Теодор Драйзер. Қорача Жеф (ҳикоя)

От қўшилган тўрт ғилдиракли арава кўприк устига келиб тўхтагач, одамлар ҳам ўз араваларидан тушдилар. Барча отлиқлар, шулар қатори Дейвс ҳам отларидан тушиб, негр бола ортилган арава атрофига йиғилишди. Дейвс турган жойида кўприк тагидаги сув узра таралиб ётган узун-узун чироқ нурларини кузатиб турар, бошқа эркаклар эса бир устунга арқон боғлаш билан банд эдилар, шу пайт бирдан Дейвс титраб кетди, улар арқоннинг бир учини негр боланинг бўйни атрофидан боғлай бошлашди.
Ниҳоят томошаталаб оломон ишларини битириб, жой-жойларига қайтишди, Дейвс эса бу манзарага дош беролмай, юзини ўгирди.
– Айтадиган бирон гапинг борми? – шу пайт оломон орасидан таҳдидли бир овоз янгради. Жавоб бўлмади. Негр бола жон талвасасида инқиллаб қийналар, афтидан у анча вақтдан буён беҳуш бўлиб ётарди.
Шу вақт ўн-ўн икки чоғли киши атайлаб келишиб олишгандай биргаликда бу занжи танани ҳавога баланд кўтардилар, Дейвс бўлса арқоннинг ғичирлаган товуши остида мажоқланиб кетган кичик жуссани дам пастга, дам тепага тушириб-чиқарилишини кўриб, ичи туздек ачиб кетди.
Хира ой ёғдусида беҳуш вужуд худди курашмоқчидай бўлиб кўринар, аммо барибир унинг забони ҳаракатга келмасди. Дейвс оғзи кенг очилган, сўзсиз – садосиз танани ва ниҳоят қимирлашдан тўхтаганини кузатиб турди. Бироз фурсат ўтгач эса у оломонни кетишга шайланаётганини эшитди, охири улар ёш мухбирнинг бир ўзини хаёллари билан бирга ёлғиз қолдирганча жўнаб кетишди.
Дейвс сукунат ичида, сувга термулганча қирғоқ четига чўк тушиб қолди. Мана энди бор даҳшат адоғига етди. Азобланиш ҳам барҳам топди. У ортиқ васвасага тушмайди. Мана энди ҳаёт гўзал ва беғубор. Бор фожеа изсиз йўқолди; ой ҳам охири сув ичига ғарқ бўлди…
Аслида Дейвс Болдвиндаги кичкинагина почтага зудлик билан бориб, бўлиб ўтган воқеа бўйича қўшимча тафсилотларни ёзиб юбориш билан шуғулланса ҳам бўларди…
Жуда кеч бўлганди, бироқ айни дамда вақтнинг, лаҳзаларнинг нима аҳамияти бор? Ҳеч қандай бошқа мухбир ҳодиса жараёнида иштирок этмагач, эртага воқеанинг ўзидан-да ошириб, таъсирлироқ бирор ҳикоя ёзиш Дейвснинг ўзининг ҳам қўлидан келади-ку.
Ёш мухбир то тонг ёришгунича ўша ерда ўтираверди…Жонсиз негр танаси эса осмонга тикка ҳолда эгилиб–букилганча, қорайиб осилиб тураркан, эрталабки енгил шабадада хиёл тебраниб қўярди.
Ахийри Дейвс ўрнидан туриб, отига минди-да, юраги тунги фожеадан ғам-ғуссага тўлган алфозда Плезент Водийсига қайтиб кетди.
Пешингача биронта поезд келмагач, у тобора кўпроқ тафсилотлар тўплаб олишга қарор қилди.
Яна бир кун сўнггига етиб, қуёш ботиши билан у туйқусдан мурдани қаерга олиб кетилганидан воқиф бўлмай қолганини эслади. Ваҳоланки у негрнинг нима мақсадда ортга қайтганию, айнан қаерда қўлга олинганлиги тўғрисида ҳам на биронта маълумот била олганди, ва на эшитганди. Негрнинг кулбаси эса икки мил нарида, қарағай шохлари соя солиб турган йўл ёқасига жойлашганди. Эшик олдида бироз каловланиб тургач Дейвс юрак ютиб эшикни тақиллатди. Ҳеч қандай садо бўлмагач, у ичкарига бош суқиб қаради. Бу оддийгина бир кулба эди. Андак фурсат ўтиб, ичкаридаги эшик очилди ва битта қорача қизча остонада пайдо бўлди. Дейвс бир дақиқа қизчага тикилиб қолди-да, кейин аста сўради:
– Жеф Инголс яшайдиган уй шуми?
