Куннинг қоқ ярмида, зумрад пашшалар қалашиб ётган гўнгтепа ёнида у бошию жажжи оёқларини олдинга чўзганча онажонгинасининг қорнидан чиқиб келди ва тепагинасида — портлаган шрапнелнинг таралиб бораётган бир тутамгина нафис, кўкиш ғуборини кўрди, ҳайқириқли гулдирак унинг мурғак, ҳўл вужудини онасининг оёқлари остига итқитди. Ер юзида биринчи тотиб кўрган туйғуси даҳшат бўлди. Қўланса дўл бўлиб ёғилаётган питралар отхонанинг черепица томини тарақлатиб чалди, ер юзасига унча-мунча сочиларкан, тойчоқнинг онаси — Трофимнинг жийрон биясини сапчиб туришга, қисқагина кишнаганча терчилаган ёнбоши билан жонга ора кирувчи гўнг уюмига ётишга мажбур этди.
Ана шундан кейин бошланган жазирама сукунатда пашшаларнинг ғўнғиллаши янграб эшитилди, тўпбозлик бўлаётгани сабабли четанга учиб чиқишга юраги бетламаган хўроз аллақаердаги қариқизларнинг панасида қанотларини бир-икки тапиллатди-да, бамайлихотир, аммо бўғиқ қуқуқулаб қўйди. Уйдан ярадор пулемётчининг йиғламсираб инқиллаётгани эшитиларди. Аҳён-аҳёнда кескин, хирқироқ овоз билан чинқириб юборар, қичқириқлари дарғазаб сўкишлари билан бўлиниб турар эди. Ангарикдаги кўкнорининг қип-қизил ипак гулларида асаларилар визилларди. Станицанинг нарёғидаги ўтлоқда пулемёт тасмасини отиб тугатмоқда, унинг қувноқ тариллаши эшитилиб тураркан, тўпларнинг биринчи ва иккинчи ўқ узишлари оралиғида жийрон бия тўнғичини ялаб-юлқади, қулун эса онасининг тирсиллаб турган елинига ёпишаркан, илк бор ҳаётнинг бутун лаззатини, она меҳрининг туганмас тотини ҳис этди.
Иккинчи тўп ўқи хирмоннинг нарёғига гурсиллаб келиб тушгач, уйдан эшикни тарақлатиб ёпганча Трофим чиқди-да, отхонага қараб юрди. Гўнгтепани четлаб ўта туриб кўзларини кафти билан қуёшдан тўсди, толиққанидан дир-дир титраётган тойчоқ жийрон биясини эмаётганини кўраркан, гарангсиганча чўнтакларини кавлади, қалтираган бармоқлари билан тамаки халтасини пайпаслаб топди-да, ўраган тамакисини ҳўллай бошлагандагина тили гапга келди:
— Ҳа-а-а… Демак, қулунлабсан-да? Топган вақтингни қара-я, шу ҳам иш бўлдими? — Унинг охирги иборасида аччиқ ранжигани белги бериб турарди.
Биянинг тери селгиб, ғўдир бўлиб қолган ёнбошларига бурган чўплари, қурғоқ гўнг ёпишган. У ор келтиргандек ориқ ва ирвоқ кўринар, аммо кўзларида ҳорғинлик аралаш мағрурона қувонч барқ уриб турар, йилтироқ юқори лаби эса табассумдан тикраяр эди. Ҳар қалай, Трофимга шундай туюларди. Отхонага олиб кирилган бия емли тўрвасини силкитганча пишқира бошлагач, Трофим кесакига суянди-да, энсаси қотганча тойчоққа қия қараркан, совуққина сўради:
— Топганинг шу бўлдими?
Жавобини кутиб ўтирмай, яна жаврай кетди:
— Игнатнинг айғирига ўхшаса ҳам майли эди, жин урсин, қайси бирига ўхшатишга ҳайронсан. Хўш, мен бу дардисарни қаёққа қўяй?
