Тубсиз кенг осмон, ҳадсиз теран тун. Шитоб билан учаётган юлдузлар ва ярақлаб кўринаётган деразалар зулмат жисмидаги куйиклардан қолган яра изларига ўхшарди гўё. Шаҳарлар шовқини фақат ундаги дарддан дарак берарди, холос, шундан бошқасини билмасди улар. Урф-одатлардан қўл-оёқлари боғлиқ, сершовқин одамлар тамаддунидан ажралиб турган тепалик ортидаги ҳадсиз сукунатга бош қўйган сенинг ўзига хос мустақил тамаддунинг ёлғизлигини мадҳ этмоққа мана мен ҳузурингга келдим, ҳой сфинкс! Ер юзида мамлакатлар ўзгаради, халқлар ўзгаради, уларга қўшилиб динлар ҳам, қонунлар ҳам, тиллару урф-одатлар ҳам ўзгариб бораверади. Неча-неча авлодларнинг ҳаракату амалларини йўққа чиқариб, зилзилалару вулқонлар, момақалдироғу ўлатлар, ғалаёнлару бўронлар ва тошқинлар ким ўзарга беллашади. Сен бўлсанг, коинот чиройига қараб интилаётган эҳромлар панасига яшириниб олиб, омонат дунёнинг ҳалокатга элтувчи қонунларини рад этасан. Ибодатхоналар ҳам сенга ўзларининг тошу шағаллари саси ила туганмас қиссаларини ҳикоя қиладилар-да, сўзларини худолар, шоҳлар ва жангчилар тасвири билан асослаб берадилар. Бу ибодатхоналар бошига тушган кўргиликлар эса уларнинг ҳикояларини янада маъноли ва жозибадор қилиб юборади.
Мана, бу ерда сен, юмшоққина қумлоққа жойлашиб олиб, улуғворлик ва рамзлар давлатида, ўзингнинг сирли ва улкан салтанатингда яккаю ёлғизсан. Сендаги софлик ва олийжаноблик олдида ҳозирги ҳукмдорларнинг буюклиги нуқул ахлоқсизликдан ўзга нарса эмас. Сенинг бор сир-асрорингни тагига етмоқ иштиёқи билан тўлиб-тошган густох инсон мағрур танҳолик қасри ичра бош суқиб қарамоқчи бўлади. Бироқ сен яшириб ётган сир-асрорлар бу фоний дунё шарпаларига кўриниш бермайди, шунчаки қизиқишми ёки томоша қилиш иштиёқи сабабми, сенинг бақувват панжаларингу уларнинг елкаларинг сари талпинаётган ҳашаротнамо панжалари билан буларнинг барини ҳис этишнинг иложи йўқ.
Бироқ одамзод на фақат завқланишни билади ва на фақат билиш учун интилади, у оғир дардга чалинган ва у қаттиқ азобда. Унинг бошига фалокатлар ва бахтсизликлар қуюндек ёпирилмоқда ва у ҳақиқатан ҳам умумий мувозанатнинг ваҳимаю саросимадан тўқилиб, барқарор кўринувчи бу оламнинг эврилишлардангина таркиб топганига ҳам амин бўлди. У эркин танлаш имкони ва муқаррар қисмат ўртасидаги аёвсиз курашнинг барча фожиаларини ўнг-терсига қарамай бошидан кечирди ва Маъбудлару жангчиларни, қонун чиқарувчилару авлиёларни, пайғамбару қотилларни, бари ўлдирилганларни учириб кетаётган шаршаранинг яқинлашиб келаётган авлоди ундаги тўлиб-тошган куч-қувватни ҳам бекорга нест-нобуд қилаётганини тушуниб етди. Тахтга олиб борувчи йўлда у қашшоқликни, кишанланган жиноятчилар ёнида эса салтанат ҳассасини ва подшоҳлик тожини кўрарди, у тўй тантанасию дафн маросимини, туғилмоқлик ва ўлмоқликни, улар билан бақамти бораётган йўқчилигу бойликни, касаллигу саломатликни, хоинлигу садоқатни, тўғрилигу хатоликларни кўрарди. Шунга қарамай, инсон қанча азоб-уқубат тортмасин, жони қанчалик озор чекмасин, у барибир бу оламни ўзгартиришга ожиз ва дунё қандай қурилган бўлса, шундайлигича қолаверади.