Қиз бош ирғаб: “Ҳа”, ишорасини берди. У кўз ёшларини аранг тийиб турар, гўё мана ҳозир, ҳозир йиғлаб юборадигандай бўлиб кўринарди.
– Жасадни шу ерга олиб келишдими?
– Ҳа, жаноб, – негрларга хос юмшоқ талаффуз билан жавоб берди қизча.
– Сен унинг синглисимисан?
– Шундай, жаноб.
– Яхши, унинг қандай қилиб тутиб олинганини менга айтиб бера оласанми? У қандай қилиб ва нима мақсадда ортига қайтиб келганди?
– Акам пешин пайтида келганди, соат тахминан 2:00да.
– Нима мақсадда? – деб саволини такрорлади Дейвс.
– Бизларни кўргани келганди, – деб жавоб берди қиз. – Онамизни кўргани келганди.
– Шунақа дегин, у яна нимадир истаганмиди? Шунчаки онасинигина кўриб кетиш учун келмагандир, тўғрими?
– Гапим рост, жаноб, – дея таъкидлади қизча. – Акам хайрлашгани келганди. Улар акамни қай пайтда тутиб кетишганини биз билмай ҳам қолдик.
Қизчанинг овози қалтираб чиқди.
– Ҳа, майли, унинг ўзи қўлга тушишидан хабари бормиди? – сўради Дейвс хайрихоҳлик билан.
– Шундай, жаноб, менимча хабари бўлганди.
Қизча ҳамон маъюс кўзларини ерга қадаганча, бош эгиб турарди.
– Яхши, у нимадир дедими?
– У онамни кўргиси келганини гапирди, холос.
– Унинг жасадини кўрсам бўладими? – деб изн сўраган бўлди Дейвс. Қизча жавоб бериш ўрнига худди йўл бошлаган каби олдинга юриб кетди.
– Дафн маросими қачон бўлади? – йўл-йўлакай савол ташлади Дейвс яна.
– Эртага.
Шундай деб негр қизча уни мурда ётган хонага бошлаб кирди.
Ёш мухбир ўкирган фарёд қулоғига киргунча жасадга тикилиб тураверди. Бу фарёд зим-зиё хонани портлатгудай бўлиб янграб кетди. Бирдан унинг юраги ақлдан озган телба сингари дукур-дукур қилиб ура бошлади. Дейвс аввалига бу садо эҳтимол ўлик танадан чиқаётганмикан, дея донг қотиб қолди.
– Оо-о-оҳҳ! – овоз тағин такрорланди, бу гал Дейвсга бу товуш зорланиб чиқаётган йиғидай, гўё кимдир бўзлаб-бўзлаб ўкираётгандай бўлиб туюлди. Дейвс жони ҳалак бўлиб, тез ўгирилиб қаради-да, ниманингдир сояси каби бўлиб кўринган бир аёл вужудига урилиб кетгудай бўлди.
– Оҳ, оҳ, оҳ – энди фарёдли овознинг ўзигина қайталанди.
Дейвснинг ҳуши бошига кела бошлади. У кекса она ҳузурида турарди. Аёл икки девор ўртасидаги кўримсизгина жавон тагида, бошини тиззалари орасига олганча, бутун вужуди билан ниҳоясиз ғурбатга ботиб ўтирарди. “Оҳ, оҳ, оҳ”, Дейвс аёлга яқин келиши билан у тағин нола қила бошлади.
Дейвс жимгина ортига чекинди. Унинг кўзларига ёш қуйилиб келди. Йигит зудлик билан негр боланинг мурдасини ёпди-да, хонадан чиқиб кетди.
Ташқарида, ой шуъласида Дейвс ортига ўгирилиб қаради. Бутун мотамсаро кулба ўзининг биргина кўримлик жиҳози – эшиги билан шунчалар ачинарли бўлиб кўринардики! Хона бурчагида бир ўзи бўзлаб ўтирган она – ва унга “Хайр!” айтиш учун келган шўрлик қорача Жеф! Дейвснинг қалби қайғу-ҳасратдан ёрилиб кетай деди. Ўтган тун, ўтган фожеа, кўнгилни пармалаб қолган азоб – ёш мухбир Дейвс буларнинг барини ўз кўзлари билан кўриб, қалбига муҳрлаб қолганди.
– Мен ҳаммасини ёзаман, – деб хитоб қилди у. – Мен ҳаммасини ёзаман!

Инглизчадан Қандилат Юсупова таржимаси
«Китоб дунёси» газетасидан олинди.