Отхонанинг нимқоронғи сукунатида ем курсиллайди, эшик тирқишидан қия тушган қуёш шуъласи олтин зарралар сочади. Трофимнинг чап бетига ёруғ тушиб турибди, сарғиш мўйлови билан сертук соқоли қизғиш товланади, оғзининг четидаги чизиқлар эгик эгатлардек қорайиб кўринади. Паҳмоқ оёқлари ингичкагина тойчоқ худди ўйинчоқ ёғоч отдек турибди.
— Уни ўлдириб қўяқолсаммикан? — Трофимнинг тамакидан кўкариб кетган катта бармоғи тойчоқ томонга қайрилади.
Бия қонталаш кўз соққаларини ола-кула қилади-да, мижжа қоқиб, эгасига кулганнамо қараб қўяди.
* * *
Эскадрон командири жойлашган қўноқхонада ўша куни кечқурун шундай гурунг бўлиб ўтди:
— Қарасам, биям ўзини авайлаяпти, йўртиб чополмайди, елишга чоғи келмайди, нафаси тиқилиб қолади. Разм солсам, бўғоз экан… Ўзини авайлагани-авайлаган, авайлагани-авайлаган… Қулунчоғи тўриқнамороқ… Шунақа… — деб ҳикоя қиларди Трофим.
Эскадрон командири чой қуйилган мис кружкани кафти билан сиқиб ушлаган, бамисоли атака олдида қилич дастасини тутгандек сиқиб ушлаган, мудроқ кўзлари билан чироққа тикилади. Сарғиш шуъла устида парвоналар ғужғон ўйнамоқда, деразадан учиб кирадилар-да, шишага тегиб жизғинак бўлгач, булари ўрнига бошқалари келади.
— …Фарқи йўқ. Тўриқми, бурулми — бари бир. Отиб ташлаш керак. Тойчоқ эргаштириб юрсак лўлиларнинг ўзи бўламиз-қўямиз.
— Нима-нима? Мен ҳам, лўли бўламиз-қўямиз деяпман-ку. Мабодо қўмондон келиб қолса-чи, унда нима бўлади? Полкни кўздан кечиргани келса-да, тойчоғинг сафнинг олдида шўрхок ялаб, думини мана бундай қилиб юрса… А? Бутун Қизил Армия олдида уятга қолиб, шарманда бўламизку. Мен ҳатто ҳайронман, Трофим, сен бунга қандай қилиб йўл қўйдинг? Гражданлар уруши қизиб турган пайт бўлса-да, шунақанги бузуқлик юз бериб ўтирса… Бу ҳатто уят. Отбоқарларга қатъий буйруқ: айғирларни алоҳида сақлашсин.
Эрталаб Трофим уйдан милтиқ кўтарганча чиқиб келди. Ҳали қуёш чиқмаган эди. Ўтлар узра — нимпушти шабнам. Пиёдаларнинг этиклари тепкилаган, хандақлардан ўйдим-чуқур бўлиб кетган ўтлоқ қайғу-ҳасратдан бевақт ажин тушган қиз юзини эслатарди. Дала ошхонаси атрофида ошпазлар куйманишарди. Остонада ич кўйлаги аллақачондан буён терлайвериши туфайли чириб тушаёзган эскадрон командири ўтирарди. Тўппончанинг тетиклантирувчи муздеккина дастасини тутишга одатланиб кетган бармоқлари унутилган, қадрдон ишга қовушолмай, иримчик чучвара учун жимжимадор човли тўқимоқда эди. Олдидан ўтиб кетаётган Трофим қизиқиб сўради:
— Човли тўқияпсизми?
Эскадрон командири бандини ингичка хивич билан боғлай туриб гириҳ тишлари орасидан жавоб берди:
— Мана бу хотин — бекамиз қўймади… Тўқиб бер-чи, тўқиб бер, деб. Бир вақтлар уста эдим, ҳозир бўлса унча… яхши чиқмади.