Тирик жон ва ўлик модда пайдо бўлади-да, мавж уриб қутурган, ўз шаклини абадий бошқасига алмаштириб, янгиланиб турувчи тўлқин дунёга келади. Ҳар сафар улардаги ўзгариш ҳадемай поёнига етай-етай деб турганида, майда-майда бўлиб парчаланиб кетаётган қатраларнинг устидан чирмашиб юқорига ўрлаётган яна янги-янги тўлқинлар вужудга келаверади.
Агар инсон дўппини ерга қўйиб, бу ҳодисаларнинг қаердан келиб чиқишини билмоқчи бўлса, унга: буни ҳаёт деб қўйибдилар; ҳаётнинг эса бўлган-тургани шу, шундан бошқача бўлиши мумкин эмас, – дейдилар.
Шунақа, эй парвойи фалак сфинкс! Инъом этмоқ ва маҳрум бўлмоқнинг, вафо ва хиёнатнинг, оқлик ва қораликнинг, ғурур ва камситилишнинг, ғалаба ва мағлубиятнинг, ҳар қандай шодлик ва ҳар бир ғам-ғусса, барининг сабаби фақат битта. Биз, ҳаётга ҳаётнинг ўзи исбот, деймиз. У бизни рўпара этган дардларга ҳам унинг ўзидан даво топамиз. Ҳаёт билан яна юзма-юз келиш учун ундан йироқлашамиз.
Мен ҳам ҳаётнинг миллионлаб моҳиятлари қатори, барча ҳақ-ҳуқуқдан маҳрум этилганлар каби ҳаётни англашга интиламан. Ва, бир вақтлар сен ҳам Фивага кетаверишдаги йўлда йўловчиларни саволга тутганингдек, мен ҳам йўлда тўхтаб, ҳаётда яшашдан мақсад нима экани ҳақида ўткинчилардан сўрадим. Улардан бири: “Ҳаёт – бу она сийнаси”, деб жавоб берди менга.
Шунда мен она кўкрагига ёпишдиму ўзимни ҳифзу ҳимояда, иссиққина уйда пайдо бўлиб қолгандек ҳис этдим. Юқоридан юборилаётган на бир шиддаткор шамол, на бир момақалдироқнинг гумбури, на чақмоқнинг чарақлашию на сув тошқини мени ваҳимага сола олди. Орадан бир кун ўтди. Она бағри энди менга торлик қилиб қолди ва мен: “Бу ҳаёт деганлари нима ўзи?” – дедим аввалги маконимга қайта туриб, ўзимга-ўзим.
Кимдир менга: “Бу эътиқод ва диёнат”, – дея жавоб берди. Ва шунда мен пешонамни зоҳидлик ва содиқлик нишонаси остига яшириб, уни заррин чойшаб тўшалган меҳроб остонасидаги чангга булғашга шошилдим. Мен содир этмаган гуноҳларимни кечиришини, хаёлим кўчасига келмаган ножўя ишларимни авф этишини сўраб илтижо қилдим.
Индамас бутлар ўзларининг зарҳал либосларида мен билан суҳбатлашар эдилар, хочлар эса шивирлаб мих ва найзалар билан каминани қўрқитиб жазоламоқчи бўлардилар. Орадан бир кун ўтди. Меҳробнинг бағри дастлаб мулойим ва меҳр-муҳаббатга лиммо-лим эди, энди мармар тошдек совуқ ва қаттиқ бўлиб қолганди. Диний расм-русумлар бежама хатти-ҳаракатлардан иборат бўлиб қолганди. Кутилмаган янгиликлар ва илоҳий илҳом бахш этувчи ширанинг муаттар иси, таъби ёқимсиз аёлларнинг димоқни ёрадиган ўткир ҳидли атри сингари энди мени ғижинтирадиган бўлиб қолганди. Шунда мен яна йўл бўйидаги аввалги жойимга қайтдим-да: “Ҳаёт дегани нима ўзи?” дея сўрадим.
