Мен, бирорта адиб ёки олимними, мартабали амалдор ёки машҳур жамоат арбобиними баҳолашда бировлар азбаройи севганидан уни ҳукмдор даражасигача кўтарганини, бошқалар эса худди шу шахсни иблисга чиқариб қўйганини ва фикрлар бир-бирига тўғри келмай, осмон билан ерча фарқ қилганини кўрганимда, рўпарамда буюк зот турганига амин бўламан.
Буюклик санъат ва маърифатдан, ҳар қандай қонун ва ҳукмронликдан, мартабаю мансабдан, молу давлатдан ҳам баланд туради, негаки олим одамлар, рассомлар, номдору донгдорлар жуда кўп, ҳақиқий буюк зотлар эса жуда кам. Буюклик – ҳеч бир хазинага тенг келмайдиган илоҳий қудрат дегани. Улуғворлик ўз соҳибига шундай журъат бахш этадики, у бошқа шўрлик бандалардан қалби, ақли, тафаккурининг бир мақсадга қаратилгани ва фикрлаш услуби билан ажралиб туради. У ўзига хос андозада бичилган бўлиб, ҳеч бир синф ва ҳеч бир гуруҳ қолипига сиғмайди. Қалбида бундай сифатлари бор инсон атрофга ўз кўзлари билан боқади, уни ўз қулоқлари билан эшитади, ўзига маълум йўлдан боради ва ҳар қандай доно ҳам, у қанчалик буюк бўлмасин, ўзининг қандайдир хурофий таълимотга қизиқиши ёки бирон-бир маслакка бўлган адовати сабаб ўз фикр-мулоҳазаларини, истагу хоҳишларини қабул қилишга бундай инсонни мажбурлай олмайди. Ўзига қаттиқ ишонгани боисми ёки ўз кучига иккиланиш билан қарайдиган баъзи иродасиз кишилар сабабми бундай одам барча унга итоат этмоғи лозимлигига астойдил ишонади, улар ҳам бундай ҳукмронликка рози бўладилар ва унинг энг юксак орзу-умидларини рўёбга чиқаришда унга ҳамроҳлик қиладилар. Бу одам бажараётган ажабтовур ишлар унча-мунча одамнинг қўлидан келмаслигини ва буларнинг бари қанчалик кўзни ҳайратга солиб, қалбларга ҳурмат-эҳтиром бахш этаётганини одамлар кўриб турадилар. Агар бу мусаввир бўлса, у янги қиёфа ва шакллар яратмоқда, агар ёзувчи бўлса, инсон ҳис-туйғуларини идора қилмоқда, агар қонун чиқарувчи бўлса, унда эскириб қолган қоида ва ақидаларга барҳам бериб, янгиларини жорий этмоқда, агар ҳукмдор бўлса, унда тарихга илгари номаълум бўлган шонли саҳифаларни унга муҳрламоқда, агар вазир бўлса, бошқарувнинг аввал қулоққа чалинмаган янги усулларини унга олиб кирмоқда, қўмондон бўлса, унда акс садоси юлдузларга етгулик қудратли зарбалар билан душманни ер тишлатмоқда.
Буюклик деганлари шу, инсон деганлари шу, агар кимда-ким шундай ишларни қилишга қодир бўлса, унда бундай инсонга одамлар кўпчилик бўладими ёки якка ҳолдами, фарқи йўқ, у ўз меҳнатини, унинг қанчалик муҳимлигини баҳолаш чоғида ҳамманинг ақлини бирдай лол қилаверади, нуқтаи назар ва тасаввурларни қарама-қарши қўяди, адоват ва келишмовчиликлар уруғини сочади. Янгиликлардан қувониб, бошқаларга ҳавас билан боқиш ҳисси кимга ато этилган бўлса, ана ўша улкан завқ уларни буюкларнинг сўзларидан, ҳаракатларидан, уларнинг қуруқ гапларию амалларидан қувонишга, уларни ҳаддан зиёд севишга ва ҳамма ерда уларнинг ҳурматини жойига қўйишга ундайди. Бу эса ғанимлар ва ҳасадгўйларни, унинг қобилиятини таъқиб этувчиларнинг таъбини хира қилади. Шиддатли жангда кучли муҳаббат ва нафрат муқаррар тўқнашади. Унинг душманлари ва дўстлари ўртасида аёвсиз жанг бошланади. Буюклик салтанатига путур етказишга орзумандлар унга тажовуз қилишади ва аксинча, унинг мустаҳкамлигига ишонганлар уни ўз ҳимоясига олишади, у эса мамнун ва хурсанд, ғам-ғусса кўланкасидан йироқда, барини хотиржам кузатади, негаки, теварак-атрофидаги ўкириклар – буюклик ва шуҳратдан дарак эканини билади.
