Муҳтарам Швеция академияси аъзолари, хонимлар ва жаноблар!
Телевидение ёки интернет орқали барча ҳозир бўлганлар у ёки бу даражада, эҳтимол, Хитойнинг шимоли-шарқида жойлашган менинг олис ватаним Гаоми ҳақида тасаввур ҳосил қилган бўлсангиз керак. Эҳтимол, сизлар менинг тўқсон яшар отамни, акаларим ва опаларимни, хотиним, қизимни ва бир йилу тўрт ойга тўлган қиз набирамни кўргандирсизлар. Аммо айни дамда ҳаммадан кўп ўйлаётганим инсон – онажонимни энди кўрмайсизлар. Менга мана шу мукофот берилгандан бери онамдан бошқа жуда кўп кишилар шуҳратимни баҳам кўрдилар.
Онам 1922 йилда туғилиб, 1994 йилда вафот этди. Биз уни қишлоғимизнинг кунчиқар томонидаги шафтолизорга дафн этдик. Ўтган йили қабрни қишлоқдан яна ҳам нарироққа кўчиришимизга тўғри келди, чунки айни ўша жойдан темир йўл ўтиши керак эди. Қабрни кавлаб қарасак, тобут чириб битибди ва онажонимнинг суяклари тупроқ билан қоришиб кетибди. Қабр тупроғининг бир қисмини янги жойга олиб, рамзий қабр тиклашдан бошқа иложимиз қолмади. Худди ўшанда онажоним тупроқ билан битта бўлиб кетганини кўриб, менинг момо ерга мурожаатим онамга мурожаатим эканини ҳис қилдим.
Мен онамнинг “супра қоқдиси” эдим.
Болалик йилларимдан эсимда қолган энг биринчи нарса шу эдики, мен ягона термосимизни кўтариб, қайноқ сув олгани жамоат ошхонасига борар эдим. Очликдан заифлашиб кетгандим, бир куни йўлда кетаётиб термосни қўлимдан тушириб юбордим ва у чил-чил бўлди. Мен қаттиқ қўрқиб кетдим ва кун бўйи пичан ғарамига кўмилиб ётдим. Кечқурун онамнинг мени чақирган овози қулоғимга чалинди ва мен “насибам ” ни олгани ғарам ичидан чиқдим. Бироқ онажоним урмади, уришиб ҳам қўймади. У бошимни силаб, оғир хўрсиниб қўйди, холос.
Энг оғир хотираларимдан бири бу онажоним билан жамоа буғдойзорига бошоқ (машоқ) тергани борганимиз эди. Узоқдан қоровул кўриниши билан ҳамма тум-турақай қоча бошлади. Оёқлари кичкина онажоним тез чопа олмасди, девқомат қоровул унинг устига бостириб борди-да, юзига шунақанги мушт туширдики, шўрлик ерга юзтубан йиқилди. Сўнг қоровул терган бошоғимизни олди-да, ҳуштак чалганча у ердан узоқлашди. Онажоним ерда чўнқайиб ўтирар, ёрилган лабидан қон сизарди, унинг юзидаги бу изтиробни умрбод эсимдан чиқармайман. Кўп йиллар ўтиб, мен ўша қоровулни бозорда кўриб қолдим, у соч-соқоли оппоқ чол бўлиб қолганди, ўч олгани у томон интилган эдим, бироқ онажоним мени тутиб қолди: “Болажоним, бу мени урган чол эмас, бошқа одам,” – деди у хотиржам.
Яна бир воқеа хотирамга маҳкам ўрнашиб қолган. Ой байрами[1] эди ва биз ҳар кимга бир ликопчадан чучвара тугдик. Туш вақти эди, ҳамма дастурхонга келиб ўтирди. Шу пайт уйимиз дарвозаси олдида бир тиланчи пайдо бўлди. Уни тезроқ даф қилиш ниятида мен унга яримта қуритилган батат (ширин картошка) тутқаздим. “Ўзларинг чучвара тушираяпсанлар, – хафа бўлиб деди тиланчи, – мендай бир қарияни эса батат билан алдаб қўяяпсизлар, шуям одамгарчиликданми?” Шунда меники тутиб кетди: “Бизлар ҳам чучварани йилда бир ё икки марта еймиз, ўшанда ҳам ярим ликопчадан, кошки тўйиб еёлсак! Бататли бўлганингга шукур қилсанг-чи, агар тўғри келмаса – бор, йўлингдан қолма!” Бироқ онажоним мени койиб берди ва ўзининг ликопчасидаги чучваранинг тенг ярмини тиланчининг ликопчасига солди.
Карам сотишда онажонимга ёрдам бериш чоғидаги эсдан чиқмас воқеа учун ҳамон ўзимни койийман – атайлаб қилдимми ё билмай қилдимми, бир ёши ўтинқираган харидорнинг бир куай – тийинини уриб қолибман. Тушган пулларни қайтадан санаб, мактабга жўнадим. Уйга келиб нимани кўрдим денг – онажоним йиғлайвериб кўзлари шишиб кетибди, у камдан-кам ҳолларда йиғларди. У мени қарғаб ўтирмади, фақат эшитилар-эшитилмас қилиб: “Сен мени шарманда қилдинг, болам”, – деди, холос.