— Йўқ, бинойидек, —деб мақтади Трофим.
Эскадрон командири тиззасидаги хивич чиқитларини сипириб ташларкан, сўради:
— Тойчоқни йўқотгани кетяпсанми?
Трофим индамай қўл силтади-да, отхонага кириб кетди.
Эскадрон командири бошини эгганча ўқ отилишини кутиб турди. Бир минут ўтди, икки минут ўтди — ўқдан дарак бўлмади. Трофим лип этиб отхонанинг муюшида кўринди, чамаси нимадандир хижил эди.
— Хўш, нима бўлди?
— Муҳраси бузилиб қолган шекилли… Пистонни чақолмаяпти.
— Қани, милтиғингни бер-чи.
Трофим милтиғини истар-истамас узатди. Затворни айлантириб кўраркан, эскадрон командирининг кўзлари сузилди:
— Бунингда патрон йўқ-ку!..
— Мумкин эмас-э!.. — деб юборди Трофим жон ҳолатда.
— Айтаяпман-ку ахир, йўқ, деб.
— Мен уни чиқариб ташлаган эдим-да… отхонанинг орқасида…
Эскадрон командири милтиқни ёнига қўйиб, янгигина човлини қўлларида анчагача айлантириб кўрди. Сариқ новда ширадор, ундан хуш бўйи келар, димоққа гуллаётган қизилтол ҳиди урилар, ер ҳиди, урушнинг омонсиз алангасида унут бўлган меҳнат ҳиди анқир эди…
— Менга қара!.. Жин урсин уни! Онасининг бағрида юра қолсин. Вақтинча дегандек, чунончи. Уруш тугаса, балки ҳали у билан…ер ҳайдаса бўлар. Тасодифан қўмондон кўриб қолса, аҳволига тушунар ахир, негаки, мурғак, онасини эмиши керак… Қўмондон ҳам эмчак эмган, биз ҳам эмганмиз, башартики, таомил шу эканми, вассалом-да! Милтиғингнинг муҳраси эса туппа-тузук.
* * *
Бир ойчадан кейин Усть-Хоперская станицаси яқинида Трофимнинг эскадрони казаклар сотняси билан жанг қилиб қолди. Отишма қошқораяр олдида бошланди. Атакага отланганларида қоронғи тушиб келмоқда эди. Ярим йўлда Трофим ўз взводига етолмай қолиб кетди. Биясини на қамчи, на лунжларини қонатиб юборган сўлиқ елиб чопишга мажбур қила оларди. То тойчоғи думини ҳилпиратганча етиб олмагунига қадар бошини юқорига чўзган кўйи ҳирқираб кишнай-кишнай бир жойда ер тепкилаб тураверди. Трофим эгардан сакраб тушиб, қиличини қинига суқиб қўйдида, юзи ғазабдан тиришганча елкасидан юлқиб милтиғини олди. Ўнг қанотлари оқлар билан аралашиб кетди. Жар яқинида бир тўп одамлар худди шамол чайқатаётгандек у томондан-бу томонга бориб келар эдилар. Чурқ этмай чопишар эдилар. Отларнинг туёқлари остида ер бўғиқ гумбурларди. Трофим ўша томонга бир зум қараб қўйиб, тойчоқнинг жажжигина бошини нишонга олди. Ҳовлиққанидан қўли қалтираб кетдими ёки ўқининг хато кетишига яна бирон бошқа нарса сабаб бўлдими, ҳар қалай, ўқ узилган заҳотиёқ тантиқлик билан шаталоқ отиб, нозиккина кишнади-да, туёқлари билан паға-паға оппоқ тўзон кўтарганча айланиб келиб нарироқда туриб қолди. Трофим жийрон шайтончага оддий эмас, қизғиш мис тумшуқли зирҳтешар ўқлардан бир обоймасини узди, зирҳтешар ўқлар тойчоқни ўлдириш тугул, енгилроқ шикаст ҳам етказмаганини кўриб, лип этиб бияга минди-да, дарғазаб сўкина-сўкина, отини лўкиллатганча, пахмоқсоқол, эскича эътиқод тарафдорлари учта қизил аскар билан эскадрон командирини жар ёқасига суриб бораётган томонга қараб кетди.