Мен, бундай одамнинг қарашлари, амаллари ва интилишлари ҳамиша ҳам бенуқсон бўлади демоқчи эмасман. Эҳтимол, руҳан хийла заиф, фикри тор бошқачароқлари ҳам бордир, бироқ улар анча-мунча бамаъни ва ҳақиқатгўйлардир. Яна шунга диққатни қаратишингизни истардимки, фақат улуғ шахсларгина адибларни ёзишга, файласуфларни фикрлашга, нотиқларни сўзлашга, оддий одамлар юрагини эса севишга ва нафратланишга ундай оладилар.
Бириси Алини жондан севса, бошқалари, уни жинидан баттар ёмон кўради. Яна бирлари Абу Бакр ва Умарни одил шайх деб алқаса, бошқалари уларнинг соф кўнглию садоқатига шубҳа билан қарайди. Муҳиддин ибн ал-Арабий бир умр бировлар уни дунёнинг қутби деб қадрлайдиган, бошқалари эса бидъатчилар шайхи деб ҳисоблайдиган одамлар ичида яшади. Бир тоифа мусулмонлар Ибн Рушдни ислом файласуфи дея кўкларга кўтаришса, бошқалар уни таъна-дашномларга кўмиб, бош черковда тўғридан-тўғри юзига тупуришди. Бир тоифа одамлар “Диний илмларни жонланиши” асари муаллифини Ҳазрат Довуд номи билан атаса, бошқалар унинг асарларини майда-майда қилиб йиртиб шамолга совуришади. Баъзилар ал-Мааррийни осмонларга чиқариб қўйишса, бошқаларнинг эса уни кўргани кўзлари йўқ, дастлабкилари унинг изини кўзларига тўтиё қилишса, кейингилари уни гавжум кўчаларда юзтубан судраб, сазойи қилгиси келарди. Суқрот сассиқалафдек заҳарни нўш айлаганда, бу текинтомошани баъзи бировлар мийиқларида иршайиб кузатганлар, бошқалар эса унга ачиниб, кўз ёшларини тиёлмаганлар. Шоирлар шоири Ал-Мутанаббийнинг нутқи унинг шуҳратига ҳам бадном бўлишига сабаб бўлганди (мана, қарабсизки, рўпарангизда у сохта буюк пайғамбардай турибди!) Даврга инъом этилган истеъдод дея одамлар Шекспирни инсон камолотининг чўққисига кўтариб қўйишди, бошқалар эса уни ожиз тақлидчига чиқариб, ҳақоратлашди ва ҳеч нарсага арзимасликда айблаб, ерга уришди. Наполеонни қадрловчилар уни табаррук сиймолар қаторига қўшганларидан шод эдилар, душманлари ва рақибларига у балойи азимдек кўринарди. Лютер ва Кальвин, Галилей ва Вольтер, Нитше ва Толстойлар тирик пайтларида ҳам, вафотларидан сўнг ҳам севги ва нафрат шаробини сўнгги томчисигача симиргандилар. Ҳозир, бизнинг замон, биз яшаб турган мана шу мамлакат одамлари Жамолиддин, Муҳаммад Абдо, Саъд Зағлул, Мустафо Комил, Али Юсуф, Қосим Аминлар ҳақидаги бир-бирига зид фикр-мулоҳазалардан наҳотки холи бўлса?
Наҳотки уларнинг ҳар бири чексиз обрў-эътибор қозонмаган ва аёвсиз нафратга учрамаган бўлса, – шундай машҳур одам бўлишларига қарамай, улар ҳақида умумий фикр бўлмаган ва улар ўзларининг машаққатли йўлларидан кетишган бўлса? Буюк шахсларга баҳо беришдагина одамларнинг фикрларида бу қадар кескин фарқ бўлиши бор гап-ку, ахир!