Онажонимнинг оғир сил касалига йўлиққани маълум бўлганда, ўн икки-ўн уч ёшда эдим. Очлик, касалликлар ва оғир ишлар туфайли оиламиз бошига зулматли, нурсиз кунлар тушди, ёруғ кунлар келишига асло умид йўқ эди. Кўнглимга нуқул ёмон ўйлар келарди, ҳар лаҳзада онажоним ўзини бир нима қилиб қўядигандек ҳис этар эдим. Ишдан қайтиб келиб, энг аввал баланд овозда онажонимни чақирардим ва унинг овозини эшитгач, кўнглим жойига тушар эди. Борди-ю, овоз эшитилмаса, мен юрагим ёрилгудек бўлиб, уни аввал ташқи, кейин ички уйлардан қидира бошлардим – ичкари ҳовлида биз дон янчардик. Бир гал ҳамма ёқни қараб чиқиб, онажонимни тополмай, ҳовлига ўтириб олиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлагандим. Шу топ бир боғ ўтинни орқалаб, онажоним келиб қолди-ку! Менинг беҳуда кўз ёши қилганимни кўриб, қаттиқ хафа бўлди. Мен нимадан чўчиётганимни ошкора тан ололмасдим, албатта, аммо онажоним ичимдан не ўтаётганини алайна кўриб турарди. “Кўпам куйинаверма, болажоним, – деди у. – Гарчи бунақа яшаш жонимиздан тўйдириб юборган бўлса-да, аммо жаҳаннам эгаси ўзи чақириб олмагунча ҳеч қаёққа кетмайман”.
Афт-андомим кўримсизгина бўлиб дунёга келганман. Башарамнинг хунуклигидан қишлоқдагилар кўпинча устимдан кулишарди, мактабда эса гажир синфдошларим калтакларди, уйга йиғлаб келганларимда онажоним менга тасалли берарди: “Сен ҳечам хунук эмассан, болажоним. Бурнинг йўқми ё кўзларинг йўқми? Қўл-оёқларинг жой-жойида, қаеринг майиб-майриқ экан? Кимнинг юраги тоза бўлса, ким яхши ишлар қилса, агар майиб-майриқ бўлса ҳам кўзга яхши, чиройли бўлиб кўринади”. Кейинчалик, шаҳарга кўчиб ўтганимда ҳам баъзи ўқимишли одамлар менинг афт-башарамни орқаваротдан, ҳатто, юз-кўзимча ҳам мазахлар эдилар. Бироқ мен онажонимнинг сўзларини эслардим-да, ўзимни босиб, уларни кечирар эдим.
Онажоним саводсиз эди ва ўқишни биладиганларни жуда ҳурмат қиларди. Биз қашшоқ ҳолда яшар эдик ва кўпинча эртага нима ейишимизни ҳам билмас эдик, бироқ битта-яримта китобми ё ўқув қуролларидан бирор нарса сотиб олайлик десам, сира йўқ демасди. Ўзи меҳнаткаш бўлганидан болаларининг дангасалик қилганига чидаёлмасди, аммо мутолаага берилиб кетиб буюрилган ишни қилиш эсимдан чиқиб қолса, мени зинҳор уришмасди.
Бир куни бозорга қиссагўй – шошуди келиб қолди, мен зиммамдаги юмушни унутиб, унинг достонини эшитгани жўнавордим, бундан онажоним хафа бўлди. Ўша куни кечқурун у жинчироқ ёруғида бизга кийим тикаётганда сабрим чидамади ва қиссагўйдан эшитганларимни айтиб бера бошладим. Аввалига у тишини тишига қўйиб тинглади, чунки қиссагўйларни одам ўрнида кўрмас ва ўзларига муносиб бўлмаган ишни қилувчилар деб биларди: бундай одамлардан жўяли гап чиқармиди? Бироқ аста-секин гапларим унга маъқул кела бошлади ва шундан кейин у бозор куни менга ҳеч қанақа топшириқ бермайдиган бўлди – сукут аломати ризо деганларидек, онажонимнинг сукути бозорга бориб, қиссагўйдан бирон яхши нарса эшитиб келишга рухсати эди. Ҳимматига жавоб тариқасида, шунингдек, хотирам кучлилигини кўрсатиб қўйиш мақсадида кундузи эшитганларимни онажонимга жонли, рамзли қилиб сўзлаб берар эдим.
Сал нарига бориб, қиссагўйнинг ҳикояларини қандай сўзлаган бўлса шундайича такрорлаш меъдамга тегди ва мен уларни бежаб, ўзимдан оз-моз қўшиб ҳикоя қиладиган бўлдим. Онажонимга ёқадиган қилиб сюжетни қайта тузар, гоҳо охирини бошқача қилиб тугатар эдим. Буларни бир онажоним эмас, балки опаларим, холаларим, ҳатто бувим ҳам жон қулоқлари билан тинглар эдилар. Шундай пайтлар бўлардики, навбатдаги ҳикояни тинглаб бўлгач, онажоним менга мурожаат қилибми, ё ўзичами, ич-ичидан тўлиқиб ва ташвиш ила бундай дерди: “Катта бўлганингда ким бўларкансан-а, болам? Бунақа ҳавойи гаплар билан қандай қорин тўйғазасан?”
Онажонимнинг нимадан ташвишланаётганини тушуниб турардим, чунки қишлоғимизда маҳмадона болаларни аяб ўтиришмасди, улар бир кунмас-бир кун қишлоқ бошига ҳам, ўз оилалари бошига ҳам мусибат олиб келишади, деб билар эдилар. “Ҳўкизлар” ҳикоямдаги қишлоқдагилар ўлгудай ёмон кўрадиган ёш бижилдоқ бола қисман менинг болалигимга ўхшаб кетади. Онажоним кўпинча тилингни бу қадар бурро қилаверма деб танбеҳ берар эди, у менинг камгап, рисоладагидек бола бўлишимни, мендан келажакда сипо одам чиқишини хоҳларди. Бироқ эшитганларимни бир неча ҳисса жозибадор қилиб такрорлаш уқувидан ташқари кўнглимда нимадир айтишга кучли хоҳиш пайдо бўлганди, бу энди, тан олиш керакки, хатардан холи эмасди. Тўтидек сайраб ҳикоя қилишларимдан онажоним бир томондан терисига сиғмай қувонса, бошқа томондан юрагининг туб-тубида ниш ура бошлаган шубҳалардан изтироб чекар эди.
