Ҳар хил ирим-сиримларга сира ишонмайман. Бекорчи гаплар.
Масалан, дейлик, кўча бўйлаб руҳоний кетиб боряпти. Ҳа, кетаётган бўлса яхши. Уни ўз ҳолига қўйинг. Балки у халқ судига кетаётгандир ёки терговчи чақиргандир уни. Мен қаёқдан билай? Шундан ҳам қандайдир хулосалар чиқариш керак эмас-ку, эмишки, руҳонийни учратиб қолсанг, бу яхшиликка олиб келмасмиш. Бекорчи гаплар. Сафсата.
Ёки дейлик, йўлингизни қора мушук кесиб ўтди… Айримлар мушукка кўзи тушиши билан шу заҳотиёқ ортига қайтади. Аниқроғи, қўрқиб кетади. Юмушига бормайди. Йўли берк бўлармиш.
Яна сафсатабозлик. Яна бекорчи гаплар. Ҳа, мушук югурса югурибди-да – шунга шунчами? Уни оёғинг билан туртиб юбор ёки йўлнинг у тарафига ўтиб, ҳеч нарса кўрмагандай юмушингга кетавер. Йўқ, орқага йўртиб қолишади.
Мен, ўртоқлар, очиқ айтаман: бу бекорчи ирим-сиримларга ҳечам ишонмайман… Бир куни шундай бўлганди. Иван Иванович Крюков, уни танирсиз балки, таваллуд кунини нишонлаш учун бизни уйига таклиф этди. Хотини таваллуд кунига катта ўрама кулча пиширибди, денг. Устига шакар унидан ҳам сепибди. Ва уни лаганда келтириб, стол устига қўйди.
Мезбон эса, эътибор беринг-а, қўлини бир-бирига ишқалайди.
– Мана, – дейди, – эътиборингизни мана бу ўрама кулчага қаратинг. Бу ўрама кулча оддий кулча эмас. Ўрама кулчанинг ичида меҳмонлар учун совға бор.
– Ол-а? – дедик биз.
– Ҳа-да, совғаси бор ичида. Ўн тийинлик кумуш танга солиб пиширилган. Танга кимга тегса, ўша дунёда энг бахтли инсон бўлади. Бахтимизни синаб кўрайлик… – дейди. – Ирими шунақа.
Мезбон ўрама кулчани кесиб, меҳмонларга улашди. Ея бошладик…
Орамизда эса Петрович исмли тул киши бор эди. Ўта уятчанг ва бахтсиз одам эди у. Ҳаётда омади чопмасди: байталининг ҳам оёғи синди, хотини ҳам, билсангиз агар, яқинда оламдан ўтди ва умуман олганда омадсиз киши эди у.
Худди мана шу Петрович танга ҳақида эштиши билан ўзини қўярга жой топа олмай қолди.
– Эҳ, – дейди, – қани эди танга менга насиб этса. Бир омадим келармиди.
Ва ўрама кулчанинг устига энгашиб олганича кулчани паққос тушира кетди, мезбон эса уни кесишга базўр улгуради, денг.
У ўн бир бўлакни паққос туширди, ўн иккинчисига келганда – таққа тўхтади!
– Э-воҳ, – дейди, – тангани топдим, шекилли. Тилим остида…
Петрович бармоғини оғзига солиб, тангани чиқариб олмоқчи бўлди, лекин шодлигини ичига сиғдира олмай энтикиб нафас олган эди, томоғига бир нарса тиқилди. Ва тангани ютиб юборди.
Петрович оппоқ оқарган кўйи ўрнидан турди.
– Бунақаси кетмайди, биродарлар. Каттароқ тангани солиш керак-да. Қандай ютиб қўйганимни билмай қолибман…
Одамлар унинг устидан хохолаб кула бошлашди. Петрович эса кулмасди. Эсанкираганича столнинг ёнида турар ва чўмичдаги сувни тинмай ҳўпларди.
Сув ичиб, ўзига келди-да, кула бошлади.
– Гарчи тангани ютиб юборган бўлсам-да, лекин нима бўлганда ҳам менга бахт кулиб боқди. Энди ҳаётда ҳам омадим чопиши тайин.
Лекин унинг омади чопмади.
Кечга томон унинг мазаси қочди ва икки кундан сўнг минг азобида қийналиб жон берди.
Дўхтирларнинг гапига қараганда, гўёки Петрович танга туфайли жон берганмиш, эмишки, танга ичакда туриб қолганмиш. Танга, ҳарҳолда унча катта бўлмаса-да, лекин янги, четлари ғадир-будир экан, ичакдан сирғалиб ўта олмабди.
Петровични дафн этишди. Шу маънода унинг омади чопди.
Русчадан Абдувоҳид Умр таржимаси