Агар инсон бешикдан бошланиб, қабрда ниҳоясига етгувчи бу ҳаётда ўзи учун зим-зиё ерости йўлини танлаган экан, бундай яшашдан маъни йўқ. Зеро у эшакқурт ё чувалчангдек, заҳарли мингоёғу бошқа судралиб юрувчи жондорлар сингари қазосигача шундай эмаклаб бораверади. Чинакам ҳаёт чаккангга уриб туради, нафасингни бўғади, кўзларингни қувнатади, нутқингга жон ато этиб, ғафлатда қолган қаламингни ҳаракатга келтиради, пок қалбларга ўт ёқиб, ғанимлар қалбини қаҳр-ғазабга тўлдиради. Буюклар гарчанд қисқа умр кўрсалар-да, оддий одамлардан узоқ яшайдилар ва бу фоний дунёда уларга гарчи оз умр ажратилган бўлса-да, ибратга арзигулик шоён қисмат ато этилади.
Буюклик ҳақиқат каби қутлуғдир, унга дўст ҳам, душман ҳам бирдек хизмат қилади. Унинг машаққатли юки бунёд этаётганни ҳам, вайрон қилаётганни ҳам бирдек босиб туради. Қаерда бир тўда дўстларни кўрсанг, ўша ерда истаганча душманни ҳам топасан. Қаерда бир-бирининг гўштини еб ётган душманга кўзинг тушса – ёдда тут: ўша ерда буюклик ўзининг дабдабали тахтида савлат тўкиб ўтирибди ва кўтаринки руҳда барининг устидан ҳукмронлик қилмоқда.
Буюклик – бу таянчи сайқалланган инсон меҳри ва нафратидан бунёд бўлган қаср. Қаср пойдевори қанча пишиқ-пухта бўлса, у узоқ йиллар жойида мустаҳкам туради. Агар тиргаклардан биронтаси қулагудек бўлса, бошқасини ҳам тутиб қолиб бўлмайди, у ҳам тагидан зил кетади ва ҳар иккиси бутун бошли бинони ер билан яксон қилади.
Одамларнинг якдиллик билан изҳор этган севгилари сени мафтун этмай қўя қолсин, негаки ожиз ва арзимас одамларга бўлган муҳаббатгина уларни бирлаштириб туради, худди эгасининг пойида пийпаланиб ётган кўппакдек улар ҳам қалбан, ҳам ақлан, ҳам ўз сезгиларию жисмлари билан бундай одамларга содиқ бўладилар. Уни бир уриб кўр, у чидайди, қулоғидан бир тортиб кўр у яна силаб-сийпалашингдан умидвор ғингший бошлайди, чақириб кўр – ўша заҳоти ёнингда пайдо бўлади, дўқ ур – попуги пасайиб, думини қисиб қолади.
Ҳамма сени бирдек ёмон кўрса, бундан суюнмай қўя қол, негаки уларни ҳеч кимни хуш кўрмайдиган ва уни ҳам ҳеч ким хушламайдиган ёмон ва ярамас одамларга бўлган нафратгина бирлаштириб туради.
Агар сен ҳақда одамларнинг фикрлари бир-бирига тўғри келмаса, агар сенинг хизматинг ва бутун бир фаолиятингга баҳо беришда уларда муштараклик бўлмаса, унда буни ажабланишга арзирлик ҳол деса бўлади. Ахир бу буюклик аломати ва буюк шахсларга хос хусусият эмасми?..
Паноҳида буюк жангчи ҳаловат топиб, дарахтни ўз қони билан суғоргувчи жангчи бўлгандан кўра, атрофида тарафдорлару ғаним қўшинлари жанг қилаётган лашкарбоши бўл.
Курашчининг овозини ҳамма унутган ва энди уни ҳеч ким эсламайдиган ерларга элтувчи шамол бўлгандан кўра, унинг овозини бўрон дунёнинг истаган бурчагига ёювчи оташин курашчи бўл.
Янчиб, пайхон қилиб ташловчи қумтупроқ бўлгандан кўра, сендек новдага қумтупроқ ўз бағридан жой бергувчи гуллаётган дарахт бўл.
Кучинг тўлиб-тошаётганини ҳис этсанг, унда инсон қалбининг султони бўл, мабодо куч-қувват сени тарк этган бўлса, унда фақат ўзингникига эгалик қилавер. Агар буюкликка таассуб этгудек бўлсанг, унга хушомадгўйлик қилсанг ёки ўз адоватингни ошкор этсанг, унда бундай йўл билан фақат ёввош қул бўла олишинггагина умид қилишинг мумкин, улар эса қудратли хоқонликка ягона даъвогар бўлиб қолаверадилар.
Рус тилидан Дилдора Алиева таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2013 йил, 7-сон.