Шунда шуҳратпарастнинг: “Ҳаёт деганлари наҳот қизлар учун – бу такаббурлик, ишва ва барнолик бўлмаса?” – деган нидоси янгради.
Кўзгу билан суҳбатлашгани унинг ёнига бордим, бордиму ўз аксимни кўриб, уни севиб қолдим, унга шундай қаттиқ кўнгил қўйдимки, у билан фақат янада жозибалироқ бўлиш учун юзимга яна қандай оро беришни излаш мақсадидагина ажраша олардим холос. Бироқ кўп ўтмай, чуқур қайғуга ботган севишганларни кузата туриб, ўкириб-ўкириб йиғлашга мажбур бўлдим ва шунда мен, ўзгалар юрагидаги дарднинг устидан кулиб, қувониб, ҳузур қилаётганимни англадим. Бир кун ўтди ва кўзларим яна қайғуга ботди. Худди аввалгидек мен яна: “Ҳаёт ўзи нима?” дея йўловчилардан сўраш учун йўл бўйига қайтдим.
Шунда бир жуфт ҳуштак ва машиналарнинг ғув-ғуви аралаш тамаддуннинг: “Ҳаёт – бу тўкин-сочинлик, ҳашамат ва дунёдаги энг юқори ҳолат, замонавий маданиятнинг барқ уриши”, деган овози эшитилди.
Шунда мен уни изма-из қувиб кетдим, бироқ бир соат ўтар-ўтмай, уёғига қимирлашга мажолим етмай, тўхтадим. Ғам-ғуссадан нафасим бўғилди ва орқага қайтишимга тўғри келди.
Мен яна: “Бу ҳаёт дегани нима ўзи?” деб сўрадим узил-кесил умидимни узиб. Аммо ўлимни хоҳламай анчагача шу саволни такрорлайвердим ва тинимсиз кўз ёш тўкдим. Шунда қийноқларим қаъридан товушсиз бир шарпа пайдо бўлди-ю, бу сирли ҳаётни у ўз қўлида тутиб турганини фаҳмладим.
Ҳой Сфинкс! Сен бирон марта бўлса ҳам рақсга тушаётган юлдузларни кўрганмисан? Қонунлардаги ўзгармас турғунлик бир лаҳза иккиланиб қолди, барча юлдузлар эса атрофимда ўйинга туша бошладилар, қолган махлуқлар ҳар нарсага қодирнинг қаршисида бўйсуниб, бош эгдилар. Ва уларнинг бари ягона ораз кўринишини бир-бирларига узата кетдилар ва у билан ўхшаш бўлганликларидан фахрлана бошладилар. Барча шафақ ва оппоқ тонглар ўз нурларини унинг кўзидаги шуълага ботириб олар эдилар.
Зангори осмон, мафтункор баҳор ва гўзал денгиз тўлқинлари ундаги ўша ажойиб, ёқимли ва муқаррар табассумнинг фақат кучсиз, равшан бўлмаган акси эди, холос. Яратувчи мени ўз тахтига таклиф қилди ва биз иккимиз кафтларимизни тирикчиликнинг бурама симлари устига қўйдик-да, оламлар ҳаракатини идора қила бошладик. Орадан бир кун ўтди. Юлдузлар ғалаёни бостирилди, улар оламнинг ягона тартиби олдида таслим бўлдилар. Ҳар бир жонивор дунё тартиботидаги ўзининг илгариги аҳамиятини қайтадан қўлга киритди. Мен бўлсам: “Ҳаёт нима ўзи?” дея ўткинчилардан сўрашда давом этавердим.
Шунда: “Ҳаёт – бу мен, шу боис уни мен тушунтириб бераман”, деган маърифатнинг хотиржам овози янгради.
Шунда мен бориб турган моддий дунёни, фалсафани ўрганмоқ учун беҳисоб Илм тўлиб-тошган серобликка ўзимни отдим.
