Михаил Зошченко. Ёмон одат (ҳажвия)

Феврал ойида мазам қочиб қолса бўладими, биродарлар. Шаҳар касалхонасига ётдим. Шундай қилиб, шаҳар касалхонасида ётибман, денг, даволаняпман ва дилим ором олмоқда. Атрофда осудалик ва сукунат. Ҳаммаёқ саранжом-саришта, ҳатто ётишга ҳам ийманасан. Туфламоқчи бўлсанг – ана туфдон. Ўтиргинг келяптими – мана сенга курси. Бурун қоқмоқчимисан – марҳамат қилиб енгингга қоқ, чойшабга эса – зин-ҳор-базинҳор, бунга рухсат беришмайди. Бунақа тартиб йўқ, дейишади.
Наилож, кўнасан.
Кўнмай ҳам кўр-чи? Бундан ортиқ ғамхўрлик, лутфи карам яна қаерда бор? Фараз қилинг, расвогина бир одам ётибди, унга тушлик ҳам келтиришади, тўшагини ҳам текислаб беришади, қўлтиғига иссиқ ўлчагич ҳам қистиришади, ҳатто соғлиги билан қизиқишади ҳам.
Ким қизиқади, дерсиз? Муҳими, илғор кишилар – шифокорлар, шафқат ҳамширалари ва яна ўша фельдшер Иван Иванович.
Бу хизматчиларнинг барига нисбатан шу даража меҳрим ортдики, моддий ташаккурнома билдиришга аҳд қилдим.
Ҳаммасига бера олмайсан, хаёлимдан ўтказдим, уйингни топа олмай қолишинг мумкин. Биттасига бераман, дея ўйладим. Ва кимга беришимни чамалай бошладим.
Қарасам, фельдшер Иван Ивановичдан бошқа арзирлик одамнинг ўзи йўқ экан. Кўриб турибман, у келишган, басавлат одам ва ҳаммадан кўпроқ ҳаракат қилади, баъзан ҳатто ошириб юборади ҳам.
Майли, унга бера қоламан, дея ўйладим. Ва унинг чўнтагига пулни қандай солиш ҳақида ўйлай бошладим: қандай қилсам унинг ҳам ҳамиятига тегмайман, ҳам тумшуғимдан емайман.
Тез орада қулай фурсат ҳам туғила қолди.
Фельдшер каравотимга яқинлашиб, саломлашди.
– Ассалому алайкум, тузукмисиз? Ичингиз келиб турибдими?
Э-ҳа, ўйладим мен, илинди.
– Ҳа, шукур. Келинг, ўтиринг, отамлашамиз.
Фельдшер каравотга чўкканча индамай ўтираверди.
– Энди, – дейман унга мен, – аҳволлар қалай, нималар ҳақида ёзишяпти, маошлар дурустми, ишқилиб?
– Маошлар-ку, унча катта эмас, лекин зиёли беморлар ўлим тўшагида ҳам чойчақа қистириш пайидан бўлишади.
– Айбга буюрмайсиз-у, ўлим тўшагида бўлмасам ҳам, беришга тайёрман. Буни ҳатто кўпдан буён орзу қилардим.
Пулни чиқардим ва унга узатдим. У эса миннатдорлик билан олди ва қўллари билан қуллуқ қилиб қўйди.
Ҳаммаси эртасидан бошланди.
Камина жуда тинчгина ва яхши ётган эдим, шу вақтга қадар мени ҳеч ким безовта қилмаганди, энди эса фельдшер Иван Иванович моддий миннатдорчилигимдан эс-ҳушини йўқотган эди гўё.
Менинг каравотим ёнига кунига ўн ёки ўн беш марта келади-ёв, ўзиям. Биласизми, бир қарасангиз ёстиғимни тўғрилаб қўяди, яна бир қарасангиз ваннага тортқилай кетади, ичимни юритишни таклиф этадими-ей. Биргина иссиқ ўлчагичлари билан қийнаб юборди мени, яшшамагур. Олдинлари кунига бир ё икки маротаба қўярди иссиқ ўлчагич ўлгурни. Энди эса ўн беш марталаб қўяди, ўзиям. Авваллари ванна ҳам салқингина бўларди ва менга ёқарди, энди эса ваннани нақ қайноқ сув билан тўлдириб қўяди, додингни кимга айтасан.
Унақасига ҳам, бунақасига ҳам чап бериб кўрдим, ҳеч иш чиқмади. Мен унга яна пул тиқиштирдим – мени ўз ҳолимга қўй, барака топкур деб, у эса яна аввалгидан баттар ҳаракат қилади, денг.
Бир ҳафта ўтди – қарасам, бу ёғи энди бўлмайдиган.
Ҳолдан тойиб, қаттиқ чарчадим, ўн беш фунтча вазн ташлаб, озиб кетдим, иштаҳам ҳам йўқолди.
Фельдшер эса ҳаракат қилгани-қилган.
Бир марта эса у кўппак мени қайноқ сувда пиширишига бир бахя қолди, денг. Худо ҳаққи. Ярамас, мени шунақа иссиқ ваннага тиқдики, оёғимдаги қавариқ ёрилиб кетди ва териси кўчиб тушди.
Мен унга:
– Одамларни қайноқ сувда куйдиришга ким рухсат берди, аблаҳ? Моддий миннатдорликни энди тушингда кўр, – дедим.
У эса:
– Бўлмаса – бўлмас. Илмий ходимлар ёрдамисиз ўлаверинг, – дейди.
Шундай деб, чиқиб кетди.
Энди эса ҳаммаси аввалги ҳолига қайтди: ҳарорат ўлчагични бир марта қўйишяпти ва бошқа муолажаларни эса – эҳтиёж бўлганда. Ванна ҳам илгаригидай салқин, каминани эса бошқа ҳеч ким безовта қилмай қўйди.
Чойчақалар билан кураш олиб борилаётгани бежиз эмас экан. Ҳа, биродарлар, бежиз эмас экан!

Русчадан Абдувоҳид Умр таржимаси