Элда шундай бир нақл бор: “Одамдаги одатни ўзгартиришдан тоғни жойидан қўзғатиш ёки дарё ўзанини бузиш осонроқ”, яъни тарки одат – амри маҳол. Ота-онамнинг шунча қилган насиҳатларига қарамай, менинг кўп гапиришга бўлган табиий майлим ўзгармади, худди устимдан кулганидек исмим Мо Янь[2] бўлгани ҳам аслида шундан.
Барибир бошланғич мактабни тугатолмадим, оғир ишларга ҳали кучим етмасди, кичкиналик қилардим, шу боис дарёнинг серўт қирғоғида мени молбоқарликка қўйишди. Мактаб дарвозаси олдидан сигир ва эчкиларни ҳайдаб ўтарканман, ҳовлида ўйнаб юрган собиқ синфдошларимга кўзим тушар ва ҳар гал юрагим ғамга тўларди. Бу эса одам учун, ҳатто бола учун жамоадан ажраш нечоғли оғир эканини янада чуқурроқ ҳис этишга мажбур қиларди.
Мен жониворларни ўтлагани қирғоққа қўйиб юборардим, тепада тубсиз ва бепоён мовий осмон, пастда охир-адоғи кўз илғамас ўтлоқзор-яйлов, атрофда зоғ учмайди, инсон саси эшитилмайди, фақат қушларнинг чуғур-чуғуригина қулоққа чалинади. Мен ёлғизликдан нақ ёрилиб кетай дейман. Гоҳо ўтлоққа ётиб олиб, тепада оппоқ булутлар эринибгина сузиб ўтишини томоша қилардим ва миямда бир-биридан ғаройиб хаёллар пайдо бўларди. Биз томонларда париларга айланиб қолган тулкилар ҳақида кўплаб ривоятлар юрарди. Ўзимча ана шу парилардан бири ҳализамон келиб қолади-да, мен билан бирга мол боқади, деб тасаввур қилар эдим, бироқ у пари сира келмади. Аммо бир куни ўт-ўланлар орасидан нақ иягим тагидан оловдек бир тулки сакраб чиқди. Шунчалик қўрқдимки, ортим билан ерга ўтириб қолдим. Тулки-ку аллақачон ғойиб бўлганди, мен эса ҳамон қалт-қалт титраганча жойимдан қўзғалмас эдим. Гоҳо сигирнинг ёнгинасида чўккалаб ўтириб олардим-да, унинг чуқур мовий кўзлари ичидаги ўзимнинг оёғи осмондан аксимни томоша қилардим, осмонда учиб юрган қушларнинг сайроғига тақлидан улар билан суҳбат қурардим, баъзида эса ўз руҳий кечинмаларимни дарахтларга “достон” қилардим. Аммо на қушлар, на дарахтлар менга эътибор берар эдилар. Кўп йиллар ўтиб, ёзувчи бўлиб етишгач, ўша йиллардаги озмунча хаёлот меваларини китобларимга жам қилмадим. Кўплар мени рамзийликда беназирсан деб кўкларга кўтаради, баъзи адабиёт ихлосмандлари эса бу қобилиятни ўзимда қандай тарбиялаганим сирини очиб солишимни кутадилар. Бунга мен заҳархандалик билан жилмайиб қўяман, холос.
Қадимги Хитойнинг буюк донишманди Лао-цзи айтганидек, “муваффақиятсизлик замирида муваффақият ётади, бахтсизлик бахтга айланиши ҳеч гап эмас”. Болалигимда мактабда тўлиқ ўқиёлмадим, очлик ва ёлғизлик нималигини эса ортиғи билан бошдан ўтказдим, китоб тақчиллигидан жон чекдим, бироқ бунинг эвазига, бамисоли олдинги авлод ёзувчиси Шень Конгвен[3]га ўхшаб, ҳаётнинг буюк китоби билан эрта ошнолашдим. Қиссагўйнинг ривоятларини тинглагани бозорга боришларим мана шу буюк китоб саҳифаларидан бири бўлиб қолди.
Мактабда тўла таълим олиш менга насиб этмади. Мен катталар оламига кириб кетдим ва тинглаб ўқиш орқали ҳаётни англашнинг узоқ йўлини босиб ўта бошладим. Икки аср олдин машҳур ўлкамда буюк истеъдод соҳиби, қиссагўй Пу Сунлин[4] яшаган. Қишлоқдан чиққан кўпларимиз, шу жумладан мен ҳам у асос солиб кетган анъаналарнинг давомчиларимиз. Қаерда бўлмайин, бошқалар қаторида даладами, оғилдами ёки отхонадами ишлаган, бобом ва бувим билан иссиққина канг[5]да ётган, ҳатто ҳўкизлар қўшилган аравада чайқалиб маза қилган дамларда ҳаддан ташқари кўп ажойибу ғаройиб ҳикоялар қулоғим остида жаранглайверарди: булар руҳлар ва алвастилар ҳақидаги ҳикоятлар, эшитганни бутунлай ром қилиб оладиган бир-биридан қизиқ достонлардир. Ўлкамиз табиати, хонадонлар ва насаблар тарихи билан чамбарчас боғлиқ бу ривоятлар менга воқеликнинг асл моҳияти, қудратини танитар эди.