О, ҳукмдор! Билиб бўлмайдиганларни ўрганиш учун озмунча фан ихтиро қилдикми; тушунтириб бўлмайдиганларни тушунтириш учун озмунча тилларни ўйлаб топдикми! Осмон жисмлари ва коинот унинг ёрдамида бир-бирларига таъсир ўтказувчи, унинг бағридан эса қуёш тугул, гард ҳам қутулиб кетолмайдиган куч – ўзига тортиш кучини олимлар менга кўрсатиб бердилар. Мен: “Тортиш кучи дегани бу нима ўзи, уни ким кўриб, ким эшитгану ким қўл тегизиб кўрган? Балки у ҳавода тўлқин тахлит ҳаракатланувчи руҳдир. Ёки у – табиатан мустақил, ўзига хон бўлган қутурувчи оқимдир. Ва бунга йўловчилар: “Буни ҳаёт тилсими дейдилар, уни эса сира тушунишнинг иложи йўқ,”– деб жавоб бердилар.
Ҳаёт! Сирлар маскани! Бир вақтнинг ўзида ҳам бирлашмоқни, ҳам жудоликни ифодаловчи калималар.
О, тўрт минг йиллик узлат посбони, бу гиламдек юмшоқ қумликлар, мана, тўрт минг йилдирки, сенинг мулкингни қоплаб олган. Фан аввалгидай фақат биргина қум заррасининг у ёғию бу ёғини ағдариб, чилпарчин қилиб, қолган бўлакларни ҳам яна майдалаб, тадқиқ этиб ётибди. Фан текшириб, ўрганиб уни ҳаётдан маҳрум этмоқда, тажрибадан ўтказиб, изоҳлаб йўққа чиқармоқда, унинг тузилиши моҳиятини очишга ва унда яширинган сир-асрорнинг тагига етишга уриняпти. Фаннинг зўр бериб жон куйдиришлари ўша-ўша номаълумликдан номаълумликка, саволдан саволга етакламоқда, холос. Ва мен энди уни: “Ҳаёт нима у? Ҳаёт дегани нима ўзи?”дея саволга тутаётган гўл гўдакка ўхшатардим.
Камина илҳақ йўловчилардан жавоб кутардим. Кўплар юзимга қараб, кулиб ўтиб кетаверардилар. Негаки, улар мени тушунишга қодир эмасдилар. Тўхтаб, саволимга жавоб берган баъзи бировлар янада қатъиятли бўлишга, мендаги оташнинг аланга олишига сабабчи бўлардилар ва бундан бир ташвишимга ўн ташвиш қўшиларди. Ерости йўлига етакловчи сенинг панжаларинг орасидаги тарашлаб ясалган яширин зинапоя эҳромларнинг сирли чуқурлигигача чўзилиб бориб-бориб, охири ғойиб бўлганми? Оллоҳнинг сирли овозига муштоқ авлиёлар уни диққат билан кузатиб турган бир вақтда, нега энди сенинг юрагингга охират дарвозасининг калити ишониб топширилган? Асрлар давомида маҳкам қимтилиб турган лабларингдан ташқари, нега энди қалбингдаги сирлардан ҳеч кимни воқиф этмайсан. Балки лабингдаги афсус – меҳроб учун барча қабиҳликларга чек қўйиб ўзини қурбон қилганларнинг қонидир; ёки у келажак олдида барча мавжудлик ҳеч нарсага арзимас демоқчи бўлаётгандир?
Мана табиатнинг ҳаётбахш суви – сенинг Нилинг; ҳамиша бирдай тўлиб-тошиб оқишию сахийлиги учун унинг бошланишидан то қуйилиш еригача ҳамма унга сажда қилади.
Ёз мавсумида унинг нега қизил тусга киришини биласанми? Сувларидаги бу серҳосилликнинг боиси не?
Анави ҳандасавий шаклга эга эҳромлар не маъно англатишини биласанми? Халдейлар бурж аломатларини тасвирлашларидан аввалроқ уларнинг тошдан йўнган осори атиқаси сен эмасмидинг?
Ўзи бу эҳромларнинг вазифаси нимадан иборат эканини биласанми? Улар дашту биёбонга машъала бўлганмидилар ёки фиръавнларга қабрмиди, мудофаа қўрғонимиди ёки қимматбаҳо буюмлар сақловчисими, севишганлар учрашадиган ермиди у ер ёки Осирис марҳумлар устидан тантанали суд йиғилишини бошқарадиган жой бўлганмиди?
Уларни мўмиёлаганда нега ичига папирус ўсимлиги билан қадимий ёзув белгиларини жойлаб, тоштобут ва мақбараларга қўйишларини биласанми?