Шу куни кечаси эскадрон юзагина сой яқинидаги даштда тунади. Тамакини камроқ чекдилар. Отларнинг эгарларини олмадилар. Дон ёқасидан қайтиб келган разъезддагилар кечувчи душманнинг йирик кучлари суриб келинганини айтдилар.
Яланг оёқларини резина плашчининг бари билан ўраган Трофим мудроқ босганча шу бугунги воқеаларни эслаб ётарди. Кўз ўнгидан шулар бирма-бир сузиб ўтарди: жарга сакраётган эскадрон командири, қилич билан сиёсий комиссарни чопаётган кемшик диндор, беомон чопиб ташланган ирвоққина казак йигитча, кимнингдир қора қонга беланган эгари, тойчоқ…
Тонг отмасдан Трофимнинг олдига эскадрон командири келди, қоронғида ёнгинасига ўтирди.
— Ухлаяпсанми, Трофим?
— Мудраяпман.
Ўчиб бораётган юлдузларга қарай-қарай эскадрон командири шундай деди:
— Тойчоғингни йўқот! Жангда саросимага соляпти… Унга қалтираб… қилич уролмаяпман. Ҳаммасига сабаб шуки, унинг турқи хонакича, урушда бунақаси тўғри келмайди… Тош юраклар латтага айланиб қолади… Дарвоқе, ярамасни атака вақтида босиб кетишмабди, оёқ остида ўралишиб юрган эди… — Индамай турди-да, ширин хаёл суриб жилмайди, бироқ Трофим унинг табассумини кўрмади. — Биласанми, Трофим, унинг думи, хўш, чунончи… сағрисига ташлаб, шаталоқ отса-чи, думи худди тулкининг думига ўхшаб кетади… Думи ажойиб!..
Трофим индамади. Бошини шинели билан буркади-да, шудрингнинг салқинидан жунжикиб, тезда ухлаб қолди.
* * *
Эски монастирь қаршисида тепаликка сиқиб келинган Дон бепарво шиддат билан елиб оқади. Бурилишда сув жингалак-жингалак бўлиб мавжланади, ёлдор яшил тўлқинлар баҳорда нураб сув бўйида сочилиб ётган бўр ғўлаларини ҳамла билан думалатади.
Агар оқим сустроқ, Дон эса кенгроқ ва осойиштароқ жойдаги тирсакни казаклар эгалламаган ва ўша ердан туриб ёнбағирни ўққа тута бошламаганда, эскадрон командири ҳеч қачон эскадроннинг монастирь қаршисидан сузиб ўтишига журъат қилмаган бўларди.
Тушда кечув бошланди. Чоғроққина қайиққа пулемётли тачанка билан хизматчиларию учта от жойланди. Доннинг ўртасига етгач, қайиқ оқимга қарши терс бурилиб бир ёнбошига оғиброқ қийшайганда чапдаги сув кўрмаган от ҳуркиб кетди. Эскадрондагилар отларидан тушиб, эгарларни олаётган тепалик тагида унинг ташвишли пишқириб, қайиқ тахталарини тепаётгани баралла эшитилиб турарди.
— Қайиқни нобуд қилади! — деб тўнғиллади Трофим тундлик билан. Қўлини биясининг тер босган яғринига олиб борган ҳам эдики, чапдаги от жон аччиғида ҳайқириб, тачанканинг шотиси томон тисарила-тисарила осмонга сапчиди.
— Отиб ташла! — деб бўкирди эскадрон командири, қамчисини ғижимлаганча.