Бир кун келиб булар барчаси асарларим учун манба бўлиб қолиши менинг етти ухлаб тушимга кирмаганди. Ўшанда мен бундай ривоятларни жондан ортиқ кўрувчи ёш болакай эдим, нимани ҳикоя қилсалар ютоқиб тинглардим. Ўшанда мен художўй эдим, бу рост, атрофдаги ҳамма нарсанинг жони борлигига ишонардим. Катта дарахтлар менда ҳурмат уйғотарди. Қуш ҳар лаҳзада одамга айланиб қоладигандек бўлар, бегона одамга кўзим тушганда эса бу одамга айланиб қолган жонивор эмасмикан дея шубҳалана бошлардим. Кечқурун иш куни тугаб, катта саноат бригадасидан уйга қайтаётган чоғимда вужудимни кучли бир қўрқув қамраб олар ва қўрқувни енгиш учун югурганимча қўшиқлар хиргойи қилардим. У пайтларда қўшиққа овозим етмасди, гоҳ хириллаб, гоҳ чийиллаб чиқарди, буни эшитган ҳамқишлоқларимнинг тоқатлари тоқ бўлиб кетган бўлса, ажаб эмас.
Шу тариқа мен қишлоғимда йигирма бир йил яшадим, бу вақт ичида Чингдао[6]дан ташқари бирон-бир жойга бормадим. Чингдаога ҳам бир мартагина поездда борганман ва ўшанда дарахт арралайдиган жойдаги улкан ёғоч жамланмалари орасида адашиб қолганман. Онам Чиндаода нималарни кўрганимни сўраганида, мен тахта бойламларидан бошқа ҳеч нима кўрмаганимни ғамгин айтиб берганман. Аммо Чиндаога айнан мана шу саёҳат менда киндик қони тўкилган жойларни ташлаб чиқиб, дунёни кўришга оташин хоҳиш уйғотганди.
1976 йил февралида мени армияга чақиришди ва мен ҳам яхши, ҳам ёмон кўрадиган қадрдон гўшам – Дунбэй[7] Гаомисини тарк этдим. Ичига “Хитойнинг қисқача тарихи” тўрт жилдлик китоблар солинган сафархалтамни елкамга ортмоқлаб олдим. Уни онажоним ўзининг тўй тақинчоқларини сотиб олиб берганди. Ҳаётимнинг муҳим даври бошланди. Тан олишим керакки, агар хитой жамияти ўттиз йилдан кўпроқ тараққиёт йўлини босиб ўтмаганида, агар ислоҳотлар ва ошкоралик сиёсати амалга оширилмаганда, мендай ёзувчи бўлмас, бўлиши мумкин ҳам эмасди.
Бир маромдаги армияча ҳаётда яшай туриб, мен саксонинчи йилларнинг мафкуравий ҳурриятини ва адабий юксалишини кўтаринки руҳ билан кутиб олдим, ҳикоялар тинглашни ва бошқаларга сўзлашни севадиган болакайдан энди уларни қоғозга тушира оладиган ёзувчига айландим. Бу йўлнинг аввали силлиқ кечмади. Қишлоқдаги ҳаётимнинг йигирма йиллик тажрибаси нечоғли бой ашёни жамлаганини ўшанда англагандим. Ўшанда адабиёт билан шуғулланиш яхши ишлар қиладиган яхши одамлар ҳақида, яъни намунали ишларига тақлид қилиш керак бўлган қаҳрамонлар ҳақида ёзишни кўзда тутади деб билардим. Шу боис гарчи мен бир нечта асар чоп эттирган бўлсам-да, улар адабий қиммат касб этмаганди.
1984 йилнинг кузида мени Хитой Халқ-озодлик армияси (ХХОА) Санъат академиясининг адабиёт куллиётига қабул қилишди. У ерда ўзимнинг ҳурматли мураббийим, таниқли ёзувчи Сюй Хуайчжун раҳбарлиги остида бир нечта қисса ва ҳикоялар ёздим, жумладан: “Кузги тошқин”, “Қуриб қолган дарё”, “Сархил сабзи” ва “Қип-қизил тентак”. Айнан “Кузги тошқин”да биринчи марта “Дунбэй Гаомиси” бирикмаси учрайди ва шундан бошлаб бир парча ерга эга бўлган саёқ батрак деҳқонга ўхшаб, ўшандай адабий саёқ мен ҳам, ниҳоят, бир жойда қўним топдим. Тан олишим керакки, менинг адабий дунём, Дунбэй Гаомисини яратиш жараёнида америкалик Уильям Фолкнер ва колумбиялик Габриэл Гарсия Маркеснинг асарларидан ғоят таъсирланганман. Унисини ҳам, бунисини ҳам жуда кўп ўқиганим важидан эмас, дадиллик борасида уларнинг бемисллигидан тўлқинланиб кетдим, ёзувчининг ўзига қарашли бурчаги бўлиши кераклигини англадим. Бу кундалик ҳаётда камтар ва одобли бўлиш, адабий ижодда эса ўзини мағрур тутмоқ ва ўз инон-ихтиёри ила ҳаракат қилмоқдир. Икки йилча бу икки устоз йўлидан бордим, шундан кейин улардан иложи борича тезроқ қутулиш зарурлигини англадим. Бир эссемда бу ҳақда бундай гапларни ёзган эдим: улар – икки ланғиллаб ёниб турган ўчоқ, мен эса – бир парча музман, агар уларга яқинроқ борсам, эриб кетишим тайин. Менинг тушунишимча, бир ёзувчи бошқасининг таъсирини, агар қалбларининг туб-тубида улар нималари биландир бир-бирига ўхшаса, шунда ҳис қилиши мумкин, бу нарса “биргаликда титраган қалблар[8]” деб аталади. Шу боис, гарчи мен уларнинг асарлари билан чуқурроқ танишмаган бўлсам-да, бир неча саҳифани ўқиб чиқишим биланоқ улар нима қиладилар ва қандай қиладилар – шу нарсани англадим.
