Урушнинг дастлабки йилларида Югославияда бир тўп қочоқлар немислар босиб олган ҳудудлардан чиқиб кетишга уринишди. Мамлакатнинг италияликлар забт этган қисмида, ҳатто лагерларидаям шимолий-шарққа қараганда аҳвол бирмунча яхшилиги кўриниб турарди.
1942 йилнинг баҳорида Албанияга қараб йўлга чиққан қочоқлар орасида икки нафар эркак ва бир аёл бор эди. Уларнинг паспорт ва қолган бошқа ҳужжатларидаги расми, муҳрлари рисоладагидай бўлса ҳам йўл бўйи кўп қийинчиликларга дучор бўлишди. Эркаклардан бири – баланд бўйли, кекса кишини Првуд Балочевич деб аташарди. Елкасида кабоб сихига ўтказилган карамни кўтариб, хаёлчан ва жим борарди. У йўл бўйи дарахтлар билангина ҳол-аҳвол сўрашди. Иккинчи қочоқнинг исми-шарифи паспорт бўйича — Матия Врана, унинг ёшини аниқ айтиш қийин, бел камари остига озроққина балиқ уни боғлаб олганди. Анастасия Делянович исмли ёш ва гўзал аёлнинг ёнбошида осилиб тушган иккита узун қўлқоп буғдой дони билан тўлдирилган. Унинг паспортида ҳомиладорлиги қайд этилган, бу кўзга ҳам ташланиб турарди. Қочоқлар Рудникдан ўтиб, Ибара водийси орқали Косовога қиялаб тушдилар. Дам олиш учун тўхташар экан, бир деҳқондан қайнаган сув олиб, унга тўғралган карам, балиқ унидан солиб, шўрва тайёрлашди. Қочоқлар Косоводан олислашишар экан, оёқ кийимларини ечиб, орқасини олдга қаратиб кийишди, мўлжалдаги йўлни яёв босиб ўтишди. Тоққа кўтарилишса, оёқ излари тоғдан тушаётган одамнинг изларидай бўлиб турарди. Бироқ, уларни тез орада қўлга тушириб, Италиядаги унча катта бўлмаган сузиш лагерига олиб боришди. Лагерни немисларга хизмат қилувчи маҳаллий аҳоли қўриқларди. Эркак ва аёлларнинг ҳужжатларини текшириш учун қандайдир марказий немис идорасига жўнатишди. Бу лагерда қочоқлар ўзлари кўзлагандан ҳам узоқроқ қолиб кетишди, бу орада лагер бошлиғи горнизондаги қўриқчилар бир неча марта алмашинди.
1943 йилнинг охирларида икки нафар эркак ва аёлнинг лагерга келиши ҳақидаги гувоҳнома қўлга текканида аёл аллақачон фарзанд кўрганди. Балочевич ва Врананинг ҳужжатлари Анастасия Деляновичникига қараганда анча вақтли тайёр бўлди. Италиядан чиқиб кетиш визасини эркаклар лагердаги қолган қочоқларнинг катта қисми билан биринчилардан бўлиб олишди. Лагерни тарк этаркан, Анастасия ва унинг ўғлини ёнларига олишди. Ҳужжатлар текширилаётганда номувофиқлик юз берди: паспортда аёлнинг ҳомиладорлиги кўрсатилган, айни пайтда Анастасия Делянович оғироёқ эмас, бунинг устига, паспортдаги сана ҳам чаплашиб кетганди. Нечоғлик тушунтиришга уринишмасин, аёлни лагерда қолдиришди, паспортдаги ёзув нарсаларнинг асл ҳолатига тўғри келмасди.
Болани олиб лагерни тарк этган икки нафар эркак Враж ҳудудида қолган аёлнинг сирли гўзаллигини узоқ вақтгача унутишмади. Аёл пичоқни қандай ушлаганини, киприкларининг узун ва қайрилганини, куйлаганда овозидан таралган тўлқинни эслаб, такрор-такрор ҳайратланишди. Катта ва юмшоқ нонни қандай кесганини, иссиқ нон ҳароратини кўкрагига босиб иссиқ, майин хўрсинганини, маҳзунликлар аёл кўксига бир маромда сингиб кетганини кўз олдига келтиришди. Сўнг ҳар қайсиси бир бўлакдан нон олишди. Кейинроқ шуларни хаёлда жонлантиришдики, лагерда ҳеч қандай нон ҳам, пичоқ ҳам бўлмаган.
Тасаввур нарсаларнинг асл ҳолатига номутаносиб эди.
Русчадан Гўзал Бегим таржимаси
«Китоб дунёси» газетасидан олинди.