Заводда чилангар бўлиб ишловчи Иван Петрович Мартинов эшикни оҳиста очди ва эҳтиёткорлик билан қадам ташламоқчи эди-ю, лекин ўзини тутиб қола олмади ва хонага эмаклагандай ағдарилди. Хотини қўлларини бир-бирига урди ва -кастрюлкани жаҳл билан итариб юборди.
— Яна тўйиб олибсан-да! Золим, яна ичибсан-да, шўрим қурсин.
— Зинҳор, — деди чилангар, тик туришга уринаркан. — Ҳушёрман, мутлақо ҳушёрман… Қара, Маша… Агар хоҳласанг, ўчоққача етиб бора оламан, хоҳласанг — каравотгача… Қара.
Иван Петрович ён томонга қадам қўйди, бироқ ўзини тутиб қололмади ва каравотга қулади.
— Зинҳор, — деди у, ёстиққа бошини қўяркан. — Ҳушёрман, мутлақо ҳушёрман… Қара, Маша, ҳаммаси жойида… Мана у, бурним, бутун… Мана у, костюм, бутун… Телпакни ўйлаётган бўлсанг — мана у, телпак, чўнтагимда… Қара, Маша… Зинҳор… Мутлақо ҳушёрман… Агар маошни ўйлаётган бўлсанг — мана у. Қара, Маша…
Чилангар қўлини чўнтагига тиқди ва бир нечта майда тангаларни чиқарди.
— Мана у, маош. Қара, Маша.
Хотини каравотга ўтириб олди ва биғиллаб йиғлай бошлади. Чилангар ҳайрон бўлиб бошини ёстиқдан узди ва бирдан ҳушёр тортиб каравотга ўтириб олди.
— Маша, — деди у, — Маш… дейман. Сен йиғлама, албатта, Маш… Менда нима айб? Мен озгинагина. Озгинагина, Маша. Мутлақо ҳушёрман… Бир стакан олган бўлсам олгандирман, балки. Мен ва Василь Иванич… Менда нима айб?..
— Мушук айбдор, — деди хотини истеҳзо билан, лабларини ранжиганнамо бураркан.
— Мушук эмас, — деди чилангар. — Мушукни мен айбламайман. Зинҳор. Мен сенга, Маша, бир бошидан гапириб бераман. Эрталаб, албатта, ишга келсам, заводда йигитлар сандирақлаб юришибди. Айтишларича, кассир Иван Маркич пулга кетган экан. Демак, маош… Кассага яқинлашдим, кассир Иван Маркич эса зерикиб ўтирибди ва пулларга термулади…
— Гапни айлантирма, — деди хотини. — Мастмисан, ёстиққа бурканиб ухла.
— Мен маст эмасман, — деди чилангар. — Мен, Маша, мутлақо ҳушёрман. Мен сенга бир бошидан гапириб бераман. Менда нима айб?.. Кассага яқинлашдим, кассир Иван Маркич эса дўриллаган овозда деди: “Йигитлар, уч кишидан навбатга туринглар. Бугун ёмон пуллар тегди — ҳаммаси йирик купюралар”. Мен эса: “Нималар деяпсиз, Иван Маркич, устимиздан куляпсизми? Ақлга сиғмайди. Буни қаерда алмаштирамиз?”, дедим. Шу пайт Василь Иванич келиб қолса бўладими. “Сен, — дейди, — кассир билан гап талашма. Ҳозир учинчи кишини оламиз-у, кўчага югурамиз ва пулларни энг яхши кўринишда алмаштириб оламиз…”. Менда нима айб, Маша?.. Начора, имзо чекдик, олдик, чиқдик. Кўчада эса ҳеч ким алиштирмайди. “Халқ фаровонлиги”га бордик — йўқ. Хусусий савдогарларга бордик — йўқ.
“Ҳа, — дейди, — сотиб олиш бўлса — мендан эмас, сотиб олиш бўлмаса — мендан экан-да. Жўнаб қол-чи бу ердан…” Кетдик ҳам. Менда нима айб? Шундай қилиб, кетдик. “Вена”нинг ёнидан чиқиб қолибмиз. Кирдик. Тамадди қилдик, тўладик, ичдик. Қайтимини эса йирик пулда беришди — ўндан беш. Алмаштириш учун кетдик, албатта. Тамадди қилдик, тўладик, ичдик. Қайтимини эса, ярамаслар, учталик қилиб беришди. Унча йирик пул эмас, лекин алмаштириш керак. Менда нима айб, Маша?… Учталикни алмаштиришга кетдик. Тамадди қилдик, тўладик, ичдик… Менда нима айб?.. Кейин эса, ўз-ўзидан маълум, яна аллақандай нусха ёнимизга келди. “Йирик пулларни майда пулларга алмаштиришимиз мумкин, — деди.— Эвазига деярли ҳеч нима сўрамаймиз”. Биз эса: “Кечга қолдинг. Йўлингдан қолма”, деб жавоб бердик. Менда нима айб, Маша?.. Мутлақо ҳушёрман…
Чилангар Иван Петрович яна ёстиққа бошини буркади ва шу заҳотиёқ хуррак ота бошлади.
Рус тилидан Воҳид Умиров таржимаси.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 21-сон