Менинг вазифам аслида унча мураккаб эмасди: ўзимча ёзишим ва ўзимга тегишли бўлган нарса ҳақида ёзишим керак. Ўзимча деганда, бозор қиссагўйларининг менга яхши таниш бўлган услуби тушунилади, худди менга бобом билан бувим ҳамда қишлоқ қариялари ҳикоя қилиб берганларидай. Виждонан айтганда, мен ўз ривоятларимни сўзлаётганимда тингловчиларим кимлар бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳеч қачон бош қотирмаганман: балки онамга ўхшаганлар бўлар, балки менинг ўзимга ўхшаганлар бўлар. Менинг ҳикояларим аввал-бошда менинг ўз тажрибамга асосланган бўларди. Мисол учун “Қуриб қолган дарё”даги таъзирини еган зумрашани ёки “Сархил сабзи”даги чурқ этиб оғиз очмаган мишиқини олайлик. Мен ўзим бир ишкал ишим туфайли отамдан нақ кўрадиганимни кўрганман ва аслида кўприк қурилишидаги темирчининг мешини тортиб турганман. Албатта, шахсий тажрибангни ҳақиқатда қандай бўлса, шундайлигича ҳикояга олиб ўта олмайсан, бу ерда воқеанинг ғаройиблиги ҳам ҳисобга ўтмай қолади. Насрда тўқима иштирок этиши шарт, рамзийлик бўлмоғи керак. Кўпгина дўстларим “Сархил сабзи”ни менинг энг яхши асарим эканини айтишади. Мен рад этмайман ва рози ҳам бўлмайман, аммо “Сархил сабзи” ёзганларим ичида энг тимсолий ва маъно жиҳатидан энг теран асар деб биламан. Азоб-уқубатларга дош беришда ақл бовар қилмас қобилият ва кучли ҳиссиётга эга бу қорачадан келган болакай менинг бутун адабий ижодимнинг жони. Кейин мен озмунча қаҳрамонлар яратмадим, аммо ҳеч бири мана буниси каби юрагимга яқин эмас. Борди-ю, бошқача ифодаламоқчи бўлсам, ёзувчи яратган барча қаҳрамонлар орасида ҳар доим битта етакчиси бўлади. Мен учун мана шу индамас бола ана шундай етакчи қаҳрамон. Бир оғиз ҳам гапирмайдиган бола ҳар турли одамларни ортидан эргаштира олади ва Дунбэй Гаомиси саҳнасида эҳтиросли томоша намойиш этади.
Тажрибанг захираси таги кўриниб қолганда, ўзинг ҳақингда кўп нарса айтолмайсан, бошқалар ҳақида ҳикоя қилишга тўғри келади. Хотираларим таг-тагидан худди буйруқ билан ҳаракатга келган аскарлардек, қариндош-уруғларим ҳақидаги, қишлоқдошларим ҳақидаги ҳикоялар, шунингдек бир вақтлар қариялар оғзидан эшитган аждодлар ҳақидаги ҳикоялар бош кўтариб чиқиб келаверади. Улар бари мен тўғримда қачон ёзасан, дегандек менга умид билан қарайдилар. Бобом, бувим, отам, онам, акаларим ва опаларим, аммаларим ва тоғаларим, хотиним ва қизим – улар барчаси асарларим саҳифаларида пайдо бўладилар. Лавҳаларда Дунбэй Гаомисидан кўплаб юртдошлар иштирок этадилар. Албатта, адабий ишловдан ва асарларнинг қаҳрамонларига айлангандан кейин уларнинг қиёфалари ҳаётдаги прототипларидан дурустроқ акс этади.
Менинг сўнгги “Қурбақалар” романимда аммамнинг қиёфаси гавдалантирилади. Менга Нобель мукофоти берилгандан кейин кўплаб журналистлар интервью беринг, деган илтимос билан уни қуршаб ола бошладилар. Аввалига аммам сабр-тоқат билан саволларига жавоб бериб турди, бироқ сал нарига бориб бу нарса унинг тоқатини тоқ қилиб юборди ва ўғлиникига яшириниш учун қочиб кетди. Мен ҳақиқатан ҳам аммам мисолида роман ёзган эдим, аммо у роман қаҳрамонидан осмон билан ерча фарқ қиларди. Романда у ўзбилармон ва мустабид, гоҳо сал бўлмаса катта йўлдаги қароқчилардек иш тутади, ҳаётдаги аммам эса барчага баравар, яхшилик истовчи аёл, вафодор хотин ва меҳрибон она. Аммамнинг ҳаёти ёши бир жойга етганда бахтли ва тўкис ҳаёт кечирган эди; романдаги қаҳрамон эса йил ўтган сайин чидаб бўлмас руҳий азоблардан уйқусини йўқотади ва қора либос кийиб, тун бўйи арвоҳдек кезиниб юради. Самимий, камтарин муносабати учун мен аммамдан чексиз миннатдорман, уни бутунлай бошқача қилиб тасвирлаганим учун у мени заррача койимади. Унга меҳру ҳурматим чексизлигининг яна бир сабаби шулки, у адабий қаҳрамон ва ҳақиқий одам ўртасидаги тафовутни тўғри тушунади.
