларингга қулоқ солмаган ўша бағритошни ишонтиришга умид қилдинг. Бироқ у фақат сенинг ва одамларга бўлган раҳмдиллигинг устидан кулди; одам зерикканда ёки ранжиган кезлари қизиқарли китоб ўқишга қандай эҳтиёж сезса, у билан бўлган сенинг суҳбатингга ҳам у шундай кўз билан қаради.
Сен руҳонийга шундай сўзларни айтдинг: Исо Масиҳ не-не қийинчилик ва қувғинларга учраб, машаққатли ҳаёт йўлини босиб ўтди, чунки у баъзи бир бандаларнинг бошқалари устидан жабр-зулм ўтказишига кўниколмади; у қўлида ёниб турган чироқни яширмади, уни ёпинчиғи билан тўсиб ҳам ўтирмади, ўзидаги иллатларни чироқнинг ярақлаган нурларидан беркитишга эришолмаган подшоҳнинг ғазабидан ҳам қўрқмади, чироқни боши узра дадил кўтарди. Нега энди сен, ўзингни унинг издоши, вазифасининг давомчиси ва таълимотининг тарафдори дея фаҳмлаб, золим ҳукмдорликни қўллаб-қувватлайсан? Сенинг номинг ва ҳозир сен ушлаб турган муқаддас диний китобнинг паноҳига яшириниб, жазо олмасдан истаган пайт хоҳлаганни талаб, кўнглинг тусаганча жабр-зулм ўтказиш учун худди орангизда шартнома тузилгандек, ўз садоқатингу розилигингни намойиш этиб, нега бу қадар унга юкинмоқдасан? Сени жаннатга дохил этиб, кўнглингга хуш келмайдиганни у ердан қувиб чиқаришга изн берадиган сендаги қандай ваколат бўлди экан? Бу ҳашаматли уй-жойлар, кимхоб уст-бошлар қаердан келди? Нега сен мақсадсиз яшайсан? Ахир сен Парвардигори оламга хизмат қилиш учун дунёнинг барча ҳузур-ҳаловатларидан воз кечган тақводор, роҳиб бўлсанг.
Руҳонийда бундай ҳуқуқ борлигини сен тан олмаслигингни гарчи руҳоний фаҳмласа-да, унга айтган гапларингга жавобан у сени черковдан ҳайдашни буюрди; сени қоралашга, сенга туҳмат қилишга уриниб, ғурурингни таҳқирлаб, халқни сенга қарши оёқлантирса-да, сен унга ғиринг этиб гап қайтаролмадинг. Меҳрибонлигинг ва хайрли панду насиҳатларинг учун бу сенинг ҳақинг.
Сени йиғлатган Сибирга сургун қилинганларнинг аянчли аҳволи, ҳаддан зиёд азоблари ва чидаб бўлмас машаққатли ҳаётлари бўлди; ва сен шундай дод солдингки, овозингни асилзодалар ҳам, авом ҳам бирдай эшитди. “Эй, одамлар! — деб ҳайқирдинг сен. — Ёвузликка ёвузлик билан барҳам бериб бўлмайди, ахир жиноятчилар — бу носоғлом кишилар-ку, шунинг учун улардан ўч олиш эмас, уларнинг дардига малҳам даркор. Оқилона тарбия жиноятчиликнинг илдизини қуритади ва айни пайтда интиқом сингари яна у томонга ундайди. Қамоқхоналар ўрнига мактаблар бунёд этинг, турма назоратчиларининг ўрнига ўқитувчиларни юборинг”. Бироқ бу дод-фарёдингни ҳеч бир зоғ эшитмади ва ҳеч ким сенга қўшилиб кўз ёш ҳам тўкмади. Судлар ўша-ўша ҳукм чиқаришда, миршаблар ўзбошимчалик қилишда, турма назоратчилари хўрлашу таҳқирлашда, маҳбуслар эса азоб-уқубатда кун кечиришда давом этяптилар.
Жанг майдонида жонларини нима учун фидо қилаётганларини ҳам билмай қурбон бўлаётган эрларига, ўғилларига ёки ака-укаларига аза очган аёлларни кўрганда, шафқатсиз хунрезлик билан содир бўлаётган бу бемаъни урушга нисбатан ғазабингни тиёлмасдинг. Нафрат ва адоватнинг зўридан душманлар бир-биринини кўзини ўйишга тайёр эканига ягона сабаб — шафқат билмас сиёсатдонларнинг ёлғиз ўзларигагина эътиқод қилишга даъват этувчи туйғуни уларнинг юракларига сингдириб, хатога йўл қўйилгани бўлганди. Одамлар ўз либосларини ташлаб, ваҳший ҳайвон терисини ёпиниб олардилар-да, бир-бирларининг юракларини сугуришни мўлжаллаб, унга чанг солардилар ва шу зайл ўз инсоний қиёфаларини йўқотиб борардилар. Агар одамлар ўзларининг бузуқ ниятларидан воз кечиб, раҳмсиз сиёсатдонларга қулоқ осмаганларида, қанчадан-қанча юраклар омон қолиб, муҳаббат ила уришда давом этган бўлурди. Бироқ кўз ёшларингнинг бари беҳуда эди, на арз-додлар ёрдам берди ва на оҳ-воҳлар: урушлар барҳам топмади, на фақат ерда, кўкда ҳам жангни давом эттириш учун ажал фабрикаси қурол-яроғ ишлаб чиқаришда бир зум ҳам ўз фаолиятини тўхтатмади…
Эй буюк зот, бахтли бўл, бу ҳаётдан қутулишга уриниб танлаган ёлғизликдаги тинч ва бехавотир турмушинг ҳафсалангни пир қилмасин. Бундай пайтда мулоҳазали инсон қандай йўл тутган бўларди? Ғазабини енгиб, фақат сукут сақлайди ёки мусибатдан ўлар ҳолатга етиб тилга киради!
Билимсизликни маърифатга айлантириш ва жаҳолатдан қутулиб, рўшноликка юз тутиш, қорани эса оққа ўзгартириш, эҳтимол, биронта оқил кишининг қўлидан келар; балки денгиз билан ернинг ўрнини алмаштириб, у ердан лаҳм кавлаш ёки осмони фалакка етгулик зинапоя бунёд этишнинг ҳам кимдир уддасидан чиқар, бироқ одамлар орасида содир бўлаётган қабиҳликларни олийжанобликка, ёвузликларни эзгуликка айлантириш эса ҳеч кимнинг қўлидан келмайди.
Ўз куч-қудратига бино қўйган бу одам боласи ўзи кабиларга азоб беришда ҳали давом этар экан, ўз ён-веридагиларга меҳр-оқибат кўрсатишни ўрганмас экан, худбинлик балоси ёш демай, қари демай ҳар бир одамнинг бошида тегирмон тошини юргизишда давом этар экан, бугунги инсон ўрмон ва чакалакзорларда кун кўрувчи ўша-ўша кечаги инсон бўлиб қолаверади. Мавжуд тафовут эса шундан иборатки, шу бугуннинг одами, ўзидаги бор қаҳр-ғазаб, нуқсону камчиликлар билан ойнаванд уйларда яшайди. Наҳот мана шу шаффоф шиша ойналар ўзини унинг панасига олганларнинг ахлоқсизликларини яшириб қололса?!
_______________
* Фед — Ярим гектар атрофидаги ер майдони ўлчови.

Рус тилидан Дилдора Алиева таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2013 йил, 7-сон.