Трофим нишонга олувчининг отнинг бўйнига осилиб, қулоғига тўппонча суққанини кўрди. Ўқ товуши болаларнинг пақилдоғидек янгради, ўртадаги от билан ўнг томондаги от бир-бирига қапишиб олди. Қайиқдан хавотир олган пулемётчилар ўлган отни ниқтаб тачанкага тақаб қўйдилар. Унинг олдинги оёқлари аста-секин букилиб, боши шилқ этиб тушди…
Ўн минутчадан кейин ёнбағирдан тушиб келиб, саманини биринчи бўлиб сувга солди, унинг орқасидан бутун эскадрон — бир юз саккизта ярим яланғоч суворию яна шунча пойма-пой тусдаги от сувни шалоп-шулуп янгратганча ёпирилиб тушди. Эгарларни уч қайиқчада олиб ўтмоқда эдилар. Улардан бирини биясини взвод командири Нечепуренкога топширган Трофим бошқармоқда эди. У Доннинг ўртасига етиб, эндигина дарёга кирган отларнинг истар-истамас сув ичаётганини кўрди. Суворийлар уларни овоз чиқармай чуҳ-чуҳлашарди. Бир дақиқа кейин қирғоқдан йигирма саженча берироқда сув юзини отларнинг туташ қоп-қора бошлари эгаллади, сершовқин пишқириқлар эшитилди. Отларнинг ёнларида, уларнинг ёлларини ушлаганча, кийим-кечакларию ўқдонларини милтиқларига танғиган қизил аскарлар сузиб борардилар.
Эшкакни қайиққа ташлаб, тикка туриб олган Трофим қуёшдан кўзи қамашганча, сузиб бораётган бир тўп отлар орасидан биясининг қизғиш бошини муштоқлик билан қидирарди. Эскадрон овчилар узган ўқлардан осмон бўйлаб питраб кетган ёввойи ғозлар галасига ўхшарди: энг олдинда эскадрон командирининг ялтироқ сирти анчагина чиқиб турган самани сузиб борар, унинг думига етар-етмас бир вақтлар сиёсий комиссарга мансуб бўлган отнинг оқиш қулоқлари кумушдек товланар, унинг орқасидан туташ қорамтир тўп сузиб борар, ҳаммадан берида эса сония сайин тобора орқада қолаётган взвод командири Нечепуренконинг кокилли боши ва унинг чап томонида жийрон биянинг тик қулоқлари кўринар эди. Синчиклаб тикилган Трофим тойчоқни ҳам кўрди. У силтаниб-силтаниб сузар, гоҳ сувдан юқори сапчиб чиқар, гоҳ шўнғиб кетар, шу сабабли бурун катаклари кўринмай қолар эди.
Ана худди шу пайтда Дон устидан эсган шабада Трофимнинг қулоқларига мезон уқасининг толасидек нозик «ҳи-ҳи-ҳи-ҳи-ҳў-ҳў» деб кишнаган нажот тиловчи товушни олиб келди.
Сув узра эшитилган қичқириқ янгроқ, қиличнинг тиғидек ўткир эди.
У Трофимнинг юрагини тилиб кетди, бу одам аломат аҳволга тушиб қолди: беш йил урушга бас келди, неча марталаб ажал кўзларига қиз болага қарагандай тик қаради, ана шундақ кезларда ҳам ҳеч нарса кор қилмаган эди-ю, ҳозир эса қизғиш тук босган юзи оқариб кетди, оқариб кетди-да эшкагига ёпишиб, қайиғини шартта оқимга қарши бурган кўйи, ҳолсизланган тойчоқ гирдобда чирпирак бўлаётган, ундан ўн саженча нарироқда ҳирқираб кишнаганча гирдобга қараб сузаётган бияни қайтаришга тиришиб, буни эплолмаётган Нечепуренко томонга ҳайдади. Бир тўп эгар устида ўтирган Трофимнинг дўсти Стёшка Ефремов жиддий қичқирди:
— Бемаънилик қилма! Қирғоққа қараб ҳайда! Казакларни кўряпсанми, ҳов ана улар!..