Онажоним вафот этганда мени шунақанги катта ғам чулғаб олдики, бир романимни унга бағишлашга қарор қилдим. Бу роман “Бағри кенг, сабри тоғдай” деб аталади. Ўйлаганларим амалга оша бошлаганида илҳомдан шунақанги ғайратим жўшиб кетдики, бор-йўғи саксон уч кун ичида ярим миллион иероглиф ҳажмидаги романнинг дастлабки вариантини ёзиб ташладим. “Бағри кенг, сабри тоғдай” романимда онамнинг ўз ҳаёти билан боғлиқ манбалардан тортинмай фойдаландим, бироқ китобдаги она туйғуси ва характери ё бутунлай тўқима, ёки Дунбэй Гаомисидаги кўплаб оналардан кўчириб олинган. Гарчанд “Арши аълодаги онам руҳига бағишлайман” деб ёзган бўлсам-да, аслида роман арши аълодаги барча оналарга бағишланган. Бу шундай аҳмоқона даъвонинг зуҳури эдики, уни бутун Хитой ва ҳатто бутун дунёни миттигина Дунбэй Гаомисида мужассам этишга қилган ҳаракатимга ўхшатиш мумкин.
Ҳар бир ёзувчининг ўз ижод жараёни бўлади, фикр ва илҳом манбаи ҳам менинг ҳеч бир асарим учун бутунлай бир хил эмас. “Сархил сабзи” сингари айрим асарларим тўқималар дунёси шарофати ила туғилган, “Саримсоқ балладаси” сингари асарларим эса муайян воқеаларга асосланган. Бироқ тўқиманинг бу олами инсоннинг шахсий тажрибаси билан муштарак бўлгачгина ҳаққоният, ҳам пировард-оқибатда ёрқин ифода этилган, индивидуаллик, кўплаб маънодор тафсилотларга эга типик қаҳрамонлар, бой тил ва ўзига хос композиция билан адабий асарга айланади. Шуни таъкидлаш жоизки, айнан “Саримсоқ балладаси”да мен бош қаҳрамонлардан бири сифатида ҳаётда мавжуд қиссагўй ва қўшиқчини танлаганман. Қаттиқ афсусланадиган жойим шундаки, мен бу қиссагўйнинг ҳақиқий исмидан фойдаланмаганман, ҳолбуки, романда у қилган ишларнинг барчаси тўқимадан бошқа нарса эмас. Бундай ҳодисалар менда тез-тез рўй бериб туради: бошланишида мен қаҳрамонларга нисбатан бир қадар яқинликка эга бўлиш илинжида ҳақиқий исмлардан фойдаланаман. Бироқ китоб устидаги ишим охирида улар исмини ўзгартиришга киришганимда бунинг иложи йўқлигини англаб қоламан. Шу боис қаҳрамонларим исмидаги одамлар ўз норозиликларини изҳор этиш учун отамнинг ҳузурига келадилар. Отам улардан кечирим сўрайди ва айни дамда буни кўнгилларига олмасликларини ўтинади. Мана масалан, “Қип-қизил тентак”даги дастлабки жумлани олинг: – “Менинг отам – бу қароқчи наслидан” – менга оғир ботмайдими? Сизлар хафа бўлмасангиз ҳам бўлади”.
Энг кўп қийинчилик туғдирган асар “Саримсоқ балладаси” бўлди. Бу ҳозирги замонда содир бўлиб турган воқеалар тасвирланган асар. Бу менга осон эмасди, гап жамиятдаги нохуш ҳодисаларни танқид остига ола билишимда эмас, гап шунда эдики, қаттиқ қаҳру ғазаб туфайли сиёсат адабиётдан устун келиши ва шунда роман жамиятда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги репортажга айланиши мумкин эди. Жамият аъзоси сифатида ёзувчи албатта ўз ўрнига ва ўз нуқтаи назарига эга, аммо асар яратиш чоғида у гуманист сифатида майдонга чиқиши ва асардаги қаҳрамонларга айланиб қолиши керак. Шундагина адабиёт қандайдир воқеадан четлашиб қола оладигина эмас, балки ундан ўтиб ҳам кета олади, сиёсатга қизиқадигина эмас, ундан устун ҳам кела олади.
Узоқ вақтгача ҳаётим маҳрумиятлар билан тўлиб-тошди ва, эҳтимол, шунинг шарофати билан инсон табиати борасида анча теран тушунча ола билдим. Ҳақиқий ботирлик нима эканини биламан, чинакам ҳамдардлик нима эканини тушунаман. Биламан, ҳар бир одамнинг қалбида қандайдир хира жой бор, бу ерда нима тўғрию нима нотўғри, нима яхшию нима ёмон эканини айтиш қийин. Худди ўша ерда ёзувчи истеъдоди қанот ёзадиган ўрин ҳам бор. Борди-ю, асарда зиддиятларга тўла, шу ўрин аниқ ва жонли тавсифлаб берилса, у шубҳасиз, сиёсат доирасидан чиқади-да, адабий маҳоратнинг юқори даражасини шарт қилиб қўяди.
Эҳтимол, фақат ўзимнинг асарларим ҳақида гапиравериб, сизларни чарчатиб қўяётгандирман, аммо менинг ҳаётим шу асарларим билан боғлиқ ва борди-ю улар ҳақида гапирмасам, билмадим, яна бошқа нима ҳақида гапиришим мумкин. Шу боис мени маъзур тутасизлар деган умиддаман.