Нилуфарнинг ва нилгули лотоснинг муқаддас дарёда сузиб юришида қандай ҳикмат бор, бу сенга аёнми? Биздек нодонлар учун булар фақат бизни идора этаётган ҳаётнинг белгиларигина, холос.
Ўзинг-чи? Наҳот бу ердаги бирон нима сени ўзига тортмаса ва чексиз сукунатингнинг боиси наҳот шу бўлса?
Ёки буларнинг барида биз нимани кўраётган бўлсак, сен ҳам шуни кўраётгандирсан? Балки сен ўз кетидан қуёш тизимию юлдузлар туркумини эргаштириб олиб кетаётган оҳанрабо милини шимолга йўналтираётган Тангри бармоқларининг ҳаракатини кузатаётибсанми? Ёки, ёруғлик ва зулмат лашкарларини, турғун юлдузларнинг улкан гуруҳини ва ўз меҳвари бўйлаб ҳаракатланаётган фазо ва вақтнинг қўшинлари бўлмиш сайёраларни ўз кўригингдан ўтказаётгандирсан? Балки сен ғуж юлдузлар тўпи ва галактика оламига, дунё қонунларининг дасти билан битилган “ҳаёт” сўзини ўқишга уринаётгандирсан? Ёки бир бутунликдаги ҳаво, олов, сув, моддани ҳосил қилувчи, борлиқ чегарасидан ташқарида оқаётган илоҳий оқим сени ҳайратингга сабабдир? Сен каби биз ҳам кузатаяпмиз, умидвор бўлаяпмиз, умидвормиз ва кузатаяпмиз. Бизлар нимани кузатаяпмизу, тепамиздаги буқаламун осмон нимадан умидвор экани сенга маълумми? Нур ўз шуъласи билан ора-сира ёриб кириб бизни баҳраманд этгувчи азалий ва абадий зулматнинг бандиларимиз. Биз уларни умидларимиз рўёбининг хабарчилари дейишга тайёрмиз. Бироқ улар алдовчи хаёлотдан ўзга нарса эмас. Зулмат янада қуюқлашмоқда, биз эса ўша-ўша ҳамон кутишда давом этмоқдамиз; бўшашганча кутмоқдамиз.
Сен устингга қуйилиб келаётган қумларга ярим-ёрти кўмилиб бўлган эсанг-да, барибир, ҳамон ўша кунчиқар томонга боққанча жилмайиб тураверасан. Биз эса офат қиличи остида фалокатдан ҳалок бўлаётган эсак-да, умид билан ҳамон кутмоқдамиз.
Сендаги сирли сукут ўтган ва ўтаётган давру давронларнинг сири эканлиги ростми? Одамзод маъбудларни худди ўзига ўхшатиб яратганидек, сени ҳам ўзининг рамзи этиб яратгани ростми?
У, индамаслик рамзи бўлмиш савқи табиий майлнинг бошланишини бузоқнинг биқинидан; довюраклик рамзи бўлмиш оташин феъл-атворни шернинг панжаларидан; ҳадсиз йироқларга парвоз этувчи – илм рамзи бўлмиш қанотни бургутдан олди; ўзининг инсоний қиёфасидан эса савқи табиий майлнинг, нафснинг ва пуч хаёлларнинг устидан ғолиб келиш, ақл-идрокка, онгли истак-хоҳишга йўл кўрсатиш учун бошини олиб сенга ато этди.
Нега у ўзигагина хос сифатларни сенга раво кўрди-ю, бошқа қолганларидан сени баҳраманд этишни истамади? Нега энди сенинг табассуминг ҳеч қачон унинг доимий янгиланиб турувчи умидларининг акси бўлолмайди? Осмону фалакка мангу боқиб турган Сфинкс балки унинг қаеригадир ич-ичига яшириниб олгандир ва ҳар сафар шафақни ва ҳар сафар кун чиқишини кузатаётиб, янги юлдузлар пайдо бўлишидан ва янада ёруғроқ қуёшнинг, янги куннинг чиқишидан умидвор бўлаётгандир?..
Рус тилидан Дилдора Алиева таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2013 йил, 7-сон.