Иш гоҳ енгил, гоҳ оғир бўлади. Шунинг учун гоҳида соғлиққа ҳам қараб олиш керак, деган хаёлда дўхтирга кўриндим. “Асабингиз чарчабди, йигирма кунча унга дам бериб олинг”, деди. Дўхтир айтгандан кейин жон борми? Шифохонага ётиб олдим. У ерда фақат асабни эмас, бошқа даволарни ҳам олишга тўғри келди. Шифокорларнинг айтишича, камина семиришнинг иккинчи босқичидан ўтиб бораётган эканман. Қаёққа қараб, ким билсин? Бунга ҳеч қандай дори буюришмади. Фақат ҳафтанинг биринчи куни бир ярим литр қатиқ ичишим, жума куни бир ярим килограмм олма ейишим керак экан. Ўша кунлари бошқа таомлардан қатағон қилиндим.
Йигирма икки кун деганда касалхонадан чиқдим. Даволанишим бекорга кетмаган, шекилли, камарим икки тешик берироққа сурилибди. Ҳолатим яхши, оёқ олишим енгиллашган. Кайфият соз. Тезроқ болаларимнинг олдига етай, деб шошилиб боряпман. Кутилмаганда қаршимдан ўзимизда ишлайдиган Аҳмад чиқиб қолди.
— Сенмисан?! — деди у саломлашишга қўлини ҳам узатмасдан, менга аянчли тикилиб. — Ростдан ўзимизнинг Раҳматмисан? Сени танисам ҳар нарса бўлай! Мазанг бўлмадими?
У оғиз очиргани қўймасдан ҳовлиқиб гапиряпти.
— Сени тумов-пумов бўлгансан, деб кўргани бормовдик. Кечирасан энди…
— Э, кечирасан деганинг нимаси? Ҳеч нарса бўлгани йўқ.
— Ҳеч нарса бўлгани йўқ, дейди, манов турқингга бир қара! Касал жондан ўтсагина одам шунақа озиб кетади! Этинг бориб суякка ёпишибди-ю, ҳеч нарса бўлгани йўқ дейсан! Қандоқ лўмбиллаган савлатинг бор эди! Энди сапсим бўшаган қопга ўхшаб қопсан!..
Аҳмаддан бир амаллаб қутулдим. Оёқ олишим еп-енгил эди, зилдай оғирлашиб, қадамни аранг босиб борар эканман, “Дўхтирлар мени алдашдимикан?” деб ўйланаман. Автобус бекатига судралиб етиб борганимда бир “Матиз” ёнимга келиб “шип” этиб тўхтади. Ҳамкасбим Фозил экан. Ёнига чиқиб ўтириб олдим.
— Мазанг бўлмадими? — деди уям саломимга алик олмасдан. — Бетларинг халта-халта бўп осилиб қопти.
— Озроқ асаб чарчаган экан, шунга жиндай даволандим…
— Дўхтирларнинг топган гапи шу-да, — деди у машина тезлигини оширар экан йўлдан кўзини узмасдан. — Улар беморларнинг нимага чалинганини айтиб кўнглини чўктирмаймиз, деб қасам ичишган-да! Эртага жўнашиб кетадиган беморгаям “Отдай бўп, тузалиб кетасан!” деб қулоғига лағмон осишади. Осгандаям ишонч билан осишади. Дардинг оғирлигини рангинг айтиб турибди! Сенинг ўрнингда бўлсам, вақтни ўтказмасдан Тошкентга бориб, профессорларга кўринардим. Жонни супермаркетдан тополмайсан, ошна, вақтни қўлдан бермай қамчини бос!
Фозилнинг гапидан иситмам кўтарилиб, ҳаво етишмаганидан, нафас олишим қийинлашди. Чидай олмасдан, уйдан икки бекат берида тушиб қолдим.
Танишлар бир дуч келса, келаверар экан. Қаршимдан ишхонамизнинг фарроши Ҳаммагул кампир чиқиб қолса бўладими! Кампирни кўриб, тўғриси, қувондим, боиси ёши улуғ, кўпни кўрган одамларнинг сўзи юмшоқ бўлади. Юмшоқ сўзни топган экансиз!
— Вой-бўй, чироғим! — деди кампир саломимга алик ўрнига томдан тараша тушгандай қилиб. — Бир сиқимгина бўп қопсан, боёқиш! Оғриқ отни чўктиради, дейишади. Бир этак боланг бор. Юртнинг ҳамма бориб-келаётган катта шаҳарларида даволансанг бўлмайдими?!
Гапнинг қисқаси, йўл-йўлакай, яна икки-уч танишим менинг “тугаб қолганимни” ёдимга солиб қўйишди.
Энди мен чиндан ҳам ўзимни ёмон сеза бошладим. Уйга етибоқ тез ёрдам чақирсам керак, деган хаёлга бордим.
Кўчамиз юзида Худойберган деган қўшнимиз учраб қолди.
— Бетобландим,— дедим унга биринчи бўлиб,— Кўриб турибсан, бетларим халта-халта бўлиб осилиб, бутунлай тугадим. Оғриқ отни чўктирар, деганлари шу экан-да! Бир этак болаларим насибасига … — шундай деб хўрлигим келиб йиғлаб юбордим.
— Нималар деяпсан?! — деди қўшним негадир жаҳли чиқиб. — Касал бўлмайдиган одам бўладими?! Эскиларнинг “Оғриб турдим — ағанаб турдим!” деган гапи бор. Озганинг яхши бўпти. Эркак кишига қопдай қориннинг нима кераги бор! Соғломлигинг кўзларинг чақнашидан кўриниб турибди.
Уҳ! Дунёда ширин сўзли одамлар бутунлай йўқолиб кетган, деб ўйлагандим, адашган эканман! Қўшнимнинг гапларидан қушдай енгил тортиб, уйга кулиб кириб бордим.
Қорақалпоқ тилидан Меҳмонқул Исломқулов таржимаси
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 27-сон