Ўзимнинг илк асарларимда адабий услуб ниқоби остидаги замонавий қиссагўй каби ижод қилар эдим, аммо “Сандал дарахтининг ўлими” романимдан бошлаб ниҳоят саҳна ортидан саҳна олдига чиқиб келдим. Агар менинг илк насримни ўқувчи билан эмас, ўзим билан суҳбатлар деб айтиш мумкин бўлса, бу романда эса ўзимни майдонда туриб олиб кўп сонли тингловчилар олдида жонли ва рамзли ҳикоя сўзлаётгандек намоён бўлдим. Бир муддат ғарб модерн адабиётини қунт билан ўрганган ва баённинг турли-туман шаклларини тажрибадан ўтказган эдим, аммо охир-оқибат анъаналарга қайтган эдим. Албатта, бу қайтиш янгилик киритилмасдан содир бўлмас эди. “Сандал дарахтининг ўлими” ва кейинги романлар услуби хитой мумтоз насри анъаналарини давом эттиради ва айни вақтда ғарб адабий усуллари тажрибасидан фойдаланади. Адабиёт соҳасидаги янгилик асосан ана шундай қоришиқнинг натижаси ҳисобланади ҳам. Бу миллий адабий анъаналарнинг бошқа мамлакатлар адабий усуллари билан қоришувигина эмасди, балки санъатнинг бошқа турларини жалб қилиш ҳам эди. “Сандал қатли” романида, масалан, Пекин операси[9]нинг оммабоп маҳаллий тури иштирок этади, менинг айрим дастлабки асарларим учун эса нафис санъат, мусиқа ва ҳатто акробатика озуқа воситаси бўлган эди.
Сўзимнинг охирида “Ҳаёт – азоб, ўлим – халоскор эмас” романим хусусида икки оғиз гапиришимга ижозат берсангизлар. Китобнинг хитойча номи буддавийларнинг муқаддас китобларидан олинган ва, менга маълум бўлишича, турли мамлакатларнинг таржимонлари уни қандай талқин қилишда бошлари қотмоқда экан. Мен буддавийлик ақидаларини мукаммал биламан деб айтолмайман ва менинг буддавийлик ҳақидаги таассуротим ниҳоятда юзаки. Бу номни танлаганим боиси шундаки, буддавийликнинг талай асосий ғоялари ўзида чинакамига самовий онгни намоён этади ва буддавийнинг назарида одамлар оламидаги кўплаб нидолар мутлақо маънига эга эмас. Мана шу олий нуқтаи назардан қараганда одамлар олами ғам-ғуссалар билан лиммо-лимдир. Аммо менинг романим даъватгўйлик эмас; унда мен инсон тақдири ва инсон туйғулари ҳақида, инсоний маҳдудлик ва камтарлик ҳақида, шунингдек бахтни қидириш ва ўз иймонини ҳимоя этишда одамлар қанақанги ўлиб-тирилиб ҳаракат қилишларию қанақанги қурбонлар бермасликлари ҳақида ёзаман. Роман қаҳрамонларидан бири Лань Лянь бир ўзи давр шамолига қарши туради, менинг нуқтаи назаримда – бу ҳақиқий қаҳрамон. Бу қаҳрамонимга прототип қилиб қўшни қишлоқдаги бир деҳқонни олганман. Кичкиналигимда мен кўпинча уйимиз олдидан ёғоч ғилдиракли аравасини ғийтиллатиб ўтганини кўрар эдим. Аравага чўлоқ ҳўкиз қўшилган бўларди, ҳўкизни эса ингичка оёқларини дока билан ўраб олган ўша деҳқоннинг хотини етаклаб борарди. Ўша даврдаги жамоатчилик жамиятида бу ғайриоддий меҳнат ширкати шу қадар ғалати ва қолоқ ҳодиса ҳисобланардики, биз – болаларга улар замона зайлига қарши борувчи масхарабозларга ўхшаб кетарди. Бу нарса бизнинг шунақанги ғазабимизни қўзитардики, биз уларни тошбўрон қилардик. Кўп йиллар ўтиб, асарлар ёза бошлаганимда ўша деҳқон ва ўша манзара миямга қалқиб чиқди, бир кун келиб у ҳақда китоб ёзишим кераклигини, эртами-кечми у ҳақда оламга жар солишим лозимлигини англадим. Аммо 2005 йилдагина бу буддавийлик эҳроми деворида Сансар[10] чархи тасвирини кўрганимдагина мана шу китобни қандай ёзишим кераклиги менга кундай равшан бўлди.
Менга Нобель мукофоти берилиши бироз баҳс келтириб чиқарди. Аввалига бу баҳснинг сабабчиси мен деган қарорга келдим, аммо аста-секин бунинг менга ҳеч қандай алоқаси йўқ эканини тушуниб етдим. Мен худди театрдаги томошабин сингари атрофимда ўйналаётган томошани кузатдим. Мукофот совриндорини гулларга кўмишларини, тошбўрон қилишларини ва устидан мағзава ағдаришларини кўрдим. Уни тепкилаб, янчиб ташлашларидан қўрқдим, аммо у гул ва тошлар остидан кулимсираб чиқиб келди, энгил-бошини қоқди, хотиржам бир четга ўтди-да, оломонга юзланди.
Ёзувчи учун дилидагини айтишнинг энг яхши усули – ўз сўзларини қоғозга тушириш. Мен айтмоқчи бўлган ҳамма нарсани сиз китобларимдан топасиз. Айтилган сўзни шамол учириб кетади, қалам билан ёзилган сўзлар эса асрлар оша яшайди. Умид қиламанки, китобларимни ўқишга сабрингиз дош беражак, ҳолбуки, уларни сизга ўқийсан деб мажбур қилолмайман. Борди-ю, ўқиб кўрганингизда ҳам мен ҳақимда фикрингизни ўзгартирасиз деб ўйламайман. Асарлари барчага бирдек ёққан ёзувчи ҳали дунёга келган эмас, боз устига бугунгидек бир замонда.
Мен ортиқ ҳеч нарса демасликни маъқул кўрардим, аммо бугун мана шу воқеа муносабати билан гапиришимга тўғри келади ва яна икки оғизгина сўзламоқчиман.
Мен – қиссагўйман ва қуйидаги воқеаларни ҳикоя қилмоқчиман.