— Ўлдираман! — деди Трофим аранг нафаси чиқиб, милтиғининг 20 тасмасига ёпишди.
Оқим тойчоқни эскадрон кечиб ўтаётган жойдан анча нарига оқизиб кетган эди. Кичикроқ гирдоб уни яшил панжарадор тўлқинлар билан қамраганча бир маромда айлантирарди. Трофим эшкакни чираниб силтар, қайиқ сапчий-сапчий сузиб борар эди. Ўнг қирғоқда жардан казаклар югуриб чиқишди. «Максим» йўғон товуш билан тариллай бошлади. Сувга чип-чип келиб тушаётган ўқлар вишилларди. Каноп кўйлаги йиртилиб кетган офицер тўппончасини силтаганча нималардир деб қичқирарди.
Тойчоқнинг кишнаши тобора сусайиб борар, юракни ачитувчи қисқа қичқириғи тобора заифроқ, ингичқароқ эшитилар эди. Гўдакнинг қичқириғига ўхшаган бу қичқириқ вужудни музлатиб юборарди. Нечепуренко бияни ташлаб чап қирғоққа бемалол сузиб кетди. Дир-дир титраганча Трофим шартта милтиғини қўлига олиб, тойчоқнинг гирдоб ютиб бораётган бошидан қуйироқни мўлжаллаганча ўқ узди, оёқларидан этикларини юлқиб ечди-да, бўғиқ минғиллаб қўлларини олдинга чўзган кўйи сувга калла ташлади.
Ўнг қирғоқда каноп кўйлакдаги офицер шанғиллаб буюрди:
— Отиш тўх-та-тилсин!..
Беш минутчадан кейин тойчоққа етиб олган, чап қўли билан унинг совуқ ўтган қорнидан тутиб олган, сув тиқила-тиқила, чап қирғоққа қараб кетмоқда эди… Ўнг қирғоқдан тиқ этган ўқ овози эшитилмади.
Осмон, ўрмон, қумлоқ — барчаси ям-яшил… Охирги марта жон-жаҳди билан тиришди — ниҳоят Трофимнинг оёқлари ерга тегди. Тойчоқнинг сирғанчиқ танасини қумлоққа чиғаниб олиб чиқди, у ҳиқҳиқлаганча кўкиш сувни қайтариб ташлар, қўллари қумни пайпаслар эди… Ўрмонда сувдан кечиб ўтган эскадрончиларнинг овозлари гулдирар, қиялик орқасидаги қаердандир ўқ отаётган тўпларнинг дириллаган садолари эшитилар эди. Трофимнинг ёнига келиб қолган жийрон бия сувини силкитар, тойчоғини ялаб-юлқар эди. Унинг соллонган думидан товланганча шириллаб оқиб тушаётган сув қумни ўйиб кирмоқда эди…
Трофим оёққа қалқиб, гандираклаганча қум бўйлаб икки қадам юриб борди-да, сапчиб тушиб ёнбошига йиқилди. Кўксини ўтли санчиқ тешиб ўтгандай бўлди, йиқилаётиб ўқ товушини эшитди. Ўнг қирғоқдан отилган ўқ орқасидан келиб теккан эди. Ўнг қирғоқда йиртилиб кетган каноп кўйлакдаги офицер карабинининг затворини бепарволик билан шарақлатиб, дуд бурқсиб турган гильзани чиқариб ташлади. Тойчоқдан икки қадам берироқда, қум устида Трофим чангак бўлиб тиришмоқда, болаларини беш йилдан буён ўпмаган, карахт бўлиб кўкариб кетган лаблари жилмаймоқда, унда қон кўпиклари кўринмоқда эди.
Ваҳоб Рўзиматов таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 1985 йил, 5-сон