1960 йилларда мен учинчи синфда ўқирдим, биз бутун мактаб билан эски жамиятдаги азоб-уқубатларга бағишланган кўргазмага келдик, у ерда ўқитувчимизнинг кўрсатмаси билан аччиқ-аччиқ кўз ёш тўкдик. Менинг садоқатли ўқувчи эканимни ўқитувчим кўрсин деб ёшларимни артмаётгандим. Бирдан кўзим синфдошларимдан бирига тушди, кўз ёши деб ўйласин деб у қўлларига тупурарди-да, тупукни юз-кўзига суртарди. Чинакамига йиғлаётганлар ва йиғлаганга ўхшаб кўринганлар орасида юз-кўзида ёшдан асар ҳам йўқ бир болани кўрдим, у “ғиқ” этиб товуш чиқармаётганди ва ҳатто юзини қўллари билан ёпмаганди ҳам. У фақат кўзларини катта-катта очганича бизларга қараб турарди, унинг кўзларида на ҳайрат ва на ғам ифодаси бор эди. Кўргазма тамом бўлгандан кейин мен шу ўқувчининг қилиғи ҳақида ўқитувчимизга бориб чақдим ва у яхшигина таъзирини еди. Йиллар ўтиб, ўқитувчимга ўша чақимчилигимдан ҳали-ҳали пушаймонлигимни, бундан уялаётганимни айтганимда, ўқитувчим ўша куни шундай чақувлар билан олдига ўндан ортиқ одам келганини айтди. Ўша синфдошим бундан ўн йил олдин ўлиб кетганди ва ҳар гал уни эслаганимда виждоним қийналар эди. Аммо мен бу воқеадан бир муҳим ҳақиқатни билиб олдим: атрофдагиларнинг бари йиғлаётганда кимгадир йиғламасликка изн берилиши мумкин. Кўз ёши қалбаки бўлса, инчинун.
Энди сўнгги ҳикоямни айтай, уни кўп йиллар олдин менга бобом сўзлаб берганди. Бир куни ишлагани ғишт терувчи саккиз мардикор жаладан қочиб, эски эҳромга яширинишибди. Ташқарида момоқалдироқ гумбурларкан, эҳром дарвозаси ортида бирин-кетин олов зўлдирлар думалай кетибди, ҳавода бамисоли аждарҳо ўкириги янграётгандек бўлаверибди. Ҳамманинг юраги ёрилиб, рангларида ранг қолмабди. “Ҳойнаҳой, орамиздан биримиз қаттиқ гуноҳ қилиб, Худонинг ғазабини келтирдик. Гуноҳ қилган одам эҳромдан чиқсин-да, жазосини олиб бегуноҳларни қутқарсин”, – дебди усталардан бири. Табиийки, ҳеч ким чиқишни истамабди. Шунда яна бири дебди: “Модомики, ҳеч ким чиқишни истамас экан, келинглар, ҳаммамиз қалпоғимизни ташқарига отамиз. Кимнинг қалпоғи дарвозагача етиб борса, гуноҳга ўша одам йўл қўйган бўлади, ўшани ташқарига чиқарайлик, жазосини олсин”. Барчалари қалпоқларини итқита бошлашибди. Еттита қалпоқ шамол эсишидан эҳромга қайта келиб тушибди, фақат биттаси дарвозагача етиб борибди. Барчалари унга ташланишибди, ташқарига чиқиб, жазонгни ол, дейишибди, у эса, табиийки, рад этибди, шунда уни тутиб, дарвозадан ҳайдаб чиқаришибди. Барчангиз, эҳтимол, ҳангома нима билан тугаганини билгандирсиз: ҳалиги кишини ҳайдаб чиқаришлари ҳамон эски эҳром қулаб тушибди.
Мен – қиссагўйман.
Ҳикояларим туфайли мен адабиёт бўйича Нобель мукофотини олдим.
Менга мукофот берилганидан кейин озмунча ёрқин воқеалар рўй бермади ва бу менинг ҳақиқат ва адолат борлигига бўлган ишонч-эътиқодимни янада кўпроқ мустаҳкамлади.
Бундан кейин яна ўз ҳикояларимни сўзлашда давом этаман.
Барча ҳозир бўлганларга ташаккур билдираман.
2012 йил 7 декабрь
Рус тилидан Амир Файзулла таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 6-сон
__________________
[1]Ой байрами – тўлин ойдан завқланиш байрами бўлиб, Хитой тақвими бўйича саккизинчи ойнинг 15-куни (тўлин ой), бу тахминан сентябрнинг иккинчи ярмига тўғри келади.
[2] Мо Янь – сўзма-сўз ўгирганда «гапирма» маъносини англатади.
[3]Шень Конгвен (1902-1988) – Хитой ёзувчиси, лирик наср муаллифи, мумтоз анъаналарга катта эътибор қаратган, ижодда маънавий мустақиллик тарафдори.
[4] Пу Сунлин – (1640-1715) – Шаньдун вилоятида яшаган ҳикоячи. «Ғайриоддий нарсалар ҳақида қайдлар», халқ ривоятлари ва даос афсоналари асосидаги хаёлий ҳикоялар тўпламлари муаллифи.
[5]Канг – анъанавий хитой уйидаги иситиш катчаси.
[6]Чингдао – Шаньдун вилоятидаги бандаргоҳ.
[7] Дунбэй – Хитойнинг шимолий-шарқий вилоятларининг йиғма номи.
[8] Машҳур ибора тан шоири Ли Шанъиннинг (813-858) шеъридан олинган.
[9] Пекин операси – Хитой анъанавий театрида кўп тарқалган опера тури.
[10] Сансар – Буддавийликда қайта туғилиш жараёни.